Мавлид ҳақида ўйлар Принтер учун
18.12.2015 й.
«Мавлид» сўзи «таваллуд», «таваллуд они» каби маъноларни англатади. Истеъмолда эса, охир замон Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари, таваллуд кунлари, ойлари ҳамда шу муносабат билан қилинадиган йиғин ва унда ўқиладиган асарларга нисбатан ишлатилади.
Мавлид маросими қилишнинг шаръий ҳукми ҳақида турли илмий мақолалар, маърузалар халқимизга озми кўп тақдим қилинди. Хусусан, устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратлари бу борада керакли, лўнда ва энг мўътадил хулослаларни эълон қилдилар. Бу маълумотлар айни оғриб турган жойга малҳам бўлди, кўплаб ихтилофлар барҳам топди. Шунингдек, Мубашшир Аҳмад домламиз ҳам мавлид ҳақида айрим хилофлар ва уларга жавобларни бир кичикроқ мақола ёрдамида тақдим қилдилар. Аслида бу ҳақда гапирилса, жуда ҳам гап кўп. Бу мавзуга бағишланган катта кичик ҳажмдаги китоблар кўплаб топилади. Насиб қилса, уларни батафсил ўрганишга ҳам имкон бўлиб қолар. Аммо, айни вақтда керакли хулоса чиқариш учун ақлли одамга мазкур маълумотлар ҳам етарли экани эътиборидан, мен ҳозир мавлиднинг жоиз ёки ножоизлиги ҳақидаги далилларга киришиб ўтирмай, ушбу мавзуга доир анчадан бери ўзим ўйлаб юрган айрим фикр мулоҳазаларни сиз азизлар билан ўртоқлашмоқчиман. Яхшилик бўлса, Аллоҳдан. У зотнинг Ўзидан хато камчиликларимни мағфират этишини умид қиламан ва сиз азизлардан ислоҳ йўлида кўмаклашишингизни илтимос қиламан.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
1435 ҳижрий Рабиулаввал ойи

Нега Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ва у зотдан кейинги мақталган асрларда мавлидни нишонлаш одати бўлмаган? Ахир салафи солиҳларимиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга биздан кўра муҳаббатлироқ ва итоатлироқ эдилар-ку?

Мавлидга қарши бўлган кишиларнинг асосий даъволари айнан шундай. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам динни мукаммал етказган бўлсалар, энди унга қилинган қўшимча бидъат бўлади да», дейишади. Тўғри, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон одамларни тўплаб, ўзларининг таваллуд кунларини иншонламаганлар, бунда ҳеч қандай шубҳа йўқ. Аммо у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар душанба рўза тутардилар ва у зотдан бунинг сабабини сўрашганда: «Бу мен туғилган кундир», деганлар. Демак, у зот туғилган кунларини эътиборда тутганлар, у кунни ўзига хос ибодатда ўтказишни маъқул кўрганлар. Қолаверса, мавлид маросимларини ташкил қилишга туртки бўлган сабаблар ва ундан кўзланган мақсадларга у зот ҳаётлик чоғларида умуман ўрин бўлмаган. Салафи солиҳлар ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳозирда жорий бўлиб турган кўп нарсалар йўқ эди. Қуръонни китоб қилиш, Рамазонда таровеҳда хатм қилиш, охирги ўн кунликда жамоат бўлиб таҳажжуд ўқиш, мадраса ва университетлар ташкил этиш, турли муносабатлар билан ҳар хил анжуманлар, йиғилишлар ўтказиш каби ишларнинг бирортаси бўлмаган. Шу билан бирга, бу каби ишлардан қайтарилмаган, балки уларнинг пойдеворлари барпо этилган, уларга кенг йўл очиб қўйилган, асослари белгилаб берилган. Ана шу асосларга кўра ҳар даврнинг уламолари ўзлари яшаб турган замондаги вазиятдан, мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, ўша пайт учун зарур бўлган турли хайрли ишларни йўлга қўйганлар. Шу тарзда Аллоҳ таоло Ўз инояти билан Уммати Муҳаммадияга ҳамма даврда Исломнинг ҳимоясига, ривожига сабаб бўладиган ишларни илҳом қилган. Мавлид ҳам ана шундай амаллардан бири, десак, хато бўлмайди. Эҳтимол, ўтган салафлар даврида мавлидни эҳтиёж йўқлиги сабабидан қилишмагандир. Кейинги пайтларда бунинг зарурати ва манфаатлари юзага чиққандирки, уламоларимиз бу ишни жорий қилишган. Мисол учун, айрим мусулмон ўлкаларда, жумладан, Андалусияда насронийлар ўзларининг байрамларини нишонлаб, турли тадбирлар қилишарди. Мусулмон ёшларининг онгида ўша байрамлар из қолдираётгани сезила бошлади. Шунда ушбу хатарнинг олдини олиш мақсадида Андалусиялик уламолар мавлид маросимларини ташкиллаштиришган, оммани мункардан сақаш учун мубоҳ амалларни фойдаланишни йўлга қўйишган.
Иккинчидан, мавлидни ҳеч ким асли шариъатда жорий қилинган амал деб айтмаган. Балки, буни бир яхши одат сифатида кўришган ва шариатга хилоф бўлмаган, шаръий мақсадларга хизмат қиладиган восита, деб қарашган. Агар унга шаръий тус бериб, фарз, вожиб ё суннат амал дейилса эди, уни динда янгилик деса бўларди. Мавлид барча замонларда одатий бир тадбир ўлароқ амалга ошириб келинган. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёки у зотдан кейинги салафларнинг бирор ишни қилмаганлиги унинг ножоизлигини тақозо этмайди. Бу барча бир овоздан таъкидлаган машҳур фиқҳий қоидадир. Шариатда одатларга кенг йўл очиб қўйилган. Қуръон ва Суннатга хилоф бўлмаган одатлар мубоҳ саналади. Ана шундай амаллар агар шариат мақсадларига хизмат қилса, ҳамоҳанг бўлса, унда уларда ниятга кўра савоб ҳосил бўлади.
Бугунги кунда мусулмонлар ўртасида турли байрамларни нишонлаш кенг ёйилди. Хатто мусулмонларга ёт бўлган байрамлар ҳам пайдо бўлди. Кўплаб мусулмон фарзандлари ўз Пайғамбарларининг тавалуд кунларини билишмайди, қачон яшаб ўтганларидан тамоман бехабарлар, аммо «Валентин куни», ва яна бошқа қандайдир кунларни яхши ажратишади. Кўпчилик мусулмонлар ўзларининг саналари – ҳижрий сананинг қайси йилида ва ойида турганини билишмайди, йил алмашади, ҳеч кимнинг хабари йўқ, лекин мелодий санага бундай муносабатда бўлмайдилар. Бунга ўша кунларнинг турли тадбирлар билан ўтказилиши сабаб бўлаётганида шубҳа йўқ. Энди мусулмонларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни таништириш, у зотнинг қачон ва қандай яшаб ўтганларини эслатишнинг энг қулай воситаларидан бири, шубҳасиз, мавлид маросимларини уюштириш бўлиб қолди.
Кейинги даврларда мусулмонларнинг заифлиги боис бўлиб, бошқалар томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ҳар хил нолойиқ сўзлар, беадабона ҳаракатлар содир бўлиши бироз кўпайиб қолди. Ушбу вазиятда мусулмонларнинг у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаб, у зотга бўлган муҳаббатларини, аҳдларини изҳор этиб, мавлид йиғинлари ташкил қилишлари мазкур нобақбул тасарруфларга бир нав муносиб жавоб ҳам бўлади. Бундай тадбирлар мусулмонларнинг ўзлари учун ҳам иймонларини, муҳаббатларини чархлаш, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган аҳдларини бир қатор янгилаш нуктаси бўлиб хизмат қилиши ҳам тажрибаларда ўз тасдиғини топиб келмоқда. Африкадаги мавлид маросимларида ҳар йили минглаб насронийларнинг Исломни қабул қилиши фикримизнинг ёрқин далилидир.

Мавлидни аслида ким ўйлаб топган?

Мавлидни нишонлаш биринчи бўлиб айнан кимдан чиққани ҳақида аниқ маъулмот йўқ. Тахмин қилиш мумкинки, бу амал даставвал оммавий равишда нишонладиган маросим сифатида дунёга келмаган. Аввлига айрим кишилар ушбу мавлид ойида ўзаро, торроқ доирада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд кунларига алоҳида эътибор бериб, уни хурсандчилик билан ўтказишга, шу кунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўпроқ эслашга ҳаракат қилишган, ва бу ҳолат кўпчиликка ижобий таъсир қилиши натижасида, аста секин оммалишиб борган. Кейинроқ бу амал оммавий тарзда, давлат миқёсида ўтказиладиган тадбир тусини олган. Мағриблик тадқиқотчи устоз Аббос Жарорийнинг таъкидлашича, Аббосийлар халифалари ичида ҳам тор доирада бўлса да, мавлид кунини нишонлаш бўлган. Халифалар мавлид куни ҳадялар улашиб, хурсандчилик изҳор қилишган. Шунингдек, алавийларда ҳам мавлид кунини нишонлаш одати бўлган. Андалусиялик сайёҳ Ибн Жубайрнинг айтишича, 579/1183 санада Маккаи Мукаррамада Рабиулаввал ойининг душанбасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд топган уйларини ва бошқа ёдгорликларини зиёрат қилиш учун очиб қўйишар, одамлар ёппасига кириб у жойни зиёрат қилишар экан. Абу Аббос Азафий (в.633/1235) ўзининг «Ад Дуррул муназзом фи мавлиди ан Набиййил муъаззом» номли мавлид асарида келтиришича, ўша даврда Маккаи Мукаррамада Мавлид куни расман дам олиш куни ҳисобланган экан. Муаллиф ушбу асари орқали кишиларни мавлидни нишонлашга тарғиб қилган ва бунинг ўша даврдаги зарурати ҳақида қатор фикрларни билдирган. Жумладан, Андалусияда кўпчилик мусулмонларнинг билиб билмаган ҳолда насронийларнинг байрамларига аралашиб қолаётганларини, бу уларнинг эътиқодларига зарар етказишини ва мубоҳ иш билан бўлса да, бу хатарнинг олдини олиш лозимлигини таъкидлаган.
Кўпчилик тарихчиларнинг, жумладан, Жалолиддин Суютийнинг маълумотларига кўра, мавлид маросимини тантанали, оммавий ва мунтазам равишда биринчи бўлиб йўлга қўйган киши Айюубийлардан Арбил (ҳозирги Ироқнинг шимолида жойлашган шаҳар) ҳокими Абу Саъид Музаффаруддин Кўкбўри ибн Зайниддин Алий ибн Бектегин (в. 630/1232) бўлган.
Маълумки, ҳижрий ўрта асрларда Ислом оламида тасаввуф уламоларининг фаолияти жадаллашган. Мавлид йиғинларини ташкиллаштиришда ҳам кўпроқ тасаввуф намояндалари муҳим ўрин тутган. Мазкур подшоҳ – Музаффаруддин ҳам тасаввуф аҳлига мухлис, ўзи ҳам шу сулукни тутган, зикр халқаларида фаол инсон бўлган. Умуман олганда, тасаввуф уламолари ички фиқҳга кўпроқ эътибор берганлари, Аллоҳ ва унинг Расулига муҳаббат изҳор қилишда ҳаммага намуна бўлганлари ва қалблари ўта ҳассос, шавқли бўлганидан мавлид маросимларига алоҳида эътибор беришган. Ўзларининг зикр халқаларини мавлид ойларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўроқ саловот айтишга, узотнинг сийратларини чуқурроқ ўрганишга, ҳақларида мадҳлар айтишга қаратишлари ҳам уларнинг мавлидни нишонлашларига боис бўлган.
Хулоса қилиб айтганда, мавлидни нишонлаш қандайдир жоҳил, нодон инсонлар тарафидан ўйлаб топилган ўйин кулги маросими эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатлари қалбларида жўш урган, олим, солиҳ, тақводор кишилар томнидан жорий қилинган. Тўғри, мавлидга шиалар, алавийлар ҳам кўп эътибор берган, лекин бу фақат улар йўлга қўйган иш эмас. Балки аҳли сунна уламоларининг кўпчилиги мавлидни жоиз, мустаҳаб амал деган ва уни ўтказишда жонбозлик кўрсатган.
Мавлид фақатгина туғилган кунни нишонлаш маъносида юзага келмаган. Балки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ошиқ қалбларнинг ушбу кунларда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни кўпроқ ёдга олишлари, у зотнинг таваллудларини эсга олганда ўзларида шодлик ҳис этишлари, шу кунда у зот алайҳиссаломнинг таваллудларининг хурсандчилиги тасаввурларида гавдаланиши, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган соғинч туртки бўлган. Бу аслида инсоний табиатнинг инъикосидир. Мисол учун, инсон ўтган яқин кишилари, ота онаси, фарзанду жигарларини уларга боғлиқ бўлган кунларда, хусусан, таваллуд ё вафот кунларида алоҳида хотирлайди, уларнинг яхшиликларини ёдга олиб, ўзини бир зум улар билан яна бирга бўлгандек ҳис этади, улар билан ўтказган энг ширин дамларини эсга олади, ёдгорликларини томоша қилиб, кўзларига суртади, шундай қилиб, бироз бўлса да, соғинчини қондиради. Бу оддий инсоний одат, табиий эҳтиёждир. Буни бидъат дейиш умуман тўғри бўлмайди. Мавлид йиғинлари ва уларни ўтказган кишилар билан танишсангиз, мавлид асарларини ўргансангиз, уларда ҳам худди ана шундай юксак бир кайфиятни ҳис этасиз. Шунинг учун ҳам мавлидни нишонлашда кўпроқ аҳли завқ кишилар, қалблари ҳассос бўлган зотлар, тасаввуф машойихлари жонбозлик кўрсатишган.
Ҳар нарсанинг ўз мавсуми бўлади. Мисол учун, мусулмонлар Қуръонни доимо ўқиб, ўрганиб юрадилар. Қуръон нозил бўлган ой – Рамазон ойида эса Қуръонга алоҳида эҳтимом берадилар, ҳар қачонгидан ҳам бу ойда Қуръонга кўпроқ боғланадилар. Бу бошқа ойларда Қуръонга эътибор бермасалар бўлаверади, дегани эмас. Балки шу ойда бир йилга етгудек захира тўплаб олишлари учун бир тадбирдир. Ана шундай қилиб, Қуръонга бўлган муҳаббатлари, қизиқишлари, аҳдлари ва бу борадаги билимларини ҳар йили янгилаб оладилар. Бу Шориъ Ўзи жорий қилган ишдир. Мавлид ойи ҳам ана шундай бир мавсум, холос. Сийратни ўрганиш мавсуми. Бунинг учун энг муносиб ой ушбу мавлид ойи бўлишига ҳеч ким шубҳа қилмаса керак. Бу бугунги кундаги «Ёнғинга қарши кураш ойлиги», «Ҳаракат хавсизлиги ойлиги» каби мазмунда жорий бўлган.
Шунингдек, одатда мавлид, айрим кишилар ўйлаганидек, бошқа дин вакилларига эргашиб эмас, балки уларга муқобил равишда амалга оширилган. Мусулмон ёшларнинг ахлоқларини, рағбатларини бошқа дин вакилларининг байрамлари таъсиридан асрашни мақсад қилинган. Иккинчидан, бундай ишлар фақат тақлиддан келиб чиқмайди, балки ички ҳис туйғу турткиси бўлан ҳам бўлади. Хусусан, биз назарда тутган мавлидни жорий қилган зотлар улуғ олим кишилар, тақводор инсонлар бўлган. Улар бошқаларга тақлид қилишдан энг узоқ одамлар бўлишган.
Шу билан бирга, мавлидни маълум бир оят ёки ҳадиснинг далолатидан келиб чиқиб шаръан талаб қилинган амал шаклида эмас, балки шариат сукут қилган, яъни буюрмаган ёки қайтармаган одат, тадбир сифатида йўлга қўйганлар. Кейин бунга қарши чиққанларга унинг жоизлигини, балки мандублигини қўлловчи далиллар билан раддия билдирганлар.
Бир гуруҳ олимларни ҳисобга олмаганда, жумҳур уламолар асрлар оша мавлидни нишонлашни жоиз, мандуб, савобли амал, деб айтиб келишган. Бу ҳақда қатор асарлар битилган. Ўз асрининг ҳофизи даражасидаги олимлар алоҳида мавлид асарлар ёзишган, мавлид маросимларини тартибга солишга, турли булмағур одатлардан ҳоли тарзда ўтказишда жонбозлик кўрсатишган. Бу ҳақда мавлид асарлари ҳақида сўз юритганимизда алоҳида тўхталиб ўтамиз.
 
Биз нима қилишимиз керак?

Мавлид ҳақидаги хилофлар оз бўлса да, айрим кишилар ўртасида ҳануз бор. Мавлид ҳақиқатан ҳам бидъатмикин ёки жоиз, савобли амалмикин, деган маънода иккиланиб юрганлар янада кўпроқ топилади. Мавлидни қўлловчилар ҳам, уни инкор этувчилар ҳам ўзларининг далилларини келтиришда давом этаверишади. Лекин кўп ҳолатларда икки тараф ҳам бир бирининг далилларидан қониқмайди. Натижада, ўртадаги хилоф борган сари чуқурлашиб, чигаллашиб бораверади. Шунинг учун ҳам мавлид ҳақидаги тортишувлар асрлар оша бир тўхтамга келмаган. Аммо холис ўрганилса, мавлидни ёқловчилар қадимдан кўпчиликни ташкил қилиб келган ва уларнинг далиллари омма мусулмонларни қониқтирган. Шунинг учун ҳам айрим уламолар мавлиднинг жоизлигига жумҳур уламолар иттифоқ бўлганлар, деб айтади. Ҳар қалай, мусулмонлар ўртасида мавлидни ёқловчилар асосий қисмни ташкил қилиб келган. Ҳатто бугунги кунда ҳам мавлидга қарши кишилар ҳар қачонгидан кўп бўлса да, барибир мавлидни қўлловчилар олдида жуда ҳам озчиликни ташкил қилади. Айниқса, бизнинг юртларда деярли барча олимлар мавлидни жоиз, савобли амал деб биладилар.
Мавлид қилишнинг ўзига яраша шаръий далиллари бор, асослари бор ва кўплаб манфаатлари бор. Мусулмон уммати тақрибан минг йилдан бери буни қилиб келмоқда. Ислом умматининг таянчи бўлган қатор алломалар буни яхши амал санашган. Хусусан, бизда барча уламоларимиз мавлид қилишни тарғиб қилиб, ўзлари ҳам уюштириб келганлар. Бугунги кунда Мусулмонлар диний идораси раҳбарлари ҳам, шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратлари ва бошқа уламоларимиз ҳам мавлид қилишни ёқлайдилар. Халқимизда бу иш қадимдан анъанага айланган. Бунга қарши юриб фитна чиқариш ҳеч қанақасига оқланмайди, дину диёнатга заррача ҳам фойда келтирмайди.
Уламоларимиз Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг: «Мусулмонлар яхши санаган нарса Аллоҳнинг наздида ҳам яхшидир», деган сўзлари айнан мавлидга мос тушади, дейдилар. Нима бўлганда ҳам, биз кўпчиликнинг, жумладан, юртимиз уламоларининг фикрларини ушлаш билан чекланиб, ихтилофга ўрин бермаслигимиз ҳар жиҳатдан лозимдир. Зеро, бугунги кунда мавлиддан кўзланган мақсдаларга эришишга мусулмонлар ҳар доимгидан кўра кўроқ муҳтождирлар.
Бугунги кунда мусулмонлар турли катта кичик байрамларни нишонламоқдалар. Шу муносабат билан ҳар хил тадбирлар ўтказишади. Бунинг натижасида ўша кунларни ҳамма ёдда тутади, интизорлик билан кутади, муносиб таёргарликлар кўради. Аста секин қалбларда ўша кунлар ва уларга боғлиқ нарсаларга нисбатан алоҳида эътибор ва эҳтиром шаклланади.  Булар ҳақида ҳеч ким ихтилоф қилмайди. Тўғри, бунга уларга диний тус берилмагани ҳам сабаб. Аммо мавлидни ҳам ҳеч ким дин талаб қилган иш демайди. У ҳам бир тадбир, одатий маросим. Бугунги шароитда ундан унумли фойдаланиш лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойларида у зотни кўпроқ зикр қилишнинг нима ёмон жойи бор? Шу фурсатда ўз Пайғамбарларига бўлган муҳаббатларини сайқаллаш учун бирор жойда тўпланиб ўтириб, у зотнинг сийратларини, мадҳларини ўқиш фақат яхшилик бўлади. Модомики, буни диний амр деб билинмаса, бир одат бўлади, холос. Аммо мусулмонлар ўртасида ихтилоф чиқариш ҳаром, шариат қатъий қоралаган иш. Кимдир мавлиднинг жоизлиги ҳақидаги далиллардан қониқмаса, ножоиз деганларнинг фикрларига қалби мойил бўлса, марҳамат, ўз фикрида қолаверсин, аммо бошқани бунга мажбур қилмасин, нарги тараф ижтиҳодига таъна тоши отмасин. Мавлидга бормаса бормай қўяверсин, лекин борганларни маломат  этмасин. Ўзлари билган шаръий далилларга асосланиб, улардан қониққанлари учун, кўпчилик буюк олимларнинг ижтиҳодларига эргашиб, умматнинг кўпчилиги тарафида турган кишиларни қораламасин, танқид қилмасин. Акс ҳолда, фитна қилган бўлади, асрлар оша мавлид қилиб ўтган ва ҳозирдаги кўпчилик мусулмонларга озор беради, уларга нисбатан беодоблик қилган бўлади. Бу эса мўмин кишиниг ахлоқига зиддир.
Шу билан бирга, мавлид тарафдорилари ҳам қарши тарафни мавлидни ёқламаганлари учун турли лақаблар билан атаб, тоифагарчилик уруғини сочмасликлари керак. Чунки бу масала, бугунги кунда кўпчилик уламоларимиз таъкидлаётганидек, тортишадиган, мусулмонлар ўртасида хилоф, кек адоват келтириб чиқаргудек масала эмас. Шундоқ ҳам мусулмонларнинг ўрталаридаги хилоф ортиғи билан урчиб ётгани аччиқ ҳақиқат. Бугун ҳамма мусулмонлар бунинг заҳрини тотишга мажбур бўлиб турибдилар. Аслида уларнинг муштарак мақсадлари, фикрлари, ечилмай турган мушкуллари тўлиб тошиб ётибди. Олдин ана ўша муштарак масалалар ҳақида гаплашиш, муаммоларни ечиш, ихтилофли нарсаларни ўртага ташламаслик бугунги куннинг энг долзарб бўлиб турган қадамидир. Ҳеч бўлмаса, «икки зарардан бирини танлашга тўғри келиб қолса, енгилини олинади» деган машҳур шаръий қоидага амал қилиш керак. Мавлидни жоиз ёки ножоиз дейиш қандайдир шаръий эътибори бор зарарли иш дейилганда ҳам, ҳеч қачон мусулмонларнинг ухувватларига – биродарликларига путур етказишчалик зарарли бўлмайди, ҳатто таққсолашга ҳам ярамайди. Мусулмонлар ҳозир айнан шу исломий таомил – биродарлик, дўстлик тушунчасини тиклашга, сақлашга ҳар қачонгидан ҳам муҳтождирлар. Ўзи Исломнинг бош мақсадларидан бири ҳам шу: инсонлар ўртасида меҳру муҳаббат ришталарини мустаҳкамлаш.
Ҳозир биз мавлиднинг жоиз ножоизлиги ҳақида эмас, уни қандай ўтказиш кераклиги ҳақида бош қотиришмиз муносиб. Мавлидда нималарни гапириш, нималарни ўқиш керак, ундан қандай фойдаланиш керак, мана шу ҳақда баҳс қилсак бўлади.
Олдинги уламоларимиз мавлиддан кўзланган мақсад ҳосил бўлиши учун ўз даврлари ва шароитларидан келиб чиқиб, уни турли йўсинда ўтказиб келганлар. Айрим юртларда давлат миқёсида нишонланса, айрим жойларда маҳаллий йиғин шаклида ўтказилган. Бугун ҳам ҳар бир жойдаги мавлудхонлар ўз жамиятларидаги ҳолат, вазиятдан келиб чиқиб, мавлиддан кўзланган мақсадларни рўёбга чиқаришга ҳаракат қилишлари лозим.

Мавлид воситадир, мақсад эмас
 
Шаръий насс – ҳужжат бўладиган матн билан талаб қилинган, тарғиб қилинган фарз, вожиб, суннат амаллар асл мақсад ҳисобланади. Бундай амалларни шариатда қандай кўрсатилган бўлса, шундайлигича бажариш шарт, ҳеч кимнинг ўзича бирор нарсани ўзгартиришга ҳаққи йўқ. Агар ўзгартирилса, энг камида бидъат иш бўлади. Аммо шариатда ўзи талаб қилинмаган, бироқ шариат талаб қилган ишга олиб борадиган, восита бўлган омиллар ўзгариб туриши мумкин. Масалан, ҳажни бажариш фарз, аммо ҳажга нимада бориш белгилаб қўйилмаган. Олдингилар улов ҳайвонларда, қайиқларда боришган бўлса, бугун машина ва самолётларда ҳам борилади. Ҳеч ким воситаларнинг ўзгаришини шариатга хилоф деб билмайди, балки буни шаръий зарурат дейиш мумкин.
Мавлид ҳам бир восита, ундан кўзланган мақсадлар бор. Аммо мавлиднинг ўзи асл мақсад эмас. Олдинги улуғларимиз ўз замонлари, юрталаридаги вазиятдан келиб чиқиб, ўша мақсадларга эришишга ҳаракат қилишган. Бугун эса шароитлар ўзгарган. Бинобарин, биз ҳам мавлидни бугунги кунимиз, ижтимоий илмий ҳолатимиз ва бошқа жиҳатларни эътиборга олган ҳолда ўтказиб, мавлиддан кўзланган мақсадларни рўёбга чиқаришга эришишимиз лозим. Бу ўринда биз суратдаги анъанавийликни эмас, маънодаги анъанавийликни ушлашимиз даркор.

Мавлиддан кўзланган мақсадлар

Мавлид маросимларини ташкил қилишдан асосан қуйдаги мақсадлар кўзда тутилган:

1.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келганликларининг шодлигини, суюнчисини изҳор қилиш. Ҳа, бу таваллуд ойддий таваллуд эмас эди. Бу таваллуддан олдинги самовий китоблар башорат берган эди. Ушбу таваллуднинг аҳамиятининг инъикоси ўлароқ, бу муборак соатда дунёда кўплаб ғайри оддий ишлар содир бўлган эди. Бутун борлиқ учун раҳмат келган эди, ҳидоят таваллуд топган эди.
2.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини балоғатли, фасоҳатли сўзлар билан, енгил, оммабоп услубда кўпчилиикка етказиш. Шу боис, мавлид асарлари кўпроқ шеърий, бадиий услубда ёзилган. Чунки шеърда, бадиий услубда ўзгача таъсир бор. Шу билан бирга, сийратни ўрганишга қаратилган мавлид асарларида мавзуни қисқача, оммабоп шаклда беришга ҳам ҳаракат қилинган.
3.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биргаликда ва кўпроқ саловат айтиш. Шунинг учун ҳам мавлид асарларида ҳар ўринда саловат айтиш ўргатилади. Саловатнинг фазилати эса чексиз.
Аллоҳ таоло сиз билан биз мўмин мусулмонларни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтишга буюради: «Албатта Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловат айтади. Ҳой иймон келтирганлар! Сизлар ҳам у зотга саловат айтинг ва бардавом салом йўлланг». (Аҳзоб сураси, 56 оят.)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга битта саловат айтса, Аллоҳ унга ўнта саловат айтади, унинг ўнта гуноҳини ўчиради», деганлар. Бу ҳақда келган ҳадислар жуда ҳам кўп.
4.    Халқни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қилишга ўргатиш, уларнинг қалбларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қилиш руҳини улашиш, дилларида шу туйғуни уйғотиш, кучайтириш, у зотга бўлган севгини қайраш, сайқаллаш.
Шундай илмлар ва малакалар борки, уларни саҳифалардан топиб бўлмайди, улар фақат қалбдан қалбга кўчади, дейди уламолар. Муҳаббат ҳам ана шундай илмлардан, туйғулардан ҳисобланади. Аллоҳга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли кишилар билан бирга бўлсангиз, сизнинг ҳам қалбингизга шу муҳаббат тушади, қайралади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифларда солиҳлар билан бирга ўтириш тарғиб қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат вужудларига сиғмай кетган, у зотга бўлган шавқлари жўш уриб турган зотларнинг суҳбатларида бўлиш, хусусан ана шундай юксак мақомга чиққан ҳолатларида ҳамнафас бўлиш ҳар қандай қалби очиқ, нияти пок инсонга жуда ҳам юқори руҳий қувват бахш этади. Мавлид маросимларида пешво бўлган зотларнинг кўпларида мана шу хислатлар мужассам бўлган. Уларнинг йиғинларига қатнашган кишилар жуда ҳам кўп баҳралар билан қайтганлар.
Мавлид маросимларида қилинадиган суҳбатлар, ўқиладиган асарлар, айтиладиган наътлар ҳам айнан шу мақсадни рўёбга чиқаришга хизмат қилган ва шундай бўлиши лозим. Мавлидда қатнашган кишиларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида билимлари кенгайсин, у зотни яхшироқ танисин, бир сўз билан айтганда, мавлиддан кейинги ҳолатлари олдингисидан яхшироқ, юқорироқ бўлсин.
5.    Кишиларни, хусусан, ёш авлодни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли қилиб тарбиялаш.
Мавлид маросимлари ёш болаларда ҳам катта қизиқиш уйғотган. Ушбу йиғинларда ўзларининг ота оналари, катталарини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли ҳолда кўриш ёшларда катта таассурот қолдиради. Хусусан, ушбу мажлисдаги зикрлар, саловатлар, суҳбатлар барча қатнашувчилар қатори ёшларнинг ҳам қалбида севикли Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббат уйғотган. Қолаверса, мавлид маросимларида болаларга совға улашиш, уларга бу куннинг аҳамиятини уқтириш ишлари ҳам уларнинг онгларида чуқур из қолдирган.
6.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишни жонлантириш. Бу олдинги мақсадга узвий боғлиқ. Чунки инсон бирор ким ҳақида яхши гапларни тингласа, унинг фазилатларини билса, қалбида унга нисбатан муҳаббат уйғонади, уни яхши кўриб қолади. Бориб бориб унга тақлид қилишга, эргашишга ошиқадиган бўлади.
7.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатида ёнган ошиқ қалбларга бир юпанч ва таскин бўлиши учун. Мавлид маросимларида кўпинча шундай кишилар иштирок этар ва ушбу мажлисда ташналикларини бироз қондирар эдилар. Улар ўзларининг Маҳбубларини ёдга олиб, шавқу завққа тўлиб тошардилар.
8.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга умматлик аҳдини эсга солиш, янгилаш мазмуни. Мавлид маросимида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўпроқ эслаш орқали у зотга умматлик туйғусини руҳиятимизда янгилаш билан у зотга умматлик аҳдини ҳам хотирлаш бўлади.
9.    Мавлид шодиёнасига бева бечораларга, мўмин мусулмонларга таом улашиш. Мавлид маросимларида қатнашчиларга зиёфат уюштириш, бечораҳоллардан хабар олиш мавлид маросимларининг белгиларидан бирига айланган.

Мавлидни нишонлашдан кўзланган мақсдалардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари шодлигини изҳор этиш экан. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари ҳам айнан шу ойда бўлган ку. Бўлмаса, у зотнинг вафотларини ҳам эсга олайлик. Нега энди у зотнинг таваллудларининг шодлигини изҳор этамиз у, вафотларига мотам тутмаймиз?! Нега энди у зот вафот этган ойда хурсандчилик нимойиш этамиз?
Бу ҳам мавлидга қарши бўлган кишилар билдирадиган эътирозлардан биридир. Бу илмий тил билан айтганда, «қиёси маъал фориқ» – фарқли нарсаларни қиёслаш ҳисобланади. Яъни бу ерда шариат икки хил муносабат билдирган ишларни бир бирига қиёслаш бор.
Ислом шариатида таваллуд туфайли шодлик изҳор этиш, хайру эҳсон қилиш, ақиқа маросими ўтказиш Шориъ томонидан жорий қилинган. Аммо шариатда азани изҳор қилиш, мотам туфайли хайру эҳсон ёки бирор махсус йиғин қилиш жорий этилмаган. Ушбу шаръий мезонга кўра, бу ойни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойлари ўлароқ нишонлаш мумкин, аммо вафот ойлари сифатида аза ойи қилиш жоиз эмас. Шунинг учун ҳам бутун Ислом уммати бу ойни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «таваллуд ойлари», «мавлид ойи» деб атаб келган. Ҳеч ким уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «вафот ойлари» деб номламаган.

Мавлид ҳақидаги хилофларни бартараф этса бўладими?

Умуман олганда, мавлид қилиш ҳақидаги хилоф асосан қуйидаги нуқталарда акс этади:
1.    Мавлидни ийд – ҳайит қилиб олиш. Исломда иккита ийд бор. Унга бошқа яна диний байрам қўшиш айни бидъатдир. Шу боис, мавлид кунини ҳайит байрамлари каби нишонлашга ўтиб кетмаслик керак.
2.    Мавлидни Шореъ жорий қилган амал даражасида кўриш. Мавлидни танқид қилган кишилар мавлидни бидъат дейишганда унга шаръий амал тусини берилишини назарда тутадилар ва ҳар бир бидъат залолат эканини таъкидлайдилар. Агар мавлидга бевосита шариат кўрстаган амал деб эмас, балки шариат мақсадларига хизмат қиладиган тадбир сифатида қаралса, мазкур хилофга ўрин қолмайди. Бунда мавлид бугунги кундаги илмий амалий анжуманлар қаторидан ўрин олади. Кўпчилик замонмиз улаомларнинг фикрларига кўра, мавлид аслида ҳам ўзи шундай маросим бўлиб келган.
3.    Мавлид учун маълум бир кунни – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд кунлари ҳамда ойларини хослаш. Айнан шу нарса мавлидни шаръий амал даражасига олиб чиқиш бўлади ва бу эса бидъат саналади, дейишади мухолифлар. Агар мавлидни бир кунга ёки ойга хосламай, бошқа бир вақтда ҳам ўтказиб турилса, бу хилоф ҳам бартараф бўлади. Мисол учун, бизда олдинда уламоларимиз рабиулаввал ойидан бошлаб тўрт ой – рабиуссоний, жумодулаввал ва жумодуссоний ойларини мавлид ойи қилиб олишган эди. Биз яқин яқинларгача Андижон халқида шундай тушунча бор бўлганлигини яхши биламиз. Бунга ушбу ойларнинг бошқа ойлардан фарқли ўлароқ диний байрам ва махсус ибодатлардан холи бўлгани сабаб бўлганми ёки мазкур қараш туртки бўлганми, бизга номаълум. Ҳар қалай, халқимиз ўртасида шу тўрт ойни мавлид маросими ўтказиш учун ажратилгани алоҳида эътиборга сазовордир. Чунки одатда бу каби ишлар омма тарафидан эмас, айнан уламолар томонидан йўлга қўйилади. Шунга кўра, йилнинг бошқа ойларида ҳам мавлид маросимига ўхшаш сийрат анжуманлари ташкил қилиб турилса, бу ишни маълум кун ёки ойга хослашга қарши бўлаётганларнинг эътирозларига ҳам ўрин қолмайди.
Аммо кўпчилик уламолар (ҳозирги кундаги «Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги», «Ёнғин хавсизлиги ойлиги» каби тадбир сифатида) бир ойни маълум бир маънодаги тадбир учун қулай фурсат деб билиб, уни ўша ойда ўтказишга, модомики, буни диний мажбурият деб қабул қилиниши хавфи бўлмаса, монеълик йўқ, дейдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини таништириш учун энг қулай ва муносиб ой мавлид ойи бўлишида шубҳа йўқ.
4.    Мавлид маросимларида бидъат хурофотлар, олди қочди гаплар, тўқима ва туҳмат маълумотлар айтилади, дейишади. Бу олдингиларидан ҳам кўра ечими осон бўлган муаммо. Чунки мавлид маросимлари йирик уламолар томонларидан ўтказилган пайтларда ва жойларда раддияда назарда тутилган ношаръий ҳаракатлар бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Бир амалнинг таркибида бўлмаган, унга четдан қўшилган ношаръий ишларга қараб мазкур амал ҳақида ҳукм чиқарилмайди. Бинобарин, бу ердаги раддия ҳеч қандай аҳамият касб этмайди.
5.    Мавлид маросимларида жоҳил одамлар турли мусиқалар билан ашула айтиб, хуморбости қилишлари, шодлик изҳор қиламиз деб, ўйин кулгига берилиш ҳолатлари, эркак аёлларнинг аралашиши ҳам борки, буни ҳеч қачон оқлаб бўлмайди, дейишади. Бу бизнинг диёрларга тамоман ёт ҳолат. Бизда ҳеч қаерда бундай мавлид маросими бўлмаган. Тўғри, айрим жойларда жоҳил инсонлар, ўзларини тасаввуфга нисбат берган фосиқлар бундай номақбул ишларни қилган бўлишлари мумкин. Аммо қандайдир бетайинларнинг ҳатти ҳаракатини рўкач қилиб, номланиши бир хил бўлгани учун мавлидни қоралаш инсофдан бўлмайди. Шу билан бирга, билиб қўйишмиз керакки, агар шаръий меъёрларни маҳкам тутилмаса, ҳар қаерда ҳам бундай номақбул ишларга ўтиб кетилиши ҳеч гап эмас.

Биздаги мавлид маросимларидаги устунликлар

Агар разм солиб қаралса, юртимиздаги ўтган уламоларимизнинг мавлидни жуда ҳам яхши тарзда, шаръий асосда йўлга қўйганларини кўриш мумкин.
1.    Бизда мавлид кунини ҳайит каби байрам қилиб олинмаган. Кўпчилик қарши томоннинг фикри айни шу нуқтага қаратилган.
2.    Мавлид кунини хосламай, шу ойни, баъзи жойларда кейинги уч ойни ҳам ушбу йиғин учун муносиб деб билишган. Бу ҳақда юқорида батафсил тўхталиб ўтдик.
3.    Мавлид йиғинларида ҳеч қандай ношаръий иш йўқ. Аёллар аралишиши, беҳуда ўйин кулги, мадҳда ҳаддан ошиш ва бошқа танқидга учраган ишларнинг бирортаси биздаги мавлид йиғинларида йўқ. Айрим жойларда бу каби ҳолатлар бўлган. Баъзи бир ўзини тасаввуф аҳли деб таништирган жоҳиллар ана шундай ношаръий ишларни қилишган, натижада мавлид ҳақидаги қарашларнинг ўзгаришига, мавлид амалининг қораланишига сабаб бўлишган.
4.    Мавлид асарини танлашда энг муътабар асарлар танланган. Заиф, ортиқча муболағали гапларга училмаган. Мисол учун, Жаъфар Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Мавлид»ини олайлик. Аввало муаллифнинг ўзи илм, тақво ва зуҳдда юксак одам бўлган. Ўз даврида Мадинада шофеъийларнинг қозиси бўлган. «Саҳиҳи Бухорий»дан Мадина Ҳарамида дарс берган. Шу боис, асарга ҳам асосан илмий қийматга эга маълумотларни киритган.
5.    Мавлид маросимларига ҳеч қандай мусиқа аралашмаган. Кўп жойларда мавлид маросимларида шариат доирасидаги куйлар билан нашида айтиш, дўмбира чалиб, мавлидни эълон қилиш каби ҳолатлар бор. Бунга баъзи уламолар рухсат беришган. Бу ишни шаръан дуруст бўлган даражада амалга оширишга шаръий далиллар топилса да, юртимиз уламолари эҳтиётан бунга ҳам йўл қўйишмаган. Чунки бунга йўл очилса, шаръий чегараларни аниқлаш ва уларга қатъий риоя қилишни ушлаш жуда ҳам мушкул иш. Айниқса, омма халқ буни эплай олмайди. Яхшиси, «саддуз зароиъ» – «ёмонликнинг олдини олиш» қоидасига кўра, мусиқа аралштирмаслик керак, деган фикрда бўлганлар. Чунки мусиқа кўпинча кишини ғафлатга бошлайди, енгилтакликка олиб боради, бориб бориб, одамлар шариатда ҳаром қилинган мусиқаларга ўтиб кетади, дейишган.
Биздаги мавлид маросимларидаги мазкур хусусиятларни тааммул қилар эканмиз, ўтган уламоларимизнинг нақадар илму тақвода мустаҳкам, шариат ҳудудларини қаттиқ тутган буюк инсонлар бўлганининг яна бир бор гувоҳи бўламиз, ҳақларига таҳсин айтамиз. Аллоҳ ўтган барча азизларимизни Ўз раҳматига олсин!

Мавлид маросими қандай ўтказилиши керак?

Маълумки, ўрта асрларда Ислом оламида тасаввуф катта ўрин тутган. Мавлид маросимларига кўпроқ тасаввуф уламолари бош бўлишган. Унга асосан қалблари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатлари билан тўлиб-тошган, у зотни эслашга ҳарис бўлган кишилар йиғилишган. Улар ушбу маросим орқали ўзларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган иштиёқлари ва соғинчларини изҳор қилишган, ташналикларини бироз бўлса да қондиришган. Шу боис, мавлид маросимлари соф илмий мажлис маъносида эмас, балки,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини ўзига хос услубда нишонлаш, у зотга бўлган муҳаббатни чархлаш, сайқаллаш ва шу йўл билан у зотнинг сийратларини кўпчиликка эшиттириш, суннатларига амал қилишни тарғиб қилиш, умматни ўз Пайғамбарига содиқ ошиқ бўлишга ўргатиш мақсадида ўтказилган. Мавлид маросимларида асосан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан шавқу завқ изҳор қилинган, шу маънодаги шеърлар, ваъзлар айтилган.
Мавлид аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларига шодлик изҳор қилиш, шу кунларни хурсандчиликда ўтказиш маъносида йўлга қўйилган. Яқин тарихимизни ўрганадиган бўлсак, мавлид йиғинларида айнан шу кайфият ва ҳолат яққол сезилиб турарди. Ўтган асрнинг ўрталарида халқимиз орасида мавлидга нисбатан мавжуд бўлган муносабатни кузатилса, шу нарса маълум бўладики, бизда мавлид ўқиш ва ўқитиш жуда оммавий иш бўлмаган. Мавлид китоблари асосан мавлидга бағишланган махсус йиғинларда ўқилган ва мавлид ўқийдиганлар ҳам жуда кам бўлган. Қиблагоҳимиз Яҳёхон қори ака раҳматуллоҳи алайҳ бобомиз Боқийбиллоҳ қори даданинг мавлидни ёддан ўқийдиган саноқли кишилардан бири бўлганларини айтар эдилар. У вақтда Андижонда юзлаб катта қори устозлар, улуғ олимлар бўлишига қарамай, уларнинг ичида мавлид ўқийдиганлари жуда ҳам кам бўлган экан. Бироқ, ўша мавлид йиғинлари том маънода мавлиддан кўзланган мақсадни ўзида акс эттирган. Оз бўлса да, соз бўлган. У пайтларда араб тилини биладиган кишилар кўп бўлган ва мавлид асосан илмли кишилар ўртасида ўқилган. Шунга қарамай, катта ёшдаги мухлис кишиларнинг таъкидлашларича, ўша мавлид йиғинларида уламолар мавлиднинг маъноларини айтиб беришган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига оид маълумотларни ўртоқлашишган. Уларнинг бу мажлислари шодлик ва соғинч кўзёшлари билан суғорилган, Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган шавқу завқнинг оҳ-воҳлари билан гуриллаган. Шунинг учун ҳам ўша давраларда иштирок этган улуғларимиз кейинги пайтдаги мавлид йиғинларидан қониқмасликларини айтар эдилар. Чунки кейинги йилларда мавлид кенг тарқалиб, оммалашган бўлса-да, ундан кўзланган мақсадга эътибор камайиб кетиб, унинг қадри пасайиб кетди. Мавлидхонлик деганда мавлид китобини фақат шунчаки оҳанг билан ўқишнигина тушуниб қолинди. Ҳатто омма халқ ичида айрим кишиларда мавлид ҳам Қуръонга ўхшаш нарса экан, деган тушунча пайдо бўла бошлади. Кўпчиликлари мавлид нимаю, Қуръон нима, ажратолмай қолди. Айримлардан «Мавлид нима?» деб сўрасангиз, «Ҳалиги, ўртасида тикка турадиган жойи бори бор у?» дейдиган бўлди. Мавлид бало-қазоларни қайтариш, ишларга ривож сўраш учун ўқиладиган дуохонликка айланиб қолди. Шу боис, тўйда ҳам, ўлимда ҳам, чақирдида ҳам, маъракада ҳам мавлид ўқиладиган бўлиб қолди.
Тўғри, хурсандчиликларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидлари шодлигини ҳам қўшиш тўй устига тўй бўлади-ку, дейиш мумкин. Ҳақиқатан ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганишга ҳар онда муҳтожмиз. Аммо ҳар нарсанинг ўз ўрни бор, одоби бор. Мавлид маросими оддий суҳбатдан фарқли бўлиши лозим. Унда кўтаринки кайфият, шодлик барқ уриб туриши керак. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёдга олиш мақоми бўлиши керак. Айниқса, ўлим муносабати билан қилинадиган маросимларда мавлид ўқиш ҳеч қайси меъёрга тўғри келмайди. Бу худди тўйга азани аралаштиргандек гап.
Мавлидга нисбатан бўлган ана шундай нотўғри муносабатлар натижасида ҳақиқий маънода мавлид қилиш деярли йўқолиб кетди. Одамлар фақат тўй-маъракаларида мавлид ўқитиш билан чекланадиган бўлиб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидлари шарафига дастурхон ёзиш унут бўлиб кетди. Аслида эса мавлид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган шавқу завқ турткиси билан, у зотга бўлган муҳаббатнинг изҳори ўлароқ, у зотнинг сийратларини ёйиш мақсадида қилиниши лозим, ана шунда иш мақсадга мувофиқ бўлади.
Ўтган асрда яшаб ўтган Андижоннинг йирик уламолари, жумладан, Абдулмажид қози домла, Аминжон Махсум домла, Ҳабибуллоҳ ҳожи дада, Муҳаммад Мубин қори дадалар уйларида ана шундай махсус йиғин қилиб, мавлид ўқитишар эди. Ҳабибуллоҳ ҳожи дада раҳматуллоҳи алайҳи ҳар йили рабиъулаввал ойида шаҳардаги аҳли илм ва аҳли Қуръонларни жамлаб, мавлид маросими қилар эдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматларидан деб, келганларга сарполар, ҳадялар тарқатардилар. У киши мавлид кунлари барча фарзанд-набираларини жамлаб, уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидан суҳбат қилиб берар, мавлид ўқиб эшиттирар ва хатми Қуръон қилиб, ажойиб дуолар қилар эдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эсга олганларида, кўзларидан ёш қуйилар, бутун вужудлари билан салавот айтар эдилар. Биз ёш бўлсак да, ўша мавлид йиғинларидаги шукуҳни ҳис қилар эдик.
Шу ўринда кимдир: «Биз тўй-маъракаларимизда мавлидни табаррукан ўқитамиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини нишонлаш мақсадида эмас», дейиши ҳам мумкин. Яхши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш, у зотга саловат айтиш билан барака талаб қилиш мумкиндир. Аммо арабча мавлид ўқишнинг ўзи билан бу иш битмайди, ҳеч бўлмаса, мавлиднинг маъносини тушуна билиш лозим. Шу билан бирга, барака талабида, табаррук учун мавлид ўқишни хослаш ҳам ўринсиз. Чунки бу маънода Қуръон тиловатининг ўзи кифоя қилади, балки афзаллигида шубҳа йўқ. Тўй-маъракаларнинг қайсинисида қандай йўл тутиш керак, қандай дуо ўқиш керак, барчаси суннатда ўргатиб қўйилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга чин муҳаббат қилган киши аввало ўша суннатларни бажариши лозим. Агар бирор маъракада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидан суҳбат қилиш керак бўлса, у зотнинг ҳаётларидан йиғилишга сабаб бўлиб турган мавжуд ҳолатга доир маълумотларни, масалан, таъзия билдириш, жанозага қатнашиш ва шу каби ўлимга доир лавҳалардан гаприб бериш керак. Қолаверса, мавлид ўз номи билан мавлид, у айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини нишонлаш маъносида майдонга келган. Мавлид  маросимларини йўлга қўйган азизларимиз ҳам айнан шу мақсадда иш бошлаганлар. Мавлид қилишни ёқлаб айтиладиган энг катта далил ҳам худди шу маънони таъкидлайди. Мавлид қилишни жоиз дейдиган уламолар: «Неъматнинг шукрини қилиш, бирор неъмат учун шодлик изҳор қилиш мумкинлигини ҳамма тан олади. Ахир, инсоният учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларидан ортиқ неъмат борми?!» дейдилар. Улар мавлидни шунчаки табаррукан эмас, балки умматга Пайғамбарини танитиш учун, у зотнинг дунёга келганларининг шукронаси ўлароқ жорий қилганлар.
Ҳар нима бўлганда ҳам, мавлид шодлик, хурсандчилик кайфиятида ўтказиладиган йиғин ҳисобланади. Ҳар нарсанинг ўз ярашиғи бор. Мотам маросимида мақтовли шеър, мавлид ва қасидаларни ўқиш умуман мантиққа тўғри келмайди. Буни ҳеч қанақасига оқлаб ҳам бўлмайди. Улуғларимиз яхши ниятлар билан, яхши тарзда жорий қилган бир гўзал тадбирни қандайдир илмсиз кишиларнинг кўнглига қараб     ёки нималарнидир мулоҳаза қилиб, ер билан яксон қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Буни ҳаммамиз яхши тушуниб етишимиз лозим.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, мавлид маросимлари сийратни ўрганишга бағишланган маросим бўлиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган иймону муҳаббатни, шавқу завқни чархлаш омили бўлиши керак. У зот алайҳиссаломнинг суннатларини ҳаётга татбиқ этишни йўлга қўйиш нуқтаси бўлиши керак. Бунинг учун эса, мавлид йиғинларини керакли савияда ўтказиш лозим. Ўқиладиган арабча мавлиднинг, нашидаларнинг маъноларини ҳам айтиб ўтиш даркор. Инсоф билан айтсак, агар бугунги кунгача халқимиз орасида ўтказилган мавлид мажлисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидан ҳеч йўқ бир донадан ривоят айтиб келинганда, лоақал ўқилган мавлиднинг таржимасини етказилганда эди, қилинган мавлидлардан айни вақтдаги ҳолатга таққослаб бўлмайдиган даражада катта натижаларга эришиш мумкин эди.
Шу билан бирга, биргина қасидага чекланиб олмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга атаб ёзилган ошиқона шеърлардан ҳам ўқиб, маъноларини ўртоқлашиш ҳам мақсадга мувофиқдир. Агар ҳар бир халқ ўз тилида битилган қасидалардан ҳам ўқиса, янада яхши бўлади.
Афсуски, айрим жойларда мавлид маросимлари юқорида эсга олинган ноқулайликларга қўшимча равишда, турли ихтилоф ва жанжаллар билан яна ҳам “бойитилган”. Кимдир мавлиддаги бир калимани заммалик ўқишни ёқлса, бошқа биров фатҳалик ўқиш керак, деб тортишади. Биров маҳалли қиёмда турмай ўтириб олса, бошқаси уни мунофиқликда, беадабликда, фирқабозликда айблайди. Ҳатто маҳалли қиёмга турганда нима ўқиш ҳақида керагича жанжаллашишга тайёрлар ҳам топилади. Аслида эса буларнинг бирортаси ҳам мавлиддан кўзланган мақсадга хизмат қилмайди. Аксинча, унинг қадрини кетказади, аҳамиятини йўқотади, фойдасидан зарари кўп бир тадбирга айлантиради.

Мавлид ҳақида эътибор бериш керак бўлган нуқталар

Мавлид ҳақидаги тушунчамиз тугал бўлиши учун бу борадаги айрим хатоларни алоҳида таъкидлаб ўтиш муносибдир.
1.    Мавлид ақидага боғлиқ амал эмас. Яъни мавлид қилишни жоиз ёки ножоиз дейиш кишининг ақийдасини белгиламайди. Мавлидни жоиз ёки ножоиз дейиш кишини Ислом миллатидан ёки аҳли суннанинг сафидан чиқармайди. Мавлидни жоиз ёки ножоиз деб билган кишини турли лақаблар билан аташ, ҳақорат қилиш, камситишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, бу мутлақо дуруст эмас. Шаръий мезон шуни тақозо қилади. Чунки айрим олимларнинг ижтиҳодлари бу ишни жоиз дейишга ундаган бўлса, айримларнинг ижтиҳоди уни ножоиз дейишга олиб келган бўлиши мумкин. Ҳар икки тарафда ҳам аҳли суннанинг йирик уламолари бор. Муҳими, бу масалада ихтилоф қилмаслик, балки мақсадларни бирлаштириш лозим.
2.    Мавлид фиқҳий мазҳабларга ҳам боғлиқ эмас. Яъни тўртала фиқҳий мазҳаб уламолари ичида мавлидни ёқлаганлар ҳам, ёқламайдиганлар ҳам бор. Аммо ёқлайдиганлар доимо кўпчиликни, асосий қисмни ташкил қилиб келган.
3.    Мавлид маросими маълум бир асарга боғлиқ эмас. Ҳа, мавлид йиғини маълум бир китобга қайдланган мажлис эмас. Уламоларимиз мавлид маросимларида маълум бир мавлид асарига чекланмасликни маслаҳат берадилар. Чунки одамлар мавлид деса фақат ўша фалончининг асари ўқилиши керак, деган тушунчага бориб қолишлари ёки ўша асарни муқаддаслаштириб юборишлари, Қуръонга ўхшатиб қўйишлари мумкин. Буларнинг барчаси шариат ҳазир бўлишни талаб қиган ишлардир.
4. Мавлид фақатгина жамоавий равишда, масжид мадраса ёки бошқа жамоатчилик жойларида ўтказиладиган иш эмас. Мавлидни ҳар бир хонадон аҳли уй ичида, оила доирасида ҳам ўтказишини йўлга қўйиш керак. Бу албатта келажак авлоднинг таълим тарбиясида муҳим аҳамият касб этади. Бу ойнинг кириб келганини фарзанд набираларимизга билдиришмиз, севикли Ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ойнинг душанбасида таваллуд топганларини ва ушбу таваллуднинг аҳамиятини уқтиришимиз, бу ойда сийратни ўрганишга алоҳида эътибор беришмиз жуда ҳам зарур. Шу баҳона уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўпроқ таништириб оламиз. Чунки бугунги кунда аксар мусулмон фарзандлари мусулмон бўлмаган халқларнинг матбуот маҳсулотларини истемол қилишмоқда. Турли мультфилим ва бошқа томошалар орқали бўлмағур, афсонавий қаҳрамонларни таниб, ўшалардек бўлишга интилмоқда. Аслида эса ҳар қандай инсон учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра афзал намуна йўқлиги аниқ, бўлиши мумкин ҳам эмас. Аллоҳ  таолонинг Ўзи инсониятга намуна қилиб шу зотни танлаган. Бизнинг қанайдир сохта қаҳрамонларга ҳожатимиз йўқ. Бизнинг Набийимиз бор, Саййидимиз – Муҳаммадимиз бор, Ҳидоятчимиз ва Шафоатчимиз бор. Бизнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ воқеъий қаҳрамонларимиз етарли ва беҳад кўпдир.

Мавлид маросимларидаги хатолар

Юқоридаги сатрларда мавлид маросимларида мавжуд бўлган бир қатор хато камчиликларга ишора қилиб ўтилди. Шу билан бирга, уларга қўшимча равишда яна айрим хатоларни алоҳида эсга олиб ўтиш даркор. Биз ҳозир ана шундай хатолардан ўз минтақамизга тегишли бўлганлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.
1.    Мавзуъ – тўқима маълумотларни айтиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан ўрнини олаверсин!» деганлар.
Мавлид маросимларидаги суҳбатларда тўқима, уйдирма гапларни айтиш ҳали ҳам учраб туради. Мисол учун, мавлиднинг фазилати ҳақида имом Шофеъий, Ҳасан Басрий ва яна бошқа мутақаддим уламоларга нисбат берилган гаплар. Баъзилар шу маънода ҳадислар ҳам айтиб юборишади. Буларнинг ҳаммаси ёлғон. Чунки у азизларимизнинг даврларида мавлид маросими қилиш деган гап ҳеч қаерда бўлмаган, бировнинг хаёлига ҳам келмаган. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламиннг сийратларига тегишли асоссиз, тўқима ривоятлар ҳам бор. Айниқса, аёллар ўртасида бу ҳолат янада кўпроқ урчиган. Мисол учун, «Туркий мавлид» номи билан танилган мавлид асаридаги кўп ҳикоялар мавзу гаплардир. Муаллиф, Аллоҳ мағфиратига олсин, эҳтимол бу гапларни қайсидир манбадан олиб, уни рост деб ўйлагандир, ёки бошқа бир сабаблар бордир. Аммо омонат юзасидан, илмий масъулият юзасидан айтиш керакки, асардаги кириш ва дуоларидан фойда олиш мумкин бўлса да, ундаги аксар маълумотлар, жумладан, «Лочин ва чумчуқ воқеаси» каби ҳикоялар умуман асоссиз гаплардир. Бу  гап муаллиф раҳматуллоҳи алайҳ ва яна бошқа айрим катталаримизга нисбатан беодоблик эмас, балки бу баён қилиниши, очиқ айтилиш лозим бўлган илмий омонатдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга туҳмат қилишдан оғир ва хатарли гуноҳ йўқ. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни қандай бўлган бўлсалар, шундай танишимиз даркор. Қандайдир афсонавий шахсга айлантириб юбориш мутлақо ножоиз, диннинг офатидир. Тўғри, улуғларимиз бош устига, аммо динимиз ундан да қадрли. Уламоларимиз биз учун азиз, аммо Расулимиз ҳаммадан ҳам азиз.
Имом Бухорий, Муслим, Термизий раҳматуллоҳи алайҳим каби улуғ муҳаддисларимиз ҳадисларни саралаш учун ровийларнинг айбу камчиликларини ҳам баён қилиб, китобларга туширганлар ва ўша ровийларнинг ҳадисларини қабул қилмаганлар. Бир куни буюк муҳаддислардан бири Яҳё ибн Саъидга Абу Бакр ибн Халлод: «Сен ҳадисларини олмаётган мана бу кишилар қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида сенга даъвогар бўлиб қолишларидан қўрқмайсанми?» деди. Шунда у: «Уларнинг менга даъвогар бўлишлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Нега менинг ҳадисимдан ёлғонни аритмадинг?» дея даъво қилишларидан кўра мен учун яхшидир», деди. Абу Туроб Нахшабий Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳга: «Олимларни ғийбат қилма!» деди. Шунда у киши: «Шўринг қургур! Бу холисликдир, ғийбат эмас», деди. Бир сўфи Ибн Муборакка: «Ғийбат қиласанми а?» деган эди, у: «Жим бўл! Агар мен баён қилиб бермасам, ҳақни ботилдан қандай ажаратасан?» деди.
Ислом уламоларининг тутган йўллари мана шудир. Улуғларимизнинг тариқатлари шу, динмизнинг талаби шу. Зотан, диннинг софлиги, яроқлилигини сақлаш учун шундай йўл тутиш лозиму лобуддир, бошқа илож йўқ. Ана шу эътибордан хусусан мавлид маросимларида етказиладиган маълумотларнинг саҳиҳ, асосли бўлишига алоҳида эътибор бериш керак. Манбаси номаълум, далили аниқ бўлмаган гаплардан узоқ бўлиш лозим.
2.    Мавлидга шариат жорий қилган амал тусини бериш. Мавлидни диний амр ёки шариат жорий қилган амал деб тушуниб қолинишига йўл қўйиш бугунги кундаги энг нозик хатолардан бири ҳисобланади. Айрим саҳобаи киромлар рўза тутиш фазилатли саналган кунларда баъзан атайлаб рўза тутишмас эди. Гоҳида мустаҳаб амалларни қасддан тарк қилишар эди. Бунинг сабаби сўралганда «Одамларга бунинг мустаҳаб амал эканини уқтириш учун шундай қилдим, токи буни вожиб деб ўйлаб қолишмасин», деб жавоб беришар эди. Шариатда асли кўрсатилган амалларда гап шу бўлгач, мавлид каби кейин жорий бўлган одатларда бунга янада хушёр бўлиш лозим. Бу хатонинг хатари даставвал билинмаслиги мумкин, аммо вақт ўтиши билан унинг зарари тепчиб чиқа бошлайди. Бунинг олдини олиш учун мавлиддан кўзланган мақсадларни рўёбга чиқариш, мавлид одобларига амал қилиш лозим.
3.    Араб тилидаги мавлид асарларини Қуръонга ўхшатилиши, тенгаштиришига сабаб бўлиш. Бу ҳам кўпчилик пайқамай, эътибор бермайдиган хатолик. Шу боис, мавлидни Қуръонга хос бўлган тажвид қоидаларига солмасдан ўқиш керак. Ҳарфларни махражидан чиқариш, арабий талаффуз этиш, арабча оҳангда ўқиш матлуб, маъноларни яхши сингишига хизмат қилади. Аммо мад, ғунна каби Қуръони Каримга хос бўлган қоидаларга қатъий риоя қилишга ўтмаслик лозим. Акс ҳолда илмсиз, жоҳил кишилар мавлидни ҳам ана шундай Қуръонга ўхшатиб ўқиш керак экан, деган тушунчага бориб қолиши ҳеч гап эмас. Бу эса дин қатъий огоҳлантирган хатолардан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари бунга алоҳида эътибор берганлар. Даставвал ҳадисларни ёзишдан қайтарганлари ҳам шу мақсадга қаратилган эди.
4.    Мавлиддан кўзланган мақсадларни тамоман унутилиб қолиши. Бугунги кунимиздаги мавлид маросимларимиз қониқарли, мақтарли даражада эмас. Мавлиддан кўзланган мақсадлар тамом униталёзган, десак, муболаға бўлмайди. Мисол учун, умуман араб тилидан бехабар одмаларга фақат арабча мавлид ўқиб бериб, унинг мазмун моҳияти ҳақида лом мим демай кетавериш мавлид мақсадларига тамоман зиддир.
5.    Мавлид маросимларининг зиёфатхўрликка айланиб қолиши. Ҳа, бу ҳам ҳозирда кенг ёйилган иллатлардан биридир. Мавлид қилаётган ҳам, унга кетётган ҳам асосий эътиборини об таомга, егуликларга, қандай насиба ўлашилишига, мажлис пировардига қаратади, мавлиддан кўзланган мақсадлар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатни ўстиришни, у зот алайҳиссаломнинг сийратларини ўрганишни ҳеч ким ҳаёлига ҳам келтирмайди, бу ҳақида ҳеч ким қайғурмайди ҳам.
6.    Мавлиднинг айримлар назидида даромад ёки шуҳрат топиш манбаига айланиб қолиши. Афсуски, бу ҳолат ҳам кам бўлса да, баъзи жойларда учраб туради. Ўзларининг мавлидхонлигини намойиш этадиган айрим кишилар мавлид маросимини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш, у зотга бўлган муҳаббатни қайраш, улашиш ўрни деб эмас, шунчаки одат, «томорқа» деб тушуниб олишган. Улар қайсидир мавлид асаридан бир икки бандни чала пича ёдлаб олиб, шу билан мавлид маросими битади деб ўйлашади. Улар гоҳо «Левага кетяпмиз», «Сезон келиб қолди» деганга ўхшаш беўхшов гаплар билан мақсадларини изҳор ҳам қилиб қўйишади. Гарчи бу гаплар ҳазилга йўйилса да, унинг тагида «зил»и ҳам бор.
Мавлидни йўлга қўйган уламолар уни бунинг учун жорий қилишмаган. Аксинча, улар мавлид маросимларида энг кўп хайру эҳсон қиладиган кишилар бўлишган. Мақсадлари халққа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танитиш, у зотни севишни ўргатиш бўлган. Тўғри, бадавлат инсонлар мавлид маросимларида халққа хизмат қилиб, илм маърифат улашган кишиларга кўнгилдан чиқариб ҳадя улашса, совғалар берса, бу уларнинг иши, ҳиммати, иншоаллоҳ, ниятга яраша савоб олади. Аммо бу нарса мавлидхонларнинг мақсади бўлмаслиги керак. Улар мавлид маросими ҳақида ана шундай нотўғри тушунча келиб чиқишига йўл қўймасликлари лозим.
Аслида эса, мавлид маросимини ўтказиш катта масъулиятдир. Мавлид маросимидан кўзланган мақсадларга эришиш шу йиғинга келган кишиларнинг ҳаққидир. Ушбу ҳақдорларга ҳақларини бериш мавлидхонларнинг бурчидир. Бунинг учун мавлидхонларимиз ўзлари сийратни яхши билган бўлишлари керак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини чуқур ўрганган бўлишлари керак, у зотга муҳаббатли, итоатли бўлишлари керак. Бу бурчларни адо этишга тоқати келмайдиган, имконияти йўқ кишилар одамларнинг вақтини, зеҳн хотирасини исроф қилиб, мавлид маросимиларига бош бўлмасликлари даркор.

Мавлид одоблари

Мавлид маросимлари ўтказишни мустаҳаб деб айтган уламоларимиз қадимдан бу ишнинг жоиз бўлиши, савобли бўлиши учун бир қатор шартларга, одобларга амал қилиш лозимлигини таъкдилаганлар. Айниқса, мавлид маросимлари ўтказиш кенг урф бўлиб, уларда турли тасарруфлар юзага келгач, айрим уламолар ушбу йиғинларни ўтказишга доир одоб-ахлоқларни баён қилишга жиддий ҳаракат қилишган ва бу ҳақда алоҳида рисолалар ҳам ёзишган. Биз ҳозир улардан ўз минтақамизга тегишли масалаларни эслаб ўтмоқчимиз.
1.    Мавлид қилишда ниятни тўғри қилиш керак. Шуҳратпарастлик, кўнгилхушилик ёки яна қандайдир манфаатлар бўлмаслиги лозим.
Мавлидни уюштирувчи ҳам, ўтказувчи ҳам, унда қатнашувчи ҳам ниятни тўғри қилиши керак, мавлид мақсадларини қасд қилиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш, у зотнинг илоҳий туҳфа ўлароқ инсониятга берилган буюк неъмат эканларининг шукронасини ва шодлигини изҳор этиш лозим. Бу маънода айниқса мавлидчилар пешқадам бўлишлари, бош бўлишлари керак. Зеро, мажлисда улардаги руҳият ҳукм суради. Уларнинг ниятлари соф бўлса, мақсадлари юксак бўлса, қалблари турли ғилли ғашлардан пок бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат билан тўлиб тошиб турса, ана шунда мавлид маросимлари ниҳоятда гўзал ўтади, мақсадлар ҳосил бўлади.
2.    Мавлиддан кўзланган мақсадни рўёбга чиқариш. Уларнинг асосийларини юқорида санаб ўтилди. Ҳар бир мажлиснинг шароити ўзига хос бўлади. Мавлидни ўтказувчилар ҳар бир мажлисда у ердаги вазиятдан, имкониятдан келиб чиқиб, мавлиддан кўзланган мақсадларни рўёбга чиқаришлари лозим. Мисол учун, мавлид асарларидаги маъноларни йиғин қатнашчиларига етказиш каби.
3.    Мажлисни Қуръон тиловати билан очиш ва мажлис асносида кўпроқ салавот айтишга интилиш.
4.    Турли лағв ва бўлмағур одат, гап-сўзлардан сақланиш лозим. Имкон қадар мусиқа араштирмаслик, хусусан эркаклар йиғинларида.
5.    Ўқиладиган мавлид китоби ёки шеърлар масжлис қатнашчилари тушунмайдиган тилда бўлса, мавлидхонлар уларнинг таржимасини қилиб бериши керак. Чунки мавлид марсимларидан кўзланган мақсад ўзи шу. Зотан, Қуръондан бошқа ўқилишининг ўзига савоб бериладиган калом йўқ. Шу боис, мавлидни керакли савияда ўтказиш лозим.
Аввалги даврларда ҳамма масжид мадрасларга қатнаб, Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларни, араб тилини ва бошқа диний илмларни ўрганар эди. Шу боис, халқнинг катта қисми араб тилини жуда чуқур билмаса ҳам, озими  кўп бохабар бўлган. Қолаверса, мавлид маросимларида асосан билимли, саводли кишилар иштирок этганлар. Шунинг учун у пайтларда арабий мавлидни ўқишга одатланилган ва бу ўша даврда ўзини оқлаган. Аммо бугун шароит тамоман бошқача. Мавлид эшитаётганлар у ёқда турсин, уни ўтказаётганлар ҳам, ҳатто ўқиб бераётганлар ҳам араб тилини билишмайди. Улар учун арабча мавлид ўқишда ёқимли овозлардан, гўзал оҳанглардан баҳра олишдан бошқа фойда йўқ. Шу боис, бугун мавлид маросимларида арабча айтилган мавлид ва нашидаларнинг мазмунини таржима қилиб бериш, шу билан бирга, ўзбекча наътлардан эшиттиришни кенгроқ жорий қилиш лозим. Агар қалбларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббати жўш урган шоир, адибларимиз ушбу мавзуда янги асарлар битсалар, яна ҳам гўзал иш бўлади.
6.    Мавлидни Қуръон тиловати билан бир хил ижро этмаслик керак, фарқли бўлиши лозим. Акс ҳолда вақт ўтиши билан саводсиз одамлар уни Қуръон билан бир хил нарса деб тушуниб қолишлари мумкин. Бу эса хатарли ҳолатдир. Бунга йўл қўйиш мумкин эмас.
7.    Мавлид асарларининг айримларини: назм, шажъ – қофиядош сўзлар билан якунланган насрий жанрдагиларини гўзал оҳангда ижро этиш ҳам мавлиддаги маъноларнинг қалбларга кириб боришига, зеҳнга яхши сингишига, мавлид йиғинига ўзга руҳ бахш этишга хизмат қилади. Мисол учун, шунчаки бир гапни оддий сўзлашув услубида етказилгандан кўра оҳанг билан ижро қилинса, таъсирлироқ бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Бу инсоний табиат, Аллоҳ яратган хилқатдир. Қуръони Каримни оҳанг билан ўқишга тарғиб қилинишининг замирида шу ҳикмат ҳам бор.
8.    Мавлид маросимини ранг баранг суратда ўтказиш. Уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига бағишланган, у зотга бўлган шавқу завқнинг намунаси бўлган, иймону муҳаббатни чархлайдиган турли шеърлар, мақолалар, ваъзлар билан ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Хусусан, кишилар зерикмасликлари учун маросимни ҳар гал турлича ўтказиш керак. Шеър, мақола ҳамда ваъзлар мажлис қатнашчиларининг тилида янграса, янада манфаатли бўлади.
9.    Мавлид йиғинида тиловат ҳам, суҳбат ҳам, қасида ва шеърлар ҳам сийратга оид бўлиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат изҳори бўлиши мақсадга мувофиқ.
10.    Ортиқча такаллуфлардан, сарфу харажатлардан сақланиш керак. Мавлид шарофатига ёзилган дастурхонлар ҳам бетакаллуф, ими жимида бўлиши, дабдабали бўлмаслиги лозим. Чунки ортиқча сарф харажат исроф ҳисобланади, мавлидни илмий мажлисликдан овқатхўрлик зиёфатига айлантириб юборади ва ўрта ҳол кишиларнинг мавлид маросимлари ўтказишларига халал беради.

Хулоса қилиб айтганда, мавлид йиғинларида қуйидагиларга алоҳида эътибор бериш лозим:

1.    Мавлид маросимини ўтказишдан кўзланган мақсадларни унутмаслик.
2.    Малид ойини сийратни ўрганиш ойи, суннатни тиклаш ойи қилиб олиш.
3.    Мавлид маросимларини ўзгача бир кўтаринки руҳда, шодиёналикда ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш.
4.    Мавлид хурсандчилиги учун ҳадялар улашиш, бева-бечоаларнинг ҳолидан хабар олиш;
5.    Мавлид маросимларида болаларга алоҳида эътибор бериш, уларнинг қалбларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббат ўйғотишга хизмат қиладиган ишларни амалга ошириш. Масалан, уларга алоҳида совғалар ташкиллаштириш, сийратни ўргатадиган, суннатни таълим берадиган мултфилм, китоб ва бошқа воситаларни намойиш этиш, тарқатиш.

Аллоҳ талодан камчилик хатоларимизни афв этиб, ҳолимизни ислоҳ этишини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга чин уммат бўлишимизни насиб қилишини сўраймиз.

«Маҳалли қиём» масаласи

«Маҳалли қиём» деб мавлид асносида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари зикр қилинганда ўриндан туриш пайти ва ҳолатига айтилади. Одатда мавлид асарларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насл-насаблари, ота оналари ҳақида ва туғилишлари арафасидаги ажойиботлар айтиб ўтилгач, Жанобимизинг таваллудлари ҳақида сўз кетади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилдилар» деган ибора айтилганда ушбу таваллуднинг шодиёнасига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳурмат изҳор этиш маъносида бир ўриндан туриб, салавот ва наътлар айтиш мавлид маросимига хос бўлган одатлардан бири ҳисобланади. Бу амал ҳанузгача уламолар ўртасида, ҳатто мавлидхонлар ўртасида ҳам ихтилофли бўлиб келаётган масаладир. Кимдир уни яхши санаса, кимдир жоиз деб билади, учинчиси эса ножоиз деб айтади. Бу хилоф яқин ўтмишимизда юртимиз уламолари ўртасида ҳам бўлган. Шундай бўлса да, маҳалли қиём илгари Ислом оламининг деярли барча жойларида мавлид йиғинларида мавжуд амал бўлиб келган. Ўтган асрда ҳам кўп жойларда, жумладан, Андалусия, Шом диёрларидаги ва Маккаи Мукаррамадаги мавлид маросимларида маҳалли қиёмда туриш одати бўлган. Мавлид асарларига ёзилган шарҳларда, мавлид маросимига бағишланган рисолаларда бу масалага алоҳида тўхтаб ўтилган, ҳатто ушбу мавзуга доир алоҳида мақола ва рисолалар ҳам битилган.
Ўз даврида Мадинада шофеъий мазҳаби муфтийси бўлган Жаъфар ибн Саййид Ҳасан Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Иқдул-жавҳар фии мавлиди ан-Набий ал-Азҳар» (Порлоқ юзли Набийнинг мавлидлари хусусидаги гавҳар маржон») номли асарида шундай дейди:
«Ҳа, ривоятга ва ўткир мулоҳазага эга имомлар у зот алайҳиссаломнинг таваллудлари тилга олинганда ўриндан туришни мустаҳсан санашган. Орзусининг ва кўзлаган мақсадининг чўққиси у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаш бўлган кишига туубо – хушнудлик, яхшилик бўлсин!»
Муаллиф айтмоқчики, бир қатор кўзга кўринган, ишончли, мўътабар, етакчи уламолар мавлид маросимларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари зикр қилинганда ўриндан туриб, таъзим изҳор қилишни мустаҳсан амал санашган экан.
Муаллифнинг абираларидан бири Саййид Жаъфар ибн Саййид Исмоил Барзанжий бобосининг «Мавлид» китобига ёзган шарҳида мазкур гапларни изоҳлаб, қуйидагиларни айтади:
«Жорий бўлган одат шуки, воизлар, мадҳчилар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари мавзуси келганида, у зотнинг туғилишлари зикр қилинганида кўпчилик одамлар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга таъзим ўлароқ ўринларидан туришади. Бу шариатда асли йўқ бўлган бидъатдир, аммо бидъати ҳасанадир, чунки бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаш бор».
Йигирманчи асрнинг кўзга кўринган уламоларидан бири, мавлидни ҳимоя қилишда кўп жонбозлик кўрсатган олим, Масжидул Ҳаром мударрисларидан бири Муҳаммад Алий ибн Ҳасан Моликий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Ал ҳудйут-таамму фии мавааридил мавлидин Набавий ва маа уътиида фииҳи минал қийаам» («Мавлиди Набий ва унда одат қилинган қиём хусусида келган гаплар борасида тугал тўғри йўл») номли китобида ушбу мавзуга алоҳида тўхталиб ўтган. Аъло Ҳазрат эса маҳалли қиёмнинг жоизлиги, мандублиги ҳақида айрим уламолар айтган гапларни бир рисолага жамлаб, уни «Иқоматул қийаамаҳ ъалаа тоинил қийаам ли Набиййи Тиҳаамаҳ» («Тиҳома Набийси учун ўриндан туришни айблайдиган кишига қиёматни қоим қилиш») деб атаган. Яна мавлид ҳақидаги айрим илмий мақолаларда ҳам бу ҳақда баҳслар боради. Биз қуйида бу борада битилган бир қатор рисола ва баҳслардан олинган хулосаларни ўрганишга ҳаракат қиламиз.
Айрим уламолар маҳалли қиёмда туришни ножоиз деб биладилар ва бунга қатор далиллар келтирадилар.
1.    Бу иш бидъатдир. На саҳобалар, на тобеинлар, на улардан кейинги мужтаҳидлар бу ишни қилмаган. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топганлари ҳақида гап кетганда таъзим ўлароқ ўриндан турилади» деган гап ҳеч қаерда йўқ. Ҳатто олдинги мавлидхонлар ҳам бундай қилмаган.
2.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида бировга ҳурмат юзасидан ўриндан туришдан қайтарганлар. Ҳатто у зот масжидга кириб келганларида саҳобалар қўзғалишганда: «Роббиминг уйида мени бундай улуғламанглар», деганлар. Имом Термизий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Саҳобалар у зотни кўрганларида ўринларидан туришмасди, чунки у зот буни ёқтирмасликларини билишарди», дейилади. Маҳалли қиёмда турадиганлар у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари қайтарган иш билан у зотга ҳурмат кўрсатмоқчи бўлишади. Бу эса умуман жоиз эмас.
3. Маҳалли қиёмда турадиганлар шу пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳлари ҳозир бўлади деб эътиқод қилишади ва шунинг учун туришади. Бу эса энг қабиҳ бидъатдир, залолат ва хурофотдир. Бу ғайбий иш. Ғайб ҳақида эса оят ҳадисдан бошқа нарса манба бўлмайди. На бирорта оятда, на бирорта ҳадисда бунга ишора қиладиган гап келмаган ва келиши мумкин ҳам эмас. Ана шундай нотўғри эътиқод асосига қурилган амал қандай қилиб яхши иш бўлиши мумкин?!
4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эҳтиром қилиш йилда бир икки марта қилинадиган йиғинда тик туриб салавот айтиш билан эмас, балки у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларига амал қилиш, суннатларини жорий қилиш билан бўлади.
Маҳалли қиёмни қоралайдиган кишиларнинг бундан бошқа гаплари ҳам бор, аммо асосий далиллари шулар. Зеро, бир амални ножоиз дейишга, қоралашга уни «диндаги бидъат» деб таъриф этишнинг ўзи етарли.
Ўз навбатида маҳалли қиёмда туришнинг тарафдорлари ҳам мазкур гапларга жавоб бериш билан бирга, бу ишнинг жоизлигига, яхши амал эканига ўзларининг қатор далилларни келтиришади:
1. Маҳалли қиёмда туриш кейинги асрларда пайдо бўлганини биз ҳам биламиз. Аммо кейин чиққан ҳар бир нарса ҳам бидъат дейилавермайди. Қолаверса, биз буни динга қўшимча амал сифатида қилмаймиз, балки бу бир одат, холос. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаш, у зотга эҳтиром изҳор қилиш борлиги эътиборидан яхши, савобли амал деб айтамиз.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кирганларида ўрнидан турган саҳобаи киромларга қарата айтган ҳадисларининг иборасига эътибор беринг: «Роббиминг уйида мени улуғламанглар». Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳурматан туриш саҳобаларда бор бўлганки, улар ўринларидан туришмоқда. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу иш масжидда дуруст эмаслигини уқтирмоқдалар. Саҳобаи киромларнинг у зот учун ўриндан туришларини суймасликлари эса у зотнинг камтарликлари, тавозуъларидан бўлган. Анас розияллоҳу анҳунинг «туришмас эди» деган гапларини «масжидда туришмас эди» деб ҳам, «баъзан туришмас эди» деб ҳам тушуниш мумкин. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига Фотима розияллоҳу анҳо кирса, ўринларидан туриб кутиб олар эканлар. Бу ҳақда бошқа саҳиҳ ҳадислар ҳам бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларга Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳунинг истиқболи учун туришни ўзлари буюриб, «Саййидларингиз учун туринглар», деганлар. Бу борадаги далилларни батафсил ўрганиб чиққан жумҳур уламолар бировга ҳурматан ўриндан туриш, агар зарур шартлар топилса, мумкин эканини таъкидлаганлар.
3. Маҳалли қиём пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳан ёки жисман ҳозир бўлишлари ҳақидаги гап мўътабар олимларимизнинг гапи эмас. Бунақа гапларни одатда илмсиз одамлар тарқатишади. Бизнинг маҳалли қиёмда туришимиз у зот алайҳиссаломга ғойибона эҳтиром изҳор қилиш маъносидадир. Сизлар айтган гапнинг бизга алоқаси йўқ.
4. Биз маҳалли қиёмга туриб қўйсанг бўлди, иш битди, шариатга амал қилмасанг ҳам бўлаверади, деяётганимиз йўқ. Биз мана шундай таъзим билан кишиларнинг қалбида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан эҳтиром руҳини тиклашни ва бу билан у зотнинг суннатларига эътиборни кучайтиришни кўзлаймиз. Сизлар айтгандек, шариатга амал қилиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тўлиқ эргашиш диннинг аслидир, мақсад ўзи шу. Аммо биз айтаётганга ўхшаш эҳтиром кўрсатиш муҳаббатли қалбларга бир юпанч ўлароқ рухсат берилган ишлардир. Мисол учун, Расули Акрам алайҳиссалом кишиларга шариат аҳкомларини етказиб, ҳақиқий эҳтиром шуларга амал қилиш эканини уқтирганлар, ҳеч қачон ўзларига нисбатан таъзим кўрсатишларини талаб қилмаганлар. Аммо айрим саҳобаларнинг муҳаббатлари қайнаб, шавқу завқлари жўшиб кўрсатган ғайриоддий эҳтиромларини тўхтатмаганлар. Саҳобаи киромлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳорат сувларини, тупукларини талашиб, уришиб кетай дейишар, соч олдирганларида муборак соч толаларини бўлишиб олар, юз қўлларини, оёқларини ўпиб олишар эди. У зот дин аслида илм ва амалдан иборат эканини уқтирсалар да, уларни мазкур тасарруфлардан қайтармаганлар, чунки бу каби ишлар муҳаббат ўтининг алангаси мавж урганидан бўлган эди, набавий ҳикмат бу ўтни ўчириб қўймасликни тақозо қилган эди. Буюк саҳобаларнинг бу ҳолатини Расулига ана шундай муҳаббат қила олган кишиларгина тушуна оладилар, бошқалар уларни ҳеч қачон англай олмайди.
Маҳалли қиём ва унинг тарафдорларини тўлиқроқ тушуниш учун уларнинг далиллари билан танишиб чиқишимиз лозим. Уларнинг асосий далиллари қуйидагилар:
1. Бировга ҳурматан ўриндан туриш ҳақида келган ҳадислар ва асарлар.
Бу борадаги ҳадис ва асарлар ҳақида уламоларимиз турлича фикр билдирганлар. Хулоса қилиб айтганда, ушбу таъзимга эҳтиром кўрсатилаётган шахснинг илми, тақвоси, фазилати сабаб бўлса ва у киши одамлардан буни талаб қилмаса, бу унга салбий таъсир кўрсатиб, ахлоқини бузмайдиган бўлса, ундай инсонни ҳурмат қилиб ўриндан туриш мустаҳаб амалдир, одобдир. Жумҳур уламоларнинг хулосалари шу. Бу ҳақда имом Нававий алоҳида бир китоб ёзган, ҳужжат далилларни келтирган, таҳлил этган ва мазкур хулосани тақдим қилган.
Маҳалли қиём тарафдорлари яна шундай дейишади: «Оддий бир олим учун ўриндан туриш мустаҳаб бўлади ю, махлуқотлар саййидининг ҳурматидан ўриндан туриш мустаҳаб бўлмайдими? Олим фозил инсонлар учун туришни жоиз деб билганлар энди қандай қилиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга таъзим ўлароқ ўриндан туришни ножоиз дейишади? Амиру султонлар учун ўриндан турилади ю, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эслаганда таъзим учун ўриндан турса, нега бўлмайди? Биз ушбу мақомда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келган соатни хаёлан кўз олдимизга келтирар эканмиз, ўша пайтда борлиқда кечган ўзгаришларни, ҳодисаларни тасаввуримизга олиб келамиз ва у зотнинг ҳурматидан ўрнимиздан туриб, у зотга салавот айтамиз, бу неъматнинг шодлигини изҳор этамиз».
2. Маҳалли қиёмни мусҳаф учун ўриндан туришга, уни ўпишга қиёс қилиш ҳам мумкин. Кўпчилик уламолар мусҳафнинг эҳтироми учун ўриндан туришни, уни ўпиб эъзозлашни мустаҳаб амал дейишган.
Закариё Ансорий шу ҳақдаги саволга берган жавобида шундай дейди: «Мусҳаф учун ўриндан туриш худди фозил инсонлар учун туриш мустаҳаб бўлгани каби мустаҳабдир. Буни бидъат деганларга қарши ўлароқ, ихтиёр қилинган гап шу».
Ибн Ҳажар Ҳайтамий «Туҳфа»да айтади: «Мусҳаф учун ўриндан туриш олим учун туриш каби мустаҳабдир, балки авлороқдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Таврот учун уни худди ўзгармагандек билиб, ўриндан турганлари саҳиҳ ривоятларда нақл қилинган».
«Дуррул мухтару шарҳу Танвирил абсор» асарининг муаллифи айтади: «Мусҳафни ўпишни бидъат дейишади. Лекин ривоят қилинадики, Умар розияллоҳу анҳу ҳар куни эрталаб мусҳафни олиб, ўпиб: «Роббимнинг аҳди, Роббим азза ва жалланинг юборгани», деб қўяр эканлар. Усмон розияллоҳу анҳу ҳам мусҳафни ўпиб, юзларига суртар эдилар».
Имом Субукийдан мусҳафни ўпиш жоизлигининг далили ҳақида сўралганида: «Бунинг далили Ҳажарул асвадни, олимнинг, ота онанинг ва солиҳ кишиларнинг қўлини ўпиш ҳақидаги далилларга қиёс қилишдир. Мусҳафнинг мазкурлардан афзал экани ҳаммага маълум», деб жавоб берган.
Умуман олганда, Аллоҳ таолони ва У Зотнинг Расулини, Қуръонни, Исломни ва уларга боғлиқ нарсаларни улуғлашда, эҳтиром қилишда қатъий бир чегара қўйилмаган. Модомики Қуръон ва Суннатга зид бўлмаса, шариат мақсадларига хилоф бўлмаса, монеълик йўқ. Бунга саҳобалар ҳаётидан ҳам, салафлар ҳаётидан ҳам, бугунимиздан ҳам мисоллар келтириш мумкин.
5. Бу ишда Аллоҳнинг шиъорларини, диннинг нишоналарини улуғлаш бор.
Аллоҳ тало айтади: «Ким Аллоҳнинг шиъорларини улуғласа, бу қалбларнинг тақвосидандир» (Ҳаж сураси, 32 оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг шиъорлари ичида энг буюгидирлар. У зотга ғойибона эҳтиром кўрсатиш ҳам у зотни улуғлаш бўлади. Биз бу жойда айнан шуни эътиборда тутамиз.
6. Ўз даврининг ҳофизи, замонасининг Шайхулисломи, «Қозилар қозиси» унвонини олган, муфассир, муҳаддис, фақиҳ, тасаввуф билимдони, адиб олим имом Тақюддин Субукий (683–756 ҳ) раҳматуллоҳи алайҳга боғлиқ бир воқеа.
Бу воқеани қатор мавлид шориҳлари, жумладан, Саййид Жаъфар ибн Саййид Исмоил Барзанжий бобоси Жаъфар Барзанжийнинг юқорида эсга олинган иборалари шарҳида ушбу қиёмга асос бўлган ва унинг кенг тарқалишига сабаб бўлган ҳодиса сифатида келтиради. Бу ҳодисани аслида Абдулваҳҳоб Тожуддин Субукий «Тобақотуш шафиъиййатул кубро» асарида отаси имом Тақюддин Субукий раҳматуллоҳи алайҳ ҳақида ёзган сатрларида келтирган. Унга кўра, шайхулислом Субукий Дамашқдаги Жомеъи Уммавийда бир хатмга ҳозир бўлади. Йиғинда нашидхонлар ҳам бўлиб, улар ўз даврида «Замонанинг Ҳассони» лақабини олган улуғ адиб Абу Закариё Яҳё Сарсарий ал Ҳанбалийнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишлаб ёзган бир қасидасидаги қуйидаги байтларни куйлашарди:
قليلٌ لمدحِ المصطفى الخطُّ بالذهَبْ
على وَرِقٍ مِن خَطِ أحسنِ مَن كتبْ
وأن تَنْهضَ الأشرافُ عندَ سَماعِهِ
قيامًا صفوفًا أو جُثِيًّا على الرُكبْ
«Кам эрур Мустафо мадҳин ёзсалар
Ақчага тиллода ҳусни хат билан,
Кам эрур ҳам тинглаганда ашрофлар
Саф бўлиб, тизда турса ҳурмат билан».
Шу пайт имом Субукийда бир ҳол пайдо бўлади-ю, сакраб ўрнидан туради ва шу алфозда бир муддат тик туриб қолади. Мажлисда қозилар, юртнинг катталари, қатор уламолар ҳам бор эди. Ҳаммалари имом Субукийга эргашиб ўринларидан туришади. Мажлисда ажойиб бир файз, юксак руҳият барқ уради.
У киши байтнинг мазмунидан қаттиқ таъсирланганидан, шоирнинг сўзларига ижобат қабилида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таъзим изҳор қилиш маъносида шарт ўриндан туриб кетган эди. Айтиш мумкинки, бу ўша мажлисдаги руҳий ҳолат, маънавий вазият, шавқу завқнинг турткиси билан бўлган.
Маҳалли қиёмни қўллаб қувватловчиларнинг кўпчилиги ушбу ҳодисани далил сифатида келтиришади. Аммо бу ерда айрим мулоҳазали жиҳатлар бор. Биринчидан, бу йиғин мавлид мажлиси дейилмаган, хатм дейилган. Иккинчидан, бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари ҳақида гап йўқ. Оддий бир нашидхонлик қилинган ва унда «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мадҳларини тинглаганда тингловчилар ўринларидан туриб кетсалар ҳам кам», деган маъно келган. Учинчидан, бу одатий иш эмас, балки ўша мажлисдаги руҳият таъсирида, беихтиёр амалга оширилган таъзим бўлган. Бироқ, бундан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида гап кетганда таъзим учун ўриндан туриш жоизлигини, яхши иш эканини тушуниш мумкин.
7. Хатиб Бағдодий ўз санади билан Абу Заръадан ривоят қилади: «Эшитдимки, Аҳмад ибн Ҳанбал касаллиги сабабли суяниб ўтирганида, унинг ҳузурида Иброҳим ибн Таҳмон зикр қилинибди. Шунда у киши тикланиб ўтира туриб, «Солиҳлар зикр қилинса ю, суяниб ўтирилса, бу ҳеч ҳам дуруст эмас», дебди».
Бу воқеа Ибн Ҳажар Асқалонийнинг «Таҳзибут таҳзиб»ида, Заҳабийнинг «Сийару аъламин нубала» асарида ва тарихга оид бошқа китобларда ҳам зикр қилинган.
Бу ҳам умумий маънодаги иш, айнан бир йиғилишга ёки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини зикр қилишга боғлиқ бўлмаса да, ундан солиҳ кишилар зикр қилинганда ғойибона эҳтиром кўрсатиш мандублиги, жумладан, уларга ҳурмат изҳор қилиш маъносида ўнгланиб олиш, ўриндан туриш яхши иш эканини тушуниш мумкин.
Маҳалли қиёмни ёқлайдиганлар бу ишга яна бошқа далилларни ҳам келтиришган. Аммо асосийлари шулар бўлиб, бошқаларини шуларнинг атрофидаги гаплар, десак ҳам бўлади.
Мазкур далилларга умумий равишда эътироз бўлмаса да, ушбу таъзимни маълум бир йиғинга, махсус бир жумлага хослаш ва буни диний амал даражасига олиб чиқиш, диний одат қилиб олиш барибир бидъат бўлади, чунки ҳурмат изҳор қилишни маълум бир йиғинга, махсус бир жумлага хослаш динда кўрсатилмаган, дейди мухолифлар.
Ўз навбатида маҳалли қиём тарафдорлари ҳам қуйидагича жавоб берадилар:
«Бу йиғилиш мавлид ойида, кўпинча мавлид кечасида бўлади. Мавзу ўзи мавлид бўлгач, унда эҳтиром учун туришга энг муносиб пайт таваллуд зикр қилинган он бўлишини табиий завқ ҳам тақозо қилади. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд топганларини эшитганимизда ўша пайтда юз берган ҳодисаларни, борлиқдаги ўзгаришларни, шодлик ва сурурни ўйлаб, тасаввур қилар эканмиз, эҳтиросларимиз жўшиб, туйғуларимиз қайнаб кетадики, бу ҳол бизни индамай ўтираверишга қўймайди, шу боис, бехос ўриндан туриб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга таъзим изҳор этамиз, таваллудларига шодлик намойиш этамиз. Иккинчидан, биз буни диний мажбурият деяётганимиз йўқ, бу ушбу вазиятга ярашадиган бир одат, холос».
Хуллас, бу ҳақда гапирилса, яна гап чиқаверади, баҳс мунозара давом этаверади. Айрим тарафдорлар масалани қаттиқ олганиданми ёки ўз вақтларидаги мавжуд ҳолатдан келиб чиқибми, «Бугунги кунда маҳалли қиёмда туриш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳурмат қилишнинг белгиси, рамзи бўлиб қолди. Бинобарин, бу ўринда турмаслик у зотга ҳурматсизлик ҳисобланади, ҳокимлар бундай кишиларнинг таъзирини беришлари керак бўлади», дейишгача борган бўлса, қарши тараф: «Буни қилганлар бидъатчилар, адашганлар, ундайлар, бундайлар» деб, ҳаммасини қоралайди. Холис туриб айтганда, ҳар икки тарафнинг ҳам ўз ҳолларида ниятлари яхши бўлган, аммо ёндашувлари фарқлидир. Ўртада тушунмовчилик ҳам бор.
Бу мавзудаги маълумотларни холис ўрганадиган бўлсак, бу ҳақда озми кўпми тушунча ҳосил бўлади ва бир қатор хулослар келиб чиқади. Жумладан:
1.    Маҳалли қиём тушунчаси салафлар вақти у ёқда турсин, даставвал мавлид жорий қилинган даврларда ҳам бўлмаган, кейинроқ пайдо бўлган. Бу амалнинг илк бор айнан ким тарафидан йўлга қўйилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Ҳар қалай, бу иш мавлид йиғинлари авж олиб, уни мунтазам ўтказиш, мавлидга атаб шеърлар, асарлар ёзиш урф бўлиб, тарихий жараён тартибида мавлид китоблари битилиб, уларни мавлид маросимларида ўқиш йўлга қўйилгач, ўша асардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари зикр қилинган жойини ўқилганда ички туйғу ва эҳтирослар турткиси билан, эҳтиром маъносида ўриндан туриб салавот, наът айтиш шаклида юзага келган.
2.    Маҳалли қиёмда туриш ҳам худди мавлид каби махсус бирор насснинг далолатидан келиб чиқиб, унинг ижроси учун йўлга қўйилган амал эмас. Балки уни мажлисдаги вазиятдан келиб чиқиб, ўша жойда ҳукм суриб турган руҳий ҳолатнинг турткиси билан, шариат умумий тарзда тарғиб қилган, рухсат берган амал сифатида жорий қилишган ва бунга қаршилик қилганларга раддия бериш маъносида даллиллар келтиришган.
Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эҳтиром кўрсатиш шариат чегараларини кўрсатган ҳолда очиқ қўйган майдондир, бу борада ҳар бир ҳаракат учун маълум нассга суяниш талаб қилинмайди, деб билишган. Мисол учун, имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ Мадинада уловда юрмас, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жасадлари бор жойда уловда юраманми?» дер эди. У киши ҳадис айтадиган бўлса, таҳорат олиб, энг кўркам кийимларини кийиб, соқолларини тараб, ўзига оро бериб олгандан кейингина ҳадис айтишга киришар эди. Ҳолбуки, бу ишларнинг ҳеч бири ҳақида ҳеч қандай шаръий кўрсатма йўқ ва саҳобаи киромлардан биротаси бу ишни қилмаган. Аммо бу иш диннинг шиъорини улуғлаш эътиборидан мақбул амал ҳисобланган.
Солиҳ подшоҳлардан бири Маҳмуд Ғазнавий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларини бетаҳорат тилга олмас эди. Бир гал таҳорати йўқлиги сабабли Муҳаммад исмли котибини унинг отасига нисбат бериб: «Ҳой вазирнинг ўғли!» деб чақирган эди. Ўтган асрнинг ўрталарида Андижон уламоларининг пешвоси бўлган Абдулмажид қози домла: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшларига етмаган киши у зотнинг номларини айтмай, «Пайғамбаримиз», «Расулуллоҳ» деб тилга олсин, одоб шу», дер экан.
Бу каби ишлар одоб ва ахлоқ намуналаридир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган чин муҳаббат ва эҳтиромнинг ифодасидир. Ана шу эътибордан ва энг муҳими, шариат доирасидаги иш бўлгани учун бундай амаллар яхши, савобли иш ҳисобланади. Бу бобда қатъий чегара қўйилмайди. Бунга ўхшаш ишлар замон ва маконга кўра ўзгариб, алмашиб тураверади, аммо мақсад ва манҳаж бир бўлади.
3.    Маҳалли қиём фақат бизда эмас, балки бутун Ислом оламида кенг тарқалган одат бўлган. Айниқса охирги асрларда бу амал мавлид маросимининг бир қисмига айланган эди. Аммо бугунги кундаги мавлид маросимларида бу одат жуда кам учрайди. Бунга ҳозирда мавлид йиғинларида тарихий жараён тартиби бўйича ёзилган асарларни ўқишдан кўра турли мавзулардаги наътларни айтиш, суҳбатлар қилиш одат тусини олаётгани ҳам сабаб бўлмоқда.
4. Маҳалли қиёмда туриш мавлид маросимларида кенг тарқалган бўлишига қарамай, ҳатто мавлид тарафдорлари ичида ҳам ихтилофли масаладир. Жумладан, Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳматуллоҳи алайҳ мавлидни савобли амал деб айтиш билан бирга, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари зикр қилинганда ўриндан туришни дуруст эмас деб айтган.
Биздаги маълумотларга кўра, ўтган асрда Фарғона водийси уламолари ўртасида ҳам бу ишни ёқламайдиган олимлар бўлган. Ишончли кишилардан эшитишимизча, андижонлик уламолардан бири Наманганга мавлид маросимига боради. Маросимда ўтирган уламолар маҳалли қиёмни дурустмас деб билишар экан. Бундан бохабар бўлган андижонлик олим маҳалли қиёмга келганда ёнида ўтирган, мажлис аҳлининг ичида энг мўътабар саналган наманганлик олим шеригини туришга ундайди ва уларнинг нима учун турмаётганини фаҳмлаб, шартта ўрнидан туради, шунда мажлисдагилар ҳам меҳмоннинг ҳурматидан ўринларидан турадилар.
Биз бу ерда ким тўғри иш қилганини таҳлил қилмоқчи эмасмиз, балки қиём ҳақидаги хилоф кўп жойларда қадимдан бўлиб келганини айтиб қўймоқчимиз, холос.
Бу борадаги ихтилофнинг хулосаси шуки, маҳалли қиёмни жорий қилган кишилар бу ишни юқорида айтилган умумий таъзим, эҳтиром деб санашган ва унга шаръий амал деб эмас, оддий одат деб қарашган. Қарши тарафлар эса бу ишни диний тус олган амал деб, бидъат дейишган.
5. Маҳалли қиём аслида мажлисдаги кишилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд онлари ва ушбу соатдаги ажойиботлар ҳақидаги байтларни тинглаганларида бу буюк неъмат шодлигининг изҳори учун, у зот алайҳиссаломга таъзим ўлароқ, ўзларини гўё у зот дунёга келган чоғларида ҳозир бўлгандек, у зотни кутиб олаётгандек ҳис этиб, эҳтирослари қайнаб, ғалаёнга келганидан тушадиган ҳолатдир. Шунинг учун маҳалли қиёмда одатда кутиб олинаётган меҳмонга айтиладиган олқишли сўзлар, мақтов ва мадҳлар айтилган. Мисол учун, имом Барзанжий ўзининг насрий мавлид асарида маҳалли қиём учун Шарафуддин Бусурийнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларига бағишлаб ёзган айрим байтларини танлаган бўлса, назмий мавлидида хитоб шаклида битган «Марҳабо»сини келтиради. Айрим жойларда бу мақомда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтилган илк мақтовли шеър – ансорлар бадиҳа шаклида айтган «Толаъал бадру»ни айтишади. Бунда мавлидхонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага кириб келган пайтларини ҳам тасавур қилиб, ўзларини ансорлар сафида ҳис қиладилар, ўша дамдаги шодлик ҳиссини вужудларида туядилар. Баъзан эса маҳбублари соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари ва соғинчлари жўш уриб, хаёлан у зотнинг шу мажлисга кириб келганларини тасаввур қиладилар, у зотни шу жойда бордек фараз қиладилар. Ана шундай юксак руҳият уларни бу ўринда тик туришга ундайди. Бу ҳол уларнинг мавлидда зикр қилинаётган сўзларга ўта берилиб, киришиб кетганларидан, ўзларини ўша саодат асрида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қаршиларида тургандек ҳис этганларидан юзага келади. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни соғинганларидан, у зотга таъзим изҳор қилишга иштиёқлари баландлигидан шу баҳона ушбу туйғуларини қондиришга интилишади.
6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини эшитганда ўриндан туриш фақат мавлид маросимларига хос бўлган, шу йиғиннинг ярашиғи сифатида қилинган. Ҳеч ким, ҳеч қачон, ҳеч қаерда «Қачон Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари ҳақида гапирилса, ўриндан турилади ёки турамиз», деб айтмаган ва бундай бўлиши мумкин ҳам эмас. Шундан ҳам билса бўладики, бу амал тадбирдаги оддий бир одат бўлган, у ердаги руҳий ҳолатнинг инъикоси бўлган.
7. Аслини олганда, маҳалли қиёмда туришни сўфийларда учрайдиган ҳолнинг, яъни уларнинг руҳий оламидаги ғалаённинг, жазбанинг бир ифодаси, дейиш ҳам мумкин. Зотан, мавлид йиғинларида асосан ана шундай ҳассос қалбли кишилар, аҳли завқлар бош бўлишган. Ушбу жиҳатдан олиб қаралганда, бу амал ҳар кимнинг шахсий ҳолига ҳавола қилинади. Шунда «ҳол эгалари ўз ҳолларига қўйилади» деган қоидага кўра, буни қилганларга нисбатан айтиладиган танқид ўринсиз ҳисобланади. Аҳмад Зарруқ раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Тасаввуф қоидалари» номли китобидаги 40 қоидада жумладан шундай дейди:
«Илм изланиш ва тадқиқ қилишга асосланади. Ҳол эса таслим ва тасдиққа асосланади. Агар ориф инсон илмдан гапирса, унинг Китобу Суннатга, салафларнинг сўзларига қанчалик таянганига қаралади, чунки илм ўзининг асосига кўра эътиборга олинади. Аммо ориф инсон ўзидаги ҳолдан келиб чиқиб гапирса, уни ўз завқига таслим қилиш лозим, чунки бу ҳолга фақат унга ўхшаш кишигина ета олади. Бинобарин, бундай одам ўзининг виждони – ички оламидаги ҳолатга кўра эътиборга олинади. Ҳол ҳақида эса ўша ҳол эгасининг омонатдорлиги, салоҳиятига кўра хулоса чиқарилади. Кейин эса унга эргашилмайди, чунки унинг ҳукми умумий бўлмай, фақат унга ўхшашлар ҳақидагина эътиборлидир».
Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, бугунги кунда илгаргидек ҳол аҳлларини топиш жуда ҳам мушкул. Ҳар ким ўзини ҳол аҳли деб даъво қилиши мумкин эмас. Ҳол аҳллари одатда ўзларининг аҳли ҳол эканларини халқдан яширадилар. Акс ҳолда мақомларига путур етади. Ҳақиқий аҳли ҳол кишиларнинг қатор аломатлари бўлади ва бунинг ҳам ўз илми бор. Аҳмад Зарруқ раҳматуллоҳи алайҳ «Ҳол ҳақида эса ўша ҳол эгасининг омонатдорлиги, салоҳиятига кўра хулоса чиқарилади» деганда ана шуни назарда тутган.
8. Ҳар нима бўлганда ҳам, маҳалли қиёмда туриш асосан ички туртки билан бўлган, шунчаки тақлид шаклида қилинмаган. Аммо айрим доираларда, хусусан кейинчалик бу ишни қилган кишиларда кўпинча аввалги руҳият топилмай қолган.
9. Зоҳиран олганда, маҳалли қиёмда туришни бугунги кундаги давлат мадҳияси айтилганда ҳурмат юзасидан тик туришга ўхшатиш мумкин. Ҳозирда барча давлатларда бу урф бор. Бу давлат белгиларига ва шу орқали давлатга ҳамда ўша давлатнинг халқига эҳтиром изҳор қилиш рамзидир. Мадҳия учун ўриндан туриш ҳам ҳамма жойда бўлавермайди, яъни мадҳия овози эшитилсаки, тик туриб олинмайди, балки одатда бу иш расмий аҳамиятга эга бўлган мажлисларда кузатилади. Мисол учун, халқаро спорт мусобақаларидан аввал иштирокчи давлатларнинг мадҳияси ижро этилганда ҳамма баравар тик туравермайди, кимдир туради, кимдир ўтиради, ҳеч ким ҳеч кимга турмадинг ёки турдинг, деб эътироз билдирмайди. Мадҳияни эшитганда тик туришни одамлар ўзларининг завқларидан келиб чиқиб ўйлаб топишган ва худди шу завқлари асосида ҳар жойда турлича тартибга солишади. Бу бир ярашиқ, холос, ҳал қилувчи омил эмас.
Олдинлари подшоҳларнинг фармони ўқилганда тик туриш одати ҳам бўлган экан. Шунинг учун маҳалли қиёмни ёқлаб чиққан кишилар: «Айрим жойларда подшоҳнинг эълонини етказиш учун унинг номини тилга олинганда, фармони ўқилганда одамлар тик туришади. Бунга ҳеч ким индамайди. Нега энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари зикр қилинганда ҳурматан тик туриш мумкин бўлмайди? Ахир, у зотнинг эҳтиромларини қилиш устунроқ эмасми?» дейишади.
Шуни холис айтиш лозимки, маҳалли қиёмда туриш тарафдорлари айтган юқорида келтирилган гаплар вазиятни қўлдан келганча тушунтириш учун кўрсатилган далиллардир. Аммо бу билан маҳалли қиёмда туришни одатга киритган кишиларнинг ҳолларини тўлиқ англадик дея олмаймиз, балки тушунишга ҳаркат қилдик десак тўғрироқ бўлади, чунки бу каби ишлар кўпинча аҳли ҳол инсонлардан зоҳир бўлган. Ҳол аҳлининг ҳолини эса ўша мақомга етишган кишиларгина ҳис қила олади, бошқалар барибир тўлиқ тушуниши қийин.

Маҳалли қиёмда кузатиладиган хатолар:
1.    Маҳалли қиёмда туришни таъаббудий, диний амр деган тушунчага олиб келиш. Бу энг хатарли иш, энг ёмон бидъатдир. Бунинг олдини олиш учун аввало бу амалнинг келиб чиқишини, мазмун моҳиятини, ундан кўзланган мақсадни кишиларга етказиш керак. Унга унинг ўзига муносиб баҳо бериш лозим. Ортиқча гапнинг кераги йўқ. Шу билан бирга, буни доимий одат қилмай, ўрни келганда тарк этиб туриш керак бўлади.
2.    Бу ишни ҳеч қандай тушунчасиз, турткисиз, кўр кўрона тақлид шаклида, шунчаки одат сифатида, онгсиз равишда амалга ошириш. Бу ҳам кўп учрайдиган ҳолат. Очиғини айтганда, бугунги кунда кўп жойларда маҳалли қиёмга туришнинг сурати бор у, руҳи йўқ, қобиғи бор у, мағзи йўқ. Шунинг учун бу иш ҳозир кўпчиликка ёқмайди, танқид қилинади. Агар мавлидхонлар маҳалли қиёмда турмоқчи бўлишса, мажлис аҳлининг шу ишга қанчалик салоҳияти борлигини эътиборга олишлари, бу борада керакли таълимотларни тақдим қилиб, керакли вазиятни юзага келтиришлари керак. Бунга завқи етишмайдиган кишилар ўртасида бу ишни қилишга ҳожат йўқ. Акс ҳолда, натижалар ҳам аксинча бўлади.
3.    Маҳалли қиёмда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳлари кириб келади, деган эътиқодда бўлиш. Бу гап жуда кам учраса да, айрим жойларда ҳануз бор. Бу ҳеч қандай асосга эга бўлмаган, тамоман бидъат гапдир. Мабодо бирорта одам мен маҳалли қиёмда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим, деган тақдирда ҳам, бу гапнинг ўша одамдан бошқага тегишли жойи йўқ, шаръий тушунча маъносида ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Бу каби гапни айтиш, тарқатиш мутлақо жоиз эмас.
4.    Маҳалли қиёмга туришга мажбурлаш. Баъзан мавлидда бош бўлиб турган кишилар ҳаммани маҳалли қиёмга туришга мажбурлашга ўтиб кетишади. Турмаганларни турли айблар билан айблаб, маломат қилиб, ҳатто уларнинг эътиқодига тил текказишади, ҳар хил лақаблар билан аташади, қандайдир фирқа аъзосига чиқариб ҳам юборади. Бу умуман нотўғри тасарруф. Бу нарса «Маҳалли қиёмда туриш вожиб экан да», деган тушунчага ҳам олиб келади. Бу эса жуда ҳам хатарли ишдир.

Биз нима қилишимиз керак?

Биз юртимиздаги кўпчилик уламоларнинг сўзларини олиб, қиёмни яхши амал деб билсак-да, унинг вожиб ё суннат эмас, балки мустаҳсан, яъни яхши саналган, чиройли, фойдали деб қаралган амал эканини унутмаслигимиз лозим. Мустаҳсан амал мустаҳабдан ҳам қуйироқ ҳисобланади. Мавлидда қиёмга туриш мустаҳсан бўлганда ҳам, Ислом уммати қадимдан эътироф этиб келган мустаҳсан эмас, балки мавлид маросимлари авж олиб, кенг тарқалганидан кейин айрим мўътабар уламолар тарафидан мавлиддаги вазият ва руҳий ҳолатдан келиб чиқиб, яхши амал деб саналган мустаҳсан ишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари зикр қилинганда ўриндан туришнинг мавлидга хослиги шундаки, ҳеч ким бошқа бирор ўринда у зот алайҳиссаломнинг таваллудлари ҳақида сўз кетганда ўриндан туриш кераклигини айтмаган. Бу қиёмга туришнинг баҳосини пасайтириш эмас, балки бор гапнинг ўзи шу. Мавлид китобларда ва уларга ёзилган шарҳларда ҳам худди шу маъно таъкидланган. Ким хоҳласа турсин, лекин узрли кишилар, билмаган одамлар, туришни истамаганларнинг ихтиёри ўзларида. Уларни туришга мажбурлаш ёки турмаган кишига озор бериш шаръан мутлақо жоиз эмас. Бунга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Тарғиб қилишдан нарига ўтиш ортиқча. Ҳар нима бўлганда ҳам, ихтилоф чиқармасликка ҳаракат қилиш шариатнинг талаби, вожиб амал, мўминлик вазифаси эканини унутмаслик керак.
Шуни алоҳида айтиб ўтиш лозимки, маҳалли қиём онгли равишда, шавқу завқ турткиси билан бўлиши, шунчаки одат ёки ноаниқ ҳаракат шаклида бўлмаслиги керак. Шунингдек, бу намоз, ҳаж каби таъаббудий амал ҳам эмаски, уни бажаришнинг ўзи мақсад бўлса. Шу боис, агар мавлидхонлар мавлидда туришни жорий қиладиган бўлсалар, унинг мазмун-моҳиятини халққа тушунтиришлари лозим. Акс ҳолда ушбу туришдан кўзланган мақсад умуман рўёбга чиқмайди, у мазмунсиз, шунчаки тақлидий бир ҳаракатга айланиб қолади. Бу ҳақиқатни бугун ҳар жойда учратиш мумкин.
Шариатда бундай мустаҳсан саналган ишлар устида ихтилоф қилиш дуруст эмас, бу борада талашиб, жанжаллашиш ҳеч қайси меъёрга тўғри келмайди. Энди шу мустаҳсан саналган мақомда нимани ўқишни тортишиш эса умуман ортиқча иш. Биримиз «Толаъал»ни, бошқамиз «Ва муҳаййан»ни, учинчимиз «Марҳабо»ни, тўртинчимиз яна бир бошқа шеърни ўқишни талашишимизда нима маъно бор? Ахир Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳнинг ўзи назмий мавлидида маҳалли қиём учун алоҳида қасида битиб, насрида шу жойга келганда ўзи шеър ёзиб қўя қолмай, Муҳаммад Бусурийнинг «Ҳамзия»сидан («Ва муҳаййан»ни) иқтибос келтиришининг ўзи бу борада ҳар ким ўз таъбига кўра иш кўриши мумкинлигини билдирмайдими? Ахир бу мақом қандай ёки кимнинг шеъри ўқилишини талашадиган мақом эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга чин дилдан муҳаббат изҳор қилиб, у зотнинг таваллудлари сурурини изҳор қилиш ўрни-ку! Шунинг учун ҳам айрим уламолар мавлид ўқилганда ҳар ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўз олдига келтириб туришга ҳаракат қилиши кераклигини айтганлар. Фараз қилайлик, агар бизнинг ушбу жанжалимиз устига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб қолсалар, нима аҳволга тушамиз? Ҳар қалай, у зот бизнинг бу ҳолимиздан мамнун бўлмасликлари аниқ. У зот бундан қиёслаб бўлмайдиган даражада катта, муҳим масалалардаги ихтилофни ҳам кескин қоралаганлари ва ўрнида тўхтатганлари маълум ва машҳур. Ўзи биз нимани тортишяпмиз? Кўтарган масаламиз бир-биримизга нисбатан заррача адоват қилишимизга арзийдими ўзи? Биз бу баҳсда холис Аллоҳнинг розилигини истаяпмизми ёки бошқа бир хаёл кўнглимизнинг тинчини бузяптими? Бу саволларни ҳар биримиз аввало ўзимизга беришимиз ва уларга холис жавоб топишимиз керак. Ана шунда, иншоаллоҳ, амаларимизнинг холис ва манфаатли бўлишига эриша оламиз.
Тўғри, қайси биримиздир: «Биз устозлардан маҳалли қиёмда «Толаъал»ни ўқишни ўрганганмиз, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтилган илк наът шу шеър бўлган экан. Буни бирор шоир ёзмаган, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларида ансорлар ҳеч бир тайёргарликсиз, бирданига ўша шеърни айтишган экан. Уларнинг қалбларига ва тилларига бу сўзларни Аллоҳ таолонинг Ўзи жорий қилган экан. Шунинг учун бу ўринда ушбу шеърни ўқиш афзал», дейиши мумкин. Иккинчимиз эса: «Шу мавлиднинг муаллифи, имом Барзанжийнинг ўзи маҳалли қиём учун «Ва муҳаййан»ни танлаган. У кишининг асарларини ўқишда ўша шеърни ўқиш одоб, бошқаси одобдан эмас», деймиз. Учинчимиз эса бу ўринда арабча ёки туркча «Марҳабо»ни ўқишни истайди. Марҳамат, ҳар ким истаган наътини ўқийверсин. Бир хил қолипга тушиб олмай, бир гал униси, бир гал буниси ўқилса, яна ҳам яхши бўлади. Бу ҳар кимнинг урфига, завқига боғлиқ нарса, унга диний тус бериш, уни мунозара омили қилишга ҳеч бир шаръий туртки йўқ. Фақат биров бошқани ўз раъйига мажбурламаслиги, ўзиникини ҳақ, бошқасини ботил деб уқтирмаслиги керак. Шариъатда қатъий ҳаром саналган ихтилофга сабаб бўлмаслик лозим. Агар бир мажлисда маҳалли қиёмда нима ўқиш ҳақида турлича фикрдаги кишилар йиғилган бўлсалар, марҳамат, ҳаммалари ўзлари айтмоқчи бўлган шеърларни навбат билан ўқийверсинлар, ҳеч қандай шаръий монеълик йўқ, бўлиши мумкин ҳам эмас. Ана шундай бирга бўлиб қолинганда, агар бир-биримизнинг фикримизни ҳурмат қилиб, бир-бирларимизга йўл берсак, қарши тарафнинг ҳурмати учун ўзимиз истаган шеърни қўйиб, улар танлаганини ўқисак, нақадар гўзал одоб бўлади! Ҳаммага ибрат бўлади, суннатга мувофиқ бўлади, Аллоҳ ва Расули рози бўладиган иш бўлади, ўзаро муҳаббатимизга боис бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Мўмин бўлмагунингизча жаннатга кира олмассиз. Ўзаро муҳаббатли бўлмагунингизча мўмин бўла олмассиз». Яна бир ҳадисларида айтадилар: «Бир-бирингизни титкиламанглар! Бир бирингизга жосуслик қилманглар! Бир бирингизга ҳасад қилманглар! Бир бирингизга қарши тадбир юргизманглар! Бир бирингизга буғзу адоват қилманглар! Аллоҳнинг оға ини бандалари бўлинглар!»
Биз мавлидни нима учун ўқияпмиз ўзи? У зотнинг суннатларини ўрганиш, насиҳатларини етказиш учун эмасми? У зотнинг ҳадисларини ҳаётга татбиқ этиш учун, уларнинг нурини қалбларга таратиш учун эмасми? Ҳаммамиз бир бўлиб, биргаликда у зотга умматлик ҳиссини намойиш этиш учун эмасми? Бир жойга тўпланиб, биргаликда у зотга муҳаббат изҳор этиш учун эмасми? Аслида мавлид маросими мусулмонларни бир бирларига таништириш, уларнинг ўзаро алоқаларини, муҳаббатларини мустаҳкамлаш учун уюштирилмайдими? Бир биримиздан хабар олиб, ўзаро ёрдамлашиб, кўмаклашишга ку ярамай қолдик. Ҳеч бўлмаса мана шундай мунобасабатлар баҳонасида бир биримизга бағримизни очсак бўлмайдими?

Маҳалли қиём ҳақидагани баҳсимизни қуйдаги тавсиялар билан якунласак:
1. Маҳалли қиёмнинг ўз баҳосини, мақомини бериш лозим. Модомики бирор нарсага шаръий ҳукм берилар экан, у ҳақда шариат номидан гапирилар экан, шариатнинг таърифини илмий асосда, холис айтиш керак, ҳар ким уни ўз хоҳишига тортишга, ўзи тушунгандек таърифлашга ўтмаслиги керак. Бунга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ким шундай қилса, шариатга туҳмат қилган бўлади. Маҳалли қиёмни ўзимизга ёққани учун кўкларга кўтариб, вожиб даражасига олиб чиқишимиз ҳам, ёқмай қолса, уни қоралаб, бу ишни муҳаббат билан қилиб ўтган қанчадан қанча уламоларни аҳмоққа, бидъатчига чиқаришимиз ҳам тамоман хато, дуруст эмас.
2. Ўтган уламоларимизнинг шаънларида яхши гумонда бўлишимиз, ҳолларини тушунишга ҳаракат қилишимиз, уларнинг ҳақларида сўз айтишдан олдин одбон ўйлаб олишимиз даркор. Афсуски, бугунги кунда ушбу тамойилга эътибор сусайиб кетмоқда. Ҳар ким кўнглига келган гапни ҳеч тўхтатмай айтаверади. Мисол учун, биз юқорида маҳалли қиём ҳақида қатор маълумотар билан танишиб ўтдик. Инсофи бор одам бу амалнинг беҳудадан беҳуда майдонга келмаганини тушуниб олди. Аммо бу ҳақда ҳали ҳеч нарса ўрганмай туриб, уни қоралайдиганлар ҳам бор, ҳатто ўзича мазах қиладиганлар ҳам бор.
Азизим! Сиз шахсан ўзингиз бу ҳақда нималарни биласиз, нималарни ўргангансиз? Қандай қилиб ҳали ўзингиз яхши тушунмаган нарса ҳақида тортишасиз? Сиз ўтган уламоларимиз ҳақида ҳукм чиқаришга шошилманг! Улардаги иштиёқ, шавқу завқ сизда йўқ, шунинг учун сиз уларни тушуна олмайсиз, ҳолларини ҳис эта олмайсиз. Сиз аввал Аллоҳдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўша зотлардек муҳаббатли бўлишни сўранг. Ўзингизда Аллоҳга ва Унинг Расулига улардек шавқ топинг. Улардек ҳаётдан комил иймон билан, саломат ўтишни ўйланг. Қўлингиздан келса, уларнинг ҳақларига истиғфор айтинг. Сиз учун зарури ҳам, фойдалиси ҳам шу.
Агар маҳалли қиёмда туришни истамасангиз, буни ножоиз деб билсангиз, ихтиёр ўзингизда. Марҳамат, турмай қўяверинг. Аммо кимдир буни жоиз деб айтган уламоларнинг фикрларига эргашиб, қалбида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шавқи жўш урганидан туриб, салавот айтмоқчи бўлса, унга халақит берманг, фитна қўзғаманг!
3. Маҳалли қиёмда туришни одамларнинг урфларига, завқларига қўйиб бериш керак. Бу борада ҳар жойдаги кишилар ўзларининг урфларидан, билимларидан келиб чиқиб йўл танлайверадилар. Мажлисдаги кишилар қайси фикрда бўлсалар, шунга кўра иш кўрилаверилади. Умуман олганда, маҳалли қиём замон ва маконга, мажлисга кўра ўзгариб туради. Бу ишни вазият кўтарганда, мажлис руҳи тақозо қилганда амалга ошириш муносибдир.
4. Маҳалли қиёмга туришни доимий одат қилиб олмаслик керак. Акс ҳолда, одамлар буни диний амал деб тушуниб қолишлари мумкин. Шунинг учун маҳалли қиёмда туришни одат қилиб олган кишилар ҳам гоҳида уни тарк этиб туришлари мақсадга мувофиқ.
5.    Маҳалли қиёмда нимани ўқиш, қайси шеърни айтиш ҳар кимнинг завқига ҳавола. Бу ҳақда ҳеч қандай қатъий кўрсатма йўқ ва бўлиши мумкин ҳам эмас.
6.    Бу масалада ҳам ихтилофнинг, фитнанинг олдини олиш лозим. Ҳар бир юрт аҳли ўз диёридаги кўпчилик уламоларнинг фикрларига эргашиши керак. Уламолар юртдаги вазиятдан келиб чиқиб, далиллар асосида маҳалли қиёмда туришни жорий қилишлари ҳам, қилмасликлари ҳам мумкин.

Аллоҳ таолодан аҳволимизни ислоҳ этишини, тўғри йўлга бошлашини сўраймиз.

 Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
1435 Рабиулаввал ойи
 
« Олдинги   Кейинги »