Шом қачон ўқилади? Принтер учун
17.12.2015 й.
Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳим

Бандаларини ибодат учун яратган ва уларга Ўз ибодати таълимини ваҳий қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Бандаларга Аллоҳга ибодат қилишни амалда кўрсатиб берган Муҳаммад Мустафога салавотлар бўлсин!

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, Юртимиз – биз яшаб турган минтақа ер юзининг энг мўътадил минтақаларидандир. Қишу ёзи, куну туни меъёрида. Бу, албатта, ибодатлари кун ва ойга боғлиқ бўлган бандалар, яъни сизу биз мусулмонлар учун энг қулай шароитдир. Маълумки, Исломнинг рукни бўлмиш намоз ибодати кунда беш маҳал фарз қилингандир. Ҳар бир намознинг муайян вақти бўлиб, бу вақтнинг кириш ва чиқиш пайтлари белгилаб қўйилган. Бинобарин, мазкур намоз вақтлари диёримизда Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси масъуллари томонидан ўрганилиб, кунлик намоз вақтлари кўрсатилган тақвимлар тақдим қилинган. Бироқ, баъзи намозларнинг вақти хусусида айрим кишиларда иккиланиш юз бермоқда.  Биз бу ўринда айнан шом вақти ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Кўпчиликдан эшитганимиз ва ўзимиз гувоҳи бўлганимиз бир гап шуки, айрим азизларимиз шомнинг тақвимда ёзилган вақтига қаноат ҳосил қилмайдилар. Улар осмонни бироз қоронғилик босмагунча шом вақти кирган деб билмайдилар. Ушбу ҳолат рўзани очишда яна ҳам кўпроқ кўзга ташланади. Бу эса мазкур азизларимизнинг ибодатга бўлган эҳтиёткорликлари, тақволаридан даракдир. Шу билан бирга, ҳар қандай амал шариат ҳукми билан белгиланиши лозимлиги ҳамма мусулмонлар иттифоқ қилган ҳақиқатдир. Бу ҳақиқатни амалда кўрсатишда тақводор кишилар барчадан олдинда турадилар. Зотан, тақво айнан шариатни ҳакам қилишдир. Шу боис ушбу масалага бироз ойдинлик киритиб қўйишни, шом намозининг вақтини шариатимиз, хусусан, ҳанафий мазҳабимиз асосида содда ва аниқ баён қилиб қўйишни лозим топдикки, ибодатларда шубҳа ёки халал бўлмасин.

Шом намозининг вақти қачон?

Шом намозининг вақти кун ботиши билан киришига уламолар жумҳури иттифоқ қилган. Юртимизда машҳур бўлган фиқҳий манба – «Мухтасар»да шундай дейилади:
«Асрнинг вақти ўшандан ботишгача, шомники эса бундан шафақ йўқолгунча».
Демак, асрнинг вақти пешин вақти чиққанидан бошлаб қуёш ботгунча, шомнинг вақти эса қуёш ботганидан шафақ ғойиб бўлгунча.
Шом намозининг «мағриб» деб аталиши ҳам айнан қуёш ботишидан – «ғуруб» сўзидан олинган. Шомнинг вақти қуёшнинг ботиши эканида ҳеч бир мазҳабда ихтилоф йўқ. Шунинг учун ҳам ҳанафий мазҳабининг мўътабар асарларида – «Ҳидоя», «Нуқоя», «Мухатасари Қудурий», Сарахсийнинг «Мабсут»и, «Муҳити Бурҳоний», «Фатовойи Ҳиндийя» ва бошқа барча манбаларда шомнинг вақти кун ботиши билан кириши таъкидланган.
Шу ўринда «кун ботиши» деганда қуёшнинг айнан қайси ҳолати назарда тутилганига ҳам алоҳида эътибор қаратиш керак. Ибн Манзур ўзининг «Лисанул-ъароб» асарида араб тилида «ғуруб» деганда нима тушунилишини шундай баён қилади:
«Кун ботиши – қуёшнинг ғойиб бўлишидир».
Кун ботиши осмондан ёруғликнинг мутлақ йўқолиши ёки осмоннинг қоронғилашиши эмас, балки қуёш гардишининг ердаги инсоннинг кўзидан ғойиб бўлишидир.
Мулла Алий Қорий раҳматуллоҳи алайҳ «Фатҳу баабил-ъинаайа» асарида «Мухтасар»нинг «ғуруб» (қуёш ботиши) калимасини: «Қуёшнинг буткул ғойиб бўлиши» деб изоҳлаган ва кетидан «Шомнинг вақти қуёш сарғайган пайти – ботиш олдидаги нурсизланганда, яъни қуёш доирасининг пастки қирғоғи ерга етганда бошланади», деган фикр олинмаслигини таъкидлаган. Бундан шом намозининг вақти қуёш доираси тўлалигича ғойиб бўлиши билан кириши тушунилади.
Имом Бурҳонуддин Марғилоний раҳматуллоҳи алайҳ «Ҳидоя»да шундай дейди:
«Шомнинг аввалги вақти қуёш ботгандадир. Унинг охирги вақти эса шафақ ғойиб бўлгунчадир».
Марғилоний раҳматуллоҳи алайҳ ушбу матннинг кетидан Имом Шофеъийнинг наздида шомнинг вақти шом ўқигунча муддат эканини айтар экан, у киши Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир кун намозларни кириш вақтида, иккинчи куни эса чиқиш вақтида ўқиб берганда шомни иккала кунда ҳам бир вақтда, яъни кун ботиши билан ўқиб берганини далил қилганларини айтади ва ортидан «У киши қилган ривоят макруҳликдан сақланиш юзасидан, дея йўйилади», дейди.
Ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳ ушбу матннинг шарҳида: «Шу боис биз шомни кечга суриш мутлақ макруҳдир», деймиз», деган.
Демак, шом намози қуёшнинг ер юзидан ғойиб бўлиши билан кирар экан.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Жомиъ»ида «Шомнинг вақти» деган алоҳида боб очиб, унда қуйидаги ҳадисларни келтиради:
«Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Шом намозини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у (қуёш) тўсиқ ортига яширинганда ўқир эдик», яъни қуёш ер билан тўсилган пайтда.
«Рофеъ ибн Хадиж розияллоҳу анҳу айтади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан шом намозини ўқир эканмиз, қайтаётганимизда камонининг ўқи тушадиган жойларни кўра олар эдик».
Ҳанафий уламоларнинг энг катта намояндаларидан бири Бадруддин Айний раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Саҳиҳи Бухорий»га ёзган шарҳи «Умдатул-қорий»да ушбу ҳадиснинг изоҳида шундай дейди:
«Мазкур ҳадис у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шомни кун ботиши билан ўқишларига, ўқиб бўлганларида теварак-атроф ҳали ёруғ бўладиган даражада басуръат ўқишларига далолат қилади. Жумҳурнинг мазҳаби шудир».
Кейин Айний раҳматуллоҳи алайҳ ҳадиснинг бошқа матнларини ҳам зикр қилади. Уларнинг орасида, жумладан, шундай матнлар келади:
«Кейин биз Бану Саламанинг уйларига киргунча ўқ отишардик. Ёруғ бўлгани учун ўқларнинг тушган жойларини кўрардик».
«Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан шомни ўқиб, кейин Мадинанинг чеккасидаги уйларига қайтишарди. Кейин ўқ отишса, ўқлари тушган жойларни кўра олишарди».
Айний раҳматуллоҳи алайҳ шом намози азбаройи ёруғ пайтда ўқилганидан ҳаттоки салафи солиҳлар даврида «солатул-басор» (кўрув намози) деб аталганини ҳам зикр қилади.
Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан шомни ўқиб бўлган саҳобалар шаҳарнинг чеккасидаги уйларига бориб, камон ва ўқларини олиб, ўқ отишар экан ва осмон ёруғлигидан ҳатто ўша узоқларга отилган ўқларнинг тушган ери ҳам аниқ қўриниб турар экан. Юқоридаги бир матнда «Бану Саламанинг уйлари» деб таъкидланиши ҳам бежиз эмас. Бану Саламанинг ери Масжиди Набавийдан тақрибан 2 километр узоқликда бўлган. Бу таъкид вақт тасаввури учундир, яъни шомнинг вақтини англаш учун шомни ўқиб, масжиддан чиқиб, 2 километр масофага пиёда юриб бориб, уйдан камон ва ўқни олиб чиқиб, кейин ўқ узганда ўқнинг тушган жойлари кўриниб турганини бир тасаввур қилишнинг ўзи кифоя.
Ҳанафий мазҳабидаги энг мўътабар манбалардан ҳисобланган «Ал-Жавҳаротун-наййироҳ» асарида Абу Бакр Забийдий: «Ботадиган нарсалар учтадир: қуёш ва икки шафақ», дейди, яъни «ғуруб» (ботиш) уч нарсада кўринади: қуёшнинг ботиши, қизил шафақнинг ботиши, оқ шафақнинг ботиши. Қуёшнинг йўқолиши билан шом киради, қизил шафақ йўқолиши билан хуфтоннинг биринчи вақти, оқ шафақ йўқолиши билан хуфтоннинг иккинчи вақти киради. Туннинг кириши айнан кун чиқишининг аксидир. Бомдод намози осмонда оқлик тарқалганда бошланиб, қуёш доираси ер ортидан кўрингунча давом этганидек, шомнинг вақти қуёшнинг доираси ғойиб бўлганидан уфқдаги оқ шафақ йўқолгунчадир.
Мулла Алий Қорий раҳматуллоҳи алайҳ «Мишкот»га ёзган шарҳи «Мирқот»да «Мавоқит» (Вақтлар) бобидаги ҳадиснинг «Шомнинг вақти шафақ ғойиб бўлгунчадир» деган жумласини изоҳлар экан, шундай дейди:
«У Имом Шофеъий, Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимнинг наздида қуёш ботганидан кейин бунинг кетидан келадиган қизилликдир. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг наздида қизилликдан кейинги оқликдир ва бу Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу, Ибн Абдулазиз ҳамда Авзоъий раҳматуллоҳи алайҳимодан ҳам ривоят қилинган. Бу эса шом вақтининг шафақ ғойиб бўлгунча давом этишига далолат қилади. Унинг (шафақнинг) бир қисми кетгани билан хуфтон вақти ҳали кирмайди. Худди қурснинг (қуёшнинг) бир қисми ботиши билан шом вақти кирмаганидек... Унинг вақти қуёш ботиши билан киришига иттифоқ қилинган... Бунинг шиаларга хилоф бўлиши инобатга олинмайди. «У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шомни юлдузлар гавжумлашганда ўқидилар», деган хабар ботилдир. Аксинча, саҳиҳ собит бўлганки, «Умматим шомни юлдузлар гавжумлашгунча кечиктирмас экан, фитратда бўладилар», деганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уни кечиктиришлари ҳақидаги саҳиҳ ҳадислар бунинг жоизлигини кўрсатиш учундир. Имом Термизий уламолардан уни аввалги вақтидан кечиктириш макруҳ эканини нақл қилган».
«Қурс» – қуёш кулчаси, қуёшнинг айланасидир. Демак, қуёшнинг доираси тўлиқ ботиши билан шом вақти киради. Шунингдек, шомни мана шу аввалги вақтида ўқиш лозимдир, уни кечга суриш жумҳур уламоларнинг наздида макруҳдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айрим ҳолларда шомни кечиктирганлари унинг чиқиш вақтини кўрсатиб бериш ва узрли ҳоллардаги рухсатни баён қилиш учун бўлган.

Эҳтиёт юзасидан шомни кечиктириб ўқиш жоизми?

Ҳа, аммо фақат булутли кунларда. Бу ҳақда «Мухтасар»да шундай дейилган: «Булутли кунда аср ва хуфтон тезлаштирилади, қолганлари кечиктирилади».
Мулла Алий Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бу сўзга: «... токи пешин ва шом вақтидан олдин бўлиб қолмасин», дея изоҳ беради. Аммо ҳозирги даврда соат бор. Булутли кунларда соатга қараб ўқилаверади.
Бироқ, бундан бошқа пайтларда шомни кечиктириш макруҳдир. Буни фуқаҳолар, хусусан, ҳанафий мазҳабимиз уламолари таъкидлаган.
«Ҳидоя»нинг намознинг мустаҳаб вақтларига доир фаслида шундай дейилади:
«Шомни тезлаштириш мустаҳабдир. Зеро, уни кечиктириш макруҳдир, чунки бунда яҳудийларга ўхшашлик бор. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматим шомни тезлаштириб, хуфтонни кечга сурар эканлар, яхшиликдадирлар», деганлар». Бир ривоятда «фитратда бўладилар» дейилган.
Демак, шомни кечиктиришда яҳудийларга ўхшаб қолиш борлиги учун бу иш макруҳдир.
«Фатовойи Ҳиндийя»нинг «Намоз китоби», биринчи боб, иккинчи фаслида шундай дейилади: «Барча вақтларда шомни дарҳол ўқиш маҳбуб саналади».
Ваҳба Зуҳайлий раҳматуллоҳи алайҳ «Ал-фиқҳул-исламиййу ва адиллатуҳу» асарида: «Шомни тезлаштириш мутлақ маҳбуб саналади. Азон билан иқоманинг ўртаси ҳам фақат уч оят миқдорича ёки бир енгил ўтириш билан ажратилади. Зотан, уни кечиктириш макруҳдир, чунки бунда яҳудийларга ўхшашлик бор», деган.
«Бадаиъус-сонааиъ» китобида Косоний раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейди:
«Шомга келсак, қишин-ёзин уни тезлатиш маҳбуб саналмишдир. Уни юлдузлар гавжумлашгунча кечиктириш макруҳдир. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Умматим шомни тезлаштириб, хуфтонни кечга сурар эканлар, яхшиликдадирлар», деганлари ривоят қилинмишдир. Шу билан бирга, тезлатиш жамоатнинг кўпайишига, кечиктириш эса камайишига сабаб бўлади. Чунки одамлар кечкиликка ва дам олишга киришиб кетадилар. Бинобарин, тезлатиш афзалдир. Шунингдек, бу яхшиликка шошилиш жумласидандир, демак, шу авлодир».
Зафар Аҳмад Усмоний ўзининг ҳанафий мазҳабининг далилларига бағишланган «Иълааус-сунан» асарида «Шомни тезлаштириш» бобида қуйидаги ҳадисларни келтиради:
«Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан, у Ҳаммоддан, у Иброҳимдан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бирор нарсада бомдодни ёруғда ўқиш ва шомни тезлатишдагидек жамланмаганлар».
Демак, буюк тобеин Иброҳим Нахаъий раҳматуллоҳи алайҳ саҳобаи киромларнинг шомни энг аввалги вақтида ўқиш лозимлигига иттифоқ бўлганларини, бу ишда бошқа масалаларда учрамайдиган даражада якдил ижмоъ қилганларини таъкидлаганлар. Бу ривоятни айнан мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ўз «Муснад»ларида ривоят қилган эканлар.
Сунобиҳийдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики умматим яҳудийларга ўхшаб шомни юлдузлар гавжумлашгунча кутмас, насронийларга ўхшаб бомдодни кечиктирмас экан, динидан асари сақланиб туради», дедилар».
Демак, агар мусулмонлар яҳудийларга ўхшаб шомни кечиктириб, насронийлар сингари бомдодни кун чиқай дегунча кечга суриб ўқийдиган бўлиб қолса, динидан асар ҳам қолмагандек бўлади.
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ «Саҳиҳи Муслим»га ёзган шарҳида: «Шомни қуёш ботган заҳоти ўқишга ижмоъ қилинган. Бу тўғрида шиалардан бир нималар ҳикоя қилинган. Унга қаралмайди ва унинг таги йўқ», дейди.
Демак, шомни кечга суришда яҳудийларга ўхшаб қолиш билан бирга билиб­билмаган ҳолда шиаларга тақлид қилиб қўйиш ҳам бор экан.
Имом Сарахсий раҳматуллоҳи алайҳ мазҳаб имомларининг меросларини жамлаган китоби «Мабсут»да шундай дейди:
«Шом намозининг вақти бизнинг наздимизда қуёш ботганидан шафақ ғойиб бўлгунчадир. Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ, Жаброил алайҳиссаломнинг ҳадисига кўра, шомнинг вақти фақат бита – уни ўтагудек вақтдир, бинобарин, қуёш ботганидан кейин уч ракъат ўқигудек вақт ўтса, шомнинг вақти чиқади, дейди. Чунки у (Жаброил алайҳиссалом) шомни иккала кун ҳам бир вақтда ўқиган. Бизнинг далил эса Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шомнинг аввалги вақти қуёш ғойиб бўлган пайтдир, охири эса шафақ ғойиб бўлган пайтдир», деганлар. Жаброил алайҳиссаломнинг имом бўлгани ҳақидаги ҳадиснинг таъвилига келсак, у адонинг маҳбуб вақтини баён қилмоқчи бўлган. Шунга биноан, биз шомни қуёш ботганидан сўнг қуёшнинг ботганини аниқлаш миқдоридан бошқа кечиктиришни макруҳ деймиз. Буни Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилган. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматим шомни дарҳол ўқиб, хуфтонни кечга сурар эканлар, яхшиликдадирлар», деганлар. Ибн Умар розияллоҳу анҳу бир куни шомни юлдуз кўрингунча кечга суриб қўйганлар ва бунинг каффоратига бир қул озод қилганлар. Умар розияллоҳу анҳу эса шомни ўқимасларидан олдин иккита юлдузнинг чиққанини кўриб, иккита қул озод қилганлар. Бу эса кечиктиришнинг макруҳлигига далолат қилади. Аммо намозни топиш имкони шафақ ғойиб бўлгунча давом этади».
Умар розияллоҳу анҳу ва Ибн Умар розияллоҳу анҳу шомни бироз кечроққа қолиб ўқиганларининг каффоратига қул озод қилган эканлар. Демак, саҳобаи киромлар бу ишни шу даражада катта хато санаганларки, ҳатто каффоратига қул озод қилганлар. Бу ўринда шуни ҳам таъкидлаб қўйиш керакки, ривоятларда келган юлдузларнинг кўриниши ўша даврга хос бўлган, ерда ҳозиргидек сунъий ёритгичлар бўлмаган, очиқ жойларда кузатилган.
Булутли кунда шомни кечга суриш ҳам қуёш ботганига аниқ ишонч ҳосил қиладиган даражада бўлади. Ибн Моза раҳматуллоҳи алайҳ ўзинин машҳур «Муҳити Бурҳоний» асарида «Шомни қуёш ботганидан кейин кечга суриш макруҳдир», дейди ва булутли кундаги кечиктириш ҳақида: «Қуёшнинг ботганига ишонч ҳосил қилгунча миқдордир», деб айтади. Аммо қуёш ғойиб бўлганини билгандан кейин ҳам вақт ўтказиш васваса ҳисобланади ва жоиз бўлмайди.
Шунингдек, мазҳабимизда шомдан олдин нафл ўқиш макруҳлиги ҳам вақт жиҳатидан эмас, балки шомнинг кечикиб кетиши юзасидан экани эътиборга моликдир. «Ҳидоя»да: «Қуёш ботгандан кейин фарздан олдин нафл ўқилмайди, чунки бунда шомни кечиктириш бор», дейилган.
Демак, узрсиз равишда шомни икки ракъат намоз ўқигудек даражада кечиктириш ҳам кареҳ саналган. Шунинг учун Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ Зоҳирур-ривоя асарларидан бўлмиш «Асл»даги «Намоз вақтлари» бобида шундай дейди:
«Айтинг-чи, шом қачон?» дедим. «Қуёш ботган пайтдан шафақ ғойиб бўлгунча», деди. «Шафақ ғойиб бўлгунча кечиктиришни макруҳ санайсизми?» дедим. «Ҳа. Шафақ Абу Ҳанифанинг сўзларида уфққа ёйилган оқликдир, Абу Юсуф ва Муҳаммаднинг сўзида эса қизилликдир.... Айтинг-чи, шомни қуёш ботганидан кейин бироз кечиктирса бўладими?» дедим. «Қуёш ботган бўлса, кечиктиришни макруҳ санайман, қишда ҳам, ёзда ҳам», деди».
Маълумки, Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ ўз китобларида савол-жавоб услубини ишлатганлар. Бу ердаги савол ва жавобнинг эгаси ҳам ўзларидир. Демак, мазҳаб имомларининг наздида нафақат юлдузлар гавжумлашгунча, балки қуёш ботганидан кейин бироз кечиктириш ҳам макруҳдир.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир амалнинг, хусусан, ибодат масаласидаги ишларнинг меъёри шариат бўлиши керак. Бу борада тахмин, ваҳм ва васвасалар ўтмайди. Шомни кун ботганидан кейин 10-15 дақиқа кечиктириб ўқиётган намозхонларимиз «кун ботиши» деганда қуёш гардишининг ердан ғойиб бўлишини эмас, балки ёруғлиги ҳам кетишини тушуниб қолишган. Бу эса хатодир. Ушбу кечиктириш агарчи «эҳтиёткорлик» кўринса-да, аслида ваҳмдир. Агар шомни кечиктираётган ўша кишига қуёш ғойиб бўлганидан кейин, ҳали осмон ёруғ турган пайтда «Мен ҳали аср ўқимаган эдим, ҳозир ўқисам, вақтида ўқиган бўламанми? Адо деб ўқийверайми?» десангиз, «ҳа», дея олмайди. Чунки бу вақт асрнинг вақти эканига ўзи ҳам ишонмайди. Ҳолбуки, аср билан шомнинг орасида аросат вақт йўқ. Фатволардан маълумки, қуёш тўлиқ ботиб кетмагунча асрнинг бир қисмини ўқиб олган киши қолганини қуёш ботгандан кейин ўқиб тугатса ҳам, ўша куннинг асрига улгурган ҳисобланади. Бинобарин, айта оламизки, қуёш ботганидан кейин ҳам шомни кечга суриш ё одатда кеч ўқиб ўрганиб қолган одамнинг ўз кўникмасидан кеча олмаслигидан, ё васвасадан бўлади. Боз устига, айрим кишиларнинг, масжидларда шом ўз вақтидан олдин ўқиляпти, деган гумон асосида, унинг одатидек кечга сурилмаётганидан кўнгли тўлмай, шомни уйда ўқиётгани макруҳ устига тарки суннат ҳамдир. Ундан ҳам хатарлиси, айрим шомни кечиктирадиганлар жамоатнинг шомни ўқиб олишини кутиб турар, жамоат чиқиб кетгач, ўзлари кириб ўқишар экан. Бу ҳам етмагандек, бошқаларни ҳам шундай қилишга буюрар экан. Бу эҳтиёткорлик эмас, балки макруҳ, тарки суннат ҳамда тафриқани ўзига жамлаган хатарли ва энг ачинарлиси, васваса устига қурилган ишдир. Шу ўринда асосий жамоат ўқиб бўлганидан кейин масжидда иккинчи жамоат ташкил қилиш макруҳ эканини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Мазкур кишиларнинг масжиддаги жамоатнинг шомни тақвимда кўрсатилган вақтда ўқишидан кўнгли тўлмаслигига сабаб шуки, улар шом намозининг вақтини кеч тасаввур қилиб олиб, атроф қоронғилашмай туриб ўқиб қўйилса, намоз намоз бўлмайди, деган маънода эҳтиёткорлик қилмоқчи бўладилар. Ҳолбуки, тақвимда кўрсатилган қуёш ботиш вақти деярли тўғри. Тақвимга аниқлик киритиш мақсадида шахсан ўзим пойтахтнинг юқори тарафидан шаҳар ташқарисига чиқиб, қуёшнинг ботишини кузатдим. 2015 йил 14-декабр, тақвим бўйича, Рабиъул-аввал ойининг учинчи куни эди. Тақвимда бу куннинг шом вақти 16:56 кўрсатилган. Аммо қуёш 16:54 да ботиб бўлди. Демак, тақвимда шом вақти 2 дақиқа эҳтиёти билан кўрсатилган. Шунингдек, қуёшнинг ботиш вақти Тошкентдан бошқа шаҳарларда ҳам ишончли вакиллар воситасида кузатилди. Масалан, Андижонда қуёш Тошкент учун кўрсатилган вақтдан 12 дақиқа илгари ботиши анқиланди. Ҳолбуки, тақвимда фарқ 10 дақиқа деб белгиланган. Аслида бу фарқ тўғри кўрсатилган. Бироқ, қуёш Тошкентда тақвимда белгиланган вақтдан 2 дақиқа олдин ботгани учун фарқ 12 дақиқа бўлиб қолган. Бинобарин, Андижон учун кўрсталиган шом вақтининг ҳам 2 дақиқа захираси бор. Шу билан бирга, бошқа шаҳарлардаги кузатувлар натижаси тақвимдаги айрим шаҳарлар бўйича Тошкентга нисбатан кўрсатилган фарқлар юз фоиз дақиқ эмаслигини кўрсатди. Масалан, Нукусда қуёш ўша куни 17:34 да ботган. Ҳолбуки, тақвимда Нукус Тошкентдан 42 дақиқа кейин деб кўрсатилган. Унга кўра Нукусда шом вақти 17:38 да ботиши керак эди. Демак, у ерда қуёш тақвимда кўрсатилганидан 4 дақиқа олдин ботган. Бухородаги кузатувга кўра қуёш тақвимда кўрсатилган вақтдан 3 дақиқа кейин ботган.  Шаҳрисабз, Самарқанд, Сурхондарёнинг Узун тумани каби минтақаларда ҳам қуёш тақвимда кўрсатилган вақтдан 3-4 дақиқа кеч ботгани кузатилган. Шунинг учун диний идора томонидан қайтадан махсус ҳайъат тузилиб, бутун мамлакат бўйлаб намоз вақтларини бирма бир ўрганиб чиқиш лозим, деб ўйлаймиз. Бу кузатув йилнинг тўртала фаслида ҳам олиб борилиши керак. Субҳнинг киришидан тортиб, қуёш ботгандан кейинги оқ шафақ ботгунича бўлган барча намоз вақтлари аниқ, дақиқама дақиқа дақиқ кўрсатилиши матлубдир. Бинобарин, тавсия шуки, шомни кун ботмай туриб ўқиб олишдан қўрқиб юрган кишилар, тақвим вақтида иккилансалар, ибодатни шубҳа ва ваҳм асосида қилиб юрмай, марҳамат қилиб, бир кун ярим соат вақт ажратиб, қуёшнинг ботишини кузатсинлар. Агар қуёшнинг гардиши тақвимда кўрсатилган вақтда уфқ чизиғидан ғойиб бўлса, демак, тақвимдаги вақт тўғри кўрсатилган, деб хулоса қилишлари, ёки аксинча, агар тафовут бўлса, қанча тафовут борлигини аниқлаб олишлари мумкин. Бу масалада ҳам, бошқа диний масалаларда бўлганидек, диёр уламолари масъулдирлар.
Кун ботиш вақти масаласи ифтор пайтини белгилашда ҳам муҳимдир. Шомни кечиктирадиган кишилар одатда оғиз очишни ундан ҳам кечиктирадилар. Натижада оғиз очиб, сўнг шомни ўқишаркан, мутлақо макруҳ пайтда адо этадилар. Айниқса, бамайли хотир еб-ичиб, сўнг шомга турадиганлар шомнинг биринчи асл вақти чиқа ёзганда ўқишлари ҳам мумкин. Баъзилари «таъжилул-ифтор», яъни оғиз очишни тезлаштириш суннатини «шошиб ейиш» деб таъвил қилишгача борадилар. Бу эса ақлга ҳам, нақлга ҳам зиддир. Ўзини илмли санаган айрим кишиларнинг шом вақти билан ифтор вақтини ажратиш ҳақидаги баҳс ва мақолалари ҳам бор. Улар бунга Бақара сурасидаги «Кейин рўзани тунгача тугал қилинглар» оятини далил қилиб, «Шом намози қуёш ботиши билан ўқилади, аммо рўза қоронғи тушганда очилади», дейишади. Бу эса суннатга, салафи солиҳларнинг ижмоъсига, жумҳур уламоларнинг фатвосига зид бир қарашдир, холос. Ифторга шошилиш масаласи ҳам алоҳида бир мавзу.

Ушбу мўъжаз изланишдан қуйидаги хулосаларни олиш мумкин:

1.    Шомнинг вақти осмон қоронғилашиши билан эмас, қуёш гардишининг ер ортига ўтиб, кўринмай қолиши билан киради.
2.    Шомни фақат булутли кунлардагина кун ботгани аниқ бўлгунча кечиктириш мумкин. Аммо бу фатво соат ва тақвимлар мавжуд бўлган бугунги шароитга тегишли эмас.
3.    Шомни қуёш ботганидан кейин бироз кечга суриш ҳам макруҳ. Буни хусусан, ҳанафий мазҳаби имомлари таъкидлаганлар.
4.    Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан чиқарилган тақвимлардан қаноат ҳосил қилмаган кишилар намоз вақтини бевосита кузатишлари ва ибодатларида аниқлик киритиб олишлари керак бўлади. Турли электрон жиҳозлар учун чиқарилган дастурларга келсак, улар ҳам шу асосда текширилиши мумкин.
5.    Рўза шом вақти кириши билан очилади.
6.    Ибодатда ваҳмга асосланиб бўлмайди.
7.    Халқнинг ибодат масалаларини баён қилиб бериш илм аҳлининг ҳаққи ва бурчидир.
Аллоҳ таоло барча мусулмонларнинг ибодатларини қабул айласин, камчиликларини Ўзи кечирсин ва мукаммал ибодат қилишга муваффақ қилсин!

Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид 

 
« Олдинги   Кейинги »