Шориънинг сўзи ва шариатнинг истилоҳи Принтер учун
14.12.2015 й.
Ушбу мақоланинг ёзилганига анча бўлганди. Буюк устозим Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг вафотларидан сал олдин ёзилган ва у кишининг тасдиқларидан ўтган эди. Устознинг назарлари тушган сўнгги мақолам. Аллоҳ таоло у кишини Ўз раҳматига олсин, бизларга берган илму иршодлари кўпчилик учун манфаатли бўлсин! Мақолани ўқиганлардан у кишининг ҳақларига яна бир бор дуо қилиб қўйишларини умид қилиб қоламан.

 Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид

Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳим

Ўзининг ваҳийси орқали башариятни илму ирфонга ошно қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Ўзининг фасоҳатли сўзлари билан инсониятни жаҳолат уйқусидан уйғотган Муҳаммад Мустафога салоту саломлар бўлсин!
Пешволарининг ҳар бир сўз ва амалини диққат билан ёд олиб, кейинги авлодларга омонат сифатида етказган саҳобаи киромларга Аллоҳнинг розилиги бўлсин!
Ҳозирги кунда Аллоҳ таолонинг инояти билан она тилимиз – ўзбек тилида исломий илмларни ўрганишга кенг имкониятлар очилди. Ўзбекзабон ўқувчиларга Қуръони Карим маънолари, ҳадиси шарифларнинг таржималари, шарҳу изоҳлари ўз она тилларида тақдим қилина бошлади. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, илгари бир неча йиллик мутолаа билан етишиладиган катта-катта арабча асарлар илм аҳли тарафидан таржима қилиниб, оддий ўзбек ўқувчисига тақдим қилинмоқда. Бу асарлар орасида кичик рисолалардан тортиб, бир неча жилдлик китобларгача бор. Бундан ташқари, исломий мактаб ва мадрасаларда таҳсил олиб, мулло бўлиб, жойлардаги масжидларда имом-хатиб ёки ноиблик фаолиятида иш юритаётган, турли маъракаларда ваъз-иршодлар қилаётган аҳли илмларимизнинг сони ҳам кун сайин ортиб бормоқда. Бу жуда қувонарли ҳол. Аммо баъзан сон ортган сари сифат пастлаши бу борада ҳам кўзга ташлана бошлади. Ушбу мақола сон ортган сари сифат ҳам ортсин, деган яхши ниятда ёзилди.
Мазкур диний адабиётлар орқали халқимизга диний тушунчалар ҳам кенг миқёсда етиб бормоқда. Кишиларга исломий илмлар етказиб борилар экан, шаръий манбалардаги сўзларни тўғри етказиш, муносиб таржима қилиш лозим бўлади. Юртимизда нашр қилинаётган асарлар ва тақдим қилинаётган маърузаларни кузатар эканмиз, бу борада бир мунча камчиликларга кўзимиз тушади. Агар ушбу муаммони атрофлича таҳлил қилиб, унга кенг ва аниқ ечим тақдим қилмоқчи бўлсак, анчагина иш бор.
Бироқ биз бу мақола орқали мазкур муаммонинг бир жиҳатини ёритмоқчимиз. Мақола «Шориънинг ва шариъатнинг тили» деб аталган. «Шориъ» шариат эгаси демакдир. «Шариат эгаси» деганда шариатни нозил қилган Аллоҳ таоло ёки уни татбиқ қилиб кўрсатган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёхуд ҳар икки маъно – Аллоҳу Расул тушунилади. «Тил» деганда сўз истиеъмоли назарда тутилган. Бинобарин, айтиш мумкинки, мақола Шориънинг гапларида келган сўзларни шариат илмларидаги атамалар билан қориштирмасликка чақириқдир. Бинобарин, баҳсимиз соҳа мутахассисларига қаратилган. Биз бу мавзуда айрим мисоллар келтириш билан кифояланамиз.

1. Суннат.
Қуръони Каримда, ҳадиси шарифларда ҳамда саҳобаи киромларнинг сўзларида келган «суннат» сўзи ижобий ёки салбий маънодаги йўл-йўриқ, йўсин, тариқа, одат каби маъноларда ишлатилган. Масалан, Мунзир ибн Жарир отасидан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عَنِ الْمُنْذِرِ بْنِ جَرِيرٍ ، عَنْ أَبِيهِ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَليْهِ وسَلَّمَ : مَنْ سَنَّ سُنَّةً حَسَنَةً فَعُمِلَ بِهَا ، كَانَ لَهُ أَجْرُهَا وَمِثْلُ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا ، لاَ يَنْقُصُ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْئًا ، وَمَنْ سَنَّ سُنَّةً سَيِّئَةً فَعُمِلَ بِهَا ، كَانَ عَلَيْهِ وِزْرُهَا وَوِزْرُ مَنْ عَمِلَ بِهَا ، لاَ يَنْقُصُ مِنْ أَوْزَارِهِمْ شَيْئًا.
«Ким бир яхши одатни йўлга қўйса ва унга амал қилинса, унга ўшанинг ажри ва унга амал қилганларга бўлганча ажр бўлади, уларнинг ажрларидан ҳеч нарса камаймайди. Ким бир ёмон одатни йўлга қўйса ва унга амал қилинса, унга ўшанинг гуноҳи ва унга амал қилганларнинг гуноҳи бўлади, уларнинг гуноҳидан ҳеч нима камаймайди».
(Ибн Можа ривояти)
Биз «одат» деб таржима қилган сўз матнда «суннат»дир. Демак, бу сўз луғатда ижобий ёки салбий маънодаги тутум, йўлни билдиради.
Кейинчалик исломий илмлар турли соҳаларга бўлиниб, алоҳида-алоҳида илмларга тақсимлана боргач, ҳар бир илм эгалари ўз мавзулари ва тадқиқотларидан келиб чиқиб, «суннат» сўзини муайян истилоҳда ишлата бошлаганлар. Масалан, ҳадис уламолари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни уммат учун етакчи, ўрнак сифатида ўрганар эканлар, у зотга алоқадор барча нарсани – ахлоқ-одоб, сўз-амал, иш-ҳаракат, буйруғу қайтариқ, кўринишу юриш-туриш – барча-барча хабарларни «суннат» деб атаганлар. Уларнинг таърифига кўра, суннат деганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан хабар қилинган, у зот пайғамбар бўлишларидан олдинги ва кейинги сўз, иш-ҳаракат, тақрир, халқий ва хулқий сифатлар ҳамда феъл-атворлари тушунилади.
Усули фиқҳ уламолари эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мужтаҳидларга шариат қонунларини белгилаб берувчи ва улардан ҳукмлар олиш қоидаларини кўрсатиб берувчи зот деб қараганлар. Шунинг учун уларнинг таърифига кўра, суннат деганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган, шаръий ҳукмга далил бўладиган сўз, иш-ҳаракат ва тақрирлар назарда тутилади.
Фақиҳлар эса бандаларнинг зоҳирий амалларига нисбатан шаръий ҳукмни, яъни қайсидир амалнинг қатъий ёки ноқатъий талаб қилинган ёхуд қатъий ёки ноқатъий қайтарилган амал эканини ўрганар эканлар, «суннат» сўзи уларнинг истилоҳида фарз ва вожибдан кейинги ўринда турадиган, ноқатъий талаб қилинган савобли ишни билдиради. Халқ орасида «суннат» деганда асосан мана шу таъриф тушуниладиган бўлиб қолган.
Шунингдек, уламоларнинг тилида «суннат» деганда «бидъат» сўзининг зидди ҳам назарда тутилади. Масалан, «фалон иш суннатга хилоф» дегани бидъат демакдир. «Фалончи суннатдан чиқди» деганда унинг бидъатчига айлангани тушунилади.
Аммо ҳадиси шарифларда келган «суннат» сўзини бошқа илмларга хос истилоҳий суннат билан, хусусан, фиқҳий истилоҳдаги суннат билан аралаштирмаслик керак. Чунки бу илмлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳоблар даврида шаклланмаган бўлган. Истилоҳлар мазкур илмлар шаклланган кейинги даврларда ишлаб чиқилган. «Суннат» сўзи Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда ўша давр араб тилидаги содда маънода, яъни юқорида айтилгандек, йўл, одат, тутум маъносида ишлатилган. Мисол тариқасида айрим оятлар ва баъзи машҳур ҳадисларни келтирамиз.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида маҳрам-номаҳрамлар ҳақидаги ҳукмларни, никоҳга оид масалаларни баён қила туриб, сўнгида шундай дейди:
«Аллоҳ сизларга баён қилиб беришни, сизни сизлардан олдингиларнинг суннатларига ҳидоят қилишни ва тавбаларингизни қабул этишни ирода қиладир. Аллоҳ ўта билувчидир, ўта ҳикматлидир». (Нисо сураси, 26-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло олдинги умматларнинг тутумлари, йўл-йўриқларини «суннат» деб атаган. Уларнинг ўша суннатларини Муҳаммад солллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига ҳам раво кўрганини баён қилган. Чунки ўша суннатларни уларга Аллоҳ таолонинг Ўзи амр қилган, жорий қилган.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Ўзининг бандаларда жорий қилган одатларини ҳам «суннат» деб атаган. Масалан, ҳақни инкор қилган, пайғамбарларни ёлғончига чиқарган нобакор қавмларни ҳалок қилиши, Ўзининг дўстларига нусрат ва ёрдам бериши ҳақида сўз борган оятларнинг ниҳоясида Аллоҳ таоло шундай дейди:
«Аллоҳнинг аввалдан келаётган суннатидир. Аллоҳнинг суннатига асло табдил топа олмассан». (Фатҳ сураси, 23-оят).
Яъни Аллоҳ таолонинг борлиқда жорий қилиб қўйган қоидалари, одатлари бор. Уларни ўзгартира олмассан.
Имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Уч киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраш учун у зотнинг завжаларининг уйларига келишди. Уларга айтиб берилган эди, буни оз санагандай бўлиб, «Биз қаёқда-ю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар?! У зотнинг олдингию кейинги гуноҳлари мағфират қилинган бўлса», дейишди. Улардан бири: «Мен умрбод туни билан намоз ўқиб чиқаман», деди. Бошқаси эса: «Мен бир умр рўза тутаман, оғиз очиқ юрмайман», деди. Яна бошқаси: «Мен аёллардан четда бўламан, умрбод уйланмайман», деди.
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар ва шундай дедилар: «Шундай-шундай деганлар сизларми?! Ҳой! Аллоҳга қасамки, мен сизларнинг Аллоҳдан энг қўрқадиганингизман, Унга энг тақво қиладиганингизман, лекин мен рўза ҳам тутаман, оғиз очиқ ҳам юраман, намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга уйланаман ҳам. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас!»
Имом Ибн Можа Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Никоҳ менинг суннатимдандир, ким менинг суннатимдан воз кечса, мендан эмасдир», деганлар.
Кўпчилик кишилар ушбу ҳадислардан уйланиш суннат деган фикрга келиб қолган. Иккинчи, учинчи хотинга уйланишни суннат деб тушунадиганлар ҳам бор. Бунда улар фарз, вожибдан кейинги ўринда турадиган, муаккада ва мустаҳаббага бўлинадиган «суннат»ни, яъни фиқҳий истилоҳдаги суннатни тушунадилар. Аслида эса ундай эмас.
Имом Табароний Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Умматим фасодга учраган пайтда суннатимни тутган кишига шаҳиднинг ажри бор».
Имом Абу Довуд, имом Термизий ва бошқалар Ирбос ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар менинг суннатим ва мендан кейинги тўғри йўлдаги ҳидоятли халифаларимнинг суннатини лозим тутинг», деганлар.
Ушбу ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «суннат» сўзини ўз замонларидаги араб халқининг тушунчасида айтганлар, саҳобаи киромлар ҳам шундай тушунганлар. Унга кўра, «суннат» ақидаю ибодатларни, тушунчалару дунёқарашни, ахлоқу одобни, руҳий покланишу қалб тарбиясини, фиқҳий истилоҳдаги фарзу вожиб, муаккадаю мустаҳабба суннатларни, амаллардаги йўл-йўсин – барча-барчасини ўз ичига олади. Шунинг учун «никоҳ менинг суннатимдир» деган гапни «никоҳли ҳаёт кечириш менинг тутумимдир, йўсинимдир» деб тушуниш керак. «Ким менинг суннатимдан воз кечса»  деганларини «ким менинг йўлимни, йўриғимни тарк этса» деб англаш лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тутумларини, йўриқларини тутиш уммат учун вожибдир. Фиқҳий истилоҳ билан қараганда эса, никоҳланиш кимгадир фарз, кимгадир суннат, кимгадир макруҳ бўлиши мумкин.
«Умматим фасодга учраган пайтда менинг суннатимни тутган кишига шаҳиднинг ажри бор» деганларида «умматим менинг йўл-йўриғимни тутмай қўйган пайтда менинг тутумимни ушлаган, яъни ақийдаси ҳам, амаллари ҳам, одоб-ахлоқи ҳам мен кўрсатгандек бўлган кишига шаҳиднинг ажри бор», деган маъно тушунилиши керак. Бу ҳадиси шарифдан фиқҳий истилоҳдаги битта суннатни бажарган киши шаҳиднинг савобини олади, деб уқмаслик лозим.
Шунингдек, ҳамманинг тилида айланиб юрадиган «Аҳли Сунна» истилоҳининг ақийда масаласи асосида вужудга келгани ҳам сўзимизнинг далилидир. Зеро, ақийда – иймондир. У мусулмон бўлиш ёки мусулмонликдан чиқиш масаласидир. У пойчани калта қилиш ёки бомдоддан олдин икки ракъат нафл намоз ўқиш каби фаръий масала эмас. Турли ботил эътиқодлар, бузуқ ақийдалар кўпайган бир пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар тутган иймон ва ақидани маҳкам ушлаганлар «Аҳли Сунна» деб аталганлар.
Хулоса шуки, ояти карималарда, ҳадиси шарифларда, саҳобаи киромларнинг сўзларида келган «суннат» сўзини фиқҳий истилоҳ ёки бошқа атамага чеклаб қўймаслик керак. Оммага бир нарсани «суннат» деб айтишда лозим ўринда унинг қай маънода суннат эканини тушунтириб қўйиш керак.
Масалан, имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ буюк тобеин имом Зуҳрийдан ривоят қилган асарда у киши: «Аҳли илм кишиларнинг «Суннатни маҳкам тутиш нажотдир», деганларини эшитганман», деганлар. Бу гапни ҳар бир ишда, ҳар бир ҳаракатда, ҳар бир тушунчада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш нажотдир, деб тушунмоқ керак бўлади.

2. Насиҳат.
«Насиҳат» сўзи луғатда холислик, самимийлик, хайрихоҳлик, софлик, садоқат маъноларини билдиради. У «ғишшун» сўзининг, яъни қилвирлик, хиёнат, алдов, носамимийликнинг аксидир. Киши бировга чин дилдан яхшилик истагани учун панд, ўгит қилади. Шунинг учун «насиҳат» сўзи кейинчалик панд, ўгит, ваъз маъносида ишлатиладиган бўлиб қолган. Масалан, Саййид Журжоний ўзининг «Таърифот»ида «насиҳат» сўзини шундай изоҳлаган:
«Насиҳат – замирида солиҳлик бўлган нарсага чақириш ва замирида фасод бўлган нарсадан қайтаришдир».
Аммо бу таъриф кейинги давр истеъмолидаги насиҳатга берилган. Журжонийнинг ушбу таърифдан олдинги «нусҳ» сўзига берган таърифи араб тилидаги «насиҳат» сўзининг асл маъносига тўғрироқ келади. У киши шундай дейди: «Нусҳ – амални фасод кирликларидан холи қилишдир».
Бироқ кейинчалик вақт ўтиши билан «насиҳат» сўзининг араб тилидаги асл маъноси унутилиб, кишиларнинг онггига унинг кейинги маънолари сингиб қолган. Шунинг учун кўпчилик Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда келган «насиҳат», «нусҳ» сўзларини ўгит маъносида «насиҳат» деб таржима қилишга ўтиб кетган. Натижада ояту ҳадисни ўша тушунча асосида шарҳу изоҳ қилишга мажбур бўлинган. Пировардида ояту ҳадисда кўзланган маъно чиқмаган, асл мақсад йўқолган. Масалан, қуйидаги ҳадисни олайлик:
عَنْ تَمِيمٍ الدَّارِيِّ: أَنَّ النَّبِيَّ r قَالَ: «الدِّينُ النَّصِيحَةُ»، قُلْنَا: لِمَنْ؟ قَالَ: «لِلَّهِ وَلِكِتَابِهِ وَلِرَسُولِهِ وَلِأَئِمَّةِ الْمُسْلِمِينَ وَعَامَّتِهِمْ».
Тамийм Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дин самимиятдир», дедилар. «Кимга?» дедик. «Аллоҳга, Унинг Китобига, Расулига, мусулмонларнинг пешволари ва уларнинг ҳаммасига», дедилар». (Имом Муслим ривояти).
Ҳадиси шарифдаги «самимият» деб таржима қилинган сўз асл матнда «насиҳат» деб келган, яъни «Дин насиҳатдир», дейилган. Ушбу ҳадиси шарифнинг таржима ва шарҳларига қарасак, ундаги «насиҳат» сўзи асосан панд, ўгит маъносида тушунилганини кўрамиз. Ҳатто кейинги даврдаги араб олимлари ҳам ҳадисдаги «насиҳат» сўзини шарҳ қилишда ваъзу иршод маъносига оғиб кетганларини кузатиш мумкин. Улар «насиҳат» сўзининг асл маъносини йўқотгач, уни ўз тушунчалари бўйича изоҳлашга киришишган, унинг асл мазмунига ета олмай, чек-чегарасиз гапларни айтишган.
Бу ҳадисдаги «насиҳат» сўзи араб тилида «насоҳа-йансоҳу» феълининг масдари бўлиб, юқорида айтилганидек, софлик, самимийлик, содиқлик, сидқидилликни билдиради. Бу феълнинг «насҳан», «нусҳан», «насоҳатан», «нисоҳатан», «насоҳиятан», «нусуҳан» каби бошқа масдарлари ҳам бор.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Шеърият арабларнинг девонидир. Аллоҳ арабларнинг тилида нозил қилган Қуръондан бирор калима бизга маълум бўлмай қолса, уларнинг девонига мурожаат қиламиз, унинг билимини ўшандан қидирамиз», деганлар. «Қуръон таржимони» лақабини олган муфассирлар имоми Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ушбу гапларига биноан биз «насиҳат» сўзини арабларнинг шеърларидан қидирсак, унинг асл маъносини тушуниб олишимиз осон бўлади.
Араб шоирларининг энг юқори табақасидан ҳисобланган Нобиға Забёний ўзининг бир шеърида шундай дейди:
نَصَحْتُ بني عَوْفٍ فلم يَتَقَبَّلوا
رَسُولي ولم تَنْجَحْ لديهم وَسائِلي
Бану Авфга хайрихоҳлик қилдим, аммо улар менинг элчимни қабул қилишмади
ва уларнинг олдида менинг василаларим муваффақият қозонмади.

Бу шеърдаги «насиҳат» сўзига Бану Авфга ваъзу иршод қилиш маъноси тушмайди, балки хайрихоҳлик, самимийлик тўғри келади.
Ибн Манзур «Лисанул-ароб» асарида ушбу байтнинг кетидан қуйидаги мисраларни мисол қилиб келтиради ва юқоридаги фикрни қувватлайди:
أَلا رُبَّ من تَغْتَشُّه لك ناصِحٌ
 ومُنْتَصِحٍ بادٍ عليك غَوائِلُه
Сен ғаддор санаган айримлар борки, сенга хайрихоҳдир,
Сен хайрихоҳ санаган айримлар борки, фалокатлари устингда намоён.

Ушбу байтда «насиҳатун» ўзаги «ғишшун» ўзагига муқобил, яъни антоним сифатида қўйилган.
Ибн Манзур «насоҳа» сўзини соф бўлиш деб изоҳлар экан, «соф асал носиҳ асалдир», дейди, «нусҳ» сўзи эса «ғишш»нинг зидди эканини таъкидлайди. Шунингдек, «ғишшун» моддасига келганда «Ғишш – нусҳнинг зиддидир», дея таърифлайди. Сўнг Ибн Аъробийнинг шеъридан қуйидаги байтнинг иккинчи мисрасини мисол қилади:
قد كانَ في بئرِ بني نَصْرٍ مَخَشْ
ومَنهل تَروى به غيرُ غَشَشْ
Бану Наср қудуғида ҳаракат бор эди.
Чанқоқни қондирар лойқасиз булоқ.

Иккинчи мисрадаги «ғошаш» сўзи «ғишшун»дан олинган бўлиб, кудуратни, софликнинг тескарисини билдиради. «Ҳар бир нарса ўзининг зиддига қараб аниқланади», деган қоидага амал қилсак, «нусҳ» сўзини осонгина англаб оламиз.
Ибн Асир ўзининг «Ан-ниҳая фии ғорибил-асар» китобида «نصح» моддасида юқоридаги «Дин насиҳатдир» ҳадисини келтириб, шундай дейди:
«Умуман олганда, «насиҳат» сўзи насиҳат қилинаётган кишига яхшилик ирода килишни билдирадиган сўздир. Бу маънони шу сўздан бошқа бирор сўзнинг ёлғиз ўзи билан ифодалашнинг имкони йўқ. «Нусҳ» сўзининг маъноси асл луғатда «хулус»дир (холислик, софлик). ...Убайнинг ҳадисида шундай дейилган: «Набий солллаллоҳу алайҳи васалламдан насуҳ тавба ҳақида сўрадим. У зот: «Кетидан гуноҳ қайтарилмайдиган, холисидир», дедилар». Бинбарин, насуҳ тавба – холис, чин юракдан қилинган, самимий, содиқ тавбадир.
Демак, биз «дин насиҳатдир» деганда «дин панд-насиҳатдир, ўгитдир», деб эмас, балки «дин сидқидилликдир», «дин самимиятдир», «дин хайрихоҳликдир» деган маъноларни тушунишимиз керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзни табиатан, ўз тилларида айтганлар. Саҳобаи киромлар ҳам уни табиий, лисоний таъблари билан тушунишган. Шунинг учун «насиҳат нима?» дейишмаган, балки «кимга?» деб сўрашган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга, Унинг Китобига, Расулига, мусулмонларнинг пешволарига ва ҳаммаларига», деб жавоб берганлар, яъни Аллоҳга, Унинг Китобига, Расулига, мусулмонларнинг пешволари ва барчаларига самимий, хайрихоҳ бўлиш, деб айтганлар.
جَرِيرَ بْنَ عَبْدِ اللهِ يَقُولُ: بَايَعْتُ النَّبِيَّ r عَلَى النُّصْحِ لِكُلِّ مُسْلِمٍ
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади:
«Мен Набий солллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар бир мусулмонга хайрихоҳ бўлишга байъат қилдим».
Ҳадисдаги «насиҳат» калимасининг маънодоши бўлган «нусҳ» сўзи «насиҳат» деб таржима қилинса, ҳар бир мусулмонга панд- насиҳат қилиш ҳақида байъат қилиш тушуниб қолинади. Ҳар бир мусулмонга ўгит бериш имконсиз, бунинг шаръан вожиб қилиниши ҳам, бунинг учун байъат олиниши ҳам мумкин эмас. Балки ҳар бир мусулмонга самимий, хайрихоҳ бўлиш имконли ва матлубдир.
Қуръони Каримда «насиҳат» сўзи бир неча ўринда келади. Афсуски, кўпчилик бу сўзни Қуръони Каримда ҳам ҳадиси шарифдагидек тушунган. Мисол тариқасида қуйидаги оятларни келтиришимиз мумкин:
«Сизларга Роббимнинг рисолатларини етказаман ҳамда сизларга хайрихоҳлик қиламан...». (Аъроф сураси, 62-оят).
Бу сўзлар Нуҳ алайҳиссаломнинг тилларидан айтилган. Бу маъно суранинг давомида бошқа пайғамбарларнинг тилидан ҳам такрорланади:
Ҳуд алайҳиссалом айтадилар:
Сизларга Роббимнинг рисолатларини етказаман ва мен сизларга ишончли хайриҳоҳман». (Аъроф сураси, 68-оят).
Солиҳ алайҳиссалом шундай дейдилар:
«Эй қавмим, батаҳқиқ, сизга Роббимнинг рисолатини етказдим ва сизга хайрихоҳлик қилдим. Лекин сиз хайрихоҳларни суймайсиз». (Аъроф сураси, 79-оят)
Шуайб алайҳиссалом ҳам шундай дейдилар:
«Эй қавмим, батаҳқиқ, сизга Роббимнинг рисолатларини етказдим ва сизга хайрихоҳлик қилдим. Энди қандай қилиб кофир қавмга ачинай?!» (Аъроф сураси, 93-оят)
Биз «хайрихоҳлик» деб таржима қилган сўзни кўпчилик панд, ўгит маъносидаги «насиҳат» деб таржима қилади. Ҳолбуки, маъно ундай эмас. Зотан, пайғамбарларнинг уларнинг ваъзу иршодини қабул қилмаётган, панду ўгитдан тоқати тоқ бўлиб турган қавмга «мен сизларга насиҳатгўйман» дейиши мантиқан тўғри бўлмайди. Шунингдек, «амийн», яъни ишончлилик сифатига ёнма ён қўйишга воизлик ҳамоҳанг келмайди, балки хайрихоҳлик, самимийлик тўғри келади. Бу маънони янада аниқроқ тушуниш учун бу сўзнинг бошқа оятлардаги мисолларини кўриб чиқишнинг ўзи кифоя:
«Улар айтишди: «Эй отамиз, сенга нима бўлдики, Юсуфни бизга ишонмайсан? Ҳолбуки, биз унга хайрихоҳлармиз».
Яъқуб алайҳиссаломнинг ўғиллари у зотдан Юсуф алайҳиссаломни ўзлари билан бирга олиб кетиш учун изн сўрашганда шундай дейишган. Улар Юсуфга бўлган ҳасадлари, гиналари туфайли уни йўқ қилиб, қутулмоқчи бўлишади ва Юсуфни уларга ишонмаётган оталарига юқоридаги гапни айтишади. Табиийки, бу ўринда суюкли ўғлини уларга ишонмаётган отанинг шубҳаларини аритиш учун «Биз Юсуфга насиҳатгўймиз, ваъзу иршод қилмоқчимиз», дейишлари мантиқан асло тўғри келмайди. Балки, «биз унга самимиймиз, хайрихоҳмиз», дейишлари тўғри бўлади.
Иблис Одам ва Ҳавво алайҳимассаломни ман қилинган дарахтдан ейишга васваса қилар экан, улар унинг ростгўйлигига шубҳа қилишади ва ундан алдамаётгани, холислиги ҳақида қасам ичишини сўрашади. Шунда у бу ҳақда қасам ичади:
«Уларга: «Албатта, мен сизларга хайрихоҳларданман», деб қасам ичди».
(Аъроф сураси, 21 оят)
Ушбу оятда ҳам Иблиснинг Одам ва Ҳавво алайҳимассаломга ваъзу иршод қилиши, панду насиҳат қилаётганига қасам ичиши мантиққа мос тушмайди. Аксинча, у ўзининг уларга хайрихоҳлиги, холис, самимийлигига қасам ичиши тўғри бўлади.
Яна бир мисол. Мусо алайҳиссаломнинг онаси уни саватга солиб, сувга оқизиб юборгач, Фиръавннинг одамлари гўдакни тутиб олишади. Мусо алайҳиссаломнинг онаси катта қизини унинг ортидан бориб, кимнинг қўлига тушганини аниқлашга буюради. Мусо алайҳиссаломнинг опаси Фиръавн одамларининг олдига бориб, чақалоқ ҳеч бир аёлни эмишга унамаётганини кўради. У уларга энага тавсия қилади ва тавсия қилаётган оиласи гўдакни сидқидилдан парвариш қилишини таъкидлайди. Натижада Мусо алайҳиссалом ўз онасига қайтарилади. Ана ўша опанинг гапи Қосос сурасида шундай ҳикоя қилинади:
«(Опаси) «сизлар учун унга хайрихоҳ бўлиб, кафилликка оладиган бир хонадон аҳлини сизларга айтиб берайми?» деди». (Қосос сураси, 12-оят)
Бу оятда ҳам ишора қилинаётган оиланинг гўдакка насиҳатгўйлик қилиши ёки эмишга унамаётган чақалоқ учун панду насиҳат тавсия қилиниши мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Тавба сурасида Табук ғазотига бормай, сафарбарликдан қолган кишиларнинг мунофиқлик қилганлари ҳақида сўзлар экан, истисно тариқасида заифҳол кишиларнинг урушдан қолишларида гуноҳ йўқлигини таъкидлайди:
«Агар Аллоҳга ва Унинг Расулига самимий бўлсалар, заифларга, беморларга ва сарф-харажат қиладиган нарса топа олмаётганларга танглик йўқ».
Кўриниб турибдики, бу оятдаги «насоҳуу» сўзини насиҳат деб таржима қилиб бўлмайди, чунки ҳеч ким Аллоҳ таолога ёки Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васалламга ваъзу иршод, панду насиҳат қилиши мумкин эмас.
Хуллас, ояти карима ва ҳадиси шарифлардаги «насиҳат», «нусҳ» сўзлари хайрихоҳлик, самимийлик деб таржима қилиниши лозим.

3. Ҳарф.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бир ҳасана бор. Ҳасана ўзига ўн баравардир. Мен «алиф лам мим» битта ҳарф, демайман, балки «алиф» бир ҳарф, «лам» бир ҳарф, «мим» бир ҳарфдир». (Имом Термизий ривояти).
Кўпчилик ушбу ҳадисдаги «ҳарф» сўзини ёзувдаги ҳарф деб тушунади. Масалан, «басмала»да 19 та ҳарф бор. Бинобарин, «Бир марта «басмала»ни ўқиган кишига 190 та ҳасана бор», деб тушунади. Баъзилар ҳарфлардан ошиб, ҳаракатларни ҳам қўшади ва ҳасаналарни санай кетади. Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: «Ҳар бир ҳарфга бир ҳасана бўлса, ёзувдаги ҳарф ҳисобга олинадими, нутқдаги товушми? Чунки улар бир-биридан фарқли. Боз устига дастлаб Қуръони Карим ёзилганда ҳаракатлар бўлмаган. Ҳолбуки, улар ҳам бир товушдир». Жавоб шуки, Шориънинг, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларида «ҳарф» деганда калима тушунилган, чунки «ҳарф» сўзи ўша давр, ўша диёр тилида шундай ишлатилган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг биз юқорида келтирган сўзлари ҳам бунга далил бўлади. У кишининг «Шеърият арабларнинг девонидир. Аллоҳ арабларнинг тилида нозил қилган Қуръондан бирор калима бизга маълум бўлмай қолса, уларнинг девонига мурожаат қиламиз, унинг илмини ўшандан қидирамиз», деган гапларидаги «калима» деб таржима қилинган сўз матнда «ал-ҳарфу» деб келган, чунки «Қуръондан бирор товушни тушунмай қолсак, араб шеъриятига қараймиз» деб бўлмайди, балки «бирор сўзни» дейиш тўғри бўлади. Демак, ҳадиси шарифларда келган «ҳарф» сўзи нутқдаги бирор товушни ёки унинг ёзувдаги ифодаси бўлган муайян шаклни эмас, яхлит бир сўзни, бутун калимани билдиради. Оятлардаги калиманинг адади эса одатда нутқда ҳам, хатда ҳам бир хил бўлади. Юқоридаги ҳадиси шарифдан Қуръони Каримни ўқиган кишига ҳар бир калимаси учун ажр берилиши тушунилади.
Шунингдек, ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «алиф бир ҳарф, лам бир ҳарф, мим бир ҳарф», деганлар. Ҳолбуки, уларнинг ёзувдаги ҳарф маъносида бир ҳарфлиги маълум эди. Бу таъкидланадиган нукта эмас. Бу ерда улар ёзувда бир калима сифатида қўшиб ёзилгани учун хатга қараб учаласини бир калима деб ўйламасликни, балки талаффузда алиф бир сўз, лам бир сўз, мим бир сўз бўлгани учун уларнинг ҳар бирини бир ҳарф, яъни калима деб ҳисоблашни таъкидлаганлар.
Ибн Манзур «Лисанул ароб» китобида «ҳарф» моддасида «ҳарф» сўзининг маъноларини санаб келиб, «Калима ҳам ҳарф дейилади. «Араб тилида бундай ҳарф йўқ», деб айтилади», дейди. Бу эса араб тилида фалон калима йўқ, деганидир. Тўғри, «ҳарф» сўзи кейинроқ асосан нутқ товуши ва унинг ёзувдаги ифодаси бўлмиш махсус шаклга нисбатан ишлатилиадиган бўлиб кетган. Аммо ҳадиси шарифда, юқорида айтилганидек, айнан калима маъноси назарда тутилган. Зотан, ҳадиси шарифларда ва саҳобаи киромларнинг сўзларида «ҳарф» сўзи доим калима, ҳатто баъзан жумла ёки гап маъносида келган. Масалан, имом Доримий ўз «Сунан»ида шундай ривоят келтиради:
عَنْ إِبْرَاهِيمَ وَسَعِيدِ بْنِ جُبَيْرٍ أَنَّهُمَا قَالاَ : لاَ يَقْرَأُ الْجُنُبُ وَالْحَائِضُ آيَةً تَامَّةً يَقْرَآنِ الْحَرْفَ.
«Иброҳим ва Саъид ибн Жубайрдан шундай деганлари ривоят қилинади: «Жунуб ҳамда ҳайзли аёл тугал оят ўқимайди, улар калима ўқишади».
Биз «калима» деб таржима қилган сўз бу ердаги матнда «ҳарф» деб келган. Маълумки, Қуръондан ҳарф ўқийди, деб бўлмайди ва ҳеч ким Қуръондан иқтибос келтирмоқчи бўлса, битта ҳарфни айтмайди, балки энг камида битта калимани талаффуз қилади. Бу ерда «Бундай ҳолатдаги аёл оятни бутун ўқиса бўлмайди, лекин бир-икки калимани ўқиса, зарари йўқ», дейилмоқчи. Бу кўпинча таълим асносида керак бўлади. Масалан, узрли аёл шогирди Қуръон ўқиб бераётганида бир-икки калима луқма ташлаши мумкин, чунки бу заруратдир.

4. Фиқҳ.
«Фиқҳ» сўзи аслида «тушуниш» демакдир. Ибн Манзур шундай дейди: «Фиқҳ – бир нарсани билиш, уни тушунишдир. Дин илми илм турлари орасида улуғ, шарафли ва афзал бўлгани учун асосан шунга ишлатиладиган бўлиб кетган».
Демак, дастлаб умуман исломий илмларни англаш, тушуниш «фиқҳ» дейилган. Исломий илмлар Қуръони Карим ва суннат илмларидан иборат бўлган. Зотан Ислом шу иккисидан ташкил топган. Ақида ҳам, ҳукмлар ҳам, тазкия ҳам, сийрат ҳам шунинг ичида бўлган. Ўша даврда «фақиҳ» деганда мазкур илмларни ўзлаштирган киши тушунилган. Кейинчалик ўша икки манба – Китоб ва Суннат илмлари турли мавзулар асосида ажралиб, алоҳида-алоҳида ривожланиб борди. Шу аснода амалий ибодатлар ва муомалага доир ҳукмларни Китобу Суннатдан олиб баён қилувчи соҳа «фиқҳ» деб атала бошлади, чунки шариатнинг жамиятда акс этиши, Исломнинг намоён бўлиши асосан шу ҳукмларда кўринарди. Натижада Қуръон ва Суннатдан бандаларнинг амалларига доир ҳукмларни ўрганиб, баён қилувчи, бундай ҳукмларни оят ва ҳадисдан олиш йўлларини ўрганувчи соҳа «фиқҳ» деб аталди ва бу соҳанинг эгалари «фақиҳ» дейилди. Айтиш мумкинки, дастлаб фақиҳлар деганда мужтаҳидлар тушунилган. Вақт ўтиши билан фиқҳ ҳам бир неча йўналишга, асосан «усули фиқҳ» ва «фуруъи фиқҳ»га бўлиниб, усули фиқҳ эгалари «усулийлар», фуруъи фиқҳ эгалари «фақиҳлар» ёки «фуқаҳолар» деб юритила бошлади. Пировардида «фиқҳ» деганда фақат фаръий фиқҳий масалаларни билиш тушуниладиган бўлди. Табиийки, кишилар Қуръони Карим ва Суннатда келган «фиқҳ» сўзларини ҳам мазкур тушунчаларига солиб олишди. Масалан, «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», деган ҳадисдан фаръий масалаларни билган одамнигина тушунадиган бўлиб қолишди. Тўғри, фаръий масалаларни билиш ҳам фиқҳдан. Аммо фиқҳ айнан ўша ёки фақат шу эмас. Балки, фиқҳ Аллоҳ ва Расулининг  ҳукмлари ва мақсадларини англашдир, яъни фақат юзаки ёдлаб олиш эмас, чуқур тушуниб етишдир. Саҳобаи киромларнинг орасида фақиҳ деб танилган кишиларни ўрганарканмиз, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Умар ибн Хаттоб, Ибн Умар, Оиша розияллоҳу анҳум каби буюкларни кўрамиз. Улар Қуръон ва Суннатни пухта эгаллаган, теран тушунган, шариатнинг мақсадларини чуқур англаган, бу икки манбадан ҳукм олишга, мустақил ижтиҳод қилиш даражасига етган кишилар бўлганига гувоҳ бўламиз. Бошқалар эса бир қанча шаръий масалаларни билса ҳам, ёхуд кўп ҳадис ривоят қилган бўлса ҳам, «фақиҳ» деб қаралмаганини кузатамиз.
Хуллас, Китобу Суннатда ва салафи солиҳларнинг гапларида «фиқҳ» деганда шариат эгасининг сўзини тушуниш, мақсадини англаш кўзда тутилади. Абу Жаъфар Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам бу нуктага алоҳида эътибор қаратган. У киши «Шарҳу мушкилил асар» асарида қуйидаги икки ҳадисни келтиради:
«Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мендан бир ҳадисни эшитиб, уни ёдлаб, бошқага етказган кишини Аллоҳ яшнатсин. Баъзи ўзидан фақиҳроққа фиқҳ кўтариб борувчилар бор.  Баъзи ўзи фақиҳ бўлмай туриб фиқҳ кўтариб юрадиганлар бор», деганларини эшитганман».
Муҳаммад ибн Жубайр ибн Мутъим отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Минода, Хайфда туриб, «Сўзимни эшитиб, уни англаб, уни эшитмаганга етказиб қўйган кишини Аллоҳ яшнатсин. Баъзи фиқҳ кўтариб юрганлар борки, ўзида фиқҳ йўқ. Баъзи ўзидан фақиҳроққа фиқҳни кўтариб борадиганлар бор», дедилар».
Имом Таҳовий мазкур икки ҳадисни келтириб бўлгач, шундай дейди:
«Бир киши ушбу икки ҳадисда кўзда тутилган фиқҳ нима экани ҳақида сўради. Аллоҳ азза ва жалланинг тавфиқи ва ёрдами ила жавобимиз шундай бўлди: «У – фаҳм, яъни тушунишдир. Аллоҳ азза ва жалланинг Ўз Китобида Мусо алайҳиссаломнинг тилидан айтган гапи шу қабилдандир: «Тилимдан тугунни еч, сўзимни тушунишсин». Яна мана бу сўзи ҳам: «Уни ҳамди ила поклаб ёд этмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳини англамайсизлар», яъни тушунмайсизлар».
У: «Ҳар бир тушунувчан фақиҳ бўладими?» деди. Бунга жавобимиз шундай бўлди: «Ҳар бир тушунувчан фақиҳ дейилавермайди, агарчи ўша тушунган нарсасини яхши англаган бўлса ҳам. Негаки фиқҳнинг қадри улуғ бўлиб, барча имларнинг қадридан ўтиб кетгандан кейин унинг аҳли «фақиҳлар» дея хосландилар».
Имом Таҳовий кейин Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фиқҳ яманликдир, иймон яманликдир, ҳикмат яманликдир», дедилар».
Кейин шундай дейдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўшани (яъни шариат илмини) «фиқҳ» деб атадилар. Уни бошқа тушуниладиган нарсалардан айирдилар, уларни «фиқҳ» деб атамадилар. Шунингдек, унинг аҳли «фақиҳлар» деб аталди, улардан бошқа тушунувчанларга «фақиҳ» деб сўз ишлатилмади. Шундан исбот топадики, ҳар бир фақиҳ тушунувчандир, аммо ҳар бир тушунувчан фақиҳ эмас».
Хулоса қилиб айтганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига ўқиб берган оятлари ҳамда уларга айтган гаплари ўша даврдаги араб тилида, ўша даврдаги арабларнинг туғма таъби асосида айтилган. Зотан, Ислом ҳаётий диндир. Турли шаръий илмлар эса кейинчалик шаклланган. Шунинг учун улардаги махсус атамалар асл араб тилидан олинган бўлса-да, ўзига хос маънога эга. Уни араб тилидаги асл маъноси билан адаштирмаслик ояти карима ва ҳадиси шарифларни таржима қилмоқчи бўлган ҳар бир кишига лозим ва лобуддир. Бунинг учун муқаддас матнларни, қадимий ибораларни таржима қилаётган киши эски луғатлар ва қадимги шоир, адибларнинг ифодаларига асосланиши керак.
Аллоҳ барчаларимизни Ўз ҳидоятидан адаштирмасин, камчиликларимизни афву мағфират қилсин!

Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид
12.02.2015. Тошкент

 
« Олдинги   Кейинги »