“Ҳадис ва Ҳаёт” 19- жуз китоби ҳақида Принтер учун
25.10.2015 й.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бизни Ўзининг охирги пайғамбари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан қилган ва «Батаҳқиқ сизлар учун Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлган ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бордир» деган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин.
Ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси биз учун ибрат манбаи бўлган ҳабибимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга батамом ва мукаммал салавоту дурудлар бўлсин.
Пайғамбаримизнинг улкан ва ибратли ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини диққат билан ўрганиб, келажак авлодларга ўта аниқлик ила ривоят қилиб, қолдириб кетган саҳобаи киромларга Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин.
Тунларни кунларга улаб, омонат ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ҳақида тайёр китоблар қолдириб кетган сийрат илми уламоларига Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин.

Мазкур ҳамду сано, салавоту дуоларни ўз китобларида ёзиб қолдирган фазилатли устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини Аллоҳ таоло ғариқи раҳмат, шоистаи жаннат этган бўлсин, омийн.

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Ҳижрий 1437 йил, Муҳаррам ойининг 11-куни марҳум устозимиз фазилатли Шайх ҳазратларининг қаламларига мансуб «Ҳадис ва Ҳаёт» туркумининг «Оламларга раҳмат Пайғамбар» деб номланган 19-жузининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Маълумки бу китоб суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, яъни ҳаётлари тарихига бағишлангандир.
Аслида, сийрат Пайғамбаримиз суннатларининг бир қисми бўлиб, суннат олти қисмга бўлинади:
қавлий (оғзаки ҳадислари);
феълий (амалий ишлари);
тақририй (тасдиқ қилган ишлари);
халқий (шаклу шамоиллари);
хулқий (ахлоқ-одоблари);
сийрат (ҳаётлари тарихи).
 
Мана шу охирги қисм – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ва унинг аҳамияти ҳақида гапирадиган бўлсак, гап кўп. Энг яхшиси бу ҳақда Шайх ҳазратларининг ўзларидан эшитсак. Тақдимоти бўлаётган бу китоблари муқаддимасида Пайғамбаримизнинг сийратларини-ҳаётларини ажойиб таърифлаганлар:
Аллоҳ таоло яратган бандалари ичида энг афзали, пайғамбарларнинг охиргиси ва мукаммали бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари барча инсоният учун ўрнак эканига заррача шубҳа йўқ. Шунингдек Аллоҳ таолонинг инояти ила қуршалган ушбу муборак ҳаётнинг ҳар бир лаҳзаси ўта аниқлик ва диққат билан ўрганилганига ҳам заррача шубҳа йўқ.
Ҳа, бу улуғ ҳаёт қанчалик эҳтимом билан ўрганилса шунча яхши.
Чунки бу ҳаёт Одам Атонинг сулбидалигидан то охирги лаҳзасигача Аллоҳ таолонинг алоҳида иноятига сазовор бўлган бир ҳаётдир!
Чунки у энг афзал банданинг энг сўнгги ва энг маҳбуб Пайғамбарнинг муборак ҳаётидир.
Чунки бу ҳаётнинг йигирма уч йили осмон билан ернинг, яъни Роббул оламин билан оламларнинг бевосита боғланишига сабаб бўлган ҳаётдир.
Чунки бу ҳаёт унинг соҳиби илоҳий дастур асосида тўлақонли ва ер юзида жонли Қуръон бўлиб яшаган ҳаётдир.
Чунки бу ҳаёт барча учун гўзал ўрнак манбаи бўлиб мўмин-мусулмонлар учун илҳом чашмаси бўлган ҳаётдир.
Чунки бу ҳаёт уни диққат билан ўрганиб ундан ўрнак олиб эргашиб яшаган кишилар учун жаннат йўлига етакловчи ҳаётдир.
Чунки бу ҳаёт осмонлар малакутига кўтарилган ҳар лаҳзаси Аллоҳ таолонинг ваҳийси ила йўлга солинган ва фаришталар ҳам ҳавас қилган ҳаётдир.
 Шу билан бирга, бу ҳаёт ер воқелигидан ажралиб қолмаган, оддий инсонлик табиатидан ҳеч четламаган оддий ота-онадан туғилиб ўсган камтар бир банданинг ҳаётидир.
Қолаверса, бу ҳаёт дунёдаги барча эзгу фазилатларни ўзида мужассамлаштирган ва барча разолатлардан узоқда бўлган зотнинг ҳаёти экани диққатга сазовордир.
Чунки бу ҳаёт Аллоҳ таолонинг Ўзи томонидан етарли даражада мақталган ҳаётдир.
Чунки бу ҳаёт ошиқлари ишқида ёниб уни диққат билан ўрганган ва ундан имкони борича ўрнак олган ҳаётдир.
Чунки бу ҳаёт унинг душманлари ундан камчилик топа олмай доғда қолган, унга туҳмат қилиб шарманда бўлган ва охири унинг буюклигига тан берган ҳаётдир.
Бу борада сўз юритар эканмиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари бу дунёда ўтган барча пайғамбар алайҳиссаломларнинг сийратларига нисбатан энг тўғриси, энг мукаммали ва энг ишончлисидир. Инсоният тарихидаги ҳеч бир пайғамбарнинг ҳаёти илоҳий Китобда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларичалик ёритилмаган. Ҳеч бир пайғамбар ҳақида у зотнинг ҳаётлари ҳақида саҳобалар қилган ривоятларчалик узлуксиз ривоятлар келмаган. Бошқа пайғамбарларнинг сийратларида аниқланмаган, узилиб қолган ҳалқалар жуда кўп...

Энди мазкур китоб ва унинг аҳамияти, хусусияти ҳақида гапирадиган бўлсак, китоб саккиз фаслдан иборат:
1.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатлари;
2.    Жисми шарифларининг васфи;
3.    Ахлоқ-одоблари;
4.    Пайғамбарлик аломатлари;
5.    Нубувват ва рисолатлари;
6.    Исро ва Меърожлари;
7.    Мадинага ҳижратлари;
8.    Ва мўъжизалари.

Китоб илмий, адабий тарзда ёзилган.
Маълумотлари мукаммал.
Ҳазрат аввал муҳаддисларнинг ривоятларини келтирадилар.
Арабий матнларни сўзма-сўз – адабий таржима қиладилар ва шарҳлайдилар.
Маълумотлар ишончли, аниқ, лўнда.
Асосан муҳим маълумотлар берилган бўлиб, ортиқча гап-сўзлар йўқ, мужмал-тушунарсиз жумлалар ҳам йўқ.
Воқеалар бир-бирига боғлиқ бўлиб, узлуксиз баён қилинган.
Воқеаларнинг даврий тартиби (хронологияси) ҳам жуда гўзал.
Саналар (йил, ой, ҳафта ва кунлар) ҳам тўғри берилган, ҳам ҳижрий-қамарийда, ҳам милодий-шамсийда.
Ададлар, сонлар, исмлар ва қабила, уруғ, жой номлари ҳам аниқ берилган.
Сарлавҳалар моҳирона танланган.
Диний бағрикенглик сарлавҳаси остида муҳим маълумот берилган.
Ғайридин ва асирларга қилинган муомалалар чиройли очиб берилган.
Бу китобда Ҳазрат сийрат илмига қўшимча равишда яна Пайғамбаримизнинг шаклу шамоиллари, мўъжизалари ва ахлоқ-одоблари ҳақида ҳам кенг маълумот берганлар.
Пайғамбаримизнинг завжаи мутаҳҳаралари, фарзандлари ва набираларининг таржимаи ҳолларини ҳам тақдим қилганлар.
Яна машҳур олим Абул Ҳасан Надавийнинг китобларидан “Аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларидаги ақийдаси”, “У зотнинг пайғамбарликлари далили”, “Рисолаи муҳаммадиянинг инсониятга фазли ва унинг оламшумул армуғонлари”, “Рисолаи муҳаммадия башариятни бахтсизлик ва ҳалокатдан сақлаб қолгани” каби муҳим маълумотлар таржима қилиниб, китоб охирига илова этилган.
Китобнинг охирига Сийратдаги муҳим саналар ҳам илова қилинган.

Энди бу китобнинг янги таҳрири ҳақида гапирадиган бўлсак,
Ҳазратимизнинг кўрсатмаларига биноан, «Ҳилол-нашр» нашриётида ушбу китоб қайта таҳрир қилинди. Жумладан, саналар, исмлар, номлар ва воқеаларнинг даврий тартибига эътибор берилди, айрим имловий хатолар тўғриланди.

Сўзимиз якунида, Ҳазратимиз ушбу китобларида китобхонларга ёзган насиҳатларини ўқиймиз:
«Муҳтарам китобхон! Камина учун ушбу сатрларни қоғозга тушириш даври буюк саодат даври бўлди. Чунки ушбу маълумотлар Аллоҳнинг энг афзал пайғамбари бўлмиш, бу дунёда ҳидоятчимиз, охиратда шафоатчимиз бўлмиш зотга тегишлидир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа кишилардан қанчалик устун турсалар, у зот ҳақларидаги ҳар бир маълумот ҳам бошқа маълумотлардан шунчалик устун туради.
Бинобарин, сиз муҳтарамлар ҳам ушбу сатрларни ўқир экансиз, қилаётган ишингизнинг қадрига етинг. Сиз одатдаги оддий ўқиш билан машғул эмассиз. Сиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўқимоқдасиз. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларининг ўқувчиси ўқиганини уқмоғи, уққанидан ибрат олмоғи ва унга амал қилмоғи лозимлигини зинҳор унутманг».

Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога ҳамду санолар, севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар ва фазилатли устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига раҳмату мағфиратлар бўлсин, омийн.

Абдул Азим Зиёуддин

 
« Олдинги   Кейинги »