Нисо сураси, 136-143 Принтер учун
26.07.2015 й.
136. Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга, Унинг Расулига, У Ўз Расулига туширган китобга ва бундан олдин туширган китобга иймон келтиринг. Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига ва охират кунига куфр келтирса, батаҳқиқ, қаттиқ адашган бўлади.

Ажаб, оятда иймон келтирганларни яна иймон келтиришга амр қилинмоқда. Бу ҳол, сиртдан қараганда, бир оз ғалатига ўхшайди. Аммо, аслини олганда, иймон масаласи ниҳоятда нозикдир. Инсон доимо бу масаланинг такрор-такрор эслатиб турилишига муҳтождир. Қолаверса, бу ояти каримада иймоннинг асосий унсурлари–мўмин инсонлар нималарга иймон келтириши лозимлиги баён қилинмоқда.
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга, Унинг Расулига, У Ўз Расулига туширган китобга ва бундан олдин туширган китобга иймон келтиринг».
Мусулмон одам Аллоҳга Унинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирмоғи лозим. Бу иймон уни ўзини яратган холиқи, доим тарбиякунандалик қилиб турувчи Робби билан боғлайди. Бу иймон уни ўз Робби томонидан юборилган ва уни ҳидоятга бошлайдиган йўлбошчи бўлмиш Пайғамбар ва унинг Пайғамбарлиги билан боғлаб туради. Бу иймон уни ўз Робби томонидан ўз Пайғамбарига туширилган илоҳий дастур–Қуръони Карим билан боғлаб туради. Бу иймон уни Қуръондан олдин келган илоҳий китоблар билан боғлаб туради. Иймоннинг асосий унсурларидан яна иккитаси оятнинг иккинчи ярмида, манфий ҳолдаги зикрда, яъни, кофирларнинг ҳоли васф қилинганда келган:
«Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига ва охират кунига куфр келтирса, батаҳқиқ, қаттиқ адашган бўлади».
Демак, фаришталарга ва охират кунига иймон келтирмасликнинг ҳам бошқа асосий унсурларга куфр келтириш каби, оқибати ёмон бўлади. Уламолар бу икки унсурларнинг айнан шу жойда зикр қилиниши, булар кофирга таҳдид солувчи, уларни қўрқитувчи нарсалар бўлгани учундир, дейилади. Иймоннинг мазкур асосий унсурларига ва ёки улардан бирортасига ишонмасликдан (куфр келтиришдан) кўра қаттиқроқ адашишлик йўқдир.
137. Албатта, иймон келтирганларидан кейин куфр келтирганлар, сўнгра иймон келтириб яна куфрга кетган ва куфрида зиёда бўлганларни Аллоҳ мағфират қилмас ва тўғри йўлга ҳидоят этмас.
Иймон билан куфр орасида бориб-келиб, бориб-келиб, охири куфрда зиёда бўлаётганлар–мунофиқлардир. Агар инсон кофир бўлиб юриб, кейин иймонга келса, унинг иймони кофирлигини ювиб кетади. Иймонга келгандан кейинги даврдан бошлаб ҳисоб-китоби бошланади. Чунки, у кофирлик вақтида зулматда бўлган. Зулматдаги одамдан бирор нарсани кўришни сўраб бўлмайди. Аммо бир марта иймонга келиб, яна куфрга қайтиш эса, қоронғуликдан ёруғликка чиқиб, яна ўз ихтиёри ила қоронғуликка қайтишдан иборатдир. Агар бу номаъқул иш бир неча бор такрорланса, албатта, ундай одам мағфиратга асло лойиқ эмасдир. Уларнинг ҳидоят қилинмагани ҳам айни адолатдир.
138. Мунофиқларга, албатта, уларга аламли азоб бўлишининг башоратини бер.
139. Улар мўминларни қўйиб, кофирлрни дўст тутадиганлардир. Уларнинг олдида иззат–куч-қудрат излайдиларми? Албатта, иззат–куч-қудратнинг барчаси Аллоҳнинг ҳузуридадир.

Кофир ҳолида ўлиб кетган мунофиқларга, албатта, охиратда аламли дўзах азоблари бўлади. Ушбу ояти каримада «Башоратни бер», дейишлик ҳам уларнинг ҳолига вой бўлишига ишорадир.
«Мунофиқларга, албатта, уларга аламли азоб бўлишининг башоратини бер».
Мунофиқларнинг аломатлари кўп. Биттаси ушбу оятда эсга олинмоқда:
«Улар мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутадиганлардир».
Мунофиқлар, одатда, ўзларини мусулмон қилиб кўрсатишга уринадилар. Аммо ичларидаги дард–куфрлик уларни бошқа томонга етаклайди. Улар мусулмонларга дўст бўлиш ўрнига, кофирларга дўст бўладилар. Кофирлар билан  дўстлик алоқаларини ривожлантиришга ҳаракат қилишларининг боиси–кофирлар уларнинг кўзига кучли-қувватли бўлиб кўринади. «Мабодо ўзаро уруш-жанжал ва тортишувда мусулмонлар ғолиб келиб қолса, мен ҳам мусулмон эдим, деб туравераман, ҳеч гап бўлмайди. Аммо кофирлар ғолиб келса, нима қиламан? Улар кучли кўринадилар. Шунинг учун уларни дўст тутиш керак», деган қарорга келади.
«Уларнинг олдида иззат–куч-қудрат излайдиларми?»
Ҳа, мунофиқлар уларнинг ҳузурида иззат, куч-қудрат излайдилар. Мунофиқликлари туфайли ҳақиқий куч-қувват қаерда эканини англаб етмайдилар. Бўлмаса, кофир қавмлар ҳузуридан излашармиди уни? Ояти каримада ҳақиқий куч-қувват, иззат Аллоҳнинг ҳузурида эканлиги таъкидланмоқда.
«Албатта, иззат–куч-қудратнинг барчаси Аллоҳнинг ҳузуридадир».
Юқоридаги оятда мунофиқларнинг ҳоли баён қилинган бўлса, келаси оятда мунофиқликнинг биринчи поғонаси–Аллоҳнинг оятларига куфр келтириладиган ва уларни истеҳзо қилинадиган жойларда ўтирмаслик ҳақида баёнот келади:
140. Батаҳқиқ, сизларга китобда: «Аллоҳнинг оятларига куфр келтирилган ва уларни истеҳзо қилинган чоқда, бошқа гапга ўтмагунларича улар билан ўтирманглар», деб туширди. Агар ўтирсангиз, сиз ҳам уларга ўхшашсиз. Албатта, Аллоҳ мунофиқ ва кофирларнинг ҳаммасини жаҳаннамда жамловчидир.
Аллоҳ таоло китобда, яъни, Қуръони Каримда мўминларга Аллоҳнинг оятлари ҳақида куфр ва истеҳзо гаплар бўлаётган мажлисда ўтирмасликка амр қилган эди. Бу амр Маккаи Мукаррамада нозил бўлган ал-Анъом сурасида келган. Чунки мўмин кишининг бу каби мажлисларда жим ўтириши, мунофиқликнинг бошланишидир. Ҳар бир мўмин Аллоҳ, Ислом, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Қуръон каби мўътабар тушунчалар ҳақида ёмон, ахлоқсиз гап-сўзларни эшитган чоғида қарши чиқмоққа, ҳаттоки тўғриламоққа бурчлидир. Кимки бундай ҳолларда жим ўтирса, мунофиқлик йўлига қадам қўйган бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг оятларига куфр келтирилаётган, уларни истеҳзо қилинаётган мажлисда ўтирганларни мунофиқларга тенглаштирмоқда. Бу эса, жуда хатарлидир. Мунофиқлик ва кофирлик бу дунёда Исломга, иймонга биргаликда қарши бўлганлари учун ҳам, у дунёда:
«Албатта, Аллоҳ мунофиқ ва кофирларни жаҳаннамда жамловчидир».
Кейинги оятда мунофиқларнинг башаралари очиб ташланади:
141. Улар сизларни кузатиб  турурлар. Сизларга Аллоҳ томонидан фатҳ бўлса: «Сизлар билан бирга  эмасмидик?!» дерлар. Агар  кофирларга насиба бўлса: «Сизларга устун келиб, мўминлардан ҳимоя қилмадикми?» дерлар. Аллоҳ қиёмат куни улар  орасида ҳукм қилур. Аллоҳ ҳаргиз кофирларга мўминлар устидан йўл бермас.
Мунофиқлар ҳар доим  мунофиқлигини қилади. Иймон масаласидаки иккиёқламалик қилгандан кейин, бошқа масалаларда бундан баттар бўлади. Улар доимо иймон ва куфр,  мўминлар  ва кофирлар  орасида тарозининг палласи қаёққа  оғишини кузатиб турадилар. Бу ҳол ушбу оятда ажойиб услуб ила васф қилинмоқда:
«Улар сизларни кузатиб турурлар. Сизларга Аллоҳ томонидан фатҳ бўлса, сизлар билан бирга эмасмидик?!» дерлар».
Яъни, кофирлар билан мужодалада сизларга Аллоҳ  томонидан фатҳ-зафар бўлса, мунофиқлар  дарҳол: «Сизлар билан бирга  эмасмидик?!» дейдилар. Биз ҳам мусулмон эдик-ку, биз ҳам сиз билан бир динда эдик-ку, дейдилар. Чунки, мусулмонлар ғолиб келдилар. Мунофиқ фақат ўзи яшаб турган онини ўйлайди. Ўша онда ғалаба ким томонда бўлса, ўша томонга ўтади. Шунинг учун ҳам:
«Агар  кофирларга насиба бўлса: «Сизларга устун келиб, мўминлардан ҳимоя қилмадикми? « дерлар».
Яъни, мўминлар билан кофирлар орасидаги урушда зафар кофирларга насиб қилса, мунофиқлар шу заҳоти улар томонга ўтадилар. Кофирларга ўзларини яқин кўрсатиш учун бор имконларини ишга соладилар. «Мўминларга қўшилиб сизлардан устун келиб турган эдик. Аммо биз уларнинг ичини бузиб, сизларни мўминлардан ҳимоя қилдик. Оқибатда ғалаба сизларга насиб этди. Бунда бизнинг улушимиз катта», деган маънодаги гапларни айтадилар. Улар ўзларича бу ишлари билан фахрланадилар. Усталик, уддабуронлик қилганлари оқибатида  муваффақиятга эришганликларини таъкидлайдилар. Майли, ўзларича мақтаниб юраверсинлар.
«Аллоҳ қиёмат куни улар орасида ҳукм қилур».
У кунда ҳийла-найранг ва устамонлик ўтмайди. Пойлаб туриб, тарозининг палласига қараб оғишлар бўлмайди. У кунда одамлар кўнглида нималар келганини ҳам билувчи одили мутлақ ғокимнинг ёлғиз Ўзи ҳукм қилади. Ҳамма билиб қўйсинки:
«Аллоҳ ҳаргиз кофирларга мўминлар устидан йўл бермас».
Мунофиқларнинг васфи келаси ояти каримада ҳам давом этади:
142. Албатта, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўлурлар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдовчи»дир. Агар намозга турсалар, дангасалик билан, хўжакўрсинга турурлар ва Аллоҳни камдан кам зикр қилурлар.
Ушбу васфлардан мунофиқликнинг нақадар пасткашлик, жоҳиллик ва ёмонлик эканлигини тушуниб олса бўлади. Улар сиртдан ўзларини мусулмон қилиб кўрсатиш билан, қалбларидаги куфрни беркитиб, ҳеч ким билмайди, деб эътиқод қиладилар. Улар ўзларининг аввалги оятдагига ўхшаш тасарруфлари ила, одамларни алдадик, дея хурсанд бўладилар. Уларнинг одамлар орасида кўрсатаётган бундай ўйинлари Аллоҳга муносабатларида ҳам айни шаклдадир.
«Албатта, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўлурлар».
Лекин жоҳилликлари туфайли, Аллоҳни алдаб бўлмаслигини унутадилар. Улар ақлсизликлари туфайли, Аллоҳ нафақат уларнинг ишларидан, балки қалбларидаги сирларидан ҳам хабардор бўлиб туришини билмайдилар. Ўша жоҳиллик, ақлсизлик ва асосан қалбларидаги мараз туфайли ҳар бир гап-сўз ва ишларида Аллоҳни алдамоқчи бўладилар.
«Ҳолбуки, Аллоҳ уларни алдовчидир».
Уламоларимиз Аллоҳга «алдовчи» сифатини нисбат бериб бўлмайди, деб таъкидлаганлар. Бу ибора мажоз маъносида ишлатилади. Аллоҳнинг «алдаши» мунофиқларни улар қанчалик нифоқ, гуноҳ ва гумроҳлик қилсалар ҳам, тек қўйиб қўйишидадир. Улар Аллоҳни алдаяпмиз, деб гуноҳларида давом этган чоқларида ҳам жазо юбормасдан, ишларига ривож бериб қўяди. Чунки, кўпинча инсон ўзига бу дунёда етадиган қийинчиликлар, мусибатлар ва ҳодисалардан ҳам хулоса чиқариб, тўғри йўлга тушиб олиши мумкин. Аллоҳ таоло мунофиқларга ушбу эслатма бўлувчи омилларни ҳам раво кўрмайди. Оқибатда улар Аллоҳни алдамоқчи бўлиб, ўзларини алдайдилар.
Мунофиқларнинг энг катта аломатларидан яна бири ояти кариманинг кейинги жумласида келади:
«Агар намозга турсалар, дангасалик билан, хўжакўрсинга турурлар ва Аллоҳни камдан кам зикр қилурлар».
Қуруқ гап бўлса, мунофиқларга тенг келиш қийин, улар иймон ва Исломни даъво қилиб, ҳаммаёқни гапга тўлдириб ташлайдилар. Чунки гапириш осон. Аммо гапнинг рост ёки ёлғонлигини тасдиқловчи нарсага–амалга келганда чувилари чиқади. Дарҳақиқат, амалга қараб инсонларнинг ҳақиқий қиёфаси намоён бўлади. Баҳо ҳам амалга қараб қўйилади. Охиратдаги жазо ёки мукофот ҳам амалга қараб белгиланади. Оқни оққа, қорани қорага ажратувчи ана шундай ишлардан бири намоздир. Намоз Ислом динининг устунидир. Ким уни барпо қилса, динни ҳам барпо қилади. Ким намозни барпо қилмаса, динни ҳам барпо қилмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларидан бирида «Биз билан биздан бошқаларнинг орасидаги фарқ- намоздир», деганлар.
Аммо юқоридаги жумладан намоз билан намознинг орасида ҳам фарқ борлигини билиб олмоқдамиз. Мунофиқ одам намозга дангасалик билан туради. Ижирғаниб, ночорлик ила намоз ўқишга ўтади. Бу унинг иймони йўқлиги, иймон ҳақидаги гаплари юзаки эканининг аломатидир. Агар иймони ҳақиқий бўлганида, намозга шавқу завқ билан турган бўлар эди. Чунки намоз мўмин киши учун меърождир. Унинг Роббига муножотидир. Намоз пайтида у ўз Парвардигори билан юзма-юз туради. Агар дуо қилса, қабул бўлади. Гуноҳи бўлса, афв этилади. Бундай улкан мақомга фақат мунофиқгина дангасалик билан туради. Ўзига қолса, турмас ҳам эди-ку, аммо у «хўжакўрсинга» туради. Одамлардан уялганидан туради. Шунинг учун ҳам одамлар кам турадиган бомдод ва хуфтон намозларига ушбу оятлар тушган даврдаги мунофиқлар кам чиқар эканлар. Ҳозирги мунофиқлар эса, умуман ўқимай қўяверадилар.
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Мунофиқлар учун энг оғир намоз хуфтон намози билан бомдод намозидир. Агар бу икки намозда нима фазл борлигини билганларида, эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар. Бир одамга амр қилиб намозга одамларни тўплаб, иккинчисига уларга имом бўлиб намоз ўқиб туришни буюрсам-да, кейин баъзи одамлар билан ўтин олиб чиқиб, намозга ҳозир бўлмаганларнинг уйларига ўт қўйиб юборсам», деганлар.
Ҳофиз Абу Яъло Абдуллоҳдан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ким одамлар кўриб турганда намозни яхшилаб ўқиб, холи қолганда ёмон ўқиса, бу ҳол ўз Роббини ерга урганидир», деганлар. Мунофиқлар намозни дангасаларча ва хўжакўрсинга ўқишлари билан бирга, унда Аллоҳни камдан-кам эслайдилар. Яъни, улар намозларида ихлос, хушуъ ва хузуъ қилмайдилар. Нима деяётганларини англамайдилар. Кўнгиллари ҳар ёқда бўлиб ўқийдилар.
Имом Молик ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Мана бу мунофиқнинг намози, мана бу мунофиқнинг намози, мана бу мунофиқнинг намози–қуёшга қараб ўтиради-да, у шайтоннинг икки шоҳи орасига кирганда, тўрт марта қуш ерни чўқигандек сажда қилиб олади. Унда Аллоҳни камдан-кам зикр қилади», деганлар. Бу ҳадиси шарифда аср намози ҳақида сўз кетмоқда. Маълумки, қуёш ботиш пайтида шайтоннинг икки шоҳи орасидан ботади, деган ҳадислар бор. Демак, ушбу ҳадисда зикри келган шахс намозни вақтида ўқимай, дангасалик қилиб ўтиради. Сўнгра қуёш ботаётган пайтда шошилиб, тез-тез, йиқилиб-туриб олади.
Мунофиқларнинг васфи яна давом этади:
143. Улар орада сарсондирлар. На анавиларга қўшила оладирлар ва на манавиларга қўшила оладирлар. Аллоҳ кимни йўлдан адаштирса, ҳаргиз унга йўл топа олмассан.
Мунофиқнинг қатъий қарори йўқ. Субити ҳам йўқ. Сиртида иймонли, мўминлар билан бирга. Ичида кофир бўлгани учун кофирларга талпинади. Усти бошқа, ичи бошқа бўлганидан, икки орада сарсон қолади. Мўминларни кўрганда, уларни эслаганда иймондан, Исломдан лоф уриб гапиради, лекин ичида, кофирлар нима дер экан, деб туради. Кофирларга борганда, мен мўминларни алдаш учун уларга иймондан, Исломдан гапирдим, аслида сизлар биланман, дейди-ю, ичида, мўминлар билиб қолса, нима дейишар экан, деб туради. Ҳолбуки, мўминлар ҳам, кофирлар ҳам мунофиқнинг кимлигини яхши биладилар. Ундан нафрат қиладилар, уни пасткаш, ярамас, деб биладилар. Мунофиқ эса, икки йўл орасида сарсон бўлиб юраверади.
Буюк тафсирчиларимиздан Ибн Жарир Табарий ушбу ояти карима тафсирида Қатода розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қилган: «Улар мухлис мўмин ҳам эмаслар, очиқ кофир ҳам эмаслар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизга мўмин, мунофиқ ва кофир ҳақида қуйидаги ўхшатишни қилар эдилар: «Улар худди бир дарёни кесиб ўтмоқчи бўлган уч кишига ўхшайдилар. Мўмин сувга тушиб нариги қирғоққа ўтиб олади. Ундан кейин мунофиқ тушади. У мўмин турган жойга етай деганда, орқасидан кофир, менга томон кел, сенга раҳмим келяпти, бир ёмонлик етмасин, деб чақиради. Мўмин эса, мен томонга кел, мен томонда у бор-бу бор, деб санашга тушади. Мунофиқ икки орада сарсон бўлиб, бориб-келиб турганда, катта сув келиб уни оқизиб кетади. Мунофиқ ўлгунча шак-шубҳада ўтади», деганлар».
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz