Иймонни мустаҳкамлаш масаласи Принтер учун
17.06.2015 й.
САВОЛ: Мен ўзимни мусулмон деб ҳисоблайман. Иймон заифлигиданми, балки шайтон фитнасими, турли сабаблар билан, намоз ўқийдиган пайт бўлганида, ибодатни адо эта олмай қоламан. Иймонимни мустаҳкамлаш учун қандай маслаҳат берасиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
   
Албатта, мусулмон банда Аллоҳ таоло тарафидан ўзига юклатилган барча фарзу вожиб ибодатларни адо этмоғи шартдир. Шу жумладан, энг асосий ибодатлардан ҳамда дийн устуни бўлмиш намозни ўз вақтида ўқимоқ ҳар бир вояга етган, ақлли ва комил мусулмонга фарздир. Бунга шайтонни сабаб қилиш баҳонадан бошқа нарса эмас. Банда намозни ўқимаслик каби гуноҳга йўл қўяр экан, бунга шайтонни сабаб қилишига ҳеч қандай йўл йўқ. Балки ўзини гуноҳкор ҳисоблаб, тавба қилиб, уни иккинчи марта такрорламасликка ҳаракъат қилиши керак.
Иймонни мустаҳкамлаш учун Аллоҳ таолони ҳар лаҳза зикр қилиб туриши лозим. Аллоҳ таоло, Ўзининг чексиз илми билан, банданинг қилаётган амалларидан хабардор эканлигини ҳар бир мусулмон сезиб туриши керак. Шундагина банда намозни тарк қилиш қанчалар гуноҳлигини тушуниб етади. Иймонни мустаҳкамлаш учун эса, яна бир бор айтамиз, зикр, Қуръон тиловати ва мусулмонлар билан суҳбатда бўлиш, жамоатга қўшилиш ва шунга ўхшаш – иймонни мустаҳкамлайдиган, сайқаллайдиган – ҳолатларда бўлишга ҳаракъат қилмоғи лозим.
Шу билан бирга, банда ҳар доим ўзининг ҳисоб-китобини қилиб туриши керак.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу:
«Бир куни келиб сенинг ҳисоб-китобинг қилингунча, сен ўзинг ҳисоб-китобингни қилиб тур», деб айтганлар.
Демак, ҳар куни банда: «Бугун нима иш қилдим? Қанча савоб, қанча гуноҳ қилдим», деган маънода ўзининг ҳисоб-китобини қилиши керак. Ва келгуси кунини бугунги кундан афзалроқ қилиб ўтказишга ва ҳар куни олдинги кунидан баракали, хайрлироқ бўлишига ҳаракъат қилиши лозим.
Аллоҳ таоло ҳамма ибодатларни, жумладан, намозларни ҳам ўз вақтида адо этишни барчаларимиз-га насийб қилган бўлсин. Валлоҳу аълам.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz