Тақводор бўлайлик! Принтер учун
07.05.2015 й.
Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилиб айтади:
“Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур” (Талоқ, 2-3).
Бу ташвишлар иқтисодийми, ижтимоийми, маънавийми, фарқи йўқ. Яна У Зот тақво қилган бандасини ўзи ўйламаган томонидан ризқлантиради. Биз бандалар шу ризқни деб Аллоҳнинг ибодатидан қолиб кетмоқдамиз. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло “Ибодатни яхшилаб бажар, ризқингни Мен бераман” демоқда.
 Аллоҳ таоло: “Бас, (шундай экан) сизлар ризқни Аллоҳ даргоҳидан истангиз ва Унгагина ибодат қилингиз” (Анкабут, 17) деган.
Яъни, ризқни ибодат орқали истанглар, масжиддан истанглар, Қуръондан истанглар, зикрдан истанглар демоқда. Саҳобалар бу масалада қандай бўлишган? Саҳобалар Аллоҳнинг ҳузуридан исташган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу умматнинг энг катта олимларидан бўлганлар. Саҳобалар ичидаги энг фақиҳи бўлганлар. Ўзлари камбағал одам бўлганлар. Барча саҳобалар каби у зотнинг ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваъдаларига бўлган иймонлари кучли бўлган. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифа бўлиб турган пайтларида Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бетоб бўлиб қоладилар. Ўлим тўшагида ётган буюк саҳобийни халифа Усмон зиёрат қилгани келадилар.
Келиб, “Эй Абдуллоҳ, нимадан шикоят қиласиз?” деб сўрадилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Гуноҳларимдан” деб жавоб берадилар.
Қаранг, у зот нимадан шикоят қиляптилар?! Гуноҳларидан! Бизчи? Биз нимадан шикоят қиламиз? Дорига пулим йўқ, еган овқатимнинг мазаси йўқ деймиз ва ҳоказо.
Мушкулингизни енгил қилайлик деган мақсадда у кишидан “Нимадан шикоят қиласиз?” деб сўралди. У зот эса, худди сизларга менинг муҳтожлигим йўқ дегандек қилиб, “Гуноҳларимдан” деб жавоб бердилар. Хўш, Усмон розияллоҳу анҳу нима қилиб бера оладилар бу шикоятга?!
Кейин халифа Усмон бирор нарса егиси келгандир деган ўй билан Ибн Масъуддан: “Кўнглингиз нималарни тусаяпти?” деб сўрадилар.
Бемор эса: “Роббимнинг раҳматини” деб жавоб бердилар.
Хўш, Усмон розияллоҳу анҳу яна нима қилиб бера оладилар бу жавобга?! Кўринг, у зот нималардан шикоят қиляпти-ю, нималарни кўнгиллари тусаяпти?!
Кейин Усмон розияллоҳу анҳу: “Эй Абдуллоҳ, байтулмолда бир неча йилдан бери олмай турган маошингиз тўпланиб қолган. Шуни олиб келиб берайми?” деб сўрадилар. Тирикчиликка, эҳтиёжингизга ишлатасизми деб нақд пулни таклиф қиляптилар ҳазрати Усмон.
Бунга жавобан Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Эй Усмон, дунёдан кетаётган одамга пулнинг нима кераги бор?” дедилар.
Усмон розияллоҳу анҳу: “Агар сизга керак бўлмаса, ёш қизларингиз бор. Уларга керак бўлади” дедилар.
Шунда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Сиз қизларимга фақирлик етишидан хавотирланяпсизми? Мен уларга бу дунёдан кўра яхшироқ нарсани қолдириб кетяпман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси хонадонда Воқеа сураси ўқилса, у жойда ҳаргиз фақирлик бўлмайди” деганлар. Қизларимнинг ҳаммасига Воқеа сурасини ёдлатиб қўйдим” деб жавоб бердилар.
Халифа томонидан таклиф қилинган пул оз эмасди. 3-4 йиллик маош эди. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эса буюк саҳобалардан эдилар. У киши шунда ҳам пулни рад этиб, “Бизда ундан яхшироқ нарса бор” дея олдилар.
Ҳа, улар нақд нарсани олмай, Пайғамбар алайҳиссаломнинг насия ваъдаларига қаттиқ ишонишган. Бизда шу нарса етишмайди. Биз билан уларнинг ораларидаги фарқ шу жойда кўринади. Биз нақд пулимизга ишонамиз. Агар биз Аллоҳ таоло айтганидек, Пайғамбар алайҳиссалом кўрсатганларидек яшасак, жонимизни кўп қийнамасак ҳам, ризқимизни Аллоҳ етказаверади. Биз озгина ҳаракат қилиб қўйсак кифоя. Ризқимиз биз ўйламаган томондан келиши учун бизда тақво деган нарса бўлиши лозим.
Хўш, тақво нима?
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтдилар: “Тақво Аллоҳдан қўрқиш, Қуръон бўйича яшаш, озига рози бўлиш, кетадиган кунга тайёрганлик кўриш”.
Тақво нима? Тақво –эҳтиёткорлик.
Кўпчилигимиз бешинчи қаватдан пастга қараганмизда бошимиз айланиб, кўзимиз тиниб кетади. Эҳтиёткорлик юзасидан деразани ушлаб оламиз. Шу ушлаб олган нарсамиз тақводир. Яъни пастга қулаш гуноҳга ботиш бўлса, гуноҳ қилмай, Аллоҳдан қўрқиб, У Зот кўриб турганини ҳис қилиб, турган жойимизда тўхтай олишимиз тақводир. Тақводорлар учун кўплаб фойдалар ваъда қилинган. Келинглар улар билан бирма-бир танишиб чиқайлик.
1. Аллоҳ тақводорлар билан бирга бўлади.
“Зотан, Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан (ҳамиша) биргадир”. (Наҳл сураси, 128-оят).
Агар Аллоҳ сиз билан бирга бўлса, сизда бирор муаммо бўладими?
Агар Аллоҳ сиз билан бирга бўлса, сизни бировга муҳтож қиладими?
Пайғамбар алайҳиссалом Мадина бу тарафда бўлса, барча тадбирларни ишга солиб, бошқа томонга қараб йўл олдилар. Шериклари Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан бирга Савр ғорига яшириндилар. Мушриклар уларнинг изларидан ғоргача боришди. “Муҳаммад Абу Бакр билан шу ерда экан” дейишди. Пайғамбар алайҳиссалом шериклари билан бирга мушрикларнинг оёқларини кўриб турдилар. Аллоҳ қандай сақлади? Аллоҳ нега уларни сақлади?
Абу Бакр розияллоҳу анҳу мушриклар ғор оғзидан кетишгач, қаттиқ йиғладилар. Пайғамбар алайҳиссалом: “Эй Абу Бакр, нега йиғлаяпсиз?” деб сўрадилар. У киши: “Эй Расулуллоҳ, агар улар оёқларининг тагига қарашганда бизни кўришарди. Агар қарашганда исломга нуқта қўйилган бўларди” деб жавоб бердилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Учинчиси Аллоҳ бўлган икки киши ҳақида нима деб ўйлайсиз?” дедилар.
Чиндан ҳам икки ярим километр баландликка чиқишга эринмаган мушриклар оёқлари остига қарашга эринишди. Ким қилди бу ишни? Динини комил қилишни ирода қилган Аллоҳ қилди. Нима учун шундай қилди? Чунки, ғордаги икки киши тақводор эдилар.
Аммо бизда шериклар ҳеч барака топган эмас. Камдан кам ҳолдагина иши яхши бўлган. Иккита одам шерик бўлса, ишининг мазаси қочади. Пайғамбар алайҳиссалом: “Икки киши шерик бўлса, икковлари ҳам Аллоҳдан қўрқсалар, бир-бирларига хиёнат қилмасалар, учинчилари Аллоҳ бўлади. Агар бири иккинчисига хиёнат қилса, ўз нафсини устун қўйса, ораларидан Аллоҳ чиқиб кетади-да, шайтон кириб олади” деганлар.
Демак, шерикчиликда хиёнат, ўз нафсини устун қўйиш, бировнинг ҳақидан қўрқмаслик авж олгани учун учинчи шерик ким бўлиб қолаётгани маълум бўлди.
Иброҳим алайҳиссалом тақводор бўлганлари сабабли Аллоҳ у киши билан бирга бўлди. Шунинг учун олов у зотни куйдирмади.
Мусо алайҳиссалом тақводор бўлганлари сабабли Аллоҳ у киши билан бирга бўлди. Натижада у зот ўз қавмлари билан денгиздан эсон-омон ўтиб олиб, Фиръавннинг зулмидан қутулдилар. Фиръавннинг ўзи эса ўша денгизга ғарқ бўлди.

2. Аллоҳ тақводорларни яхши кўради.
“Албатта, Аллоҳ тақволиларни яхши кўргай” (Тавба сураси, 4-оят).
Агар Аллоҳ сизни яхши кўрса, бировга зор қилиб қўядими? Бировга ташна қилиб қўядими? Яхши кўрган боламизга совуқ шабадани ҳам раво кўрмаймиз. Болаларимизни яхши кўрганимиз учун эртадан кечгача тиним билмай ишлаб юрибмиз. Ота ўз боласига ўн фоиз меҳр берса, она ўн беш фоиз меҳр берар экан. Аллоҳнинг бандасига меҳричалик меҳр Ер юзида бўлиши мумкинми? Ўн фоиз яхши кўрадиган ота боласига қанчалик мурувват кўрсатяпти! Ўн беш фоиз яхши кўрган онаизор боласига қанчалик борлиғини бахшида этяпти! Энди Аллоҳнинг меҳрини, муҳаббатини тасаввур қилиб олаверинг! Демак, Аллоҳ сизни яхши кўришини истасангиз, тақводор бўлишдан ўзга чорангиз йўқ!
3. Аллоҳ тақводорларнинг дўстидир.
 “Аллоҳ эса тақводорларнинг дўстидир” (Жосия, 19). 
Агар ёғочсоз уста ёки машина созловчи уста сизнинг дўстингиз бўлса, ўша соҳаларда ишингиз тез битади. Ёғоч иши ёки машина иши сиз учун муаммо бўлмайди. Чунки, муаммойингизни ҳал қилиб берадиган яқин дўстингиз бор. Энди Аллоҳ сизнинг дўстингиз бўлса, нима бўлади?! Тасаввур қилинг: дуо қилсангиз, дарҳол ижобат этади, кечирим сўрасангиз, дарҳол кечиради.


4. Аллоҳ тақводорларнинг ишларини осон қилиб қўяди.
“Кимки Аллоҳга тақво қилса, (Аллоҳ) унинг ишини осон қилур” (Талоқ сураси, 4-оят).
Биз “Ишингиз ўнгидан келсин!” деймиз. Ишни ўнгидан келтирадиган ким? Албатта, Аллоҳ таолодир.
Машина созлайдиган бир уста 20 йилдан бери машинанинг маторини таъмирлайди. Ҳар сафар иши текис чиқар эди. Негадир шу сафар ундай бўлмади. Ўша эҳтиёт қисмлар, ўша уста, ўша қўл. Аммо негадир бу сафар қийин бўляпти. Кўнгилдагидек чиқмаяпти. Авваллари унинг ишини ким осон қилаётган эди? Бу сафар ким қийин қилди? Нима учун? Агар барчаси ўша устанинг ўзигагина боғлиқ бўлганда эди, иш ҳеч қачон қийин бўлмасди. Чунки, у уста ишни ҳар доимги тартибда олиб бораётган эди. Демак, барчасини Аллоҳ осон қилаётган экан. Бу сафар қийин қилган ҳам Аллоҳ экан. Бунинг сабаби эса ўша устанинг тақводор бўлмагани экан. 
Бадрда мусулмонларнинг сони 313 та эди. Сон жиҳатидан анча кўп бўлган мушрикларга қарши жанг қилиб, уларни енгишди. Аллоҳ уларнинг ишларини енгил қилди. Аллоҳ учун уришганлари сабабли шундай бўлди. Аллоҳ уларга ёрдам бериш учун жуда кўп фаришталарни туширди.
Уҳудда эса, тақвони унутиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмаларини унутиб, нафс кетидан, ўлжа кетидан югурган тоғ тепасидаги айрим камончилар сабабли нақд ғалаба мағлубиятга айланди. Агар Аллоҳга тақво қилинса, ишлар хамирдан қил суғургандек осон битади. Беғам яшаш мумкинми? Албатта, мумкин. Дўсти Аллоҳ, яхши кўрадигани Аллоҳ, ишларини осон битириб берадигани Аллоҳ бўлса, ундай банданинг ғами бўладими?! Тақводор бўлгандагина инсон беғам, бехавотир яшайди.
5. Аллоҳ тақводорларнинг гуноҳларини кечиради.
Кимки Аллоҳга тақво қилса, унинг ёмонлик (гуноҳ)ларини ўчирур ва унинг мукофотини буюк қилур” (Талоқ сураси, 5-оят).
Барчамиз гуноҳкормиз. Аллоҳ гуноҳимизни кечиришини ҳаммамиз умид қиламиз. Ҳаммамиз истиғфор айтамиз. Лекин Аллоҳ таоло фақат тақводор бандасининг гуноҳларини кечирар экан.
6. Аллоҳ тақводорларни қўрқув ва ғамдан сақлайди.
Кимки тақволи бўлиб, (ўзини) тузатса, у (каби)ларга (охиратда) хавф йўқ ва улар ташвиш ҳам чекмагайлар” (Аъроф сураси, 35-оят).
Уламолар бу оятнинг тафсирида шундай дейишган: “Уларга бу дунёда қўрқув йўқ, охиратда эса ғам йўқ”.
Тақводор банда нарх-наво қимматлашишидан қўрқмайди. Ёмғир-қор кўп ёғишидан қўрқмайди. Душманлардан қўрқмайди. Одамларнинг гап-сўзларидан қўрқмайди. Ҳеч  нарсадан қўрқмайди. Чунки, у фақат Аллоҳдангина қўрқади. Ана шунда у ҳақиқий хотиржамликка эришади. Пайғамбар алайҳиссалом: “Ким барча ғамларини битта ғам – Аллоҳни рози қилиш ғамига айлантириб олса, Аллоҳ у бандасининг ҳамма ғамларини Ўз зиммасига олади” деганлар. Биз эса айнан шу битта ғамни олиб ташлаб, қолган барча ғамларни зиммамизга юклаб олганмиз. Бу ғамларни бир ўзимиз ҳал қила олмаслигимизни биламиз-у, лекин барибир кўтариб юраверамиз.
7. Аллоҳ тақводорларнинг амалини қабул қилади.
“(Қурбонликни) Аллоҳ аслида тақволи кишилардан қабул қилур” (Моида сураси, 27-оят).
Ҳамма намоз ўқийди, ҳамма рўза тутади, ҳамма садақа қилади. Аммо Аллоҳ фақат тақводорларнинг амалини қабул қилар экан. Масжид эҳсон қутисига ҳамма пул солаётгани учун солдингиз. Ёнингиздагилар сиз ҳақингизда ёмон ўйлаб қолишларидан қўрқиб солдингиз. Гуноҳкор бўлдингиз. Чунки, сиз Аллоҳ розилиги учун эмас, одамларнинг гап-сўзларидан қўрқиб ёки одамлар сахий дейишлари учун бердингиз. Яхшиси бермаганингиз маъқул эди. Ўзингизга гуноҳ орттириб нима қиласиз. Ҳам пул бердингиз, ҳам гуноҳкор бўлдингиз.
8. Аллоҳ тақводорларга барака беради.
“Агарда (мазкур) юртларнинг аҳолиси имон келтирган ва тақво қилганларида эди, улар устига осмонлар ва Ердан баракотлар (эшиклари)ни очиб юборган бўлур эдик. Лекин (улар пайғамбарларни) ёлғончига чиқардилар. Натижада қилмишлари сабабли уларни (азобга) тутдик” (Аъроф сураси, 96-оят).
Аллоҳ таоло бу оятда биздан иккита нарсани талаб қиляпти: “иймон келтиринглар ва тақво қилинглар, Мен сизларга осмондан ҳам, Ердан ҳам барака бераман”. Барчамизда иймон бор, алҳамдулиллаҳ. Энди тақво қолди. Тақво қилсак, умримизда ҳам, ризқимизда ҳам, бола-чақамизда ҳам, барча ишларимизда ҳам барака бўлади.
9. Аллоҳ тақводорлардан душманларнинг макрини қайтаради.
“Агар сабр билан тақвода бўлсангиз, уларнинг макрлари сизларга ҳеч қандай зарар етказмайди” (Оли Имрон сураси, 120-оят).
Барчамизнинг дўст-душманимиз бор. Агар тақводор бўлсак, ўша душманларимизнинг макру ҳийлаларидан Аллоҳ бизни сақлайди.
10. Аллоҳ тақводорларга илм беради.
“Аллоҳдан қўрқингиз! Аллоҳ сизларга (шундай) таълим беради. Аллоҳ ҳамма нарсани билувчи зотдир” (Бақара сураси, 282-оят).
Яқинда бир гурух жарроҳлар боши ёпишиб туғилган эгизаклар устида жарроҳлик амалиётини ўтказишди. Хали бунақаси бўлмаган экан. Илм-фан, технология ожизлик қилди. Ўша эгизаклар вафот этди. Амалиёт муваффақиятсиз чиқди.
Мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг даврларида бир-бирига ёпишиб чақалоқлар туғилди. Бири тирик, иккинчиси ўлик. Ўлигини кўтариб юраверса, сасиб кетади. Кўмиб юборайлик дейилса, тириги бор. Нима қилиш керак? У зотнинг олдиларига келишди. Аллоҳ таоло у зотга шундай бир илҳом бердики, келганларга дедилар: “Ўлигини ерга кўминглар, тириги ер устида қолсин. Тиригига овқат-озиғини бериб туринглар”. Орадан бир неча кун ўтиб, ер уларни ажратиб олди. Ҳозирги шифокорлар, жарроҳлар тиз чўксинлар бу зотнинг олдида.
Хўш, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ жарроҳ бўлганми? Жарроҳлик столи бўлганми? Нимаси бўлган? Албатта, тақвоси! Тақвоси борлиги учун Аллоҳ унга бу муаммонинг илмини, ечимини ўргатди. Икки оғиз сўзлари билан муаммони ҳал қилдилар. Замонавий аппаратлар ёрдамида шифокорлар қила олмаётган нарсани, у зот икки оғиз сўзлари билан бажардилар. Чунки, ўша икки оғиз сўзни айтган одам тақводор эди. Ким тақво қилса, Аллоҳ унга ҳамма нарсанинг илмини ўргатади. Яшашни ҳам, пул топишни ҳам, дам олишни ҳам, хотиржамликни ҳам.
11. Аллоҳ тақводорларни жаҳаннамдан қутқаради.
“Сизлардан ҳар бирингиз унга (жаҳаннамга) тушувчидирсиз. (Бу) Раббингиз (иродасига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир. Сўнгра тақводор бўлганларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз” (Марям, 71-72).
Оятдаги “тушувчи” сўзи арабчада “варидун” бўлиб келган. Бу сўз муфассирларнинг фикрига кўра, жаҳаннамга киришни ва сирот кўпригидан ўтишни англатади. Бу ерда ҳам Аллоҳ тақводор бандаларини жаҳаннамдан қутқаришини эълон қилмоқда. Демак, жаҳаннамдан қутулишнинг энг муҳим йўли – тақводор бўлишдир.
12. Аллоҳ тақводорларга жаннатни беради.
“Раббингиздан (бўлувчи) мағфиратга ва кенглиги осмонлару Ерга тенг, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари (солиҳ амаллар қилиш билан) шошилингиз!” (Оли Имрон сураси, 133-оят).
Ким жаннатга киришни хоҳласа, тақводор бўлсин!
Ким жаннат неъматларидан баҳраманд бўлишни хоҳласа, тақводор бўлсин!
Ким жаннатдаги ҳурларга, узумзор боғларга етишишни истаса, тақводор бўлсин!
13. Аллоҳ оқибатни тақводорларники қилади.
“Тақволилар учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли: унинг остида анҳорлар (доимо) жорий, мевалари ва соялари боқийдир. Бу тақво қилганларнинг оқибати (мукофоти)дир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир” (Раъд сураси, 35-оят).
Юқоридагилардан шу нарса маълум бўлдики, тақводор бўлмай иложимиз йўқ экан!
Аллоҳ биз билан бирга бўлсин десак, ТАҚВОДОР бўлайлик!
Аллоҳ бизнинг дўстимиз бўлсин десак, ТАҚВОДОР бўлайлик!
Аллоҳ бизни яхши кўрсин десак, ТАҚВОДОР бўлайлик!
Гуноҳларимиз кечирилсин десак, ТАҚВОДОР бўлайлик!
Хотиржам, тинч-тотув ва яхши яшайлик десак, ТАҚВОДОР бўлайлик!
Ишимиз осон битсин десак, ТАҚВОДОР бўлайлик!
Мушкулларимиз енгиллашсин десак, ТАҚВОДОР бўлайлик!
Ризқимизга, умримизга, бола-чақаларимизга ва барча ишларимизга барака кирсин десак, ТАҚВОДОР бўлайлик!
Душманларимиз бизга макр қилолмасин десак, ТАҚВОДОР бўлайлик!
Амалимиз қабул бўлсин десак, ТАҚВОДОР бўлайлик!
Илм олишимиз осон бўлсин десак, ТАҚВОДОР бўлайлик!
Қўрқув ва ғамдан халос бўлайлик десак, ТАҚВОДОР бўлайлик!
Жаҳаннамдан қутулайлик десак, ТАҚВОДОР бўлайлик!
Жаннатга кирайлик десак, ТАҚВОДОР бўлайлик!
Дунё ва охиртдаги гўзал оқибат бизники бўлсин десак, ТАҚВОДОР бўлайлик!
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг тақводор бандаларидан айлаб, юқоридаги ютуқларга эриштирсин, омин!

Жумъа мавъизалари асосида
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz