Одамларнинг насабига тил теккизиш Принтер учун
28.04.2015 й.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Икки нарса бор. Умматим уларни тарк қилмайди. Бири ўлганга йиғлаш, иккинчиси насабга тил теккизиш», – дедилар».
Шарҳ: Бу икки салбий нарсадан қўрқиш керак. Булар жуда ёмон нарсалардир.
Ўлганда айтиб йиғлаш мутлақо мумкин эмас. Бу ишни қилиш Аллоҳ таолонинг қазои қадарини тан олмаслик дея баҳоланади. Расулуллоҳ алайҳиссалом кўпгина ҳадисларида ўлганга айтиб йиғлашдан қайтарганлар. Бу ношаръий ишдан нафақат йиғлаган шахс, балки ўлган ҳам зиён кўришини таъкидлаб айтганлар.
Шунингдек, одамларнинг насабига тил теккизиб, бу ҳаромдан бўлган, бу зинодан бўлган, бу фалон бўлган, бу пистон бўлган, деган гапларни зинҳор-базинҳор айтмаслик керак. Бу ношаръий ишни қилган одам ҳам катта гуноҳ қилган бўлади. Чунки, бировнинг насабига тил теккизиш унинг наслига зино аралашганини даъво қилиш демакдир. Албатта, бу нарса мусулмонларда жуда оғир мусийбат ҳисобланади.
Ҳадиси шарифнинг умумий маъносидан бу икки номақбул ишга одамлар кўпроқ мубтало бўлишлари аён бўлиб турибди. Шунинг учун, улардан алоҳида эҳтиёт бўлишимиз лозим.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz