Озорга сабр қилиш Принтер учун
28.04.2015 й.
Абу Мусодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳеч бир кимса ёки ҳеч бир нарса Аллоҳ азза ва жаллачалик ўзи эшитган озорларга сабр қила олмайди. Улар: «Аллоҳнинг боласи бор», дейишади. У зот эса, уларга офият ва ризқ берур», – дедилар».
Шарҳ: Биз ожиз бандалар бирор озорни эшитганимизда, сабр қила олмай, аччиғимиз чиқади. Ўзимизни ҳар тарафга урамиз. Озор берганни сўкамиз, қарғаймиз, унга қарши турли чоралар қўллашга ўтамиз.
Аллоҳ азза ва жалла эса, озорларни эшитади ва уларга сабр қилади. Бошқа ҳеч бир зот, ҳеч бир нарса Аллоҳчалик озорларга сабрли эмас. Баъзи бандалар ўзларини яратган Зотга озор бўладиган гапларни ва амалларни қиладилар.
Мисол учун, баъзи бир нобакор одамлар: «Аллоҳнинг боласи бор», дейишади. Аллоҳ таоло бу гапларни эшитади, билади, ҳисобга олади. Аммо уларга ҳеч қандай жазо беришга ҳаракат қилмайди. У зот сабр қилади, уларга офият–соғлик-саломатлик ато қилади ва ҳатто, уларга ризқ ҳам бериб туради. Яратган Холиққа ширк келтириб турган одамларга нисбатан Аллоҳнинг Ўзи ана шундай муносабатда бўлади.
«Аллоҳнинг боласи бор» дейиш Аллоҳ таолога нуқсон нисбат беришдир. Болали бўлиш ожиз бандага хосдир. Ожиз бандада болага эҳтиёж бўлади. Банда фарзанд кўрса, хурсанд бўлади, қариганимда боқади, дейди ва ҳоказо.
Бироқ Аллоҳ азза ва жалла болага эҳтиёжли бўлса, У зотнинг илоҳлиги қолмайди. «Аллоҳнинг боласи бор» дейдиган одамлар қадимда ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор.
Лекин Аллоҳ таоло уларга нисбатан ва улардан содир бўладиган озорларга ҳам сабр қилади. Сабр қилиб, ана шу номаъқул гапни айтган одамларни кечириб, уларга ҳаёт бериб, яна уларнинг ризқини ҳам бериб, қорнини тўйғазиб, устуни бут қилиб, бошқа турли неъматларни ҳам бериб боради.
Бу ҳолат бандаларга ўрнак бўлиши керак. Банда Аллоҳ таоло ўргатган хулқлардан ибрат олиши керак.

Шақийқ Абдуллоҳдан қуйидагиларни эшитган экан:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга мол тақсим қилиб бердилар. Одатда қандай тақсим қилган бўлсалар, шундай тақсимладилар.
Шу пайт ансорийлардан бир киши:
«Аллоҳнинг номи билан қасамки, мана шу тақсимлашда Аллоҳ азза ва жалланинг розилигини ирода қилинмади», – деди.
«Буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтаман», дедим ва ҳузурларига борсам, у зот саҳобаларнинг орасида ўтирган эканлар. Бас, қулоқларига секин айтдим. Бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жуда оғир ботди. Юзлари ўзгариб кетди. Ғазаблари қўзиди. Бу ҳолатларини кўриб, «Айтмасам бўлар экан», дедим.
Сўнгра у зот:
«Мусога бундан ҳам кўпроқ озор беришган, лекин у сабр қилган», – дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадис сабр қилиш, озор етганда ўзини босиш улуғ Анбиёларнинг сифати эканига далолат қилмоқда. Мусо алайҳиссалом улул-азм Набийлардан биридирлар. Ҳақийқатан ҳам, у кишига Бани Исроил қавми жуда кўп озор берган, лекин у зот сабр қилганлар.
Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказилган озор ҳам унча-мунча озор эмас. Дунёдаги энг адолатли шахсга «Аллоҳнинг розилиги учун тақсим қилинмади» деган гапни айтиш жуда катта бўҳтон, туҳматдир.
Бироқ шундай бўлса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига Мусо алайҳиссаломни мисол қилиб олиб, мана шундай оғир гапга сабр қилдилар, чидадилар.
Ана шундай зотнинг умматлари бўлган сиз билан биз–мўмин-мусулмонлар ҳам бундай пайтларда сабр қилишни ўрганишимиз керак.
Ушбу ривоятдаги нобакор шахсга ўхшаш кишилар доимо топилиб туради. Бу каби нусхаларнинг ўзлари дийнда ҳеч қандай обрўга эга бўлмайдилар. Аммо даъволари осмонга етади. Улар одамлар ҳузурида ўзини кўрсатиш ҳаракатида бўлишади. Обрўли кишиларни айблаб, ўзларига шуҳрат ошириш пайидан бўладилар.
Албатта, ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинганидай ҳодисалар ҳар бир кишининг ҳаётида тез-тез учраб туради. Уларнинг ҳар бирига ғазаб қилиб, жанжал бўлаверса, одамнинг умри шу билан ўтиб кетиши керак. Бироқ сабр қилинса, иншоаллоҳ, ажр-савоб олинади, уриш-жанжаллардан қутулиб қолинади.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одамларга мол тақсимлаб турганлари.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳам у зотга беодоблик қилувчи шахсларнинг бўлгани.
3. Бирор ноқулай гапни эшитган одам уни раҳбарга етказиши кераклиги.
4. Муҳим хабарларни кўпчиликка эшиттирмасдан, раҳбарнинг ўзига айтиш кераклиги.
5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ноқулай гап жуда оғир ботиши.
6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазаблари қўзиганда юзлари ўзгариб кетиши.
7. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрли зот эканлари.
8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрда Мусо алайҳиссаломдан ўрнак олганлари.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz