Одамларнинг озорларига сабр қилган кимса Принтер учун
28.04.2015 й.
Ибн Умардан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамларга аралашиб, уларнинг озорларига сабр қилиб юрадиган мўмин одамларга аралашмасдан, уларнинг озорларига сабр қилмайдиган мўминдан яхшидир», – дедилар».

Шарҳ: Кўпчиликка аралашиб, уларни яхшиликка чақириб, амру маъруф, наҳйу мункар қилиб, қўлидан келганича инсофга чақириб, шу туфайли уларнинг даккиларини, сўкишларини эшитиб, озорларини кўриб, сабр қилиб борган мўмин ўзи учун ҳам, бошқалар учун ҳам, жамият учун ҳам фойдали киши ҳисобланади.
Одамларга аралашмай уйига кириб ўтириб олган, бировдан бир гап эшитса, аччиғи келиб, уриш-жанжал қиладиган одамда хайр-барака йўқ. Бундай одам, жуда борса, ўзи учунгина бирор иш қила олади, холос. Лекин бундай одамнинг жамият учун, одамлар учун, мўмин-мусулмонлар учун, дийн-диёнат учун бирор хизмат қилиши қийинроқ бўлади.
Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга аралашиб, уларнинг озорларига сабр қилиб юрадиган мўминни афзал деб айтганлар.
Бу нарсани сиз билан биз ҳам ўзимизга сингдириб олишимиз керак. Одамларга аралашганда улардан озор етса, сабр қилишимиз, бунинг эвазига охиратда улуғ мартабалар берилишидан умидвор бўлишимиз лозим.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz