Уйларнинг энг яхшиси етимга яхшилик қилинган уйдир Принтер учун
01.04.2015 й.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмонлар ичида энг яхши уй етимга яхшилик қилинаётган уйдир. Мусулмонлар ичида энг ёмон уй етимга ёмонлик қилинаётган уйдир. Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана бундаймиз», – деб икки бармоқлари ила ишора қилдилар».
Шарҳ: Яъни, бармоқларини бирлаштириб кўрсатдилар.
Замонамизда турли-туман танловлар ўтказиш одат тусига кириб қолди. Уларда турли қобилият ва афзалликларни аниқлаш ва уларга кишиларнинг эътиборини тортиш нияти ҳам бор.
Айтайлик, мусулмонлар жамиятида энг яхши хонадон танлови ўтказиладиган бўлди. Умумий маънода ўтказиладиган бу танловнинг ғолибини аниқлашга асосий ҳакам ушбу ҳадиси шариф бўлади. Мазкур танловда етимга яхшилик қилинаётган хонадон ғолиб бўлади.
Агар салбий маънода танлов ўтказиб, энг ёмон хонадонни аниқлаш керак бўлса ҳам, ушбу ҳадиси шариф ҳакам бўлади. Мазкур танловда етимга ёмонлик қилинаётган хонадон ғолиб бўлади.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Мусулмонлар ичида энг яхши уй етимга яхшилик қилинаётган уйлиги.
2. Мусулмонлар ичида энг ёмон уй етимга ёмонлик қилинаётган уйлиги.
3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва етимнинг кафили жаннатда кўрсаткич ва ўрта бармоқлар бирлашиб тургандай бирга бўлиши.


 
« Олдинги   Кейинги »