Аҳзоб сураси, 56-57-оятлар Принтер учун
12.01.2015 й.
Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтишади. Эй иймон келтирганлар, унга салавот айтинглар ва салом йўлланглар. Аллоҳга ва Унинг Расулига озор берадиганларни Аллоҳ бу дунё ва охиратда лаънатлади ҳамда уларга хорловчи азобни тайёрлаб қўйди
(Аҳзоб сураси, 56-57-оятлар).

Ушбу ояти карималар Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадр-қимматлари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қанчалар улуғ эканини яна бир бор кўрсатмоқда. Бошқа биров эмас, Аллоҳ таолонинг Ўзи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиши таъкидланмоқда.
Араб тилида «салавот» сўзи «салот»нинг жами бўлиб, «дуо» маъносини англатади. Араб тилида намоз ҳам «салот» дейилади. Чунки намозда ҳам дуо маъноси бор. Аммо «салот» Аллоҳ таоло томонидан бўлганида «дуо» маъносини йўқотади. Аллоҳ таолонинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишининг маъноси у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади.
Фаришталарнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишлари у зоти бобаракот ҳақларига дуо қилишлари, истиғфор айтишлари маъносида бўлади. Мўмин-мусулмонларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишлари эса улар томонидан бўлган дуо ва улуғлаш маъносидадир.
Демак, Аллоҳ таоло доимо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан рози эканини билдириб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга мақтовлар айтиб турар экан.
Фаришталар ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳдан раҳмат, саломатлик, розилик сўраб, дуо қилиб туришар экан. Ояти каримада таъкидли хабардан кейин мўминларга: «Эй иймон келтирганлар, унга салавот айтинглар ва салом йўлланглар», деб амр қилинмоқда.
Бу амрга биноан, ҳар бир мўмин учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ва салом юбориш фарз бўлиб қолади. Бу хусусдаги баҳсларда уламоларимиз «Умрда бир марта ёки ҳар бир мажлисда бир марта ёки у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари ҳар зикр қилинганида бир марта салавот айтиш керак», деганлар. Амалда эса охиргиси – яъни ҳар исмлари зикр қилинганида салавот айтиш урф бўлган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишни амр қилган экан, бу салавот қандай қилиб айтилади, деган савол пайдо бўлиши табиий. Жумладан, ушбу оят нозил бўлганидан кейиноқ худди шу савол саҳобаи киромларда пайдо бўлган.
Имом Бухорий ва имом Муслим Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтиладики: «Бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизга салом беришни-ку, биламиз, аммо салавот айтиш қандай бўлади?» деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳумма солли ъалаа Муҳаммадив ва ъалаа аали Муҳаммад. Кама соллайта ъалаа Иброҳима ва ала аали Иброҳим. Иннака ҳамидум-мажид. Аллоҳумма барик ъала Муҳаммадив ва ъалаа аали Муҳаммад. Кама барокта ъалаа Иброҳима ва ъалаа аали Иброҳим. Иннака ҳамидум мажид», деб айт», дедилар (Дуонинг маъноси: «Аллоҳим, Муҳаммад алайҳиссаломга Ўзингнинг зиёда раҳматларингни нозил қилгин. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оила аъзоларига ҳам. Худди Иброҳимга ва Иброҳимнинг аҳли байтларига ўз раҳматингни нозил қилганингдек. Муҳаммадга ва Муҳаммаднинг аҳли байтларига ўз баракангни нозил қил. Худди Иброҳим ва Иброҳимнинг аҳли байтларига ўз баракангни нозил қилганингдек. Албатта, Сенинг Ўзинг мақталган, улуғланган Зотсан»).
Бошқа ҳадисларда ҳам бир оз фарқли сийғалар келган. Шундан кўриниб турибдики, бир хил сўзлар билан салавот айтиш шарт эмас. Турли сўзлар, турли иборалар билан айтса ҳам бўлаверади. Энг муҳими, албатта айтиш керак.
Баъзи кишиларда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг Ўзи салавот айтиб турса, Унинг фаришталари салавот айтиб турса, мўминларнинг салавотига нима ҳожат бор, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Бу саволга жавоб шулки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўминларнинг салавотига эҳтиёжлари йўқ. Балки мўминлар у зотга салавот айтишга муҳтождирлар. Улар ушбу салавотлари ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаб, савоб оладилар. Дуолари қабул бўлади. Муродларига етадилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва имом Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда Омир ибн Робиъанинг оталари қуйидагиларни айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким менга салавот айтса, фаришталар унга ҳам менга айтган салавотининг баробарида салавот айтиб турадилар. Банда салавотни хоҳласа, оз айтсин, хоҳласа, кўп», деганларини эшитдим».
Бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади», деганлар.
Қуръон тиловати ва Аллоҳнинг зикридан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш энг савобли ишлардан ҳисобланади. Чунки бу нарса Аллоҳ таолонинг амридир. Шунинг учун ҳам намознинг ташаҳҳудида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилади. Имом Шофеъий: «Ташаҳҳудда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилмаса, намоз намоз бўлмайди», деганлар.
Имом Насаий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбаллар ривоят қилган ҳадисда Абу Толҳа розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидан қувонч балқиган ҳолда келдилар. Биз: “Юзингизда қувонч кўрмоқдамиз?!” дедик. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чунки ҳузуримга фаришта келиб, «Эй Муҳаммад, албатта, Роббинг айтурки: «Ким сенга салавот айтса, албатта, Мен унга ўн марта салавот айтишим, ким сенга салом айтса, Мен унга ўн марта салом айтишим сени рози қилмайдими?» деди», деб хабар бердилар».
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп салавот айтганлардир», деганлар.
Ушбу маънодаги ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўпдир. Мусулмонлар ушбу оятга ва ҳадисларга асрлар давомида чин ихлос билан амал қилиб келмоқдалар. Намозларида ўз Пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтмоқдалар. У зоти бобаракотнинг номи шарифлари зикр этилиши билан салавот айтишга шошиладилар. Аҳли солиҳ кишиларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишдан иборат кундалик вазифалари ҳам бор. Аксинча, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари зикр қилинганида, у зотга салавот айтилмаса, бу мусулмонларнинг надоматга йўлиқишларига сабаб бўлади. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Имом Термизий ва имом Насоийлар ривоят қилган ҳадисда: «Кимнинг ҳузурида мен зикр қилинсам-у, у менга салавот айтмаса, ўша одам бахилдир», деганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак номлари зикр этилганида, у зот алайҳиссолату вассаломга салавот айтмаслик шунчалик ёмон бўлса, у кишига озор бериш қанчалик бўларкин?! Аллоҳга озор бериш – Аллоҳга куфр, ширк келтириш, Унга осий бўлиш, Уни ўзига мос бўлмаган сифатлар билан сифатлаш, динга, пайғамбарларига, китобларига тил теккизиш каби ёмон амаллардир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга озор бериш эса ўша вақтда у зотга қарши чиқиш, жисмоний ва маънавий зарба бериш, шахсларига, оилалари ва умматларига нисбатан ёмонлик қилиш, иғво, бўҳтон қилишдан иборатдир. Ҳозирда ҳам худди шундай: ким у кишининг шахсларига, динларига, шариатларига, оилаларига, китобларига, суннатларига, умматларига тил теккизса, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга озор берган бўлади.
Аллоҳ таолога ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга озор берганларни эса «…Аллоҳ бу дунё ва охиратда лаънатлади...». Яъни лаънатлаб бўлди. «Келажакда лаънатлайди» эмас. Шунингдек, «...уларга хорловчи азобни тайёрлаб қўйди». Аллоҳга ва Унинг Расулига берган озорлари учун охиратда хорловчи азоб билан азобланадилар.

(“Тафсири Ҳилол”дан).

 
« Олдинги   Кейинги »