Танловга: ВОЛА Туркум) Принтер учун
12.01.2015 й.
* * *
Эй Сен, Соқий, карам этгил, тўлдириб қуй,
Хобгоҳида дунё ётар — бир парирўй.
Қара, унинг қучоғида мудраб борар,
Ухламасдан бурун уни уйғотиб қўй.

* * *
Эй Сен, айтгил, олисми бу йўл ораси?
Тузалмасми энди сира дил яраси?
Сенга қандай юзланаман Маҳшар куни,
Бўм-бўш турса тарозининг бир палласи!

* * *
Эй Сен, ахир биласан-ку бехабарман,
Билмаганим учун бунда бехатарман.
Қара, қандай ошиқ бўлдим дунёга мен,
Бу савдони энди қандай тўхтатарман?

* * *
Эй Сен, қара, қандай ажиб тақсимотинг,
Шу сабабми Холиқ эрур битта отинг?
Аммо... баъзан иккиланиб қолишим бор,
У дунёда эмасмиди Пулсиротинг?!

* * *
Эй Сен, менинг ошиқлигим билмайсанму?
Қуруқ даъволарни кўзга илмайсанму?
Дунёнинг дорида турибман, қара,
Қутқазмоққа келмайсанму, келмайсанму?!

* * *
Эй Сен, менга кўрсатганинг борса келмас,
Бу не савдо, берганингдан кўнгил тўлмас.
Ахир, менга қанақа соз узатдинг Сен,
Айрилиқдан бошқасини чалиб бўлмас.

* * *
Эй Сен, қара, кўксим аро дарзларим бор,
Алмисоқда Сендан олган қарзларим бор.
Бу омонат менга жуда оғир келди,
Борсам Сенга айтадиган арзларим бор.

* * *
Эй Сен, мендан сўрама ҳеч, кечириб қўй,
Қон дилимни дафтаримга кўчириб қўй.
Ёзиқларим очиб кўрмай, қалбимдаги
Муҳаббатдан бошқасини ўчириб қўй.

* * *
Эй Сен, дилга эккан ниҳол, хазонлиғ не билмасмиш,
Икки дунё азиз эрмиш, арзонлиғ не билмасмиш.
Кўз ёшлардан кўкариб ул, бир куни мева берса,
Ҳосилини олган қулинг армонлиғ не билмасмиш.

* * *
Эй Сен, айт-чи, асли ўзи қай ёқдаман,
Қанча яқин келсанг шунча узоқдаман.
Ўзинг озод қилмасанг гар бир кун келиб,
Боролмайман, тузоқдаман, тузоқдаман.

* * *
Эй Сен, қара, кўзларимни ковлар бир кас,
Яна бири туя ютиб кўрдим демас.
Келганимдан буён излаб тополмайман,
Нега бунинг биронтаси бутун эмас?

* * *
Эй, Сен айтган томонда кўп йўлни кўрдим,
Ўнгни ғажиб бораётган сўлни кўрдим.
Бунча ажиб томонларга йўлладинг Сен,
Оташларда музлаб ётган дилни кўрдим.

* * *
Эй Сен, менинг ёқамдаги қўлларни кўр,
Қаршимдаги борса-келмас йўлларни кўр.
Раҳматингсиз ўтиб бўлмас довонлардан,
Қўксимдаги қақраб ётган чўлларни кўр.

* * *
Эй Сен, энди бу уйқуни бузмоқ керак,
Дунё билан ришталарни узмоқ керак.
Ер остида тинч ётишни истаганлар,
Ер устида бугун режа тузмоқ керак.

* * *
Эй Сен, қара, яшамоққа бермас изн,
Ортимдаги армонларим тизим-тизим.
Сен маломат қилаверма нолишимни,
Кўрмадингми, қалбимдаги оёқ изин?

* * *
Эй Сен, кўргил, энди сабру саботим йўқ,
Пешонамни ўқий десам саводим йўқ.
Беш кун муҳлат берган эдинг — ўтиб борар,
Нега ҳануз яшай десам ҳаётим йўқ?

* * *
Эй Сен, менинг ҳолимнинг харобини бир кўргил,
Гуллаган орзуларнинг саробини бир кўргил.
Бу уй ажиб майхона, қадаҳ сунар куну тун,
Остонада турибман, шаробини бир кўргил.

* * *
Эй Сен, хавотирим ортар кун сайин,
Борар йўлларимни айлагил тайин.
Мен ношуд сайёдман, қўлимдан тутгил,
Ўзимни нишонга олиб қўймайин!

* * *
Эй Сен, Ўзинг карам этгил, тоатим йўқ,
Бу юкингни кўтармоққа саботим йўқ.
Парвонадай ўзим шамга урай дейман,
Лек шамгача олиб борар қанотим йўқ.

* * *
Эй Сен, кетаяпман айтгил қай томон,
Бу сафардан энди қачон қайтаман?
Турткилайвермасин ўнгу сўлимдан,
Йўқса бир кун Сенга бориб айтаман!

* * *
Эй Сен, энди Ўзингдан ёт бўлмакдан асрагил,
Сафаримнинг сўнггида дод бўлмакдан асрагил.
Беаёв рақиблара рўбарў этдинг мени,
Бу хатарли ўйинда мот бўлмакдан асрагил.

* * *
Эй Сен, менга қанот берсанг, учиб кетсам,
Оёқдаги занжирларни ечиб кетсам.
Бир кун келиб изн берсанг, раҳм қилсанг
Одам Ато ҳовлисига кўчиб кетсам.

* * *
Эй Сен, қара, манави кас ёқам йиртар,
Бунисининг ситамлари жонга етар.
Мен ўзимни беркитолмай оввораман,
Нархим билса, иккиланмай сотиб кетар.

* * *
Эй Сен, мени яратдинг минг бир озор ичинда,
Хомталаш бўлиб ётур умрим бозор ичинда.
Бу шундай қимор бўлди, жонимни тикиб қўйдим:
Арқон учи Сенда-ю, бошим шу дор ичинда.

* * *
Эй Сен, менинг дилимга хўп қувончли ғам бердинг,
Шу ёруғ ғамларни деб кўзларимга нам бердинг.
Фақат Сенинг ҳимматинг ҳикматини билмайман:
Нима берсанг, баридан доим битта кам бердинг.

* * *
Эй Сен, Ўзинг карам этгин, инсоф бергин,
Бош қўймоққа меҳроб бергин, тавоф бергин.
Бу жумбоқлар ичра ёлғиз ташлаб қўйма,
Гоҳ-гоҳида сўровимга жавоб бергин.

* * *
Эй Сен, қара, сабрим тўла, кўнгил ярим,
Ахир менинг тугаб борар имконларим.
Мен ҳам ерда ишқ овлаган сайёд эдим,
Лек нишонга тегмас сира пайконларим.

Алишер Назаров
 
« Олдинги   Кейинги »