Танловга: Керак бўлса завжангиздан ҳам илм олинг! Принтер учун
09.01.2015 й.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суюкли завжалари Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қуйидагича ривоят қилади:
Бир куни Абу Рофеънинг хотини Салмо Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурига келди. Салмонинг эри Абу Рофеъ уни ургани учун, ундан кетишга Росулуллоҳдан изн сўраб келганди.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Рофеъдан: “Эй Абу Рофеъ ораларингда нима бўлдики, сен уни урибсан?”—деб сўрадилар.
Абу рофеъ: Эй Росулуллоҳ бу аёл менга озор беряпти—деди.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Салмо нима сабаб унга озор беряпсан”, деб сўрадилар.
Салмо: “мен унга ҳеч озор бермадим. Аммо у намоз ўқиб турган ҳолида ел чиқарганди, шунда унга: “Эй абу Рофеъ Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга ел чиқаргач қайта таҳорат олишни амр қилганлар”, дедим. У бўлса мени ура кетди”, деди.
Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар ва “ҳой Абу Рофеъ аёлинг сени ёмонликка буюрмапти”, дедилар.
Қиссадан ҳисса шуки, эркак киши оилада бошлиқ бўлсада, ўзидан кўра илмли аёлининг сўзига билмаганларини ўргатганда, қулоқ солмоғи керак. Мусулмон эркакка “сени ақлинг етмайди, нимани ҳам билардинг, мен билан ишинг бўлмасин”, деб аёлларни камситиш ярамайди. Илмсиз эр лозим бўлса, ўз аёлидан ҳам илм олиши шарт. Халқ орасида “Эр хотинидан, ота фарзандидан илм олиши мумкинмас. Чунки улар устоз бўлиб қолади, устозга эса қаттиқ гапириб бўлмайди”, деган гаплар юради. Юқоридаги қиссага суянсак бу қоидани айланиб ўтиб, керак бўлса аёлимиздан ҳам илм олишимиз лозимлиги келиб чиқади.

Андижон шаҳар бош имом хатиби Валижон Сидиқбоев
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz