Намозда оёқлар кенглиги ҳукми Принтер учун
25.12.2014 й.
Баъзи намозхонларнинг намоз ўқиётганда қиём ҳолатида оёқлари орасини ҳаддан зиёд кенг қилиб ўқиётганига гувоҳ бўлиб қоламиз. Агар улар жамоат билан ўқишсалар оёғини ёнидаги намозхоннинг оёғига текказиб олишади ва шу нарсани суннат деб билишади. Уларнинг бундай ўқиши ёнидаги намозхоннинг хушуъсини кетишига ҳам сабаб бўлиб қолади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам зарар беришдан қайтарганлар:
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَمَ قَالَ: لَا ضَرَرَ وَ لَا ضِرَارَ ... رَوَاهُ الْحَاكِمُ
Яъни, Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Динда) зарар бериш ва зарар кўриш йўқдир”, дедилар. (Ҳоким ривояти, саҳиҳ)
 Мўътабар тўрт мазҳаб имомлари ҳам оёқларни мазкур кенгликда қўйишга буюрмаганлар. Бундай ҳолат ҳадисларни тўғри тушунмаслик сабабли пайдо бўлган янги ҳолатдир. Ҳадисларни тўғри тушуниш учун асри саодат замонасига яқинроқ яшаган зотларнинг сўзларига мурожаат қилишимиз лозим бўлади. Зеро улар ҳадисларни биздан кўра яхши билганлар, яхшироқ тушунганлар ва шунга мувофиқ ҳукм чиқарганлар. Бу ҳақида мазҳабимизнинг мўътабар китобларидан бўлган “Эълоус сунан” китобида қуйидагича келган:
عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ يَقُولُ أَقْبَلَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم عَلَى النَّاسِ بِوَجْهِهِ فَقَالَ «أَقِيمُوا صُفُوفَكُمْ» ثَلاَثًا «وَاللَّهِ لَتُقِيمُنَّ صُفُوفَكُمْ أَوْ لَيُخَالِفَنَّ اللَّهُ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ». قَالَ فَرَأَيْتُ الرَّجُلَ يُلْزِقُ مَنْكِبَهُ بِمَنْكِبِ صَاحِبِهِ وَرُكْبَتَهُ بِرُكْبَةِ صَاحِبِهِ وَكَعْبَهُ بِكَعْبِهِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ
Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга юзландилар ва “Сафларингизни тўғирланглар, (деб) уч марта айтдилар. Аллоҳга қасамки, албатта сафларингизни тўғирлайсизлар ёки Аллоҳ таоло қалбларингизнинг ўртасини хилоф қилиб қўяди”, дедилар. (Нуъмон) айтди: Мен бир кишини елкасини шеригининг елкасига, тиззасини шеригининг тиззасига, тўпиғини унинг тўпиғига текказиб турганини кўрдим.  (Абу Довуд ривояти)
عَنْ أَنَسٍ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَقِيمُوا صُفُوفَكُمْ، فَإِنِّي أَرَاكُمْ مِنْ وَرَاءِ ظَهْرِي ، وَكَانَ أَحَدُنَا يُلْزِقُ مَنْكِبَهُ بِمَنْكِبِ صَاحِبِهِ وَقَدَمَهُ بِقَدَمِهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сафларингизни тўғирланглар, чунки мен сизларни ортимдан ҳам кўриб тураман”, дедилар.  Бизларнинг ҳар биримиз елкамизни шеригимизнинг елкасига ва оёғимизни унинг оёғига текказиб турар эдик. Бухорий ривояти
Замонамизда бир тоифа инсонлар бу ҳадиснинг зоҳирини ушлаб, сафда оёқларини ёнида турганларнинг оёқларига текказиш лозим деб ўйлайдилар ва мана шу нарсада намознинг охиригача ўзларини қийнайдилар.
Албатта елкани елкага, тиззани тиззага текказиш билан биргаликда оёқларни оёқларга теккизиб туришда катта машаққат борлиги сир эмас. Хусусан намознинг охиригача мана шу ҳолатда бардавом бўлишнинг машаққатлиги кўриниб турибди. Машаққат эса (яъни, ибодатда ўзини қийнаш каби машаққатлар) далил билан кетказилгандир. (Чунки Аллоҳ таоло: Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас. (Бақара;286) деб марҳамат қилган)
Бу аъзоларнинг ҳаммасини бир-бирига текказиб туришни амалга оширишнинг имкони йўқ. Чунки намоз ўқувчиларнинг қомати, бўйлари ҳар хил. Ҳадисдан ирода қилинган маъно (сафни тўғирлаш учун) мазкур баъзи аъзоларни баъзисига тўғри қилишдир.
Ҳофиз ибн Ҳажар “Фатҳул Борий” китобида ушбу ҳадиснинг шарҳида шундай деган: Имом Бухорийнинг “Сафда елкани елкага, оёқни оёққа теккизиш боби”дан мурод сафни тўғирлашликда ва орадаги очиқ жойларни ёпишликда муболаға қилиш қасд қилингандир. (Иқтибос тугади)
“Авнул Маъбуд” китобида Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдаги “وَحَاذُوا بِالْمَنَاكِبِ” яъни, “Елкангизларни тенглаштиринглар” сўзини шарҳ қилиб, елкаларнинг баъзисини баъзисига баробар қилинглар. Бу шундай бўладики, намоз ўқувчиларнинг ҳар бирининг елкаси бошқаларнинг елкасига тўғри ва бир йўналишда параллел бўлиб, елкалар, бўйинлар ва оёқлар битта чизиқда бўлади, дейилган. (Иқтибос тугади)
Шайх айтади (яъни, шайх Ашроф Алий Таҳонавий): Агарда оёқни оёққа текказишнинг ҳақиқий маъноси олинганда ҳам сафни тўғирлаш учун иқомат вақтидаги жараён ирода қилинади. Чунки бу аъзолар ўртасини текказишлик сафни тўғирлашликнинг ҳосил қилиш йўлидир. Ҳадисда намозга киришгандан кейин ҳам мана шу ҳолатда қолишга далолат қиладиган нарса йўқ, кимки шу нарсани (яъни, намозни ичида ҳам оёқни оёққа текказишни) даъво қилса, унга далил келтирсин. (Иқтибос тугади)
Мен айтаманки (яъни, Зафар Аҳмад Усмоний Таҳонавий): Анас розияллоҳу анҳунинг “Бизларнинг ҳар биримиз елкамизни шеригимизнинг елкасига ва оёғимизни унинг оёғига теккизиб тутар эдик” деган сўзлари мазкур иш Набий с.а.в.нинг замонларида бўлган, ундан кейин давом этмаганлигига далолат қилади. Бу маънони Маъмарнинг ривояти очиқ-ойдин баён қилади. Унда “Агар бу нарса (яъни, оёқларни бир бирига текказиш) уларга нисбатан қилинганида, улар хуркак ҳачирдек қочиб кетардилар”, дейилган. Агар оёқни оёққа теккизиш намознинг қасд қилинган суннатларидан бир суннат бўлганда эди, саҳобаи киромлар буни тарк қилмаган бўлардилар ва ҳеч ким ундан қочмаган бўлар эди. Хуллас саҳиҳ гап биз айтган нарса, яъни, мазкур оёқни оёққа теккизишлик иқомат вақтида сафни тўғирлашликда муболаға қилиш учун бўлган. Иқоматдан кейин намознинг ичида бўлмаган. Буни англаб етинг! (Эълоус-сунан китобидан иқтибос тугади)
Фуқоҳолар намозхон қиёмда турганда қадамлари яқинлиги қай даражада бўлиши ҳақида ихтилоф қилганлар:
Шофеийлар бир қарич миқдорида бўлади деганлар.
Ҳанбалий ва Моликий мазҳаби фуқаҳолари оёқлар орасини кенг ҳам қилмасдан, бир бирига теккизиб ҳам олмасдан, балки ўртача, одатдагидан ошиб кетмаган ҳолда бўлишни мустаҳаб деганлар.
Бизнинг Ҳанафий фуқаҳоларимиз эса тўрт бармоқ миқдорида бўлиши суннат, чунки бу хушуъга яқиндир, деганлар. Лекин бу ўлчов миқдори оёқларини кенг қилишга узри йўқ кишилар учун белгиланган ўлчовдир. Аммо гавдаси катта, семиз ва барваста кишилар каби мўътадил мувозанатни сақлашда оёқлар орасини кенгроқ қўйишга эҳтиёжи бор кишиларга одатдаги ҳолатида туришга рухсат берилган. Чунки бундан мақсад узоқ вақт қиём ҳолатида турганда ҳам хушуъни йўқотмасдан туришга имкон яратиб берадиган даражада бўлишдир.

Фойдаланилган адабиётлар:
1. Саҳиҳул Бухорий
2. Сунани Абу Довуд
3. Эълоус Сунан
4. Ал-Фиқҳул исламийю ва адиллатуҳу
5. Ҳошиятут-Тоҳтовий

Қудратуллоҳ Сидиқметов

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz