“Қуръон уз” сайтининг ўн йиллигига Принтер учун
24.12.2014 й.
 


Мустақил юртимнинг тўнғич дилбанди,
Исломий эътиқод юз очган вақтлар
Аллоҳнинг каломи, ўгити-панди
“Қуръон уз” дафтари – бўлди сардафтар.

Одамзотнинг турфа “эътиқод”лари,
Битъат-у хурофот ҳали ҳамон бор.
Ва лекин ахлоқий камолот сари
Бўй чўзиб турибди бир азим чинор.

Адашган кемалар йўлчи юлдузи,
Ўзбегимнинг сўзи, ўз “Қуръон уз”и.

Нодир ҳайвонот-у наботот учун
Қўриқхоналар бор – энг сўнгги беша.
“Қизил китоб”дан жой олмоқда бугун
“Оила” аталмиш муқаддас гўша.

Оламнинг бошида танҳо офтоби,
Аллоҳнинг сояси комил инсондир.
Дин-у имон, инсон “Қизил китоб”и,
“Қўриқхона”си ҳам Ўзбекистондир.

Адашган кемалар йўлчи юлдузи,
Ўзбегимнинг юзи,  ўз “Қуръон уз”и.

Аллоҳнинг даъвати – саодатли кун,
Илк бор азон айтган ҳазрати Билол.
Битган қулоғимни очмоқда бугун
Билол азонидек “Тафсири ҳилол”.

Замахшарий бобом “Тафсир”идан сўнг,
Имом Бухорийдан тингладим ҳадис.
Бошимни саждага қўймоқлик учун
Аллоҳ қаршисида чўкмоқдаман тиз.

Адашган кемалар йўлчи юлдузи,
Ўзбегимнинг кўзи, ўз “Қуръон уз”и.

Яна юз йил ўтар, балки минг йил ҳам,
Инсоният ҳали яшайди узоқ.
Сарвари коинот, сарвари олам
Маҳшар куни очиб тургайдир қучоқ.

Чин мўминлар учун бўлгай шафоат,
Кавсар суви ила ювилгай имон.
“Қуръон уз” дафтари яшар то абад,
То абад барҳаёт Ҳазрати инсон!

Адашган кемалар йўлчи юлдузи,
Ўзбегимнинг ўзи, ўз “Қуръон уз”и.

Исроил Субҳоний
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz