Танловга: Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам Принтер учун
17.12.2014 й.

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламни йиғлатган воқеъалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари учун дуо қилиб, уларга меҳрибонлик билан йиғлашлари ҳақида

 

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

 Расулуллоҳ  солаллоҳу алайҳи ва саллам  Аллоҳнинг Китобидаги Иброҳим алайҳиссалом дуоларини тиловат қилдилар: «Парвардигорим, у бутлар кўпдан-кўп одамларни йўлдан оздирдилар. Бас, ким менга эргашса, ана ўша мендандир (яъни, менинг динимдадир)». Ва яна Аллоҳнинг Китобидаги Исо алайҳиссалом дуоларини ҳам тиловат қилдилар: «Агар уларни азобласанг, улар Сенинг ожиз бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат эгасидирсан». Кейин Расулуллоҳ  солаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини кўтариб: «Умматим, умматим», деб йиғладилар. Аллоҳ таоло буни эшитиб: «Эй Жаброил, Муҳаммаднинг олдига бориб сўра-чи, нима уни йиғлатмоқда?» деди. Ваҳоланки, Аллоҳ Ўзи билиб туриб сўрашни буюрмоқда! Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ  солаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, (йиғлашлари сабабини сўраб) айтган жавобларининг хабарини Аллоҳга етказдилар. Ваҳоланки, Аллоҳ буни билувчироқ эди. Шунда Аллоҳ таоло: «Эй Жаброил, Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳузурига бориб: «Биз умматинг учун қайғураётган нарсада рози қилиб, сени хафа қилмаймиз», деб айтгин», деди.

Имом Муслим ривоятлари.

Ўғиллари Иброҳимнинг вафотида йиғлаганлари

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Сайф ал-Қайннинг олдига кирдик. У Иброҳимнинг эмузукли отаси эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳимни олиб ўпдилар ва ҳидладилар. Сўнгра яна унинг олдига Иброҳим жон бераётганда кирдик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларидан ёш оқа бошлади. Шунда Абдурраҳмон ибн Авф У зотга:
«Сиз ҳамми, Эй, Аллоҳнинг Расули...?!» деди. У зот:

«Эй, Ибн Авф, бу, раҳматдир», дедилар ва яна йиғладилар. Сўнгра У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, кўз ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади, аммо Роббимизни рози қиладиган нарсадан бошқани айтмаймиз. Албатта, биз сенинг фироқингдан жуда маҳзунмиз, Эй, Иброҳим», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилган

Оналарининг қабрларини зиёрат қилиб йиғлаганлари

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам оналарининг қабрини зиёрат қилдилар. Ўзлари йиғладилар, атрофидагиларни ҳам йиғлатдилар. Кейин: 
«Роббимдан у(онам)га истиғфор айтишга изн сўрадим, изн берилмади. Унинг қабрини зиёрат қилишга изн сўрадим. Изн берилди. Бас, қабрларни зиёрат қилинглар. Чунки, у, албатта, охиратни эслатади», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.

Тириклайин кўмилган қизлар учун йиғлаганлари

Валид ибн Назир Ал Ромлий Масарра ибн Маъбаддан, у киши Бани Ҳорис ибн Абулхаромдан, у киши Лахимдан, Лахим ал-Вазиндан ривоят қиладилар:
«Бир киши Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб:
«Ё Росулуллоҳ, албатта, бизлар жоҳилият аҳилларидан эдик ва бутларга ибодат қилар эдик. Бизлар болаларимизни (тириклайин кўмиб) ўлдирар эдик. Менинг бир қизим бор эди. У бутларга ибодат қиладиган ёшга етиб, уни чақирсам, хурсанд бўлиб ёнимга келадиган бўлгач, кунлардан бирида мен уни чақирдим. У менга эргашди. Бизлар ўз аҳлларимиздан узоқ бўлмаган бир қудуқ ёнига етгач, мен қизимнинг қўлидан ушлаб, қудуққа улоқтириб юбордим. Менинг қизимдан охирги эшитган сўзим «Эй дадажон, эй дадажон!» деган сўз бўлди», дедилар.

 Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар, ҳатто муборак кўзларида ёш қалқиди. Шунда Росулуллоҳ билан турганлардан бири:

«Сен Росулуллоҳни хафа қилдинг-ку», деди. Росулуллоҳ ҳазратлари:

«Жим бўл, у ўзи учун муҳим бўлган нарсани сўраяпти» , дедилар-да, сўнг унга:

«Менга яна сўзингни қайтариб айт», дедилар. У эса яна сўзини қайтарди. Росулуллоҳ яна йиғладилар, ҳатто кўзларидан қалқиб чиққан ёшдан муборак соқоллари ҳўл бўлди. Сўнг дедилар:

«Албатта, Аллоҳ жоҳилият даврида қилган амалларингизни (гуноҳларингизни) кечиради. Энди (бундан буён ) амалларингизни чиройли қилинг» .

Имом Доримий ривоят қилган.


Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламни кулдирган воқеъалар

Жаҳаннамдан охирги чиқган банда сўзига кулганлари

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Мен  ҳаммадан аввал жаннатга кирадиган одамни ва ҳаммадан охирида жаханнамдин чиқадиган одамни яхши билурман. Киёмат куни бир одамни Аллоҳ ҳузурига хозир қилинади ва дейиладики, бу одамнинг кичик-кичик гуноҳларини ўзига кўрсатилсин ва катта-катта гунохлари махфий сақлансин. Кейин унга дейилади, сен фалон кунда, фалон-фалон гунохларни қилгансан. У бечора ҳаммасига иқрор бўлади, инкор эта олмайди. Чунки у мақомда ҳеч нарсани инкор қилиб уддасидан чиқиб бўлмас. Катта-катта гунохлардан сўралиб қолса, ҳоли нечук бўлишини ўйлаб, дилида ниҳоятда қўрқиб туради. Шундай ҳолда турганда Аллоҳ тарафидан амр келадики, бунинг бу қилган ёмонликларининг муқобилига бир-бир яхшилик берилсин. Бу хукмни эшитган замон у бечора дейди: «Ҳали менинг бир мунча гунохларим бор, уларни мен бу ерда кўрмай турибман». Абу Зар дедилар:  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. Бу сўзни деб шундай кулдиларки, охири муборак тишлари ҳам кўринди.

Имом Термизий ривояти.

Хандақ куни кулганлари

Омир бин Саъд дедилар:

Саъд розияллоҳу анҳу дедилар: Мен Жаноб Расулуллоҳ саллоллоху алайҳи васалламни Ҳандақ ғазоти бўлган кунда кўрдим. Шундай кулдиларки, муборак тишлари тамом кўрилди. Мен дедим: нима учун кулиб эдилар? Саъд дедилар: Бир одам бор эди, ўзи кофирлардан бўлиб, қўлида сэпар бор эди ва Саъд ўқ отишга моҳир эди. У кофир Саъд ўқидан ўзини сақлаб қолмоқ учун ўнгга ва сўлга ўзини олар ва юзини сэпари билан яширур эди. Саъд ўқдонидан бир ўқ чиқариб, пойлаб турди. Вақтики, у кофир бошини сэпаридан алоҳида қилган эди, ўша соат унга қараб ўқ узди. Ўқ бориб, унинг пешонасига тегди. Филҳол ағдарилиб йиқилди ва оёғини кўтариб юборди. Бу ҳолни кўриб,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай кулдиларки, муборак тишлари тамом кўрилди. Ман Саъдга дедим:  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нимага кулдилар? Саъд деди: Саъднинг у кофирга қилган ҳунаридан.

Имом Термизий ривоят қилган.

Рамазонда ман қилинган ишни қилган мискиннинг сўзига кулганлари

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 «Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Ҳалок бўлдим, эй Аллоҳнинг Расули!» деди.

«Сени нима ҳалок қилди?» дедилар.

«Рамазонда хотинимнинг устига чиқдим», деди.

«Қул озод қилишга нарса топа оласанми?» дедилар.

«Йўқ», деди.

«Икки ой кетма-кет рўза тута оласанми?» дедилар.

«Йўқ», деди.

«Олтмиш мискинга таом беришга нарса топа оласанми?» дедилар.

«Йўқ», деди. 

Сўнгра кутиб ўтирди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бир занбил хурмо келтирилди. У зот (ҳалиги одамга):

«Мана буни садақа қилиб юбор», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, биздан кўра фақирроққами? Аллоҳга қасамки, унинг (Мадинанинг) икки чети орасида биздан кўра муҳтожроқ аҳли байт йўқ», деди.

Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар, ҳатто тишларининг оқи кўриниб кетди. Сўнгра:

«Бор! Уни аҳлингга таом қилиб бер», дедилар». 

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий.

Оиша онамизнинг сўзларига кулганлари

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида қўғирчоқ ўйнар эдим. Дугоналарим келар эдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тортиниб қолар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни мен томон йўллаб қўяр эдилар. Сўнг улар мен билан ўйнашар эди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Бошқа ривоятда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ёки Хайбар урушидан қайтиб келдилар. Унинг токчасида парда бор эди. Шамол турди ва парданинг бир тарафини кўтариб, Оишанинг ўйинчоқ қизларини очди. Шунда у зот:

«Бу нима, ё Оиша?» – дедилар.

«Қизларим», – дедим.

Уларнинг орасида қуроқдан қилинган икки қанотли отни кўрдилар ва:

«Уларнинг орасида кўраётганим мана бу нарса нима?» – дедилар.

«От» – дедим.

«Унинг устидаги мана бу нарса нима?» – дедилар.

«Иккита қанот», – деди.

«Отнинг иккита қаноти бўладими?» – дедилар.

«Сулаймоннинг қанотли отлари бўлгани ҳақида эшитмаганмисиз?» – деди.

Бас, у зот кулдилар ва ҳаттоки мен озиқ тишларини кўрдим».

Абу Довуд ривоят қилган.

Банданинг Роббига қилган хитобидан кулганлари

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Ул зот кулдилар ва:

«Нимага кулаётганимни биласизларми?» – дедилар.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир», – дедик.

«Банданинг Роббига қилган хитобидан. У «Роббим! Сен мени зулмдан сақламаганмисан?» – дейди.

«Шундоқ», – дейди.

«Бас, мен ўзимга фақатгина ўзимдан бошқани гувоҳ бўлишини истамайман», – дейди у.

«Бугунги кунда сенга қарши ўзинг гувоҳликка ва кироман котибинлар шоҳидликка кифоя қилур», – дейди.

Бас, унинг оғзига муҳр урилади ва аъзоларига «Гапир», – дейилади. Улар унинг амаллари ҳақида гапирадилар. Сўнгра унинг гапиришига қўйиб берилади. 
Шунда у:

«Йўқолинглар! Ўлиб кетинглар! Мен сизларни деб курашиб юрган эдим», дейди», – дедилар». 

Муслим ривоят қилган.

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўринишлари

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам на узун қоматли ва на паст бўйли эдилар, балки ўрта қадлик, жисмлари чиройли келишган эдилар. Икки елкаларининг ораси кенг эди. Икки елкаларининг ўртасида муҳри нубувват яъни пайғамбарлик муҳри бор эди.

Муборак буйинлари шундоқ ярашган, чиройли эдики, гуё оқ мармар тошдан, ё ож (фил суяги)дан тарашланган хайкалнинг бўйни каби эди, оқликда кумуш каби соф эди.

Кўкраклари ва қоринлари мўйдан ҳоли эди. Лекин икки билаклари ва сийналаридан киндикларига қадар нозик мўйдан бир чизиқ тортилган эди.

Ранглари ниҳоятда оқ ҳам эмас, ниҳоятда буғдойранг ҳам эмас, чеҳралари қизилликка мойил оқ эди. Икки кўзлари ниҳоятда қора ва киприклари ниҳоятда узун эди. Кўзларининг оқида қизиллик бор эди. Пешоналари кенг ва очиқ эди. Қошлари эгилган бўлиб, ингичка ва қалин ҳамда бир-биридан алоҳида, қўшилмаган эди. Икки кошларининг ўртасида бир томирлари бор эди, ғазаблари келганда ҳаракатга келиб кўринар эди. Муборак бурунлари бироз баланд ва қирралик ва унда бироз нури дурахшон (кўркам) эдики, унга яхши диққат қилиб кўрмаган одам бурунларини катта ва баланд гумон қилар эди. Маъсум (покиза, гуноҳсиз) оғизлари мўътадил кенг эди (фасоҳатли ва балоғатли инсонларнинг оғизлари шунақа бўлади). Муборак тишлари майда ва ялтираб турган эди. Олдинги тишлари бир-биридан алоҳида кўринарди. Қачон сўз қилсалар, тишларининг ораларидан нур каби бир нарса чиқарди.

Муборак бошлари катта, сочлари жуда буралган ҳам ва жуда ёзилган ҳам бўлмай, иккисининг ўртасида эди. Агар сочлари ўзича осонлик билан очилса, фарқ очар эдилар, агар тароқ ва бошқа нарсага зарурат тушадиган бўлса, фарқларини очмай қўйиб қўярдилар. Сочларини зиёда ўстирсалар,қулоқларининг юмшоғидан тушиб турар эди.

Муборак соқоллари катта ва қалин, муборак икки ёноқлари на озғин ва сергўшт, балки ниҳоятда марғуб эди.

Икки кафтлари ва икки қадамлари тўла ва гўштлик эди. Икки билаклари узун эди, кафтлари кушода, икки кафтлари ва икки қадамлари гўштлик эди. Қўлларининг ва оёқларининг бармоқлари мўътадил узун эди. Аъзоларининг бўғимлари, ҳар икки суякларининг қўшилган ери йўғон эди.

Қадамлари силлиқ эди, унда сув тўхтамас эди. Қачон юрсалар, қувват ила қадам кўтарар эдилар. Олдиларига эгилиброқ юрар ва оҳиста қадам қўяр эдилар. Юришлари тез-тез бўлиб, кенг қадам қўяр эдилар. Қачон юрсалар, бир баландликдан тушиб тургандек юрардилар. Ва бир тарафга бурилсалар, бутун қоматлари билан бурилардилар. Танҳо бўйинларини буриб қўймас эдилар.  Назарлари тубанга бўлар эди. Осмондан кўпроқ ерга боқар эдилар. Кўпинча кўз қирраси билан боқар эдилар. Саҳобаларининг ўзларидан илгари юргизиб, ўзлари орқаларидан юрар эдилар. Ҳар кимса йулиқсалар, ундан илгари салом берардилар.

Бароъ ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳуснлироқ бир нарсани ҳаргиз кўрмадим».

Али розияллоҳу анҳу айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан аввал ҳам, кейин ҳам, у кишига ўхшаган бирон зотни ҳаргиз кўрмадим».

Бошқа бир ривоятда «Маддоҳлари «Мен бу га ўхшаган зотни на ўзларидан аввал кўрдим ва на ўзларидан кейин кўрдим», деганди» дейдилар.

Жобир розияллоҳу анҳу дейдилар: «Мен бир ойдин кечада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдимки, баданларида қизил либос бор эди. Мен гоҳо Расулуллоҳга боқар эдим, гоҳо ойга боқар эдим. Боқа-боқа шу натижага етдимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳуснда, жамолда ва нурда ойдан зиёда ва ортиқ эдилар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дейдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жисми мубораклари шул қадар марғуб, чиройли ва зебо эдики, инсон кўриб, вужудларини Аллоҳ Таоло кумушдан қуйганмикан деб қолар эди. Муборак сочларида бироз буралганлик бор эди».

«Шамоили Муҳаммадия» асосида тайёрланди.

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламнинг оилалари

Оталари Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб пайғамбаримиз алайҳиссалом туғилмасларидан олдин оламдан ўтганлар.

Оналари Омина бинти Ваҳб пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг 6 ёшликларида вафот қилганлар.

Боболари Абдулмуттолиб ибн Ҳошим пайғамбаримиз алайҳиссалом 8 ёшликларида дунёдан ўтган.

Амакилари: Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламнинг 9 та амакилари бўлган. Уларининг исмлари: Ҳорис, Зубайр, Ҳамза, Зирор, Абу Толиб (Абду¬маноф), Абу Лаҳаб (Абдулуззо), Абдулкаъба, Муғийра ва Навфал.

Аммалари: Умайма, Баро, Умму Ҳакийм, Сафия, Арво, Отика.

Аёллари: Хадийжа бинту Ҳавайлид, Савда бинту Замъа, Оиша бинту Абу Бакр, Ҳафса бинту Умар, Зайнаб бинту Ҳузайма, Умму Салама (Ҳинд бинту Абу Умайя), Зайнаб бинту Жаҳш, Маймуна бинту Ҳорис, Жувайрия бинту Ҳорис, Умму Ҳабиба (Рамла бинту Абу Суфён), Мория бинту Шамъун, София бинту Ҳуяй.

Фарзандлари: Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча фарзандлари Хадийжа онамиздан дунёга келганлар.

Ўғиллари: Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламнинг учта ўғиллари бўлган аммо улар ёшликларида вафот қилганлар. Улар: Қосим, Абдуллоҳ, Иброҳим.

Қизлари: Зайнаб, Фотима, Руқайя, Умму Кулсум розияллоҳ анҳунна.

Куёвлари:

Абул Осс ибн Робиъ розияллоҳу анҳу – Зайнаб бинту Муҳаммад алайҳиссаломнинг турмуш ўртоқлари.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу – Фотима бинту Муҳаммад алайҳиссаломнинг турмуш ўртоқлари.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу – аввал Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламнинг Руқайя  исмли қизларига уйланадилар, бир қанча вақт ўтиб Руқайя розияллоҳу анҳо вафот этганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кенжа қизлари Умму Кулсум розияллоҳу анҳога уйланадилар. Шу сабабли Усмон розияллоҳу анҳу «Зиннурайн» - икки нур соҳиби деган ном билан шарафланганлар.

Набиралари:

Абул Осс ибн Робиъ ва Зайнаб бинту Муҳаммад алайҳиссаломнинг фарзандлари: Али, Умома.

Али ибн Абу Толиб ва Фотима бинту Муҳаммад алайҳиссаломнинг фарзандлари: Ҳасан, Ҳусайн, Мухассин, Зайнаб, Умму Кулсум.

Усмон ибн Аффон ва Руқайя ибн Муҳаммад алайҳиссаломнинг фарзандлари: Абдуллоҳ.


Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтиш лозимлиги

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг Ўзи ва фаришталар саловат айтадир ҳамда Аллоҳ мусулмонларни ҳам у зотга саловат айтишликка буюради:

إِنَّ اللَّهَ وَمَلائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг».

(Аҳзоб сураси, 56-оят)

Аллоҳнинг амри бандалар учун фарз-вожиб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам уламоларимиз ҳар бир киши умри давомида бир марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат аймоғи фарздир, дейдилар.

Шофеъий мазҳабида намознинг сўнгида (ташаҳҳудда) саловат айтмоқлик вожиб амал ҳисобланади. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи «Ташаҳҳудда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтилмаса, намоз намоз бўлмайди» деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари айтилса, ёзилса ёки набийимиз, пайғамбаримиз каби лафзлар билан у зот алайҳиссалом ирода қилинсалар ҳам саловат айтмоқлик вожиб ҳисобланади. Бир мажлисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари бир неча бор зикр қилинса бошида бир марта саловот айтмоқлик вожибдир, қолганлари эса суннат. Баъзи уламолар ҳар сафар саловат айтмоқ вожиб деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқаётиб «Омийн», «Омийн», «Омийн» дедилар. У зотга:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Нега бундоқ қилдингиз?» дейилди.

«Жаброил менга: «Ота-онасини ёки иккисидан бирини топиб, жаннатга кирмаган банданинг бурни ергаишқалансин», деди, мен «Омийн» дедим.

Кейин у: Рамазонга етиша туриб, мағфират қилинмай қолган банданинг бурни ерга ишқалансин», деди, мен «Омийн» дедим.

Сўнгра у: «Ҳузурида сиз зикр қилинганингизда, сизга салавот айтмаган банданинг бурни ерга ишқалансин», деди, мен «Омийн» дедим», дедилар».

Имом Бухорий «Ал-адаб ал-муфрад»да келтирган.

 

اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَي سَيِّدِنَا مُحَمَّد !

Аллоҳумма солли аъла саййидина Муҳаммад!

 

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг мўминаларга раҳмати

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилишларидан олдин аёл зотига энг қадри паст мавжудодлардан бири сифатида қаралар эди. Улар ҳар қанча хўрлик кўриб, азобу уқубатларда ҳаёт кечиришсада, бу ҳаётларидан ҳам маҳрум қилинар эдилар. Ўлдиришганда ҳам ҳайвондан баттар шаклда ўлдиришар эдилар. Улар қиз фарзандларидан ор қилиб ёки фақирликдан қўрқиб тириклай кўмиб юборар эди. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Исро сурасининг 31 – оятида марҳамат қилади :

«Болаларингизни фақирликдан қўрқиб ўлдирманг. Биз уларни ҳам, сизларни ҳам ризқлантирамиз. Албатта, уларни ўлдириш катта хатодир».

Мана, Ислом келиб бу қабиҳ ишни бекор қилди. Энди қизлар ҳам яшашга ҳақли экани, болаларни фақирликдан қўрқиб ўлдирмаслик лозимлиги очиқ-ойдин эълон қилинди.

Исломдан олдин аёллар меросга ўтадиган мулк каби эдилар. Аёлни эри вафот қилса, уни эридан қолган меросларга қўшиб тегишли кишиларга мулк қилиб берар эдилар. У киши истаса аёлни хотин қилар эди, истамаса йўқ. Шу тариқа аёлнинг шаъни, унинг одамийлиги буткул топталган эди. Шундай бир пайтда Ислом келиб аёлларни бу каби хўрланишлардан озод қилиш билан бирга уларларга мерос олиш ҳуқуқини берди.

Яҳудийлар ҳайз кўрган аёлга нажас нарсага қараган каби қараб, ҳайз кўрган аёллари билан бирга ўтирмай, бир хонада турмай, қўлидан таом емай турган бир вақтда Ислом келиб инсонни мукаррам эканлигини эълон қилиб, ҳайз кўрган аёлларга нисбатан бундай муомала қилиш Исломда йўқлигини кўрсатди.

Жоҳилият авж олиб, аёллар инсон каби яшай олмаган бир вақтда уларни илм ўрганишлари тасаввурга сиғмас ҳолат эди. Ислом келиб аёлларга бирма бир ўз ҳуқуқларини қайтариб бера туриб, аёлларни ҳам илм олишга ҳақли эканини, балкида фарз эканини «Илм олиш ҳар бар мўъмин ва мўъминага фарздир» дея маълум қилди.

Мана алҳамдулиллаҳ, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг раҳматлари бўлиб, ўзлари яшаб турган даврда ҳам, ундан кейин токи ҳозиргача ҳам етук илмли, тақводор мўъминалар чиқиб Ислом ривожига ҳисса қўшиб келмоқда.

Аёлларга жаннат башоратини Ислом берди :

«Мўъминлар ва мўъминаларни тагларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга мангу киритиш учун ва уларнинг гуноҳлари ювиш учун. Ва бу Аллоҳнинг ҳузурида катта ютуқдир».

 

Фатҳ сураси 5 – оят.

 

Шубҳасиз бу буюк ютуқдир. Алҳамдулиллаҳи Роббил ъаламийн!

 


 

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари

Муҳаммад мустафо солаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч бир эркакнинг отаси бўлмаганлар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло марҳамат қилади:

مَا كَانَ مُحَمَّدٌ أَبَا أَحَدٍ مِنْ رِجَالِكُمْ وَلَكِنْ رَسُولَ اللَّهِ وَخَاتَمَ النَّبِيِّينَ وَكَانَ اللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمًا

«Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин Аллоҳнинг Расули ва Набийларнинг сўнггисидир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир».

 

(Аҳзоб сураси, 40-оят)

 

Бу оятда Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам асраб олган ўғиллари Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг у зот алайҳиссаломнинг ҳақиқий ўғиллари эмаслигига ҳам таъкид бордир.

Шу билан бирга Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўз ўғиллари вояга етмай вафот қилганлиги маъноси мазкур оятда мужассамдир. У зот алайҳиссаломнинг ўғил фарзандлари бўлган, уларнинг сонини учта, тўртта ёки бешта деганлар ҳам бор.

Қосим Исломдан аввал Макка шаҳрида туғилган. Оналари Хадийжа розияллоҳу анҳо. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шу ўғиллари сабабли Абулқосим  яъни Қосимнинг отаси деб куняланганлар. Сийрат китобларида келишича Расулуллоҳнинг бу ўғиллари ўн етти ой яшаб, вафот қилган.

Абдуллоҳ – Ислом келгандан кейин туғилган. Оналари Хадийжа розияллоҳу анҳо. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бу ўғиллари Тоҳир ва Тоййиб номлари билан ҳам аталишлари айтилади, аммо баъзилар Тоҳир ва Тоййиб Абдуллоҳдан кейин туғилган эгизаклардир десалар ҳам аввалги сўзни айтган уламоларнинг сўзи кучлидир.

Абдуллоҳ Маккада туғилган ва шу ерда гўдаклигидаёқ вафот этган.

Иброҳим Ҳижратдан кейин туғилган. Оналари Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг чўрилари Мория бинту Шамъун эди. У кишини пайғамбаримиз алайҳиссаломга Мисрнинг подшоҳи Муқавқис ҳадя қилиб юборган эди.

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари Иброҳим ҳам узоқ яшамайди. Йигирма ойлигида вафот қилгани айтилган.

 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Сайф ал-Қайннинг олдига кирдик. У Иброҳимнинг эмузукли отаси эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳимни олиб ўпдилар ва ҳидладилар. Сўнгра яна унинг олдига Иброҳим жон бераётганда кирдик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларидан ёш оқа бошлади. Шунда Абдурраҳмон ибн Авф У зотга:
«Сиз ҳамми, Эй, Аллоҳнинг Расули...?!» деди. У зот:

«Эй, Ибн Авф, бу, раҳматдир», дедилар ва яна йиғладилар. Сўнгра У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, кўз ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади, аммо Роббимизни рози қиладиган нарсадан бошқани айтмаймиз. Албатта, биз сенинг фироқингдан жуда маҳзунмиз, Эй, Иброҳим», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилган.

 

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазиллари

 

Абу Ҳурайра  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ё Расулуллоҳ! Сиз биз билан ҳазил-мутойиба қиласиз», -дейишди.

«Мен ҳаққдан бошқани гапирмайман», -дедилар».

Имом Бухорий ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг пайғамбари, хотамул анбиё бўлишлари билан бирга оддий банда ҳам эдилар. Бошқалар каби одамлар билан суҳбатлашар, ҳазил-мутойиба қилар эдилар. Аммо ҳазиллари рост бўлган, зеро ҳазил қилганда ҳам ёлғон гапиришликка ижозат йўқдир. Ҳозирда баъзи кишилар ёлғонни роса гапиришадида, ортидан ҳазиллашдим деб қўшиб қўяди. Бу мутлақо мумкин эмас!

Ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  ҳазил қилишликлари доим ҳам бўлмаган ва ҳар кимга ҳам ҳазил қилавермаганлар. Мен ҳазилкаш кишиман деб рост гап билан бўлсада доим ҳазил қилавериш кишини виқорини йўқотади ва бошқа кўнгилсизликларга сабаб бўлиши мумкин. Қуйида Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг қай ўринларда ҳазил қилганларини баъзи мисоллар орқали танишиб чиқамиз:

Ёш болаларга ҳазил қилганлари:

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ул зотни бир кун «Эй икки қулоғлик» деб чақирибдилар.

Имом Термизий ривоят қилган.

Маълумки Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу 10 ёшларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида бўлганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотнинг ёш болаликларини эътиборидан шундай ҳазил қилганлар ва албатта сўзлари ҳақ сўздир.

Заиф кишиларга ҳазил қилганлари:

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий солаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига улов сўраб келди.

Шунда у зот:

«Бўпти, сени туянинг боласига миндириб қўямиз», - дедилар.

«Туянинг боласини нима қиламан?» - деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулиб:

«Ахир туя ҳам туянинг боласи бўладими?» -дедилар».

Имом Бухорий ривоят қилган.

Бир кишидан бирор бир нарса сўраб борган киши албатта ҳижолат бўлади, ўзини заиф деб ҳис қилади. Сўралувчи киши яхши муомала қилса, ўзига яқин олиб бироз ҳазил қилса сўровчининг кўнгли кўтарилади албатта. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай кишиларга баъзида ҳазил қилган эканлар ва албатта сўзлари ҳақ сўздир.

Аёлларга ҳазил қилганлари:

Халқимизда «Аёл киши ширин сўзнинг гадосидир» деган нақл бор. Бу албатта бежиз эмас, аёллар нозик табиатли, бир оғиз ширин сўздан бахтиёр бўладиган, салгина қўпол ҳаракат, гап-сўздан кўнгиллари бузиладиган кишилардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллар билан қилган муомалари ҳам бизга гўзал намунадир. У зот алайҳиссалом баъзи вақтларда аёлларга ҳазил қилар эдилар. Булардан бир кампир жаннатга киришини сўраб дуо қилишларини сўраганида «жаннатга кампирлар кирмайди» деганлари ёки оналаримиз ва бошқа баъзи аёлларни шишага ўхшатиб туяларни ҳайдаб юрувчи кишига «Оҳиста бўл, Шишалара сарбон бўлганингда» деганларини мисол келтиришимиз мумкин.

Биринчи ҳолатда кампир киши аёл экани, заифа экани эътиборидан ҳазил қилганлар. Кейин «Жаннатга кампирлар кирмайди» деганларини изоҳлаб ёш ҳолда кирилишини айтиб, оятдан далил ҳам келтирадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли аёллари ила ҳазиллашиб туришликлари бошқа ўринларда ҳам бўлган. Шариатимизда аҳли аёли, фарзандлари ила кўнгилхушлик қилиш, уларни кўнглини кўтариш учун ҳазил қилишга рухсат бор. Албатта ҳазил рост бўлишлиги, меъёрида бўлишли шарти билан.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг табассумлари

Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан зиёда табассум қиладиган бир зотни кўрмадим. Яъни кулишларидан табассумлари зиёда эди, ёки ўзлари нақадар ғамда бўлсалар ҳам саҳобаларга табассум билан мулоқот этар эдилар».

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен мусулмон бўлган кундан бошлаб мени уйларига киришдан мань этмадилар ва мени қачон кўрсалар, албатта табассум қилар эдилар».

Жобир розияллоҳу анҳу дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак соқоллари бир оз ингичка эди ва кулишлари табассумнинг ўзи эди ва мен қачон назар қилсам дер эдимки: у зот сурма қўйгандирлар. Ҳолбуки, сурма қўймаган бўлар эдилар».

Имом Термизийнинг«Шамоили Муҳаммадия»

асари асосида тайёрланди.

 

Ғиёсиддин тайёрлади

 

 
« Олдинги   Кейинги »