Танловга: Муборак товушлари Принтер учун
13.12.2014 й.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг товушлари чиройли эди. Дарҳақиқат, Анас ибн Молик бу ҳақда ривоят қилиб айтадилар: “Аллоҳ таоло пайғамбарларни чиройли юзли ва чиройли товушли қилиб юборди. Сизларнинг набийларингиз (Муҳамммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларнинг ичида юзи ва товуши энг чиройлиси эдилар”.[1]

Бароъ ибн Озиб айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтон намозида “Ваттийни ваз зайтун” ни ўқидилар. Мен уларнинг товушидан чиройлироғини эшитмаганман”.[2]

Жубайр ибн Мутъим айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳуш оҳангли эдилар.[3] Товушларида Умму Маъбад айтганидек, бироз ҳиррилаш бор эди ва ўткир товушли эдилар. Ҳамда товушларида бошқаларнинг товуши етмайдиган жойларга етадиган даражада кучли қуввати бор эди”.

Бароъ ибн Озиб ул зотни сифатлаб шундай деган эдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга шундай даражада хутба қилардиларки, хатто хоналаридаги аёл-қизларга ҳам эшиттирардилар”.[4]

Умму Ҳоний айтадилар: “Мен (ҳовлимизнинг) айвонида бўла туриб, Расулуллоҳнинг қоп-қоронғу кечаси Каъбада ўқийдиган қироъатларини эшитардим”.[5]

 “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-инсон ал-комил” (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам комил инсон) китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.  

[1] Имом Термизий ривояти.
[2] Икки шайх ривояти, (Имом Бухорий ва Имом Муслим).
[3] Абулҳасан Заҳҳок ривоят қилиб, “Шарҳул мавоҳиб”да нақл қилган.
[4] Имом Байҳақий ривояти.
[5] Ибн Можа ривояти.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz