Ҳастимом Принтер учун
18.04.2007 й.

ҲАЗРАТИ ИМОМ КОМПЛЕКСИ, Ҳастимом (Зарқайнар кўч., 123), арх. комплекси. ҲАЗРАТИ ИМОМ КОМПЛЕКСИ қурилишига ўз даврининг ўқимишли кишиларидан бири бўлган имом Абў Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил ал-Қаффол ал-Шоший (904—976) нинг қабри асос бўлган (қ. Қаффол Шоший). Қабр ва унинг атрофида вужудга келган қабристон ҳамда арх. ёдгорликлари комплекси (Кайковус боғи б-н бирга) Ҳазрати имом номи б-н аталади.

Сақланиб колган биноларнинг энг қадимгиси Т. Мовароуннаҳрнинг йирик маданий м-зларидан бири бўлган давр (16-а.) га мансуб. Дастлаб, 16-а. 30-йилларида иккита мақбара қурилган; каттаси Т. нинг шайбонийлар сулоласидан бўлган хони Суюнчхўжахон мақбараси деб тахмин қилинади. 16-а. 50-йилларида бу бинолар Бароқхон мадрасаси архитектура ёдгорлиги таркибига қўшилган. Ўша даврда Ҳазрати имом қабри устида Қаффол Шоший мақбараси бунёд этилган. 16-а. охирларида унинг қаршисида «қўш» услубида Қаффол Шошийнинг авлоди, Бобоҳожи мақбараси курилган (бу бино 1939 й. бузиб ташланган). 16-а. да Ҳ. и. к. да сайргоҳбоғбўлган (асрий чинорлар, қайрағоч ва б. дарахтлар, ҳовуз ва айвонлар мавжуд эди), халқ сайиллари ўтказилган. 19-а. ўрталарида Бароқхон мадрасаси рўпарасида Намозгоҳ (Тилла-шайх), Мўйи муборак мадрасаси, Жоме масжид (сақланмаган) қурилган. 20-а. бошларида олти устунли, ўн икки гумбазли Тиллашайх масжиди қайта қурилган. Ҳ. и. к. да Мовароуннаҳр мусулмонлари идораси жойлашган.

БАРОҚХОН

БАРОҚХОН (ҳақиқий исми Наврўз Аҳмадхон) (?— 1556), Шайбонийлар сулоласидан бўлган хон. Абулхайрхоннинг невараси, Т. хони Суюнчхўжанинг кичик ўғли. Отасининг вафотидан кейин Тошкент (1525—51), сўнгра Мовароуннаҳр (1551—56) хони. БАРОҚХОН ёшлигида Восифийдан шеърият, мусиқа, ашула, вазн ва назмдан таълим олган. Айни вақтда чавандозлик ва ҳарбий машқлар б-н кўпроқ машғул бўлган. БАРОҚХОН ўз салтанатини кенгайтириш учун кўп ҳарбий юришлар уюштирган. Абдуллатифхон вафотидан сўнг (1551) Самарқанд тахтига ўтирган ва Наврўз Аҳмадхон номи б-н Мовароуннаҳрни бошқарган. Унинг номи б-н танга пуллар зарб этилган. Б. ободончилик ишларига эътибор берган, мадрасалар қурдирган. Ҳофиз Таниш Бухорийнинг «Абдулланома» асарида қайд этилишича, Б. 1556 й. Зарафшон дарёсидан бошланган Дарғом каналининг бош иншооти Равотхўжа тўғонини тузаттириш учун келган ва шу ерда тўсатдан вафот этган. БАРОҚХОН даврида Мовароуннаҳр б-н Якин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари, Ҳиндистон, Хитой, Сибирь ўртасида савдо-сотиқ, элчилик муносабатлари ривожланган.

БАРОҚХОН МАДРАСАСИ

(Зарқайнар кўч., 103), архитектура ёдгорлиги. Бир неча даврда қурилган иморатлардан таркиб топган (15—16- а.). Дастлаб бинонинг шарқий бурчагидаги мўъжаз мақбара (кимга мансуб эканлиги номаълум) қурилган. Сўнг (1530) шайбонийлар сулоласининг Тошкентдаги ҳокими Суюнчхўжахон (1525 й. вафот этган) мақбараси қад кўтарган. Бу мақбара ҳовли тўридаги пештоқли хонақоҳдан иборат. Қўшқават гумбази бўлган. Ташқи — кўк гумбаз (мовий ранг кошин б-н қопланганлиги учун шундай аталган) 1868 й. зилзила натижасида бузилиб кетган.

БАРОҚХОН МАДРАСАСИ мемориал комплексининг 3- боскичини 16- а. ўрталарида Бароқхон курдирган. У илгари қурилган 2 макбарани ҳам ўз ичига олган мадраса солдирган. Мадраса бу типдаги анъанавий бинолардан фарк килсада, лекин ҳужралар ва айвонларнинг очик ҳовли атрофига жойлаштириш усули саклаб қолинган. Тўғри тўртбурчак шаклдаги ҳовли шимоли-шарқдан жануби-ғарбга қараб чўзилган. Мадрасанинг композицион м-зини Суюнчхўжахон макбараси ташкил қилади; у асосан дарвоза пештоғи рўпарасида жойлашган. Икки томони айвонлардан иборат ҳовлининг шимолий ва жанубий томонларига бир каватли ҳужралар қурилган. Тўрт бурчагида чўзиқ хона (корихона) лар бўлган. Деворлари, тоқлари ва пештоғига ранг-баранг кошинкор нақшлар ишланган, хонақоҳ ичкариси кундал усулида безатилган ва устидан зарҳал югуртирилган. Деворнинг тўк яшил рангли олти ёқли сирти парчин териб ишланган изорасига зарҳал югуртириб нафис безак берилган; ҳужралар деразаларига турли гирих нақшлар ўйилган ганч панжаралар ўрнатилган.
1935 — 36 ва 1955 — 56 йил-ларда археол. ўрганишлар ўтказилган. 1955 — 63 йилларда Уста Ширин Муродов иштирокида таъмир ишлари олиб борилган. Ум. ўлчами —82X44 м, ҳовлиси — 46X27 м.

НАМОЗГОҲ

(Зарқайнар кўч., 45б), Ҳазрати Имом комплекси таркибидаги архитектура ёдгорлиги. 1845—67 йилларда курилган. Ўрта Осиёдаги йирик бинолардан. Ҳайит, жума намозлари ўқишга мўлжалланган. Чўзинчоқ, тўғри тўртбурчак тарҳли. Асосий (ўртадаги) хона — масжид, икки қаноти гумбазли хоналардан иборат. Хоналар олд томони масжид б-н бир текис устунли пешайвон. Масжид чортоқ тарҳли; бир қават гумбаз б-н ёпилган. Гумбаз ва гардиш ораси данданали. Н. ўлчами 26 X 26 X 3,5 — 4 см ли пишиқ ғиштдан ишланган. Сирти сувалмаган, кўча томони таъмирланган. Пешайвон шифти нақшли бўлган (сақланмаган). Масжид ичи ҳам деярли безатилмаган, меҳроби бор. Тоқилари муқарнасли, юқори қисми занжира безакли. Девори суваб окланган. Ум. ўлчами —56X14,5 м. Масжид тархи мурабба (квадрат)— 6X6 м, гумбаз баландлиги 14,2 м.

ҚАФФОЛ ШОШИЙ

ҚАФФОЛ ШОШИЙ, тўлиқ исми Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил ал-Қаффол аш-Шоший (904—976) — шофиъия мазҳабининг етакчи олимларидан, фиқҳшунос. Шошда туғилган. Дастлабки маълумотни шу ерда олган. Ироқ Шом мамлакатларига сафар қилган. Ислом дунёсининг энг машҳур имомларидан Абул Аббос Аҳмад ибн Умар ибн ас-Сурайжий (850— 918) нинг шогирди бўлган. Ватанига қайтгач, Мовароуннаҳрда, жумладан Шош вилоятида шофиъия мазҳабини тарғиб этган, илоҳиётга доир бир қанча асар ёзган. Қуръон, ҳадис ва шариат илми, шунингдек тилшунослик соҳасида билимдон бўлган. «Одоб ул-қози» («Қози одоби») номли асари маълум.
Қ. Ш. Т.да вафот этиб, Кайковус ариғига яқин ерга дафн этилган. Кейинчалиқ Қаффол Шоший мақбараси бунёд этилиб, ундан жанубда Себзор даҳаси вужудга келган. Бу даҳа тошкентлик тарихчи Муҳаммад Солиҳ (19-а.) асарида Ҳазрати Имом Қаффол Шоший даҳаси дейилган. ҚАФФОЛ ШОШИЙ қабри халқ орасида Ҳазрати Имом (Ҳасти-мом) номи остида катта шуҳрат топган, зиёратгоҳга айланган. Ривоятларга кўра, Тошкентнинг Кўкча даҳасидан машҳур авлиё Шайх Зайниддин бобо ер ости йўли орқали ҚАФФОЛ ШОШИЙни зиёрат этгани қатнаган. ҚАФФОЛ ШОШИЙ оғирлиги ярим грамм келадиган ажойиб қулф-калит ясаганлиги учун «ал-Қаффол» («Қулфчи») лақабини олган. Араб тарихчиси ва географи Абул Фидо (1273— 1331) нинг ёзишича, ҚАФФОЛ ШОШИЙ ўз замонасининг етук имомларидан бўлиб, Мовароуннаҳрда унга тенг келадиган аллома бўлмаган. Тошкент кўчаларидан бири ҚАФФОЛ ШОШИЙ номига қўйилган.

ҚАФФОЛ ШОШИЙ МАҚБАРАСИ

ҚАФФОЛ ШОШИЙ МАҚБАРАСИ (Заркайнар кўч., 123), арх. ёдгорлиги. Ҳазрати Имом (Ҳастимом) номи б-н машҳур бўлган имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил ал-Қаффол аш-Шоший га атаб қурилган. Дастлабки мақбара сақланмаган. Қ. Ш. м. меъмор Ғулом Ҳусайн томонидан қурилган (1541—42). Эшиктепасидаги китоба ва гумбазнинг пастки кисмидаги ёзувлар сақланган. Мақбара тархи чортоқ бўлиб, ўртадаги қатта хона қўш қават гумбаз б-н ёпилган. Мақбара бурчакларида икки ва уч каватли сакиз ёқли ва тўртбурчак ҳужралар бор. Катта хонанинг уч томони пештоқли. Мақбаранинг жан. томонидан қадимги қабрли ҳовлига чиқилади. Мақбаранинг ташқи томонлари безаксиз.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz