Танловга: Шеърлар Принтер учун
04.12.2014 й.
Ортимдан дуо қилинглар...

Руҳимдан ажралганда бир кун бу тан,
Кийдиргайдирлар унга оппоқ кафан.
Қабристонни тутганимда мен ватан,
Ортимдан дуо қилинглар илтимос.

Сўроқ қилганида Мункар ва Накир,
Қайси дўстим ёрдам бергайдир ахир?!
Сиқувга олмасин уни дея қабр,
Ортимдан дуо қилинглар илтимос.

"Роббинг ким?" деса айлансин тилим,
Шукр Унга муҳаббат қўйгандир дилим.
Дўстлар, ҳеч бўлмаса мен ўлган куним,
Ортимдан дуо қилинглар илтимос.

Қанийди қабрим бўлса жаннатдан боғ,
Сўранглар дўзахдан бўлмасин бир чоҳ.
Қабр азобидан Ҳақ берсин деб паноҳ,
Ортимдан дуо қилинглар илтимос.

Маҳшаргоҳда турмоқ бор ҳали узоқ,
Арш сояси насиб этарми эй воҳ!
Сўраб қайта дийдор келмоғин тезроқ,
Ортимдан дуо қилинглар илтимос.

Сиротдан ўтарда ким бўлар ҳамроҳ?
Елкамда турганида қоп-қоп гуноҳ.
Ўзи мададкор бўлсин дея Аллоҳ,
Ортимдан дуо қилинглар илтимос.

Тарозу қаршисига етсам толиб,
Билмам қай амалим келгайдир ғолиб.
Яшасангизлар мендан кейин қолиб,
Ортимдан дуо қилинглар илтимос.

Гуноҳларимга қандай берай жавоб?!
Роббим раҳим қилмаса ҳолим хароб.
Дуо қилганингизга олиб савоб,
Ортимдан дуо қилинглар илтимос.

Дўзах азобига қилолмам тоқат,
Ҳақ Жамолига муштоқдирман ғоят.
Барчага насиб этсин деб шафоат,
Ортимдан дуо қилинглар илтимос.

Жаннатни орзу қилган мўъминлар

Иймон калимасин айтиб тили,
Қатъий ишонч-ла тасдиқлар дили,
Ва буни исбот қилар амали,
Жаннатни орзу қилган мўъминлар.

Намоз ўқимоқдан толмас сира,
Хайрли амаллардан қолмас сира,
Мусулмонга душман бўлмас сира,
Жаннатни орзу қилган мўъминлар.

Рўза тутар келганда Рамазон,
Имкон қадар қилгай хайру-эҳсон,
Таҳажжудга ҳам уйғонар осон,
Жаннатни орзу қилган мўъминлар.

Закотин бергайдир бўлса қодир,
Гуноҳ ишни этмас қасддан содир,
Ҳисоб кунидан қилар хавотир,
Жаннатни орзу қилган мўъминлар.

Байтга ошиқар топса гар имкон,
Аллоҳ учун бўлгандир мусулмон,
Покликни истар ҳар ишда, ҳар он,
Жаннатни орзу қилган мўъминлар.
Бу кунлар ҳам ўтиб кетади

Жаннатдан тушганида Одам,
Роса чеккандир қайғу, алам.
Бизни кулфат недир дўстгинам,
Бу кунлар ҳам ўтиб кетади.

Ўтга ташланганда Иброҳим,
Парвардигор эшитди оҳин.
Офият берса гар Илоҳим,
Бу кунлар ҳам ўтиб кетади.

Мусо қолганида денгизда,
Яратган нажот берди тезда.
Йўқ! Роббим мен биландир бирга.
Бу кунлар ҳам ўтиб кетади.

Зулматларда қолганди Зуннун.
Аллоҳга ёлворди туну кун.
Умидворман бўлмайин маҳзун.
Бу кунлар ҳам ўтиб кетади.

"Аллоҳни ўғли - дея - Ийсо",
Қатл қилмоқчи бўлдилар ҳатто.
Шундай душманимиз йўқ асло,
Бу кунлар ҳам ўтиб кетади.

Энг сўнгги набий келди Аҳмад.
Оламларга бўлибон раҳмат.
Ислом деб кўрдилар кўп заҳмат...
Бу кунлар ҳам ўтиб кетади.

Йиғлагим келди

Хайр топа олмай сохта улфатларда,
Бошим қолибон минг бало кулфатларда,
Сени танимай умр ўтди зулматларда.
Умрни Сени танишга бағишлаб энди,
Саждага бошим қўйиб йиғлагим келди.

Мусулмон этганинга бўлсин ҳамд беҳад.
Ўзинг бердинг иймон номли улуғ неъмат,
Ўзинг айладинг тўғри йўлга ҳидоят.
Шукрни адо этмоқни бошлайин энди,
Саждага бошим қўйиб йиғлагим келди.

Ҳеч шубҳасизки, гуноҳларимдир бисёр,
Лек тавба айлаб бўлдим Сендан умидвор.
Истиғфор айтай мудом, то танда жон бор.
Узрни кўз ёшим ила бошлайин энди,
Саждага бошим қўйиб йиғлагим келди.

Тушларимга киринг Расулуллоҳ

Дунёда насиб этмади дийдор.
Охиратдан бўлганмиз умидвор.
Унгача ҳеч йўқса майли бир бор.
Тушларимга киринг Расулуллоҳ.

Тушда-да сизни кўрмоқ саодат.
Ўнгда ҳам насиб айласа шояд.
Камина қулни шод этиб ғоят.
Тушларимга киринг Расулуллоҳ.

Тоқат етарми солмоққа назар.
Бир қучардим, изн берсангиз агар.
Шафоатдан бериб бизга хабар,
Тушларимга киринг Расулуллоҳ.

Тонгача қурайлик бирга суҳбат.
Айланг сиз бизга панд-у насиҳат.
Ҳар кеча келмоққа айлаб одат.
Тушларимга киринг Расулуллоҳ.

Солаллоҳу алайҳи васаллам

Роббимга илтижо

Бу дунё бир ўткинчи ҳолат.
Йиғлармиз гоҳо қилмай тоқат.
Жамолинг насиб айлаб шояд.
Боқий ҳаётда кулдирсанг бас.

Калимада бўлайлик собит.
Иймонимизни доим соғ эт.
Жон танадан бўларда соқит.
Мусулмон ҳолда ўлдирсанг бас.

Гувоҳмиз Расулдир Муҳаммад.
Биз у зотга қўйдик муҳаббат.
Ҳабибингдан айирмай абад.
Фирдавсда бирга қолдирдирсанг бас.

Тоифаларга тўлди замон.
Ўзинг айлама ботил томон.
«Аҳли сунна» ни айлаб омон.
Ҳақ йўлни мудом билдирсанг бас.

Солиҳа аёл

Иймондан улуғ нарса йўқ сўзсиз,
Унга тенг қилманг кумушу зарни.
Лек Пайғамбарим деганлар бир сўз:
Солиҳа аёл иймоннинг ярми!

Аёлга ким бергай шундай баҳо?
Исломда улуғдир аёл қадри.
Насаб-у чирой шарт эмас асло,
Солиҳа аёл иймоннинг ярми!

У онадир, у опадир, у сингил,
Беш маҳрамининг ғурури, шарми.
Асранг уни, бўлсин иймон комил.
Солиҳа аёл иймоннинг ярми!

Пайғамбардан ўзга


Таърифини айтсам : тирик Қуръон,
Сен буюк хулқдасан деган Раҳмон.
Табассум қилар ҳар кимга ҳар он,
Биров борми Пайғамбардан ўзга?!

Эсган шамолдан ҳам бўлган саҳий.
У ила ниҳоя топган ваҳий.
Малакмас, инсон бўлса ҳақиқий,
Биров борми Пайғамбардан ўзга?!

У ила дунё топган ҳидоят.
Охиратда айлагай шафоат.
Оламларга бўлиб келган раҳмат,
Биров борми Пайғамбардан ўзга?!

Ҳеч қорни тўйиб емаган таом.
Истиғфорни лозим тутган мудом.
Ҳар не хайр бўлса бўлган бардавом.
Биров борми Пайғамбардан ўзга?!

Ғиёсиддин
 
« Олдинги   Кейинги »