ТОШКЕНТ — ИСЛОМ МАДАНИЯТИ ПОЙТАХТИ Принтер учун
16.04.2007 й.

Тошкент ислом университетида Тошкент шаҳрининг ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинишига бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Юртимиз азалдан инсоният тамаддуни, жумладан ислом маданияти ривожида алоҳида ўрин тутади. Буюк аждодларимизнинг илм-фан ва маданиятнинг кўплаб соҳалари тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссасини дунё тан олган.

Ўзбекистон истиқлолга эришгач, аждодлар қолдирган бой маданий меросни тиклаш ва янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Буюк аллома ва азиз авлиёларимиз муқаддас қадамжоларини таъмирлаш ва ободонлаштириш, уларнинг бой илмий-маданий меросини ўрганиш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний сингари беназир алломаларнинг муборак номлари қайта тикланиб, уларнинг меросини ўрганишга эътибор кучайди. “Масжиди Калон”, “Шоҳи Зинда”, “Кўкгумбаз” каби кўплаб масжид ва мадрасалар қайта таъмирланди. Бу ўзгаришлар ¬хал¬қаро жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда ва юқори баҳоланмоқда.
Ислом конференцияси ташкилотининг тузилмаларидан бири бўлган Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича халқаро ислом ташкилоти (ISESCO) томонидан Тошкент шаҳрининг 2007 йилда ислом маданияти пойтахти деб эълон қилиниши Ўзбекистон, хусусан унинг пойтахти ислом цивилизацияси тарихида ўзига хос ўринга эга эканидан яна бир далолатдир.
Бу оламшумул воқеа республикамизда ва хорижда катта қизиқиш уй¬ғотди. Шу муносабат билан мамлакатимизда мазкур шарафли эътирофга бағишланган, йил бўйи давом этадиган илмий-амалий, маданий ва маънавий-маърифий тадбирлар бошланди.
Тошкент ислом университетида бўлиб ўтган “Тошкент — 2007 йилда ислом маданияти пойтахти” мавзуидаги илмий-амалий семинар ҳам ана шу воқеага бағишланди.
Семинарда университет профессор-ўқитувчилари, талабалар, Ўзбекистон Фанлар академияси, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Анжуманда Тошкент шаҳрининг ислом маданияти пойтахти деб эълон қилиниши улкан тарихий-маданий ва сиёсий воқеа экани, пойтахтимизнинг ҳақиқатан ҳам бундай шарафга муносиблиги ва бу борада кўплаб далиллар келтириш мумкинлиги таъкидланди. Тошкент — азалдан минтақамиз тарихида муҳим ўрин тутган қадимий шаҳардир. У турли даврларда жаҳон динлари туташган марказ бўлиб келган ва ислом тамаддуни тарихидаги ўрни беқиёсдир.
Ҳозир Ўзбекистонда икки мингдан ортиқ масжид, ўндан зиёд олий ва ўрта махсус билим юрти фаолият юритмоқда. Улардан Тошкент ислом университети, Тошкент ислом институти айнан пойтахтимизда жойлашган. ЮНЕСКОнинг “Бутунжаҳон аҳамиятига молик ёдгорликлар рўйхати”га киритилган Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг Шарқ қўлёзма асарлари фонди ҳамда “Усмон Қуръони”нинг нодир қўлёзма нусхаси ҳам Тошкентда сақланмоқда.
Кўҳна тарихга эга Тошкент айниқса мустақиллик йилларида таниб бўлмас даражада ўзгарди. Бугун бу қадимий ва ҳамиша нав¬қирон шаҳар бетакрор тарихий ёдгорликлари билан дунё аҳамиятига молик сиёсий, иқтисодий ва маданий марказ ҳисобланади.
Семинар иштирокчилари Тошкентнинг ислом маданияти пойтахти деб танланишида Президентимиз Ислом Каримовнинг ҳиссаси катта эканлигини алоҳида таъкидладилар. Юртбошимиз раҳнамолигида виждон эркинлигини таъминлаш, диний анъана ва удумларни тиклаш ва ривожлантириш, ислом дини маданияти ёдгорликларини таъмирлаш ва ободонлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Анжуманда шарқшунослар, тарихчи олимлар ва уламоларнинг “Ўзбекистон — ислом дини маданиятининг анъанавий марказларидан бири”, “Ҳаётбахш маънавий мерос”, “Тошкент — ислом цивилизацияси бешиги”, “Юртимиз алломаларининг ислом дини маданияти ривожида тутган ўрни”, ‘’Марказий Осиё алломаларининг Ўзбекистон кутубхоналарида сақланаётган илмий мероси” мавзуларидаги маърузалари тингланди.
Семинарда муҳокама этилган масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Тошкент — ислом маданиятининг пойтахти, деб эълон қилинишига бағишланган тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ва юқори савияда ўтказиш лозимлиги таъкидланди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Б.Абдуҳалимов иштирок этди.

Воҳид ЛУҚМОНОВ,
ЎзА мухбири.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz