Танловга: “Бисмиллаҳ” сабаб мусулмон бўлган саҳоба Принтер учун
21.11.2014 й.
Сийрат китобларидан бирини ўқир эканман, олдин эътиборимни тортмаган бир воқеага эътибор қилдим. Ишда ҳам бошқа вақт ҳам шу воқеа тез-тез хаёлимга келаверди. Шу сабаб бу воқеа ҳақида биргаликда тафаккур қилайлик деб сизларга ҳам илиндим...
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толиб ва аёллари Хадижа розияллоҳу анҳо вафот қилганларидан сўнг Набий солаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қиладиган киши бўлмай қолди. Мусулмонларга нисбатан озор янада кучайди, даъват иши тўхтаб қолаёзди. Шунда Набий солаллоҳу алайҳи васаллам у ер шарафли кишиларнинг шаҳри деб, уларнинг Исломга киришларидан умидвор бўлган ҳолда Тоифга йўл олдилар. Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу у зот алайҳиссаломга ҳамроҳ бўлдилар. Йўл юриб, машаққат чекиб Тоифга ҳам етиб бордилар. Набий солаллоҳу алайҳи васаллам Тоифнинг улуғлари ила учрашиб, уларни Исломга чақирдилар. Натижа эса у зот алайҳиссалом кутганларидан тамомила тескари бўлди. Улар Пайғамбаримиз алайҳиссаломни ҳақорат қилишди, мазах қилишди. Кўп озорлар бериб, ҳатто у зот алайҳиссаломнинг муборак қонлари тўкилганда ҳам озорни тўхтатишмади, Набий солаллоҳу алайҳи васаллам бир зум дам оламан деб тўхтасалар ерюткур қавм ортларидан қувиб етиб келар, тошларни ёмғир каби ёғдирар эди. Набий солаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳимояларида туриб Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу ҳам жабрландилар. Шу тариқа иккилари улардан нари бўлиб, бир мевазорга кирдилар ва Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳга дуо қилдилар. Мевазорнинг хўжайини Набий солаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолларига ачинганидан, ўзининг Аддос исмли хизматкорига мева бериб, уларнинг ёнига юборди. Набий солаллоҳу алайҳи васаллам мевадан олиб, ейишдан олдин “Бисмиллаҳ” дедилар. Шунда Аддос ажабланиб, бу ҳудудда бу сўздан фойдаланилмаслигини изҳор қилди. Набий солаллоҳу алайҳи васаллам ундан “Сен қаердан келгансан?” деб сўрадилар. Аддос “Найноводанман” деган эди, Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Аллоҳнинг солиҳ бандаси Юнус ибн Маттоъ яшаган ўша Найнаводанмисан?” дедилар. У: “Сен уни қаердан биласан?” деди. Набий солаллоҳу алайҳи васаллам “У ҳам набий эди, мен ҳам набийман” дедилар.
Аддос розияллоҳу анҳу Набий солаллоҳу алайҳи васалламнинг пешона ва қўлларидан ўпиб мусулмон бўлди...
Бу воқеанинг эътиборимни тортган жойи шу бўлдики, Набий солаллоҳу алайҳи васаллам ва Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу шунча машаққат ила ўзга шаҳарга бориб, уларни Исломга чақирсалар ҳам Аллоҳ таоло ҳидоятни насиб қилмагани учун Тоиф аҳли Исломга кирмади. Боғга кирганларида эса, улар кутмаганда, бир оғиз калима – “Бисмиллаҳ” сабабидан Аллоҳ таоло асли христиан бўлган бир кишини мусулмон бўлишини насиб айлади. Аллоҳ таоло Аддос розияллоҳу анҳуни ҳидоятга бошлаган эди...
 
Ғиёсиддин
 
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz