Иймонимда шубҳам бор! Принтер учун
19.11.2014 й.
Савол: Ассалому алайкум, урматли Шайх Ҳазратлари! Алҳамдуллилаҳ, Намозни 5 маҳал ўз вақтида адо этаман, садақа бераман, ҳар куни истиғфор айтиб юраман, Шаҳодат калимасини қайтариб юришни яхши кўраман, Онамни ҳурмат ила айтганларини лаббай деб бажараман, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзимдан кўпроқ яхши кўраман. Лекин бир хил пайтлар калламга "Нега бундай ибодатлар қилиб юрибсан, Аллоҳ борми ўзи? Қаёқдан биласан эҳтимол ҳаммаси ёлғондир?" деган фикрлар келади. Зудлик билан улардан қутиламан. Нега бундай бўлиб туради менда, тушинаолмаяпман?

Жавоб: Китоб ўқимайсиз шекилли. Бу масалани аллақачон ёзилган ва кўпчилик ўқиб, ўрганиб ва тушуниб бўлган. Сиз бўлса, уни савол қилиб юрибсиз. Менинг вақтимни олмоқдасиз.
Бунинг номини васваса дейилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шайтон бирингизга келиб: «Буни ким яратди? Уни ким яратди?» дейди. Ҳатто: «Роббингни ким яратди?» ҳам дейди. Қачон шунга етганда, у Аллоҳдан паноҳ сўрасин ва бас қилсин», дедилар».
Учовлари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиси шарифда инсон хаёлидан кечадиган баъзи васвасалар шайтондан экани баён қилинмоқда. Шу билан бирга, ўша шайтон васвасасини қайтариш йўли ҳам кўрсатилмоқда. Шайтон Одам Ато билан ўзи орасида бўлиб ўтган машҳур можародан бери одам боласига душман. У Қиёмат кунигача одамзодни васваса қилишга қасам ичган. Шунинг учун ҳам, инсон ҳаргиз бу лаънатланган душманини унутмаслиги керак. Гоҳида хаёлига келиб қоладиган васвасали фикрлар, «уни ким яратган, буни ким яратган» каби саволлар бора-бора «Роббингни ким яратган?» каби телба фикрга олиб келиши ҳам турган гап. Шунинг учун мазкур ҳолат юзага келганда дар¬ҳол: «Аъузу биллаҳи минашшайтонир рожийм» деб Аллоҳдан паноҳ сўрасин. Мазкур хаёлларни миясидан қувсин! Шу билан иш тугайди. Ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетади. Акс ҳолда оқибати чатоқ бўлиши мумкин.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Шайтон васвасасининг ҳақлиги.
2. «Уни ким яратди, буни ким яратди?» деб бориб, «Роббингни ким яратди?» дейишгача бориш ҳам мумкинлиги.
3. Бундай ҳолатларда Аллоҳдан паноҳ сўраш лозимлиги.
4. Бундай саволларни дарҳол тўхтатиш лозимлиги.
Сиртдан содда кўрингани билан бу ҳадисда зикр қилинган масала ўта муҳимдир. Васваса кишилар учун энг нозик ва энг хатарли нарса, у ақийда бобида зарар етказади. У туфайли инсон диндан чиқиб, кофир бўлиши ҳеч гап эмас. Ушбу ҳадисда шундоқ катта муаммонинг ҳал этиш йўли тақдим этилмоқда. Ҳозирги кунда мусулмон оламида ҳам, ундан ташқарида ҳам васваса хасталигига учраганлар кун сайин кўпайиб кетаётгани ҳеч кимга сир эмас. Руҳий ва асабий касаллар сони тинимсиз ўсиб бормоқда. Бу эса, ушбу ҳадиси шариф ва кейинги келадиган ҳадисларнинг ҳикматига инсоният қанчалик муҳтож эканини кўрсатади.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шайтон бирингизга келиб:
«Осмонни ким яратган? Ерни ким яратган?» дейди. У:
«Аллоҳ», дейди.
Ким шунга ўхшаш нарсани сезса, дарҳол «Аманту биллаҳи ва Русулиҳи» (Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтирдим), десин», дедилар».
Бу ҳадиси шариф ҳам ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ва ўтган ҳадисни тафсир қилиб келмоқда. Васвасани аввалги босқичидаёқ Аллоҳга ва У Зотнинг пайғамбарларига бўлган иймонни эълон қилиб, шайтонни қувиш ҳақида маслаҳат берилмоқда.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ азза ва жалла: «Албатта, умматнинг: «Бу нима, бу нима?» дейишида давом эта бориб, ҳатто Аллоҳ халойиқни халқ қилди, бас, Аллоҳни ким халқ қилди?» ҳам дейдилар», дер», дедилар».
Икки ҳадисни икки Шайх ривоят қилишган.
Бу ҳадиси шарифда ҳам васваса борлиги исбот қилинмоқда.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга васваса ҳақида савол берилди.
«У айни иймондир», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифнинг маъноси, бошқача қилиб айтганимизда «Васваса айни иймондир» бўлади. Бу қанақаси? Ахир васваса шайтондан, иймон Раҳмондан-ку! Васваса иймоннинг кушандаси-ку! У қандоқ қилиб, айни иймон бўлиши мумкин? Бу гап, олов сувдир, деганга ўхшамайдими?
Ушбу ҳадиси шариф билан дастлаб танишган одамда шунга ўхшаш саволлар пайдо бўлиши мумкин. Аммо, каминада бу саволлар пайдо бўлмади. Чунки, ушбу сатрлар ёзилишидан йигирма бир йил олдин ўтган тажриба бу маънони тушунишга ёрдам берди. Умумжаҳон Исломга чақириш куллиясига янги ўқишга келган пайтим эди. Бирдан қалбга васваса тушиб, бўлмағур фикрлар хаёлга ўралашиб қолди. Дунё кўзимга тор кўриниб, ҳеч нарса татимайди. Бировга айтишнинг иложи ҳам йўқ. Бу ҳолат бир неча кун давом этди. Сиқилиш, ташвиш юқори чўққисига етди.
Ана шундай оғир дамда кўзим Ҳаким Термизийнинг араб тилидаги «Муридлар одоби» китобига тушди. Муаллифи Термизий бўлгани учун, ўз ватандошимиз экан, деб китоб дўконидан харид қилувдим. Китобни қўлга олдим. Тўғри келган жойини очиб ўқий бошладим. Васваса ҳақида гап борар эди. «Мурид қалбига васваса тушса, яхшилик аломати, деб билсин. Чунки шайтон уни йўқлаб қолибди. Одатда, шайтон обод бўлаётган қалбларни васваса қилишга уринади. Хароба қалб¬лар шундоқ ҳам унинг мулки ҳисобланади, овора бўлиб уларни васваса қилиб ҳам ўтирмайди. Шайтон обод қалбларни хароба қилиш умидида уларга васваса қилади. Уриниб-уриниб, ниятига эриша олмагач, ташлаб кетади», дейилган эди.
Қалбимга «ялт» этиб ёруғлик тушди. Хурсанд бўлиб кетдим. Ориз бўлган нарса, васваса эканини тушундим. Унинг нима учун бўлаётганини ҳам англадим. Мана бугун эса, Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васваса ҳақида «У айни иймондир», деб айтган ҳадисларини ҳеч қийинчиликсиз тушуниб турибман.
Демак, киши вақтида англаб етиб, Аллоҳ таолодан дарҳол паноҳ сўраса, қалбига тушган васваса унга зарар етказа олмас экан. Бу эса ақийдавий, руҳий-маънавий соғломлик учун ниҳоятда зарурдир.
 
« Олдинги   Кейинги »