Макруҳлик билан ўқилган намоз қайта ўқилиши керак! Принтер учун
13.09.2014 й.

Намоз мўъмин-мусулмон учун муҳим амалдир. Унга жиддий ёндашиш, мукаммал, тўлиқ адо қилишга ҳаракат қилиш, намозни шариатда тўлиқ қабул қилинадиган тарзда ўқиш лозим бўлади. Намозда вожиб ва суннат саналадиган амалларни тарк қилмасликка, макруҳ амалларни қилиб қўймасликка алоҳида эътибор билан қараш керак. Намозхон агар намозида бирор камчиликни сезса ва нуқсонга йўл қўйганини билса, ўша камчилик ва нуқсонни бартараф қилиши, ўша камчилик ва нуқсонни йўқотиб намозни қайта ўқиши мусулмонлик бурчидир! 

Ҳанафийлик фиқҳи манбаларида макруҳлик билан адо қилинган намозни қайта ўқиш ҳақида сўз юритилган. Уларга кўра, агар намозда бирорта “макруҳи таҳримий” деб аталган иш содир бўлса, макруҳликни кетказиб ўша намозни қайта ўқиш вожиб бўлади. Агар намозда бирорта “макруҳи танзиҳий” деб сифатланган иш содир бўлса, макруҳликни кетказиб ўша намозни қайта ўқиш мустаҳаб бўлади.

Ҳанафий фақиҳларининг макруҳлик билан ўқилган намозни қайта ўқиш кераклиги борасидаги фатволарига ҳадиси шарифлардан бир қанча далиллари бор, албатта. Жумладан, “таъдили аркон”, яъни намоз амалларини, аниқроғи рукуъ ва саждани, шунингдек, улардан бош кўтарган вақтда уларни тўлиқ ва мукаммал адо қилиш лозимлиги ҳақидаги машҳур ҳадиси шариф бунга далил бўлади.

Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда ўтирган эдилар, бир кимса келиб, ул зотга салом берди-да, дарҳол бориб тез-тез намоз ўқиб олди. Бир ривоятда Расулуллоҳ (с.а.в.) ва ул зот билан бирга бўлганлар уни кузатиб турганини билмади, дейилган. Кейин Расулуллоҳ (с.а.в.) олдиларига қайтиб келди. Ул зоти шариф унга алик олдилар-да, “Боргин, намозни қайта ўқигин, чунки, сен намоз ўқимадинг!”, дедилар. У кимса бориб намозини қайта ўқиб келди. Яна Расулуллоҳ (с.а.в.) ўша гапларини такрорладилар. Ўша кимса намозини яна такрор ўқидилар, Расулуллоҳ (с.а.в.) унга яна намозни қайта ўқишни буюрдилар. Масжиддаги одамлар ўша кимсанинг намозни жуда шошилиб, тез-тез ўқиб олгани боис Расулуллоҳ (с.а.в.) унга намозни қайта ўқишни буюраётганини тушунган эдилар. Ўша кимса ҳам охири тушуниб қолиб, ул зоти шариф олдига келиб, “Менга кўрсатинг, ўргатинг. Ман ҳам одамман, тўғри иш қиламан ва хато ҳам қиламан”, деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) унга намозни шошилмасдан ўқишни, рукуъ ва саждаларни ором олган, тўлиқ қилган ҳолда бажаришни ўргатдилар. Сўнгра ул зоти шариф бундай дедилар:

فإذا فعلت ذلك فقد تمت صلاتك وإن انتقصت منه شيئا انتقصت من صلاتك

“Бас, мана шундай қиладиган бўлсанг, намозинг тўлиқ бўлади. Агар ундан бирор нарсани камайтирсанг, намозингдан кам қилган бўласан!” (Бухорий, 1/757, 793; Муслим, 1/397; Термизий, 2/302; Абу Довуд, 1/856; Насоий, 1/640; Ибн Можа, 1/1060; Доримий, 1/1379; Аҳмад, 2/9633; 4/19017, 19019; Ҳоким, 1/881; Табароний, 5/4520; Байҳақий, 2/2091; Дорақутний, 1/4; Ибн Ҳиббон, 5/1787; Ибн Хузайма, 1/461; Абу Авона, 2/1279; Абу Яъло, 11/6577; Баззор, 2/3727; Ибн Абу Шайба, 1/2958).

Юқоридаги ҳадисга кўра, вожиб ҳисобланган “таъдили аркон” тарк қилингани боис намоз макруҳи таҳримийлик билан адо қилинган. Шунинг учун Расулуллоҳ (с.а.в.) унга намозни қайта ўқишни буюрганлар. Бунга ул зоти шарифнинг: “Агар ундан бирор нарсани камайтирсанг, намозингдан кам қилган бўласан!” деган гаплари далолат қилади. Мавлоно Али ал-қори (р.ҳ.) бу ҳақида бундай ёзади:

وإنما أمره بالإعادة جبراً للنقصان، وزجراً له عن العادة الذميمة، وبهذا نقول. فعن السَّرَخْسِي: مَنْ تَرَكَ الاعتدال تلزمه الإعادة. ومن المشايخ من قال: يلزمه، ولا إشكال في وجوب الإعادة إذ هو الحكم في كل صلاة أُدِّيَت مع الكراهة التحريمية،

“Албатта унга намозни қайта ўқишни амр қилганлари нуқсонни тўлдириш ва ёмон одат қилганига танбеҳ бериш учун эди. Биз шундай деймиз. Шунинг учун Имом ас-Сарахсийдан: “Ким таъдили арконни тарк қилса, унга намозни қайтариш лозим бўлади”, дегани етиб келган. Машойихлардан ҳам лозим бўлади, деган гаплар бор. Намозни қайтаришнинг вожиблиги борасида ҳеч қандай ишкал йўқ. Чунки, ҳар бир намоз макруҳи таҳримийлик билан адо қилинса, ҳукм шудир” (Али ал-қори. Шарҳ ан-Ниқоя. 1-жилд. – Қозон, 1904. – Б. 119).

Макруҳлик билан адо қилинган намозни қайта ўқиш кераклиги борасидаги иккинчи ҳадисни ҳам келтириш мумкин. Ҳазрати Али (к.в.) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) бировнинг бир кимсанинг юзига (яъни, олдига, қаршисига) қараб намоз ўқиётганини кўриб, унга намозини қайта ўқишни буюрганлар. У намозни тўлиқ ўқиганини айтганида, Расулуллоҳ (с.а.в.): إِنَّكَ صَلَّيْتَ وَأَنْتَ تَنْظُرُ إِلَيْهِ مُسْتَقْبِلَه – “Албатта намоз ўқидинг, бироқ унинг қаршисида унга қараб ўқидинг”, деганлар (Дорақутний, 2/1893; Баззор, 1/661).

Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) унга намозни қайта ўқишни буюрганлари намознинг фасод бўлгани учун эмас, балки макруҳлик билан адо қилгани учун эди. Шунинг учун ҳам ул зоти шариф: “Албатта намоз ўқидинг, бироқ унинг қаршисида унга қараб ўқидинг”, деганлар. Ҳазрати Усмон (р.а.)нинг одамнинг юзига қараб намоз ўқишни макруҳ санаганларини Имом Бухорий (р.ҳ.) ҳам қайд қилиб ўтган (Бухорий, 1/511). Бу ҳақида Ибн Обидин (р.ҳ.) ҳам “Радд ал-муҳтор” асарида буларни ёзиб қолдирган:

( قَوْلُهُ وَصَلَاتُهُ إلَى وَجْهِ إنْسَانٍ ) فَفِي صَحِيحِ الْبُخَارِيِّ : وَكَرِهَ عُثْمَانُ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنْ يُسْتَقْبَلَ الرَّجُلُ وَهُوَ يُصَلِّي ، وَحَكَاهُ الْقَاضِي عِيَاضُ عَنْ عَامَّةِ الْعُلَمَاءِ ، وَتَمَامُهُ فِي الْحِلْيَةِ وَقَالَ فِي شَرْحِ الْمُنْيَةِ : وَهُوَ مَحْمَلُ مَا رَوَاهُ الْبَزَّارُ عَنْ عَلِيٍّ " { أَنَّ النَّبِيَّ عَلَيْهِ الصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ رَأَى رَجُلًا يُصَلِّي إلَى رَجُلٍ فَأَمَرَهُ أَنْ يُعِيدَ الصَّلَاةَ } وَيَكُونُ الْأَمْرُ بِالْإِعَادَةِ لِإِزَالَةِ الْكَرَاهَةِ لِأَنَّهُ الْحُكْمُ فِي كُلِّ صَلَاةٍ أُدِّيَتْ مَعَ الْكَرَاهَةِ وَلَيْسَ لِلْفَسَادِ اهـ. وَالظَّاهِرُ أَنَّهَا كَرَاهَةُ تَحْرِيمٍ ، لِمَا ذُكِرَ ، وَلِمَا فِي الْحِلْيَةِ عَنْ أَبِي يُوسُفَ قَالَ : إنْ كَانَ جَاهِلًا عَلَّمْته ، وَإِنْ كَانَ عَالِمًا أَدَّبْته ا هـ وَلِأَنَّهُ يُشْبِهُ عِبَادَةَ الصُّورَةِ

“Унинг намози инсон юзига қараб ўқилганда ҳам макруҳ бўлади. “Саҳиҳ ал-Бухорий”да Усмон (р.а.)нинг кишига қараб намоз ўқишни макруҳ дегани нақл қилинган. Қози Иёз (р.а.) буни кўпчилик уламолардан ҳикоя қилган. Ҳаммаси “ал-Ҳиля”да келтирилган. “Шарҳ ал-Муня”да бундай дейилади: “У ал-Баззорнинг Ҳазрати Али (к.в.)дан қилган ривоятига асосланган. Албатта Пайғамбар алайҳиссалом бировга қараб намоз ўқиётган бир кимсани кўриб қолиб, унга намозни қайтаришни буюрганлар. Бу ердаги буйруқ макруҳликни кетказиш учун бўлади. Чунки, ҳар бир кароҳат билан адо қилинган намоз борасида ҳукм шудир. Бу фасод бўлгани учун эмас”. Зоҳири шуки, бу ишни қилиш макруҳи таҳримийдир. “ал-Ҳиля”да Имом Абу Юсуф (р.ҳ.)дан зикр қилинган нарса учундир. Ул зот: “Агар бу ишни жоҳил қилса, унга ўргатаман. Агар олим қилса, унинг адабини бериб қўяман”, деган. Чунки, бу суратга ибодат қилишга ўхшаб қолади” (Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 411).

Шунингдек, “Фатҳ ал-қадир” соҳиби Камолиддин ибн ал-Ҳумом (р.ҳ.) бундай деганлар:

فَأَمَرَهُ بِالْإِعَادَةِ لِرَفْعِ الْكَرَاهَةِ وَهُوَ الْحُكْمُ فِي كُلِّ صَلَاةٍ أُدِّيَتْ مَعَ الْكَرَاهَة 

“Бас, унга намозни қайта ўқишни буюрганлари кароҳатни кўтариш учундир. Бу барча макруҳлик билан адо қилинган намозлар борасидаги ҳукмдир!” (Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадир. 1-жилд. (“ал-Ҳидоя” ва “ал-Иноя” билан бирга). – Миср: Амирия, 1310. – Б. 294).

Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг макруҳлик билан адо қилинган намознинг макруҳлигини кетказиб, қайта ўқиш кераклигини буюрганлари сабабли ҳанафий олимлари ўзларининг фиқҳий манбаларида буни қайта-қайта таъкидлаганлар. Жумладан, буюк фақиҳ Бурҳониддин ал-Марғиноний (р.ҳ.) расм-сурати бор кийимда намоз ўқилса, суратсиз кийимда уни қайта ўқиш вожиблигини айтиб ўтган:

وأشدها كراهة أن تكون أمام المصلي ثم من فوق رأسه ثم على يمينه ثم على شماله ثم خلفه ولو لبس فيه ثوبا فيه تصاوير يكره لأنه يشبه حامل الصنم والصلاة جائزة في جميع ذلك لاستجماع شارئطها وتعاد على وجه غير مكروه وهذا الحكم في كل صلاة أديت مع الكراهة

“Энг қаттиқ макруҳ бўладигани сурат намозхоннинг олдида бўлиши, сўнг боши тепасида, сўнг ўнг томони, сўнг чап томони, сўнг орқасида бўлишидир. Агар тасвирлар бор кийим кийиб намоз ўқийдиган бўлса ҳам макруҳ бўлади. Чунки, бу санам-бутни кўтариб турувчига ўхшайди. Буларнинг барида намоз шартлари жам бўлгани боис намоз жоиз бўлади, бироқ, макруҳ қилмасдан намозни қайта ўқилади. Бу макруҳлик билан адо қилинган барча намозларга тегишли ҳукмдир!” (Бурҳониддин ал-Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1314. – Б. 126).

Билиш лозимки, намозда Расулуллоҳ (с.а.в.) қилишдан қайтарган ишлар макруҳ бўлиши билан бирга намозда вожиб саналадиган ишларни тарк қилиш билан ҳам макруҳ бўлади. Бу эса намозни қайта ўқишни лозим қилади. Яъни, намозда бирорта вожиб тарк қилинган бўлса, ўша намозни қолиб кетган вожиб билан бирга қўшиб қайта ўқиш лозим бўлади. Жумладан, “Баҳр ар-роиқ”да қуйидаги масала баён қилинган:

... لحديث الترمذي عن ابن عمر قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم إذا أحدث - يعني الرجل - وقد جلس في آخر صلاته قبل أن يسلم فقد جازت صلاته ومعنى قوله تمت صلاته تمت فرائضها ولهذا لم تفسد بفعل المنافي إلا فمعلوم أنها لم تتم بسائر ما ينسب إليها من الواجبات لعدم خروجه  بلفظ السلام وهو واجب بالاتفاق حتى إن هذه الصلاة تكون مؤداة على وجه مكروه فتعاد على وجه غير مكروه كما هو الحكم في كل صلاة أديت مع الكراهة. كذا في شرح منية المصلي

“Бу масала Имом Термизийнинг Ибн Умар (р.а.)дан ривоят қилган ҳадиси борлиги учундир. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Киши намозининг охирида, салом беришидан олдин таҳоратини синдирса, батаҳқиқ намози жоиз бўлади”, деганлар. Муаллифнинг “намози тугаган бўлади”, деган гапининг маъноси фарзлари тугаган деганидир. Шунинг учун бу ерда намозда қайтарилган ишни қилиш билан намоз бузилмайди. Фақат маълумки, салом лафзи билан чиқмаганлиги учун вожиблардан иборат бошқа амаллар ҳали тугамаган бўлади. У эса уламолар иттифоғи билан вожибдир. Ҳатто бу ҳолатда намоз макруҳлик билан адо қилинган бўлади. Бас, макруҳлик ҳолатисиз адо қилиш керак бўлади. Чунончи, бу макруҳлик билан адо қилинган барча намозларнинг ҳукмидир. Чунончи, “Шарҳ “Мунят ал-мусоллий”да мазкурдир” (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 1жилд. – Миср: Илмия, 1311. – Б. 396).

“ал-Ҳидоя”нинг машҳур шарҳи “ал-Иноя”да “Бу макруҳлик билан адо қилинган барча намозларга тегишли ҳукмдир!” жумласи изоҳланар экан, كَمَا إذَا تَرَكَ وَاجِبًا مِنْ وَاجِبَاتِ الصَّلَاة – “Чунончи, бу намоз вожибларидан бирорта вожибни тарк қилган вақтда ҳамдир”, дейилган (Акмалуддин ал-Бобуртий. Ал-Иноя шарҳ ал-Ҳидоя. 1-жилд (“ал-Ҳидоя” ва “Фатҳ ал-қадир” билан бир тўпламда). – Миср: Амирия, 1310. – Б. 295).

Абу-л-Ихлос аш-Шурунбулолий (р.ҳ.) ҳам “Дурар ал-ҳукком”га ёзган ҳошиясида ушбу фикрни давом қилдирган (Абу-л-Ихлос Ҳасан ибн Имод аш-Шурунбулолий. Ғунйату зави-л-аҳком фий буғйати “Дурар ал-аҳком”. – Истанбул: Саҳҳофия, 1317. – Б. 98).

Юқорида Али ал-қори (р.ҳ)нинг макруҳи таҳримийлик билан адо қилинган намозни қайта ўқиш ҳақидаги гапни айтиб ўтганлиги келтирилди. Бундай қилиш вожиб бўлади, албатта. Агар намоз макруҳи танзиҳийлик билан адо қилинса, унда мустаҳаб бўлади. Аҳмад ат-Таҳтовий (р.ҳ.) “Мароқий ал-фалоҳ шарҳи “Нур ал-ийзоҳ”га ёзган ҳошиясида ундаги: “Агар намозда вожибни тарк қилинса, уни саҳиҳ ҳолда қайтариш вожиб бўлади, бошқасини тарк қилинса, намозни қайта ўқиш мустаҳаб бўлади”, деган фатвони ҳамда “Ҳар қандай макруҳлик билан адо қилинган намозни ўша макруҳликни йўқотиб қайта ўқилади”, деган масалани изоҳлаб, “мукруҳликни мутлақ айтилишидан таҳримий ва танзиҳийни ҳам ўз ичига олинади”, бу ҳолатларда намоз вақти чиқиб кетмасдан олдин қайта ўқиш вожиб, вақти чиққанидан кейин ўқиш мустаҳаб”, деган масалани айтиб ўтади (Аҳмад ат-Таҳтовий. Ҳошият ат-Таҳтовий ъала “Мароқий ал-фалоҳ”. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1997. – Б. 344).

“Радд ал-муҳтор”да Ибн Обидин (р.ҳ.): “Намозда вожиб тарк қилинса ёки макруҳи таҳримий билан адо қилинса, намоз вақти чиқиб кетмасдан аввал намозни қайта ўқиб олиш вожиб бўлади. Агар намозни қайта ўқимасдан туриб, вақти чиқиб кетадиган бўлса, гуноҳкор бўлади. Намоз вақти чиқиб кетганидан кейин эса, намозни қайта ўқиш вожиб бўлмайди, бироқ, қайта ўқиш афзал ҳисобланади”, деган масалани қайд қилиб ўтган (Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 521).

Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳунинг: كره أن يصلي بعد صلاة مثلها – “Намоздан кейин айни намознинг ўхшашиши ўқишни макруҳ санар эдилар”, деганлари манбаларда зикр қилинади (Таҳовий, “Мушкил ал-асор”, 9/3472). Айримлар ушбу хабарга асосланиб, намозни қайтариш мумкин эмас, дейишлари мумкин. Бунга Аҳмад ат-Таҳтовий (р.ҳ.) жавоб бериб, “Ҳеч қандай асоси бўлмаса ҳам васваса туфайли ўқиган намозини қайта ўқиш ёки биринчи ўқиган намозидаги айни қироатни такрорлаш ёхуд уни жамоат билан қайта адо қилиш макруҳ бўлади. Агар ўқиган намози макруҳлик билан адо қилинса-ю, уни макруҳсиз қайта ўқиса, биринчи ўқиган намозига ўхшаб қолмайди”, деб жавоб берилган (Аҳмад ат-Таҳтовий. Ҳошият ат-Таҳтовий ъала “Мароқий ал-фалоҳ”. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1997. – Б. 344).

Юқоридагилардан маълум бўлдики, намоз ўқиган кимса ундаги фарз, вожиб, суннат амалларни ҳамда ҳаром ва макруҳ бўладиган ишларни яхши билиб олиши керак. Ана шунда намози файзли, мукаммал, қабулга яқин бўлади. Агар намозда бирорта вожибни тарк қилиб қўйса, унга саждаи саҳв ҳам қилмаса, ўша намозини қайта ўқиб олишга ҳаракат қилиши керак. Шунингдек, намозда макруҳ бўладиган ишларни билиб, уларни қилмасликка уриниши даркор. Агар беихтиёр макруҳ ишни қилиб қўядиган бўлса, намозини ўша макруҳ амалсиз қайта ўқиб олиши керак. Бунинг учун эса намознинг вожиблари ва макруҳларини ўқиб-ўрганиш керак бўлади. Жумладан, “Фиқҳи Кайдоний” ва “Фарзи айн”да намоз вожибларини 21 (йигирма битта), суннатларини 27 (йигирма етти) та дейилган бўлса, “Нур ал-ийзоҳ”да вожибларни 18 (ўн саккизта), суннатларни эса 51 (эллик битта), дейилган. Намоздаги макруҳларни “Фиқҳи Кайдоний”да 59 (эллик тўққизта), “Нур ал-ийзоҳ”да 77 (етмиш еттита), деб бирма-бир санаб ўтилган (Лутфуллоҳ ал-Кайдоний. Фиқҳи Кайдоний маъа Шарҳ Шамсиддин ал-Кўҳистоний. – Тошкент, 1899. – Б. 16-23 ва 28-33; Абу-л-Ихлос аш-Шурунбулолий. Нур ал-ийзоҳ маъа “ал-Ислоҳ”.  Деҳли, 1344. – Б. 67-68 ва 69-71 ва 86-89).

“Ибодати исломия”да эса намоз вожибларидан 15 (ўн бешта), суннатларидан 25 (йигирма бешта), мустаҳабларидан 20 (йигирмата) саналган бўлса, намозда макруҳ бўладиган амаллардан 61 (олтмиш битта)си қайд этиб ўтилган (Аҳмад Ҳодий Мақсудий. Ибодати исломия. – Т.: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2013. – Б. 78-80).

Шукрки, “Фиқҳи Кайдоний”, “Нур ал-ийзоҳ” ҳамда “Ибодати исломия” каби асарлар бир неча мартадан ўзбек тилида эълон қилинган. Маҳаллий уламолар томонидан ёзилаётган намоз китобларида ҳам намознинг вожиблари, суннатлари, макруҳлари бирма-бир ҳар хил шаклда баён этилган, албатта. Жумладан, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳафизаҳуллоҳ ҳам намоз вожибларидан 12 (ўн иккита), суннатларидан 13 (ўн учта), макруҳлардан эса 12 (ўн иккита) амални санаб ўтганлар (Қаранг: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Мўминнинг меърожи (Муфассал намоз китоби). – Т.: Hilol-nashr, 2014. – Б. 106-108 ва 111-112).

Намоз Аллоҳ таоло ҳар бир мўъмин-мусулмонга буюрган фарзи айн ибодат бўлиб, уни мукаммал, тўлиқ ва алоҳида эътибор билан адо қилмоқ даркор. Агар намоздаги бирорта вожиб тарк қилинса, у намоз охиригача эсга тушадиган бўлса, саждаи саҳв қилиб олиши керак. Агар саждаи саҳвни ҳам унутиб қўйса, бироқ, вожибни тарк қилганини билса, билган заҳоти уни қайта мукаммал қилиб ўқиб олиши лозим. Шунингдек, намозда макруҳ дейилган ишларни қилиб қўйилса ҳам шу хилда йўл тутиши керак бўлади. Умуман олганда, намозга алоҳида эътибор ва эҳтимом билан ёндашмоқ керак. Намоз борасида эринчоқлик, ҳар хил баҳоналар қилиш ярамайди.

Аллоҳ ҳаммамизга тавфиқ берсин!

 

Ҳамидуллоҳ Беруний           

 
« Олдинги   Кейинги »