Мусулмон биродарининг кўзгусидир Принтер учун
12.08.2014 й.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Мўмин киши биродарининг кўзгусидир. Унда бир айбни кўрса, тўғрилайди».
Шарҳ: Мўмин-мусулмонлар бир-бирларига кўзгу вазифасини ўташлари, бир-бирларининг айблари, камчилик, хатоларини тўғрилашга ҳаракат қилишлари керак. Бу ниҳоятда яхши иш бўлиб, мўминлар бир-бирларига айбларини холисона билдириб, уларни кенгбағирлик билан, хурсандчилик билан йўқотиб боришлари, халқ олдида кулги бўлмасликлари лозим экан.
Буни бугунги кунда «ўз-ўзини танқид қилиш» деб атайдилар. Одатда, инсон ўзининг айбини ўзи кўриши жуда қийин. Аммо четдан қараганда бошқанинг айбини кўриш жуда осон.
Ана шу айбни душман кўриб қувонганидан ва гап-сўз қилганидан кўра, дўст кўриб, гап-сўзга айлантирмасдан, тезда тўғрилаш пайидан бўлгани афзал.
Мўминлар биродардирлар. Уларнинг биттасидаги айб бошқаларига ҳам айб бўлади. Шунинг учун, биродарининг айбини тўғрилаган мўмин ўзининг айбини тўғрилагандек бўлади.     

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўмин ўз биродарининг кўзгусидир. Мўмин мўминнинг биродаридир. Унинг йўқотганини тўлдиради, айбини эса беркитиб боради», – дедилар».
Шарҳ: Биродарлар бир-бирларига кўзгу вазифасини ўтаб, бир-бирларининг айбларини беркитиб боришлари, йўқотиб боришлари керак экан.
Мўмин мўминнинг айбини кўра туриб, уни тузатмасдан тек қўйса, бошқаларнинг олдида масхара, кулги бўлиш мумкин.
Шунингдек, бир мўмин иккинчи мўминга айбини айтиб, уни тузатишни таклиф қилса, айбдор мўмин аччиқланмаслиги, ғазабланмаслиги, балки ўша биродарига ташаккур айтиб, айбини дарҳол тўғрилашга киришиши лозим бўлади.
Муставроддан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир мусулмон устидан таом еган бўлса, Аллоҳ унга жаҳаннамдан ўша таом мислида таом едиради.
Ким бир мусулмон устидан либос кийса, Аллоҳ азза ва жалла унга жаҳаннамнинг либосидан кийдиради.
Ким бир мусулмонга нисбатан риё ва шуҳратпарастлик мақомида турса, Аллоҳ қиёмат куни унга нисбатан риё ва шуҳратпарастлик мақомида туради», – дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифни бошқача сўзлар ила қуйидагича ифодалашимиз мумкин:
Ким бир мусулмон бандани сотиб, мусулмоннинг зарарига иш қилиб, ўша ишининг мукофотига таом еган бўлса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қиёмат кунида унга жаҳаннамдан ўша таом миқдорида таом едиради.
Бир одам мусулмон одамнинг зарарига ишлаб, гапини сотиб, пойлоқчилик ёки шунга ўхшаш ишларни қилиб, либос олиб кийса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қиёмат кунида унга жаҳаннамнинг либосидан кийдиради.
Ким бир мўминга риёкорлик ва шуҳратпарастлик мақомида турса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қиёмат кунида уни мана шу нарсалар билан жазолайди.
Демак, мўмин-мусулмонлар зинҳор-базинҳор бу дунёнинг матоҳи учун, либос учун, таом учун бир-бирларининг зарарларига иш қилмасликлари лозим. Мусулмонга зарар етказиб топилган таом, либос ёки шуҳрат ҳамда шунга ўхшаш нарсаларнинг барчаси қиёмат кунида бало-офат, азоб-уқубат бўлиб қайтади.
Шунингдек, ҳеч ким мўмин-мусулмонга нисбатан риё ва шуҳратпарастлик мақомида зинҳор турмаслиги керак.
 
« Олдинги   Кейинги »