Бу ойдаги муҳим ибодатлар Принтер учун
12.07.2014 й.
ЭЪТИКОФ

Арабча “эътикоф” сўзи “лозим тутиш; туриб қолиш” маъноларини билдиради. Эътикоф – рўзадорнинг Аллоҳ таолога қурбат ҳосил этиш (яқинлашиш) ва ибодат қилиш ниятида масжидда бўлишидир. Эътикоф Қуръони карим (Бақара, 187) ва Суннати набавийя билан собит бўлган. Эътикоф ўтиришни назр қилган эркак кишига эътикоф вожиб бўлади. Рамазон ойининг охирги ўн кунида эътикоф кифоя (яъни баъзи мусулмонларнинг бажариши билан бошқалардан соқит бўладиган), таъкидланган суннат, бошқа вақтларда мустаҳабдир. Мустаҳаб эътикоф учун рўза шарт эмас. Унинг энг оз муддати, Абу Юсуфга (раҳимаҳуллоҳ) кўра бир соатдир.
Агар бир одам эътикоф ўтиришни рўзасиз назр қилса ҳам, у кишига назр қилган эътикофи кунлари рўза тутиш вожиб бўлади. Чунки рўза назр қилинган эътикофнинг дурустлигининг шартидир. Назр эътикофда фақат кундуз кунлари эътиқоф ўтиришни ният қилмаса кечалари ҳаж қилади. Эътикоф Масжидул Ҳаромда афзал, ундан кейин Масжидун Набавийда, ундан кейин Масжидул Ақсода, ундан кейин жамоат кўп йиғиладиган масжидларда афзалдир. Беш вақт жамоат бўлиб намоз ўқилмайдиган масжидда эътикоф ниятида ўтириш саҳиҳ эмас. Аёллар эр ижозати билан ўз уйидаги намоз ўқийдиган ўринда эътикоф қиладилар.
Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам) ҳар йили рамазон ойининг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтиришни канда қилмаганлар. Эътикоф муддати бир кундан ўн кунгача. Вожиб эътикофни ният қилган киши масжиддан чиқмайди (ҳожат учун, таҳорат олгани, ғусл қилгани чиқса бўлади). Эътикоф ўтирувчи тозаликка риоя қилган ҳолда еб-ичиши, озгина ухлаши, кийим ўзгартириши, ўзининг ёхуд оиласининг рўзғорини тебратиш учун эҳтиёжига зарур нарсаларнигина (масжиддан чиқмай) савдо қилиши жоиз. Эътикофчилар намоз ўқийдилар, тасбеҳ айтадилар, Қуръон ва китоб ўқийдилар, илм ўргатадилар ва ўрганадилар. Улар дуо қиладилар, ухровий (охират), хайрли сўзларни гапирадилар, зарур бўлмаса, дунё сўзидан сўзламайдилар, дунё ишини қилмайдилар. Эътикофчига тек туриб сукут сақлаш, аёлига яқинлашиш, ўпишиш, жинсий алоқа қилиш, савдогарлик қилиш (молни келтирмасдан савдо қилиш мумкин) ман этилган. Узрсиз, дунёвий иш учун масжиддан ҳеч қандай зарурий сабаб бўлмасдан бир зумга бўлса ҳам ташқарига чиқса, вожиб эътикоф бузилади, суннат ёки мустаҳаб бўлса, тугайди.
Бир кунлик эътикофни қасд қилган киши тонг отмасидан масжидга кириб, қуёш ботгач чиқади. Бир кундан кўп эътикоф ўтирмоқни назр қилса, қуёш ботмасидан илгари масжидга кириб, кейинги кун қуёши ботганидан сўнг чиқади. Киши неча кунлар эътикоф ўтиришни назр қилса, ўша кунларнинг кечаларини ҳам эътикоф ўтириши лозим бўлади. Кечалари эътикофни назр қилган киши узлуксиз кундузлари ҳам эътикоф ўтириши лозим. Кечаларни истисно қилиб, фақат кундузлари эътикоф ўтиришни ният қилиш жоиз. Агар киши бир ой эътикофни назр қилиб, қалбида ният қилса, тили билан айтмагунича назр ҳисобланмайди.
Ихлос ва самимият ила адо этилган эътикоф ибодатларнинг афзалидандир. «Ким рамазонда ўн кун эътикоф ўтирса, худди икки ҳаждек ёки икки умрадек бўлади», деб ҳадиси шарифда ривоят қилинган.
Ислом олимларидан Атоуллоҳ (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай дейдилар: «Эътикофга кирувчи киши катта дарвоза олдида бир илтижо ёки тилак сўраб, ёлвориб кутган, Роббим мени кечирмагунича бу эшикдан кетмайман, демоқчи бўлган киши кабидир».

ФИТР САДАҚАСИ

Фитр садақаси рамазон ойи давомида тутилган рўза Аллоҳ таоло даргоҳида қабул бўлиши ва рўза ичида билиб-билмай йўл қўйилган хато-камчиликларни поклаш учун камбағалларга бериладиган садақа, айни чоқда, каффорат ҳамдир. Ҳадиси шарифда: «Фитрни ўз эгасига топширмагунига қадар тутган рўзаси осмонда осилиб туради, адо этиши билан қабул бўлиб, осмонга чиқиб кетади», дейилган.
Фитр садақасини рамазон ойининг сўнгига етишган ва аслий ҳожатидан ташқари нисобга етган молга эга бўлган мусулмоннинг бериши вожибдир. Бошқа садақалар (закот, ушр) молдан қилинса фитр садақаси киши бошидан қилинади. У вожиб бўлганида оиладаги катта-кичик ҳисобидан жон бошига берилгани учун «бош садақаси» деб ҳам аталади. Фитр садақасини бериш учун рўза тутган бўлиш шарт қилинмаган. Ҳайит намозидан олдин туғилган бола учун ҳам садақа бериш вожиб. Лекин балоғат ёшига етган катта, оқил, мустақил ҳаёт кечирувчи эркак болалари учун ота фитр садақаси бермайди.
Нисобга моли етган кишининг фитр садақаси олиши ҳаромдир. Чунки унинг берилишидан мақсад: ҳайит куни фақир мўмин-мусулмонни бироз бўлса-да севинтириш, муҳтож бўлса, кам-кўстини тўлдиришга ёрдам беришдир. Ана шунда камбағал-фақир мусулмон қалби қувончга тўлган ҳолда ҳайит намозига чиқади ибодатини хушуъ ва ихлос билан адо этади.
Фитр садақасини ўзи яшаётган шаҳар ё қишлоқдан бошқа узоқ шаҳар-қишлоқларга юбориш макруҳ. Шубҳасиз, фитр садақасини ўзининг қарамоғида бўлмаган, закот олувчи ҳисобланадиган қариндош-уруғ орасидаги фақир-камбағалларга бериш афзал. Аёл киши эрига агар у бечора, муҳтож бўлса, фитр садақаси бериши жоиз. Чунки эр аёлнинг қарамоғида эмас. Лекин эр хотинига бериши жоиз эмас, сабаби – хотин эрининг қарамоғидадир, яъни, шундай ҳам боқиши лозим. Ота-онасига, фарзандига, муртадга фитр садақасини бериб бўлмайди.
Фитр садақаси миқдори буғдой (ун), талқондан жон бошига ярим соъ (1900 гр), арпа, қуруқ хурмо ва майиздан бир соъ (3800 гр) қилиб белгиланган. Уламоларимиз ҳисобга тўғри ва осон бўлиши учун икки килограмм буғдой миқдорини асос қилиб олишган. Буни пулга чақиб, баҳосини берса бўлади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси бу йилги фитр садақаси миқдорини 5000 (беш минг) сўм қилиб белгилаган.
Уни бериш вақти рамазон ҳайити куни чин тонгдан вожиб бўлади, намозга чиқишдан олдин адо этиш мустаҳаб. Лекин ҳайитдан олдинги кунлари берса ҳам бўлади, фақирлар эҳтиёжи нуқтаи назаридан ўйланса, яхшироқ ҳамдир.
Закот олувчи кишилар фитр олувчилар ҳамдир. Фитр садақаси бундай сабаб билан берилмай, ҳайит ўтиб кетса, мусулмон елкасидан вожиблиги тушмайди. Фитр садақаси муҳтож одамларнинг аҳволини яхшилашга қаратилган молиявий ибодат бўлгани учун уни масжидлар қурилиши ё таъмирига ишлатиш мумкин эмас.
 
ФИДЯ БЕРИШ

Ислом шариатида буюрилган маълум бир амал ўрнига мол сарфлаш “фидя” дейилади. Бунинг учун шариатда кўрсатилган узрли сабаблар мавжуд бўлиши лозим. Масалан, рамазон ойи рўзасини узрли сабаблар туфайли тутолмай қолганлар бунинг учун фидя берадилар. Исломда инсонни унинг тоқатидан ташқари ишга таклиф қилиш йўқ. Масалан, Аллоҳ таоло рўза фарз қилиниши билан бирга «мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир» (Бақара, 184), деб марҳамат қилади. Ҳадиси шарифда: «Бу оят бекор бўлмаган, балки қари чол ва кампир учундир. Улар рўза тутишга қодир эмаслар. Бас, ҳар бир кун ўрнига камбағални таомлантирадилар», дейилган. Бошқа ҳадиси шарифда: «Бу рухсат фақат рўзани кўтара олмайдиган ва тузалмас касалларгагина берилади», дейилган.
Қариликлари туфайли рўза тута олмайдиганлар учун фидя беришнинг йўлга қўйилиши бежиз эмас. Унда камбағалларнинг манфаати билан бирга ўша рўза тута олмаган кишиларнинг адо эта олмаганлари учун афсус-надоматларини енгиллатиш ҳам бор. Қариялар рўзага кучи етса, тутиши лозим. Тута оладиган ҳолда фидя берса, раво бўлмайди. Юқорида келтирилган ояти каримада кўзда тутилганлар, умуман, рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган ўта қари чолу кампирлар, ўлаётган қариялар ва тузалишидан умид йўқ касаллардир. Бундай касал ўзи ёш бўлса ҳам, “ўтаётган қариялар” ҳукмидадир. Бу тоифадаги кишилар рўза тутиш имконига эга бўлмаганлари учун ўрнига фидя беришлари йўлга қўйилган.
Рўза тутишда вақтинчалик қийинчиликка учраб, кейин яна рўза тутиш имконига эга бўладиган касаллар худди ҳомилали ва эмизикли аёллар, мусофирлардек янаги рамазон келгунча тутиб беришлари лозим.
Ҳадиси шарифда: «Ким ўлсаю унинг зиммасида ойнинг (фарз) рўзаси бўлса, унинг номидан ҳар бир кун ўрнига бир камбағалга таом берсин», дейилади. Чунки тутилмай қолган рўза, ўқилмай қолган намозлар банданинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги қарзи ҳисобланади, уни узиш фарзандлари (меросхўрлари) елкасидадир. Фидя беришга марҳумдан қоладиган мероснинг учдан бир миқдоригача сарфлаш мумкин. Ворислар бўлмаса ҳаммасини сарфлаш жоиз. Мусулмон кишининг баъзи намози ёки рўзаси қазога қолган бўлса, киши вафот қилишидан хавфсиралган пайтда агар қоладиган ортиқча моли бўлса, ворисларига фидя беришни васият этиши вожиб. Аммо марҳум васият қилмаган бўлса, фидя бериш ворисларига вожиб эмас. Беш вақт намознинг ҳар бири учун ҳам, витр намози учун ҳам фидя берилади. Айрим уламолар: бир кунлик намоз фидяси бир кунлик рўза фидясига тенг, дейишган.
Камбағал бечора дейилганда кундалик ҳаёти қийинчиликда ўтаётган, кўчага чиқиб тиланчилик қилишга виждони йўл қўймаётган одам тушунилади. Фидя бир камбағалнинг бир кунлик ўртача тирикчилигини таъминлайдиган овқат миқдори бўлиб, унинг ҳажми таом ёки унга тўғри келадиган пул бирлигида белгиланади. Бунда ҳар бир жойнинг иқтисодий-маиший шарт-шароитидан келиб чиқилади. Бир кунлик рўза учун бериладиган фидя фитр садақаси (яъни, икки килограмм буғдой ёки унинг нархи)дан кам бўлмаслиги лозим. Ўликни кўмгандан кейин фидя бериш жоиз бўлса ҳам, уни кўммасдан илгари бериш афзалдир.
 
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz