Рамазон – икки дунё қўрғони Принтер учун
04.07.2014 й.
Жонажон диёримизга муборак рамазон ойи кириб келди. Саодат асридан буён мусулмонлар алоҳида аҳамият билан кутиб оладиган ой.
Бизни мусулмонлардан қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!
Мусулмонлар ичида масжидга қатнайдиганлардан, рўза тутадиганлардан қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!
Доруломон юртда тинчлик хотиржамликда рўза тутиш бахтига мушарраф қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!

Барча мусулмонларга Қуръон, тақво, шафқат, барокат, раҳмат, мағфират, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш, жаннатга эришиш ва дўзахдан озод бўлиш ойи муборак бўлсин.
Рамазон рўзаси қибла Маккага ўзгарган йили, яъни, ҳижратнинг иккинчи йили, Шаъбон ойининг 18 куни фарз бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам 9 йил фарз рўзасини тутганлар. Рамазон ойида Қуръон нозил бўлган, исломга даъват ҳам шу ойда бошланган. Рўза тутиш фарз қилиниши билан бу ойнинг фазилатлари янада зиёда бўлган. Рўза инсоннинг соғлигига шифо бўлса, Қуръон унинг руҳиятига шифодир. Бу ой мусулмон киши учун интизом ойидир, меҳр-шафқат ойидир.
Маҳбуб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда иймон билан савоб умидида рўза тутганларнинг гуноҳлари мағфират қилиниши муждасини берганлар:
  عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّه قََالَ: مَنْ صَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ. وَ مَنْ قَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ. وَمَنْ قَامَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ   مُتَّفَقٌ عَلَيهِ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: ким Рамазонда иймон  ила савоб савоб умидида рўза тутса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Ким Рамазонда иймон  ила савоб савоб умидида қоим бўлса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Ким “Лайлатул қодр”да иймон  ила савоб савоб умидида қоим бўлса (бедор ўтказса), унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Муттафақун алайҳ.
Мусулмон кишининг йил давомида адо этиб юрган намоз, садақа каби яхши ишлари ундан бандалик билан содир бўлган гуноҳларини кетказиб туради. Аммо булардан ҳам ортиб кетган гуноҳлари бўлса Рамазон билан кетказилади.
Гуноҳлар мусулмон киши учун худди заҳар баданга шикаст етказганидек зарарлидир. Заҳарланган танага заҳарни кетказувчи восита қанчалик муҳим бўлса, мусулмон киши учун ҳам Рамазон рўзаси шунчалик муҳимдир.
Агар гуноҳнинг зарарларига назар ташлайдиган бўлсак, инсоният оламидаги энг катта ҳалокату хорликларнинг барчаси гуноҳ маъсиятлар сабабидан юзага келганига гувоҳ бўламиз:
Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми гуноҳ маъсият сабабли ғарқ бўлган.
Ҳуд алайҳиссаломнинг қавми гуноҳ маъсият сабабли сорсор шамоли билан ҳалок бўлган.
Солиҳ алайҳиссаломнинг қавми гуноҳ маъсият сабабли чақмоқ билан ҳалок бўлган.
Ҳа, ўтган қавмларнинг барчасини ҳалокатга учратган нарса қилган гуноҳ маъсиятларидир.
Ушбу ой ана шундай охири ҳалокат бўлган гуноҳ маъсиятлардан халос бўлишга сабаб бўладиган ойдир. Гуноҳнинг мўмин қалбига қандай таъсир қилиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم، قَالَ: إِنَّ الْمُؤْمِنَ إِذَا أَذْنَبَ ذَنْبًا كَانَتْ نُكْتَةً سَوْدَاءَ فِي قَلْبِهِ، فَإِنْ تَابَ وَنَزَعَ وَاسْتَغْفَرَ صُقِلَ مِنْهَا قَلْبُهُ، وَإِنْ زَادَ زَادَتْ حَتَّى يُغْلَقَ بِهَا قَلْبُهُ فَذَلِكَ الرَّانُ الَّذِي ذَكَرَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ فِي كِتَابِهِ: )كَلا بَلْ رَانَ عَلَى قُلُوبِهِمْ مَا كَانُوا يَكْسِبُونَ(  رواه البيهقي فى شعب الايمان
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Мўмин киши қачон гуноҳ қиладиган бўлса,  қалбида бир қора доғ пайдо бўлади, агар тавба қилиб, ундан четланиб, истиғфор айтса, қалби ундан сайқаллашади. Агар гуноҳ ишини кўпайтираверса, ҳалиги қора доғ ҳам катталашаверади, ҳатто, қалби у билан қопланиб қолади.Бу Аллоҳ азза ва жалла китобида зикр қилган "Рон"дир: "Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир."  Байҳақий "Шуъабул иймон"да ривоят қилган.
 Демак бу ой тавба қилишга, истиғфор айтишга, савобларни кўпайтиришга ва қалбларимизни сайқаллашга энг яхши фурсатдир. Бошқача қилиб айтганда бу ой ибодат мавсумидир.  
  عَن أَبِي هُرَيْرَةَ  قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ  إِذَا كَانَ أَوَّلُ لَيْلَةٍ مِنْ شَهْرِ رَمَضَانَ صُفِّدَتْ الشَّيَاطِينُ وَمَرَدَةُ الْجِنِّ وَغُلِّقَتْ أَبْوَابُ النَّارِ فَلَمْ يُفْتَحْ مِنْهَا بَابٌ وَفُتِّحَتْ أَبْوَابُ الْجَنَّةِ فَلَمْ يُغْلَقْ مِنْهَا بَابٌ وَيُنَادِي مُنَادٍ يَا بَاغِيَ الْخَيْرِ أَقْبِلْ وَيَا بَاغِيَ الشَّرِّ أَقْصِرْ وَلِلَّهِ عُتَقَاءُ مِنْ النَّارِ وَذَلكَ كُلُّ لَيْلَةٍ    رَوَاهُ التِّرْمِذِىُّ وَ ابْنُ مَاجَّةَ  
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва исёнкор жинлар занжирбанд қилинадилар, дўзах эшиклари ёпиб ташланади ва улардан бирортаси ҳам очилмайди, жаннат эшиклари очиб ташланади ва улардан бирортаси ҳам ёпилмайди. Бир нидо қилувчи: эй яхшилик талаб қилувчи, ҳаракат қилиб қол! эй ёмонликга интилувчи, тийилгин! дея нидо қилади. Аллоҳнинг дўзахдан озод қиладиган кўплаб бандалари бўлади. Ўша (нидо) ҳар кечада бўлади.    Термизий ва Ибн Можа ривоятлари.
 Бу ойнинг фазли, меҳр мурувват ойи экани ҳамда унда қилинадиган зикрлар ва дуолар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:         
Салмон Форсий  анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбон ойи охирида бизларга хутба қилаётиб: Эй инсонлар! Буюк, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик ила Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда фарзни адо қилганга ўхшайди. Бу ой сабр ойидир. Сабр қилишнинг савоби жаннатдир. Бу ой ўзгалардан кўнгил сўраш, меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи зиёдалашади. Ким у кунда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади. Ҳамда унга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда ўшанча ажр бўлади”, дедилар. Шунда: “Ё расулуллоҳ бизларнинг ҳар биримиз рўзадорни таомлантирадиган нарса топа олмаймиз-ку” дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир ютим сут ё бир дона хурмо ё бир қултум сув билан ифторлик қилган кишига ҳам беради, ким рўзадорни тўйдирса, Аллоҳ таоло уни менинг ҳавзимдан суғорадики, ундан кейин то жаннатга киргунига қадар чанқамайди. Бу ойнинг боши раҳмат, ўртаси мағфират, охири жаҳаннамдан озод бўлишдир. Бу ойда тўрт хислатни кўпайтиринглар. Икки хислат билан Роббиларингизни рози қиласизлар. Яна яна икки хислатга эса албатта уларга муҳтож бўласизлар. Роббиларингизни рози қиладиган икки хислат, “Ла илаҳа илаллоҳ” шаҳодати ва У зотга истиғфор айтишларингиз. Уларга албатта муҳтож бўладиган икки хислат эса, Аллоҳ таолодан жаннатни ато қилишини ва жаҳаннамдан сақлашини сўрашларингиздир”, дедилар.
Рамазонда бойлар ҳам бир ой очлик ва чанқоқликни бошларидан кечиришиб, камбағалларнинг йил давомидаги ҳолатларини ҳис этадилар. Бу эса   уларга раҳм-шафқат кўрсатишларига сабаб бўлади.
Ҳишом ибн Ҳассон Ҳасандан ривоят қиладилар: Юсуф алайҳиссаломга: “Ер хазиналари қўлингизда бўла туриб оч қоласиз-а” дейишди. У зот: Қорнимни тўқ тутсам, очларни унутиб қўяман, деб қўрқаман” дедилар.
Ҳадиси шарифда баён қилинганидек рўзадорни тўйдирган киши унга бериладиган савоб миқдорида савобга эришади. Аммо бу ўзи рўза тутмаса ҳам рўзадорни тўйғазиб қўйса бўлди, ўшанча савоб олаверади дегани эмас. Балки рўзадорларга ифторлик қилиб бериб янада кўпроқ савоб олишга тарғибдир.
Рўзанинг ушбу фазилатларига имон келтириш ва унинг асл моҳиятини тўғри англаш лозим. Шунга кўра ўзи рўза тутсада балоғатга етган фарзандини гўё раҳми келганидан рўза тутишга ундамаслик қўштирноқ ичидаги раҳм қилиш бўлади. Чунки бундай "меҳрибонлик" натижасида бола тарбияси бузилаётган, фарз тарк қилинаётган ва Аллоҳнинг ҳаққи поймол этилаётган бўлади. Зеро, ислом қариб, нафақага чиқиб, гуноҳга ярамай қолганлар кўнгилларини овутиб ўтирадиган дин эмас.  
Хабарларда бир кунлик фарз рўзани тутмаган киши қирқ йил жаннат ҳидини ҳидмайди, дейилган. Ҳа, бир кунлик фарз рўзасини тутмаган одам бир умр рўза тутса ҳам ўша фарз рўзанинг ўрни асло тўлғаза олмайди. Чунки ўша кун ҳеч қачон қайта келмайди, кейинги кунлар эса кейинги амалларнинг фурсатидир.
Фақатгина тилларидаги иймонларига суяниб, биз ҳам мусулмонмиз, деб, намоз, рўза, закот, ҳаж ибодатларини бажармайдиган кишиларни уламолар шайтонга ўхшатишган. Чунки шайтон ҳам Аллоҳга иймон келтириб туриб  исён қилган.
Шариат мусулмон кишига Аллоҳ таолонинг борлигини билиб қўя қолишнигина таклиф қилмаган. Балки тили билан шаҳодат калимасини айтишни, қалби билан тасдиқлашни ва аъзолари билан бўйинсинишни буюрган.
Рўза тақво ҳосил қилдирадиган, сабрга ўргатадиган ойдир. Бу ой гуноҳкорларнинг гуноҳларидан қайтишлари учун катта фурсатдир. Эътибор берадиган бўлсак ютимизда ҳам баъзи ойлар “Ёнғин хавфсизлиги ойи”, “Ҳаракат хавфсизлиги ойи” ва ҳакозо номлар билан аталиб шу ойда ўша ном остидаги муаммоларни бартараф қилишга уринилади. Бунинг андозаси ҳам аслида динимиздан олинган десак муболаға бўлмайди. Чунки инсон бир нарса билан бир ой узлуксиз машғул бўлса ёки бирор нарсадан ўзини сақласа, ўша нарса унга одатга айланиб қолиши турган гап.
Рамазон рўзаси ушбу оят билан фарз бўлган:
ياأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
Эй, иймoн кeлтиргaнлaр! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсаларингиз.
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада “Эй инсонлар” деб эмас, балки “Эй иймон келтирганлар” деб хитоб қилди. Бу шаклдаги хитобдан: “Эй менга иймон келтириб, мени яхши кўрган бандаларим сизларга рўза тутишни фарз қилдим” деган маъно тушунилади.
 Қуръони каримда мўмин бандаларга буйруқ тариқасида бўлсин, ёки бошқа кўринишда бўлсин, хитоб бўлар экан, албатта бу нарсада мўмин бандаларга фойда бордир. Бу нарса кўп тажрибаларда кузатилган.
Ўз навбатида мўмин бандалар ҳам ушбу буйруқларни  севиниб, чин кўнгилдан қабул қилишади. Агарчи унда машаққат бўлса ҳам, амал қиладилар. Чунки бу Роббиларининг буйруғи. Шу билан бирга рўза тутишнинг ўтган бошқа умматларга ҳам фарз бўлгани мусулмонлар учун тасалли ва машаққатни кўтаришга далдадир.
Ҳасан роҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло яҳудийлар ва насронийларга ҳам рамазон рўзасини фарз қилди. Яҳудийлар бу ойнинг рўзасини тарк қилиб, йилнинг бир кунида – бу кун Аллоҳ таоло Фиръавнни ғарқ қилган кун деб рўза тутдилар. (Яъни, муҳаррам ойининг ўнинчи куни – ашуро куни рўза тутдилар). Насронийлар эса, рамазон рўзасини тутдилар. Бас, қаттиқ иссиққа тўғри келиб қолдилар. Шунда рамазонни ўзгармайдиган вақтга сурдилар. Сўнгра унга яна зиёда қиламиз деб, ўн кунни қўшиб қўйдилар. Сўнгра подшоҳлари касал бўлиб етти кунни назр қилади, улар буни ҳам қўшиб қўядилар. Кейин бошқа бир подшо келиб: “бу уч кунга нима бўлди”, дейди ва рўзани тўлиқ эллик кун қилиб қўяди.” Бу Аллоҳ таолонинг ушбу сўзининг маъносидир:
Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг ҳибр ва роҳибларини Робб тутдилар.
Рўза инсон тарбияси учун дастур ҳисобланади. Барчамизга маълумки, тақвонинг маъноси ўзимиз билан Аллоҳ таолонинг сифатлари орасига тўсиқ қўйишимиз, яъни, У зотни қодир, ўзимизни ожиз деб билишимиздир. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг азоблашидан ва жаҳаннамдан сақланишга ҳаракат қилишимиздир. Зеро жаҳаннам У зотнинг буюк сифатларининг аломатидир.  Аллоҳ таолонинг сўзи ҳақ: “Шоядки тақводор бўлсаларингиз” яъни, рўза сабабидан ҳаёт тарзимизни тўғирлаб, нафсимизни жиловлаб оламиз. Бунинг натижасида эса маъсиятлардан узоқлашамиз. Аслида маъсиятлар нафс моддиятининг бирор нарсага кучли хоҳишидан келиб чиқади.
Рўза айнан мана шу моддиятнинг кучли хоҳишини ва жасадга бўладиган ҳукмронлигини сусайтиради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам балоғат ёшига тўлган ёшларга қарата шундай деганлар:
“Эй ёшлар жамоаси! Сизлардан ким жинсий ҳаётга қодир бўлса, уйлансин. Чунки у кўзни тўсади, жинсий аъзони сақлайди. Ким уйланишга қодир бўлмаса, рўза тутсин. Зеро, рўза унинг шаҳватини кесувчидир”.   
Рўза ёшлар жисмидаги ана шу нафс моддиятининг кучли хоҳишини пасайтиради. Чунки таомни камайтириш билан нафс моддиятининг ёқилғиси озайтирилган бўлади. Бунинг натижасида инсонни гуноҳу маъсиятларга ундайдиган кучли шаҳвоний истак сусаяди.
Рамозан рўзаси инсонга бир ой давомида шаръий истиқоматни яъни шариат буйруқларини бажариш ва ман қилган нарсаларидан узоқлашиш неъматини ато қилади. Бу билан инсон шаръий истиқомат неъматининг ҳаловатини топади. Натижада Рамазондан кейин ҳам бу ҳаловатни қўлдан бермасликка уринадиган бўлиб қолади. Ана шу ўринда рамазоннинг ҳикмати намаён бўлади. Яъни аслида мусулмондан фақатгина Рамазонда истиқоматда бўлиш талаб қилинмаган, балки бутун ҳаёти давомида истиқоматда бўлиш талаб қилинган. Ушбу фурсат эса бандага ҳаётининг барча лаҳзаларида истиқоматда бўлишга ўрганиши учун малака ҳосил қиладиган вақт қилиб белгиланган.
 Чунки Аллоҳ таолонинг бирор замонни, ё бирор маконни, ёхуд бирор инсонни танлагани, ана шу замонни ё маконни ё инсонни билдириб қўйиш учунгина бўлмайди. Балки ўша инсонни пайғамбарликка танлашидан, танланган пайғамбарнинг таъсири барча инсонларга тарқалишини ирода қилади. Шунинг учун ҳам пайғамбарлар тарихини машаққату қийинчиликлар билан тўлиб тошганини кўрамиз. Бу эса пайғамбарлик машаққатини фақатгина пайғамбарлар кўтара олишига, унинг қийинчилиги ҳам пайғамбарлар устига тушишига далилдир. Демак, Аллоҳ таоло пайғамбарни фақат билдириб қўйиш учун эмас, балки барчага ўрнак қилиш учун танлаган.
Шунингдек, Аллоҳ таолонинг баъзи кунларни танлаб олиши ҳам уларни бошқа  вақтлардан устун эканини билдириб қўйиш учунгина эмас. Балки танлаган ушбу кунларнинг таъсири бошқа барча вақтларга ҳам тарқалиши ирода қилинган. Худди рамазон кунлари сингари. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло таъсирлари бошқа барча маконларга ҳам тарқалиши учун маълум бир маконларни танлаган.
Баъзиларнинг: “Макка ва Мадинани зиёрат қилдим. У ерда нафислик, ёруғлик, нурафшонлик ҳаловатини татиб кўрдим, барча нарсаларни унутдим” деётганларни эшитиб қоламиз. Албатта, бу гапларни айтган киши маконни мақтаяпман деб ўйлайди. Лекин шу маконда топилган ҳаловат бошқа маконларга ҳам тарқалгандагина бу макондаги хурсандчилиги тўғри бўлишини  унутиб қўяди.
Мана ўзингиз Маккага бориб “Байтуллоҳ”ни зиёрат қилганингизда, Мадинага бориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни зиёрат қилганингизда аслида барча маконда ҳам Аллоҳ таолонинг кўриб туришини, ислом арконларини бажараётганингиз, ушбу йўлда юрганингиз бу Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш учун эканини эсламайсизми?
Тўғри “Байтуллоҳ”нинг ёнида туриб ибодат қилишингиз бошқа жойларга қараганда ниятнинг гўзаллиги ва нафислиги билан ажралиб туради. Гўё сиз “Байтуллоҳ”нинг ёнгинасида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлсангиз, бирор маъсиятни қилишга ҳаё қиласиз. “Аллоҳу акбар” нидосини эшитганингиз он намозга сакраб турасиз ва хушуъ билан адо этасиз. Бирор кишига ҳам азият бермайсиз. Шундай экан, сиздаги мана шу ҳаёт тарзи нима учун барча вақтларда ҳам барча маконларда ҳам давом этмайди? Сиз  қайси маконда бўлсангиз ҳам ўзингизда ана шу таъаббудий ниятни тасаввур қилишга қодирсизку. Агар шундай қилсангиз тезда нафс мусаффолигига эришасиз.
Ҳа, ҳақиқатдан ҳам Аллоҳ таолонинг бир замонни ё бир маконни ёхуд бир инсонни танлаганида, ана шу инсоннинг таъсири барча инсонларга тарқалишини, ана шу маконнинг таъсири барча маконларга тарқалишини, ана шу замоннинг таъсири барча замонларга тарқалишини хоҳлаган.
Шундай экан рамазон ойини тасбеҳлар билан, Қуръон тиловатлари билан кутиб олишаётган, рамазон ўтиши билан барчасини унутиб яна олдинги ҳолатига қайтаётган инсонларнинг ҳолати ниҳоятда таажжублидир!
Ажабо, Рамазон бизларга динимизни қўриқлаб бериш учун келдими ? Ёхуд бошқа ойларда ҳам мусаффолик билан ҳаёт кечиришимизни ўргатгани келдими?
Рамазонда нафсидан ғолиб келиб бошқа ойларда унга қул бўлиб юриш мусулмон кишига муносиб эмас!
Бу ойнинг ҳар дақиқасини ғанимат билайлик. Айниқса саҳарлик, ифторлик, тунги вақтлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилайлик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам албатта саҳарлик қилишни тавсия қилганлар:
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ أَنَّ النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ :« تَسَحَّرُوا فَإِنَّ فِى السَّحُورِ بَرَكَةً ».   رَوَاهُ مُسْلِمٌ
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Саҳарлик қилинглар, албатта барака саҳарликлардадир.  Муслим ривояти.
Ушбу ҳадиси шарифнинг шарҳида қуйдаги маънолар келган:
1. “Саҳарлик қилиш” маъносини англатадиган “Суҳур”  калимаси, саҳар вақтидан олингандир. Бундан “Саҳарлик қилиш”нинг вақти кечанинг охири экани билинади.
2. Ҳадиси шарифдаги “Саҳарлик қилинглар” деган буйруқ  вожиб учун эмас, мустаҳаб учундир.  Бунга Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйдаги маънодаги ҳадис далолат қилади: “ Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Бирор (ейдиган) нарсангиз борми ? дедилар. Мен: Эй Аллоҳнинг Росули бизда ҳеч нарса йўқ дедим. У зот: “Ундай бўлса мен рўзадорман,” дедилар.  Муслим ривояти.
  Ибн Мулқин: “Уламолар саҳарлик қилишнинг мустаҳаб эканига иттифоқ қилганлар, у вожиб эмасдир”деган.
3. Ҳадиси шарифдаги буйруқ мустаҳаб учун бўлганидан кейин, саҳарлик қилишнинг ҳукми суннат эканига далолат қилади.
4. Матнда  “саҳарликларда барака бордир” дейилди. Барака “Ўсиш” ва “зиёда бўлиш”  каби маъноларни ўз ичига олади. У дунёвий ва ухровий бўлади.
5. Саҳарлик қилишдаги “Барака” бир қанча ишларда бўлади:
А) Аввало суннатга эргашиш, яъни талаб қилган ҳолда суннатга мувофиқ бўлиш ва унинг воситасида ибодат қилиш бўлади .
Б) Аҳли китобларга мухолиф бўлиш. Саҳарлик қилишдан ушбу маъно ҳам қасд қилинган, бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бизнинг рўзамиз билан аҳли китобларнинг рўзалари орасидаги фарқ, саҳарлик қилишдир, деганлар.”  Муслим ривояти.
В) Унинг воситасида тоатга қувват тўплаш, бошқа бир ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилинглар” деганлар. Ибн Ҳиббон ривояти.
Г) Саҳарлик қилиш ва истиғфор айтиш вақтида уйғониш. Бу эса қуйдаги ояти каримада васф қилинган инсонлар тоифасига киришлик бўлади.
Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар.
Ифторлик қилиш ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай тавсия қилганлар:
عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ  قَالَ : لاَ يَزَالُ النَّاسُ بِخَيْرٍ مَا عَجَّلُوا الفِطْرَ      رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Инсонлар мадомики  ифторликни тезлаштирар эканлар доимий яхшиликда бўладилар.    Бухорий ривояти.
Ушбу ҳадиси шарифнинг шарҳида турли сўзлар айтилган:
“Ушбу ҳадиси шарифда қуёш ботганлигини аниқ билганидан сўнг ифторликни тезлаштиришга тарғиб бор. Ҳадиснинг умумий маъноси шуки, мадомики ушбу суннатни маҳкам ушлар эканлар умматнинг иши тартибли равишда бўлиб, ўзлари хайр барака ичида бўладилар. Агар уни тезлаштирмасдан орқага сурсалар бу улар орасидаги фасоднинг аломати бўлади.”  
“Яъни мадомики ушбу суннатда бардавом бўларканлар доимий яхшиликда бўладилар. Чунки қуёш ботганлигини аниқ билганидан сўнг тез оғиз очишлик пайғамбарларнинг суннатларидир. Кимки ушбу суннатни маҳкам ушласа уларнинг хулқлари билан хулқланган бўлади. Қолаверса бунда ифторликни  юлдузлар чиққунига қадар ортга сурадиган аҳли китобларга мухолиф бўлиш ҳам бор. Шунга кўра ким уларга мухолиф бўлиб суннатга эргашса у доимий яхшиликда бўлади. Бироқ кимки ортга суришликни вожиб ё мандуб деб билмасдан ортга суриб очса зарари йўқдир.”   Аммо Мулла Алиюл Қорий : Суннатни тарк қилишлик бўлганлиги учун зарари бордир деганлар.
Тутаётган рўзаси қабул бўлиши учун киши нималарга эътибор бериши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ : « مَنْ لَمْ يَدَعْ قَوْلَ الزُّورِ وَالْعَمَلَ بِهِ فَلَيْسَ لِلَّهِ حَاجَةٌ فِي أَنْ يَدَعَ طَعَامَهُ وَشَرَابَهُ »     رَوَاهُ اَلْبُخَارِيُّ
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Ким ботил сўзни ва унга амал қилишни қўймаган бўлса, унинг овқатини ва ичимлигини қўйишига Аллоҳ таолонинг ҳожати тушиб қолган эмас.   Бухорий ривояти.   
“Қози айтадилар: Рўзадан кўзланган нарса шаҳватларни синдириш, нафсни жиловлашдир. Агар рўзадорда ушбу нарсалар ҳосил бўлмаган бўлса унинг рўзасининг эътибори йўқдир, унга иноят назари боқмабди. Ҳадиси шарифдаги “Аллоҳ таолонинг ҳожати тушиб қолган эмас” деган сўз “ унга илтифот қилмабди”, “ундан қабул қилмабди” маъносидадир. У бечорага қандай ҳам илтифот бўлсин рўзадан бошқа пайт унга мубоҳ бўлган ейиш- ичишнигина тарк қилиб, ҳамма пайт ҳаром бўлган гуноҳларни содир этиб турган бўлса.”        
Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  бу ерда рўзани фақатгина ейиш, ичишнинг ўзидангина сақланиш билан эмас, балки Аллоҳ таоло ман  қилган сўз ва амалларни ҳам тарк қилишлик билан тўлиқ бўлишини хабар бермоқдалар.
Ҳа, Рўза бандани дунёда гуноҳлардан тўсиб турадиган қўрғон бўлса, охиратда дўзахдан тўсиб турадиган қўрғон бўлади. Агар банда ейиш ичишни тарк қилса-ю бошқа ҳаром ишларни тарк қилмаса қилаётган амалларининг қабул этилмаслигига ва жазоланишга лойиқ бўлиб қолади. Чунки ундан талаб қилинган нарса баъзи гуноҳларни тарк қилиш эмас, балки гуноҳ бўладиган барча ишларни мутлақо тарк қилишдир.
Аллоҳ таоло барчамизни дунёда гуноҳлардан, охиратда дўзахдан тўсадиган рўза тутишимизга муваффақ қилсин.

Қудратуллоҳ ва Абдулқодир
 
« Олдинги   Кейинги »