Рўза Аллоҳ учундир Принтер учун
01.07.2014 й.
 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим берурман, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бордир. У иккисини ҳам яшагай. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлгай ва қачон Роббисига мулоқот бўлганда, рўзаси ила хурсанд бўлгай», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилишган). Бошқа бир ривоятда: «Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: «Магар рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (Одам боласи) шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилур», деди» дейилган.
Шарҳ: Бу ривоятда ҳадиси қудсий билан ҳадиси шариф аралаш ҳолда келмоқда.
Аллоҳ таоло номидан айтилган сўзлар ҳадиси қудсий ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан айтилгани ҳадиси шарифдир.
Аввало, ҳадиси қудсий келмоқда: «Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман», деди».
Демак, инсоннинг рўзадан бошқа ҳамма қилган амали ўзи учун бўлади. Фақатгина тутган рўзаси Аллоҳ учундир. Буни қандоқ тушуниш мумкин? Жавоби қуйидагича: Рўзадан бошқа ҳамма амалларда амал қилувчи хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам бир оз хўжакўрсинлик, ўзгаларнинг ҳаваси, мақтови, обрў-эътибор пайдо бўлади. Мисол учун, намоз ўқиган одам таҳорат қилганида, намозга жой танлаганида ва ниҳоят намоз ўқиётганида бошқалар кўради. Бу одам намоз учун таҳорат қилмоқда, бу одам намоз учун жой танламоқда, бу одам намоз ўқимоқда, яхши одам экан, деган фикр хаёлидан ўтиб, унга ҳурмат-эътибор билан қарайди. Шунга ўхшаб, закот берганида ҳар қанча яширса ҳам ҳеч бўлмаганда закотни олган киши билиб, ҳаққига дуо қилади. Ҳажга борганида эса, умуман, шов-шув бўлиб кетади. Қайтганидан сўнг гуруҳ-гуруҳ кишилар зиёратига келади. «ҳожи ака» ёки «ҳожи она» деган ном билан чақирилади.
Рўзада эса, бу нарсаларнинг бирортаси йўқ, кечаси ҳеч ким кўрмайдиган вақтда саҳарлик қилади. Кундузи эса ҳамма баробар юраверади. Ифтор вақти кираётганда ҳам, ҳеч бир гувоҳсиз ёлғиз ўзи қолганида ҳам рўзадор Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб, оғзини очиб юбормайди. Ана шуларнинг ҳаммаси рўза Аллоҳ учун тутилишининг белгисидир.
Шунинг учун ҳам ёлғиз Аллоҳ учун бўлган ибодатнинг мукофотини Аллоҳ таоло Ўзи билиб беришга ваъда қилмоқда. Бу ҳақиқатни яна ҳам тўлиқ тушуниб олишимизга бошқа бир ривоятдан келтирилган қўшимча ёрдам беради.
«Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: «Фақат рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (одам боласи) шаҳвати ва таомини мен учун тарк қилур», деди».
Демак, рўзадан ўзга амалларнинг савоби қай миқдорда кўпайтириб берилиши белгили. Бир савоб бериладиган амалнинг савоби ўн мартадан то етти юз мартагача кўпайтирилиши мумкин. Аммо ундан ортиқ бўлмаслиги ҳам мумкин.
Шу билан бирга, рўза учун бериладиган савобнинг кўпайиши шунчаларки, уни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди, идрок ҳам қила олмайди. Рўзадорнинг амали бунчалар юқори баҳоланишининг сабаби у фақат Аллоҳ таоло учун таоми ва шаҳватини тарк қилиб, рўза тутганидандир.
Ушбу ривоятнинг ҳадис қисмида эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзанинг фазилатлари ҳақида ва рўзадор ўзини қандай тутиши лозимлиги тўғрисида сўз юритадилар.
1. «Рўза сақловчидир». Рўзанинг сақловчилиги умумийдир. У рўзадорни турли ёмон ишлардан, гуноҳлардан, касалликлардан, аҳлоқсизликлардан сақлайди, энг муҳими, дўзахга тушишдан сақлайди.
2. «Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳш¬дан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин». Фаҳш, уятсиз сўзларни гапириш мусулмон одамга мутлақо тўғри келмайди. Шунингдек, бақир-чақир қилиш ҳам. Мусулмон рўзадор бўлганида унинг обрў-эътибори яна ҳам ошади. Унинг рўза ила берк оғзидан ҳеч бир беҳуда, номаъқул сўз чиқмаслиги керак. Айниқса, фаҳш сўзлар, сўкиш, ғазаб ила содир бўладиган бақир-чақирлар умуман, чиқмаслиги керак. Агар рўзадорнинг ихтиёридан ташқари, бошқа бировлар уни бақир-чақирга мажбур қилса ҳам, ундан сақланиб қолиш йўли бор.
3. «Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин». Шу орқали ўзининг сўкишиши ва уришиши мумкин эмаслигини ўзига ҳам, ўзгага ҳам эслатсин. Рўзанинг ҳурматидан сўкишни ва уришишни тарк қилсин. Бу нақадар юксак одоб! Бу нақадар олийжаноблик!
Дарҳақиқат, Аллоҳга ибодат қилиш учун, Аллоҳнинг фарз қилган рўзасини тутиш учун беркитилган оғиздан фаҳш сўзлар, сўкишлар, бақир-чақирлар чиқиши асло тўғри эмас. Бундай оғиздан доимо яхши, гўзал ва фойдали сўзлар чиқиши керак.
4. «Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир». Маълумки, овқат егандан сўнг маълум вақт ўтиб, таом ҳазм бўлиш жараёнида оғиздан ҳид чиқади. Одатда ўша ҳид нохуш, кишилар ёқтирмайдиган ҳид бўлади. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадорнинг оғзидан чиқадиган, арабчада «халуф» деб номланадиган ўша ҳид Аллоҳнинг ҳузурида мушку анбарнинг ҳидидан ҳам афзал эканини қасам ила таъкидламоқдалар. Бу рўзанинг фазли қанчалар улуғ эканини кўрсатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўзларини фуқаҳоларимиз яхши ўрганиб, рўзадор киши пешиндан кейин мисвок қилмаслиги керак, мабодо у мисвок қилиб оғзини тозаласа, ўша мушку анбардан ҳам хушбўйроқ бўлган ҳид кетиб қолади, дейишган.
 5. «Рўзадорга икки хурсандлик бордир, у иккисини ҳам яшагай». 1. Ифтор қилганида хурсанд бўлади. 2. Кейин Роббиси ила мулоқотга юзланганда рўзасидан хурсанд бўлади. Демак, мазкур икки хурсандлик фақат рўза тутган кишилар учунгина бўлади. Бу ҳам рўзанинг буюк фазилатларидандир.
Дарҳақиқат, кун бўйи рўза тутиб, вақти келганида ифтор қилган инсон ўта хурсанд бўлади. Аллоҳ амр қилган ибодатни адо этганидан, ҳадсиз-ҳисобсиз савобларга эга бўлганидан, охиратига замин тайёрлаганидан хурсанд бўлади. Очлик, ташналикдан сўнг ҳалол таомга етишганидан хурсанд бўлади. Бундай хурсандлик, албатта, фақат рўза тутган кишигагина насиб этади. Охиратда эса, Аллоҳ ила мулоқот бўлганда тутган рўзаси учун жаннатга киритилганидан хурсанд бўлади. Рўза тутмагани учун дўзахга тушиши вожиб кишилар қандай ҳам хурсанд бўлсинлар?!.
Демак, ҳаётимизда ушбу ҳадиси шарифга ҳеч оғишмай амал қилиш лозим. Токи Роббимиз бизга фарз қилган рўзани бехато тутайлик. Рўзадор кишининг одоблари ила одобланайлик. Ана шунда ҳадисда ваъда қилинган мартабаларга сазовор бўлурмиз, иншааллоҳ.

(“Ҳадис ва Ҳаёт”, 9-жилд).

 
« Олдинги   Кейинги »