Рамазонни қаршилаб... Принтер учун
27.06.2014 й.
Рамазон ойи кириб келар экан, бу ойни муносиб кутиб олиб, гўзал тарзда ўтказиш учун, ундан унумли фойдаланиб қолиш учун аввало унга муносиб тайёргарлик кўриш керак бўлади. Биз ҳозир мана шу хусусда сўз юритмоқчимиз.
Рамазонни муносиб кутиб олиб, унинг фазилатларидан баҳравар бўлиш учун қуйидаги амалларни ҳозирлаш лозим:
1.    Рамазонга мунтазир бўлиб туриш ва шу маънода Аллоҳ таолога дуолар қилиб ёлвориш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ражаб ойи киргандан бошлаб Рамазонга интизор бўлиб қолар ва буни изҳор қилар эдилар. У зот: «Аллоҳим! Ражаб ва шаъбонни бизга баракали қил ва бизни Рамазонга етказ!» деб дуо қилишлари ҳам шундан эди. Бу ҳол кишини Рамазонга руҳан тайёрлаши ҳам табиийдир.
Муалло ибн Фазл айтади: «Салафлар олти ой Рамазонга етказишини сўраб Аллоҳга дуо қилишар, кейин олти ой бу ойдаги ибодатларининг қабул қилинишини сўраб илтижо этишар эди».
2.    Рамазонинг фазилатлари ҳақида суҳбатлар қилиш, сўзлаш ва бу борадаги маълумотларни ўзаро ўртоқлашиш ва улашиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойи яқинлашган сари кишиларга унинг фазилатларини, аҳамиятини уқтириб, уларни ушбу ойга тайёрлаб борардилар.
Абу Фазл ўз «Муснадида» Салмон розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбоннинг охирги куни бизга хутба қилиб бундай дедилар: «Эй одамлар! Дарҳақиқат, сизларга буюк бир ой соя солмоқда. Муборак ой. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Аллоҳ унинг рўзасини фарз қилди, кечасини ибодат билан ўтказишни ихтиёрий – нафл қилди. Ким унда ихтиёрий равишда бир яхши иш қилса, худди бир фарзни адо этгандек бўлади. Ким унда бир фарзни адо этса, худди етмишта фарзни бажаргандек бўлади. У сабр ойидир, сабрнинг савоби эса жаннатдир. У кўнгил овлаш ойидир. У мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир. Ким бир рўзадорга ифторлик берса, бу унинг учун бир қул озод қилиш ва гуноҳлари учун мағфират бўлади», дедилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб берадиган нарса топа олмаймиз-ку?», дейилди. У зот: «Бу савобни Аллоҳ рўзадорга бир татим сут ё хурмо ёки бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ато этади. Аммо ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳлари учун мағфират бўлади ва Аллоҳ унга менинг Ҳавзимдан ичимлик ичиради, у то жаннатга киргунича чанқамайди. Унга рўзадорнинг ажрича ажр бўлади, у(рўзадор)нинг ажридан ҳеч нарсани камайтирилмайди.
У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир. Ким унда ўз мамлукига (қул ва чўрисига) енгиллик яратса, Аллоҳ уни дўзахдан озод қилади», дедилар».
3.    Рамазоннинг кириб келганига хурсанд бўлиш ва ушбу шодлик шукуҳини жамиятда таратиш. Бу ҳам иймон аломталаридан бири саналади. Бу бир бировларни Рамазон билан қутлаш, бу ойни ғанимат билишга чақириш, ўзаро низоларга барҳам бериш каби ишлар билан амалга ошади. Аллоҳ асрасин, киши агар Рамазон ойи кирганидан қалбида маҳзунлик сезса, дарҳол Аллоҳ таолога тавба қилиши ва ўзини ислоҳ этишга интилиши даркор, чунки бу ҳолат нифоқнинг ботиний аломатларидан саналади. Бу иллатнинг давоси кўпроқ истиғфор айтиш, Рамазон шодлигини изҳор этиш, улашиш билан юзага чиқади.
4.    Рамазон ойининг фазилатларини ёдга олиш, тафаккур қилиш ва қалбга сингдириш. У Қуръон нозил бўлган ой. У ойлар султони. У раҳмат, мағфират ва дўзахдан озод бўлиш ойи. Унда минг ойга тенг кеча бор. Унда ҳар бир яхши амалнинг ажри бир неча баробарга кўпайтириб берилади...  
5.    Тавбани қасд қилиш. Хатосиз инсон йўқ. Билиб билмай айрим гуноҳларга қўл уриб қўямиз. Айримларимиз баъзи бир гуноҳларни кундалик амаллар сарасига қўшиб олган. Рамазонда яхши амалларга бир неча баробар савоб берилгани каби, ёмон амалларнинг иқоби ҳам бир неча баробар кўп бўлади. Шу билан бирга, кундузи билан оғиз берк юргани эътиборидан киши бардавом ибодатда бўлгани учун қалби гуноҳдан узоқроқ бўлади, нафси мағлуб бўлади, тақво малакаси ҳосил бўлади ва ортади. Хатми Қуръонлар таъсирида қалбдаги занглар кетиб, гуноҳга бўган майл сустлашади. Қолаверса, бу ойда нафсга сув пуркайдиган бебош шайтонлар ҳам занжирбанд этилади. Бу имкониятлар бошқа ойда топилмайди. Энди ўзингиз ўйланг, гуноҳлардан қутулиш учун бундан қулайроқ фурсат бўлиши мумкинми? Маъсиятлар дардидан халос бўлиш учун бундан ортиқ яна қандай шароит бўлиши керак? Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бу ойни тақвони зиёда қилиш ойи деб атаган. Шу боис, рўзадор банда ўзи тарк эта олмаётган ғийбат, туҳмат, чақимчилик, ёлғон, кўз зиноси, қўл зиноси, қалб зиноси, сатри авратни ушламаслик каби гуноҳлардан, маст қилувчи ичимлик, нос, сигарет ва бошқа ҳаром нарсаларни истеъмол қилишдан, кибр, ҳасад, ғазаб каби ёмон ахлоқлардан шу ойда қутилиб олиши, покланиши лозим. Ҳа, Рамазон гуноҳлардан, ёмон хулқлардан покланиш ойидир, нафсни тарбиялаш, сайқаллаш мавсимидир.
6.    Гўзал ахлоқлар касб этишни азм этиш. Инсонни яхшиликдан тўсиб, ёмонликка ундайдиган икки омил бор, бу нафс ва шайтон. Рўза нафсни синдириш кучига эга. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланишга имкони бўлмаган кишиларга рўза тутишни тавсия қилганлар ва уни гуноҳлардан асровчи, нафс ҳужумларидан тўсувчи «қўрғон» деб атаганлар. Иккинчи ёвуз куч бўлмиш бебош шайтонлар эса бу ойда занжирбанд этилган бўлади. Демак, инсонни яхшиликдан тўсувчи иккала душман ҳам рўзадор учун тутқун: нафс синган, шайтон занжирбанд этилган. Ҳар қандай иймон ва ақл соҳиби бўлган киши бу имкониятни ғанимат билиши, ундан фойдаланиб қолишга интилиши табиийдир.
Исломда айрим ой ва кунларни гуноҳлардан сақланиш, солиҳ амаллар қилишга уруниш фурсати деб уқтирилишининг ҳикмати шундаки, инсонга бирор гуноҳдан бир умр сақланишни ёки қайсидир яхши амалнни умр бўйи бажаришни айтилса, бу унга оғир келиши мумкин. Аммо унга буни бир ой ёки бир неча кун шундай қилиш буюрилса, бу унга енгил туйилади ва шу муддат ичида мазкур амрнинг фойдаларини ўз шахсида кўриши, бунга ўзида қувват топиши сабабли бир умр ўшандай ҳаёт кечиришга ҳозир бўлиб қолади.
7.    Силаи раҳмни тиклаш. Мўмин киши бошқа бир мўмин билан уч кундан ортиқ гина сақлаши жоиз эмас. Айниқса, қариндош уруғчилик алоқаларини узуш мутлақо ҳаром. Биров билан аразлашган кишилар, силаи раҳмни узган инсонлар Рамазон ойи фазилатидан баҳраманд бўлиш учун аввало ораларини ислоҳ этишлари, борди келдиларини тиклашлари шарт. Акс ҳолда, ҳар чанд ибодат қилмасинлар, Рамазонинг фазилатларидан бебаҳра қолишлари ҳеч гап эмас.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилади:
«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деяётганларини эшитдим: «Ҳар пайшанба оқшоми, жума кечаси Одам болаларининг амаллари Аллоҳ таборака ва таолога намойиш этилади. Силаи раҳмни узган кишининг амали қабул қилинмайди».
Абуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ичларида силаи раҳмни узган киши бор қавмга раҳмат инмайди», дедилар».
Демак, Рамазон ойи фазилатларидан баҳраманд бўлиш учун киши қалбида гина кудурат кўймаслиги керак экан.
Аллоҳ талодан бу муборак ойни Ўзи рози бўладиган тарзда кутиб олиб, яхши ўткасизишимизда Ўзи мададкор бўлишини сўраймиз.
Фурсатдан фойдаланиб, муҳтарам ўқувчини ҳам Рамазон ойи билан муборакбод этаман! Аллоҳ Ўзи ҳаммаларимизга юқорида айтилган гапларга амал қилиш бахтини насиб этсин!

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
1435 йил Рамазон ойи қудуми олдида

 
« Олдинги   Кейинги »