Рўзанинг фарз бўлиши Принтер учун
16.06.2015 й.
 “Эй иймон келтирганлар! Сиздан олдингиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз”
(Бақара сураси, 183-оят).


Рамазон рўзасини тутишни ҳижрий иккинчи сананинг шаъбон ойида Аллоҳ таоло бандаларига Қуръони каримнинг юқоридаги ояти билан фарз қилди. Рамазон ойи рўзасини тутиш Исломнинг асосий рукнларидан бўлиб, Аллоҳ азза ва жалла уни ҳар бир мусулмон ва муслимага буюрган.
Рўза сўзи араб тилидаги “савм” сўзи ўрнига ишлатилади. “Савм” сўзи эса, луғатда ҳар бир нарсадан ўзини тийиб туришни англатади. Шариатда эса, Рамазон ойида тонг отгандан қуёш ботгунча ният билан ўзини емоқ-ичмоқ ва шаҳватдан тийиб туришга айтилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари рўза тутиб, бошқаларни ҳам тутишга ундаганлар, кўплаб ҳадиси шарифларида рўзанинг фарз эканини баён этганлар.
Рамазон рўзасининг фарз эканига ўша вақтдан ҳозиргача ҳамма мусулмонлар иттифоқ қилишган. Ҳеч ким буни инкор қилмаган. Ким Рамазон рўзасини тутиш фарз эканлигини инкор зтса кофир бўлади. Ислом миллатидан чиқади, диндан қайтган муртадга берилган жазога тортилади.
Коммунистик мафкура расман бекор қилингунга қадар бизнинг юртимизда худосизлар – очиқдан-очиқ Исломни, жумладан Рамазон рўзасини инкор қиладиганлар, ўзларининг кофирликлари билан фахрланадиганлар кўп эди. Энди эса очиқ айтиш зоҳиран мулоҳаза қилинмай қолди. Аммо бошқача бир кўриниш пайдо бўлди. Одамлар ичида “Мен динни ҳурмат қиламан, ўзимни мусулмон ҳисоблайман, аммо дин дегани Худо билан банданинг ўртасидаги хос алоқа бўлиши керак. Худони тан олдикми, етади, бошқа томонини ўзимиз биламиз” дейдиганлар учрай бошлади. Улар бу гаплари билан кўпчиликни ҳам ўзларига ўхшаб адаштирмоқдалар. Ислом шариати қоидасига биноан, уларга ҳам ўзларининг гуноҳлари, ҳам уларнинг гапига кириб алданганларнинг гуноҳлари бўлади. Уларнинг гапига кириб адашганларга эса ўз гуноҳлари бўлади.
Ислом – одамлар ўзига белгилаб оладиган дин ёки шариат эмас. Ислом – Аллоҳнинг бандаларига амр қилиб, ишониш ва татбиқ қилиши лозим бўлган ақийдалар ва амалиётлар мажмуасидир. Бандалар Аллоҳ юборганидек эътиқод қилишга, Аллоҳ буюрганидек амал қилишга мажбурдирлар. Ана шундай бўлгандагина кишилар Аллоҳ таолога бўйсунган, таслим бўлган, яъни мусулмон бўлган бўладилар. Акс ҳолда эса, уларда мусулмонликдан асар ҳам қолмайди. Ўзимиз бир ўйлаб кўрайлик: кимдир бирор фирқага, ташкилотга, жамиятга “Мен сизларнинг фикрингизга қўшиламану, ишларингиз, ҳар бир аъзога қўйган талабларингизга бўйсунмайман”, деса албатта ундай одамни ҳеч бир фирқа, ташкилот ёки жамият ўз сафига қабул қилмайди. Оддий инсоний алоқаларда қабул қилиб бўлмайдиган нарсани нима учун Роббул оламийннинг динига нисбатан қўллашга ўтилади. Тўғрисини айтганда, бундай фикр мусулмон бўлмаган миллатларга кўр-кўрона тақлид қилишдан бошқа нарса эмас.
Исломда Аллоҳ таолога шарт қўйиб банда бўлиш йўқ. Исломда фақат Аллоҳ таолога бутунлай таслим бўлиш бор. Шунинг учун ҳам “Мен Аллоҳга иймони бор мусулмон одамману, бироқ рўза тутмайман, бу мен билан Аллоҳнинг орамиздаги иш”, дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мусулмонман деган одамга бу фикр тамоман ёт бўлиши керак.
Рўза тутишдан қочадиганларнинг яна бир қисми худди юқоридаги бузуқ фикрга ўхшаш, аммо анчадан бери кишилар орасида юрган номаъқул фикрни ўзига дастак қилиб оладилар. Бу гапнинг кўпчиликка ўрнашиб қолишида ўзларини диний илм эгаси қилиб кўрсатиб юрган шахслар ҳам сабаб бўлган. Бу фикр эгалари “Инсон мўмин бўлса, ибодатларини қилмаса, жумладан рўзани тутмаса ҳам Аллоҳ кечириши мумкин экан”, дейдилар. Аввало, мазкур бузуқ фикрни айтиб юрганлар шаҳодат калимасини айта олмайдиган, муҳит шароити ила ўзини мусулмон санаб юрадиган одамлар бўлади. Уларнинг тегирмонига сув қуяётган, ўзига диний илм нисбатини бераётганлар эса тарихда бўлиб ўтган фикрий кураш ва мутаассиблик ортидан чиққан фикрни нотўғри талқин қиладилар. Мусулмонлар оммасининг асосий ақийдавий мазҳаби бўлмиш Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламолари гуноҳи кабира қилган, шу жумладан рўза тутмаган одамдан гуноҳни биринчи марта содир этганидан сўнг уни муҳокама қилиб, нима учун бу гуноҳни қилгани, мисол учун бир кун рўза тутмаганининг сабаби сўралади. “Агар мен буни қилса бўлаверади, деб эътиқод қиламан”, деса диндан чиққанига ҳукм қилинади, агар “Бу ишни тўғри тушунаман, лекин дангасалик қилибман”, деса унга тавба қилдирилади ва шариат бўйича кўрсатилган жазо кўрилади ва иккинчи марта бу гуноҳни такрорламаслик уқтирилади, дейишган. Агар шундан кейин ҳам ўша гуноҳда давом этаверса, мисол учун рўза тутмай юраверса, тавбага ҳам ўрин қолмайди, деганлар.
Қуръони Каримда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида, саҳобаи киромлар, улуғ уламолар гапларида рўзани ҳамма тутиши фарзлиги ҳақида қайта-қайта таъкидланган, бирор жойда бирор кун тутмай қолишга ҳам рухсат йўқ. Узрсиз Рамазони шарифнинг бир кунлик рўзасини тутмаган одам шариат ҳукми ила олтмиш кун кетма-кет, орасини узмай рўза тутиб бериши керак. Бу ҳам ямоқ солганга ўхшаш иш бўлади. Чунки, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Бир кун фарз рўзани тутмаган одам, умр бўйи рўза тутиб ўтса ҳам, ўша рўзаси тутилмай қолган куннинг ўрнини тўлғиза олмайди”, деганлар. Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: “Бир кун рўзани тутмаган одам қирқ йилгача жаннат ҳидини ҳам ҳидлай олмайди”, дейилган.
Назарий иймонга суяниб, Аллоҳнинг амрларини бажаришдан, жумладан, намоз, закот, рўза каби ибодатлардан бўйин товлайдиган одамлар катта хато қиладилар. Уламоларимиз ундай кишиларнинг шайтондан фарқи йўқ, дейишади. Чунки, шайтон ҳам Аллоҳ таолонинг биру борлигига қаттиқ ишонади. Аммо, Одамга сажда қил, деган амрга бўйсунмагани учун лаънатга учраган. Ушбу нотўғри фикрларни тузатиб, Аллоҳнинг барча амрларини бажаришга жумладан, рўза тутишга ўтганлар ўзлари учун фойда қилади.  
Рўза тутишга айнан Рамазон ойининг ихтиёр қилиниши ҳам катта ҳикматларга молик ишдир. Аввало бу ой муборак ой. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўзининг охирги китоби, илоҳий мўъжизаси Қуръони Каримни туширишга муносиб вақт деб худди шу ойни ихтиёр қилган эди. Бу ой Ислом даъвати бошланган ой. Бу улкан ҳодисани ҳар қанча эсланса, ёдга олиб байрам қилинса, арзийди. Айнан ушбу ойнинг Ислом рукнларидан бири бўлмиш рўзани тутиш муддати, деб ихтиёр қилиниши бу ойнинг фазлига фазл, улуғлигига улуғлик қўшади.
Рамазон ойи мўминларнинг савоб касб қилишларига энг қулай фурсат ҳисобланади. Бу ойнинг рўзасини тутганларга улкан ажр-савоблар, икки дунёнинг бахт-саодати ваъда қилинган. Рамазон ойида қилинадиган яхши амалларнинг савоби ҳам шу ойнинг ҳурматидан кўпайтириб берилади.
Буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг имомлари Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ким Рамазон рўзасини иймон ила савоб тилаб тутса, унинг олдинги барча гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Рамазон кирса, жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари беркилади ва шайтонлар занжирланади”, деганлар.
Бунга ўхшаш рўза тутувчиларга ажр, савоб ва охират даражаларини ваъда қилувчи ҳадислар жуда ҳам кўп. Лекин рўза тутишнинг фойдаси шу билан чегараланиб қолмайди. Балки рўза тутишда бугунги кунда инсон ҳаётига улкан фойдалар кўп. Рўза уни тутувчининг фақат ўзига эмас, балки оиласи, жамияти, бутун инсоният ва қолаверса, барча мавжудотга фойда келтиради.
Ўз ихтиёри билан, Аллоҳдан савоб умид қилиб, бир ой давомида кундуз кунлари емоқ-ичмоқдан, шаҳватдан ўзини тўхтатиб юрган инсон улкан фойдалар топади. Аввало рўза инсонга ўз хоҳиш ва истакларини жиловлашни ўргатади. Агар инсонларда бу сифат бўлмаса, дунё тезда ҳалокатга учраши мумкин. Рўза сабр мадрасаси ҳамдир. Фақат ҳақиқий рўзадорларгина ҳақиқий сабр даражасига эришадилар. Ўз ихтиёрлари ила рўза тутиб, очлик, чанқоқларга чидаган инсон ғоятда мустаҳкам иродали бўлиб етишади.
Бугунги кунда рўзанинг фойдасини нафақат мусулмонлар, балки Исломдан, Қуръондан хабари йўқ кишилар ҳам тушуниб етдилар. Турли тараққий этган ўлкаларда оч қолдириб даволаш шифохоналари ишлаб турибди. Турли қитъаларда яшовчи олимлар илмий тажрибалар ўтказиб, ихтиёрий оч қолиш тани-сиҳатлик учун зарур омил эканини таъкидламоқдалар. Жумладан, рус олимлари бу борада катта ютуқларга эришдилар. Профессор Николаев ўз ҳамкорлари билан эълон қилган “Оддий ҳақиқатлар” номли китобининг “Соғлик учун оч-наҳор юриш” деб номланган бобини рўзанинг фойдаларини янги илмнинг тасдиқлаши, десак бўлади. Унда айтилишича, ихтиёрий очлик билан мажбурий очликнинг фарқи бор. Мажбурий очлик, қароқчининг пичоғидек зарарга, балки ҳалокатга сабаб бўлса, ихтиёрий очлик табибнинг пичоғидек шифога сабаб бўлади. Бу илмий ишнинг натижасида рўза ҳозирги энг кўп тарқалган йигирма тўққизта дардга даво экани, киши доим соғ юрай деса, ҳар йили 28-30 кун ихтиёрий оч қолиши зарурлиги таъкидланган. Сиз билан биз – мусулмонларга бу фойдали ишни ўн беш аср аввал ибодат қилиб қўйган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин. Ҳаммамизнинг тутадиган рўзаларимизни Ўз даргоҳида қабул айласин!
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz