Рўза ва иймон Принтер учун
25.06.2014 й.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини яҳудийлар ва насронийларга фарз қилган эди. Яҳудийлар бу ойда рўза тутишни тарк қилдилар ва бир йилдан бир кунни Фиръавн ғарқ бўлган кун деб, рўза тутдилар. Насронийлар эса Рамазон ойида рўза тутдилар ва ўта иссиққа тўғри келиб қолганларида уни умуман ўзгармайдиган вақтга алмаштириб олдилар. Сўнгра “унга зиёда қиламиз” деб, ўн кунни қўшиб олдилар. Сўнг бир қанча вақт ўтгандан кейин уларнинг подшоҳлари касал бўлиб қолиб етти кунни назр қилди ва улар анна шу етти кунни зиёда қилишди. Ундан кейин бошқа бир подшоҳ келди ва “уч кунни қўшсак нима бўларди?” деб, эллик кунга тўлдириб қўйди. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу оятининг маъносидир: “Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг ҳибр ва роҳибларини Робб тутдилар.” (Тавба;31)
Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз. (Бақара;183)
Бугунги кунда ҳам Рамазон рўза фарз бўлишига қарамай, ҳеч қандай узрсиз, рўза тутишга қодир бўлатуриб, рўза тутмай юрганларни кўриб ҳайрон қоласиз, ачинасиз ... ... ... Чунки рўза иймонимиз тақозасидаги амал ҳисобланади. Аллоҳ таоло “Эй иймон келтирганлар” деб, ўртага иймонни қўйиб хитоб қилди. Демак, ким иймон келтирган бўлса, ким мўминлик даъвосини қилса, мазкур хитобни “Роббим менга хитоб қиляптику!”, деб қабул қилиши керак бўлади. Иймонимизнинг тасдиғи ҳам шудир.

Қудратуллоҳ Сидиқметов

 
« Олдинги   Кейинги »