Замзам сувининг хосияти Принтер учун
07.06.2014 й.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Замзам суви нима учун ичилса, шунинг учундир», дедилар».
(Ибн Можа, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган).
Шарҳ: Яъни, замзамни ким нима ниятда ичса, ўша ниятига етишади. Бу ҳақиқатни кўпчилик мухлислар ўз тажрибаларидан ўтказишган.
Имом Дора Қутний ва Ҳоким келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Замзам суви нима учун ичилса, шунинг учундир. Уни шифо талабида ичсанг, Аллоҳ сенга шифо беради. Уни паноҳ талабида ичсанг, Аллоҳ сенга паноҳ беради. Агар уни чанқоғингни кесиш учун ичсанг, Аллоҳ чанқоғингни кесади. Агар уни тўйиш учун ичсанг, Аллоҳ сени тўйдиради. У Жаброилнинг ишорасидир. У Исмоилнинг ичимлигидир».
Замзам тарихини Имом Бухорийнинг «Жомеъус-саҳиҳ» китобларининг «Бадъул халқ» бобида ривоят қилинган ҳадиси шарифдан иқтибос келтириш билан бошласак.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аёллардан биринчи бўлиб белбоғ боғлаган киши Исмоилнинг оналаридир. У киши Сорага бўлган ўзининг таъсирини кетказиш учун ҳам белбоғ боғлаганлар. Ўша вақтда фақат хизматкорлар белбоғ боғлашар эди. Ҳожар онамиз Сора онамизнинг олдида ўзини у билан тенг кундош эмас, балки унинг хизматкори қилиб кўрсатиш учун шундай қилганлар.
Иброҳим алайҳиссалом Ҳожар онамизни ва ўғли Исмоилни Байтнинг ўрнига, Замзам устидаги катта дарахт остига қўйиб кетган. Ўша пайтда Маккада бирор одам ҳам, сув ҳам бўлмаган.
У зот икковининг олдига бир хурмоли халта ва сувли меш қўйиб ортига қайтганлар. Ҳожар онамиз у зотга эргашиб: «Эй Иброҳим! Бизни кимсасиз, бирор нарса ҳам унмайдиган водийга ташлаб, қаёққа кетмоқдасиз?!» деб бир неча марта такрорладилар, аммо у зот ўгирилиб қарамасдилар. Шунда у зотга: «Аллоҳ сизни шунга амр қилдими?» деди. У зот «ҳа», дедилар: «Ундай бўлса У бизни зое қилмайди», деди-да, Ҳожар онамиз ортига қайтди.
Иброҳим алайҳиссалом эса, йўлда давом этдилар. У зот тепалик йўлидан ўтиб, улар уни кўрмайдиган бўлганида Байтга юзланиб, дуо қилдилар: «Эй Роббимиз, ҳақиқатда, мен ўз зурриётимни Сенинг Байтул ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим».
Хожар онамиз Исмоилни эмизиб, ҳалиги сувдан ичиб турдилар. Мешдаги сув тамом бўлганда ўзлари ҳам, ўғиллари ҳам чанқади. Унга қараса, у тўлғониб типирчилар эди. Унга назарим тушмасин деб, юриб кетдилар. У ўзига энг яқин бўлган Сафо тоғини кўрдилар ва унинг устига чиқиб, бирор кишини кўрармиканман, деб водий томон назар солдилар. Ҳеч кимни кўрмадилар. Кейин Сафодан тушиб, водийга етганида кўйлагининг этагини кўтариб, қаттиқ ҳаракат қилган инсондек саъй қилиб водийдан ўтди. Сўнгра Марвага келдилар. Унинг устига чиқиб, бирор кишини кўрармиканман, деб водий томон назар сола бошладилар. Аммо яна ҳеч кимни кўрмадилар. Етти марта ана шундоқ қилдилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбар алай¬ҳиссаломдан ривоят қилиб: «Ана ўша одамларнинг икки тоғ орасидаги саъйидир», дедилар», деди.
У Марвага чиққан пайтида бир овоз эшитди. Ўзига ўзи жим, деди-да, сўнгра қулоқ солди. Яна ўша овозни эшитгач, шундай дедилар: «(Овозингни) эшиттирдинг. Агар имконинг бўлса, менга ёрдам бер».
Шунда замзамнинг ўрнида фариштанинг товони ила ёки қаноти ила ниманидир излаётганини кўрди. Охири у ердан сув чиқди. Ҳожар онамиз сувни тўса бошладилар. Икки қўллари билан ҳовучлаб олиб, мешга қуя бошладилар, сув эса тўхтовсиз отилиб чиқарди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ Исмоилнинг онасини раҳмат қилсин. Агар замзамни тек қўйганида ёки сувни ҳовучлаб олмаганида замзам кўриниб турадиган булоқ бўлар эди», дедилар.
Ўзлари ҳам, гўдаклари Исмоил ҳам сувга тўйиндилар. Фаришта уларга: «Зое бўлишдан қўрқма. Бу ерда Байтуллоҳ бор. Уни манави бола ва унинг отаси бино қилади. Албатта, Аллоҳ Ўз аҳлини зое қилмайди», деди.
Бир вақт Журҳум аҳлидан бир гуруҳ йўловчилар Макканинг паст томонига қўндилар. Улар айланиб учаётган қушни кўришди. Улар, албатта, бу қуш сув бор жойда айланади, бу водийда билишимизча сув йўқ эди-ку, деб бир-икки одамни текшириш учун юборишди. Улар сувнинг хабарини бергач, у ерга боришди. Сув олдида Ҳожар онамизни кўришди. Улар ҳузурларига тушишларига изн сўрадилар, изн теккач, ўша ерга тушишди. Аҳлларига ҳам одам юборишди. Улар ҳам келишди. Улардан бир қанча аҳллар бўлди. Исмоил улғайиб йигит бўлди, улардан арабчани ўрганди. Йигит уларга ёқиб қолиб, уни ўзларидан бир аёлга уйлантиришди. Сўнг Исмоилнинг онаси вафот этди.
Кейинчалик Журҳум қабиласи Аллоҳ таолога гуноҳ ва Байтуллоҳга ҳурматсизлик қилгани учун замзам суви қуриди ва қудуқнинг ўзи кўмилиб кетди.
Замонлар ўтиб, авлодлар бирин-кетин келиб кетди.
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари Абдулмутталиб Каъбаи муаззаманинг ёнида ухлаб ётганларида тушларида биров келиб: «Тийбани ковла», деди.
«Тийба нима?» деди Абдулмутталиб.
Ҳалиги овоз эгаси ғойиб бўлди. Эртасига яна ўша жойда ухлаб ётганларида кечаги кимса тушига кириб: «Баррани ковла», деди.
«Барра нима?» дедилар.
Ҳалиги овоз эгаси яна ғойиб бўлди. Эртасига яна ўша жойда ухлаб ётганларида яна кечаги кимса тушига кириб: «Мазнунани ковла», деди.
«Мазнуна нима?» дедилар. Ҳалиги овоз эгаси яна ғойиб бўлди. Эртасига яна ўша жойда ухлаб ётганида ўша киши тушига кириб яна: «Замзамни ковла», деди.
«Замзам нима?» дедилар.
«У ҳеч қуримас ва ёмонланмас. Кўп ҳожиларни суғоради. У тезак ва қон бор жойда. Қарға ер чўқиётган жойда. Чумоли бор жойда», деди.
Абдулмутталиб уйқусидан туриб, одамлар ҳайвонларини сўядиган жойни, ҳозирги замзам қудуғи ўрнини топди. У ерда қарға ер чўқиб турар, чумоли ғиззиллаб юрар эди. У ўша ерни қазий бошлади. У ёлғиз ўзи бор кучини ишга солиб, жон-жаҳди билан ер қазиди. У мақсади йўлида ҳар қандай ишни қилишга, ҳар қандай машаққатга дош беришга одатланган эди. Ҳеч бўшашмай ер кавлашда давом этди. Қурайшликлар эса, нима бўлар экан, деб уни кузатиб туришар эди.
Абдулмутталиб сувни кўрганида: «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтди. Қурайшликлар унинг ўз мақсадига эришганини англашди. Кейинроқ Абдулмутталиб қудуқ қазишда давом этиб, унинг атрофидан Исмоил алайҳиссаломдан қолган табаррук нарсаларни ҳам бирин-кетин топа бошлади. У замзамни қайта кавлаб битирганидан кейин қурайшликлар унга эгалик қилишда шерик бўлмоқчи бўлишди. Улар Абдулмутталибга: «Бу Исмоилнинг қудуғи, шунинг учун унга эгалик қилишда биз ҳам сенга шерик бўлишимиз керак», дейишди. Абдулмутталиб эса, бу қудуқни ўзим қазидим, менинг ўзим эгалик қиламан, деб уларнинг таклифини рад қилди.
Аммо улар Абдулмутталибнинг яхшилигини билганларидан, ўзларига ҳам замзамдан фойдаланишга ижозат беришига ишонганларидан бир мунча вақтгача гапларидан қайтишди. Дарҳақиқат, кейинроқ ҳаммалари замзам сувидан ичиб, баракасидан баҳраманд бўлишди. Ўзларига иззат ва каромат қайтиб келганидан хурсанд эдилар. Чунки замзам Иброҳим ва Исмоил алай¬ҳимуссаломлар ҳамда ва Ҳожар онамизга тегишли нарса бўлиб, бу зотлар арабларнинг фахри эди.
Асрлар давомида Замзам қудуғида бир неча бор ўзгаришлар бўлди. Улардан баъзиларини эслатиб ўтамиз.
Халифа Ҳорун ар-Рашид даврида қудуқ бир неча аршин чуқурроқ қазилди. Халифа Маҳдийнинг даврида ҳам шунга ўхшаш иш қилинди. Халифа Амийн¬нинг даврида эса, унинг чуқурлиги қирқ аршинга етди.
Халифа Муътасимнинг давригача Замзам қудуғининг усти очиқ бўлган, кейинроқ у усти ёпилган. Вақт ўтиши билан бошқа ўзгаришлар ҳам киритилган.
Саудийлар даврида ҳам кўпгина ишлар қилинди ва қилинмоқда. Ҳижрий 1377 санада тавоф қилувчиларга қулайлик туғдириш мақсадида Замзам уйи ер остига олинди. Унинг устидан ҳам тавоф қилиш йўлга қўйилди. Қудуқнинг ўзига темир-бетондан девор қилиниб, устига мармар қопланди.
Ҳижрий 1399 санада Замзам қудуғининг чуқурлиги ўн саккиз метру олтмиш сантиметр эди.
Аббосий халифалик даврида замзам суви қудуқдан тортиб олиниб, усти очиқ ҳовузларга қуйилар ва улардан одамлар олишар эди. Кейинчалик сув сақланадиган омборларга жўмраклар қўйилди. Замзамчилар мешкобларда одамларга сув тарқатадиган бўлишди.
Ҳижрий 1383 санадан бошлаб, замзамни моторда тортиб олиш йўлга қўйилди. Ҳарами Шарифнинг остига тортилган сувни тўплаб, совутадиган марказ қилинди. Бу марказ Марванинг остида бўлиб, марказ ва унга тегишли барча нарсалар сўнгги замонавий асбоб-ускуна ва компутерлар билан жиҳозланган. Марказдаги сувга замзамнинг ўзидан қилинган муз қўшилади. Сўнгра ҳамма тарафларга тарқатилади. Ҳозирда Ҳарами Шарифнинг ўзида етти юз ўттиз учта жўмракдан сув ичиш мумкин. Бунинг устига, саккиз мингта махсус катта термос¬лар ҳам доимий равишда замзамга тўлдириб турилади.
Аммо замзам тарқатишда шу билан кифояланиб қолинмайди. Ҳарами Шарифдан узоқроқ жойларга замзамни идишларда олиб кетиш учун марказлар қилинган. Улардан милёнлаб ҳожи ва умра қилувчилар кўтарганларича олиб кетишмоқда. Сув ташиш машиналари тинмай Мадинаи мунавварага ва Саудиянинг бошқа шаҳарларига замзам ташийди.
Шунчалар кўп ишлатилишига қарамай, кичкина бир қудуқнинг суви ҳеч камаймаслигининг ўзи катта мўъжизадир. Охирги сел пайтида замзам мўъжизасини кўрган икки кишининг каминага айтишларича, Ҳарами Шарифни сел лойқаси қоплаганида замзам лойқанинг устидан кўтарилиб, пок-покиза ҳолида отилиб чиқиб тураверган. Лойқа кўтарилса, замзам ҳам кўтарилиб бораверган. Сел қайтиб лойқа пасайганда, замзам ҳам унинг устида пасайиб-паса¬йиб, охири ўз ўрнига тушган.

(“Ҳадис ва Ҳаёт”, 10-жилд, 241-247-бетлар)

 
« Олдинги   Кейинги »