Аҳзоб сураси, 8-оят Принтер учун
06.06.2014 й.
(Буни Аллоҳ) содиқлардан садоқатлари ҳақида сўраш учун қилди. Ва кофирларга аламли азобни тайёрлаб қўйди.

Ушбу ояти каримадаги «содиқлар» кимлар экани ҳақида тафсирчи уламоларимиз икки хил фикр айтишган. Бир гуруҳлари «Содиқлар пайғамбарлардир», деган, иккинчи бир гуруҳлари эса «Содиқлар пайғамбарларга содиқ бўлган мўминлардир», деб айтган. Аслида, бу икки маъно бир-бирини тўлдириб келади.
Аллоҳ таолонинг аввалдан ал-мийсоқ – салмоқли аҳду паймон олиб қўйишининг ҳикмати кейин, қиёматда аҳдига содиқ пайғамбарлар ва уларга эргашган содиқ мўминлардан сўраш учундир. Бу сўров иззат-эҳтиром сўрови, кўпчиликнинг олдида мукофотга сазовор шахсни мақташ маъносидаги сўровдир. Шу билан бирга, кофир, мушрик, мунофиқ ва осийларнинг дардига дард, хасратига хасрат қўшиб, қани энди биз ҳам шулардан бўлсак, деб орзу уйғотадиган саволдир.
«Ва кофирларга аламли азобни тайёрлаб қўйди». Уларга азобдан бошқа нарсанинг бўлиши ҳам мумкин эмас. Ушбу оятда эндигина шаклланиб келаётган Ислом жамиятини, унинг раҳбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ва ўша жамият аъзолари, ўша давлат кишилари бўлмиш мўмин-мусулмонларни аҳду паймонга эришиш йўлидаги ҳар қандай қийинчиликларга ҳам парво қилмай, олға боришга тарғиб бордир. Мана, ўшандай қийинчиликлардан бири мусулмонлар қаршисига чиқди. Мушрикларнинг ва Ислом душманларининг барча аҳзоби – ҳизблари, гуруҳ ва фирқалари бирлашиб, Исломни ер юзидан супуриб ташлашга қарор қилди.
Ўша пайтда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом даъватини тинчлик-омонликда инсонларга етказар эдилар. Мусулмонларга Ислом таълимотларини ўргатар, шариат аҳкомларини жамиятда татбиқ қилар, кишилар орасида бўлиши лозим муомалаларни йўлга қўяр, қисқаси, исломий шахсиятни тарбиялар ва мусулмон жамиятини қуриб келар эдилар. Бунинг хабари атрофга тарқалиб, кишиларда Исломга бўлган қизиқиш ортар ва якка-якка ҳолларида келиб, мусулмонлар сафига қўшилар эдилар.
Бу ҳолат Ислом душманларини ташвишга солди. Мусулмонлар тинч-омон қўйиб қўйилса, ҳамма улар томонга ўтиб кетишидан қўрқдилар. Шунинг учун ҳаммамиз бирлашиб, мусулмонларни йўқ қилмасак, бўлмас экан, деган фикрга келдилар.
Турли аҳзобнинг Исломга қарши ҳаракатларини машҳур тарихчиларимиздан Ибн Исҳоқ қуйидагича ривоят қиладилар:
«Хандақ урушида воқеа бундай бўлган эди. Бир гуруҳ яҳудийлар, жумладан, Салом ибн Абул Ҳақиқ Назрий, Ҳайй ибн Ахтоб Назрий, Кинона ибн Робиъа, ибн Абул Ҳақиқ, Ҳаваза ибн Каас Воилий, Абу Аммор Воилий, бир тўп Бану назирлик ва Бану воилликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши ҳизбларини тўплашган эди. Улар тўпланиб, Маккага – Қурайш кофирлари олдига бордилар ва уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши урушга даъват қилдилар. «Биз уни таг-томири билан йўқ қилиб ташлагунимизча, сизлар билан бирга бўламиз», дедилар.
Қурайшликлар улардан: “Эй яҳудийлар жамоаси! Албатта, сизлар аввалги китоб аҳлидирсизлар. Биз Муҳаммад билан келишмаётган нарсанинг илмини ҳам биласизлар. Бизнинг динимиз ҳақми, уникими?” деб сўрадилар. Ўзларини аҳли китоб – Тавротга эргашувчи деб даъво қиладиган яҳудийлар: “Сизларнинг динингиз унинг динидан яхшидир. Сизлар ҳаққа яқинсизлар”, деб жавоб қилишди. Қурайшликлар бу гапдан хурсанд бўлиб, ҳаракатга тушдилар. Уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши уруш қилиш ҳақидаги чақириқларига биноан, жангга тайёргарлик кўрила бошланди.
Сўнгра мазкур яҳудийлар жамоаси Ғатафон қабиласига бориб, уларни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши уруш қилишга чақирдилар. Уларни ҳам «Сизлар билан бирга бўламиз», деб ишонтирдилар. Қурайшликларнинг ҳам бу таклифни қабул қилганларини билдирдилар. Улар ҳам тўпландилар. Қурайшликлар Абу Суфён ибн Ҳарб бошчилигида урушга чиқдилар. Ғатафонликлар ҳам қўзғалдилар. Улардан Бану Физорага Уяйна ибн Ҳисн, Бану Муррага Ҳорис ибн Ҳарб ва Ашжаъ қабиласидагиларга Масъар ибн Раҳийла бош бўлиб чиқдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг тўпланиб келаётганларини эшитгач, саҳобаларини чақириб, маслаҳат солдилар. Уларнинг қаршиларига чиқайлик, десалар, имкон йўқ, душман ҳаддан ташқари кўп. Уларнинг Мадинаи Мунавварага киришларига ҳам йўл қўйиб бўлмайди. Хоин яҳудий қабиласи Бану Қурайза ичкарида туриб, душманга ёрдам бериши мумкин. Нима қилиш керак?
Шунда саҳобалардан Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Мадинаи Мунаввара атрофида хандақ қазишни маслаҳат бердилар. Чунки форслар урушларда шундай услуб қўллашар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу фикрни қабул қилдилар. Ул зот ҳаммани хандақ қазишга чорладилар. Бу ишда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари шахсан иштирок этдилар. Ул зот ҳам, мусулмонлар ҳам астойдил ишлаб, ҳолдан тойдилар. Баъзи бир мунофиқлар беркиниб, қочиб қолди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн ҳам сўрамай, уйларига кетди. Мусулмонлар эса бирор зарур юмушлари чиқиб қолса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан рухсат сўрашар, ишлари битиши билан дарҳол жойларига қайтиб келишар эди.
Хандақ қазиш табиий шароитга ҳеч мос келмас эди. Шундай бўлса ҳам, мусулмонлар белни маҳкам боғлаб, иштиёқ билан ишладилар. Руҳларини кўтариш учун кўпчилик бўлиб шеър ўқидилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам саҳобаларнинг кўнгилларини кўтариб ва уларни ғайратлантириб турдилар.
Ҳижратнинг бешинчи йили эди. Хандақ қазиб бўлингач, душманлар ҳам кўрина бошлади. Қурайшликлар Румаҳ номли сел тўпланадиган жойга келиб тушдилар. Уларнинг лашкари ўн минг кишидан иборат эди. Улар ўзларига яқин Бану Кинона ва Туҳома аҳлларини, хизматкор қулларини ҳам бирга олиб келган эдилар. Ғатафонликлар ҳам ўзларига қарашли Нажд аҳллари билан бирга Уҳуд тарафидаги Занабу Нақма деган жойга келиб тушдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч минг кишилик мусулмон лашкари билан чиқдилар. Салъ деган манзилдан ўтиб, ўша жойга қароргоҳ қуришди. Душман билан ўрталарида хандақ бор эди. Шунинг учун Аҳзоб уруши «Хандақ» номи билан ҳам танилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари билан болалар ва аёллар қўрғонга жойлаштирилди.
Мадинага бостириб киришни кўзлаб келган душманлар хандақни кўриб, ҳайрон қолишди. Бу иш ҳеч кимнинг хаёлига келмаган иш эди. Араблар тарихида бирор жойда, бирор урушда хандақ қазилгани номаълум эди. Шунда улар қандайдир бошқа чора кўриш зарурлигини ўйлаб қолишди.
Ана шу пайтда Аллоҳнинг душмани яҳудий Ҳайй ибн Ахтоб ҳаракатга тушиб қолди. Мадинада мусулмонлар билан бирга яшаётган яҳудийларни ишга солиб, ичкаридан зарба беришни режа қилди. У Бану Қурайза қабиласи бошлиғи Каъб ибн Асад Қаразийга бориб учрашди. Каъб ибн Асад ўз қабиласи номидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тинчлик, ҳамкорлик аҳдномасини тузиб яшаётган эди. Каъб ибн Асад Ҳайй ибн Ахтобга: “Сен шум одамсан, мен Муҳаммад билан аҳдлашганман, у билан орамиздаги аҳдномани бузмоқчи эмасман, мен унинг доимо аҳдига вафо қилганини кўрдим”, деди. Ҳайй бўлса: “Шўринг қурсин, эй Каъб! Мен сенга бир умрлик обрў, улкан денгиз келтирдим. Қурайшни бошлиқларию улуғлари билан олиб келдим. Мен уларни Румаҳдаги сел тўпланадиган жойга туширдим. Ғатафонни ҳам оқсоқоллари билан қўшиб олиб келиб, Уҳуд томонга туширдим. Улар менга Муҳаммадни таг-томири билан йўқотмагунларича қайтмасликка аҳду паймон бердилар”, деди.
Каъб унга: “Аллоҳга қасамки, сен менга бир умрлик хорлик келтирдинг. Суви тушиб бўлган булут келтирдинг. Мен Муҳаммаддан фақат вафо ва садоқат кўрдим, холос”, деди. Ҳайй бўлса Каъбнинг бошини айлантириб, турли гаплар билан қизиқтириб, охири айтганига кўндирди. Икковлари аҳду паймон қилишди. Агар Қурайш ва Ғатафон Муҳаммадни енга олмай, қайтиб кетсалар, Ҳайй ҳам Каъб билан бирга унинг қўрғонига кириб, мусибатига шерик бўладиган бўлди. Каъб ибн Асад Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тузган аҳдномани бузди ва Бану Қурайза ҳам душман ҳизбларга қўшилди. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борганида, одам юбориб, унинг ростлигини аниқлаб олдилар.
Шундан сўнг хавф-хатар яна ҳам кучайди. Мусулмонларнинг душманлари юқори тарафдан ҳам, қуйи тарафдан ҳам бостириб кела бошлади. Мўминлар турли гумонларга бордилар. Мунофиқларнинг нифоқлари ошкор бўлди. Ҳатто Бану Амр ибн Авф қабиласидан Мутъаб ибн Қушайр: «Муҳаммад бизга Кисро ва Қайсарнинг хазиналарини ейишимизни ваъда қилар эди. Лекин бугун бирор кишининг таҳоратга эсон-омон бориб келишига ҳам ишонмай қолдик-ку!» деди. Бану Ҳориса ибн Ҳорис қабиласидан Авс ибн Қайсий бир тўп одам билан келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳақиқатан ҳам уйларимиз очиқ-сочиқ қолган. Бизга ортга қайтишга изн бер, уй-жойимизга борайлик. Улар Мадинанинг ташқарисида», деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мушриклар йигирма кундан ортиқ – бир ойга яқин шу ҳолатда турдилар. Баъзи бир камон отишишларни айтмаганда, орада уруш бўлмади. Мусулмонлар қамалда қолдилар. Вазият оғирлашганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ғатафоннинг лашкарбошилари Уяйна ибн Ҳисн ва Ҳорис ибн Авфга элчи юбориб, агар одамлари билан қайтиб кетишса, Мадинадаги хурмозорнинг учдан бирини беришларини айтдилар. Икки томон сулҳ устида шартлаша бошлади. Аҳднома ёзилди, аммо гувоҳлар олдида тасдиқланмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сулҳни тасдиқлашдан олдин Авс қабиласи бошлиғи Саъд ибн Муоз ва Хазраж қабиласининг бошлиғи Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳумоларга одам юбориб, бўлаётган ишдан хабар бердилар ва маслаҳат сўрадилар. Улар: “Эй Аллоҳнинг Расули, бу ишни ўзингиз ёқтириб амалга оширмоқчимисиз ёки Аллоҳнинг сизга буюрган амри бўлиб, уни қилмоғимиз зарурми? Ёхуд биз учун қилаётган ишингизми?” деб сўрашди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар учун қилаётган ишимдир. Аллоҳга қасамки, бу ишни қилмас эдим. Илло, кўрдимки, араблар сизни худди бир камондан ўққа тутаётгандек тўпланиб турибдилар. Улар сизга қарши ҳар томондан ташланмоқдалар. Шунинг учун уларнинг шавкатини бир оз бўлса ҳам синдирмоқчи эдим”, дедилар.
Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули, биз ҳам, улар ҳам Аллоҳга ширк келтириб, бут-санамларга ибодат қилиб юрардик. Аллоҳга ибодат қилиш тугул, уни ҳатто танимас эдик. Ўшанда улар Мадинанинг мевасини меҳмондорчилик ёки савдо туфайли ейишдан бошқа умидлари йўқ эди. Энди Аллоҳ бизни Ислом ила азиз қилган, ҳидоятга бошлаган, Сиз билан, Ислом билан эъзозлаган бир пайтда, уларга молу мулкимизни берамизми?! Аллоҳга қасамки, бизга бунинг зарурияти йўқ. Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг Ўзи биз билан улар орасида ҳукм чиқармагунича, уларга қиличдан бошқа нарсани бермаймиз”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Майли, сенинг айтганинг бўлсин”, дедилар. Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу аҳднома ёзилган саҳифани олиб, ундаги ёзувларни ўчирди. Сўнгра: “Бизга қарши уриниб кўрсинлар!” деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари шундай шиддатли ва хавфли вазиятда турар эдилар. Душман уларни ҳам юқори, ҳам қуйи томондан ўраб олган эди. Мўминларнинг онаси Умму Салама розияллоҳу анҳо айтадиларки: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан барча урушлар ва хавф-хатарли воқеаларга шоҳид бўлдим. Мурайсиъда, Хайбарда, Ҳудайбияда бўлганмиз, Фатҳда ва Ҳунайнда ҳам. Уларнинг ҳеч бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун Хандақчалик қийин ва хавфли бўлмаган. Мусулмонлар жуда ҳам оғир ҳолатда эдилар. Қурайшликлар бола-чақа ва аёлларга ҳужум қилиб қолиши мумкин эди. Мадинани то тонг отгунча қўриқлаб чиқишарди. Хавфнинг катталигидан мусулмонларнинг тонг отгунча такбир айтиб чиққанларини эшитар эдик».
Кейин ғатафонлик Нуъайм ибн Масъуд ибн Омир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен мусулмон бўлдим. Аммо қавмим мусулмон бўлганимни билгани йўқ. Менга хоҳлаган ишингизни буюринг”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, сен бизнинг одамсан, агар қўлингдан келса, уларнинг орасини буз. Уруш доғда қолдиришдир”, дедилар. Нуъайм ибн Масъуд шундан кейин чиқиб, Бану Қурайзага борди. Жоҳилият даврида улар билан улфатчилик қилиб юрар эди. Ибн Масъуд уларга: “Эй Бану Қурайза, мен сизни яхши кўришимни биласиз. Гап орамизда қолсин-у, қурайшликлар билан ғатафонликларнинг сиздан фарқи бор. Бу юрт сизларнинг юртингиз. Унда мол-мулкингиз, бола-чақангиз, аёлларингиз бор. Қурайшликлар ва ғатафонликлар Муҳаммад ва унинг шериклари билан урушгани келганлар. Сизлар эса Муҳаммадга қарши уларга ёрдам бердингиз. Уларнинг мол-мулклари ҳам, юртлари ҳам, аёллари ҳам бошқа жойда. Агар қўлларидан келса, бир иш қиладилар, бўлмаса, юртларига қайтиб кетиб, сизни анави одам билан ёлғиз ташлаб қўядилар. Агар у билан якка ўзингиз қолсангиз, кучингиз етмайди. Сиз анави қавмнинг улуғларидан баъзиларини гаровга олмагунингизча, улар билан урушга кирманг. То Муҳаммадга қарши урушнинг охиригача гаровга олинганлар қўлингизда турсин”, деди. Улар: “Тўғри айтасан”, деб жавоб қайтаришди. Бу гап, гарчи Бану Қурайза қурайшликларга ёрдам бермасин, деган мақсадда айтилган бўлса ҳам, ёлғон эмас, Бану Қурайза учун керакли танбеҳ эди.
Сўнгра Нуъайм ибн Масъуд қурайшликларнинг бошлиғи Абу Суфённинг ҳузурига борди ва: “Менинг сизга бўлган муҳаббатимни ҳам, Муҳаммад билан алоқам йўқлигини ҳам яхши биласизлар. Ўзимга етган нарсадан сизларни хабардор қилиб қўйишни бурчим деб билганимдан олдингизга келдим. Аммо ҳеч кимга айтмайсизлар!” деди. Улар: “Хўп бўлади”, дейишди. У: “Яҳудийлар Муҳаммад билан ўрнатилган сулҳни бузишганига надомат қилиб, унга одам юборганини биласизми? Улар «Қилган ишимизга пушаймонмиз, агар Қурайш ва Ғатафоннинг улуғларидан сенга асир олиб берсак, биздан рози бўласанми? Сен уларнинг калласини оласан, кейин биргалашиб, душманни қириб ташлаймиз», дейишган экан, Муҳаммад «Хўп», дебди. Агар яҳудийлар одам юбориб, сизлардан гаровга одам беришни сўрасалар, бирор кишини бера кўрманглар”, деди. Кейин Ғатафоннинг ҳузурига бориб, уларга ҳам Қурайшга айтганларини айтди.
Ушбу гаплардан кейин Абу Суфён Бану Қурайзанинг ҳузурига Икрима ибн Абу Жаҳлни юбориб, уларни урушга чорлади. Икрима уларга: “Биз ўз еримизда эмасмиз, ҳайвонларимиз ҳалок бўлмоқда. Урушни бошлайлик-да, Муҳаммадни йўқ қилиб, ишни тугатайлик”, деди. Ўша куни шанба эди. Яҳудийлар узр айтишди: “Бу кунда ҳеч нарса қилмаймиз. Баъзи бирларимиз бу кунда бир хил ишларни қилиб, мусибатга учради. Ундан кейин, яна, то Муҳаммадни йўқотгунимизча, бизга гаровга одам бериб қўймасанглар, сиз билан унга қарши уруш қилмаймиз. Сизлар урушда қийналиб, юртингизга қайтиб кетиб, бизни ташлаб қочишингиздан қўрқамиз. Муҳаммад бизнинг юртда турибди. Биз якка ўзимиз унга қарши тура олмаймиз”, дейишди.
Шундай қилиб, уларнинг ораси бузилди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши душманликларини давом эттирдилар. Бану Қурайза яҳудлари ичкарида қолган аёллар ва болаларга зарар етказишнинг пайида бўлдилар. Ана шундай ёмон мақсадда борган яҳудийлардан бирини София бинти Абдулмуттолиб уриб, ўлдирдилар.
Қурайшликларнинг баъзилари хандақдан ўтиб, мусулмонларга яқинлашдилар. Булар ичида Икрима ибн Абу Жаҳл, баъзи Бану махзумликлар ва Амр ибн Абду Вудд Омирий бор эди. Амр яккама-якка олишувга чақирди. Ҳазрати Али икки марта у билан олишувга чиқмоқчи бўлди, аммо икки сафар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қайтардилар. Сўнгра Амр мусулмонларни айблай бошлади. Ана шунда ҳазрати Али унга қарши чиқди. Икковлари тўқнашганларида ҳазрати Али Амрга: “Эй Амр, қурайшлик бирор киши сени икки нарсага чақирса, яхшисини олишга Аллоҳга аҳд қилган эдинг-ку?” деди. Амр: “Тўғри”, деди. Али: “Мен сени Аллоҳга, Унинг Расулига ва Исломга чақираман”, деди. У: “Менга уларнинг кераги йўқ”, деди. Али: “Мен сени олишувга чақираман”, деди. Амр: “Нима учун, эй жиян? Аллоҳга қасамки, мен сени ўлдиришни хоҳламайман”, деди. Али: “Мен сени ўлдиришни истайман”, деди.
Шунда Амр қизишиб кетди ва эгардан тушиб, отини сўйиб юборди. Али билан жангга ҳозирланди. У Али томон юрди. Олишув бошланди. Амр қилич солган эди, Али қалқони билан тўсди. Аммо қилич қалқонни ёриб ўтиб, Алининг бошини яралади. Али ўз навбатида кучли зарба бериб, Амрни қатл этди. Мусулмонлар такбир айтдилар. Қолган мушриклар орқаларига қарамай қочдилар.
Кейинчалик ҳам мушриклар бир неча бор хандақдан ўтишга уриниб кўрдилар, аммо ҳар сафар қаттиқ қаршиликка учраб, ортга қайтдилар. Икки томондан бир-бирига камон отишлар бўлди. Мусулмонлар беш кишини шаҳид ҳам бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар Аллоҳдан астойдил нусрат тилаб, мустаҳкам турар эдилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам тинимсиз дуо қилдилар.
Аллоҳ таоло душманларга қишнинг совуқ кечасида ўта совуқ шамол юборди. Шамол душманнинг чодирларини, қозонларини учириб кета бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга душман орасида ихтилоф пайдо бўлгани, Аллоҳ уларнинг бирлигини бузганлиги ҳақида хабар етганидан сўнг, кечаси нима бўлаётганини билиб келиш учун уларнинг ичига Хузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳуни юбордилар.
Бу ҳақда Хузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Хузайфа, анави қавмнинг ичига бориб, нима қилаётганларига назар сол. Бизга қайтиб келгунингча, ҳеч нарса қилма», дедилар. Топиб бордим ва қавмнинг ичига кирдим. Шамол ва Аллоҳнинг лашкарлари нима қилса қилаётган эди. Шамол уларнинг қозонини ҳам, оловини ҳам, чодирини ҳам жойида қўймас эди. Абу Суфён ўрнидан туриб: “Эй Қурайш жамоаси, ҳамма ёнидаги одамга қарасин”, деди. Мен ёнимдаги одамни ушлаб: “Сен кимсан?” дедим. У: “Мен Фалончи ибн Пистончиман”, деди. Сўнгра Абу Суфён: “Эй Қурайш жамоаси! Туриб бўлмайдиган ҳолатда қолдингиз. Туя ва отлар ҳалокатга учради. Бану Қурайза сизга хиёнат қилди. Улардан бизга ўзимиз ёмон кўрган нарса етди. Шамолнинг зўридан нима бўлаётганини ҳам кўриб турибсиз. Қозонимиз жойида турмайди. Олов ёнмайди. Чодирларимиз тик турмайди. Қани, жўнанглар, мен жўнадим”, деди. Сўнгра бориб, туясига миниб, уни урган эди, уч оёқлаб сакраб турди. Бир оёғи букланиб боғланган экан. Аллоҳга қасамки, у туянинг оёғини тик турғазиб ечди. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг менга «Бизга қайтиб келгунингча бирор нарса қилма» деган амрлари бўлмаганида, уни ўлдирар эдим».
Шундай қилиб Аҳзоб уруши тугади. Исломни ва мусулмонларни таг-томири билан суғуриб ташлаш ниятида тўпланган кофир ва мушрик гуруҳлар ёвуз мақсадларига ета олишмади. Аллоҳ таоло мусулмонларга нусрат берди.
 
« Олдинги   Кейинги »