Жаннат ва дўзах ораси Принтер учун
06.06.2014 й.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадис айтдилар. У зот содиқу масдуқдирлар: «Сизнинг ҳар бирингизнинг халқ қилиниш моддаси онасининг қорнида маний ҳолида қирқ кун жам қилинади. Сўнгра ана шу мислича алақа (зулуксимон қон) бўлади. Сўнгра ана шу мислича музға (чайналган гўшт) бўлади. Сўнгра ичига руҳ пуфланади. Ва тўрт калима: ризқи, ажали, амали ва бадбахт ёки некбахтлигини ёзиш амр қилинади. Ундан бошқа илоҳий маъбуд йўқ Зот билан қасамки, бирингиз жаннат аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан жаннат орасида бир аршин қолганида, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, дўзах аҳлининг амалини қилади-да, унга киради. Албатта, бирингиз дўзах аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан дўзах орасида бир аршин қолганида, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, жаннат аҳлининг амалини қилади-да, унга киради», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган).
 Шарҳ: Абдуллоҳдан ривоят қилинди, дейилса, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу кўзда тутилган бўладилар. Ушбу ҳадиснинг муқаддимасида ровий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳабиб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир сўзлари рост, тасдиқланган зот эканларини таъкидлаб қўймоқдалар. У кишининг: «У зот содиқу масдуқдирлар», деган гапи шу маънони ифода қилади. Содиқлик сифати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг маш¬ҳур, энг кўп тарқалган сифатларидан бири экани яхши маълум. Масдуқликлари, яъни ростгўйликлари тасдиқланган зот эканлари ҳам худди шундай маълум ва машҳурдир. Ровийнинг аввал бу сўзларни айтиб олиб, кейин ўзлари эшитган ҳадисни ривоят қилишга киришишларидан мақсадлари – бу ҳадисда келадиган маъноларга шак-шубҳа бўлмаслиги керак, деганларидир.
Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ таолонинг илми нақадар чексиз, нақадар шомил, нақадар аниқ экани баён қилинмоқда. Шунингдек, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани аниқ ўлчов билан қилиши, бу ўлчов ўзгармаслиги ҳамда ўша нарсаларни Аллоҳ таоло азалдан қиёматгача аниқ ва равшан билиб туриши баён қилинмоқда. Келинг, ҳадиси шарифда баён этилган фикрлар билан бирин-кетин танишиб чиқайлик:
«Сизнинг ҳар бирингизнинг халқ қилиниш моддаси онасининг қорнида маний ҳолида қирқ кун жам қилинади». Ким жам қилади? Албатта, Аллоҳ таоло жам қилади. Демак, ҳар бир инсон отасининг сулбидан маний ҳолида онасининг қорнига-бачадонига ўтиши фақат Аллоҳнинг илми ва тадбири ила бўлади. Дунёдаги неча миллиардлаб одам ўтган бўлса ҳаммаси шундай бўлган. Ҳозирги лаҳзада дунё бўйича неча сулбдан қанча маний, неча раҳм¬га ўтаётган бўлса ҳам Аллоҳ билиб турибди. Лекин манийнинг бачадонга ўтиши бола пайдо бўлди, дегани эмас. Ўша манийдаги уруғлик аёлнинг тухумига урчиши керак. Бу эса, Аллоҳнинг иродасисиз, тадбирисиз бўлмайди. Ота-она жинсий алоқа лаззатини ҳис қилишлари мумкин, лекин маний нима бўлаяпти, уруғлик урчияптими, йўқми, буларни била олишмайди. Ҳомила бўлган-бўлмаганини била олмай, аломатларидан биладиганларига мурожаат қиладилар. Уруғликнинг урчиши ҳақида уларнинг ҳеч қандай илми йўқ. Буни фақат чексиз илм соҳиби – Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Аллоҳ таоло отанинг сулбидан ўтган манийни онанинг қорнида қирқ кун жамланиб туришини ирода қилган экан. Ана ўша муддатда турган маний урчиса, ҳомила бўлади. Ундан олдин тушиб кетса, ҳомила бўлмайди. Албатта, бунинг ҳаммаси Аллоҳнинг илми ва қудрати билан бўлади.
«Сўнгра ана шу мислича алақа (зулуксимон қон) бўлади». Яъни, юқорида зикр қилинган муддат мислича – қирқ кун алақа ҳолида туради. «Алақа»ни эски китобларимизда «лахта қон» деб айтилган. Араб тилида «Алақа» сўзи зулукни англатади. Ҳа, қон сўрадиган ҳайвон, зулук, арабчада «алақа» дейилади. Қадимги кишилар бачадоннинг ичида зулук нима қилади, дейишган бўлса керак, унинг моддасини эътиборга олиб «лахта қон» деб айтишган. Илм ривожланиб, ҳозирда бачадон ичини асбоблар билан кўриш ва сувратга олиш имкони туғилди. Ҳомиланинг «алақа»лик ҳолини сувратга туширсалар, бачадон деворига ёпишиб ётган зулук бўлиб сувратга тушган. Дунёнинг кўзга кўринган олимлари ҳадисдаги улкан илмий ҳақиқатга тан бериб, ҳомиланинг бошқа ҳолатларини ҳам ўрганиб чиқдилар. Ҳомиланинг барча ҳолатлари Қуръон ва Суннатдаги аниқ васф қилинганидай ҳеч бир жойда васф қилинмаганини эътироф қилдилар. Қуръон ва Суннат оддий нарса эмас, илоҳий мўъжиза эканини таъкидладилар.
Аллоҳ таоло ана ўша сон-саноқсиз бачадонлардаги нутфаларни алақага айланиш жараёнини яхши билиб туради ва тадбирини қилади. Бу жараённи У Зоти Олийдан бошқа ҳеч ким билмайди. Ҳатто аёлларнинг ўзлари ҳам ўз бачадонларидаги нутфа қайси лаҳзада қандоқ қилиб нутфадан алақага айланганини билмайдилар. Битта бачадондаги жараённи бутун дунё бир бўлиб пойласа ҳам, унга аралаша олмайди, аниғини билмайди. Аллоҳ таоло эса, ҳамма бачадонлардаги жараённи билиб турувчидир. Одам дунёга келгандан бери, қиёматгача билувчидир.
«Сўнгра ана шу мислича музға (чайналган гўшт) бўлади».  Яъни, алақа бўлгандан сўнгра ана шу муддат – қирқ кун мислича музға бўлади. Энди зулуксимон лахта қон бачадонда чайналган гўшт ҳолига айланиб, қирқ кун туради. Бу ҳам олдин васф қилинганидек, фақат ягона Аллоҳ таолонинг илми ва тадбири ила бўлади. Аллоҳ таоло ирода қилмаса, хоҳ нутфалик, хоҳ алақалик, хоҳ музғалик ҳолида, бошқа ҳолга айланмай бачадондан тушиб кетади. Бечора бачадон эгаси эса, уни тушиш жараёнидаги ўзгаришлардан сезади, холос.
«Сўнгра ичига руҳ пуфланади». Яъни, музға бачадонда қирқ кун тургандан ке¬йин ичига руҳ-жон пуфланади. Ушбу ҳолат энг муҳим жараён ҳисобланади. Бу ҳаётнинг улкан сиридир. Ҳозиргача ҳеч ким жон нима, у инсон ичига қандоқ пуфланади, буни билмайди. Инсон ўзининг узоқ ҳаёти давомида бу сирни англаб етиш учун қўлидан келган ҳамма нарсани қилди, аммо англай олмади. Ҳамма нарсани билишни даъво қилаётган инсон шунчалар жоҳил, у дунё сирларини биламан, деб даъво қиладию, ақалли ўзини ҳам билмайди. Бу сирни фақат Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзигина билади. Фақат билибгина қолмай, тадбирини ҳам қилади.
Ана энди, биз ўрганаётган мавзу, қазо ва қадарга тегишли жараён бошланади. «Ва тўрт калима: ризқи, ажали, амали ва бадбахт ёки некбахтлигини ёзиш амр қилинади».
Кимга амр қилинади? Вакил қилинган фариштага амр қилинади.
Ким амр қилади? Аллоҳ таоло амр қилади.
Нима амр қилинади? Ёзиш амр қилинади.
Ёзиш нима дегани? Ёзиш билимни қайд қилиш, дегани. «Илмни ёзиш ила қайд қилинглар», дейилган бир ривоятда. Ёзиш илмни янада аниқроқ исбот қилиб қўйишни англатади. Бирор нарсани ёзиб, илмни қайд қилиб қўйиш, бошқа бировни ўша ёзилган нарсага мажбур қилиш, дегани эмас. Хусусан, ўша ёзилган нарса сир тутилса, умуман ҳеч қандай таъсири бўлмайди, бўлиши мумкин ҳам эмас. Инсон онаси қорнида турганида, келажакда бўладиган унга тегишли маълумотлар, Аллоҳнинг илми қайд қилинади. Хўш, ушбу илмни ёзиб қўйиш–қайд қилишни уни мажбурлаш, деб бўладими? Йўқ, албатта! Хусусан, қайд қилинган нарсалар, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган нарсалар-ку! Энди мазкур тўрт нарсани алоҳида ўрганиб чиқайлик:
1. РИЗҚ. Дунёдаги барча жонзотларнинг ризқини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади. Бу жонзотларнинг қайси бирига қачон, қанча ва қандоқ ризқ тегишини Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади, Аллоҳдан бош¬қа ҳеч ким билмайди. Бутун дунё тўпланиб, биргина жонзотнинг бир лаҳзалик ризқини билмоқчи бўлсалар, бунга эриша олмайдилар. Халқ ичида «ютганинг ўзингники, чайнаганинг гумон», деган нақл бор. Бу гап ризқ Аллоҳдан бошқа ҳаммага гумон эканини таъкидлаш учун айтилган. Кишининг оғзида чайнаб турган таоми ўзига ризқ бўладими-йўқми, била олмайди, деган маънодаги гап. Аслида бу ҳам унча аниқ ифода эмас. Ютганинг ҳам гумон бўлади. Чунки томоқдан ўтган нарсани ҳам тўлиқ ризқ бўлади, деб айта олмаймиз. Аллоҳ унинг ризқ бўлишини хоҳламаса, ўша таом заҳарга айланиб, инсонни бемор қилиши ёки ҳалок этиши мумкин. Ёки кўнгилни айнитиб, қусқи бўлиб, чиқиб кетиши мумкин. Хўш, шунчалик сир нарса инсон ҳаётига таъсир қилиши мумкинми? Йўқ, албатта!
Барча жонзотларни йўқдан бор қилган Зот ҳам, шу жумладан, инсонни яратган Зот ҳам, Аллоҳ таолодир. Унинг нутфалигидан олдин ҳам, ўлгандан кейин ҳам барча ҳолатларини аниқ биладигон Зот Аллоҳдир. Дунёдаги барча ризқларни яратган, уларни яхши ва тўлиқ биладиган, тадбирини қиладиган Зот ҳам Аллоҳдир. Бинобарин, ҳар бир инсонга қанча ва қандоқ ризқ тегишини ҳам фақат Аллоҳнинг Ўзи билиши ғариб нарса эмас. Ўша Ўзи билган нарсани фаришталаридан бирига айтиб, ёздириб қўйиши ҳам қийин эмас. Аллоҳнинг бу илмида мажбурлаш аломати йўқ.
2. АЖАЛ. Бу иш ҳам фақат Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайдиган нарсалардан. Аллоҳ Ўзининг шомил илми ила барча жонзотнинг, жумладан, ҳар бир инсоннинг ажалини аниқ билади. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким, ҳатто муққараб фаришталар ҳам, бирор жонзотнинг ажалини билмайди. Дунёнинг ҳаммаси тўпланиб, бир дона кичкина қумурсқанинг ажалини билишга ҳаракат қилсалар ҳам, уддалай олмайдилар. Дунёдаги барча жонзотни, жумладан, инсонларни яратган Зот–Аллоҳ. Уларга жон ато этган Зот–Аллоҳ. Уларни ўлдирадиган Зот–Аллоҳ. Бинобарин, ҳар бир жонзотнинг, жумладан, ҳар бир инсоннинг ажалини фақат Аллоҳнинг Ўзи билиши ғариб эмас. Ўша Ўзи билган нарсани фаришталаридан бирига айтиб ёздириб қўйиши, қийин эмас. Аллоҳнинг бу илмида ҳам мажбурлаш йўқ.
3. АМАЛ. Бунинг илми ҳам, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига хос бўлган нарсалардан бири. Инсон нафақат бош¬қаларнинг, ҳатто ўзининг ҳам бир оздан сўнг нима қилишини ҳеч ким аниқ билмайди. Инсон бир нарсани ният қилади, унинг учун интилади. Аммо, ўша ишнинг амалга ошиши ёки амалга ошмаслиги Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродасига боғлиқ. Аллоҳ хоҳлаган иш бўлади, хоҳламагани бўлмай қолади. Шу сабабдан, Аллоҳ таоло ҳар бир инсоннинг туғилганидан тортиб, ўлгунига қадар қиладиган амалини тўлиқ ва аниқ билиши ғариб эмас.
Чунки инсонни Аллоҳ яратган ва унинг барча имкониятлари, хусусиятлари ва бошқа нарсаларини тўлиқ ва аниқ биладиган ягона Зот–Аллоҳ. Шунингдек, инсон ҳаёт кечирадиган дунёни яратган Зот ҳам–Аллоҳ. Бу дунёнинг икир-чикирлари, майда-чуйдаларигача тўлиқ ва аниқ биладиган Зот–Аллоҳ. Инсоннинг ҳам, дунёнинг ҳамма тасарруфини қилиб турадиган Зот–Аллоҳ.
Бинобарин, инсоннинг нима амал қилишини ягона Аллоҳнинг Ўзи билиши ҳақ гап. Агар Аллоҳ бу нарсани билмаса, Аллоҳлиги қолармиди?! Аллоҳ ўша Ўзи билган инсон амалларини фаришталаридан бирига айтиб, ёздириб қўйиши қийин эмас. Ўз навбатида Аллоҳнинг бу илми бандани у ёки бу амални қилишга мажбурлаш ҳам эмас.
4. БАДБАХТЛИК ЁКИ НЕКБАХТЛИК. Ҳар бир инсон бахтли ёки бахтсиз эканини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Билганда ҳам Ўзининг ҳамма нарсани қамраб олувчи илми ила азалдан билади. Нафақат инсонга онасининг қорнида жон пуфлаганда, балки азалдан билади. Ушбу ҳадисда айтилаётган маъно, ўша азалий илмни қайд қилиш холос. Бутун инсоният тўпланиб олиб, ичларидан битталарини ҳақиқий бахтли ёки бадбахт эканини билишга уринсалар ҳам, била олмайдилар. Ҳатто пайғамбарларнинг саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фақат Аллоҳнинг билдириши ила ўн кишинигина жаннатга кириши ҳақида башорат берганлар, холос. Қолганларнинг нима бўлишини Аллоҳнинг Ўзигина билади.
Аллоҳ таоло ўша илмни фаришталаридан бирига айтиб ёздириб қўйиши, қийин эмас. Шу билан бирга, ўша илмни, ёзиб қайд қилиб қўйиш бандани бадбахт ёки некбахт бўлишига мажбур қилиш эмас. Чунки илм бир нарсани кашф қилувчи нурдур, бировни мажбур қилувчи куч эмасдир!
Эътибор берайлик, энди ҳадиснинг давомида нима учун одамлар бир-бирларининг ёки ўзларининг бадбахт ёки некбахтлигини била олмасликлари баён қилинади. Пайғамбаримиз ҳадиснинг бу қисмини: «Ундан бошқа илоҳий маъбуд йўқ Зот билан қасамки», деб бошламоқдалар. Бу эса, келажак гапнинг ўта муҳим эканига далолатдир. «...бирингиз жаннат аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан жаннатнинг орасида бир аршин қолганида, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, дўзах аҳлининг амалини қилади-да, унга киради».
Одамни нима бўлишини ким билар эди? Ҳатто ўша одамнинг ўзи ҳам билмайди. Умр бўйи тоат-ибодатда юриб, охирида шайтоннинг иғвосига учиб иши расво бўлиши мумкин. «Албатта, бирингиз дўзах аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан дўзахнинг орасида бир аршин қолганида, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, жаннат аҳлининг амалини қилади-да, жаннатга киради».
Бунақаси ҳам бўлиши мумкин. Умр бўйи нима қилиб юрган бўлса-да, охирги пайтда инсонлиги қўзиб, яхши бир амал билан ҳоли батамом ўзгариб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам «Ақоид» уламолари ушбу ҳадиси шарифни ва шунга ўхшаш бошқа ҳадисларни далил қилиб: «Аҳли қибладан муайян шахсни жаннатий ёки дўзахий эканига қатъий ҳукм қилиб бўлмайди», дейдилар.
Аммо юқорида зикр қилинган икки ҳолатда ҳам қадарнинг, Аллоҳнинг собиқ илмининг мажбурий таъсири йўқ. Китобнинг ўзиб кетиши эса, унда ёзилган илмнинг ўта аниқ ва пухта эканини билдиради холос. Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳнинг илми шомилу комил, аниғу пухта, ҳамма нарсани қамраб олувчи экани баён қилинди. Бу ҳақиқатни бирма-бир ўрганиб чиқдик. Ҳадиснинг охирида инсон ўз амали асосида ҳукм чиқариб, Аллоҳни унутиб қўймаслиги ёки кўнгли бир оз бўлса ҳам бошқа томонга бурилиши мумкин эмаслиги таъкидланмоқда. Биров «умрим бўйича яхши амал қилдим, энди, албатта, жаннатга кираман», деб хотиржам бўлмасин! Ҳатто умрининг охирги лаҳзасида ҳам иш бошқачага айланиб кетиши мумкин. Чунки ҳамма нарса Аллоҳнинг амри билан бўлади. Биров «мен умрим бўйи гуноҳ қилиб ўтдим, энди, албатта, дўзахга тушаман», деб ноумид бўлмасин! Ҳатто умрининг охирги лаҳзасида ҳам иш бошқачага айланиб кетиши мумкин. Чунки ҳамма нарса Аллоҳнинг амри билан бўлади.
Ишларнинг хотимасига қараб якун ясалади. Умр¬нинг интиҳоси қачонлигини ҳеч ким билмайди. Шунинг учун, ҳаётнинг ҳар лаҳзасини умрнинг охири деб билиш керак. Яхшилик қилиб юрганлар, охирги иши ёмонлик бўлиб қолмаслиги учун интилиши керак. Ёмонлик қилганлар, қолган ҳар бир лаҳзани умрнинг охирги лаҳзаси, деб яхшилик қилишга ўтиши керак. Қазо ва қадарга бўлган иймоннинг фойдаси ҳам шунда! Кишини доимо яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариб туришида!
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг содиқу масдуқликлари.
2. Инсон онасининг қорнида маний ҳолида қирқ кун жам бўлиши.
3. Инсон онасининг қорнида алақа ҳолида қирқ кун қолиши.
4. Инсон онасининг қорнида музға ҳолида қирқ кун қолиши.
5. Сўнгра инсонга руҳ пуфланиши.
6. Аллоҳ таолонинг ҳар бир инсоннинг ризқини, ажалини, амалини, бадбахт ёки некбахтлигини азалдан билиши.
7. Бу илмни инсон онаси қорнида турганида ёзиб, қайд қилиб қўйилиши.
8. Бирор гапни таъкидлаш учун Аллоҳнинг номи ёки сифати ила қасам ичиш жоизлиги.
9. Умр бўйи жаннат аҳлининг амалини қилиб юрган одам охирида дўзах аҳлининг амалини қилиб қўйиб, дўзахга тушиб қолиши мумкинлиги.
10. Умр бўйи дўзах аҳлининг амалини қилиб юрган одам охирида жаннат аҳлининг амалини қилиб, жаннатга кириб қолиши мумкинлиги.
11. Ўзининг яхши амалидан қувониб, бепарво бўлиш яхши эмаслиги.
12. Ўзининг ёмон ишларидан тушкунликка тушиб, ноумид бўлиш керак эмаслиги.
13. Қазои қадарга нисбатан иймоннинг мустаҳкам бўлиши зарурлиги.

(“Ҳадис ва Ҳаёт”, 2-жилд, 184-194-бетлар)

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz