Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ихлос қилиш Принтер учун
25.05.2014 й.
(Меҳроб шаҳиди, аллома Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг ҳижрий 1432 йил 29 зулҳижжа, мелодий 2011 йил 25 ноябрда қилган жумъа хутбалари)

Алҳамдулиллаҳ. Алҳамдулиллаҳ. Аллоҳ таолога неъматларига мувофиқ, зиёдасига кофий ҳамдлар бўлсин! Эй Роббимиз, Важҳинг жалоли ва салтанатинг азаматига муносиб ҳамдлар Сенга хосдир. Эй Аллоҳ, Сен Субҳонсан. Мен Сенга сано айта олмайман. Сен Ўзингга Ўзинг сано айтгандексан. Ягона Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Унинг шериксиз эканлигига гувоҳлик бераман. Саййидимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳнинг қули, расули, танлагани, халили ҳамда юборган набийларининг энг хайрлиси эканлигига, шунингдек, Аллоҳ у зотни бутун оламларга баширу назир қилиб юборганлигига шаҳодат келтираман. Аллоҳим, саййидимиз Муҳаммад ва у зотнинг олига қиёматга қадар доимий ва тўхтовсиз салоту салом ва баракотлар юборгин.
Эй мусулмонлар, сизларга ва ўз гуноҳкор нафсимга Аллоҳдан тақво қилишни тавсия қиламан. Аммо баъд. Эй Аллоҳнинг бандалари! Кеча сизларга “Агар инсон Роббисини таниса, Уни яхши кўриб қолади. Агар яхши кўриб қолса, бандаларини ҳам яхши кўриб қолади” деган эдим. Бугун эса бу гапларга қўшимча қилиб шуни айтаманки, “Агар инсон Роббисини таниса, Уни яхши кўриб қолади. Агар яхши кўриб қолса, Унга юзланишда, буйруқларига бўйсунишда ихлосли бўлади”. Бугун сизларга банда Роббисини ва Яратувчисини таниганда қўлга киритадиган ютуқларнинг энг каттаси бўлмиш ихлос ҳақида гапираман.
Эй Аллоҳнинг бандалари! Ихлос, яъни Аллоҳ азза ва жаллага ихлос қилиш дегани мусулмон киши Аллоҳнинг буйруқларини маҳкам тутишда, қайтарган нарсаларидан қайтишда фақат ва фақат Унинг ризосига етишишни ва ғазабидан сақланишни кўзлашдир. Аллоҳ таолога ихлос қилишнинг қисқача таърифи мана шудир. Яъни бу дегани бир инсон кўп намоз ўқиш, кўп рўза тутиш, кўп ҳаж ва умра қилиш орқали Аллоҳ азза ва жаллага юзланса-ю, аммо қалби ихлосдан холи бўлса, қилган барча ибодатларининг оқибати қуйидаги оятда васф қилинганидек бўлади: “(Зотан) Биз улар қилган ҳар бир амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби фойдасиз) қилиб қўйгандирмиз” (Фурқон, 23). Шунинг учун ҳам илоҳий баён ихлоснинг зарурлигини қайта-қайта таъкидлайди.
Аллоҳ таоло айтади: “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир” (Баййина, 5).
“Айтинг: «Мен фақат Аллоҳга, динимни Унга холис қилган ҳолда ибодат қилурман” (Зумар, 14).
“Сиз Аллоҳга – динни Унга (ширкдан) холис қилган ҳолда ибодат қилинг!” (Зумар, 2).
Қуръон оятлари Аллоҳга иймон келтириш ва Унинг буйруқларига амал қилиш зарурлигини кўп бора таъкидлаб, такрорлаганидек, ихлоснинг муҳимлигини ҳам шунчалик кўп таъкидлаган. Агар бир амалда ихлос йўқолса, ўша амал соҳиби ширкнинг бирорта кўринишига аралашиб қолади. Зеро, ушбу каломини айтувчи Аллоҳ таоло рост айтган: “Уларнинг аксарияти Аллоҳга фақат мушриклик ҳолларидагина «имон» келтирадилар (оғир пайтда Аллоҳга илтижо қиладилар)” (Юсуф, 106).
Агар сен Аллоҳ таолонинг Китобига назар солсанг ва ўйлаб кўрсанг, инсон икки ҳолатдан бирида бўлишига гувоҳ бўласан. Инсон Аллоҳга келтирган иймонида ва Унинг буйруқларига юзланишда ростгўй, содиқ бўлади. Бу ихлосли бўлади деганидир. Ёки содиқлик ва ихлос йўқ бўлади. Бу эса нифоқ, мунофиқликдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизга мана шундай баён қилади.
Эй Аллоҳнинг бандалари! Биз бирор сабаб билан пайдо бўлиб, турли мамлакатларда яшаётган мусулмонларни хароб қилаётган фитналарга назар солганимизда шу нарсани эсдан чиқармаслигимиз керакки, аслида фитналар мунофиқларни аниқлаб, уларни содиқ, ихлосли мўминлардан ажратадиган омилдир. Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ушбу ҳадис сўзимизга далилдир: “Фитналарни ёмон кўрманглар. Чунки фитнада мунофиқларни йиғиб-териш бордир”.
Агар фитна авж олса, инсон ўз мақсадлари, шахсий манфаатлари сари йўрғалаб қолади. Агар унинг қалбида Аллоҳга бўлган иймон ва ихлос устунлик қилмаётган бўлса, хансираганча ўзининг бойликларини, шахсий фойдаларини излай бошлайди. Яъни фақатгина ўзини ўйлаб қолади. Ўша мақсадларини, бойликларини, манфаатларини ҳаётида ўзига йўлбошчи қилиб, Аллоҳнинг динини мазкур мақсадларига етиш учун хизмат қиладиган васила қилиб олади. Яхшилаб ўйлаб, атрофингизга бир назар солсангизлар сизларга айтаётган бу гапларимнинг тасдиғини топасизлар. Аммо қалбида иймон устунлик қиладиган, ўша иймони чин бўлган, иймон билан бирга қалбида ихлоси ҳам бор инсон фитна авж олган пайтда ҳам ҳеч қандай шахсий ғаразни ўйламай, фақатгина Аллоҳни рози қилиш ғамида бўлади. Ўзининг бойликларини, шахсий истакларини ва манфаатларини Аллоҳнинг амрларини бажариш учун қурбон қилади. Ўша бойликларининг ҳаммасини Аллоҳнинг ризосига етишиш учун васила қилиб олади. Келинглар, энди ушбу гапимнинг исботига яна бир бор назар солайлик. Қолаверса, бу исбот Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилингандир: “Фитналарни ёмон кўрманглар. Чунки фитнада мунофиқларни йиғиб-териш бордир”. Ўзимизнинг араб жамиятимизга ва бошқа ислом жамиятларига диққат билан назар солайлик. Мусулмонлар масжидлар қуриш, мезаналарни баланд қилиб кўтариш борасида мусобақа қилишяпти. Шу билан бирга худди ўша мусулмонлар ўзлари мусулмон бўла туриб, бошқа мусулмон кишиларга турли йўллар билан ҳар турдаги қурол-аслаҳаларни юбормоқдалар. Бундан мақсад бир мусулмон иккинчи бир мусулмон бирордарини ўлдирсин, мусулмонлар орасидаги дўстлик-иноқлик адоват ва хусуматга айлансин. Яна ўша мусулмонлар турли махфий йўллар орқали миллонлаб доллар пулларни бошқа ердаги ўзларига қарашли кишиларга юбормоқдалар. Бундан мақсад эса ўша пуллар бировни ўлдириш, юртларни хароб қилиш, оилаларни барбод қилиш, ҳамманинг кулини кўкка совуришга хизмат қилсин. Айрим мусулмонлар шундай ишларни қилишяптики, кўриб кўзинг, эшитиб қулоғинг ишонмайди. Мусулмонлар Аллоҳнинг ва ўзларининг душманлари эшигини хорлик ва пасткашлик ила чертмоқдалар. Мусулмонлар душманлардан ўзларига ўхшаган бошқа мусулмонлар юртига кириб босқинчилик қилишларига, уларнинг ишларига аралашишларига, уларнинг ҳукм, раҳбарлик ва йўлбошчилик курсисига ўтириб олишларига, муаммоларнинг ечими фақат уларнинг қўлларида бўлишига ундашмоқда. Ана шундай мусулмонларга Аллоҳнинг қуйидаги оятлари тегишлидир:
“Эй, имон келтирганлар! Ўзингиздан ўзгаларни (мунофиқларни) яқин дўст (сирдош) тутмангиз! Улар сизларга нисбатан бузғунчилик қилишда кучларини аямайдилар ва ҳолларингиз забун бўлишини истайдилар. Сизларни ёмон кўришлари оғизлари (сўзлари)дан аён бўлди, дилларидаги яширган (адоват)лари эса янада каттароқдир. Агар ақлингизни ишлатадиган бўлсангиз, (Биз) сизларга оятларни (муфассал) баён қилиб бердик” (Оли Имрон, 118).  
“Эй, имон келтирганлар! Менинг душманим ва сизларнинг душманингизни (яъни мушрикларни) дўст тутмангиз!” (Мумтаҳана, 1).
“Мунофиқлар учун аламли азоб борлиги ҳақида уларга «башорат» бериб қўйинг! (Улар) мўминларни қўйиб, кофирлар билан дўст тутинадилар. Ўша (кофир)лардан кучқувват излайдиларми?! Бор куч-қудрат Аллоҳникику!” (Нисо, 138-139).
Аллоҳ таоло юқоридаги каби оятлари билан ўшандай мусулмонларни қайта-қайта огоҳлантиришига қарамай уларни мазкур оятлардан юз ўгириб, уларни унутиб, Аллоҳнинг амрларига, тавсияларига, насиҳатларига нисбатан мутакаббирлик қилиб, ўзларининг жирканч ишларидан, яъни раҳбарлик, қўмондонлик Аллоҳнинг ва мўминларнинг душманлари қўлида бўлсайди, устунлик мўминларда эмас, душманлар томонида бўлсайди деган жиноятларидан қайтмаяптилар. Мен сизларга айтаётган нарсалар ниманинг самараси? Аллоҳ учун ихлоснинг йўқолгани самарасидир.
Эй Аллоҳнинг бандалари! Аллоҳ азза ва жалланинг мезонида эътибор қилинадиган нарса тилимнинг ислом ва унинг шиорлари ҳақида айланаётгани, исломнинг асослари бўлмиш намоз, рўза, ҳаж ва бошқа ибодатларни қилишимда ҳам эмас, балки Аллоҳнинг мезонидаги энг эътиборли нарса қалбдаги нарсадир. Қалбда мустаҳкам ўрнашган кучли ихлосдир. Қачонки Аллоҳга бўлган ихлос йўқолса ва ислом деган нарса тилларда айланадиган қуруқ сўзларга айланиб қолса, қалблардаги иймон ҳақиқати ҳам йўқолиб, қалбдаги нарса сохта бўёққа айланиб қолади. Кейин тил ўша сохта бўёқдан ранг олиб, айланаверади.
Эй Аллоҳнинг бандалари! Сизлар кўриб, кўзларингизга, эшитиб, қулоқларингизга ишона олмай турган бу воқеалар ўша сохталик, қуруқлик натижасидир. Аммо биз эса... Аллоҳ таоло бизни ушбу муборак Шом диёри учун танлаб олди. Ер юзидан айнан шу муборак диёрда яшашимизни ихтиёр этди. Биз ҳаргиз Аллоҳга берган аҳдимизга хиёнат қилмаймиз. Ҳар биримиз тилимиз билан, тилимиздан олдин қалбимиз билан қуйидаги гапни айтганмиз: “Менинг эгам Китоб нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳ кишиларни дўст тутар” (Аъроф, 196). Аллоҳга берган аҳдимизни қалбимизга қатъий жойлаштириб олганмиз. Ўша аҳдга асло хиёнат қилмаймиз. Модомики тирик эканмиз ушбу аҳддан ҳаргиз қайтмаймиз. Юракларимиз Аллоҳга бўлган иймон билан, У Зот биздан олган аҳд билан, тилларимиз ўша иймонни такрор қилиб турган ҳолида Аллоҳ таолога йўлиқамиз. Йўқ, бу аҳдни асло бузмаймиз! Аллоҳнинг ва ўзимизнинг душманларимизни асло ўзимизга дўст қилиб олмаймиз! Асло уларга бўйин эгиб, хорлик қилмаймиз! Муборак диёримиз, Аллоҳ муборак қилган Шомимизни қўриқлаймиз! Душманга, еримизни ифлос қилиши учун бир қарич ҳам бермаймиз! Бизни хорлаш, Аллоҳ баракотли қилган диёримизни ифлос қилиш учун денгиз ортидан келадиган душманларга еримизни ҳаргиз бериб қўймаймиз! Аллоҳ бизни ушбу муборак диёрда яшашга танлаб олибдими, демак биз ушбу диёрни Аллоҳнинг дини учун ҳимоя қиламиз, қўриқлаймиз! Аллоҳнинг динини ҳимоя қилиш учун ишлатадиган биринчи қуролимиз нималигини биласизларми? Бу қурол амру маъруф, наҳий мункардир. Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида айтганидек: “Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин! Айнан улар (охиратда) нажот топувчилардир” (104-оят). Биз раҳбарлар, ҳокимлар орасида амру маъруф, наҳий мункар ишларини олиб борамиз. Бугунги кунда биз шундай қиламиз. Биз султонларнинг мажлис ўтказадиган залларида, ҳокимлар курсиси олдида амру маъруф, наҳий мункар қиламиз. Бугунги кунда биз шундай қилишимиз керак. Мана шу Роббимиз азза ва жалла буюрган ишдир. Мана шундай қилсак бизнинг давлатимиз қайтадан туғилади. Мен биламанки, одамлар орасида ушбу гапларимдан ҳурсанд бўладиган кишилар ҳам бор, ғазабдан жони бўғзига келаётган кишилар ҳам бор. Биз бу давлатга посбонлик қиламиз. Модомики тирик эканмиз Аллоҳнинг дини учун ушбу диёрни кўзқорачиғимиздек асраймиз. Бу бизнинг курашимиздир. Аллоҳ бизни ушбу диёрга шунинг учун танлади. Барчамиз Аллоҳ таоло қуйидаги оятда мақтаган кишилардан бўлишни орзу қиламиз: “Аллоҳ (йўли)га даъват этган ва ўзи ҳам солиҳ амал қилиб, «Мен мусулмонлардандирман», – деган кишидан кўра ким чиройлироқ сўзловчидир?!” (Фуссилат, 33). Биз кишиларни устунлик қилиб ёки илм билан фахрланиб Аллоҳ сари даъват қилмаймиз. Балки бизнинг даъватимизни тинглаётган киши вақти келиб биздан-да яхшироқ мусулмон бўлишини ва фақат Аллоҳ розилигини хоҳлаб даъват қиламиз. Тўғри, мен Аллоҳ йўлига даъват қиламан, лекин Аллоҳнинг макридан ҳам қўрқаман. Зеро “Аллоҳнинг «макри»дан (ҳам) хотиржаммилар?! Аллоҳнинг «макри» (азоби)дан фақат зиён кўрувчилар қавмигина «хотиржам» бўлурлар” (Аъроф, 99). Бу ерда Аллоҳ мени яхшиликка буюрувчи ва ёмонликдан қайтарувчи қилиб қўйди. Лекин ишим нима билан тугашини, оқибатим қандай бўлишини билмайман. Мен йўлдан адашганларни Аллоҳ йўлига даъват қиламан, аммо эртага ўзим ўша адашганлардан бўлиб қолиб, мен даъват қилган киши мендан яхши мусулмон бўлишини ҳам, бўлмаслигини ҳам билмайман. Кўп кишиларни кўрамиз, йигитлик чоғларида турли бузуқликлар ва гуноҳлар ботқоғида юрадилар, кейин эса Аллоҳнинг энг обид, энг тақволи бандаларидан бирига айланадилар. Бишр Ҳофий аввал ким бўлганини унутдингларми? Фузайл ибн Иёз аввал ким бўлганини унутдингларми? Биз ўз юртимизни яхшиликка ундовчи, ёмонликдан қайтарувчи сифатида қўриқлаймиз. Албатта бу ишни Аллоҳ буюрганидек, ҳикмат ва чиройли мавъиза билан адо этамиз. Раҳбарлар ва ҳокимлар олдида тилларимизни ушбу шарафли вазифадан ҳаргиз тўхтатмаймиз. Бу биз қилишимиз керак бўлган ишдир. Бу ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги вожиб ишдир. Агар биздан кураш нима деб сўрашса, кураш шу деб жавоб берамиз. Агар биздан юртни, обрўни, динни душмандан қўриқлаш нима деб сўрашса, мана шу даъватларимиз қўриқлаш деб жавоб берамиз. Агар биздан ҳақиқий шараф нима деб сўрашса, ушбу муборак Шом диёрини ўзини Аллоҳнинг ва мусулмонларнинг душмани деб эълон қилган бирорта кимсанинг қадами ифлос қилишидан асраш ҳақиқий шарафдир дея жавоб берамиз. Биз орамизга кириб, устимизда ҳукм қилиш ваколатини ҳеч қайси душман қўлига топшириб қўймаймиз! Асло бу ишни қилмаймиз! Биз мана шу қатъият билан яшаймиз! Мана шу қатъиятда жон берамиз! Мана шу қатъиятни ўзимизда сақлаган ҳолда Аллоҳга рўбарў бўламиз! Бизнинг душманлар билан, душманларга ёрдам қўлини чўзаётган, Аллоҳнинг амрларини қўйиб, хорлик, нифоқни устун кўрадиган мунофиқлар билан кўришадиган жойимиз инсонлар оламлар Робби ҳузурида тик турадиган қиёмат кунидир. Ўша куни ҳақиқат юзидан ғубор, парда кўтарилганда билишимиз керак бўлган барча ҳақиқатларни кўрасизлар. Ўша куни сизлар минаётган уловнинг аслида от ёки эшак эканини ҳам кўрасизлар. Мен сизларга ушбу айтадиган гапларимни айтдим. Улуғ Аллоҳдан гуноҳларни кечиришини сўрайман.     
 
Нозимжон Хошимжон тайёрлади

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz