Жамловчи манҳажга асосланган амалий татбиқлар Принтер учун
05.05.2014 й.
Муқаддима

Мазкур бобни келтиришдан бизнинг кўзлаган асосий мақсадимиз, юқорида айтиб ўтилган маҳмуд раьйларни жамловчи манҳажнинг мусулмонлар фикрий-сулукий ҳаётларига қандай таьсирлар ўтказганлигини кўрсатиб беришдир.  Зеро, улар мана шу манҳаж асосида яшадилар. Унинг ёрдамида Ислом ҳақийқатига қаттиқ риоя қилдилар ва ўзларининг (дунё-охират) сафарларини Исломга мувофиқ бир тарзда ўтказдилар. Аввалги бобдан билиб олдикки, ушбу манҳажда муттафақ ва мухталаф ўринлар мавжуд, аммо уларнинг ҳар иккаласи яхлит манҳаж ҳолида Аллоҳ арқонига мустаҳкам боғланиш маьносини ифодаловчи ягона ўлчов ҳисобланади. Аввалги бобда мана шу масалага доир айрим намуналарни келтириб ўтдик.  Бузғунчилар, бидьатчилар ва ушбу диндан айрилганлар ўз бузуқликлари, бидьатлари ва залолатлари билан қай тарзда Ислом роҳи-ростидан ташқарига чиқиб кетганликларини сўзлаб берувчи, аниқлаб берувчи ягона ҳужжат– мана шу манҳаждир. Биз ушбу бобда мана шу нарсаларни баён қилиб ўтишни  қасд қилдик.
Барчамизга маьлумки, аслида бу манҳаж, инсонлар ҳидоят- залолат ҳудудларини чегаралаб олишлари, улар орасини аниқлаш ҳамда улар орасидаги мавжуд нейтрал ҳудуддан огоҳ бўлишлари учун лозимдир.
Ушбу манҳажнинг асарларини кўриб чиқиш учун, авваломбор ўша манҳажга амал қилиш натижасида пайдо бўлган хулоса сифатидаги уч натижани қисқача баён қилиб ўтмоғимиз даркор.
Биринчи натижа: унинг ҳақ эканлиги қатьий бўлиб, бу ҳақида ихтилоф қилиш мумкин бўлмаган масалалар. Бу масалалар ақийда асослари, дин устунлари ёки сулукий аҳкомлардан бирига тегишли бўлиши мумкин. Бу мажмуа, юқоридаги манҳажга амал қилиш натижасидаги, муттафақ бўлган қоидалар ва нуқталарга риоя қилиш орқали вужудга келган.
Иккинчи натижа:  унинг залолат ва нотўғри эканлиги қатьий бўлган, бу ҳақида ихтилоф қилиш мумкин бўлмаган масалалар.  Ушбу залолат ва хатоларнинг ақийдавий ёки сулукий ҳукмларга доир бўлишида ҳеч қандай фарқ йўқ.  Шунингдек, ушбу залолатларнинг динга бўлган хавфу хатарлари, Қурьон ва Суннатдан йироқлик масофаларининг турлича бўлишини ҳам фарқи йўқ. Аслида, залолат ўз навбатида Қурьон ва Суннатдан нақадар йироқ бўлишига кўра куфр, фисқ ва бидьатларга бўлиниши кўпчиликка маьлум.
Учинчи натижа: уни тушунишда бир неча қарашлар эҳтимоли мавжуд бўлган ихтилофли масалалар. Бундай ихтилофли масалалар шунчаки ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган эмас, балки улар манҳаж қоидалари ва усулларига риоя қилинган ҳолатда, унинг риояси натийжасида юзага келган. Бироз аввал бунга мисоллар келтириб ўтилди. Бундай ихтилофлар манҳаж доирасидан ташқарига чиқиб кетилганлиги сабабидан пайдо бўлган эмас, аксинча бу ихтилофлар манҳаж табиати ва тақозосига кўра юзага келган. Демак, манҳаж доираси ичида, аммо унинг бир четида турган киши ўша доира ичидаги, аммо иккинчи четида турган кишини манҳажсизликда айблашга ҳаққи йўқдир.  Зеро уларнинг ҳар иккаласи ҳам мана шу манҳаж доираси ичида сайру сулук қилмоқдалар.
Яна бир карра такрорлаб ўтмоқчимизки, бу манҳажга амал қилган киши, қайси асрда яшамасин, қаерда ҳаёт кечирмасин, у ўзининг эьтиқодий ва сулукий ҳаёт тарзини Қурьон ва Суннатга мувофиқ кечираётган шахс ҳисобланади. Биз китобдаги қолган баҳсларни ана шу маьно атрофида юритмоқчимиз.
Дастлаб, юқорида мухтасар баён қилинган уч натийжанинг тафсилотига киришсак.

Биринчи натийжа: ихтилоф қилиш мумкин бўлмаган усуллар ва ҳукмлар

Биз, иттифоқ қилинган, улар ҳақида ихтилоф қилиш дуруст бўлмаган масалалардан айримларини намуна сифатида келтирмоқчимиз. Аслида мана шу иттифоқ қилинган яъни, ихтилофсиз бўлган ҳукмлар юқоридаги манҳажга амал қилиш самараси ҳисобланади. Баҳс юритувчилар ушбу асл қоидалар билан танишиб чиқишлари мақсадга мувофиқ бўлади. Бас, энди тартиб билан баён қилишга киришамиз.
1. Аллоҳ таоло бандаларига унга эргашиб, уни мустаҳқкам ушлашга қатьий амр қилган дин- Ислом дини эканига чин дилдан ишониш. Ушбу дин  эса, ўзининг эьтиқодий асослари, сулукий фиқҳи ва одобларининг барчасини раббимиз бўлмиш Аллоҳнинг китоби,  пайғамбаримиз бўлмиш Муҳаммад с.а.в суннатлари, саҳоба, тобьеийн ҳамда ҳадис имомлари тарафидан саҳиҳ тарзда етиб келган ривоятлар ва мусулмон уламолари ижмоьларидан олади.
2. Аллоҳ азза ва жалла ўз зоти, сифатлари ва феьлларида танҳо, ягона эканлигига қатьий ишониш. Ундан ўзга яратувчи йўқ, зарар етказувчи йўқ, манфаат келтирувчи йўқ. Бу оламда, сабаблар, дея номланувчи нарсаларнинг барчаси, аслида Аллоҳ таоло тарафидан унинг хоҳишига биноан шундай сабаб қилиб қўйилган нарслардан ўзга эмасдир. Яьни, улар Аллоҳнинг иродасидан ташқаридаги мустақил борлиқ эмас, балки улар Аллоҳ таоло тарафидан қўйилган сабаблардир.
3. Аллоҳ таолонинг эшитиш, кўриш, билиш, қудрат ва ирода каби сифатларининг барчаси Аллоҳ учун собит бўлиб, уларни Аллоҳ ўзи учун ўзи собит қилгандир. Бу сифатлар Аллоҳдан ажралувчи сифатлар эмас. Аллоҳнинг зоти қадийм бўлганидек, унинг сифатлари ҳам қадиймдир. Калом ҳам Унинг сифатларидан бири бўлиб, у қадиймдир, махлуқ эмас.
4. Аллоҳ таолонинг на зотида, на сифатларида ва на феьлларида тенги ва ўхшаши йўқдир.  Зеро, бу нарсалар Унинг ягоналиги маьносининг бир бўлагидир.  Аллоҳ азза ва жалла Ўзи ҳақида Ўзи Ихлос сураси; 3-4 оятларда айтганидек: “لَمْ يَلِدْ وَلَمْ يُولَدْ (3) وَلَمْ يَكُنْ لَهُ كُفُوًا أَحَد”ٌ  (У туғмаган ва туғилмаган ҳам. Шунингдек, Унинг бирор тенги йўқдир). Аллоҳ таоло ўзини сифатлаган сифатлар ёки ўша сифатлари ҳақида берган хабарлар, зоҳиран тажсийд (яьни, махлуқлардаги қўл, оёқ каби жасад маьносини бериш) ва ташбийҳни (яьни, кўриш, эшитиш ва билиш каби нарсаларда Холиқни махлуқаларга ўхшатиш) ифодалаши мумкин.  Аммо,  биз ўша сифатларни, У ўзи учун қандай собит қилса, ҳудди ўша собит бўлганидек эьтиқод  қиламиз. Яьни, таьтилга ҳам, таьвилга ҳам юз тутмаймиз. Аллоҳни ўхшатиш, тенглаштириш, тўла қамраб олиш ва Унга аниқ бир шакл беришдан поклаймиз. Зеро, Аллоҳ таоло  ҳам ўзини бундай нарсалардан поклагандир. Аллоҳ таоло ўз каломи Қурьони каримда, Тоҳа сураси; 5-оятда الرَّحْمَنُ عَلَى الْعَرْشِ اسْتَوَى (У-Роҳман аршни эгаллади).
 Роҳман сураси; 27-оятда وَيَبْقَى وَجْهُ رَبِّكَ ذُو الْجَلَالِ وَالْإِكْرَامِ  (Улуғлик ва икром эгаси Роббингнинг ўзигина боқийдир),
 Қамар сураси; 14-оятда تَجْرِي بِأَعْيُنِنَا (...Бизнинг иноятимиз ила юрадир.),
 Фажр сураси; 22-оятда وَجَاءَ رَبُّكَ وَالْمَلَكُ صَفًّا صَفًّا (Ва Роббинг ва фаришталар саф-саф бўлиб келсалар),
 Сод сураси; 75-оятда  لِمَا خَلَقْتُ بِيَدَيَّ  (...Ўз қўлим билан яратган нарсага) ва
Қоф сураси; 16-оятда  وَنَحْنُ أَقْرَبُ إِلَيْهِ مِنْ حَبْلِ الْوَرِيدِ (Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз) дея марҳамат қилган.
5. Борлиқдаги барча нарсалар мавжудияти танҳо Аллоҳнинг яратиши билан бор бўлганлигига қатьий ишониш. Яхшилик, ёмонлик, инсонлар феьллари ва шу каби коинотдаги барча нарсалар Унинг хоҳиш-иродаси ва яратиши ила пайдо бўлган. Коинотдаги, Аллоҳдан ўзга, барча нарсанинг янги пайдо бўлиши заруратдир.  Зеро, улар махлуқдирлар. Махлуқларнинг эса, ибтидоси бўлади. Мана шу ҳақийқат Илоҳий Баённинг кўплаб оятларида зикр қилинади.
 Анкабут сураси; 20-оятида قُلْ سِيرُوا فِي الْأَرْضِ فَانْظُرُوا كَيْفَ بَدَأَ الْخَلْقَ ثُمَّ اللَّهُ يُنْشِئُ النَّشْأَةَ الْآَخِرَةَ إِنَّ اللَّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ (Сен: “Ер юзида сайр этиб юринглар ва махлуқотларни У зот аввал бошдан қандай яратганига назар солинглар. Сўнгра Аллоҳ охират ҳаётини пайдо қилур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир”, деб айт),
 Юнус сураси; 4-оятида إِنَّهُ يَبْدَأُ الْخَلْقَ ثُمَّ يُعِيدُهُ (Албатта, У аввал бошда (барчани) Ўзи яратадир)  
ва Намл сураси; 64-оятидаги أَمْ مَنْ يَبْدَأُ الْخَلْقَ ثُمَّ يُعِيدُهُ (Ёки аввал бошдан яратадиган, сўнгра яна қайтадиган яратадиган ва сизларни осмонлару ердан ризқлантирадиган Зот яхшими?)лар бунга мисол бўлади.
6. Ҳар бир нарсанинг Аллоҳнинг қазо ва қадари билан бўлишига қатьий ишониш. Аллоҳ мўмин ва кофирларга касб ва ихтиёр қилиш ҳуқуқини бирдек бергандир. Мўминнинг ҳидоятга эришиши Аллоҳнинг тавфийқи ва лутфи биландир. Ҳақийқатга қарши чиқувчининг гумроҳлиги эса, Аллоҳнинг уни адаштириши ва қалбини муҳрлаб қўйиши сабабидандир. Шу билан бирга  асло унутмаслик керакки, Аллоҳнинг ҳар бир иши ҳақ ва адолатдан иборатдир.
7. Ақллари ва қалбларида иймон ва Ислом асослари мукаммал бўлган аҳли қибладан ҳеч қайси бирини, у содир этган на гуноҳи сағира ва на гуноҳи кабийра сабабли кофирга чиқазмасликка қатьий ишониш.  Аммо бундай ҳолатда, унинг гуноҳни қандай эьтиқод асосида қилганлигига  эьтибор берилади. Агар, у содир этган бу гуноҳ, ҳаром эканлигини билиш, ҳар бир мусулмонга зарурий бўлган ўғрилик, зино ва шунга ўхшашлар жумласидан бўлса, ва у буни ҳалол санаган ҳолда содир этса, у кофирга айланади. Унинг кофирга айланиш сабаби сулукий бузуқлиги сабабидан эмас, балки эьтиқодий бузуқлигидандир. Бордию, у  бу гуноҳни ҳаром эканлигига шубҳасиз эьтиқод қилган ҳолда содир этган бўлса, у бу қилмиши сабабли осий ва фосиқ саналади. имом Аҳмад р.а наздларида, намозни била туриб тарк қилган кишини, гарчи у буни инкор этмасада, кофир саналаши жумҳурдан мустаснодир. Бу тарзда гуноҳ қилган кимса, ўша гуноҳи сабабли қиёмат кунида  Аллоҳнинг ваьийди ва огоҳлантирувига биноан иқобга дучор бўлади. Аммо шу билан бирга, у ҳақида Аллоҳнинг авфи ва мағфиратидан умид қилинади.  Зеро, Аллоҳ таоло ўзининг фазлу карами ва мағфиратининг кенг эканлиги ҳақида Қурьон каримнинг
 Нисо сураси; 48-оятида إِنَّ اللَّهَ لَا يَغْفِرُ أَنْ يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَنْ يَشَاءُ وَمَنْ يُشْرِكْ بِاللَّهِ فَقَدِ افْتَرَى إِثْمًا عَظِيمًا (Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечирадир. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибдир)
ва  Тавба сураси; 106-оятида وَآَخَرُونَ مُرْجَوْنَ لِأَمْرِ اللَّهِ إِمَّا يُعَذِّبُهُمْ وَإِمَّا يَتُوبُ عَلَيْهِمْ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ  (Ва Аллоҳнинг амрига ҳавола қилинган бошқалар бор. Уларни ёки азоблайдир ёки тавбаларини қабул қиладир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли Зотдир), дея марҳамат қилади.
8. Тўлин ойли кечада, ой кўзларга нақадар аниқ-тиниқ кўринса, Аллоҳ таоло ҳам қиёмат кунида кўзларга ўзига хос тарзда аниқ-тиниқ кўринишига қатьий ишониш. Бундай ажойиб мукофот охирлари гўзал оқибат билан тугаган мўминлар учундир. Аллоҳ таолонинг
Қиёмат  сураси; 21-22- оятларида وُجُوهٌ يَوْمَئِذٍ نَاضِرَةٌ (22) إِلَى رَبِّهَا نَاظِرَةٌ (У кунда чиройли юзлар бор. Ўз Роббисига назар солувчилар) сўзидан ирода қилинган кишилар ўшалардир. Аммо, Аллоҳ асрасин, ҳаётлари куфр билан интиҳосига етган кофир кимсаларга келсак, улар Аллоҳни кўришдан маҳжубдирлар, яьни, тўсилгандирлар.
Аллоҳ таоло бу ҳақида Мутоффифийн сураси; 14-оятида كَلَّا إِنَّهُمْ عَنْ رَبِّهِمْ يَوْمَئِذٍ لَمَحْجُوبُونَ (Йўқ!!! Албатта, улар ўша кунда ўз Роббиларини кўришдан тўсилурлар) дейди.
Биз, Аллоҳ таоло мўмин бандаларига ваьда қилган ушбу руьятнинг ҳеч қандай кайфият ва ҳеч қандай муайян жиҳатни қамраб олмаслигига қатьий ишонамиз. Зеро, Аллоҳ таоло ушбу бандаларига ўз жамолини, кайфиятсиз ва жиҳатлар қамровисиз ҳам,  кўрсатишга қодирдир. Бас, мўминлар Аллоҳ таолони жиҳатлар қамровисиз ва кайфиятсиз кўрурлар.
9. Қабрдаги икки фаришта савол-жавоби ва шунингдек унда бўладиган азоб ва неьматларга қатьий ишониш.  Бу ҳақида маьнавий мутавотир даражасига етадиган қадар кўплаб саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган.  Ўлгандан сўнг қайтатдан тирилиш, жасадларнинг руҳлар билан бирга тирилишига қатьий ишониш. Ҳисоб-китоб, меьзон, сирот, шунингдек аҳли саодатнинг жаннатни, бахтсизларнинг эса дўзахни макон тутишларига қатьий ишониш.  Мўмин гуноҳкорлар, Аллоҳ таоло хоҳлагани қадар жаҳаннамда азобланганларидан сўнг,  дўзахдан чиқазилишларига ишониш. Қиёмат кунида Муҳаммад с.а.в кўплаб осий ва гуноҳкорларни шафоат қилишларига ишониш. Шафоат-бу шундай улуғ неьматки, Аллоҳ таоло бу билан ўз расулини икром қилган, бу билан Набий с.а.в.ни ўзга набий ва расуллардан а.с устун қилгандир. Шунингдек, ҳеч ким, Аллоҳнинг изнисиз, бошқа кимса ҳақида шафоат қилиш ҳаққига эга эмас, эканлигига ишониш.
10. Аллоҳ таоло ўз расули с.а.в суҳбатига сайлаган салафларни р.а севиш зарур эканига ишониш. Шунингдек, Расулуллоҳ с.а.в кейинги асрлардагиларга нисбатан афзал эканликларига гувоҳлик берган бошқа салафларни ҳам севиш. Расулуллоҳ с.а.в дан сўнг энг фазилатли раҳбар Абу Бакр Сиддиқ р.а эканлиги, сўнгра Умар ибн Хаттоб р.а, кейингиси Усмон ибн Аффон р.а ва тўртинчиси Алий ибн Абу Толиб р.а эканликларига қатьий эьтиқод қилиш.  Мана шу тўрт раҳбарлар р.а, мана шу тартибда бир-бирларига саҳиҳ байьат қилганлар. Саҳобалар р.а ҳам умумий шаклда бунга байьат қилганлар. Маьлумки, саййидимиз Алий р.а ўзларидан аввалги уч раҳбарга байьат қилганлар. Алий р.а нинг берган байьатлари; ижмоьга асосланган бўлганлиги жиҳатидан, Аллоҳ таолонинг қазоси ҳисобланмиш, мана шу тартибдаги имоматнинг барчасининг ҳақ эканлигининг исботи учун улкан ҳужжат саналади. Алий р.а нинг  берган ушбу байьатлари, Расулуллоҳ с.а.в оли байтининг хато ва гуноҳлардан маьсум, деб эьтиқод қилувчи кишилар учун янада кучлироқ ҳужжатдир. Зеро, Алий р.а ўзларидан аввалги уч раҳбарга байьат берганлар. Алий р.а нинг байьатлари эса, ўз навбатида оли байтни маьсум сановчи кишилар учун шарьий насс ҳукмидадир.  Алий р.а нинг маьсумликлари ва у кишининг аввалги раҳбарларга берган байьатларини дуруст санамаслик ўртасида жиддий зиддият мавжуд. Агар, Алий р.а маьсум саналсалар, у ҳолда у зотнинг берган байьатларини ҳам саҳиҳ санамоқлик лозим. Акси ҳолатни эса, ақл қабул қилолмайди.  Шу билан бирга биз Расулуллоҳ с.а.в нинг барча асҳобларини севамиз. Улар ораларида бўлиб ўтган тортишувларда улардан биронтасини айблаш ёки танқид қилишдан тилимизни тиямиз.  Тўрт раҳбар имомларнинг рошид, тўғри йўлдаги, фазилатли халифалар эканлигига, фазилат бобида уларга бошқалар тенглаша олмаслигига эьтиқод қиламиз.
11. Мусулмонлар сўзини рушд ва ҳидоят асослари устида бирлаштириш диннинг мақсади ва талаби эканлигига қатьий ишониш. Мана шу мақсад ҳосил бўлиши учун мусулмонлар Аллоҳ шариатига эргашиш орқали бор кучларини сарфлаб саьй-ҳаракат қилмоқлари лозим. Айнан мана шу мақсадда, ҳар қандай яхши инсон ёки бошқанинг ортида жумьа, жамоат ва ҳайит намозлари жамоат ҳолида адо қилинаверади.    Салафнинг йўл тарзи шундай эди. Шунингдек, саҳиҳ ҳадисларда ворид бўлганидек, мусулмон раҳбарлари ҳаққига салоҳият сўраб дуолар қилинади. Агар улар тарафидан фисқ ва тўғри йўлни тарк қилиш аломатлари кўринса ҳам, уларга қарши чиқмаслик. Балки, мусулмонларни уларга шариат доирасида итоат қилишга насиҳат қиламиз, кучимиз етгани қадар хос ва умум сафларда амр-маьруф ҳамда наҳий-мункар қиламиз.
12. Қурьон хабар берган ёки Содиқ Масдуқ с.а.в тарафларидан ворид бўлган қиёмат шартлари, белгиларига ишониш ва иқрор бўлиш. Масалан; Дажжол чиқиши, Ийсо а.с тушишлари, Яьжуж ва Маьжуж, ер ҳайвони чиқиши кабилар. Қурьони каримда хабар берилганидек, Ийсо а.с ўлдирилмаганлар, ўлмаганлар, балки Аллоҳ таоло ул зот а.с ни Қиёмат яқинлашганлиги белгиси қилиб қўйганликларига қатьий ишониш. Ийсо а.с тез орада, Қиёмат яқинлашгач,  ерга тушиб, Қурьон ва Суннати Мутоҳҳара билан ҳукм қиладилар. Хочни синдирадилар, тўнғизни ўлдирадилар ва барча фирқаларни ҳақийқат узра жамлайдилар. Ундан сўнг, ҳеч ким ундан истисно қилинмайдиган,
Зумар сураси; 30-оятда баён қилинган إِنَّكَ مَيِّتٌ وَإِنَّهُمْ مَيِّتُونَ (Албатта, сен ҳам ўлгувчисан, улар ҳам ўлгувчидирлар) қарори Илоҳийга мувофиқ вафот этадилар.
13. Аллоҳнинг дийни борасида янгилик киритиш, бидьатчилик қилиш -бу Аллоҳга нисбатан уйдирма тўқиш ва  Унга қарши журьат қилиш эканлигига қатьий ишониш.  Яьни, мухтасар қилиб айтганда, бидьатчилик бу -динда бўлмаган нарсани динга киритишдир.  Пайдо қилинган бидьат хоҳ эьтиқодий, хоҳ ибодатга оид ҳукмларда бўлсин, бунинг фарқи йўқдир.  Динга, диндан бўлмаган бирор нарса қўшимча қилиш жоиз эмасдир. Диний хусусдаги ягона ўлчов бу иттибоьдир, яьни, эргашишдир. Аммо, турли маиший соҳа, илм ва ижтимоий ҳаракатларга боғлиқ янги пайдо бўлган васила ва воситалар масаласига келсак, уларнинг ҳукми улар келтирадиган фойдалар  ва зарарларга боғлиқдир.
14. Абу Ҳанифа Нуьмон ибн Собит, Молик ибн Анас, Муҳаммад ибн Идрис ал-Шофеьий ва Аҳмад ибн Ҳанбалларнинг р.а  Ислом шариати ҳукмларини тадвин қилганлари, унинг баёни ва ийзоҳи учун бор истеьдодларини сарфлаган тўрт имом эканликларига қатьий ишониш.  Уммат, мана шу тўрт имомнинг Ислом шариати илмлари ҳамда Унинг ҳукмларини таниш борасида қадри олий ва юксак эканлигига ижмоь қилганликларига қатьий ишониш.  Ваҳоланки, улар бу борада ўта дақийқ текширувдан ўтган мазҳаблар тадвин қилдилар. Шунингдек, уммат, ижтиҳод даражасига етмаган ҳар қандай кишининг мана шу мазҳаблардан хоҳлаган бирига эргашиши, тақлид қилиши жоиз эканлигига ижмоь қилди. Кишининг бир мазҳабни ушлаш ёки ушламаслик ҳуқуқи бордир. Борди-ю, киши Исломий Шарьий масдарларни бевосита таниса ҳамда унга шарьий ҳукмларни ёки улардан баьзиларини далил ва ҳужжатлари билан танишга кифоя қиладиган илмий малака берилган бўлса, у ҳолда унинг учун ижтиҳод қилиш, ҳукмларни далилларидан, бевосита манбалардан олишдан ўзга нарса жоиз эмас.
15. Маьрифатга бўлган интилиш, ақлни турли илмлар билан озуқалантириш машруь ва мабрур иш эканлигига ишониш.  Фақатгина бу ўринда айрим шартларга риоя қилиниши лозим. Маьрифат йўлига чиққан киши, аввало ҳақийқат меьзонини қўлда мустаҳкам тутиши ҳамда доимо ҳушёр ва уйғоқ бўлиши шарт. Токи, унинг нафсу ҳавоси ва шахсий манфаатлари унинг илмидан устунлик қилолмасин, унинг илми унинг нафси асирига айланиб қолмасин.  Аммо илмлар орасида сеҳр илми улардан мустаснодир.  Гарчи, одамлардан баьзилари, уни илм деб номласа ҳам,  сеҳрни таьлим олиш ва таьлим бериш ҳаром эканлигига ижмоь қилингандир. Зеро, Қурьони карим ва саҳиҳ Суннатда, унинг ҳаром эканлигига доир бир қанча очиқ-ойдин далиллар мавжуд. Бу сеҳрнинг ҳаром эканлиги ҳақидадир. аммо у билан шуғулланган одам кофир саналадими ёки йўқми, унга дунёвий қандай жазолар берилади?! Бу узун баҳс талаб қилувчи мавзудир. Биз бу мавзуга кирмоқчи эмасмиз.  Аммо юнонлар фалсафаси ва мантиқ илмига келсак, буларни ўрганиш ҳақида ихтилофлар мавжуд. Бу мавзу мазкур бобнинг учинчи қисмида батафсил ёритилади.
16. Ихтилоф қилиш жоиз бўлмаган мавзулар сўнгида, Аллоҳ таоло бандаларига амал қилишни лозим қилган Ҳақ дин иймон, ислом ва эҳсондан ташкил топишига ишониш мавзуси туради.  Иймон- асосий мағиз, илик ҳукмида бўлиб, у ақл ва қалбий ишончда жойлашган бўлади. Иймон Аллоҳга, малоикаларга, китобларга, пайғамбарларга, охират кунига ҳамда яхшилик ва ёмонлик Аллоҳнинг қадари билан эканлигига ишончда намоён бўлади. Исломнинг маркази ва тажаллийгоҳи инсоний борлиқнинг зоҳиридир. Кишининг исломияти унинг калимаи шаҳодат келтириши, намозни қоим қилиши, закот бериши, рамазон рўзасини тутиши ва қодир бўлса, ҳаж қилиши билан намоён бўлади.  Ислом, иймондан алоҳида ва мустақил ҳолда, ўз ортидан ўзига хос асарларни эргаштириб келади. Лекин унинг асарлари фақатгина бу дунёга махсусдир. Мусулмон кишига, бу дунёда ҳам мўмин, ҳам мусулмон киши каби муомала қилинаверади. У билан бошқа мўмин-мусулмонлар орасида айирмачилик қилинмайди. Аммо банданинг Аллоҳ ҳузуридаги ҳисоби ва оқибатда борадиган жойи эьтиборига кўра, ислом ва иймон бир-биридан ажралмас эгизлар кабидир. Қалбий иймони бўлмаган мусулмон Аллоҳ ҳузурида нажотга эришмайди. Шунингдек, саркашлик ва мутакаббирлик нуқтаи назаридан Ислом арконларига бўйсунмаган, калимаи шаҳодат келтирмаган кимса ҳам даргоҳи Илоҳийда нажот топмайди.
Бу сўзларнинг асоси Расулуллоҳ с.а.в нинг саҳиҳ суннатларидир. Саҳиҳ суннатларда ривоят қилинишича, Расулуллоҳ с.а.в одамларга ҳукм чиқариш чоғида, асҳобларини зоҳирга қараб ҳукм беришга, кишиларнинг ботинларини эса Аллоҳга ҳавола қилишга амр қилар эдилар.  Хулафои рошидийнлар р.а ҳам ўз ҳукмлари ва ечимлари орқали мана шу услубга ижмоь қилганлар. Умар р.а бирон жамоат орасида ҳукм беришларига тўғри келиб қолса ва ўша жойда ким ҳақлиги ҳақида шубҳаланиб қолсалар, уларга: “ҳозир биз сизларга, биз билган зоҳирингизга қараб ҳукм қиламиз. Ботинларингизни эса Аллоҳга ҳавола қиламиз.” дер эдилар. Модомики, ислом кишининг зоҳирий ҳолатини ифодалар, иймон эса ўзгаларга маьлум бўлмаган махфий нарса экан, у ҳолда кишига, бу дунёда, унинг зоҳирига қараб ҳукм қилинаверади.
Эҳсон – бу, Расулуллоҳ с.а.в айтганларидек: “(Сен) Аллоҳга, гўё Уни кўриб тургандек ибодат қилмоғингдир. Бас, агар (сен) Уни кўролмаётсанг (ҳам), У сени кўриб турибди” деганидир .
Шубҳасиз, ушбу ҳолат инсонни инсон борлиғидаги иймон ва исломдан иборат бўлган аслий даражадан янада юқорироқ даражага кўтаради. Ушбу даражада, инсоннинг Аллоҳга бўлган ақлий ишончи унинг виждоний ҳиссиётларини тўла назорат қила бошлайди.   Ва натийжада, мазкур ишонч унинг бутун борлиғига бирдек таьсирини ўтказа бошлайди. Эндиликда унинг ўз атрофидаги мавжудотлар билан қиладиган муомалалари ўзгаради. У атрофида кўринган барча нарсани Аллоҳни эслатувчи эслатма ҳукмида қабул қила бошлайди. Илгари, дунё ва ундаги нарсалар, уни Аллоҳдан чалғитувчи  сифатида кўрилаётган бўлса, энди эса, аксинча, бутун борлиқ ягона Аллоҳни эслатувчи воситага айланади. Кишининг кўзи турфа махлуқларга тушган чоғда, Аллоҳнинг сифатлари, борлиги ва бирлиги далиллари тажаллийсини кўради. Бу даражадаги киши, Робби учун намозга қоим бўлган чоғда, дунё ташвишлари ва атрофдаги борлиқнинг гўзалликлари уни Аллоҳдан тўсиб қололмайди, унга пардалик қилолмайди. Бу даражадаги киши нимани кўрса, нимани эшитса ва нимани ўйласа, бас унда Аллоҳ рубубийяти ва ваҳдониятининг сифатларини, қудрати буюклиги ва етук  ҳикмати намойишини томоша қилади. Ва сўнгида, у Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилиш савиясига етади.
Эҳсон даражасига етишнинг йўли нафсни поклаш, Аллоҳ азза ва жаллани кўп зикр қилиш, Унинг муроқабасида бўлиш, нафсни ҳаводан озод қилиш учун тинимсиз уруниш ва ҳаётий дунёга оид нарсалардан юқори туриш билан бўлади. Бу йўллар, бидьат кўчасига кирилмаса, Қурьон ва Суннат йўлидан ташқарига чиқилмаса,  машруьдир ва матлубдир.
Муҳим бўлган нарса шулки, бу умматнинг салафи, хайрлиси бўлган зотлар бизга таьлим берган нарсани билишдир. Бу таьлимотга кўра, иймонни қўриқлаш, уни муҳофаза қилишнинг чораси кишининг “эҳсон қальаси”га киришидир. Инсон бу даражага етишмоқ масаласида лоқайдликка йўл қўймаслиги лозим. Акси ҳолда, у ўзининг ақлий иймони шаҳватлар ва ҳавоий нафсларга қул бўлиб қолишидан, дунё ва унинг матоларига алданиб қолишидан омонда бўлолмайди.
Аслида, нафс хоҳишлари ва субутсизликлари кишининг иймонини қамал қилиб олган энг ашаддий душман ва тузоқдир. Бу душман ва тузоқдан қутулиш чорасини Аллоҳ таоло Қурьони каримда жуда кўп маротаба зикр қилган ва такрорлагандир. Чора эса, нафс тазкияси, яьни уни Ундан ўзгалардан поклашдир. Тазкиянинг йўли нафс мужоҳадаси, ва бу йўлда Аллоҳни кўп зикр қилиш орқали Ундан мадад сўраш ҳамда доимий муроқаба билан бўлади.

Муттафақ бўлган ҳукмлар ва асосларнинг энг муҳимлари мана шулардир. Аллоҳ дийни бўлмиш Исломни аслий манбалардан, собит насслар орқали ўрганмоқчи, далолат ва фаҳмлаш борасида ҳужжат қилмоқчи бўлган кишилар учун бу масалаларда ихтилофга ўрин йўқдир.
Агар мавзудан четга чиқиш ҳисобланмаганида эди, юқоридаги ҳукмларнинг муттафақ манҳаж асосидаги қатьий далилларини келтириб ўтган бўлар эдик. Аммо бундай тафсилотлар мавзудан ташқаридир.
Яна, бу ўринда, бир нарсани таькидлаб ўтмоқчимиз, яьни, биз санаб ўтган, жамловчи манҳаж соясида муттафақ бўлган асос ва ҳукмларнинг айримларини қабул қилмаган кишиларнинг барчасига ҳам куфр нисбати берилавермайди.  Айримларнинг мазкур муттафақ доирадан ташқарига чиққанликлари бор ҳақийқатдир. Аммо бу дегани, ушбу манҳаж нотўғри, деган маьнони ифодаламайди.
Муттафақ асос ва ҳукмлар орасида баьзилари борки, унинг инкори куфрни тақозо қилади. Айримлари эса, куфрни тақозо қилмайди. Ижмоь қилинган ҳар қандай ҳукмларни инкор қилиш эмас, балки улар орасидан, уни билиш дийний зарурат ҳисобланадиганларини инкор қилиш кишини кофирга айлантиради. Юқоридаги мазкурлар ичида баьзилари, гарчи ижмоь қилинган бўлса ҳам, уни билиш дийний зарурат бўлмаганлардан саналади.
Бунга мисол сифатида икки шайх имоматини инкор қилишни келтириб ўтиш мумкин. Кўплаб шийьаларнинг мазҳаби шундай бўлиб, бу ижмоьга  қарши чиқиш ҳамда ҳакам саналувчи манҳаж тақозосига зид бориш ҳисобаланади. Аммо бу тарзда эьтиқод қилиш куфр саналмайди. “Инсон ўз феьлини ўзи яратади”, сўзи ҳам бунга мисол бўлади. Бу сўз мўьтазилаларга мансубдир. Бу сўз муттафақ манҳаж қоидаларига зид бўлсада, аммо бу сўз эгалари бўлмиш мўьтазилаларни, куфрга мансуб, деб бўлмайди. Чунки мўьтазилалар ушбу сўзларининг ёнида, қувват ва қадарнинг яратувчиси Аллоҳдир, деган сўзни ҳам айтадилар ва буни эьтироф этадилар. “Икки манзил орасидаги манзил” сўзи ҳам шулар жумласидандир. Бу сўз мўьтазилаларнинг беш асосларидан биридир. Аммо бу сўз ҳам айтувчисини куфрга чиқазмайди. Зеро, бу сўз ботил сўз бўлсада, лекин билиш дийний зарурат бўлган нарсалардан ҳисобланмайди. Эҳсон маьносини англамаган, унга аҳамият бермаган кимса ҳам кофир ҳисобланмайди, динни инкор қилган саналмайди. Гарчи, эҳсон манҳаж тақозоси ва лозимотларидан ҳисоблансада, аммо у ҳар бир мусулмон билиши қулай бўлган, ишониши осон бўлган исбот талаб қилмайдиган заруратлардан эмас.
Мана шу асосларни инкор қилиш ёки уни билмаслик кишини куфрга олиб бормайди. Аммо бу сўзлар ўз мункирларининг фосиқ, бидьатчи ва ҳақ йўлдан оғиб кетганликларига, уларнинг залолатда эканликларига далил бўла олади.
Юқорида мисол келтирилган сўзлар эгаларини адашганлар, дея атамоқдамиз, аммо уларни кофир санамаймиз. Улар ҳақида бундай дейишимизга сабаб, уларнинг ушбу сўзлари барча мусулмонлар учун ҳакам саналган муттафақ манҳаж бандларига мувофиқ келмаётганлигидандир. Агар киши манҳажга иттифоқ қилса, демак у ўз-ўзидан ўша манҳаждан чиққан бандларга ҳам иттифоқ қилган бўлади. Киши манҳаж хусусида ихтилоф қилиши номаьқул бўлса, демак ўша манҳаж тақозоси бўлган бандалар хусусида ҳам ихтилоф қилишга унинг ҳаққи йўқ демакдир. Бу ихтилоф куфрга олиб бориши ёки олиб бормаслиги эса,  ўта аҳамиятли нарса эмас.

 
« Олдинги   Кейинги »