Қазойи ҳожат вақтида қиблага юзланмаслик ва орқа қилмаслик x Принтер учун
18.04.2014 й.
Қазойи ҳожат вақтида қиблага юзланиш ва орқа қилишнинг шаръий ҳукми борасида ҳам ислом уламоларининг ўзига яраша фиқҳий қарашлари бор. Табиийки, ҳар бир уламонинг фиқҳий қараши ҳужжат ва далилга асосланади. Ҳанафий уламолари ҳам қазойи ҳожат вақтида қиблага юзланиш ва орқа қилишга оид ўзларининг фатволарини бериб келганлар. Улар қазойи ҳожат вақтида қиблага юзланиш ва орқа қилишни макруҳи таҳримий деб баҳолаганлар. Бу нарса фиқҳий матн китоблари ва фатво тўпламларида ўз аксини топган. Уларнинг фатволарига ҳужжат бўлган далилларни ўрганар эканмиз, ҳанафийларнинг ҳадиси шарифларга амал қилишлари, ҳадиси шарифларни тўғри ва теранроқ тушунишлари, ҳадисларнинг маъноларини аниқ ва ишончли кўрсатиб беришлари борасида бошқа барча мазҳаб уламоларидан кўра афзалроқ ва қониқарлироқ эканлиги маълум бўлади. Буни биз қуйидаги мақолада бирма-бир кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз. Аввал бу мавзудаги Имом Термизий (р.ҳ.) ривоят қилган ҳадислар матни билан танишамиз: 
 
Ғоит ва бавл сабабли қиблага юзланишдан қайтариш ҳақидаги боб

باب في النهي عن استقبال القبلة بغائط أو بول
[ 8 ] حدثنا سعيد بن عبد الرحمن المخزومي حدثنا سفيان بن عيينة عن الزهري عن عطاء بن يزيد الليثي عن أبي أيوب الأنصاري قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:
"إذا أتيتم الغائط فلا تستقبلوا القبلة بغائط ولا بول ولا تستدبروها ولكن شرقوا أو غربوا".
فقال أبو أيوب: "فقدمنا الشام فوجدنا مراحيض قد بنيت مستقبل القبلة فننحرف عنها ونستغفر الله".
قال أبو عيسى وفي الباب عن عبد الله بن الحارث بن جزء الزبيدي ومعقل بن أبي الهيثم ويقال معقل بن أبي معقل وأبي أمامة وأبي هريرة وسهل بن حنيف
قال أبو عيسى حديث أبي أيوب أحسن شيء في هذا الباب وأصح وأبو أيوب اسمه خالد بن زيد والزهري أسمه محمد بن مسلم بن عبيد الله بن شهاب الزهري وكنيته أبو بكر
قال أبو الوليد المكي قال أبو عبد الله محمد بن إدريس الشافعي إنما معنى قول النبي صلى الله عليه وسلم: "لا تستقبلوا القبلة بغائط ولا ببول ولا تستدبروها" إنما هذا في الفيافي وأما في الكنف المبنية له رخصة في أن يستقبلها وهكذا قال إسحاق بن إبراهيم وقال أحمد بن حنبل رحمه الله إنما الرخصة من النبي صلى الله عليه وسلم في استدبار القبلة بغائط أو بول واما استقبال القبلة فلا يستقبلها كأنه لم ير في الصحراء ولا في الكنف أن يستقبل القبلة
(8) Бизга Саид б. Абдурраҳмон ал-Махзумий ҳадис айтди. У бизга Суфён б. Уйайна аз-Зуҳрий ҳадис айтди, деган. У Ато б. Язид ал-Лайсийдан, у эса Абу Айюб ал-Ансорий (р.а.)дан (ҳадис айтган). У Расулуллоҳ (с.а.в) бундай дедилар, деган:
"Қачон ғоитга келсангиз, ғоит сабабли ҳам, бавл сабабли ҳам қиблага юзланманглар, унга орқа ҳам қилманглар! Лекин, шарққа ёки ғарбга юзланинглар!".
Абу Айюб (р.а.) айтади: "Шомга ташрифи қудум қилганимизда, ҳожатхоналарни қиблага юзлантириб қурилганини топгандик. Ундан юз бурганмиз ва Аллоҳга истиғфор айтганмиз".
Абу Исо айтади: бу бобда Абдуллоҳ б. ал-Ҳорис б. Жазъ аз-Забидий (р.а.) ва Маъқал б. Абу Маъқал деб аталадиган Маъқал б. Абу ал-Ҳайсам (р.а.), Абу Умома (р.а.), Абу Ҳурайра (р.а.) ва Саҳл б. Ҳунайф (р.а.)дан (етиб келган ривоятлар) мавжуд.
Абу Исо: "Абу Айюбнинг ҳадиси бу бобдаги энг ҳасан ва энг саҳиҳидир!", деган. Абу Айюбнинг исми Холид б. Зайд, аз-Зуҳрийнинг исми эса Муҳаммад б. Муслим б. Убайдуллоҳ б. Шиҳоб аз-Зуҳрий бўлиб, кунияси Абу Бакрдир.
Абу ал-Валид ал-Маккий айтишича, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад б. Идрис аш-Шофиъий бундай деган: "Пайғамбар (с.а.в.)нинг "Ғоит ва бавл сабабли қиблага юзланманглар ва унга орқа ҳам қилманглар!" деган гапларининг маъноси шуки, бу биёбон-чўллардадир. Бироқ, бино қилинган тўсиқли ҳожатхоналарда қиблага юзланишга рухсат бор. Исҳоқ б. Иброҳим ҳам худди шундай деган.
Аҳмад б. Ҳанбал эса Пайғамбар (с.а.в.)дан ғоит ва бавл сабабли қиблага орқа ўгиришга рухсат бор, деган. Қиблага юзланишга келсак, у саҳрода бўлгани каби тўсиқли ҳожатхоналарда ҳам қиблага юзланишни жоиз кўрмаган.  
    
Бу борада рухсат келтирилган ҳадислар боби

باب ما جاء من الرخصة في ذلك
[ 9 ] حدثنا محمد بن بشار ومحمد بن المثنى قالا حدثنا وهب بن جرير حدثنا أبي عن محمد بن إسحاق عن أبان بن صالح عن مجاهد عن جابر بن عبد الله قال نهى النبي صلى الله عليه وسلم أن نستقبل القبلة ببول فرأيته قبل أن يقبض بعام يستقبلها
وفي الباب عن أبي قتادة وعائشة وعمار بن ياسر
قال أبو عيسى حديث جابر في هذا الباب حديث حسن غريب
[ 10 ] وقد روى هذا الحديث بن لهيعة عن أبي الزبير عن جابر عن أبي قتادة انه رأى النبي صلى الله عليه وسلم يبول مستقبل القبلة حدثنا بذلك قتيبة حدثنا بن لهيعة
وحديث جابر عن النبي صلى الله عليه وسلم أصح من حديث بن لهيعة وابن لهيعة ضعيف عند أهل الحديث ضعفه يحيى بن سعيد القطان وغيره من قبل حفظه
[ 11 ] حدثنا هناد حدثنا عبدة بن سليمان عن عبيد الله بن عمر عن محمد بن يحيى بن حبان عن عمه واسع بن حبان عن بن عمر قال رقيت يوما على بيت حفصة فرأيت النبي صلى الله عليه وسلم على حاجته مستقبل الشام مستدبر الكعبة
قال أبو عيسى هذا حديث حسن صحيح
(9) Бизга Муҳаммад б. Башшор ва Муҳаммад б. ал-Мусанно ҳадис айтдилар. Улар бизга Ваҳб б. Жарир ҳадис айтди, деганлар. У бизга отам ҳадис айтди, деган. У Муҳаммад б. Исҳоқдан, у эса Абон б. Солиҳдан, у эса Мужоҳиддан, у эса Жобир б. Абдуллоҳ (р.а.)дан (ҳадис айтган). У: "Пайғамбар (с.а.в.)нинг бавл сабабли қиблага юзланишдан қайтарганлар. Бироқ, ул зот вафот қилишларидан бир йил олдин қиблага юзланганларини кўриб қолганман", деган.
Бу бобда Абу Қатода (р.а.), Оиша (р.а.), Аммор б. Ёсир (р.а.)дан (ривоят қилинган ҳадислар) мавжуд.
Абу Исо: "Бу бобдаги Жобирнинг ҳадиси ҳасан-ғариб ҳадисдир!", деган.
(10) Ушбу ҳадисни Ибн Лаҳиъа Абу аз-Зубайрдан, у эса Жобирдан, у  эса Абу Қатодадан ривоят қилишича, у Пайғамбар (с.а.в.) қиблага юзланиб бавл қилганларини кўрган. Буни бизга Қутайба ҳадис қилиб айтган, у бизга Ибн Лаҳиъа ҳадис айтди, деганди.
Жобир (р.а.)нинг Пайғамбар (с.а.в.)дан қилган ҳадиси Ибн Лаҳиъанинг ҳадисидан кўра саҳиҳроқдир. Ибн Лаҳиъа аҳли ҳадис фикрича заиф ровийдир. Уни Яҳё б. Саид ал-Қаттон ва бошқалар қувваи ҳофизаси жиҳатидан заиф деганлар.
(11) Бизга Ҳаннод ҳадис айтди. У бизга Абада б. Сулаймон ҳадис айтди, деган. У Убайдуллоҳ б. Умардан, у эса Муҳаммад б. Яҳё б. Ҳиббондан, у эса ўз амакиси Восеъ б. Ҳиббондан, у эса Ибн Умар (р.а.)дан (ҳадис айтган). У: "Бир куни Ҳафсанинг уйи тепасида қараб турувдим, Пайғамбар (с.а.в.)ни Шомга юз буриб, Каъбага орқа қаратиб ҳожатга чиқаётганларини кўриб қолдим", деган.
Абу Исо: "Бу ҳасан-саҳиҳ ҳадисдир!", деган.

Мазкур бобларда сарлавҳага чиқарилган ва ҳадислар матни ва тадқиқида тилга олинган "ғоит" ва "бавл" сўзлари инсон ҳожатхонада чиқарадиган катта ва кичик қазойи ҳожатларига нисбатан ишлатилган.
Мазкур бобдаги ҳадиси шарифларда биз ровийлардан Саид ибн Абдурраҳмон ибн Ҳассон ал-Махзумий (р.ҳ.) деган зотнинг борлигини кўрамиз. У учинчи асрнинг таниқли муҳаддисларидан биридир. Имом Термизий (р.ҳ.) ва Имом Насоий (р.ҳ.)нинг устозларидан ҳисобланади. Муҳаддислар ичида ровийларнинг ишончли ёки ишончсизлиги борасида энг танқидчиси Имом Насоий (р.ҳ.) ҳам унга сиқа – ишончли деб таъриф берган.
Иккинчи ровий Суфён ибн Уйайна (р.ҳ.)дир. У таниқли ва машҳур муҳаддислардан бўлиб, унинг ривоятлари жуда эътиборли саналади. Жумладан, Амр ибн Динор (р.ҳ.) тариқидан келтирилган ривоятини энг саҳиҳ ривоят сифатида эътироф қилинган. Суфён ибн Уйайна (р.ҳ.)нинг умрларининг охирларида зеҳнларида ўзгариш бўлганлиги, охирги умрларида қилган ривоятлари борасида ҳар-хил гап-сўзлар ҳам борлиги маълум. Яна бу зот тадлис ҳам қилганлар. Яъни, устоз ровийларининг номини яшириб, “ъан” (“...дан”) деб ривоят қилганлар. Лекин, ровий фақат ишончли бўлсагина шундай йўл тутган. Шунинг учун унинг бу хилдаги ривоятлари ҳам ишончли ривоят сифатида ҳужжат қилинаверади.
Ҳадис иснодида аз-Зуҳрий келтирилган. Унинг номини Имом Термизий (р.ҳ.)нинг ўзи алоҳида зикр қилган: Муҳаммад ибн Муслим ибн Убайдуллоҳ ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий раҳимаҳуллоҳ. У ҳадиси шарифни илк бор тадвин қилган, жамлаб, китоб ҳолида мавзуларга ажратган зотдир. Баъзи бировлар унга таъна қилганлар, лекин уларнинг таъналарининг эътибори йўқ. Бу зот ишончли ҳадис олимларидан ҳисобланади.
Биз ўрганаётган ҳадиси шариф иснодида Ато ибн Язид ал-Лайсий (р.ҳ.) деган ровийнинг номи ҳам бор. У Мадинаи мунавварада яшаган тобеъинлардан бўлиб, Ибн Ҳажар Асқалоний (р.ҳ.)уни учинчи табақага қўшган. У барча ҳадисшунослар иттифоқига кўра сиқа – ишончли ровийдир.
Бу ерда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қавлий ҳадиси шарифлари келтирилган бўлиб, унда “Қачон ғоитга келсангиз, ғоит ва бавл билан қиблага юзланманг ва унга орқа бурманг!” дейилган. “Ғоит”нинг луғавий маъноси “қиялик, қия жой, нишаблик”дир. Инсонни озроқ тўсадиган жой маъносида қўлланилган. Араблар одатда қазойи ҳожат учун мана шундай қияликларга, адирларга чиқишган. Шунингдек, ушбу сўзни халожойга, ҳожатхонага нисбатан ҳам ишлатилиб келган. Баъзи ўринларда эса “нажосат”га нисбатан ҳам ишлатилган. Ушбу ҳадиси шарифда “ғоит” икки маънода ҳам қўлланилган дейиш мумкин.
Таниқли саҳоба Абу Айюб ал-Ансорий разийаллоҳу анҳу шу ўринда: “Шомга борганимизда мароҳизларни топдик” деган. “Мароҳиз” лафзи “мирҳоз”нинг кўплиги бўлиб, ҳожатхона маъносида келади. Унинг асли ўзаги “раҳаза-йарҳазу” феълидан олинган бўлиб, “ювишлик” маъносидадир. Шунинг учун ушбу лафзни ювинадиган жой – ғуслхонага нисбатан ҳам ишлатилади. Абу Айюб ал-Ансорий (р.а.): “Шомга борганимизда қиблага юзлантириб қурилган мароҳизларни топдик ва биз ундан юзларимизни бурдик ва Аллоҳга истиғфор айтдик”, деган. Шу ерда “ъанҳа” (“ундан”)даги замирнинг қаерга бориши, нима назарда тутилиши борасида озроқ баҳс қилинган. Яъни, қибладан юз буриш ҳақида гап кетмоқдами ёки бошқа нарсадан юз буриш ҳақидами? Энг биринчи ва асосли фикр шуки, “ъанҳа” (“ундан”)даги замир қиблага боради. Қиблага юзланиб ўтирмас эдик, ҳожатхонада ўтирганда қибладан сал бурилиб ўтирар эдик, деган маъно чиқади. Иккинчи фикр шуки, замир “мароҳиз”га боради. Яъни, бундан қиблага юзлантириб қурилган ҳожатхоналардан юз ўгириб, у ерга кирмас эдик, деган маъно келиб чиқади.
Энди, истиғфор айтишнинг сабаби нима? Қиблага юзлантириб қурилган ҳожатхоналарга кириб қолганда, қибладан сал бурилиб ўтиришга мажбур бўлинади. Қибладан мукаммал ва тўлиқ бурилмайди, мана шунинг учун истиғфор айтилади. Қиблага юзлантириб қурилган ҳожатхоналардан юз ўгириб кетилганда эса, истиғор айтиб, бундай жойга киришдан худо асрасин, уни қурганларни худо кечирсин, деб кетиш назарда тутилади. Шунинг учун охирга таъвилда маъно унчалик қовушмайди. “Базл ал-мажҳуд”да: “Саҳобалар даврида Шомдаги ҳожатхоналарни асосан кофирлар қурган эди. Улар ҳаққига истиғфор айтиш исломда йўқ. Бинобарин, ҳожатхоналардан юз ўгириш маъноси унчалик тўғри келмайди” дейилган. “Туҳфат ал-аҳвазий”да эса ушбу ҳожатхоналарни тўсиқ бор жойларда қиблага юзланиш макруҳ эмас, дейдиган мусулмонлар қурган бўлиши мумкин, дейилади. Ўшалар учун Абу Айюб Ансорий (р.а.) истиғфор айтиб кетар эдик, деган бўлиши ҳам мумкин. Аллома Саҳоранпурий (р.ҳ.) яна: “Саҳобалар Шомга илк келган вақтларида қиблага қараб қурилган ҳожатхоналарга эътиборсизлик оқибатида кириб чиқиб юрганлар. Кейин эътибор қилиб, ушбу ишига пушаймон бўлиб истиғфор айтган”, деган фикрни ҳам билдириб ўтган.
Қазойи ҳожат вақтида қиблага юзланиш ва орқа қилиш борасида аҳли сунна ва жамоа вакиллари орасида саккизта мазҳаб – фиқҳий қараш мавжуд:
1)    Қиблага юзланиш ҳам унга орқа қилиш ҳам – ҳар иккиси макруҳ. Хоҳ бу даштда, очиқ жойда бўлсин, хоҳ уйлар, бинолар ичида бўлсин. Хоҳ махсус қурилган ҳожатхоналарда бўлсин, хоҳ қибла тарафда тўсиқ бўлсин. Саҳобалардан Абу Ҳурайра, Ибн Масъуд, Абу Айюб Ансорий разийаллоҳу анҳум, тобеъинлардан Мужоҳид, Иброҳим Нахаъий, Товус ибн Кайсон, Суфён Саврий раҳимаҳумуллоҳ, айрим зоҳирийлар ва Аҳмад ибн Ҳанбал (р.ҳ.)нинг бир қарашида ушбу фикр қўллаб-қувватланган. Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.)нинг асосий фикри, фатво берилган фиқҳий қараши мана шудир! Бу жумҳурнинг қараши бўлиб, кўпчилик шунга қўшилганлар.
2)    Қиблага юзланиш ҳам, унга орқа қилиш ҳам ҳар иккаласи жоиз. Ҳожатхонада бўлсин, хоҳ саҳрода бўлсин жоиз. Бунга Ойша онамиз (р.а.), Урва ибн Зубайр (р.ҳ.), Имом Моликнинг устози Робиъату-р-раъй (р.ҳ.) ва зоҳирийларнинг кўпчилиги қўшилганлар.
3)    Саҳрода, яъни қиблада тўсиқ бўлмаган ҳолатларда юзланиш ва орқа қилиш жоиз эмас. Лекин ҳожатхоналарда, қиблада тўсиқ бўлган ҳолатларда ҳар иккаласи жоиз. Бу Имом Шофиъий (р.ҳ.) ва Имом Молик (р.ҳ.)нинг мазҳаблари бўлиб, унга Аҳмад ибн Ҳанбал (р.ҳ.) бир ривоятида қўшилган. Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳумо кабилар ушбу фикрда бўлганлар.
4)    Қиблага юзланиш ҳар ҳолатда ножоиз, унга орқа қилиш ҳар ҳолатда жоиз. Бунга Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) билан Аҳмад ибн Ҳанбал (р.ҳ.) бир ривоятларида қўшилганлар.
5)    Қиблага юзланиш ҳар ҳолатда ножоиз, унга орқа қилиш эса саҳрода ножоиз, лекин ҳожатхонада жоиз. Бу ҳанафийлардан Абу Юсуф (р.ҳ.)нинг фикри бўлиб, унга Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.)дан ҳам бир ривоят бор экан.
6)    Қиблага юзланиш ва унга орқа қилиш Каъба томонга ҳам, Байтулмуқаддас томонга ҳам ножоиздир. Чунки, Каъбадан аввал Байтулмуқаддас ҳам бир муддат қибла бўлиб турган эди. Бу тобеъинларнинг улуғларидан бири Муҳаммад ибн Сирин (р.ҳ.)нинг қарашидир.
7)    Қиблага юзланиш ва унга орқа қилишнинг макруҳлиги фақат Мадина аҳлига хос. Мадиналиклардан бошқаларга, бошқа жойда яшовчиларга бу жоиздир. Тобеъинлардан Абу Авона (р.ҳ.) шу фикрни билдирган. Бу борадаги ҳадиси шарифлар Мадина аҳлига қарата айтилгани бунга асос қилиб олинган.
8)    Қиблага юзланиш ва унга орқа қилишнинг макруҳлиги макруҳи танзиҳийдир. Бу Абу Ҳанифа (р.ҳ.)нинг бир ривоятига мувофиқ келади.
Шу тақсимотдан маълум бўлдики, Абу Ҳанифа (р.ҳ.)дан тўртта ривоят бўлган экан. Улардан биринчисида қазойи ҳожат вақтида қиблага юзланиш ва унга орқа қилиш макруҳи таҳримий дейилган бўлса, охиргисида макруҳи танзиҳий дейилган.
Юқорида баён этилган саккиз хил фиқҳий қарашнинг шаклланишига сабаб нима? Сабаби шуки, бу борадаги ҳадиси шариф ривоятларининг ҳар хиллиги, турли-туманлигидир. Шулардан биринчиси Имом Термизий (р.ҳ.) ривоятидаги Абу Айюб ал-Ансорий (р.а.) ҳадисидир. Қазойи ҳожат вақтида қиблага юзланиш ёки унга орқа қилишдан қайтарилган ҳадиси шарифлар ичида энг саҳиҳи мазкур ҳадисдир. Шунинг учун ҳанафийлар ҳам, бошқа жуда кўп уламолар ҳам мазкур ҳадиси шариф мазмунига биноан қазойи ҳожат вақтида мутлақ қиблага юзланиш ёки унга орқа қилишнинг макруҳи таҳримийлигига иттифоқ қилганлар. Чунки, ҳадисда: “Қачон ғоитга келсангиз, ғоит ёки бавл сабабли қиблага юз бурманг ва унга орқа қилманг!” дейилган бўлиб, саҳро ёки ҳожатхона кабилар қайд этилмаган. Ҳукм мутлақ бўлгандан кейин уни мутлақлигича олинади.
Кейинги фиқҳий қарашга Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.)нинг ривоят қилган ҳадислари далил қилинган. Яъни, саҳрода макруҳ, ҳожатхоналарда макруҳ эмас, деган фикрга далил сифатида Имом Термизий (р.ҳ.)нинг кейинги бобда келтирган ҳадислари далил бўлади. Ибн Умар (р.а.) айтадилар: “Бир куни Ҳафса (р.а.) уйларига кўтарилдим. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг Шомга юзланиб, Каъбага орқа қилиб ҳожатга чиқаётганларини кўриб қолдим”. Бу ҳадиси шариф қавлий эмас, феълий бўлиб, унда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг феълларидан нақл қилинмоқда. Мазкур ҳадиси шариф билан мутлақ қиблага орқа қилиш ва бинолар ичида орқа қилиш жоизлигини айтувчилар далилланганлар. Яна ушбу ҳадис билан қиблага юзланиш ва орқа қилиш макруҳи танзиҳий дегувчилар ҳам далилланишади. Чунки, Расулуллоҳ (с.а.в.) қиблага орқа қилганлари вазият тақозосига кўра бўлди, дейдилар.
Учинчи ривоят Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.) томонидан айтилган: “Пайғамбар (а.с.) бавл сабабли қиблага юзланишимиздан қайтардилар. Ул зотнинг ўзини вафот этишларидан бир йилча олдин унга юзланганларини кўрган эдим”. Мазкур ҳадиси шариф билан иккинчи фиқҳий қараш соҳиблари далилланганлар. Улар орқага қараб ўтириш мутлақ жоизлигига Ибн Умар (р.а.) ҳадиси билан далилланишган бўлсалар, Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.) ҳадиси билан қиблага юзланишнинг мутлақ жоизлигига далил кўрсатганлар. Учинчи фиқҳий қараш соҳиблари ҳам бинолар ичида қиблага юзланиш жоизлигига ушбу ҳадиси шарифни ҳужжат сифатида кўрсатганлар.
Тўртинчи ривоятни муҳаддис Ибн Можжа (р.ҳ.) Ойша онамиз (р.а.)дан нақл қилган бўлиб, унда Расулуллоҳ (с.а.в.) олдиларида қиблага қараб қазойи ҳожат қилишни макруҳ санайдиганлар борасида гап айтилиб қолгани зикр қилинган. Шунда Расуллуллоҳ (с.а.в) бундай деганлар: “Тўғри, ҳақиқатан мен ҳам уларнинг шундай қилаётганларини кўргандим. Сизлар мен ўтирган жойимдан қиблага юзланаверинглар!”. Мазкур ҳадиси шариф сабабли Ойша онамиз (р.а.) қазойи ҳожат вақтида қиблага юзланиш ҳам, унга орқа қилиш ҳам мутлақо жоиз, деган. Ушбу ҳадиси шариф билан Имом Шофиъий (р.ҳ.) ва Имом Молик (р.ҳ.) бинолар ичида бунинг мутлақо жизлигига далилланишган.
Бешинчи ривоятни муҳаддис Абу Довуд (р.ҳ.) Маъқил ибн Абу Маъқил ал-Асадий (р.а.)дан нақл қилган: “Расулуллоҳ (с.а.в.) бизларни ғоит ёки бавл билан икки қиблага юзланишимиздан қайтардилар”. Икки қибла – Каъба ва Байтулмуқаддасдир. Муҳаммад ибн Сирин (р.ҳ.), шунингдек, Иброҳим Нахаъий (р.ҳ.)нинг фиқҳий қарашлари шунга мувофиқдир.
Юқоридаги ҳадиси шарифлар беш нафар саҳоба томонидан ривоят қилинган бўлиб, улар ичида Абу Айюб Ансорий (р.а.)нинг ривояти энг саҳиҳи ҳисобланади. Лекин, қолган ривоятлар ҳам саҳиҳ бўлиб, уларни ҳужжат қилиб олиш мумкин. Чунки, уларнинг заифлиги борасида ёки бошқа жиҳатлари ҳақида гап-сўзлар бўлган эмас. Ҳанафийларнинг Абу Айюб Ансорий (р.ҳ.)нинг ҳадисини далил қилиб олганларига сабаб нима? Мазкур саҳобийнинг ривоятининг таржеҳ топишининг қуввати қандай? Ушбу ривоятнинг рожиҳ топиши учун қолган ҳадиси шарифларни таъвил қилишга тўғри келади.
1)    Абу Айюб Ансорий (р.а.)нинг ҳадисининг иснодини барча муҳаддислар саҳиҳ деб иттифоқ қилганлар. Қолган ҳадиси шарифларнинг санади эса Абу Айюб Ансорий (р.а.) ҳадисининг санади билан тенглаша олмайди.
2)    Абу Айюб Ансорий (р.а.)нинг ҳадисида шаръий қонун баён қилинган. Қолган ҳадиси шарифларда эса бирорта бир воқеа зикр этилган. Ҳанафийларнинг усулий қоидасига кўра мана шундай ҳолатларда, яъни ҳадислар бир-бирига таоруз – қарама-қарши қилиб қолганда зобитаи куллияни, яъни умумий қоидани баён қилган ҳадис олинади.
3)     Абу Айюб Ансорий (р.а.)нинг ҳадисида қавлий ҳукм келтирилган. Қолган ҳадиси шарифларда эса феълий ҳукмлар келган. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг сўзлари феълларига таржеҳ қилинади.
4)    Абу Айюб Ансорий (р.а.)нинг ҳадиси муҳаррим – ҳаром қилувчи ҳукмни баён қилади, қолган ҳадиси шарифлар эса мубиҳ – мубоҳ қилувчи ҳукмни баён қилади. Таоруз вақтида муҳаррим мубоҳга нисбатан рожиҳ бўлади.
5)    Абу Айюб Ансорий (р.а.)нинг ҳадиси возеҳ – ҳукми равшан, сабаби маълумдир. Қолган ривоятларнинг барчаси бундай эмас. Уларни алоҳида айтиб ўтилади.
6)    Абу Айюб Ансорий (р.а.)нинг ҳадиси Қуръон оятларининг мазмунига, мақсадига мувофиқ келади. Жумладан, мазкур ояти кариманинг мазмуни шунга далолат қилади:
وَمَن يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِن تَقْوَى الْقُلُوبِ {32}
"Кимки Аллоҳнинг аломатларини улуғласа, бас, ўша қалбларнинг тақвосидандир!" (Ҳаж, 32).
Демак, қиблага юзланмаслик ва унга орқа қилмаслик Аллоҳнинг аломатини – Каъбани улуғлашдир.
7)    Абу Айюб Ансорий (р.а.)нинг ҳадиси бошқа бир неча ҳадиси шарифлар билан қувватланган. Имом Термизий (р.ҳ.) Салмони Форсий (р.а.)дан, Абу Довуд (р.ҳ.) ва Ибн Можжа (р.ҳ.) Абу Ҳурайра (р.а.)дан шу мазмундаги санади саҳиҳ ривоятлар, шунингдек, бошқа санади саҳиҳ бўлмаган ҳадиси шарифлар келтирилганки, уларнинг ҳаммаси Абу Айюб Ансорий (р.а.)нинг ривоятини қувватлаб келади.
8)    Абу Айюб Ансорий (р.а.)нинг ҳадиси қиёс билан ҳам қувватланади. Ибн Хузайма (р.ҳ.) ва Ибн Ҳиббон (р.ҳ.) саҳиҳ ҳадисни ривоят қилганлар:
من تفل تجاه القبلة جاء يوم القيامة وتفلته بين عينيه
“Кимки қибла тарафга туфлайдиган бўлса, қиёмат куни икки кўзи орасига туфланган ҳолда келади” (Ибн Ҳиббон, 1639; Ибн Хузайма, 925, 1314, 1663).
Демак, қиблага туфлашдан қайтарилган бўлса, уни қилганга ваъид келган бўлса, қазойи ҳожатда қиблага юзланиш ва орқа қилишдан нима учун ман қилинмас экан?! Демак, қибланинг ҳурмати шунчалик эканки, у тарафга туфлашдан ҳам, унга юзланиб ёки орқа қилиб қазойи ҳожат қилишдан ҳам қайтарилган!
    Юқорида келтирилган фикрлар асосида Абу Айюб Ансорий (р.а.)нинг ривоятидаги ҳадиснинг афзал экани келиб чиқади. Бироқ, қолган тўртта ҳадиси шариф ҳам саҳиҳ бўлгани боис уларни таъвил қилишга тўғри келади. Айрим жузъий воқеа ва эҳтимоллар борлигини айтган эдик. Шуларни ҳам айтиб ўтамиз:
    Иккинчи ривоят Ибн Умар (р.а.) томонидан айтилган эди. Ибн Умар (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)ни Каъба тарафга орқа қилиб ҳожатга чиқаётганини кўриб қолган. Аслида, уни Ибн Умар (р.а.) томга чиққан вақтида ногаҳон кўриб қолган эди. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қазойи ҳожатга чиқишларини  кўраман, деб томга чиқмаган, балки тўсатдан кўзи тушиб қолган. Қазойи ҳожат қараб туриладиган, кузатиб туриладиган нарса бўлмагани боис Ибн Умар (р.а.) кўзларини дарҳол бошқа тарафга буриб олган тахмин қилиш мумкин, албатта. Бу вақтда ҳаёжонланиб кетиб, унда Расулуллоҳ (с.а.в.) қиблага орқа қилмоқда, деган хаёл келган бўлиши мумкин.
Шунингдек, Расулуллоҳ (с.а.в) Ибн Умар (р.а.)нинг томда юрганини кўриб, бурилган бўлишлари мумкин.
Бу ерда учинчи эҳтимол шуки, Расулуллоҳ (с.а.в) ўтираётиб, орқалари салгина қиблага мойил бўлган бўлиши ва уни Ибн Умар (р.а.) кўриб қолган бўлиши мумкин. Шунинг учун фақиҳлар намозда қиблага юзланиш унинг тарафига бўлиши, айнан Каъбага бўлмаса ҳам, у тарафга қаралса, кифоя дейдилар. Лекин, қазойи ҳожатда эса қиблага юзланиш ёки орқа қилиш айнан Каъбанинг ўзи тарафга бўлса, макруҳдир дейдилар. Айрим фақиҳлар қиблага жинсий аъзо билан юзланиш маркуҳ, бўлмаса юз қарагани билан макруҳ бўлмайди, деганлар.
Тўртинчи эҳтимол шуки, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қиблага орқа қилишлари ул зотнинг ўзларига хос хусусият бўлган бўлиши мумкин. Бошқа одамларга бу ул зотнинг гапларига биноан мумкин эмас. Шу ерда Пайғамбар (а.с.)нинг ўзига хос хусусиятлари борасида айтиб ўтиш даркорки, ул зотнинг баданларидан чиққан ахлатларининг поклиги борасида Аллома Ибн Обидин (р.ҳ.) ва Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний (р.ҳ.) кабилар ўз фикрларини билдириб ўтганлар. Шунга биноан ул зот ҳожат вақтида қиблага юзланиш ва орқа қилиш каби ҳукмлардан истисно қилинган бўлсалар керак.
Агар ҳожат вақтида орқасини қаратиш ёки юзланиб олиш макруҳ бўлмаган бўлса, Расулуллоҳ (с.а.в) уни яширин қилиб юрмасдан оғизлари билан айтиб, умматга билдириб кетган бўлардилар. Бу борада ҳеч қандай оғзаки кўрсатма йўқ, балки макруҳлиги борасида ҳукм мавжуд.
Ибн Умар (р.а.)нинг биз кўриб чиқаётган ҳадисида саҳро ёки бинолар ичида қазойи ҳожат қилишнинг ҳукми ажратиб кўрсатилган эмас. Демак, Имом Шофиъий (р.ҳ.) ва бошқаларнинг бу борада фарқли фикрга келишлари тўлиқ далилланган эмас. Чунки, мазкур ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг феъллари зикр қилинган бўлиб, унинг саҳрода қандай бўлгани айтилган эмас. У ҳақида биронта гап айтилмагани боис саҳро борасида ҳукм чиқариш дуруст бўлмайди. Лекин, Ибн Умар (р.а.)нинг мазкур ҳадисини ҳужжат қилганлар унинг ўз феълини ҳам бизга қарши далил сифатида кўрсатадилар. “Мишкот”да келганки, Ибн Умар (р.а.) қибла тарафга туяларини чўктириб, у ёққа қараб бавл қилган. Уни кўриб турган Марвон (р.ҳ.): “Қиблага қараб бавл қилишдан қайтарилган эмасмиди?” деб сўрайди. Ибн Умар (р.а.) бундай жавоб берган: “Тўғри, лекин у очиқликда шундай. Агар қибла билан сени тўсадиган нарса бўлса, унда зарари йўқ”.
Саҳоранпурий (р.ҳ.)  “Базл ал-мажҳуд”да айтишича, Ибн Умар (р.а.)дан қилинган бу ривоят заифдир. Чунки, ривоят санадида Ҳасан ибн Заквон (р.ҳ.) деган ровийни Яҳё ибн Маъин (р.ҳ.), ан-Насоий (р.ҳ.), Аҳмад ибн Ҳанбал (р.ҳ.) кабилар заиф деб сифатлаганлар. Демак, бу ривоят қобили истидлол эмас, яъни далил олишга қобилиятли эмас. Бироқ, Тақий Усмоний (р.ҳ.) Саҳоранпурий (р.ҳ.)нинг бу гапини қувватлаб бўлмайди, чунки, Ҳасан ибн Заквон (р.ҳ.)ни барча ҳадисшунослар заиф демаганлар, деган. У ҳақида турли фикрлар билдирилган бўлиб, жумладан аз-Заҳабий (р.ҳ.)  “Мезон ал-эътидол” асарларида уларнинг ҳаммасини келтириб ўтган. Кейин эса “У ҳадисга салоҳиятли (солиҳ ал-ҳадис), умид қилманки, унинг зарари йўқ” деб зикр қилган. Заҳабий (р.ҳ.) таниқли ҳадисшунослардан бўлиб, танқид борасида комил олимлардан ҳисобланади. Унинг гапини ҳам қабул қилмасдан иложимиз йўқ. Шунинг учун Ҳасан ибн Заквон (р.ҳ.) қатнашган Ибн Умар (р.а.)нинг ўз феъллари борасидаги ҳадиси шарифни далил олишга қобилиятли эмас, деб айта олмаймиз. Шунинг учун Ибн Ҳажар Асқалоний (р.ҳ.)  “Талхис ал-ҳабир” асарларида мазкур ҳадиси шарифни ҳасан деб зикр қилган. Абу Довуд (р.ҳ.) эса ушбу ҳадис борасида сукут қилган, яъни бирор бир фикр билдирмаган. Унинг сукути тавсиқ – ишонарли эканига далолат қилади. Ҳатто баъзи муҳаддислар ушбу ҳадисни саҳиҳ ҳам деганлар. Ушбу ҳадис борасида аниқ жавоб шуки, Ибн Умар (р.а.)нинг феъллари унинг ўз ижтиҳодларига биноан бўлган. Абу Айюб Ансорий (р.а.)нинг ҳадиси эса марфуъ бўлиб, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг саҳро ёки бинолар ичини ажратилмасдан айтган қавлий ҳукмидир. Саҳобанинг ўз ижтиҳоди марфуъ ҳадиси шарифга муқобил бўла олмайди. Ибн Умар (р.а.)нинг бу ижтиҳодига бошқа қанчадан-қанча саҳобалар хилоф қилганлар.
Ибн Умар (р.а.)нинг ушбу ижтиҳоди фиқҳий қоида – усулга ҳам зид келади: Ибн Умар (р.а.)нинг “Агар қибла билан сени тўсадиган нарса бўлса, унда зарари йўқ” деган гапидан ҳамма жойда қиблага юзланиб ёки орқа қилиб ҳожатга чиқиш жоиз бўлиб қоларди. Чунки, ҳамма жойда қибла билан инсон ўртасида бирор тўсиқ бўлади. Ҳозир орамизда қиблагача қанча тўсиқ бор?! Бинолар, тоғу тошлар бор.
Имом Шофиъий (р.ҳ.) қазойи ҳожат вақтида бинолар ичида қиблага юзланиш ва унга орқа қилиш жоиз, саҳрода эса ножоиз деган. Биз унинг қайтарилганининг сабаби Каъбанинг ҳурматидандир, деган эдик. Имом Шофиъий (р.ҳ.) ва унинг тарафдорлари айтадики, аслида у эмас, балки Каъбага қараб намоз ўқувчиларнинг ҳурматидандир! Бинолар ичида намозхонлар кўринмайди, саҳроларда эса фаришталар мавжудки, уларни беҳурмат қилмаслик лозим.  Бунга жавобан биз айтамизки, ҳадиси шарифда намозхонлар борасида ҳеч қандай гап ёки ишора йўқ. Шундан маълумки, ҳадисдаги ҳукм Каъбанинг ҳурмати борасида, намозхонлар борасида эмас. Агар намозхонларнинг ҳурмати бўлганида тўрт тарафга қараб ҳам қазойи ҳожат қилиш ножоиз бўларди, зотан, дунёнинг ва Каъбанинг барча тарафида намозхонлар мавжуддир. Яна бир нарса бор: саҳролардан кўра уйлар ва бинолар ичида фаришталар кўпроқ бўлади-ку, демак, саҳролардан кўра бинолар орасида уларни кўпроқ ҳурмат қилиш керак эмасми?!
Иккинчи ҳадис Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.) томонидан айтилган эди. Унда айтилишича, мазкур саҳоба Расулуллоҳ (с.а.в.) вафотларидан бир йилча олдин қиблага юзланиб ҳожатга чиққанларини кўриб қолган. Мазкур ҳадис санадида гап-сўзга қолган икки нафар ровий мавжуд. Демак, санад эътиборидан ушбу ҳадисда заифлик бор. Улар Абон ибн Солиҳ (р.ҳ.) ва Муҳаммад ибн Исҳоқ (р.ҳ.) деган ровийлар. Тақий Усмоний (р.ҳ.) айтишича, ушбу икки ровий борасида ҳар хил гаплар айтилгани боис бу унчалик кифоя қиладиган жавоб эмас. Икки мунаққид – Ҳофиз Ибн Абдулбарр (р.ҳ.)  “ат-Тамҳид” асарида ва Ибн Ҳазм (р.ҳ.)  “ал-Муҳалло” асарида Абон ибн Солиҳ (р.ҳ.)ни заиф деб сифатлаганлар. Лекин, бошқа ҳадисшунослар фикрича, Ибн Абдулбарр (р.ҳ.) ва Ибн Ҳазм (р.ҳ.) унга нисбатан жарҳни тўғри ишлатмаганлар. Чунки, бу икки мунаққиддан аввал ҳеч бир муҳаддис Абон ибн Солиҳ (р.ҳ.)ни айбламаган. Иккинчи ровий – Муҳаммад ибн Исҳоқ (р.ҳ.) ҳам мутлақо заиф ровий эмас, балки у ҳақидаги фикрлар ихтилофлидир. Зотан, ҳанафийларнинг ўзлари бу ровий ривоятидаги ҳадиси шарифлар билан далилланганлар. Чунки, ҳадис имомлари Муҳаммад ибн Исҳоқ (р.ҳ.) борасида ихтилоф қилганчалик бирорта ровий ҳақида ихтилофга бормаганлар.
Имом Молик (р.ҳ.) Муҳаммад ибн Исҳоқ (р.ҳ.) деган ровий борасида мана бундай деган: “Мени Каъба ёндаги тош (ҳажар ул-асвад) олдига олиб борилса ҳам қасам ичиб айтаманки, бу дажжол ва каззобдир! Бу Ибн Исҳоқ дажжоллардан бир дажжолдир!”. Энди, Имом Моликнинг бу фикрига қарши тобеъинлардан Имом Шўъба (р.ҳ.) ушбу ровий ҳақида: “У ҳадис борасида мўъминларнинг амиридир!” деган. Кейинги давр ҳадисшунослари ҳам ушбу ровий борасида шу хилда ҳар хил гапларни айтганлар. Умумий хулоса шуки, Муҳаммад ибн Исҳоқ (р.ҳ.) қайси ҳадисни “Ҳаддасана” (“Бизга ҳадис айтди”) деб ривоят қилган бўлса, ушбу ҳадис мақбул. Чунки, аниқ эшитмаса, бу лафз билан ҳеч ким ҳадис ривоят қила олмайди. Агар у “ъан...” (“...дан”) деб муъанъан шаклида ҳадис ривоят қилса, у номақбул ҳисобланади. Муҳаммад ибн Исҳоқ (р.ҳ.) ҳақида энг мўътадил фикрни Анваршоҳ Кашмирий (р.ҳ.) бу тариқада билдирган: “Унинг зеҳнида озроқ камчилик бор. Лекин адолат жиҳатида у ишончлидир. Яъни, у солиҳ инсон бўлган, зеҳни унчалик кучли бўлмаган. Шунинг учун унинг ривоятларини ҳасан ҳадислар қаторига қўшиш мумкин. У гоҳида тадлис ҳам қилиб турар экан, шунинг учун ъанъана ҳадисларида шубҳа бор”. Энди, биз кўриб чиқаётган Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.) ҳадисида Муҳаммад ибн Исҳоқ (р.ҳ.)  “ъан...” тариқасида ривоят қилган. Бироқ, Дорақутний (р.ҳ.) ушбу ҳадисни Муҳаммад ибн Исҳоқ (р.ҳ.)дан “ҳаддасана” тариқасида ривоят қилган. Шунинг учун ҳам Имом Термизий (р.ҳ.) ушбу ҳадисга нисбатан ҳасан деган қарорга келган. Камолиддин ибн Ҳумом (р.ҳ.)  “Фатҳ ал-қадир”да айтишича, Имом Термизий (р.ҳ.) ўзининг “Илал ал-кабир” асарларида ушбу ҳадис борасида Имом Бухорий (р.ҳ.)дан сўраганини нақл қилган: “Муҳаммад ибн Исмоил (Бухорий)дан ушбу ҳадис борасида сўраган эдим, “У саҳиҳдир” деб жавоб берди”. Ибн Ҳажар (р.ҳ.) ҳам ўзининг “Талхис ал-ҳабир” асарларида ушбу ҳадисни зикр қилиб, унинг далил олишга қобилиятли эканини зикр қилган. Бинобарин, Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.) ривоятидаги мазкур ҳадиси шарифни буткул нодуруст дея олмаймиз.
Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.)нинг биз ўрганаётган ҳадиси мазмунига қарасак, у шу мазмундаги ҳадислар ичида тарихан энг охирги ҳадис ҳисобланади. Агар шундай бўлса, у носих бўлиб, ўзидан олдинги ҳадисларни мансух қилиши керак. Қоида борки, носих ҳадис мансух ҳадисга нисбатан даража жиҳатидан юқори бўлиши лозим. Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.) ҳадисининг иснодида гап-сўз бўлгани боис шу мазмундаги ҳадислар ичида энг саҳиҳи, энг қобилиятлиси бўлмиш Абу Айюб Ансорий (р.а.)нинг ҳадисига нисбатан носихлик даражасига кўтарила олмайди. Чунки, Абу Айюб Ансорий (р.а.)нинг ҳадисига қараганда Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.)нинг ҳадиси пастроқдир. Демак, у носих бўла олмайди, Абу Айюб Ансорий (р.а.)нинг ҳадисини насх қила олмайди.
Мазкур Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.)нинг ҳадиси мазмуни борасида ҳам бир неча эҳтимолларни зикр қилиш мумкин. Ибн Умар (р.а.)нинг ҳадисида айтилган эҳтимолларни бу ерда ҳам айтиш мумкин. Қайси ҳолатда кўрган, қандай кўрган ва ҳоказо.
Учинчи ҳадиси шарифни Ойша онамиз (р.а.) ривоят қилган эди. Унда Расулуллоҳ (с.а.в): “Сизлар мен ўтирган жойимдан қиблага юзланаверинглар!” деган эдилар. Мазкур ҳадиснинг санадида ҳам матни борасида ҳам ҳадисшуносларнинг гап-сўзлари бор. Ҳофиз Заҳабий (р.ҳ.) ушбу ҳадисни санад эътиборидан мункар – инкор қилинган ҳадис деган. Биринчи тариқ Холид ибн Ҳазза (р.ҳ.)дан Ирок ибн Молик (р.ҳ.), у эса Ойша (р.а.)дан қилинган ривоят. Иккинчи тариқда эса Холид билан Ирок (р.ҳ.)нинг орасида номаълум кимса (ъан ражулин) қўшилиб қолган. Учинчи тариқда эса Холид билан Ирок (р.ҳ.) ўртасида Холид ибн Абуссалт (р.ҳ.) деган ровий қўшилган. Ибн Ҳазм (р.ҳ.) мана шу Холид ибн Абуссалт (р.ҳ.)ни мажҳул – номаълум деган қарорга келган. Ҳадиснинг заифлиги шундаки, Ирок ибн Моликнинг Ойша (р.а.)дан бевосита ҳадис эшитгани аниқ эмас. Имом Бухорий (р.ҳ.) мана шуни алоҳида қайд қилган.
Шундай бўлса-да, айрим ҳадисшунослар юқорида ўтган учта тариқнинг аввалги иккитаси ғалати хато, охиргиси эса дуруст деганлар. Ибн Ҳазм (р.ҳ.) учинчи тариқда қатнашган Холид ибн Абуссалт (р.ҳ.)ни номаълум кимса деган бўлса-да, лекин Ибн Ҳазм (р.ҳ.)нинг ўта кескин мунаққид экани маълум. Ибн Ҳазм (р.ҳ.) шу даражада шошқалоқ ва бирданига фикр билдираверадиган мунаққид сифатида танилган. Ҳатто у Имом Термизий (р.ҳ.) билан Ибн Можжа (р.ҳ.)ни ҳам мажҳул (номаълум) деган фикрни билдирган. Шунинг учун Ибн Ҳазм (р.ҳ.)нинг ровийлар борасидаги сифатлашлари унчалик эътимодли эмас.
Имом Бухорий (р.ҳ.)нинг Ирок ибн Молик (р.ҳ.)ни Ойша онамиз (р.а.)дан ҳадис эшитмаган деган гаплари ҳам унчалик тўғри эмас. Бу Имом Бухорий (р.ҳ.)нинг ўз қоидаларига биноан айтилган фикр бўлган. Аслида Ирок ибн Молик (р.ҳ.) Ойша (р.а.) билан замондош ва ватандош ҳисобланади. Имом Бухорий (р.ҳ.) услубига кўра икки ровий бир-бирига замондош бўлиши билан бирга уларнинг бир-бирлари билан учрашганлари аниқ ва тасдиқланган бўлиши лозим. Имом Муслим (р.ҳ.) услубига кўра эса икки ровий бир-бирлари билан замондош бўлса бўлди, учрашувлари тасдиқланган бўлиши, симоъси қатъий собит бўлиши шарт эмас. Энди Ирок ибн Молик (р.ҳ.)нинг Ойша онамиз (р.а.)дан ривояти Имом Бухорий (р.ҳ.)га кўра тўғри бўлмаса ҳам, лекин Имом Муслим (р.ҳ.)нинг усулига кўра тўғри ҳисобланади.
Гарчи Ирок ибн Молик (р.ҳ.)нинг Ойша онамиз (р.а.)дан симоъсини Имом Муслим (р.ҳ.)га кўра исботланган бўлса-да, бироқ, Холид ибн Абуссалт (р.ҳ.)нинг Ирок ибн Молик (р.ҳ.)дан бевосита ҳадис эшитмагани жами ҳадисшунослар томонидан айтилган экан.
Айрим муҳаддислар, жумладан, Абу Ҳотим (р.ҳ.) Ойша (р.а.) ҳадисини унинг ўзига мавқуф ҳолатда ривоят қилганлар. Ушбу санадда марфуъ ҳолатдаги ривоятда Холид ибн Абуссалт (р.ҳ.) бўлгани каби Жаъфар ибн Рабиъа (р.ҳ.) Ирок ибн Молик (р.ҳ.)нинг шогирди деб зикр қилинган. Мазкур Жаъфар Ирок ибн Молик (р.ҳ.)нинг энг яхши шогирди ҳисобланади. Унинг ривоятида эса, кўрганимиздек, Ойша (р.а.)га мавқуф ҳолатда ривоят қилинди. Шунинг учун айрим муҳаддислар марфуъ ривоятга нисбатан ушбу мавқуф ривоятни саҳиҳроқ ва далил қилишга муносиброқ деганлар.
Юқорилардан хулоса шуки, Ойша (р.а.)нинг ушбу ҳадиси ёки мунқатеъ ёки мавқуфдир. Чунки, марфуъ ҳолатдаги ривоят санадида ўртада биров тушиб қолмоқда. Икки суратда ҳам ушбу ҳадис Абу Айюб Ансорий (р.а.)нинг ҳадисига қарама-қарши тура олмайди.
Ойша (р.а.)нинг мазкур ҳадисининг матнига қараладиган бўлса, унинг мазмунидан Абу Айюб Ансорий (р.а.) ҳадисидан аввал айтилгани ёққол кўриниб туради. Чунки, Пайғамбар (а.с.) олдиларида қиблага қараб ҳожатга чиқадиганлар зикр қилинганда, ул зот таажжуб қилганлари сезилиб турибди. Демак, Пайғамбар (а.с.) аввал уларни бундан манъ қилмаганлиги маълум бўлади. Олдин қайтарган бўлсалар нима учун бу зикр қилинганда таажжуб қиладилар? Ҳадис усулидан маълумки, икки ҳадиснинг аввал бўлгани мансух, кейингиси уни насх қилувчи – носих ҳисобланади.
Мазкур ҳадиси шариф борасида яна бир эҳтимол бор. Саҳобаи киромлар Пайғамбар (а.с.) уларни қазойи ҳожат вақтида қиблага орқа қилишдан қайтарганлари учун қибла ҳурматини шу даражага кўтардиларки, оддий мажлисларда, ўтиришларда ҳам қиблага юзланиш ва орқа қилиб ўтиришдан ўзларини тия бошладилар. Шунинг учун Расулуллоҳ (с.а.в.) уларга қарата: “Сизлар мен ўтирган жойимдан қиблага юзланаверинглар!” деганлар. Яъни, уларни динда ғулувга кетишдан гўё қайтардилар. Лекин, ушбу эҳтимолимиз унчалик тўғри эмас. Чунки, Абу Шайба (р.ҳ.)нинг “Мусаннаф” асарида айнан шу ўринда ҳожатхонага юзланиш қайд қилинган.
Юқорида зикр қилинган Маъқал ибн Абу Маъқил (р.ҳ.)нинг ривоятидаги ҳадисда икки қиблага юзланишдан қайтарилган эди. Аввал қибла Байтулмуқаддасга бўлиб турган эди, кейин унинг қиблалиги қолдирилиб Каъбага ўзгартирилди. Мазкур ҳадиси шарифда ҳам аввалги ҳолатда Байтулмуқаддасга қарамаслик, кейин эса унинг қиблалик ҳукми қолдирилгандан сўнг Каъбага қараб ҳожатга чиқмаслик айтилди. Чунки, қиблалик ҳукми мансух бўлгани боис унга тааллуқли бошқа ҳукмлар ҳам бекор қилинади. Мазкур ҳадиси шарифда “қиблатайн” сўзи ровийнинг таъбиридир, Расулуллоҳ (с.а.в.)дан айнан ушбу сўз айтилгани номаълум. Зотан, Байтулмуқаддас билан Каъба бир вақтнинг ўзида қибла бўлмаган. Бинобарин, ушбу ҳадисда жамъият эмас, балки бадалиятга кўра ҳукм бир-бирининг ўрнига ўтилиши назарда тутилган.
Маъқал ибн Абу Маъқил (р.ҳ.)нинг ривоятидаги ҳадиснинг яна бир таъвили шуки, у Мадина аҳли учун махсус айтилган. Чунки, у ерда Байтулмуқаддас билан Каъба қарама-қарши тарафдадир. Бирига юзланса, бирига орқа қилинади, бирига орқа қилинса, бошқасига юзланган бўлади. Мадинада Каъба жанубда, Байтулмуқаддас эса шимолдадир.
Хуллас, Абу Айюб Ансорий (р.а.)нинг ривоят қилган ҳадиси шу мазмундаги бошқа ҳадислар орасида энг саҳиҳидир. Бошқаларининг санади ёки матни борасида гап-сўз бўлган, айримларининг матни таъвилга муҳтож бўлиб, бир неча таъвиллар қилинган. Шунинг учун Абу Айюб Ансорий (р.а.)нинг ҳадисига бошқа ҳадислар қарши бўла олмайди.
Юқоридаги ҳадислар борасида тадқиқот ва изланишларни ҳанафий олимлари чуқур таҳлил қилганликлари сабабидан, кучли тадқиқотлар натижаси ўлароқ Имом Аъзам мазҳабида қазойи ҳожат вақтида қиблага юзланиш ва орқа қилиш умуман мумкин эмас. Фиқҳий матн китобларида бундай қилиш макруҳи таҳримий деб қайд қилинган. Қибланинг ҳурмати бор! Уни ҳар бир мусулмон ҳурмат қилмоғи керак.

Ҳамидуллоҳ Беруний
 
 
« Олдинги   Кейинги »