Маҳмуд раьйларни жамловчи манҳаж Принтер учун
15.04.2014 й.

Дастлаб, мавзумизни зарурий бўлган муқаддимадан бошласак.

Биз, “манҳаж” деганда, ундан нимани қасд қилаётибмиз? Бу “манҳаж” ўз ичига олиши лозим бўлган шартлар нималардан иборатдир?

Дарҳақиқат, ўз баҳс ва тадқиқотларида “манҳаж” калимасини қўллаб юрган кишилар, илмий ишларида бу калимадан қайси маьнони ирода қилган бўлсалар, биз ҳам ушбу калимадан ҳудди ана шу маьнони қасд қилмоқдамиз. Яьни, биз ушбу калимадан қуйидаги маьноларни ирода қилмоқдамиз. “Манҳаж” –тадқиқотчи ўзи қидираётган ҳақиқатга етишмоғи учун, унга ҳақиқатни топиш кафолатини берувчи йўлдир. Натижада, у мана шу “манҳаж” асосида ҳаракатланар экан, турли йўллар орасида адашиб, ўз йўлини йўқотиб қўймайди. Ҳақиқат харидори бу йўл узра юриб борар экан, ҳақиқатни ботил билан адаштириб, ботилни ўзи излаб юрган ҳақ, дея унга суянмайди. Киши излаётган ҳақиқат, бу унинг саҳиҳ эканлигини аниқлаш ёки унинг мазмунини билишликдан иборат бўлган хабар бўладими ва ёҳуд унинг сиҳҳати ва ё ботиллигини билишни ирода қилган илмий иш бўладими, бу борада манҳаж маьносида ҳеч қандай фарқ йўқдир.

Аммо “манҳаж”нинг шартларига келсак, сиз уни, унинг табиати ва вазифасини идрок қилиш орқали таниб олиш имкониятига эгасиз. “Манҳаж”нинг табиати борасида шуни айтиб ўтишимиз лозимки, у қандай манҳаж бўлишидан қатьий назар, у ўз-ўзидан кашф қилинади. Уни тадқиқотчилар ва уламолар ижод қилиб, тўқиб чиқазмайдилар. Яьни, у шундай собит ҳақиқатдирки, ақллар унга таянадилар, инсоний фитрат у билан бирга доимо муомалада бўлиб туради. Аммо ақллар унга суяниши учун, ақлни унга мажбуран бўсундирилмайди, у билан унсият қозониши ва уни қабул қилиши учун нафслар тарбиясига эҳтиёж йўқдир.  Бу борадаги умумий ҳолат шулки, вазият тақозо қилган чоғларда, ҳақиқатларнинг кўпи- ақллар у билан муомала қилиб турса ҳам, нафслар унга таяниб юрса ҳам -улар зоҳирий бўлган инсоний сезиш қобилиятларидан махфий, яширин бўлади. Гарчи инсон туғма, табиий хусусият ва қобилият узра бу ҳақиқат билан муомала қилиб турса ҳам, бу ҳақиқатлар инсоний фитрат ва табиатнинг тубида яшириниб ётган бўлади. Ҳақиқатлар шу тарзда махфий ва яширин бўлганлиги боис,  баьзи ўринларда инсонни у билан соғлом муомала қилишидан тўсиб қолувчи адашмовчилик омиллари, ҳийла ва кўзбўямачилик кўринишларига йўл очилиб кетади. Мана шу сабабдан кўпинча, инсон ҳақиқат йўлини топиш ва уни ушлашдан маҳрум бўлиб қолаверади.

Юқорида зикр қилинган сабаб ва омиллар туфайли, инсон аввало ўз ичида, фикри тубида бу “манҳаж” сари қадамлар босишга  тайёргарлик кўра бошлайди. Шунингдек, у виждони ва ҳис қилиш қобилиятларининг ҳар бир томирида ҳақиқат асарларини қидирмоқчи бўлади.  Кейин инсон, бу ҳақиқатни дақиқ ибораларга териб, ўзгармас-қатьий қоидаларга, қолипларга қуйиб, сўнгра бу ҳақиқатни ўзи учун маьрифат йўлига етакловчи машьала, гумроҳлик ва ҳайрат водийларида йўл йўқотиб қўйишдан уни сақловчи ҳимоя  воситаси қилиб олади. Инсон, биз юқорида санаб ўтган нарсаларга, доимо муҳтождир. Ваҳоказо, у шунингдек, аввал фикрда яширинча у билан муомала қилиниб турилган фитрий манҳажни, эндиликда кўзлар олдида намоён бўлмиш аниқ-равшан, тадвин қилинган қоидалар мажмуасига айлантириш эҳтиёжини ҳис қилади.  Лозим бўлган фитрий манҳажни аниқ-тиниқ қоидаларга айлантириш учун эса, аввало тарқоқ ҳолдаги фикрларни ана шу қоида узра жамламоқлик лозим бўлади. Кейин эса, маьрифат майдони ҳамда зеҳндаги ақлий муҳокама ва диққат-назар доирасига ҳийла ва тушунмовчилик сизиб кириб қолмаслиги мақсадида, бундай нохушликларга олиб борувчи сабабларидан йироқ бўлиш чораларини кўришга интилади.  Зеро, агар ҳақиқат инсон ичида яширин ҳиссиёт, фикрлар тубида ҳаракатсиз фитрат ҳолича қолиб кетаверса,  у ҳолда бу ҳақиқатга ундан бўлмаган турли қўшимчалар кириб кетиб қолиши мумкин. Унинг атрофини гумонлар ва номаьлумликлар ўраб олиши, натижада эса, бузғунчилар уни (қуруқ) сўзлардан иборат зийнатлар ва ботил далиллар билан ниқоблаш имкониятига эга бўлиб қоладилар.

Демак, манҳаж саломатлигининг энг муҳим шартларидан бири -унинг инсоний тафаккур ҳазинаси ва соф инсоний фитрат сарчашмаларида ўз асл, зотий мавжудияти бўлишлигидир.  Ундаги бу шартнинг тақозоси- ҳудди (Аллоҳ) маьрифатига доир бўлмиш дастлабки асосий, исбот талаб қилмас, табиий қоидалар кабидир.  Зеро, Аллоҳ маьрифатига доир бўлган асослар, инсон яратилишиданоқ, Муньими Мутафаззил бўлмиш Илоҳ тарафидан инсон фикрига экилган бўлади.  Инсон эса, ушбу экилган уруғни ўстириш ва етиштириш вазифасини бажармоғи лозимдир.

Шунинг учун, биз баён қилиш арафасида турган, ҳақийқий маьнода уни “манҳаж” дея номлаш дуруст бўладиган қўлланмага нисбатан кишининг қиладиган вазифалари қуйидагилардан иборат бўлсин. Инсон фикрининг манҳажга нисбатан қиладиган иши, уни кузатиш, сўнгра уни кашф қилиш, кейин эса уни қолипга солиш ва қоидага айлантиришдан ўзга нарса бўлмасин. Аммо манҳаж ихтироь қилиш, янгитдан ясаш масаласига келсак, манҳаж яратиш ёки уни ихтироь қилишлик, самарадорлик бобида эҳтимолдан энг йироғидир. Қандай қилиб дейсизми? Фараз қилинг, Аллоҳ маьрифати манҳажи ихтироь ва янгитдан ясаш йўли орқали ўйлаб топиладиган бўлса, ўз-ўзидан ушбу ихтироь ва янгитдан ясаш ҳам, бу ихтироьларни хато ва гумонлардан сақловчи  бошқа бир манҳажга муҳтож бўлган бўлар эди. Фикр, энди бу манҳажни тартибга солай деса, у энди бу манҳажни хатолардан сақлаш учун яна янги манҳажга эҳтиёж сезади ва натижада манҳажлар кўпдан-кўп манҳажлар силсиласини ўз ортидан эргаштириб келаверади. Ваҳоказо, хатолардан сақловчи, тартибга солувчи бошқа манҳажга муҳтож бўлган, заиф манҳажлар силсиласи ниҳоясизликка дучор бўлади. Ақлий, исбот талаб қилмайдиган қарорлар меьзонига кўра, зотий бўлмаган иллатлар ва омилларнинг ниҳоясиз силсиласи ботил ва амри маҳол эканлигини, биз яхши биламиз.

Дарҳақиқат, энди биз, “манҳаж”дан нима қасд қилинаётгани ва унинг табиати қандай эканлигини  баён қилиб ўтмоқчимиз. Аслида бундай баёнга зарурат ҳам бор. Чунки, (диний масалаларда) “янгилик” ва “ривожланиш” қилишга даьват қилаётганлар  орасида шундай кимсалар борки, улар шарьий ҳукмлар ва асосларни ўзгартирмоқчи бўладилар, аммо улар бу борада “чора”сиздирлар. Чунки шарьий ҳукмлар ва асослар манҳаж қоидалари асосида аниқ-тиниқ чизиб берилган, белгилаб қилиб қўйилган. Улар буни кўргач, энди бор ҳаракатларини манҳажнинг ўзини ўзгартиришга қаратадилар ва: “келинглар, модомики манҳажни ўзгартирмаган ҳолатда мақсадга етиш, янгиликларга бўйсуниш ва унинг янги ҳукмларига амал қилиш чорасиз бўлса, у ҳолда манҳажнинг ўзини ривожлантирайлик” дейишга ўтади.  Уларнинг бундай дейишларга сабаб, уларнинг шарьий ҳукмларни ўзгартириш ва улар билан ўйнашишга, бундан бошқа чора ва имконлари қолмаганлигидир. Айниқса ҳозирги кунимиз, мана шу тарздаги “ғаройиб” даьватларга гувоҳ бўлмоқда.

Мусулмон мужтаҳид-имомлар ўз ижтиҳод ва тадқиқотларини мазкур маьрифат манҳажи ва усуллари ила боғлиқ ҳолда қилганлар. Аммо буни кўрган, юқорида зикри ўтган тоифа кишилари, эҳтимол, маьрифат манҳажи ва усулларини имомлар ўзлари тўқиб олганлар, деб ўйлаётган бўлишлари мумкин. Уларнинг наздида, “манҳажларни тўқиб олган имомлар, ана шу манҳажлар асосида  нафслари хоҳлаган ҳукм ва натийжаларни олаверганлар. Демак, улардан кейингиларга ҳам, нафслари истаган орзуларига етиш учун аввалгилар манҳажидан ўзгача, мустақил, алоҳида манҳаж тўқиб олсалар бўлаверади!”

Бу сўзларни айтаётган кимсалар, эьтиқодий адашиш ёки дийний гумроҳликда бўлишларидан ташқари, аввало илмий жаҳолат ва маданий қолоқлик ботқоғига ботиб кетган кимсалардир. Зеро, маданият ва маьрифат тақозолари ичида энг  оддийси, бу “манҳаж” калимасининг маьносини аниқлаб олишликдир. Шунингдек, улар ўз ақлларидан, -ўзи аслида- инсон маьрифат йўлларини тартибга солувчи манҳажни ихтироь қилиш имконият доираси қанчалик эканлиги ҳақида сўраб суриштиришликлари ҳам оддий заруратлардан биридир[1]. Улар нафслари хоҳлаган манҳажга эга бўлиш мақсадида чоралар қидиришдан аввал ана шу нарсаларга эьтибор беришлари керак. 

Ушбу муқаддима ортидан, энди қуйидагиларни айтиб ўтмоқчимиз. Аслида, инсон Исломни қатьий ишонч ва сулук асосида қабул қилиши учун, қуйидаги уч босқични босиб ўтиши лозимдир.

А) нассларнинг -Қурьон ёки ҳадис бўлишидан қатьий назар- саййидимиз Муҳаммад с.а.в муборак оғизларидан, саҳиҳ тарзда етиб келганига қаноат ҳосил қилиш. Токи, бу қаноат, уларнинг Расулуллоҳ с.а.в га нисбатан уйдирма эмас, балки у зот с.а.в га мансуб эканлигига бўлган қатьий ишонч билан ниҳоясига етсин.

Б) ана шу насслар ўз ичига олган мазмун ва маьноларга диққат-эьтиборни қаратиш. Токи, ўша насслар Соҳиби улардан қайси маьно ва мазмунни ирода қилганлигига қалблар таскин топсин.

В) диққат билан ўрганиб чиқиш ҳамда ундан қаноатланиш орқали ҳосил бўлган ўша маьно ва мазмунларни мантиқ ва ақл тарозусига солиштириш. Бундан кўзланган мақсад нассларнинг ҳақ ва ноҳақларини ажратиш ва унга нисбатан ақлнинг тутган мавқифини аниқлашдир. ( биз бу ўринда мантиқдан, умумий ҳолда билим ва маьрифат қоидаларини назарда тутмоқдамиз)

Инсон юқоридаги уч босқични босиб ўтиши учун қандайдир бир қўлланма ёрдамига муҳтож эканлиги шубҳасиздир. Биз эса, “манҳаж” калимасидан айнан мана шу қўлланма маьносини ирода қилаяпмиз. Расулуллоҳ с.а.в асҳобларининг бу қўлланмадан беҳожат бўлганликлари шарафини биз юқорида айтиб ўтдик. Зеро, сиз ҳам, уларнинг р.а Ислом сарчашмасидан узоқда эмас эканликлари ва шу сабабли уларнинг бу босқичлани босиб ўтиш эҳтиёжини ҳис қилмаганликларини, аввалги боблардан билиб олдингиз.

Демак, Исломий маьрифат манҳажи, асослари ва ҳукмлари уч қисмдан иборат бўлар экан. Ана шу уч қисмнинг ҳар бири, ўз соҳибини, ҳудди улов каби умумий масофанинг учдан бир қисмига олиб бориш ва ўзидан кейинги қисмга етказиш кафолатини беради. Юқорида зикр қилинган уч қисмни, биз айтиб ўтган тартиб асосида босиб ўтган киши, ўзининг Ислом маьрифати ва унга ҳам эьтиқодий, ҳам сулукий амал қилиш мақсади сари қилган сафари охирига қадар етиб боради.

Биринчи қисм: инсонга хабарларни етиб келиши жиҳатидан саҳиҳ ёки ботил эканлигини аниқлашга доир бўлган меьзонлар билан таништирувчи қоида ва маьлумотлар мажмуаси ҳисобланади. Киши, шунингдек ушбу қисм ёрдамида, саҳиҳ хабарнинг ақлий таҳлил миқёси ва ундан олган таьсири мартабаларига кўра тутган тартиб даражаларини аниқлаб етади.

Иккинчи қисм:  нассларнинг далолат ва баёний жиҳатига боғлиқ бўлган қоида ва маьлумотлар мажмуаси. Мазкур қоидалар, арабларнинг ўзаро сўзлашувлари ва суҳбатлари асносидаги олган маьноларини диққат билан ўрганиб чиқиш орқали юзага келган. Зеро, бугунги кунда қўлма-қўл бўлиб юрган арабий қомуслар, луғавий далолатлар асослари ва баён қоидалари кабилар ҳам ана шу тарздаги тадқиқотлар натийжасида юзага келган. Кейинчалик эса, улар асосида нассларни тафсир қилишда ҳамда насслар ўз ичига олган маьно ва далолатларини англаб етишда лозим бўладиган илмий, дақиқ манҳаж шаклланган.

Учинчи қисм: бу қисм, холис мантиқий ва ақлий  меьзонлар мажмуасидан ташкил топган. Бу мажмуа, инсон ақлининг маьрифат йўлидаги сайру сулуки ва гоҳида унинг қаршисига чиқиб турадиган иддаолар ва фаразлар муҳокамасини ўрганиб чиқиш натийжасида пайдо бўлган. Инсоннинг маьрифат сари қиладиган сайру сулуки чоғида эга бўлган ягона иш қуроли ақлдир. Фаразлар ва илмий иддаоларни текшириб, аниқлаб олишдаги ягона манҳаж эса бу -  ақл у билан муомала қилиб турадиган мазкур меьзонлардир.

Бизнинг, мазкур фаслда ушбу манҳажнинг биринчи ва иккинчи қисмларини қисқача баён қилиб ўтмоғимиз, нафақат шунчаки жоиздир, балки зарурдир. Учинчи қисм баёнини эса, ана шу қисмга оид бўлган махсус мантиқий манбалар ҳукмига ҳавола қиламиз. Зеро, бугунги кунда Ислом ҳамда мусулмонлар ҳақида сўз юритадиган ва мусулмонларни салафийлар, бидьатчилар ёки халафийларга бўлишдан тўхтамаётганларнинг кўпи, мусулмонлар орасида тарқалган, кишини афсуслантирувчи янги пайдо қилинган бўлинишлардангина баҳс қилганлари етмаганидек, улар ушбу манҳаж ҳақида жуда ҳам оз нарсаларни биладилар. Эҳтимол уларнинг бу манҳажни ўрганмасликлари сабаби, уларнинг бу манҳажга ҳеч қандай қадр-қиммат бермасликлари, бу манҳажни ҳеч қандай вазифаси йўқ , деб билишлари бўлиши мумкин.

 

Биринчи қисм:

Ушбу манҳажнинг биринчи қисми, манҳажнинг бошқа қисмлари орасида, аввало ўз ўзидан фарз бўлган қисм саналади. Чунки дастлабки эҳтиёж, мана шу қисм манҳажни ушлаш ва унга таянишни тақозо қилди.  Саҳобалар давридан кейинги асрда, ҳадисларни эгаллаш ва уларни ривоят қилишда бироз бепарволиклар юзага кела бошлади. Ҳатто ҳолат шу даражага бориб етдики, зиндиқлик ва унинг сабаблари авж олиши билан биргаликда ҳадис уйдирувчи кимсалар ҳам пайдо бўла бошлади. Ушбу ачинарли ҳолатнинг авж олишига, мусулмонлар ва Расулуллоҳ с.а.в ораларидаги муддатнинг узоқлашиб кетиши ҳам бир сабаб бўлди. Натийжада, мусулмонлар орасида ривоят ва ҳадисларни қабул қилиб олиш соҳаларида жиддий тортишувлар кенг тарқала бошлади.

Хўш, мана шундай тортишувли замонда, мусулмонлар, мазкур муаммолар қаршисида қабул қилган манҳаж нимадан иборат эди?    Улар, юзага келган ушбу мусибатни, қайси манҳаж асосида даф қилдилар? Бу манҳажнинг устунлиги нимада эдики, унинг ёрдамида насслар дин душманларининг ҳийлалари ва динни ўйинчоқ қилмоқчи бўлганлар қўлидан омонда қолди.

Бу даврга келиб, мусулмон олимлар Мустафо с.а.в тарафларидан ворид бўлган ҳар қандай хабарни уч қисмга бўлиб тасниф қилиш лозим эканлигини тушуниб етдилар. Улар, бу таснифда хабарнинг чинлиги ва унга бўлган ишонч даражасини эьтиборга олдилар.

Ушбу тасниф орасида энг олий даражада турадигани “мутавотир хабар”дир. Бундай хабарларни, Расулуллоҳ с.а.в дан шу даражада кўпчилик ривоят қиладики, уларнинг барчаси ёлғон узра тил бириктириб олишлари умуман имконсиздир. Сўнгра мазкур жамоат, мазкур ривоятни кейинги асрда келган ўзи каби бир жамоатга етказадилар. Кейинги асрдаги жамоат ҳам ўз навбатида улардан кейинги асрдаги ўзлари каби кўпчиликдан иборат бошқа бир жамоатга етказадилар.  Ва шу тарзда, хабарларни етказиш тадвин этилгунга қадар давом этади. Бу шаклда ривоят қилинган хабарга нисбатан ақл “қабул ва итоат” қарори беради. Ақл қандай бўлишидан, унинг эгаси ким бўлишидан, қайси эьтиқодга мансуб бўлишидан қатьий назар, қарор ўзгармайди. Зеро, инсон ақли, аслидан бошлабоқ муттасил кўпчиликдан иборат жамоат орқали  унгача етиб келган хабарнинг саҳиҳ эканлигига шубҳа билдиролмайди. Зеро, ровийлар санадида ҳеч қандай узилиш йўқ хабарга қандай эътироз билдириш мумкин.  Ҳа, инсон ақлининг бу тарздаги хабарлар қаршисида итоат ва қабулдан ўзга ҳеч қандай ихтиёри йўқдир.  Чунки, инсон табиатан, ишончли хабарга бўйсунади ва итоат қилади.

Тартиб жиҳатидан ундан кейинги даражада турувчи хабарга “саҳиҳ хабар” дейилиб, бу тарздаги хабарларни “мутавотир” даражасидаги каби кўпчиликдан иборат жамоат ривоят қилмайди. Балки, бу тарздаги  хабарларда, Расулуллоҳ с.а.в дан қабул қилиб олувчи саҳобалар табақаси, хабарларни жамоат ҳолида эмас, балки тарқоқ ҳолда қабул қилиб оладилар. Улардан қабул қилиб олувчи тобеьийн табақасидаги кишилар ҳам тарқоқ бўладилар.  Ваҳоказо, хабарлар тадвин қилингунга қадар шу шаклда етиб келади. Аммо эьтиборли тарафи шундаки, бу ровийлар хабарни гарчи тарқоқ ҳолда  ривоят қилсалар ҳам, уларнинг барчаси адолатли ва бераётган маьлумотида аниқлик эгасидирлар. Ва бу ровийлар занжири, Расулуллоҳ с.а.в дан бошлаб то ривоят интиҳосигача узлуксиз давом этади. Яьни, ривоятлар тадвин ва оммага етиб келгунига қадар кетма-кет давом этади. Шу билан бирга нақл қилинган  ўша ҳадис ёки хабар, ишончли йўл билан нақл қилинган ўзи каби ҳадис ёки хабарга мухолиф бўлмайди.

Ақл бу даражадаги хабарларга ишонишда қатьийян жазм қилолмасада, аммо ишонмасликдан кўра ишонишни таржиҳ қилади ва уларнинг ишончли эканлигига нисбатан қаноат ҳосил қилади. Ақл бу каби хабарларга унутиш, янглишиш ёки баьзи ровийлар тарафидан содир бўладиган паришонхотирлик сабабидан бирон гумонли нарса кириб қолиш эҳтимолини инкор қилмайди. Бу эҳтимоллар ҳақиқатдан нақадар йироқ бўлмасин, уларда саҳиҳнинг шартлари топилсада,  барибир уларда юқоридаги гумонлар топилиши имкони мавжуддир. Бундай хабарларда гумонлар эҳтимоли бор эканлиги сабабли, киши уларга нисбатан қатьийят билан ишониш ҳақида узил-кесил қарор беролмайди. Шу сабабли “саҳиҳ хабар” қатьийлик ва жазмни ифодалай олмаса ҳам, аммо зонний хабарлар орасида энг олий даражада туради. Одамлар бир-бирларига қатьий ишонишлари мумкин, аммо булар шахсий ишончни қозониш бўлиб, бундай ишонч бошқалар учун далил бўлолмайди. Айрим кишилар билдирган ишонч, бошқалар учун миқёс ҳисобланмайди. Ҳақийқий миқёс бу -инсонлар ақлларининг умумий тарздаги, яхлит ҳолда кўриниши ва унинг бу тарздаги хабарларга нисбатан тутган ўрнидир. Инсонларнинг умумий ақли эса, юқоридаги каби хабарларга нисбатан “ҳақийқатга яқинроқ ва ҳақийқатга мойиллиги кучлироқ гумон” баҳосини беради.

Иккинчи қисмдаги хабарлар, эьтиқод борасида қатьий ишончни тақозо қилувчи  ҳужжат бўлолмайди. Шунинг учун, агар киши мутавотир даражасига етмаган, балки оҳод ривоятлар ҳудудида қолган саҳиҳ хабар мазмунига қатьий ишонмаса, у ҳолда бу киши кофир бўлиб қолмайди. Киши бундай хабарларга мутавотир хабарлар тақозо қиладиган каби қатьият билан иймон келтирмаслик ҳаққи бордир. Фақатгина, ушбу қатьийятсизлик унинг иймони ва исломи саломатлигига путур етказмайди. Яна шуни ҳам таькидлаб ўтиш лозимки, саҳиҳ хабарларга қатьий ишонмаслик гоҳида ўша ишонмайдиган кишининг адолатига путур етказиши ва унинг фосиқ эканлигини тақозо этиши мумкин.

Саҳиҳ бўлган оҳод ҳадисларга қатьий ишониш мажбурий эмас эканлигига далил қуйидагидир. Барчамиз биламизки, Аллоҳ таоло бирон нафсни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. Бу хусусда ҳеч кимда шубҳа ва гумон йўқ. Эьтиқод, бу шартли рефлекс бўлиб, унда ихтиёрий фаолият йўқдир.  Қаршисида уни шартли рефлекс ва қатьий ишончга ундовчи нарсага йўлиққан ақл, албатта ҳеч қандай ихтиёрсиз, ўша ишонч рангига бурканади. Агар бордию, киши қаршисида уни шартли рефлексга, яьни, ишончга ундовчи нарса тополмаса, у ҳолда гумон ва ишончсизлик мавқифида туриб қолади. Унинг бундай мавқифда туриб қолиши ихтиёрий эмасдир. Агар хабарларда қатьий ишончни тақозо қиладиган шартлар топилмасдан туриб, сиз кишини унга қатьий ишонишга мажбурласангиз, шубҳасизки сиз кишини тоқатидан ташқари нарсага зўрлаган бўласиз. Аллоҳнинг дини эса, бундай ҳолатдан покдир[2]

Аммо ибодат, муомалот ва шу кабилардан иборат бўлган сулукий ҳукмларга келсак, мусулмон киши бундай ҳукмларда зонний далилларга кўра ҳам ибодат қилишлиги лозим эканлиги ҳақида Расулуллоҳ с.а.в тарафларидан ворид бўлган мутавотир, ишончли хабарлар мавжуд. Расулуллоҳ с.а.в тарафларидан ибодат ёки бошқа шарьий ҳукмларга доир мазмунга эга бўлган ҳадислар ривоят қилинса, уларда саҳиҳ хабар шартлари  топилса, демакки уларнинг тўғри ва чин эканлигига бўлган ишонч кўпроқдир. Бундай хабарларга ишонмасликдан кўра ишониш асослироқдир. Мутавотир, ўта ишончли далилларга кўра, бу каби ҳадисларга амал қилиш, уларга эргашиш ва уларни мустаҳкам ушлашлик вожиб бўлади.

Саҳиҳ хабарларнинг биз учун ҳужжат бўлишлигига далил сифатида қуйидагиларни эслаб ўтамиз. Бизга мутавотир хабарлар орқали етиб келишича, Расулуллоҳ с.а.в узоқ- яқинда жойлашган қабила ҳамда шаҳарларга элчилар юборганлар. Ўша диёрлар аҳолисига ибодат ва шу каби бошқа шарьий ҳукмларни ўргатиш мақсадида юборилган ўша элчилар  -жамоат саналмайдиган-  бир ёки икки кишидан иборат бўлганлар. Ваҳоланки ақл, ўша элчи бўлиб борган кишиларнинг саҳв-хатога йўл қўйишлари ва унутишлари каби эҳтимолларни инкор қилмайди. Аммо шундай бўлсада, Набий с.а.в ўша диёрлар аҳлини ўша элчилар кўрсатмаларига эргашишга амр қилар эдилар. Ваҳоланки ер юзига тарқалган ўша элчилар, юқорида зикр қилиб ўтганимиздек,  тарқоқ ҳолда эдилар. Расулуллоҳ с.а.в ушбу амрлари билан гўёки уларга қарата: “мана бу элчилар сизларга динларингиз борасида, сулукий татбиқотларга оид бирон хабар етказсалар ва сизлар уларни ўз сўзларида содиқ деб ҳисобласангизлар, демак сизларга ўша етиб келган нарсаларни амалга татбиқ қилиш ва уларни қабул айлаш вожиб бўлади” деётгандек бўладилар[3]

Учинчи қисм хабарларга “заиф ҳадислар” дейилади. Ва ўз навбатида улар бир неча турларга бўлинади. Улар қайси турга мансуб бўлмасин, уларнинг барчаси ягона бир ҳукмга бўйсунади. Яьни, “заиф ҳадислар” ақийда ва сулукий ҳукмларда эьтиборга олинмаган. Фақатгина баьзи олимлар, “заиф ҳадис”ни қиёсдан афзал билганлар. Аммо бу сўз назарий бўлиб, амалда эса бунинг том аксига гувоҳ бўламиз. Кейинроқ -инша Аллоҳ- бу масаланинг баьзи тафсилотларини баён қилиб ўтамиз.

Кўпчилик олимлар мазҳабига кўра, “фазоилул аьмол” масаласида заиф ҳадисларга амал қилиш жоиздир. Аммо амал қилиш жоиз деган олимлар наздида, ўша ҳадиснинг заифлиги ўта кучли бўлмаслиги ёки унинг ровийси бу ҳадисни саҳиҳ, деб эьтиқод қилмаётган бўлишлиги шарт қилиб қўйилган[4].

Ушбу манҳаж татбиқи йўлидаги энг улкан назарий муаммо –бу ҳадис ровийлари ҳолатини билиш, уларнинг ҳақийқий сийратидан бохабар бўлиш, уларнинг махфий ахлоқлари ҳақида ҳам маьлумот излаб топиш имконини берадиган йўлни топишдир. Зеро, ровийлар кўпчилиги турли диёр ва шаҳарларга тарқалиб кетганлар. Ровийларнинг ҳақий сийратлари ва ҳолатлари билан танишиб чиқилгандагина, ҳадис санадларини тасниф қилиш ва унга кўра ҳадислар даражаларини аниқлаш мумкин бўлади.

Ҳа, бу муаммо нақадар улкан бўлмасин, айтиб ўтганимиздек, назарий жиҳатдангина муаммодир.  Аллоҳ азза ва жала  ҳадисларни тадвин қилиш асри уламоларига  - уларнинг қалблари ихлос билан лиммо-лим эканини ва Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ с.а.в суннатларига нисбатан бўладиган лоқайдлик ҳамда турли ҳийлалардан сақлашга интилаётганларини кўриб - уларга лутф айлаб, ушбу муаммодан ошиб ўтишни қулайлаштириб қўйди. Улардаги мана шу олий мақсад, бу борада улкан бир фанни тадвин қилишга муваффақ айлади. Жаҳон маданияти, илм ва идрок аҳли тарафидан на бундан аввал, ва на бундан кейин бунинг кабисини кўрмади.  Бу фаннинг номи- “Жарҳ ва таьдил”дир, яьни, (ровийларни ёлғончилик ва шу каби ривоятга путур етказадиган иллатлар билан жароҳатлаш ёки уларни бу каби иллатлардан пок эканликларини ўрганиш). Ушбу фан, биз баён қилаётган манҳажнинг биринчи қисми учун хизматчи ва тўлдирувчи ҳисобланади. Бу фанга доир бўлган китоблар қуйидаги мавзуларни ўз ичига олади;

а) ривоят фани билан шуғулланган барча зотлар исмлари;

б) уларнинг дақиқ ҳолатлари;

в) уларнинг ҳар бирининг қанчалик тўғри йўлда эканлиги, яьни, истиқомати;

г) уларнинг ишончлилиги билан қозонган даражалари.

Шунингдек биз айтиб ўтганимиздек, бу фан уламолари, одатда инсон асло етишиб бўлмайдиган ажойиб самараларни қўлга киритдилар.  Бунинг асосий сабаби улардаги ихлос ва Аллоҳнинг дийни учун куйиб–ёнишлари эканлиги шубҳасиздир.

Иккинчи қисм:

Нассларнинг ривоят жиҳатидан илмий ишончга эга эканлиги собит бўлгач, эндиги навбат кейинги босқичга етиб келганлиги шубҳасиздир. Навбатда турган босқич, бизга ишончли санад орқали етиб келган нассларни тўғри ва том англаб етиш учун ана шу нассларга диққат-назар қилишдир.  Маьлумки, ижтиҳодлар, фиқҳий фатволар ва эьтиқодий масалаларда кўплаб изтироблар ҳамда жиддий тортишувлар учраб туради. Бу тортишувларнинг асосий сабаблардан бири эса, ўша тортишувчилар олдида нассларни тўғри англаш ва уларнинг далолатларини чегаралашга тааллуқли муттафақ меьзоннинг бўлмаслигидир.

Биз баён қилиш арафасида турган меьзон ана шу тортишувларга барҳам берувчи меьзон ҳисобланади.  Ушбу меьзон кейинроқ кашф қилинган ва тадвин қилинган бўлиб, у динни, унинг эьтиқодий ва сулукий аҳкомларини маьрифатини мукаммаллаштирувчи манҳаж биносидаги иккинчи устун саналади.

Мазкур меьзон кириш қисми, асосий қисм ва тўлдирувчи қисмдан иборатдир. Бу қисмларнинг барчасини қисқача шарҳлаб ўтамиз.

Кириш:

Ушбу кириш қисмида Исломнинг барча асослари ва аҳкомлари ундан олинадиган масдарлар баёнин қилинган.  Бу ўринда, асос ва аҳкомлар эьтиқодий ёки сулукий бўлишининг аҳамияти йўқдир.

Биз ушбу китобимизда, турли рисолаларда узундан узун баён қилинган, энциклопедияларда умумий келтирилган маьлумотларнинг қаймоғини ўз ичига олган қисқача таьрифни келтириб ўтмоқчимиз. Зеро энциклопедияларда бирон - бир мавзуни ўрганиш умумий суратда келтирилади. Мазкур биз баён қилмоқчи бўлиб турган кириш сўзида хосроқ жамлангандир.

Дарҳақиқат, Ислом асослари ва аҳкомларининг барчаси хабар ва маьлумот ёки буйруқ ва қайтариқ маьноларидан бирига тааллуқли бўлади. Демак, Ислом асослари ва аҳкомлари жумлалари хабар бериш ва янги маълумотни (иншо) англатиш маьноларидан ташқарига чиқмайди.

Ҳар бир соҳанинг, ҳақийқийси ва сохтасини текшириб кўриш ва синаб билиш учун, ўзига хос манҳажи, тартиб-қоидаси бор. Ҳудди шунингдек, хабарларни текшириб кўришнинг ҳам ўзига хос услуби бор.  Аммо шуниси аниқки, бирон хабарнинг рост ёки ёлғонлигини текшириш тажриба ва мушоҳада манҳажи, ёҳуд ҳис қилиш ва сезиш қобилиятлари орқали исботланмайди. Хабарларни текшириб кўришнинг ягона йўли бу- ахборот матнидир. Мазкур матн эса, ўтмиш, ҳозир ва келажакдан иборат даврлар орасидан бирортасига оид бўлган қандайдир ҳодиса ҳақидаги хабар бўлиши мумкин ёки буйруқ ва қайтариқ орқали муайян бир сулукка бўлган йўлланма мазмунини ўз ичига олган бўлиши мумкин.  Исломий ақийдаларнинг барчаси бизга хабар ва маьлумот туридан бўлган матнлар орқали етиб келган бўлса, Ислом ҳукмлар эса, буйруқ ва қайтариқ йўли орқали етиб келган.  Демак, хулоса қилиб айтадиган бўлсак, киши Ислом ақийдаси ёки сулукига оид маьрифатни қўлга киритиш учун, хабар маьносидаги ёҳуд иншо маьносидаги насслардан бирига таянади. Киши, агар бу борада очиқ нассларни топа олмаса, у ҳолда мавжуд бўлган нассларга таққослаш ва улардан хулоса ясаш каби нассларга қувват жиҳатидан баробар ёки унинг тақозоси бўлган нарсаларга суянади. Қуруқ раьй ва фикргагина асосланган ҳолда Ислом ҳақида бирон сўз айтиш эса, Ислом ҳақийқатига нисбат энг узоқ сўз бўлади. Ҳақ дин бўлмиш Ислом билан самовий бўлмаган, тўқима ўзга динлар ҳамда турли-туман башарий фикрлар орасидаги фарқ ҳам айнан мана шудир.

Имом Шофеьий р.а ўзларининг “ал-Рисола” китобларининг илм бобида келтирган сўзларининг маьноси ҳам ҳудди шунга далолат қилади. Мазкур китобда: “(Одатда) фақат матлуб нарса (яьни, ҳақийқат) борасидигина ижтиҳод қилинади. Матлуб нарса эса, ҳар доим фақат аниқ мавжуд, қоим нарсага (яьни Китоб ва Суннатга) асосланган ҳолда бўлади.  Далиллар ёрдамида аниқ мавжуд, қоим нарса қидирилади ёки аниқ мавжуд қоим нарсага ташбиҳ қилинади...”

Шунингдек, Имом Шофеьий р.а нинг қуйидаги сўзларида ҳам юқоридаги маьнолар мавжуддир. Имом китобда (уламолар қўйган шартларга риоя қилинмаган ҳолда қилинган истеҳсонга мисоллар келтириб ўтганларидан сўнг,) шундай дейдилар: “мазкурлар шундай бўлса, у ҳолда олимлар фақатгина илмий тарафдан гапиришлари лозим бўлар экан. Илмий тараф(дан мурод) эса, қатьий хабар ва далиллар асосидаги тўғрилик узра бўлган қиёсдир. Токи, илм соҳиби доимо хабарга эргашувчи, қиёс билан хабар талаб қилувчи бўлсин. Ҳудди, у кўриш орқали байтуллоҳга эргашгани, далиллар излаш, белгилар қидириш орқали ижтиҳод қилиш ёрдамида қасд қилган нарсасини талаб қилганидек.  Агар (соҳиби илм) қатьий хабар ва қиёссиз гапирса, бу ҳолда у илмсиз гапирган кишидан кўра ҳам гуноҳкорроқдир. Аллоҳ, -Расулуллоҳ с.а.в дан сўнг- бирон бир кишига аввал мавжуд бўлган илмий жиҳатларсиз сўзлашга изн бермади. Ул зот с.а.в дан кейинги илмий жиҳатдан (мурод): Китоб, Суннат, Ижмоь, Асарлар ва уларга асосланган  -мен сифатлаб ўтган- Қиёсдир.”

Биз, мусулмон киши илмий жиҳатга таянмаган ҳолда, Ислом  ҳақида сўзлашга ҳаққи йўқ эканлигини билиб олдик. Бу ўринда “илмий жиҳат”дан қасд қилинаётган нарсалардан мурод бизга етиб келган хабар ёки маьлумотдир. Юқорида зикр қилиб ўтилган нарсалардан яна шу нарса ҳам шак-шубҳсиз собит бўлдики, ушбу хабарнинг масдари, асоси Аллоҳнинг каломи бўлмиш, Қурьони Каримдир. Қурьони Карим эьтиқодий ишлар ҳақида хабар берувчи ва сулукий ҳукмлар хусусида эса, иншо қилувчи насслардан иборатдир. Қурьони Каримга мурожаат қилинган чоғда, яна шу нарсанинг гувоҳи бўламизки, Аллоҳ таоло мусулмонларни –Қурьоннинг маьнолари яширин оятларини баён қилиш ва мужмал оятларини муфассаллаштириш учун- Расулуллоҳ с.а.в сўзлари ва иш-ҳаракатларини далил қилиб олишга амр қилмоқда. Қурьон орқали бизга очиқ баён бўлаётган ҳақийқат шулки, Аллоҳ таоло мусулмонларни –гарчи Қурьон сукут сақлаган масалаларга доир бўлса ҳам- Расулуллоҳ с.а.в нинг ҳар бир буйруқларига итоат қилишни амр қилади. Ва натийжада, Қурьоний кўрсатма ҳукмига биноан, Суннат иккинчи манба ва Қурьоннинг баёнига айланади.

Шунингдек, Қурьонга мурожаат қилиш орқали, мусулмонлар иттифоқ қилган ҳамда фикрлари унинг атрофида жамланган дийний ишлар ва ҳукмларга эргашиш ҳам, ҳар бир мўмин-мусулмон киши учун шарт эканлиги маьлум бўлди.  Зеро Аллоҳ таоло, Қурьони Каримнинг Нисо сураси; 115 оятида: “Ким ўзига ҳидоят равшан бўлгандан кейин Пайғамбарга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга  юрса, кетган томонга қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой!” маьносидаги сўзларини нозил қилган. Ушбу ояти карима ҳукми ва бизларгача маьнавий мутавотир даражасида етиб келган кўплаб ҳадислар далолатига кўра,  Ижмоь учинчи шарьий масдар ҳисобланади. Ва унга итоат қилиш Қурьонга итоат қилиш тақозоси саналади. Ижмоьнинг шарьий масдарлардан бири эканлигига қуйидаги ҳадислар далолат қилади. “Умматим залолат узра жамланмаслиги аниқдир[5]”. Узун ҳадисда, Расулуллоҳ с.а.в ҳазрати Ҳузайфа р.а га “жамоатни ва уларнинг раҳбарини ўзингга лозим тутасан” дея тавсия қилганлар[6]. Насоий р.а ва Аҳмад р.а лар “Дарҳақиқат, шайтон жамоатдан ажраган кимса билан биргадир.” ҳадисини ривоят қилганлар. Ҳудди мана шу маьнодаги ҳадислар жуда кўп ривоят қилинган.

Қурьони Каримни  янада диққат билан тадаббур қилинса, унда кўпинча ҳукмлар ташриь қилинган чоғда, уларнинг иллатлари ҳам эьтибордан четга қолмаганини гувоҳи бўламиз. Ҳукмлар иллатларини баён қилган Аллоҳ таоло, Қурьон орқали ўша иллатлар қайси ўринда топилмасин, ўша иллатлар боис ташриь қилинган ҳукмларга эргашишни ҳам буюради.  Эьтибор  берилса, Аллоҳ таоло кўплаб оятларда ҳукмлар иллатларини зикр қилиб ўтгач, унинг ортидан такрор-такрор “Ибрат олинг, эй ақл эгалари![7]ёки “Эй ақл эгалари![8] дея марҳамат қилади. Аллоҳ таоло ушбу оятларда мўьминларга қарата: “мана шу ҳукмнинг ушбу  ҳодиса ёҳуд масалагагина тегишли деган ҳарфийлик билан кифояланиб қолманглар. Балки ҳукм унга асосланган иллат, унга ўхшаган қайси масала ёки ҳодисада топилса, бас унга ҳам ўша ҳукмни татбиқ қилинглар” демоқчидек, гўё.  Набий с.а.в ҳадисларида ҳам ҳудди шу маьнолар мужассамдир. Пайғамбар с.а.в Муоз р.а ни Яманга элчи сифатида юбораётган пайтларида, унга қарата: “Қай тарзда ечим чиқазасан?” деб сўраганларида, бунга жавобан Муоз р.а: “Аллоҳнинг китобидаги нарсалар билан ечим чиқазаман” деб айтдилар. “Агар Аллоҳнинг китобида (очиқ тарзда) бўлмасачи?”- деганларида, “Аллоҳ расули с.а.в суннати ила” – деб жавоб бердилар.  “Бордию, Аллоҳ расулининг с.а.в суннатларида ҳам (очиқ тарзда) бўлмасачи?” – деб сўраганларида, Муоз р.а: “Раьйим билан ижтиҳод қиламан ва (бу йўлда) бор иқтидоримни сарфлайман.” деб  жавоб бердилар. Воқеа жараёнини давом этдирган Муоз р.а: “(жавобимни эшитган) Расулуллоҳ с.а.в (тасдиқлаш маьносида) кўксимга уриб қўйдилар, сўнгра “Аллоҳ расулининг элчисини Аллоҳ расулини рози қиладиган нарсаларга (яьни, услуб ва манҳажга) муваффақ қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин!” дедилар[9].

Ҳадис шориҳлари айтишларича: ““раьйим билан ижтиҳод қиламан” сўзининг маьноси “муаммони қиёс йўли билан Китоб ва Суннатга қайтараман” деганидир.

Ваҳоказо, диннинг асоси ва масдари бўлмиш Аллоҳнинг китоби Аллоҳ расули суннатига эргашишни амр қилади. Шунингдек, у мусулмонларни мусулмонлар ижмоь қилган нарсага қулоқ осишга буюради. Мусулмонлардан мурод, уларнинг уламоларидир. Мусулмонлар оммаси ўз уламоларининг ижмоьларига итоат қилишлари лозим. Аллоҳ таоло буюрган нарсалардан яна бири, мусулмонларни насслар ўз ичига олган ҳукмларнинг иллатларини таниш борасида ижтиҳод қилишлари, сўнгра ўша иллатларнинг диннинг шохлари ва бўлакларида ҳам топилиш миқдорига қараб ҳукмлар доирасини кенгайтиришга амр қилишидир.

Исломнинг тўрт она масдарлари мана шулардир. Аслида эса, уларнинг барчасининг асосий масдари, ўзаги Қурьони Каримдир.

Мусулмон киши, мазкур қисқача кириш қисмида айтиб ўтилган нарсаларга ишонади ҳамда ушбу диннинг масдари ва сарчашмаси бу Аллоҳнинг китоби эканлигига ҳеч қандай шубҳа билдирмайди. Юқоридагилардан хабардор бўлган мусулмон киши, илмий мантиқ тақозосига кўра, бор диққат-эьтиборини ушбу Илоҳий Китоб лафзлари тааммулига қаратади. Ундан ирода қилинган маьноларга “соғ-саломат” етиб олиш учун, унинг жумлалари ва насслари тузилишини ўрганиб чиқади.  Бу мақсад йўлида сўзсиз суннати набавийга ҳам мурожаат қилади ва Расулуллоҳ с.а.в сўзлари ҳамда амалларини чуқур мулоҳаза қилиб чиқади. Зеро, Қурьондан ўзга далилларнинг барчаси Қурьоннинг баёни ва уни муфассаллаштирувчи расм ҳукмидадир.

Юқорида зикр қилинганларни амалда ижро этган мусулмон киши Аллоҳнинг китоби келтирган ушбу дин ҳақиқатлари ҳақидаги илмга етишади. Ҳосил бўлган илм натижасига кўра, дийний илмнинг иккига бўлиниши маьлум бўлади:

Биринчи қисм: Умумий тарзда инсонларнинг барчасини ўз ичига олувчи илм. Бу қисмга мансуб бўлган илм- инсонлар модомики оқил ва рошид эканлар- уларнинг идроки, илмий савияларидан қатьий назар барчасини баб-баробар қамраб олади. Ушбу илм борасида ҳеч кимнинг билмаслик  узри қабул қилинмайди. Бирон бир киши уни таьвил қилиш ёки уни тушунишдаги тортишув ёҳуд унинг ривоятидаги хато, деган сабаблар билан уларга қарши ҳужум қилолмайди. Мазкур илм,  ақоид куллиятлари билан бирга -беш вақт намоз, инсонлар зиммасига рамазон ойи рўзасини тутиш, қодир бўлсалар байтуллоҳни ҳаж қилиш, молларидан закот беришнинг фарзлиги ҳамда уларга рибо, зино, қотиллик, ўғрилик ва ичкилик ҳаромлиги каби- исбот талаб қилмас фарзлар ва ҳукмларни ўз ичига олади.

Бу турдаги илмларнинг ҳаммаси Қурьон нассларида битиб қўйилган ва аҳли Ислом омма наздида маьруф ҳамда машҳурдир. Буларни мусулмонлар оммаси ўзларидан аввалги мусулмонлар оммасидан нақл этганлар, Расулуллоҳ с.а.в дан ҳикоя қилганлар. Ислом уммати бу илмларни ҳикоя қилиш ва уларнинг вожиб қилувчи далил эканлиги борасида талашиб тортишмаганлар.

Бу илмнинг йўли- далолат ва собит бўлиш жиҳатидан қатьийлик, дея номланувчи йўлдир. Яьни, бу илмнинг ҳар бири насс масдаридан бошлаб токи бизгача тавотур йўли орқали етиб келган. Унинг сийғалари ва маьноларга бўлган далолати шу даражада очиқ равшанки, у ҳеч қандай таьвил қабул қилмайди, киши уни тушунишда хато кетиши мумкин эмасдир.

Бу тур илмга оид бўлган ҳукмларга келсак, инсонларнинг барчаси бу илмни эгаллашга мукаллафдирлар. Мажнун бўлмаган ҳар бир балоғатга етган киши борки, бу илмни билмаслик узрини  айтолмайди. Унга тегишли ҳукмлардан яна бири, бу турдаги илмларда ижтиҳод қилиш жоиз эмасдир. Зеро, кўпинча ижтиҳод ўз соҳибини зонн даражасидан юқорига, яьни қатьийлик даражасига, кўтаролмайди. Ундан ташқари, мужтаҳид тарафидан гоҳида хатолар юзага келиши мумкин. Шунингдек, одамларнинг ижтиҳод иқтидорлари ҳам турличадир. Мана шу сабабларни эьтиборга олсак, бу турдаги илмда ижтиҳод жоиз эмас эканлиги равшан бўлади. Ушбу турга мансуб илмлар эса, юқорида баён қилиб ўтганимиздек, бундай нарсаларнинг барчасидан покдир.

Иккинчи қисм: фақатгина хос инсонларни ўз ичига олган илм. Бу хос инсонлар ўзларининг илмий ҳимматлари ва тадқиқот ҳамда изланишлари туфайли ўзгалардан юқорилаб кетган кишилардир. Эьтиқод куллиятлари ва маьруф ҳукмлардан ташқари уларнинг тафсилоти, тафарруотига доир бўлган, улар ҳақида турли эҳтимоллар билан ворид бўлган илмлар мана шу турдаги илм сирасига киради. Шунингдек, бу тур илмга, гарчи мавзуси ақидага оид бўлса ҳам, аммо санади тавотур даражасига етмаган хабарлар киради. Бундай хабарлар туркумига “оҳод хабарлар” дейилади. Булардан ташқари, қиёс ҳам ўзининг барча навлари билан мазкур турдаги илм сафига қўшилади.

Мана шу иккинчи турга мансуб илмларнинг кўпи кўпчилик инсонлар наздида зонн даражасидан юқорига ўтолмайди. Айрим ҳолатларда, айрим тадқиқотчилар узоқ муддатли таҳқиқлар ва тадқиқотдан сўнг, ўзининг наздида, ушбу илмни қатьий деб билиши ҳам мумкин.  Аммо биз такрор айтмоқдамизки, унинг бу ҳукми ўзининг наздидадир, бошқалар эса буни зонндан юқорига кўтаролмайдилар.

Бу турдаги илмга тегишли ҳукмларга келсак, Аллоҳ таоло бандаларининг барчасини мана шу турдаги илмни ўз ичига олувчи илм даражасига етишни амр қилган эмас. Нафақат барчани, ҳатто хос бандаларининг ҳаммасини ҳам бу нарсага буюрган эмас. Аллоҳ таоло бир жамоа кишиларни бу даражадаги илмга етишмоқликни амр қилдики, токи улар қолганлардан ушбу илмга бўлган эҳтиёжни кетказсин. Токи улар, инсонларга Аллоҳ таоло тарафидан уларга юкланган Исломий вазифаларини тўла-тўкис адо қилишлари учун керак бўладиган даражадаги таьлимотни етказиб берсинлар. Гарчи, инсонлар ўз елкаларидаги вазифаларини уларга тақлид ва тобеьликка кўра адо қилсалар ҳам, бунинг зарари йўқдир.

Ушбу турдаги илмга оид бўлган ҳукмлардан яна бири, мана шу турдаги илмгагина асосланган нарсаларга қатьий риоя қилиш, унга кўра эьтиқод қилиш инсон учун мажбурий эмас. Биринчи турдаги илмга эьтиқод қилмаган кишилар кофир саналади, аммо иккинчи турдаги илмга эьтиқод қилмаганлар эса кофир саналмайдилар. Балки уларнинг бу илмни билмаслик узрлари мақбулдир, шунингдек, уларнинг бу илм ҳақида шубҳаланиш ҳақлари ҳам мавжуддир.  Уларнинг номидан, хос бўлган бир жамоат олимлар уларга ҳақ йўлни кўрсатиб берсалар, уларга лозим бўлган ишларни ўргатсалар ёки улар билишлари афзал бўлган йўл-йўриқларни уларга билдирсалар, мана шунинг ўзи улар учун кифоя қилаверади(1).  (1) аввлаги манба.

Ушбу турдаги илмга оид бўлган ҳукмлардан яна бири, далиллари оҳод ҳадислар бўлган ибодатларни қилишнинг машруь эканлигидир. Зеро, биз юқорида айтиб ўтганимиздек, иккинчи турдаги илмга мансуб масалаларнинг кўпи зоннийлик даражасидан юқорига кўтарилмайди. Ижтиҳодий масала ва ишларнинг кўпи мана шу турга, яьни, зоннийликка мансубдир. Уларнинг бошида, бизгача оҳод йўл билан етиб келган хабарлар туради. Аллоҳнинг лутфи-карамидан яна бир нишона шулки, Аллоҳ таоло ўз бандаларига ақидавий масалаларда оҳод ҳадислар тақозосига кўра эьтиқод қилишни фарз қилмади. Агар бундай қилганида эди, Аллоҳ таоло уларни ҳаражга солганлиги аниқ бўлар эди. Зеро, эьтиқод қилиш рағбат, хоҳиш ва ихтиёр билан бўлмайди. Балки, инсондаги эьтиқод қатьий далиллар ва ишончли ҳужжатлар самараси ўлароқ юзага келади, ихтиёр ва хоҳиш натижасига кўра эмас.  Аммо бу дегани, динда зонний далилларнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ дегани эмас.  Балки, зонний далиллар сулукий итоат ва ибодатлар борасида асосий манба ҳисобланади. Ишончли қатьий далиллар далолатига кўра, мусулмон киши ўзининг юриш-туришига оид шариат ҳукмларида оҳод хабар ва унинг ҳукмида бўлган ижтиҳодий далилларга биноан ибодат қилишлиги талаб қилинади. Бизга маьулмки, оҳод хабарлар зоннийлик даражасида туради, насслар далолатидан олинган қиёс ва истинботлар ҳам, ҳудди улар каби зоннийлик мақомига эгадир.

Биз юқорида баён қилиб ўтган, оҳод хабарларга ҳам жиддий эьтибор бериш кераклиги ҳақидаги сўзларимизга исбот сифатида, қуйидаги қатьий далилларни келтириб ўтамиз. Масалан, Аллоҳ таоло бизларни маҳкамаларда адолатли икки гувоҳга таянган ҳолда ечим чиқазишга амр қилди. Бу ҳақида Қурьони Каримда очиқ ойдин ояти карима мавжуд. Ваҳоланки, уларнинг гувоҳлик бераётган нарсалари хусусидаги гувоҳликлари зонний бўлиб, бу гувоҳлик қатьийликни ифодаламайди.  Икки гувоҳнинг шаҳодатида, улар ҳар қанча адолатли бўлсалар ҳам, хато ёки ёлғон эҳтимоли мавжуддир. Аммо шундай бўлсада, маҳкамада барибир уларнинг гувоҳликларига биноан ҳукм чиқазилаверади.

Иккинчи мисол; биз Каьбадан узоқ ҳудудларда бўлган чоғларимизда, Каьба тарафига  тахминий бўлса ҳам, юзланишимизни Аллоҳ таоло амр қилган. Бундай пайтларда Каьбага айнан юзланиш қатьий эмаслигини кўпчилик яхши билади.

Учинчи мисол; Расулуллоҳ с.а.в турли диёрларга динни ўргатиш, етказиш ва иршод учун элчилар юборган пайтларида, кўпинча уларни жамоа шаклида эмас, балки тарқоқ ҳолда юборар эдилар.  Ваҳоланки, улар етказган хабарлар даражаси зоннийликдан юқорига ўтмас эди. Аммо биламизки, элчилар, уларнинг хабарлари инобатга олиниши учун юборилади.

Мана шу қатьий, мутавотир далилларга асосланган ҳолда, Аллоҳ таоло бандаларига қарата: “сизлар соғлом ижтиҳодий маслакка таянган ҳолда ижтиҳод қилсаларингиз, ва унга кўра, “Аллоҳ бизни фалон нарсага амр қилди ёки фалон нарсадан қайтарди” деб ўйлаётган бўлсаларингиз, демак, билингларки мен сизларга (амалларни) ўша ўйларингизга биноан татбиқ қилиш ва юришни вожиб қилган бўламан.” деётгандек бўлади[10]

Иккинчи тур илмга боғлиқ бўлган ҳукмлар мана шулардан иборатдир.

Бизнинг, “иккинчи турга мансуб илмлар ҳақида билмаслик ёки у ҳақида шубҳада бўлишлик, кишини кофир қилиб қўймайди”, деган сўзларимиз, кишининг хаёлига зинҳор ва зинҳор  “демак, бу турдаги илмлар унчалик муҳим эмас эканда” деган фикрни келтирмасин.

Зеро, кишининг куфрдан нажот топишлиги, унинг фисқ, бидъат ёҳуд залолатдан ҳам нажот топишлигидир, деган ҳулосани бермайди. Маьлумки, кўплаб фирқалар бор, улар Қурьони Мубин ҳидояти ва аҳли суннат вал жамоат чизиғидан четга оғиб кетганлар. Аммо, биз уларни, ушбу оғишлари сабабли, куфр билан айблай олмаймиз. Аслида эса, уларнинг фисқ, исён ва бидъат тарафга оғиб кетганликларида ҳеч қандай шубҳамиз йўқ.

Фисқ, исён ва залолат йўлига кириб кетган  гуруҳлар бу нотўғри йўллардан қутулиш учун, биз баён қилмоқчи бўлган, ушбу жамловчи манҳажга эргашишлари лозимдир. Бордию, уларда нассларни тўғри англаш ва унга амал қилиш учун етарли бўлган илмий салоҳият бўлмаса, у ҳолда уларнинг ҳадиси шарифда ворид бўлган “саводи аьзам”га эргашишга, кўпчилик мусулмонлар изидан кетишга ҳақлари бордир. Зеро, Аллоҳ таоло Наҳл сураси\43 оят; Анбиё сураси\7 оятларда “...Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳл(лар)идан сўрангиз” маьносида оят нозил қилгандир.

Ушбу кириш қисмида зикр қилинган нарсалар билан танишиб чиққан мусулмон, шариатнинг асоси ва сарчашмаси -Аллоҳнинг Китоби Қурьон- эканлигига қатьиян ишонади. Қурьондан бошқа масдарлар эса, ундан чиққан шоҳлар ёки унинг иловаси ҳукмида эканлигини англаб олади. Бошқа масдарларга берилаётган эьтибор, Қурьоннинг тақозосига кўра эканлигини ҳам тушуниб етади. Ва натийжада илмий мантиқ, кишига бутун диққат-эьтиборни ушбу Илоҳий Китоб лафзлари ва жумлаларини мулоҳаза қилиш ва насслари тузилишини ўрганиб чиқишни вожиб қилади. Булардан кўзланган мақсад, токи мусулмон киши насслардан ирода қилинган маьноларни, Шориьнинг мақсади ва амрига мувофиқ тарзда тушуниб етсин. Бу мақсадга етишмоқлик йўлида, киши табиийки, Набавий Суннат нассларини тадаббур қилиш, Расулуллоҳ с.а.в аҳвол ва аьмолларини тааммул қилишдан кўмак олади. Дарҳақиқат, бундан бошқа манбалар Қурьонда ворид Аллоҳ шариатининг баёни ва тафсийлий расмидан ўзга маьнони ифодаламайди.

Муҳим вазифа баёни олдидан,  биз тушунтириб ўтган “кириш қисми” ниҳояланиб, эндиги навбат “асосий қисмга” етиб келди.

АСОСИЙ ҚИСМ

Биз асосий қисмдан, насслар тафсирида риоя қилиниши лозим бўладиган, араб тили қоидаларини назарда тутмоқдамиз. Зеро араб кишиси, араб тили лафзлари маьноси ва таркибларини бу қоидаларсиз тўғри маьнода тушуниб етолмайди.

Мазкур қоидалар мажмуаси икки қисмга бўлинади. Биринчиси далолатлар қисми; иккинчиси баён қисми.

Далолат қисмида, лафзларнинг маьноларга далолат усуллари ўрганилади.  Ўз навбатида ушбу усуллар тўрт бўлимга бўлинади.

Биринчи бўлим қуйидаги усулларни ўз ичига олади: лафзларнинг маьноларга  далолати кайфиятига доир усуллар; бу кайфиятларнинг “ҳақиқат”, “мажоз”, “муштарак”, “мантуқ” ва “мафҳум”ларга бўлиниши ҳамда уларнинг шартлари баёни.

Иккинчи бўлим, лафзларнинг маьноларга далолатининг нақадар кучли ёки кучсиз эканлигига кўра таснифоти ҳақидаги усулларни баён қилади. Бу бўлим ҳам, ўз навбатида “муҳкам”, “муфассар”, “насс”, “зоҳир”, “хофий”, “мушкал” ва “мужмал”ларга тақсимланади. Бу тақсимотдан мақсад,  лафз бир неча маьноларга далолат қилса ва бу маьнолар орасида зиддият юзага келса, у ҳолда қайси маьно муқаддам қилинишини аниқлашдир.

Учинчи бўлимда жумлаларнинг, ўз тақозосига кўра,  “хабар” ва “иншо”га бўлиниши ҳақидаги усуллар зикр қилинади. Шунингдек ушбу бўлимда, хабарлар таклийфий ҳукмларнинг таянчи ва асоси саналмиш вазьий ҳукмларга далолат қилишдан бошқа нарсага салоҳиятли эмас эканлиги ҳам баён қилинади. Таклийфий ҳукмларга далолат қиладиган иборалар эса, иншо тарзида бўлишлиги ҳам айнан мана шу бўлимда айтиб ўтилади.   “Иншо” амр ва наҳий сийғасида келиши ҳам кўпчилик учун маьлумдир. Амр ва наҳий сийғалари, уларнинг маьноларга далолатини аниқлашга ёрдам берувчи ҳолатлардан айри келган чоғда, қай маьнога далолат қилиши ҳам мана шу бўлимда эслатиб ўтилади.

Тўртинчи бўлим лафзлар далолатининг кенг ёки тор қамровли бўлишини ўргатувчи усуллар ҳақидадир.  Ушбу бўлимга кўра, лафзларнинг “хос”, “ом”, “мутлақ” ва “муқайяд”ларга бўлинишини билиб олиш мумкин. “Хос”нинг далолат доираси тор бўлса, “ом” кенг қамровли бўлади. “Мутлақ” чегараланмаган фардларга далолат қилса, “муқайяд” эса муайян сифат билан сифатланган фард ёки кўпчиликка далолат қилади.

Баёнга келсак, у қуйида зикр қилинадиган ҳолатларда риоя қилиниши лозим бўлган қоида ва усуллар ҳақида тушунча бериб ўтиб ўтади.

А) “хос” (яьни, тор далолатли) лафз билан “ом” (кенг далолатли) лафз орасида қисман зиддият пайдо бўлиб қолган чоғда. Бундай чоғларда ўртадаги зиддиятни қандай бартараф қилиш йўллари араб тили қоидаларида муфассал ёритилган.

Б)  “мутлақ” ва “муқайяд” орасида қисман зиддият юзага келганда. Бу иккаласи орасини мувофиқлаштирувчи қоидалар ҳам араб тили қоидаларида мавжуддир.

В) айрим калималар таьвилни тақозо қилади, яьни, зоҳирий маьносидан ўзга маьнога кўчиришни тақозо қилади, ана шундай чоғларда. Зеро, айрим ҳолатлар борки, лафзни таьвил қилмоқ вожиб бўлади, айрим ўринларда эса мутлақо таьвил мумкин эмас. Бу каби ўринларга оид қоида ва усуллар мана шу қисмда ўрганилади.

Г) “мужмал” лафзларга дуч келинган пайтда. Бу пайтда лафзнинг мужмаллиги қай тарзда барҳам топади. Лафз ёки жумланинг умумий маьноси нималардан иборат эканлиги баён қилинади.

ТЎЛДИРУВЧИ ҚИСМ

Ушбу қисмда қуйидаги масалалар ёритилади:

А) шарьий ҳукмларни тўғридан-тўғри масдарлардан олишни истаган, насслар далолатларини аниқлаштирмоқчи бўлган, мухталаф ва зиддиятли насслар орасини мувофиқлаштирмоқчи бўлган кишиларга тааллуқли бўлган масалалар. Зеро, ҳар қандай мусулмон ҳам насслар далолат қиладиган маьноларни тўғридан-тўғри англаб етишга қодир эмас.

Б) ижтиҳод даражасига етиш учун мусулмон изланувчида топилиши лозим бўлган шартлар ҳамда ижтиҳод даражасига етган кишиларга оид бўлган ҳукмлар. Ҳудди шу каби, ушбу қисмда мазкур даражага етмаган кишилар таьрифи ва уларнинг вазифалари айтиб ўтилади.

В) фатво бериш ва фатво сўрашга оид ҳукмлар ва уларнинг шартлари.

Г) далиллар тартиби ва улар орасида зиддият пайдо бўлган пайтда уларни таржиҳ қилишга доир масалалар.

Мусулмон киши учун -хоҳ эьтиқодий, хоҳ  сулукий бўлсин - ўз дийнини мустаҳкам ушлаш қай тарзда бўлишини кўрсатиб берувчи меьзон мана шудир.  Биз зикр қилиб ўтганимиздек, меъзон кириш қисми, асосий қисм ва тўлдирувчидан иборатдир. Мазкурлар барчаси, “Усул ал-фиқҳ” илми ёки “Насслар тафсири қоидалари” илми каби илмлар доирасига киради.

Мусулмон кишининг рушду ҳидоят йўлларида қанчалик тўғри ҳаракат қилаётгани мана шу меьзонга кўра, маьлум бўлади.  Ҳудди шу каби, мана шу меьзонга кўра, нафсу ҳаво эгаларининг сироти мустақиймдан қанчалик оғиб кетганлари аён бўлади. Бу хусусда мусулмон кишининг қайси асрда яшашлиги эса, умуман аҳамиятсиздир.

Ушбу меьзонга риоя қилган киши, Аллоҳнинг китобига эргашувчи, Расулуллоҳ с.а.в. суннатларига боғланган киши ҳисобланади. Китобнинг аввалида айтиб ўтганимиздек, киши салаф асрида яшайдими ёки улардан кейинми, бунинг ҳеч қандай эьтибори йўқдир. Аммо бу манҳажга риоя қилмаган киши, - у қайси асрда яшамасин, у ҳатто ҳижратнинг илк асри вакили бўлса ҳам, Расулуллоҳ с.а.в мажлислари иштирокчиси бўлса ҳам -    Аллоҳнинг китобидан четга чиққан, Расулуллоҳ с.а.в суннатларидан узоқлашган кимса саналади.



[1] Биз бу ўринда қасд қилаётган “манҳаж”, кўплаб ғарблик тадқиқотчилар тушунчасидаги маьнода эмас. уларнинг  тушунчасидаги нарсага “бахс низоми”, дейилади. бу эса, умуман бошқа нарса бўлиб, бу фақатгина анализ ва бахс услубидан ўзга нарса эмас. кўплаб мусулмон тадқиқотчилар мана шу жойда тушунмовчиликка йўл қўядилар.

[2] Айнан мана шу сабабдан ҳам эьтиқод далилларига оид бўлган таклифи Илоҳийлар фикр ва уни қўллашга қаратилган бўлади. Фикрни ишлатиш инсоннинг имконият доирасидадир. Таклийфи Илоҳийларда таклифлар тўғридан-тўғри эьтиқодга йўналтирилган бўлмайди. Чунки инсонни бирон нарсага мажбурий эьтиқод қилдириш мумкин эмас. Биз айтаётган ушбу сўзларни яхшилаб тааммул қилиб кўрсангиз, бугунги кунда кўплаб тадқиқотчи ва ёзувчиларнинг тилида кенг тарқалган “эьтиқод эркинлиги” сўзларининг нақадар нотўғри эканлигини англаб оласиз. Зеро улар ўз сўзларида бугунги “ҳуррият асрида” инсоний талаблардан бири бу “эьтиқод ҳурлиги” деб айтадилар. Қани ўзингиз айтингчи, қайси ақли расо одам борки, у ўз эьтиқодида эркин бўлсин?! Ва у қандай қилиб эркин бўла олади?!

[3] Ғаззолийнинг “Ал-мустосфа” асари, 1 жузь; 146 саҳифасига қаранг.  ана шу китобда Ғаззолий р.а, “ҳасан ҳадис”ни ҳам, биз зикр қилиб ўтган масалаларда, “саҳиҳ ҳадис” жумласига қўшганлар.

[4] Суютийнинг “Тадрийб ал-Ровий» асарига қаранг.

[5] (ибн Можа ривояти; “Фитналар” китоби).

[6]  (Бухорий р.а “Фитналар”; Муслим р.а “Раҳбарлик” бобида ривоят қилганлар)

[7] (Ҳашр сураси; 6-оят маьноси)

[8] (Бақара сураси; 179 оят)

[9] Термизий, Абу Довуд р.а лар ҳазрати Муоз р.а дан ривоят қилганлар.

[10] Бу хусусда Шофеьий р.а нинг “Рисола” ва Ғаззолий р.а нинг “ал-Мустасфа” асарларига қаранг.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz