Ривожлантиришга олиб борган шароит ва омиллар Принтер учун
11.04.2014 й.

Саҳобалар р.а дастлабки пайтда, асосан Расулуллоҳ с.а.в ҳаётлик чоғларида, нассларга нисбатан муносабатда бўлишда, биз юқорида эслаб ўтганимиздек,  ўзларига хос бўлган тарзда эдилар.  Улар ортиқча саволлар беришни кариҳ кўрар, ундан қочиш ҳаракатида бўлар эдилар. Саҳобалардаги бунга сабаб бўлган нарсаларни ҳам, қисман аввалги бобда зикр қилиб ўтдик. Аммо саҳобаларнинг бу услублари, уларнинг илк мусулмон насли сифатига эга бўлганликлари муносабати билан, ўзларидан кейингиларга намуна бўладиган  асос ёки шариатга айланиб қолмади.

Ушбу сўзимизга, саҳобаларнинг ўзлари ҳам кейинчалик ушбу ҳолатда бардавом қолмаганликларини далил қилиш мумкин. Зеро улар, янги шароит ҳамда янги омиллар таьсири остида  насслар асосида ижтиҳод йўлига ҳам бош урдилар. Янги омиллар тақозосига кўра, улар ўзларининг кўплаб фикрий услублари, тарбиявий методлари ва сулукий одатларини ривожлантириб бордилар.

Бас, биз уларни бундай ривожланиш ва тараққиётга етаклаган энг муҳим омил ҳамда ҳолатларни қисқача келтириб ўтамиз.

Зеро ўша пайтдаги омил ва сабабларни билмаслик бизларни нотўғри тушунчаларга олиб келиши мумкин. Биз худди ана шу мақсадда  қуйидаги омиллар мажмуасини қисқа ҳолда санаб ўтамиз.

Биринчи омил: исломий футуҳотлар доирасининг кенгайиши. Дарҳақиқат, исломий футуҳотларнинг кенгайиши умумий, бир-бирига елкадош, бир-бирини тўлдирувчи маданиятнинг пайдо бўлиш асоси эди. Энди мусулмонлар сафида турли маданият, турли савия инсонлари турар эди. Ушбу доиранинг ранг-баранг, илмий ва маданий барча қисмлари билан танишиб чиқиш эса, ҳазоранинг биринчи асосий устуни эди. Энди ҳолат -маданият борасида – саҳобаларнинг янги ҳаётий тажрибалар ва одатлар, янги услубдаги  маиший ҳамкорлик ва ободончилик, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт асосларини ўрганиб чиқишларини тақозо этарди.    Илмий соҳада эса, дарс ҳалқалари, турли–туман масала ҳамда диний- адабий ва ундан бошқа мавзулардаги баҳс-мунозараларнинг пайдо бўлишини ўрганиб чиқишни шарт қилиб қўярди. Энди саҳобаларнинг муташобиҳот, насслар ва оятларнинг яширин маьнолари ҳамда ғайбга оид ажойиботлар ҳақидаги баҳсларга аралашмасдан имконлари йўқ эди.  Ваҳоланки, илгари саҳобалар учун бу мавзуларда уларга иймон келтириб, ҳотиржам қалблари ва қатьий ишонувчи ақллари ила оғизларини тўлдириб “эшитдик, тасдиқладик ва итоат этдик”  дея таслим бўлишларининг ўзи етарли эди.  Ваҳоланки бу мавзулар ижтиҳодни талаб қиладиган мавзулар эди. Ижтиҳод эса, ўз ўрнида кишини тортишувга олиб боради... сўнгра ана шу баҳслашувда иштирок этганлар етиб келинган натижани битиб қўйиш ёки ўша тортишув-сўзлашувнинг “қаймоғини”  ривоят қилиш учун бел боғлашлари лозим эди.

Иккинчи омил: кўплаб ўзга дин вакилларининг Исломга киришлари.  Саҳобалар асрининг иккинчи ярмида кўплаб яҳудий, насроний, монавий, зардуштий, браҳман, собиийн ва бошқа дин вакиллари исломни қабул қила бошладилар. Исломни қабул қилган ўзга дин вакиллари орасида ўша динларга мансуб бўлган олимлар ҳам бор эди. Улар исломни қабул қилгач, бу диннинг ҳукмларини ўқиб ўргандилар, таьлимотини тушуниб етдилар. Сўнгра улар ўзларининг психологик табиатлари ва заруратидан келиб чиққан ҳукмлар билан ўзларининг аввалги динлари таьлимоти ҳақида ўйлар ва собиқ динлари ва Ислом ўртасида муқояса қила бошладилар.  Ушбу муқояса ва турли ўй-хаёллар натижасида  улар билан саҳобалар ўртасида, табиий равишда, баьзи ихтилофлар пайдо бўлди. Ана шу ихтилофлар, саҳобалар ва динни янги қабул ўзга дин олимлари орасидаги тортишув ҳамда баҳслашув ўчоғига айланди.

Биз, ўша пайтларда динни янги қабул қилган мусулмонлар орасида ҳали ҳам эски динларидаги баьзи бир нарсаларга мафтун ва хайрихоҳ бўлган кишилар бор эканлигини эҳтимолдан йироқ санамаймиз. Бу фаразан айтилаётган гап эмас, балки бу фикрни Аҳмад Амийн “Зуҳа ал-Ислам” китобида таржиҳ қилади. Ана шу сифатдаги кишилар мажлисларда ихтилофли масалаларни қўзғашар, ўзларининг собиқ динларидаги эьтиқодларга ислом либосини кийдиришар ва оят-ҳадислар ёрдамида ўша бузуқ эьтиқодларни мудофаа қилмоқчи бўлишар эди.  Аввалги даврларда бўлмаган ушбу ҳолат ва вазият Аллоҳнинг дини учун ғайратли, инсонларни унга даьват қилиш ва уларни бу дин билан таништиришга ҳарис бўлган ҳар бир мусулмонни ҳушёр бўлишга ундар эди. Яьни, бошларида динга нисбатан шубҳа, гумон ва васваса бўлган кишиларни ўша шубҳа-гумонлар гирдобидан қутқазишлари лозим эди. Динининг ташвишида юрган ҳар бир киши учун, алабатта иқтидорига кўра, улар билан улар тушунадиган услуб ва йўл билан муноқаша қилишлик, улар таьлиф қилган “тил”да китоб ёзишлик  шарт бўлиб қолди.  Улардаги шубҳаларни йўқ қилиш учун лозим бўлган изоҳлар ва муноқаша услублари саҳобалар учун авваллари махфий эди, аммо энди саҳобалар ўша услубларни мудофаа воситаси сифатида ишлатишлари лозим эди. Ўша замондаги шубҳа ва гумонларга қарши саҳобалар р.а нинг кўплари ҳудди мана шу тарзда муносабатда бўлдилар. Саҳобаларнинг бундай нарсаларга эьтибор бермасликни танлаш ихтиёрлари йўқ эди. Саҳобалар агар бу нарсаларга бепарволик қилиб, муноқаша ва баҳслашувдан юз ўгирсалар, у ҳолда шубҳа эгаларининг омма орасида ҳар қаерда шубҳа ва гумон тарқатиб юришларига имконият яратиб берган ҳисобланар эдилар.

Биз эслаб ўтган муҳит ва шароит, саҳобаларнинг таслимият ва ҳотиржам иймоний сукут босқичидан илм мувозанаси, луғат қоидаларию далолат асосларини ҳакам қилиш ва ақлни ҳушёр қилиш ҳамда уни ҳақиқат сари йўлловчи ақлий далилларни йиғиш босқичига ўтишларини тақозо этди. Ҳудди мана шу ҳолатлар, саҳобаларни шубҳапараст кишилар билан юқоридаги меьзонларга мувофиқ шаклда мужодала ва муноқаша қилиш эшикларини очишларига туртки бўлди.

Учинчи омил: яқин ва узоқ диёрларда миллионлаб кишиларнинг Аллоҳнинг динига гуруҳ-гуруҳ киришлари. Бу жараён кўплаб саҳобаларнинг узоқ ва яқин диёрларга Аллоҳнинг динини таьлим бериш, исломий ҳукмларни ўргатиш, ўша диёрлар аҳлларига исломий ахлоқ-одобни кўрсатиб бериш ва уларнинг бу динда сабот билан туришлари учун лозим бўлган кўрсатмаларни бериш мақсадида ҳижрат қилишларини тақозо этди.

Саҳобалар бу ҳижратлар асносида, аввал таниш бўлмаган шаҳарлар ва уларга номаьлум бўлган урф-одатлар билан юзлашдилар. Уларга тақдим қилинаётган шундай мушкилотлар бўлар эдики, уларнинг бошига бундай муаммолар биринчи марта тушаётган эди. Бу ҳолат ва заруратлар уларни, авваллари деярли ёпиқ бўлган, раьй ва ижтиҳод эшикларини очишларига мажбурлади. Саҳобалар эндиликда, илгари тарк қилинган, олқишланмаган ишлар билан шуғулланишга мажбур бўлдилар.

Турли диёрларга тарқалиб, ўша диёрларда ижтиҳод байроғини кўтарган кўплаб саҳобалар бор эди. Мадинада тўрт рошид халифалар, Абдуллоҳ ибн Умар ва Оиша р.а лар бу ишнинг бошида турсалар, Маккада Абдуллоҳ ибн Аббос р.а; Абдуллоҳ ибн Масьуд р.а эса Куфада ижтиҳодга сардорлик қилар эдилар. Анас ибн Молик билан Абу Мусо Ал-Ашьарий Басрада, Убода ибн Сомит билан Муоз ибн Жабал Шомда, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос р.а эса Мисрда ижтиҳод қилар эдилар.

Тўртинчи омил: зиндиқларнинг ёйилиши ва мусулмонларни чалғитиш ҳамда исломий ақидани англаш йўлига шубҳа уруғларини сочиш мақсадида шубҳалар билан тижорат қилувчи, талашиб тортишувни ўзига касб қилиб олган кишиларнинг пайдо бўлиши.

Ушбу омил, хоссатан, саҳобалар асрининг охирларида пайдо бўлди. Аммо, Исломий футуҳотлар кенгайиб, Исломни қабул қилувчилар зиёдалашиб боргани сайин, бу омилнинг доираси ҳам кенгайиб борди.

Юқоридаги омил саҳоба ва тобеьйинлар орасида кўпларнинг назарини ўзига жалб қилди.  Исломий ақийдани ботил фикрлар, васваса ва шубҳалар лойқалари ўраб олмаслиги учун, ўз динига ғайратли бўлган саҳобалар қалбини безовталик ва ташвиш эгаллаб олди.

Саҳобалар бу мақсадда турли чора-тадбир қидира бошладилар. Ва улар қарасаларки, ушбу гумонлар “илмий ҳужжат” ёки “мантиқли далил” дея номланадиган ҳимоя остида, одамларнинг кўзида қабул қилина бошланди, ақлларига ҳукмини ўтказиб борди.  Кўплаб инсонлар ақли “илмий шакл услублари” ёки “мантиқий далиллар кўринишлари”га сўзсиз итоат этишликлари бор ҳақиқатдир. Гарчи буларнинг барчаси “ҳақиқат” қиёфасидаги бўш суврат ва ваҳм бўлиб, унга кейинчалик либос кийдирилган бўлса ҳам.  Имом Ғаззолий р.а айтганларидек, одатда инсонлар гумонларга эргашувчи бўлади. Фақат, Аллоҳ асраган кишиларгина бундай гумонлардан, сохталарни кашф қиладиган ва ҳақ билан ботил орасини ажратадиган миқёслар ёрдамида, қутулиб қолади.

Ўша замонда уламолар гумон ва васвасалар пайдо қилган ёвузликларни даф қилиш учун, фикрлар ва ақллардан иборат қуроллар билан ҳужум қилишга эҳтиёж сезганлар.  Улар бу муаммолар қаршисида баҳс-мунозара эшикларини очиш ҳамда бузғунчилар ёки гумондан қутулолмаётган кимсалар билан мужодала қилишдан ўзга чора тополмадилар.  Мужодала ва баҳслашув, баҳс талаб қилаётган тараф тушунадиган, биладиган услуб асосида бўлиши ҳам уламолар назаридан четда қолмади. Имом Бухорий р.а мавқуф ҳолда ривоят қилишларича,  Алий р.а ана шу муаммо ҳақида “Инсонлар билан улар танийдиган нарса (услуб)да сўзлашинглар. Улар танимайдиган нарсаларни қўйинглар. (Ёки сиз) Аллоҳ ва расули ёлғонга чиқазилишини хоҳлайсизми?!”) деган эдилар.

Юқоридаги мазкур сабаб ва омиллар натижасида, ҳатто ақоидга доир масалаларда ҳам илгари ёпиқ бўлган мужодала эшиклари очилди ва бу соҳада баҳслашувчилар илмий ҳужжатлар ҳамда мантиқий далилларга бош урдилар. Ваҳоланки авваллари уларнинг одатлари таслимият, иймон хотиржамлигидан бошпана топиш ва “барчаси Раббимиз ҳузуридандир” (Оли Имрон сураси; 7 оят) салтанатидан паноҳ топиш эди.  Ҳуллас, мазкурлар “Калом илми”нинг пайдо бўлиши учун табиий муқаддима бўлди.

Саҳобалар ва тобеьийнлар тарихини биладиган, бу ҳақида тадқиқот ўтказган ҳар бир киши мана шу тўрт омилнинг тақрибан айни бир вақтда зоҳир бўлганлигига асло шубҳа билдирмайди. Салафи солиҳлар учун аввалгидек фикрлаш ва аввалги тарзда ҳаёт кечириш ҳамда бу шаклда бардавом қолиш имконсиз бўлиб қолди. Бу эса уларнинг аввалги ҳаёт тарзларидаги каби ривожланмайдиган, ўзгармас собитликни улардан кейин келадиган омма мусулмонлар учун унга иқтидо қилинадиган миқёсга айлантириб қўёлмади.

Эндиликда саҳобалар ҳаёт ва унинг заруратлари билан муомала қилишда,  юқоридаги омиллар тақозосига кўра, аввалгидан бошқачароқ услубга ўтишлари лозим эди. Улар энди илм, маданият ва билиш-англаш методлари борасида ҳам бошқача мураккаб йўлларга ўтишга  мажбур эдилар. Ваҳоланки илгари саҳобаларда мавжуд бўлган йўл ҳамда услуб кўпчиликка маьруф, содда ва  фитрий йўллардан иборат эди.

Юқоридаги сўзларимиз тасдиқи сифатида, биз сизнинг эьтиборингизга зикр қилиб ўтилган тўрт омил тақозосига кўра саҳобалар асрининг ярмидан бошлаб токи учинчи аср ниҳоясига қадар янги пайдо бўлган ва мусулмонлар ҳаётида заруратга айланиб қолган янги даврнинг айрим лавҳаларини  намойиш қиламиз.  Ҳа, учинчи асрга қадар бўлган лавҳаларни демоқдамизки, зеро Пайғамбаримиз  с.а.в  гувоҳлик берган энг афзал асрлар мана шу уч асрдир.

Таҳминан биринчи асрнинг иккинчи ярмида  маданий ва ижтимоий урф-одатлар ҳамда иқтисодий фаолият соҳаларида жуда кўп янги шакллар пайдо бўлдики, саҳобалар авваллари бундай ҳолатлардан бехабар эдилар.  Саҳобалар учун илгари янгилик бўлган ўзгаришлардан баьзи бирларни мисол сифатида келтириб ўтамиз.

Илгари мусулмонлар турар жойларни қамиш, хурмо барглари билан қуриб, уларни ғиштлар билан мустаҳкамлаб, томларини изхир ва шунга ўхшаш материаллар билан ёпар эдилар.  Саҳобалар асрининг иккинчи ярмига келиб эса, иморатлар ғишт, тош ва ганжлар билан қуриладиган бўлди. Бу даврга келиб амирлар хизмат вазифаларини бажариш қулайлашиши ва мусулмонлар устидан назорат қилиб туриш мақсадида ўзлари учун атрофлари қўрғон билан ўралган, дабдабали қасрлар қуришни бошладилар. Муҳандислар шаҳарлар проектини чизиш ва уни бунёд қилиш ишларини бошлаб юбордилар. Куфа ва Басра шаҳарлари бунга яққол мисол бўла олади. Улар шаҳарлардаги шоҳкўчалар энини қирқ зироь келиб режалаштирдилар. Оддий кўчалар эса ўттиз зироь қилиб белгиланди. Ички тор кўчалар эни етти зироьдан иборат бўлди. Жойлашиш ўрнига қараб бинолар қуришдаги баландлик ҳам белгиланди. Буларнинг барчаси ижозат билан, яьни мўьминлар амири Умар р.а. нинг тавсиялари асосида бўлди[1].

Саҳобалар орасида тижорат ишлари сезиларли даражада тезлик  билан ривож топди. Ваҳоланки бу пайтгача тижорат арабларда ҳақир саналиб, илгари тижорат билан набатийлар (яьни, Шом ва шимолий Ҳижоз тарафларда яшаган қавм)  ва ажамлар шуғулланар эдилар. Ибн ал- Ҳож “ал-Мадхал” китобида ривоят қилишича, Умар ибн Хаттоб р.а халифалик пайтларида бозорга кириб, у ердагиларнинг кўпчилиги Набат қавмига мансуб бўлган кишилар эканлигини кўрдилар. Бундан  хушланмаган Умар р.а, мажлисга йиғилган одамларга бу ҳақида гапириб, уларни бозор ва тижорат ишларини тарк қилганликлари учун койидилар.  Бунга баҳона сифатида улар: “Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бизни бизга фатҳ қилган нарсалар билан бозордан беҳожат қилдику.” деганларида, Умар р.а : “Аллоҳга қасамки,  агар шу (ҳолатда давом) этаверсангиз, шубҳасиз эркакларингиз уларнинг эркакларига, аёлларингиз  уларнинг аёлларига муҳтож ҳолга тушажаксизлар” дея жавоб бердилар[2]

Бу асрга келиб саноатнинг ҳар хил турли пайдо бўла бошлади. Саноат секин аста саҳобалар орасида ҳам тарқала бошлади. Бу пайтгача саноат арабларда деярли ривожланмаган эди.  Ислом аввалида саноат билан Рум, Форс ва Анботдан келган кишиларгина шуғулланар эдилар.

Кейинчалик ҳолат анча ўзгариб кетди. Биз эслаб ўтган омиллар соясида мусулмон араблар шамол воситасида ҳаракатга келувчи тегирмон ихтироь қилдилар. Бу воқеа ҳижрий 29 санада, Усмон р.а халифалик чоғларида бўлган эди[3]. Қуймачилик ишлари шу даражада тез ривожландики, мусулмонлар ичида бу соҳанинг усталари етишиб чиқа бошлади. Илгари  бу касб билан яҳудийлар шуғулланиб, араблар бу касбга унчалик эьтибор бермас эдилар. Бу касбни мустаҳкам эгаллаган кишилардан бири Нуфайь исмли Абу Рофеь Соиғ (Қуймачи) эди.  Ибн Ҳажар “ал-Исоба” асарида Абу Рофеь таржимаи ҳоли баёнида қуйидагини зикр қилганлар.  Асарда келтирилишича, Абу Рофеь: “ Умар мени мазаҳлаб, :“ Инсонларнинг алдамчироғи қуймачилардир” дер эди, мен эса: “Ҳа, бугун шундай, аммо эртага (ундай бўлмайди)” дер эдим” дейди ўтмишни эслаб. Шунингдек улар орасида дурадгорлик, наққошлик, ганжкорлик ва жонсиз нарсалар тасвирий саньати ривожланди. Буларнинг барчаси саҳобалар асрининг охирлари ва ундан кейинги даврда омма ичида кенг тарқалди.  Бухорий р. а. Саид ибн Абу Ҳасан (яьни, Ҳасан Басрийнинг укаси)дан ривоят қилади.   Саид ибн Абу Ҳасан айтади : “Мен, ибн Аббос р.а ҳузурларида турган пайтимда бир киши келиб : “Эй ибн Аббос! Мен қўл меҳнати билан тирикчлик қиладиган кишиман. Мен мана бу тасвир-шаклларни ясайман” деган эди, ибн Аббос р.а: “Мен сенга фақатгина Расулуллоҳ с.а.в дан эшитган нарсамнигина айтиб бераман. (Мен Расулуллоҳ с.а.в нинг) : “Кимки бир шаклни тасвирласа, токи (ўша мусаввир) унга жон нафха ургунига қадар Аллоҳ уни азоблагувчидир. Ваҳоланки у ҳеч қачон унга (руҳ) нафха уролмайди.” деганларини эшитдим.” дедилар. Шунда бояги кишининг (даҳшатдан) нафаси тутилиб, юзи сарғайиб кетди. (Буни кўрган ибн Аббос р.а раҳми келиб) : “Сиқилмагин, (бу ишни) қилишдан бошқа чоранг қолмаса, сен мана бу дарахт ва  руҳсиз бўлган ҳар қандай нарсани (ясаб, чизавер)” дедилар[4]”. 

Ошпазлик саньати ва уни тайёрлаш услублари ривожланиб, эндиликда озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлашда кепаксиз ун ишлатила бошланди. Аввалига мусулмонлар кепаксиз оқ унни Шом ва бошқа диёрлардан келтирсалар ҳам, бироз кейин уларнинг ўзлари ун тайёрлашни ўрганиб олдилар ва ундан юпқа чеват каби нонлар ёпишни ўргандилар. Улар “Хобийс” (хурмо, қаймоқ ва крахмалдан тайёрланадиган мармелад каби ширинлик)  ва “Фолувзаж” (илгари фақат шоҳлар тановул қиладиган желе каби ширинлик) деб номланадиган анвойи ширинликларни тайёрлашни ўргандилар[5]. Салафлардан қилинган ривоятлардан маьлумки, улар илк замонларда буғдойни янчимас ва уни кепакдан ажратишни бидьат санар эдилар[6]. Термизий “ал-Шамоил” китобларида Саҳл ибн Саьид р.а.дан келтиришларича, ундан: “Расулуллоҳ с.а.в тозаланган (буғдойдан тайёрланган нон) еганмилар?” Яьни, ундан тайёрланган, деб сўрадилар. Шунда Саҳл р.а: “Расулуллоҳ с.а.в Аллоҳга йўлиққунларига қадар (кепакдан) тозаланган (буғдой нони) кўрмадилар” дея жавоб бердилар. [7]

Энди эса, турли илмларни тадвин қилиш ва раьй-ижтиҳод доирасининг кенгайишига доир мисолларни келтириб ўтамиз.

Саҳобалар асрининг биринчи ярмида, китоб тадвини деган нарса унчалик машҳур эмасди. Улар олдида, Аллоҳнинг китобидан ташқари, китоб шаклига келтирилган бирон нарса йўқ эди. Саҳобалар Аллоҳнинг китобига, улар баьзи пайтлардагина муҳтож бўлиб турадиган илмий-маьрифий китобнинг ҳеч қайси бирини баробарлаштирмаслик мақсадида, ҳеч қачон китоб тадвин қилиш фикрига келмаган эдилар.  Ҳадислар китобат қилинмас, қилинса  ҳам улар тарқоқ ҳолда бўлиб, йиғилган яхлит китоб шаклида эмас эди. Аслида ҳадисларни китобат қилишга бўлган ижозат Қурьон нузули бошланишидан камида уч йил кейин берилган эди.

Лекин ҳолат шундайлигича давом этмади. Вақти келиб китоб тадвинлари бошланиб кетди ва мусулмонлар ичида бу иш кенг тарқала бошлади. Чунки ҳолат ва заруратлар мана шуни тақозо қилаётган эди. Саҳобалар асрида тадвин қилинган дастлабки асар “Девонул Ато” бўлиб, бу асар Умар р.а замонларида унинг кўрсатмалари асосида дунё юзини кўрди. Бу тадвин ишига масьул қилиб Уқайл ибн Абу Толиб, Махрама ибн Навфал ва Жубайр ибн Мутьам р.а лар тайинланди.[8]

Сўнгра мусулмонлар диққат назари турли туман илмларга оид китоблар тадвин қилишга қаратилди. Илгари улар ушбу илмларни бир бирларидан кўпинча оғзаки тарзда қабул қилиб олар эдилар. Мусулмонлар аввалига бу ишни инкор  ва эьтирозлар билан қарши олдилар.  Аммо ҳеч қанча вақт ўтмадики, кечагина бу ишдан бошқаларни мань қилувчилар нафақат  мувофақатга келдилар, балки бу ишнинг тарғиботчисига ҳам айландилар. Бу мазмундаги воқеаларни Ибн Саьд ўз “Тобақот”ида Маьмардан, у эса Зуҳрийдан ривоят қилади. Зуҳрий р.а айтадилар: “(Авваллари биз) илм китобатини кариҳ кўрар эдик. Амирлар бизни бунга мажбурлагунларига қадар (ҳолат шундай эди). Кейинчалик биз бирор мусулмон ундан мань қилинмаслиги (лозим эканлиги)ни эьтироф этдик”[9].

Саҳобаларнинг турли диёрларга тарқалиб кетиш сабабларини биз юқорида айтиб ўтган эдик. Саҳобалар  турли диёрларга боргач, улар янги урф-одатлар таьсири остида келиб чиқувчи турли фиқҳий масала ва ҳукмлар ҳақидаги изоҳлар талаби ва саволлар тўлқини билан юзлашдилар. Саҳобалар тарафидан, илгари уларга нисбатан нотаниш бўлган ҳаёт тарзи учун, берилган фатволар турлича бўлиши табиий ҳол эди. Чунки улар ҳижрат қилиб кўчиб борган диёрлар ва уларнинг урф-одат, ижтимоий-иқтисодий ҳолатлари турлича эди. Улар ҳижрат қилиб борган диёрлар табиати Араб Жазираси, ваҳий ва рисолат ватани табиатидан узоқ ва яқинлигига қарб бир –биридан анча мунча фарқ қилар эди. Шом ва Ҳижозда яшаган саҳоба ва тобьеийнлар фатвоси, Қурьон ва Суннатда собит бўлган нассларнинг ҳарфий маьноларига амал қилишга яқинроқ, улардаги қобилиятни эркин ижтиҳод ва раьйга ундовчи нарсалардан узоқроқ эди. Зеро бу ерларда саҳобалар учун нотаниш бўлган янги урф- одатлар кам эди. Кўплаб одатлар мавжуд бўлган ҳукм ва фатволар насслари доирасидан ташқарига чиқмас эди. Бунинг муқобилида, бу ердаги саҳобалар ичида суннат уламолари ва ҳофизлари адади анча кўп эди. Аммо Миср ва Ироқда яшаган саҳобалар ва тобеьийнлар фатвосига келсак,  уларнинг фатволари эркин ижтиҳод ҳамда қалб амри ва раьйга таянишга яқинроқ, кўплаб масала ва ҳукмларда нассларнинг зоҳирий далолатлари билан чегараланиб қолишдан узоқроқ  эди. Бу диёрларда саҳобаларга нотаниш бўлган янги урф- одатлар, маданий тарзлар кўпроқ бўлиб, мусулмонлар орасида суннат уламолари ва ҳадис ҳофизлари кам, суннат билимлари ва ҳифзи заифроқ эди.

Бу жараёнлар сабабли мусулмонлар орасида раьй билан ижтиҳод қилиш кенг ёйилди. Ваҳоланки саҳобалар илгари бундан узоқ бўлишни бир бирларига тавсия этар, бир бирларини раьйга эрк беришдан ҳушёр бўлишга чорлар эдилар.  Юқоридаги сабаблар натижасида, турли диёрлар орасида ихтилофлар зоҳир бўла бошлади.  Натижада икки ҳил рангдаги фатво ва фиқҳий мактаб услублари пайдо бўлди. Улардан бири раьй рангини олиб, раьйга катта эьтибор берар, иккинчиси эса насслар билан кифояланар, раьйни ҳакам санаш ва унга таянишдан узоқроқ эди. Буларнинг ортидан мана шу икки гуруҳ фуқаҳолар ўртасида улкан даражада бир бирини ёқтирмаслик ва ўзаро аччиқ танқидий фикр алмашувлар пайдо бўла бошлади. Ваҳоланки бу иккала гуруҳ фуқаҳолар ҳам Расулуллоҳ с.а.в мақтаган салафи солиҳлардан, балки уларнинг мағзи ва хайрлиларидан эдилар.

Мен зикр қилиб ўтган маьлумотлардан сизга маьлум бўлмоқдаки, бу ихтилофлар саҳобаларнинг турли диёрларга тарқалиб кетиши сабабидан  бўлмоқда. Бу ихтилофлар зарурат юзасидан пайдо бўлиб, ундан қочиб қутилиш имкони йўқ эди. Шубҳасиз бу иккала гуруҳ ҳам воқеьлик ва улар яшаган муҳит тақозосига кўра маьзур эдилар.

Биз эслаб ўтган нарсалар фатволар, ечимлар ва фиқҳий масалаларга тааллуқли бўлган нарсалар  ҳусусида эди. Энди биз ислом ақидаси ўзида мужассамлаштирган дин асосларига келсак.  Биз  санаб ўтган тўрт омилнинг тўртинчиси бу соҳага ҳам таьсирини ўтказмай қолмади. Биз тўртинчи омилда, Ислом оламининг кенгайиши ва чор тарафдан исломни қабул қилувчилар кўпайганлигини айтиб ўтган эдик. Мана шу омил сабабли ўзига яраша муаммолар ҳам юзага кела бошлади. Бу муаммолар ичида кўзга кўринадигани уларнинг орасидан кўп сонли зиндиқ ва шубҳалар тарқатиш билан “тижорат” қилувчиларнинг чиқишлиги бўлди.  Улар гоҳо мусулмонларни чалғитиш, уларнинг каллаларига шубҳа омилларини киргазиш учун қасддан мунозарага бош урардилар. Ёҳуд уларнинг афзал билган йўллари, услублари мана шу бўлганлиги учун одамлар билан нуқул мунозарага киришишга иштиёқманд эдилар.  Иккинчи турдаги кишилар мана шу услуб асосида  илм олган ва эьтиқодларини мана шу йўсинда етиштириб тарбия топдирган кишилар эдилар.

Бундай ҳолат қаршисида Ислом хизматида ихлосли бўлган уламолар оёққа туришлари, исломга қилинаётган ҳийларларни ўша кимсалар билан ҳужжатлашиш ва уларга қарши мунозара эшикларини очиш билан қайтаришлари лозим эди.  Ҳолат, уламоларнинг улар билан ташиб юрган шубҳа ва мушкулотларини улар тушунадиган услуб ва одатланган йўллари билан ҳамда Аллоҳнинг “Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавьиза ила даьват қил. Ва улар ила гўзал услубда мунозара қил” (Наҳл сураси; 125 оят) сўзларига мувофиқ сўзлашишларини тақозо этарди.

Шароит уларнинг очилиши мажбурий бўлган эшикка киришларини, муташобиҳ оят ва насслар ҳақида муноқаша қилишларини лозим қиларди. Ваҳоланки улар авваллари бундай оят ва насслар олидан таслимият ва қалб ҳотиржамлиги билан ўтиб кетар эдилар. Энди улар кўплаб эьтиқодий масалаларнинг илдизларини ўрганмоқликлари ва унга фикр ҳамда ақлий қараш томир уришларига қадар бўйсундиришлари  шартга айланди. Илгари улар насслар ҳудудида ҳеч қандай зиёдасиз ва уларнинг боиси, сабабини қидирмасдан тўхтар эдилар.  Сўнгра саҳобалар зиммасига ҳақ йўлдан оғувчи ва шубҳага солувчилар бузғунчиликларига қарши  исломий ақида ҳақиқатларини ҳимоялаш учун ақлий манҳаж ва миқёсларни ишга солиш вазифаси тушди. Ваҳоланки бузғунчилар  ўзларини суньий тарзда ҳудди ана шу манҳаж ва миқёсга таянувчи, ана ша манҳаж ва миқёс асосида иш кўрувчи қилиб кўрсатар эдилар.  Зоҳиран қаралганда бу нарсаларнинг барчаси мусулмонлар ҳаётида янги пайдо бўлган бидьат эди. Авваллари улар нассларга нисбатан бу тарзда муомала қилмас, ақлларига ҳам бундай хаёллар келмас эди. Илгарилари улар орасига баҳс ва мунозара туридаги бирор гапни келтирувчи киши кириб, уларни бунга тортишни бошласа, улар ўша заҳотиёқ ундан нафратланар, гап сўзи ва каломининг рангидан қочар, унга койиш ва танбеҳ ўқларини ёғдириб уни жим бўлишга мажбурлар ёки унга уни тийиб қўювчи жазо берар эдилар.

Бу даврга келиб тобеьийнлар насли билан саҳобалар насли аралашиб кетган эди. Энди саҳобалар  ўзларининг аввалги  йўлларини ўзгартирган эдилар. Улар кўкракларини эьтиқод масалаларидаги барча мужодала учун очдилар. Буларнинг бошида кечагина унинг қаршисида саҳобалар ҳеч қандай баҳс ва тортишувсиз, қабул ва таслимият ила бошлари ҳамда фикрларини эгиб турган масалалар турар эди. Уларнинг кўплари эндиликда муташобиҳ оятлар, қазо қадар масаласи, инсоннинг феьллари ва иккинчи тирилиш каби ўта жиддий саволларни кўриб чиқмоқда эдиларки, уларни ҳал қилиш учун баҳс ва мунозаралар лозим бўларди.  Уламолар бузғунчи ва гумроҳлар билан мана шу каби масалаларда ақлий ўлчовлар, мантиқли ҳужжатлар ҳамда савол бергувчи ва шубҳа қўзғовчилар тушунадиган услуб асосида мужодала қила бошладилар.

Алий карромаллоҳу важҳаҳу қадарий билан қадар масаласида мунозара қилмадиларми?!  Бу мунозара ва тортишув узоқ давом этмадими?! Алий р.а “Сиффийн” воқеасидан қайтганларидан сўнг бир шайх келиб улардан, инсон ҳаётида жабр ва ихтиёр масаласини сўрамадиларми?! Шунда Алий р.а шайх  ишкаллик пайдо қилган услубнинг ўзи ёрдамида ишни тушунтириб, унга ойдинлик киритмадиларми?! У билан узоқ муддат жадал ва муноқаша қилмадиларми?! Алий р.а ўзлари кўплаб маротаба улар билан муноқаша қилганларидан кейин хаворижлардан бўлган бирига унинг шубҳалари ва нотўғри ақидаларини ислоҳ қилиш учун, у билан  мунозара қилиш мақсадида Абдуллоҳ ибн Аббосни р.а юбормадиларми?! Абдуллоҳ ибн Масьуд р.а Язийд ибн Умайра билан иймон ва унинг атрофида пайдо бўлган тушунмовчиликлар ҳақида мунозара қилмадиларми?!

Тобеьйнлар буюкларидан бўлган Ҳасан Басрий р.а ҳаёт тарзларига келсак, у зот ақида масалаларига доир баҳсларга кирар, мунозара қилар ва тўғри йўлдан оғган кимсаларнинг ақийдага оид шубҳаларини даф қилар эдилар. Ул зотнинг дарслари бидьатчилар бидьатлари билан бўлган  муноқашаларга тўла бўларди. Шунингдек у ёки бу тарафга йўллаган рисолалари ҳам калом масалалари ва ақийда мушкулотлари билан лиммо лим бўларди. Вақти-вақти билан Ҳасан Басрий р.а ўзлари каби олимларга, уларни ана шу тарздаги масалаларга  киришишга мажбур қиладиган омилларни айтиб турар, ваҳоланки  олдингилар ақийдада чуқур кетиш ва унинг атрофидаги баҳслардан омонда бўлганликларини эслатиб турар эдилар. Ҳасан Басрий р.а, Абдулмалик ибн Марвон ёки Ҳажжожга юборган рисолаларида    (бу ҳусусда иккала ривоят ҳам ворид бўлган) қазо ва қадар ҳақида гапириб, “салафлардан ҳеч ким буни зикр қилмас, бу ҳақида мужодала қилмас эди. Чунки улар (ихтилофсиз, ягона) “бир иш” узра эдилар. одамлар бундай номаьқулчиликни янги пайдо қилишгач, биз ҳам бу ҳақида гапиришни янги пайдо қилдик. Янгилик пайдо қилувчилар динларида янгиликни пайдо қилиб бўлишгач, Аллоҳ ҳам Китобини мустаҳкам ушловчиларга янги пайдо бўлган нарсаларни ботилга чиқазувчи, ҳалокатга олиб борувчи нарсалардан огоҳлантирувчи нарсларни янги пайдо қилди.” дедилар[10]

Ҳасан Басрийнинг, унинг сўзлари қабул қилинадиган, унга иқтидо қилинадиган салафи солиҳнинг улуғларидан бири эканлигини сиз яхши биласиз. Аммо у кишининг юқорида биз у киши тарафидан нақл қилган “салафлардан ҳеч ким буни зикр қилмас, бу ҳақида мужодала қилмас эди.” дея насснинг аввалида келаётган сўзлари сизни бу фикрга мухолиф гумонга  олиб бормасин. Сиз хаёлингизга бу сўзлардан келиб чиққан ҳолда, демак Ҳасан Басрий асри салафи солиҳлар асри ҳудудидан ташқарига чиқиб кетган эканда, деган тасаввурлар келмасин. Дарҳақиқат, Ҳасан Басрий бу сўзлари билан биз бу китобнинг кириш қисмидаги баҳсларда ишора қилиб ўтган “салаф” ва “халаф” калималарининг нисбий маьносини мулоҳаза қилганлар.  Зеро Ҳасан Басрий р.а яшаган аср ундан аввалги асрга нисбатан “халаф” ҳисобланади. Балки ўз тенгқурлари билан бирга яшаб, уларнинг ортидан қолган ёши кичик саҳобалар ҳам аввал ўтиб кетган саҳобаларга нисбатан “халаф” ҳисобланаверади. Мана шу ҳақиқат ва унинг ортидан келувчи нарсалардан огоҳлантиришлик бизнинг бу китобдаги баҳсимиз асоси эканлигини билиб олдингиз.

Бу ўринда яна шу нарсани мулоҳаза қилмоқлигимиз лозимки, айнан юқорда зикр қилинган омилларнинг кенг ёйилиши умматни фиқҳий масалалар ва баҳслар борасида эркин ижтиҳод қилиш ва раьйни ишга солишга олиб борди. Шунингдек, ҳудди мана шу омиллар уммат ичида икки тоифа уламоларнинг  пайдо бўлишларига сабаб бўлди. Уларнинг бири фиқҳий масалаларда ижтиҳод ва раьй йўлига бел боғлаган, бу билан шуғулланган ва бошқаларни ҳам бунга даьват қилган бўлсалар, иккинчилари эса ундан четланар,  бу йўлни ёқтирмас ва бунг қарши эканликларини очиқ эьлон қилар эдилар. Ўша омилларнинг кенг ёйилиши мусулмонларни ақийдавий масалалар билан шуғулланиш ва бидьатчилар билан мужодала қилишга ундади ва натижада “калом илми” пайдо бўлди. Бунинг ортидан бу масалаларда ҳужжатлар ва янги илмий услублар билан шуғулланишни олқишлайдиган зотлар зоҳир бўлди. Табиийки бу олимлар қаршисида уларга мухолиф бўлган олимлар пайдо бўлди. Улар бидьачилар билан тортишишни ҳаром санар, бундай баҳсларга қулоқ солиш ва уларнинг шубҳалари билан ҳисоблашишдан одамларни мань қилар эдилар. Улар насслар далолат қилган нарсалар чегарасида тўхташ зарурлиги, саҳобалар р.а қалблари таслим бўлган нарсларни қатьий ушлаш ва қатьий насслар унда чуқур кетишдан тийган нарсалар хусусида  ақл жиловини бўш қўйиб юбормаслик борасида бардавом эдилар.

Фақатгина билиб қўйиш муҳимки, иккала тоифа уламолар ҳам Расулуллоҳ с.а.в қадрини улуғлаган ва унга эргашишга даьват қилган салафи солиҳлар доирасига киради. Демак ана шу икки тоифа уламолардан бирини салафи солиҳ доирасига кириш шарафи билан хослаб, иккинчи тоифа уламоларни эса улардан йироқлаштириш хато ҳисобланади. Бугунги кунга қадар уммат орасида салафи солиҳларга мансуб бўлиш шарафига эришиш учун Расулуллоҳ с.а.в белгилаб берган давр миқёсидан ўзга бирор меьзон ва миқёс йўқдир.

Лекин шунга қарамасдан улар ихтилоф қилавердилар. Ижтиҳодий раьй ва унинг чегараси ёки ақидавий ишларда бидьатчилар билан баҳслашиш ва унинг ҳукми масаласида гоҳида ихтилофлар жуда ҳам кучайиб кетар эдики, гоҳида бу ва у каби нарслардаги ихтилофлар аччиқ танқидларга айланиб кетар эди. Хўш, аслида ечим нимада? Унга қандай амал қилинади?

Мана шу ўринда бизни кескин, илмий босқичга ундовчи муаммо пайдо бўлади. У шундай ниҳоий, кескин, илмий ечим бўлиши лозимки, ҳар қандай муаммо ва мушкулот ечимида унга мурожаат қилинмоғи даркор. Келгуси фаслда биз мана шу нарса муолажасига қўл урамиз.

Муаммо ва унинг ечимини кафолатловчи манҳаж

Саҳобалар асрига кириб келган улкан тараққиётнинг юзага келишида биз аввалроқ зикр қилиб ўтган тўрт омилнинг нақадар кучли таьсири бўлганлиги, энди сиз учун махфий нарса эмас. Бу тараққиёт, баьзан урф-одатлар, ишлаб чиқариш ва ижтимоий ҳаётга доир бўлса, баьзида эса янги пайдо бўлган ишларга алоқадор ижтиҳод, раьй ва фиқҳий қарашларга доир бўлар эди. Шунингдек айрим ҳолатларда бу тараққиёт, ақийда  ва ақийдага боғлиқ саволлар атрофида бўладиган мунозараларда мантиқ ва ақлий қарашларга таяниш мумкинми ёки йўқлиги ҳақида бўлар эди.  Тараққиёт уларнинг қайси бирига тегишли бўлишидан қатьий назар, уларнинг барчаси юқоридаги тўрт омил таьсиридан йироқ эмас эди.

Сиз энди ўша даврдаги ҳолатлар ҳақида тасаввурга эга бўлдингиз. Энди биз ўз навбатида саҳобалар асрига кириб келган кенг қамровли, улкан тараққиёт сабабли пайдо бўлган хатарли муаммоларнинг ҳажми, кўлами ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз. Тўғри, мана шу тўрт омил саҳобаларни ўзларига хос бўлган, уларни бошқалардан ажратиб турувчи ҳаёт тарзларидан ташқарига чиқишларига олиб келди. Улар  илгари бутун борлиқни мана шу ўзларига хос бўлган ҳаёт тарзлари нигоҳи билан кўрар эдилар.  Табиийки, улар Ислом ва унинг асосларини ҳам мана шу нигоҳ уфқи билан қабул қилдилар.  Кейинчалик улар динни ёйиш мақсадида кенг уфқларга эга бўлган янги ҳаёт бошладилар. Саҳобалар дунёнинг турли ўлкаларига  ҳижратга отландилар.  У  ерларда  улар уни қамраб олиш ва ундан устунлик қилиш қийин бўлган шароитларга дуч келдилар. Улар рўбару келган ҳаёт тарзлари шу қадар рангбаранг эдики, уларнинг чегараси, соҳили кўринмас эди. Саҳобалар қўлларида эса (саноқли оятларга эга) Қурьон ва (маҳдуд бўлган) Суннат насслари бор эди. Бу иккаласидан ташқари уларнинг қўлида бирон миқёс ёки ўлчов йўқ эдики, улар ўша асосида янги ҳаёт тарзларини белгилаб олсинлар, жамиятни унинг асосида ҳаракатга келтирадиган қоидалар ва лозим бўлган жойда инсонларни тўхтатиб қоладиган чегаралар қоим қилсинлар.  Айнан мана шу нарса беқарорлик, нотинчлик ва кескин тортишувларнинг сабабчиси бўлди. Нафақат тортишув, балки турли-туман фирқа ва гуруҳларнинг пайдо бўлишига боис нарса ҳам мана шу эди. Турли фирқа ва гуруҳлар мана шу кенг, бўш майдонни ўзаро ихтилофлар майдонига, балки баьзи пайтларда хусуматлар майдонига ҳам айлантириб олдилар.    Бу муаммо токи уни муолажа қилиш замони етиб келгунга қадар давом этаверди.

Саҳобалар таомланиш, яшаш тарзи ва саноат каби соҳаларда янги-янги урф-одатлар билан юзлаша бошладилар. Аммо саҳобаларни бошқа нарса ўйлантириб қўяётган эди. Яьни, улар бу янгиликларни қабул қилиш чегараси қаергача? Улар қаерда тўхташлари лозим? Улар қайси ёруғлик кўмагида бу янгиликларнинг яхшисини ёмонидан ажратиб оладилар? Саҳобалар янгиликлар орасидан яхшиларини таниб олишлари ва танлаб олишлари учун нассларнинг ҳарфий маьноларидан олган тушунчаларидан ташқари яна қайси меьзонга бош уришлари керак?

Саҳобаларни бош қотиришга мажбур қилган янгиликлардан баьзиларини мисол тариқасида эслаб ўтиш жоиз. Саҳобалар кундалик турмуш тарзига элак ишлатишдек янгилик кириб келди, ваҳоланки авваллари элак уларнинг турмуш тарзига бегона эди. Элак ва шу каби нарсалар, илгарилари араблар ҳам, мусулмонлар ҳам билмаган кулинария соҳасидаги  енгиллик ва қулайлик туркумига кирар эди. Хўш, улар элак ва шу каби нарсаларни ўз турмуш тарзларига қабул қилиб олсинларми? Ёки аввалги саҳобалар одатларига эргашсинларми? Аввалги саҳобалар унни элашда элак ишлатишни  “янги пайдо бўлган бидьат, ҳар қандай бидьат эса залолатдир”, нуқтаи назаридан кўрар ва уни ишлатишдан сақланар эдилар.

Ёҳуд мусулмонлар бу  борада, “бу масала ва  Ислом унинг ечимини белгилаб қўйган тааьббудий ҳукмлар орасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ. Балки  у, эргашиш ёҳуд эргашмаслик қайдидан озод бўлган урфлар жумласига киради”, дея  замон ва унинг тараққиёти билан ҳамнафас юрсинларми?  Мусулмонлар икки қарашдан қайси бирини ушлашларидан қатьий назар,  улар ўз мавқифларини тутишда қайси меьзон ёки далилга  асосланаётган эдилар? Саҳобалар бошини қотираётган саволлардан бир шу эди.

Мусулмонлар нигоҳи, дунёдаги ҳоким ва шоҳларнинг уларга хос бўлган шоҳона либосларию масканлари, қўриқчию дарвозабонларидаги ҳашамат ва дабдабага  тушди. Саҳобалар диққат-эьтибори  юқоридагиларнинг барчасини ёҳуд айримларини қабул қилишга қаратилди. Одамларнинг кўплари- уларнинг бошида уламо ва тадқиқотчилар- “халифа уммат қаршисидаги вазифаларини адо қилишда қоим туриши учун ҳашамат, виқор ва мустаҳкам ҳимоядан иборат дабдаба ичра бўлмоқлиги лозим”, дея бундай ҳаёт тарзидан қониқиш ҳосил қилдилар.  Мусулмонлар раҳбари бўлмиш халифанинг ҳайбати, унинг атрофидаги ҳашаматли манзара, хар-ҳил тоифадаги одамларни қабул қилиш чоғида киядиган шоҳона либослар ва унинг атрофини ўраб турган қўриқчилардан иборат кўринишларсиз рўёбга чиқмас эди.

Аммо, илк саҳобалар ҳаёт тарзидаги чегарадан узоқлашиб боришдаги мана шу каби тажовузларнинг қаерига қадар ижозат бериш мумкин?! Бу бобдаги тараққиётнинг меьзони нимадан иборат? Унинг қоидаларини нималар ташкил қилади?..  аслида, сизни бу каби саволларга дучор қиладиган муаммонинг асл сабаби- ўша даврларда бу борада маьлум бир чегара, меьзон ва қоидаларнинг йўқ эканлигидир. Агар билсак эди, аслида бу масаладаги ягона чегара, ёки қоида, ёҳуд  меьзон – бу ўша даврларда салафи солиҳларнинг  ўзлари қабул қилган нарсаларни қабул қилишдир, яьни салафи солиҳнинг салафлари ушлаган нарсаларни ушлашдир. Бас, салафларнинг ўзлари чегарани ошиб ўтишни тақозо қиладиган сабаблар ва омиллардан қаноат ҳосил қилиш натижасида, ана шу чегарадан ошиб ўтдилар ва ўзларини сарҳадсиз, бепоён майдон қаршисида топдилар. Улар “маслаҳат” (усул илмидаги “маслаҳат” назарда тутилмоқда) ва “эҳтиёж” номлари остида ўзгартириш ва тараққиёт доирасини кенгайтирмоқчи бўлган чоғларида, олдиларида буни истаган ҳар бир киши учун чегарасиз, чекловсиз имконият берувчи майдон кўрдилар.  Ҳақиқат шулки, модомики меьзон ва чегаралар кўринмас экан, бу ерда мувозанатсизлик юзага келади. Мувозанатсизлик ҳукмрон бўлган жойда ривожланиш ҳамда эркинлик борасида ҳаддан ошиш (“ифрот”), ёҳуд чегаралашда ўта сиқиб қўйиш ҳамда ҳаддан ташқари торайтириб юбориш (тафрийт”) пайдо бўлади.

Булардан “ифрот” аҳлига келсак, улар ҳеч қандай чегара ва қоида билмасдан ўз тасаввурлари ва ўлчовларидаги “маслаҳат” ортидан қувиб  кетаверадилар. “Тафрийт” аҳли эса, Расулуллоҳ с.а.в ва аввалги саҳобалар унинг узра бўлган мозийга ҳеч қандай таьлийл (яьни, ҳукм унинг туфайли берилган асосий сабабини қидирмасдан) ва таьвилсиз (ҳарфий маьнолари билангина кифояланиш) боғланиб қолаверадилар.  “Тафрийт” аҳлининг тараққиётга нисбатан бундай муносабатда бўлишларига сабаб, бу ишда кишининг ўзи “маслаҳат” деб билган нарсанинг асоссиз, қуруқ гумонига тушиб қолишлиги ва натижада чегараси мажҳул эгриликларга кириб кетишлик хавфи бор эканлиги эди. Юқорида биз эслаб ўтган “ифрот” ёки “тафрийт” нуқтаи назарларидан келиб чиқиб, олимлар орасида айримлари, “фақатгина ҳоким ва султонлар учунгина тилла узук тақиш ва дебожу ҳарирдан тикилган ридо кийса жоиз”, деган фатвони бердилар[11]. Мана шу тарздаги фатволар берилиб турган ўша замонларда, Куфада Саьд ибн Абу Ваққос р.а  ўзи учун қаср қурдириб, унинг эшикларини оддий халққа нисбатан ёпиб қўйдилар. Мана  шу сабабдан одамлар, токи уларга ижозат берилмагунича,  унинг ҳузурига киришлари имконсиз бўлиб қолди. Бу ноқулайликни эшитган Умар ибн Хаттоб р.а Муҳаммад ибн Масламани Куфага юбордилар ва Саьднинг қасрига бориб, унинг эшикларини ёқиб юборишни амр қилдилар. Элчи ҳам қасрга бориб, ҳазрат Умар ибн Хаттоб р.а айтганларидек, қаср эшигини ёқиб юбордилар.[12]

Эьтибор беринг, иккала қараш нақадар фарқли. Аввалги воқеадаги ўз тасаввуридаги “маслаҳат”га эргашиш эркинлиги ва кейинги воқеадаги Расулуллоҳ с.а.в сийратлари билан бутунлай чегараланиш боғлиқлиги. Бу икки воқеа орасидаги фарқларга эьтибор қаратинг. Ваҳоланки биз биламизки, бу иккала қараш ҳам салафи солиҳлар асрида, балки бу асрнинг “навқирон йигитлик даври”да ва умматнинг “жавҳарлари” ичида содир бўлаётир.

Фараз қилинг,  салафи солиҳнинг йўналиш ва ижтиҳодлари ўз фаолиятларида бирон далил ёки уни таяб турадиган таянчга муҳтож эмас. Улар  ўзига ўзи мустақил  ҳужжат ҳисобланади. Чунки салафнинг “салаф” бўлишлигининг ўзиёқ уларни бошқалар учун ҳужжат қилиб қўйган. Бордию ҳолат фараз қилинганидек бўлса, у ҳолда саҳобалар тарафидан содир бўлган, аммо бир-биридан йироқ, балки бир-бирига зид бўлган қарашларнинг барчаси ҳақ ва тўғри бўлмоғи лозим бўлар эди. Уларнинг  ижтиҳодларини тўғри ёки нотўғри сановчиларнинг  раьйидан қатьий назар, агар уларнинг йўналиш ва ижтиҳодларининг барчаси тўғри ҳамда ҳақ бўлса, у ҳолда уларнинг ижтиҳод ва йўналишлари уммат тарафидан унга мурожаат қилинадиган манбага айланиб қолиши вожиб бўлган бўлар эди. Шунингдек  салафи солиҳлар р.а, ва ниҳоят ана шу ўзаро зиддият ва қарама-қаршиликдан иборат муаммодан қутулиш учун уларга “маслаҳат” чегарасини белгилаб берадиган ва уларни саҳиҳ ижтиҳод сари йўллайдиган илмий манҳажга  муҳтож бўлмаган бўлур эдилар.  (Воқеьлик шулки, улар бундай манҳажга эҳтиёж сездилар.)  Ҳолатни фараз қилинганидек қабул қилган киши: “Салафнинг раьй ва ижтиҳодлари саҳиҳ бўлганлиги сабабидан улар (уммат учун) ҳужжат бўлишга кифоя қилади. Чунки улар салафдирлар. Улар хоҳлаган нарсаларини айтаверсинлар, улар ўзлари билган йўлга юраверсинлар. Бас, улар тарафидан содир бўлган барча нарса ҳақ ва тўғридир.    Чунки улар бу умматнинг салафи ва Расулуллоҳ с.а.в дан кейинги намунасидир.” демоқлиги лозим бўлар эди.

Бу айтилган сўзнинг ўзи, cон-саноқсиз, кўплаб мисоллари билан биргаликда, муаммолар доирасига кириб келади. Бу шундай муаммоки, у раьй томир уришини тезлаштириб, эркин ижтиҳодни ҳаракатга келтирган ижтимоий босим таьсири остида пайдо бўлган.  Маьлумки, ижтимоий босим  турли фиқҳий боблардаги  ҳалол-ҳаром, сиҳҳат-бутлон ҳукмлари кабиларга тааллуқли фиқҳий масала ҳамда мушкулотлардан иборат тўлқинлар билан юзлашган чоғда эркин ижтиҳод ва раьй ишга тушади.

Илк замонларда фиқҳий фатво беришдаги ижтиҳодий масдар- бу нассни мустаҳкам ушлаш ва унинг зоҳирий маьноси далолати билан чекланишдан иборат эди. У замонларда, ўта танг ҳолатлар ва кучли заруратларни ҳисобга олмаганда, мусулмонлар қиёсга бош урмас эдилар. Ўша даврлардаги исломий ҳудудларнинг у қадар катта бўлмаганлиги,  иқтисодий-ижтимоий ҳолатларнинг  содда эканлиги ва фиқҳий ижтиҳод борасидаги мана шу чегараланган ҳаракатланиш тарзи бир-бири билан мутаносиб эди.  Шунинг учун ҳам улар ўзларининг фатво бериш ва фиқҳий фаолиятларида камдан-кам ҳолатлардагина ўша белгиланган ҳудудни ошиб ўтар эдилар.

Қисқа бир давр ичида, сурьат билан кетма-кет рўй берган ҳодисалар ортидан ҳолат бутунлай ўзгариб кетди.  Араб саҳросини кўриш учун кўзларини очган саҳобалар, энди Шомда Рум диёрини ва Ироқда Форс империясини ўз ичига олган кенг ҳудудни кўра бошладилар. Эндиликда бу икки империя ўзининг қайнаб ётган маданий ва ҳазорий кўринишлари, маьийший асослари, қонунчилиги ва ғаройиб одатлари билан биргаликда Ислом йўли ва ҳукмларига тамомила бўйсунган эдилар.  Хўш, энди фуқаҳолар нима қилмоқлари керак?! Илгари улар учун номаьлум бўлган бу маьийший, ижтимоий ва идоравий қонунчилик каби соҳаларни энди улар қайси ижтиҳодий меьзон ёрдамида муолажа қиладилар?!

Бу даврга келиб улар учун раьйга мурожаат қилишдан ўзга чора қолмади.  Энди улар нассларни янада дақиқроқ ва янада кенг қамровли далолатларига кўра тушунмоқлари лозим бўлиб қолди. Бу вазифанинг ёнида яна бошқа муаммо пайдо бўлди. Муаммо шундаки, улар раьйга бош урган чоғларида қайси қоидаларга эргашмоқликлари керак?! Уларни тўғри йўлдан оғиш ва ноҳақликка қадам қўйишдан сақлайдиган қайси меьёрлар борки, улар бу меьёрларга риоя қилсинлар?!

Ўша даврларда мусулмонлар ҳузурида аввал келишилиб, сўнгра унга иттифоқ қилиш имконини берадиган бирорта ҳам бу каби қоида ва қолиплар йўқ эди. Уларнинг қўлида нассларни англаш ва уларнинг мақсадларини идрок қилишда керак бўладиган уларнинг табиий араблигидан ўзга ҳеч қандай қуроллари йўқ эди. Зеро авваллари уларнинг бунга эҳтиёжлари ҳам йўқ эди. Илгари  улар қоида ва асослар тузиш учун фикрни банд қилиш ва вақтни зоеь кетказишга эҳтиёж сезмадилар. Улар ўзлари шундоқ ҳам фойдаланиб юрган араб тилини англашдаги соф  табиатларини ўша пайтларда кераксиздек туюлган қоида ва асосларга алмиштиргилари келмади. Ҳақиқатдан ҳам, у замонларда масалалар саноқли, мушкулотлар эса деярли йўқ эди.

Лекин, вақти келиб ишлар ўзгариб кетди. Айтиб ўтганимиздек, ислом давлати ҳудудлари кенгайди, ҳаёт шароитлари тараққий этиб борди. Табиийки бундай пайтда ихтилофлар, тушунмовчиликлар юзага кела бошлайди ва  муаммолар ечими учун таклиф қилинаётган услубларда зиддиятлар пайдо бўла бошлайди.

Кутилгандек бу ҳолатлар содир бўлди. Саҳоба ва тобеьийнлар орасида баьзи бирлари янги ҳолат ва вазиятлар тақозосига кўра ўзларининг эркин ижтиҳодларига таянган ва асосланган ҳолда ҳукмлар истинбот қила бошладилар. Яна бошқа бир қисм саҳоба ва тобеьийнлар эса бундан четландилар ва бошқаларни ҳам бундан ҳушёр бўлишга ундадилар.  Ҳатто баьзида раьйни ишлатиш ва унинг ёрдамида ҳукм олиш ҳақидаги инкорларини кучайтириб юбордилар. Уларнинг раьйга нисбатан бундай инкорий муносабатда бўлишларига сабаб-улар инсонларнинг нассларга тажовуз қилиши ва уни бошқа башарий ҳукмларга алмаштириб юборишларидан  қўрқувда эдилар. Албатта, инсонларнинг нассларга нисбатан бундай эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлишлари уларни ҳақ йўлдан оғишлари ҳамда кечирилмас гумроҳликларга кириб кетишларига сабаб бўлар эди.

Ўша даврларда, биз ҳозиргина айтиб ўтган муаммога қўшимча бўлган яна бир қанча муаммолар ҳам бор эдики, улар турли омил ва сабаблар туфайли юзага келган эди. Улардан бири, юқорида биз зикр қилганимиздек, мусулмон олимларнинг турли диёрларга тарқалиб кетишлари эди. Умар р.а мусулмонларни доимо бу ишнинг ёмон оқибатидан огоҳлантириб юрар эдилар. У зот р.а кибор саҳобаларни заруратсиз Мадинадан ташқарига кўчиб кетишларига изн бермас эдилар.  Аммо Усмон р.а даврларига келиб ҳолат ўзгарди ва у зот р.а кибор саҳобаларга ҳам турли диёрларга тарқалишларига ижозат бердилар. Албатта Усмон р.а ушбу ижозатни шунчаки эмас, балки исломий янги ҳудудларнинг кенгайиши натижасида турли диёр аҳлларининг уламо ва муфтийларга эҳтиёжларини сезганликлари сабабидан берган эдилар.  Авваллари ишончли бўлган саноқли озчилик қўлида бўлган ҳадис ривоятининг эндиликда кенг кўламда тарқалиб кетишининг сабаблари(дан бири ҳам) шудир. Исломий футуҳотларнинг кенгайиши ва уламоларнинг турли диёрларга тарқалиб кетиши фатво беришда асос бўладиган  нассларга бўлган эҳтиёжни кучайтириб юборди. Натижада мусулмонлар ҳадис ривоятига юз буриб, турли шаҳарлардан бу билан шуғулланадиган олимлар ва ровийларни излашни бошладилар.  Шубҳасиз бу ҳолатларни суьистеьмол қилувчи ҳадис уйдирувчилар ва дин билан ўйнашувчилар таҳминан айнан мана шу даврларда  пайдо бўла бошлади. Яна шу нарсани унутмаслик лозимки, бир-биридан олис исломий диёрлардаги мусулмонлар орасида кўплаб зиндиқ ва ўзларини исломга мансуб қилиб кўрсатувчи соҳтакор ҳамда мунофиқлар ҳам мавжуд эди. Ушбу давргача мусулмонлар ҳадис тадвини ва унинг ривояти тартибини бошламаган ёки бунга қизиқмаган эдилар.

Мазкур сабабларнинг барчаси йиғилиб улкан муаммолар ўчоғига айланди. Бу муаммолар эса кўплаб фиқҳий масалалар атрофида алангаланувчи ихтилофларда намоён бўлиб турар эди.  Бундай доимий ихтилоф, тортишув ва низолар раьй, уни қабул қилиш ёки унга таяниш чегараси ҳамда ҳукмлар иллатига асосланиш имконият доираси атрофида ҳам кўриниш бериб турар эди.  Кўпинча  турли мавқифларга кўра  саҳоба ёки тобеьийндан бўлган айнан бир шахс  вақти-вақти билан гоҳ у тарафга, гоҳида эса бу тарафга ўтиб ихтилофларда намоён бўлиб турар эди.

Саид ибн Мансур ривоят қилади. У айтади: “ Халаф ибн Халийфа бизга Шаьбийдан, Шаьбий эса ибн Масьуднинг : “ Сизлар “(Бу ҳақида) раьйинг қандай? Раьйинг қандай?” дейишдан сақланинг! Зеро сизлардан олдингилар “раьйинг қандай?”, “раьйинг қандай?” сабабли  ҳалок бўлдилар. Бирон нарсани қиёслаб ҳукм қила кўрманг, акс ҳолда қадамлар собит экан тойиб кетади. Бирортангиз билмайдиган нарсаси ҳақида сўралса, “билмайман” десин. Зеро бу илмнинг учдан биридир” деганликларини айтиб берди.”

Аммо бироз кейин, ибн Масьуднинг р.а ушбу позицияси ўзгариб кетди. Бу ҳақида Абу Убайд ривоят қилади.  У айтади: “Абу Муовия бизга Аьмашдан, Аьмаш Амморадан, Аммора Умайрдан, Умайр Абдурроҳман ибн Язийддан, у эса  Абдуллоҳ ибн Масьуддан ривоят қилади. Кунларнинг бирида (баьзи кишилар Абдуллоҳ ибн Масьуд)га бўлган (танқидларни) кўпайтириб юборгач, у зот бунга жавобан: “ Дарҳақиқат, бизнинг (бошимизга шундай) замонлар келдики, биз (у замонларда масалаларга) ҳукм чиқазмас эдик. Ваҳоланки биз ҳам бунга (лойиқ) мақомда эмас эдик. Сўнгра, Аллоҳ бизни сиз  кўриб турган (кунларга) етказди. Бас, бугундан сўнг кимгаки ечим чиқазишга тўғри келса,  у Аллоҳнинг китобидаги нарсалар билан ҳукм қилсин. Бордию унга, Аллоҳнинг китобида бўлмаган, Расулуллоҳ с.а.в унга ҳукм чиқазмаган (саволли) иш етиб келса, у ҳолда (ўзидан кўра фақиҳроқ бўлган салафи) солиҳлар ҳукм қилган нарса билан ечим чиқазсин. Агар унга, Аллоҳнинг китобида бўлмаган, Расулуллоҳ с.а.в унга ҳукм чиқазмаган,  (ўзидан кўра фақиҳроқ бўлган салафи) солиҳлар ҳукм қилмаган  (саволли) иш етиб келса, у ҳолда раьйини  имкон қадар ишга солсину, аммо (қатьиятсизлик билан) “(бу) менинг раьйимга кўра, мен қўрқаман” демасин. Зеро (динда) ҳалол (нарсалар) очиқ-равшан, ҳаром (нарсалар ҳам) очиқ-равшандир. Аммо  улар орасида гумонли ишлар бордирки, бас сен сени шубҳалантирган нарсаларни қўйгину, сени шубҳага солмаган нарсаларни (олавер).” дедилар[13]. Маьлумки, илгари фиқҳий масалаларда турли фаразлар қилишдан йироқ ва инсонларни ҳам қиёсдан қайтариб юрган ибн Масьуд р.а, эндиликда Ироқда раьй имомларидан бирига айланган эдилар. Ҳатто ҳолат шу даражада эдики, раьйга кенг йўл берганларнинг бошида ибн Масьуд р.а ўзлари турар эдилар. Алқама ибн Қайс ан-Нахаий ва шогирди Иброҳим ан-Нахаийлар фиқҳ соҳасига ибн Масьуд р.а асос солган манҳаж асосида  қадам қўя бошладилар.

Аммо ўша замонларда ҳали ҳам, насс далолатлари ва тақозоларига бўйсунувчи раьй билан насс далолатларидан умуман йироқ, унинг доирасидан ташқарига чиқиб кетган  раьйлар орасини ажратиб берадиган очиқ-равшан қоида ва нормалар мажмуаси тузиб улгурилмаган эди. Мана шу сабабли мусулмонлар орасида раьй орқали ҳукм олинадиган ўринларда жуда катта қарама-қаршиликлар юзага кела бошлади. Саҳоба ва тобеьийнлардан иборат бўлган кўплаб фуқаҳолар гуруҳи раьйни қабул қилиш, модомики маслаҳат уни тақозо этаётган экан, уни  эркин қўйиш тарафига мойил ҳолда турган бир пайтда, саҳоба ва тобеьийнлардан ташкил топган бошқа бир гуруҳ фуқаҳолар эса, ҳудди мана шу нарсанинг зиддини айтиб турар эдилар. Улар раьй ҳамда эркин ижтиҳод эшикларини ёпиб ташлаган, бошқаларни ҳам бундан огоҳ этаётган ва раьй борасида бошқача позицияда турган фуқаҳолар ишларини очиқ-ойдин инкор қилишда ҳеч ҳам иккиланмаётган эдилар. Раьйни инкор қилувчи гуруҳ аьзоларининг кўзга кўринган намояндалари бошида саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббос, Зубайр, Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос р.а лар; тобеьийнлардан эса Саийд ибн Мусайяб, Урва ибн Зубайр, Ато ибн Рабоҳ, Шаьбий номи билан танилган Омир ибн Шароҳийл р.а лар турар эди. Бас, мана шу мазкур зотлар раьйни инкор қилувчи, ундан ва унинг ёрдамида ҳукм олишдан сақланувчи кишилар жумласига кирар эдилар. Айтиб ўтганимиздек, улар ҳатто раьйни ишлатувчиларни очиқдан очиқ инкор қилар ва одамларни уларга эргашишдан қайтарар эдилар.  Шаьбий р.а нинг “Расулуллоҳ с.а.в асҳобларидан бўлмиш мана бу зотлар келтирган нарсаларни олинглар. Раьйдан бўлганларини эса, ҳашакга улоқтиринглар” деганларини ровийлар ривоят қилганлар.  Уламо саҳобаларнинг турли диёрларга тарқалиб кетиши ва улар яшаётган муҳит орасидаги фарқлар юқоридаги тортишув ва беқарорликнинг юзага келишида шубҳасиз катта роль ўйнади. Ҳолатлар  қандай бўлмасин, натижа маьлум, яьни беқарорлик ва тортишувлар юзага келиб бўлди. Ана шу юзага келган беқарорлик кўплаб ижтиҳодий ҳукмларга оид бўлган ихтилофлар доирасини жуда ҳам кенгайтириб юборди. Ихтилофлар доираси нафақат шунчаки кенгайди, балки мана шу ихтилофлар кўпинча айрим фуқаҳолар ёки фуқаҳолар гуруҳлари орасидаги тортишув ва низолар ўчоғига айланиб  қолди.

Сиз биласизки, биз эслаб ўтган зотларнинг барчаси салафи солиҳ асрининг мағзини тамсил қиладилар. Ҳар иккала тарафдаги фуқаҳолар ҳам, Расулуллоҳ с.а.в уларнинг афзалликлари ҳақида гувоҳлик берган “хайрлилар” жамоасининг вакиллари эди. Модомики ҳолат шундай экан, сиз уларнинг салафи солиҳларга мансуб бўлишларининг ўзиёқ уларнинг бошқа мусулмонларга нисбатан ҳужжат ва фиқҳий далил бўлишларига кифоя қилади, деб тасаввур қила оласизми? Ёки уларнинг салаф бўлишлари ижтиҳод ва истидлол манҳажидан бирон нарсани ташкил қилишини сиз тасаввур қила оласизми? Қандай қилиб тасаввур қила оласизки, ваҳоланки уларнинг ўзлари ўзаро ихтилофларга нуқта қўйиш ва ихтилофлар алангасига барҳам беришда унга муҳтож бўлинадиган меьзон ва манҳажга зарурат сезиб турган бўлсалар?

Салафи солиҳ воқеьлигининг кейинги мусулмонлар учун, улар ихтилоф қилганларидек ихтилоф қилмоқликлари, улар тортишганларидек тортишмоқликлари, раьй гуруҳи ва ҳадис гуруҳларига бўлинганларидек улар ҳам бўлинмоқликлари ва натижада уларга тақлид қилмоқлик натижасида ўзларини улар каби икки гуруҳга бўлмоқлик каби эьтиборга кўра уларга эргашиш маьнолари мавжуд. Аммо бунинг ташқарисида, салафи солиҳнинг салаф бўлишлик жиҳатида кейингилар учун ҳеч қандай дийний ҳужжат, истидлолий манҳаж бўлиш маьноси йўқдир.

Салафи солиҳнинг умматнинг салафи бўлишларининг ўзиёқ,  уларни кейингилар учун дийний ҳужжат ва истидлолий манҳаж бўлиб қолишларига етарлидир, деб тасаввур қилмоқлик шубҳасиз хатодир. Зеро ана шу салафи солиҳ р.а нинг ўзлари ҳам, улар дуч келган ушбу воқеьликни, зудлик билан унинг ечимини топиш вожиб бўлган хатарли муаммонинг натижаси эканлигини яхши билар эдилар.  Бу хатарли муаммо эса, биз юқорида зикр қилиб ўтган тўрт омил натижасида пайдо бўлган эдики, салафи солиҳ р.а нинг бу омилларни даф қилиш ёки унинг устидан ғолиб келиш чораларига эга бўлолмадилар. Аммо улар тезлик билан бу муаммонинг асосий ечимини топдилар. Улар ушбу ечим қабулига юз тутдилар ва муаммо тамом бўлиб, улар бу муаммодан халос бўлдилар. Дарҳақиқат, салафи солиҳга эргашишнинг соғлом, ҳақиқий йўли –бу бизнинг, уларнинг ўша ечимга иттибоь қилиш манҳажлари ортидан йўл олмоқлигимиздир.  Ваҳоланки, улар ўша ечим ёрдамида муаммодан қутулган эдиларки, биз ҳам уни таҳлил қилиш ва унинг айрим сувратларининг баёни арафасида турибмиз. Биз, инша Аллоҳ, тез орада бу ечим билан танишиб чиқамиз.

Дарҳақиқат, улар ечимини излаган ушбу муаммонинг энг юқори нуқтаси, саҳоба ва тобеьийнлардан бўлмиш ўша  салафи солиҳ уламолари орасида кенг тарқалган беқарорликда кўзга ташланади. Ушбу беқарорлик, киши ақидага тааллуқли бўлган шубҳалар қаршисида ўзини қандай тутишлиги лозим бўлган мавқиф атрофида янада очиқ намоён бўлади.  Мазкур шубҳаларнинг қайси бири муташобиҳ нассларга тегишли, қайси бири янги пайдо бўлган нотаниш тушунмовчиликларга  тегишли, бу аҳаммиятсиздир. Ушбу турли-туман шубҳалар, биз санаб ва ҳар бирини қисқача шарҳлаб  ўтган ўша омиллардан қайсидир бирининг таьсири остида пайдо қилинган ёҳуд қўзғатилган эканлигини, сиз аввалги баҳсларимиздан билиб олдингиз.

Салафи солиҳ ичидаги ушбу беқарорлик иккита майдонда кўзга ташланади;

Биринчиси- шубҳа қўзғатувчилар билан юзлашган чоғда қандай услубни ушлаш ва уларга нисбатан қандай позицияда туриш кайфияти борасидаги майдон.  Хўш, улар билан юзма-юз келган чоғда, энг камида, улардан юз ўгириш керакми? Ёки уларга қарши қўпол муносабатда бўлиб, бор имкониятни ишга солиб, уларни тўғри йўлдан озиш ва бидьатчиликда айблаш керакми? Ёҳуд уларнинг шубҳаларини тинглаш, сўнгра бу шубҳаларни баҳслашиш ва илмий музокара йўли билан йўққа чиқазиш лозимми?..

Иккинчиси –тортишув услублари эмас, балки ўша шубҳа ва баҳслашувлар ўчоғи бўлмиш эьтиқодий мавзуларнинг ўзи борасидаги майдон. Эьтиқодий мавзуларда тортишувлар бошланган заҳоти кўплаб одамлар орасида бу мавзуга доир ихтилофлар бошланиб кетди. Кўп ҳолатларда аксар мусулмонлар мазкур ихтилофлардан қутулиш мақсадида ўзларининг саломат қалб ва покиза ният билан  қабул қилинган раьй ва эьтиқодларидан бошпана қидирдилар. Чунки бу даврларда мусулмонлар ичига динсизлик ва турли тушунмовчиликлар оқими кириб келиб бўлган эди. Мусулмонлар  онгига  бундай динсизлик ва турли шубҳалар оқимини, исломни янги қабул қилган, аммо ўзлари билан  бирга фалсафанинг оғир юки ёки илгари ўзлари мансуб бўлган собиқ динларидан “меьрос” қолган баҳслашувларни ҳам  кўтариб олган кишилар жамоати олиб кирди.  Содда мусулмонларда соф исломий фитрат ҳамда иймон асослари ва арконларига бўлган мустаҳкам ишонч бор эди, аммо уларнинг қўлида юқоридаги каби бузғунчи кимсаларга қарши  баҳс ва мунозараларда курашиш учун лозим бўладиган ҳеч қандай илмий манҳаж ва қоидалар мажмуаси йўқ эди.

Энди эса, мазкур тарихий воқеалар ҳақида аллома, муҳаққиқ, шайх Зоҳид ал-Кавсарийнинг “Табйийну кизб ал-муфтаро фийма нусиба ила ал-имом ал-Ашьарий” китоби таҳқиқи муқаддимасида келтирилган айрим маьлумотларни сизнинг эьтиборингизга ҳавола этамиз.

“Рошид халифалар замонларида бир қанча яҳудий ҳибрлари, насоро роҳиблари ва мажусий қозилари ўзларининг исломни қабул қилганликларини изҳор қилдилар. Бироз вақт ўтиши билан улар аввалдан ўзларида мавжуд бўлган хурофотларни (мусулмонлар орасида) тарқатишни бошлаб юбордилар.  Бу мақсадларига етиш учун улар, хурофот ва бидьатларни улар орасида ёйиш, тарқатиш қулай бўлган илм маданиятидан бехабар бўлмиш саҳройи ровийлар ва содда қуллар каби кишиларни танладилар. Уларнинг  бу хурофотларини қабул қилиб олган ушбу содда, оддий кишилар, тўғри кўнгил билан  уни бошқаларга етказа бошладилар. Улар (хурофотларни) бошқаларга етказаётган чоғларида (бузғунчилар)дан қабул қилиб олган нарсалари орасида Аллоҳ таоло ҳақида тажсийм ва ташбиҳлардан иборат хабарларни ҳам етказар эдилар. Улар бу нарсаларни ўзлари унга эьтиқод қилган ҳолда (камоли соддаликларидан) етказиб турдилар. Зеро улар ҳали- ҳануз ўзларининг  жоҳилият даврларидаги эьтиқодларидан тўла қутулиб улгуришмаган эди. Бас, мана шу тарзда баьзи тоифалар ақийдаларига  ташбиҳдек (иллат) сизиб кира бошлади ва улар орасида ўта хунук бир кўринишда тарқала бошлади.(Муқаддима эгаси, уммат ичида хурофотлар пайдо бўлишининг биринчи сабаби сифатида юқоридагини келтириб ўтди ва иккинчи сабаб маьносида қуйидагини зикр қилмоқда (таржимондан)) Содир этилган гуноҳларда ўзини оқлаш учун қадарни айблаётган кимсалар сўзини эшитган Маьбад ибн Холид ал-Жуҳаний, уларга қарши раддия билдирмоқчи бўлди. Раддия бермоқчи бўлган Маьбад энди бира тўла, шарьий таклифларни ҳимоя қилиш мақсадида, қадарнинг бандалар феьлидан устунлигини бутунлай йўққа чиқазиб қўйди ва иборалари тор (маьнода) “қадар йўқдир, бу иш шикоятдир” деган сўзни айтди. Натижада Маьбаднинг жамоати “қадарийлар” деган ном олди...

“Қурьон махлуқлиги” деган сўз билан илк маьруф бўлган киши ал-Жаьд ибн Дирҳам ал-Димашқийдир. Жаҳм ибн Софван бу гапларни Жаьддан олиб, уни ўзи тарқатиб юрган бидьатларга қўшиб  олди. (Жаннат ва дўзахдаги каби) “Хулуд”ни (яьни, абадийликни) йўқ дейиш ҳам шулар жумласидандир. (Яьни, “Қурьон махлуқдир”, “хулуд йўқ” каби нотўғри сўзни айтаётганлар, аслида Аллоҳнинг тавҳидига путур етказмаслик мақсадида буларни айтаётган эдилар (тарж))

Хуросонда уммавийларга қарши чиқиб, (инсонларни) Китоб ва Суннатга чақирган Ҳорис ибн Сурайж, Жаҳмдан ёрдам олди. Ўша пайтларда Муқотил ибн Сулаймон бу ерларда (одамлар орасида) тажсийм борасида ақидавий (нотўғри) талқинни ёяётган эди. Жаҳм бу сўзларга раддия билдирмоқчи бўлди ва Муқотил бор деган нарсаларни (ёппасига) йўққа чиқаза бошлади. Нафийда шу даражада ҳаддан ошиб кетган Жаҳм, энди “ бандалар сифатланган нарсалар билан Аллоҳ сифатланмайди” дейишгача борди. Ваҳоланки у исмдаги муштараклик билан маьнодаги муштаракликнинг орасини ажарата билмаган эди. Ўша пайтларда (халифа) Маҳдий илми калом билан шуғулланувчи мунозара уламоларини мулҳид ва зиндиқларга қарши раддиялар битилган китоблар тасниф қилишга амр қилди.  Уламолар ҳужжатлар қоим қилдилар, шубҳаларни даф қилдилар ва  ҳақиқатни ойдинлатиб динга хизмат қилдилар. Бу мудофаа юкини ўз елкаларига олган кишилар мўьтазилалардан бўлмиш бир тоифа (олимлар) эди. Бу мудофаа асносида мўьтазилалар, уларга қарши тарафдан юққан, ўша тарафдан уларга мерос қолган ва бу билан улар танилган бидьатлардек, уни енгил санаб бўлмайдиган ақлий хасталикларни ҳам  ўзларига ёпиштириб олдилар.”  шайх Муҳаммад Зоҳид ал-Кавсарийнинг “Табйийну кизб ал-муфтаро” китоби муқаддимасидан қисқартириб олинди

Турли эьтиқодий фирқа ва мазҳабларнинг пайдо бўлишида бу беқарорликнинг қандай таьсир ўтказганлигига бир эьтибор беринг. Мусулмонларнинг баьзилари айрим нотўғри эьтиқодларни яхши ният ва тўғри кўнгилда қабул қилганликларига назар ташланг. Бошқа бир қисм мусулмонлар эса, ўзлари сезмаган ҳолда бир қанча бузуқ ақидаларни ўзгаларнинг ботил эьтиқодларини инкор қилмоқчи бўлган ҳолда қабул қилиб олганлар. Улар аввалига ўзгаларнинг ботил ақидаларини инкор қилмоқчи бўлдилар ва шу мақсадда  қўллаган ибораларида ҳаддан ошиб кетдилар, ёки инкор қилинаётган ботил кўчасини ёпмоқчи бўлдилару, аксинча унинг акс-садоси сифатида  ўзлари билмаган ҳолда ботилнинг бошқа кўчасига кириб кетдилар.  Яна бир тоифа мусулмонлар эса, ўзлари билган ҳолда, қасддан, Аллоҳнинг динига туҳмат қилиш ёки Аллоҳ изн бермаган нарсаларни ташриь қилиш мақсадида зиндиқ ва бидьатчилар бузғунчиликларини ўзлари учун асос қилиб олдилар.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, Расулуллоҳ с.а.в  ўз асҳобларини унинг узра қолдириб кетган ҳақ мазҳаб ушбу бақир-чақирлар издиҳоми орасида йўқ бўлиб кетмади. Тўғрини топиш мақсадида мутлақ ҳақиқатни қидирган киши учун бу ҳақ мазҳабнинг белги ва ишоралари  махфийликка юз тутмади. ... аммо, биз у ҳақида баҳс қилаётган муаммонинг пайдо бўлишига ўз ҳиссасини қўшган ушбу пардаларни йиртиб ташлаш учун, киши сўзсиз ўзига яраша қурол ва василаларга эга бўлмоғи лозим.  Айнан мана шу муаммо, уммат ичидаги беқарорликни юзага келтириб, баьзи содда, гўл, яхши ниятли кишиларни ўз йўлида қурбон қилган эди.  Ҳақиқат юзини тўсиб турган пардаларни йиртиб ташлаш учун лозим бўлган василани қўлга киритмоқчи бўлган салафи солиҳлар нималарга йўналтирилдилар?! Салафи солиҳлар йўналтирилган ушбу васила-маьрифатга олиб борувчи илмий манҳаж ва мантиқий меьзондирки, унинг ёрдамида ҳақ ва унинг ўхшашлари ёки унинг қоришмалари орасидаги фарқлар билинади. (Мен “мантиқий мезон”дан соғлом, интизомли фикрни ифодаловчи умумий мантиқни назарда тутмоқдаман).

Юқорида биз, ислом умматини улкан тараққиётларга ундаган омиллар ҳамда ўша омиллар натижасида юзага келган жиддий мушкулотлар билан танишиб чиқдик. Бу орада,  ўша мушкулотлар ҳажми ва агар бу мушкулотлар ўз ҳолича қолиб кетаверса,  ўз вақтида уларнинг чораси топилмаса, улар қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида изоҳлар ҳам бериб ўтдик. Эндиги навбат эса, мазкур барча мушкулотлар ечимини ўз кафолатига олган илмий манҳажнинг қисқача таьрифини келтириб ўтишликдир. Ушбу манҳаж ўз навбатида қуйидаги вазифаларни бажаришлиги талаб қилинади.

А) Бу  манҳажга кўра, ўша кенг қамровли тараққиёт соғлом-исломий мазмун ва моҳиятини ўз ичига олиш  кафолатини берсин. Токи бу манҳаж, юзага келаётган тараққиётларга соғлом исломий моҳият доирасидан ташқарига чиқиб кетишга имконият ва фурсат қолдирмасин.

Б) Бу  манҳаж мазкур мушкулотлар ечимини топиш кафолатни берсин.

В) Шунингдек, бу манҳаж содиқ мусулмонларга ўзларининг соф исломиятлари узра исломий бирлик ва якдилликка қайтиш ҳамда бир-бирлари билан елкадош бўлган ҳолатда эьтиқод ва сулук борасидаги бир йўл узра бирлашишлари кафолатини берсин.

Бизнинг, ушбу манҳаж ва у ҳақидаги қисқача фикрларга диққат-эьтиборни қаратишдан кўзлаган мақсадимиз, яна қайтиб, китобнинг асосий мавзуси ва таьлиф қилинишдан мақсад қилиб қўйилган ҳақиқатни таькидлашликдир. Ҳақиқат эса шулки, биз салафи солиҳларнинг яшаб щтган воқеьликларига иқтидо қилиб қолмаслигимиз керак. Зеро улар ҳам башар бўлиб, хато, саҳв ва унутишликнинг барча турларига дучор бўлишлари мумкин.  Улар бу жиҳатдан биз каби башар саналиб, бошқа мусулмонлардан устун эмаслар. Аммо Расулуллоҳ с.а.в улар ҳақида гувоҳлик берган шаҳодат тақозосига кўра, улар ноил бўлган фазилат масаласига келсак,  бу уларнинг ўзларидан ёки уларнинг ўзларига хос бўлган муайян башар эканликларидан  келиб чиққан эмас эди. Балки улардаги ушбу фазилат манбаи- уларнинг ич оламлари соф эканлиги ҳамда уларнинг шарьий масдарлар ва манбаьларга яқин эканликларидан эди. Зеро ўша даврларда салафнинг бошларига тушган  мушкулотлардан халос бўлиш йўлларини қулайлаштирган улардаги хусусиятлар ҳам айнан мана шулар эди.

Дарҳақиқат, салафлар қисқа муддатда барча уламо ва тадқиқотчилар  бирдек унга бўйсунадиган меьзонлар ҳукмида бўлмиш қонун ва қоидалар ишлаб чиқдилар. Уламолар ушбу қонун ва қоидалардан, насслардан далолатлар чиқазиш ҳамда гумонлар ва (одатда кўпчилик) адашиб кетадиган ўринларида  кишининг оёғи тойиб кетишидан сақлаб қоладиган ҳимоя воситаси сифатида истифода қилиб келдилар. Мазкур  қонун ва қоидаларнинг қадру қиммати, уларнинг салаф тарафидан кашф қилиниши ва қабул қилиниши жиҳатидан эмас эди.  Балки бу қонунларнинг қадр-қиммати, уларнинг соф арабий табиатга эга бўлган араблар орасидаги муттафақлик нуқтасида  бўлганлигидир. Аслида бу қоидаларнинг баьзилари, хос маьнода лафзларнинг далолати қисмига тегишли бўлса, уларнинг айримлари умумий маьнода насслар тафсири қоидаларига мансубдир. Шунингдек бу қонун ва қоидалар  (Аллоҳ) маьрифати асослари ҳамда ушбу маьрифат асосий заруратларини тамсил қилади.  Ваҳоланки бу қонунларнинг айримлари умумий маьнода маьрифат манҳажларига, хос маьнода эса исломий ақийда асосларига алоқадордир.

Ислом дини кўрсатмалари мажмуаси икки нарса устига бино қилинган. Улар - араб тилида ворид бўлган собит нақл ва маьрифат манҳажлари ҳамда унинг асосий заруратларидан иборат бўлган собит ақлдир. Насслар ўз ичига олган маьноларни тафсир қилиш борасида мана шу қонунлар асосий ҳакам ва меьзон ҳисобланади.  Айнан мана шу қоидалар, ақлни тўғри эканлигини белгилаш ва уни шубҳалар ҳамда ботил гумонлардан сақлаб туришда мурожаат қилинадиган манбадир.

Бу умматнинг салафларидан  бўлмиш содиқ мусулмонлар ўз фикрлари ва ижтиҳодларини кейинчалик мана шу меьзон билан ўлчаб ҳаёт кечирдилар. Натижада, ана шундан бошлаб, ушбу меьзонга иттибоь қилиш,  токи қиёмат кунигача Китоб ва Суннатга эргашиш миқёси бўлиб қолди. Бу нарса Аллоҳнинг арқонини мустаҳкам ушлаш унвонига айланди. Ушбу меьзон ва у асосида пайдо бўлган миқёс салтанати барча мусулмон авлодлари ва табақаларига бирдек ҳукм ўтказди. Унинг салтанати ҳудудидан ташқарига на салаф ва на халаф, на саҳобалар ва на тобеьийнлар, на араблар ва на ажамлар чиқа олганлар.

Ҳаёт тарзи ва фикрини мана шу меьзон тақозосига кўра идора қилиб юрувчи киши Аллоҳнинг китоби ва расули суннатига амал қилган, Аллоҳнинг арқонини мустаҳкам ушлаган мусулмонлар жумласидан саналади. Бу ҳолатда бўлган кишининг,  умумий исломий доирага мансублигидан ўзга, на салаф ва на халаф каби бирор асрга мансубиятининг аҳамияти қолмайди.  Балки ундан ўзга мансубият янги пайдо бўлган бидьат бўлиб, унинг ҳеч қандай маьно ва тақозоси йўқдир.  Ҳаёт тарзи  ва фикри мана шу меьзон тақозосига кўра идора қилинмаган кимсага келсак, ана шу қилмиши унинг Аллоҳнинг динини мустаҳкам ушлаши, унга амал қилгувчи эканлиги ҳақиқатига “жароҳат” етказади. Кишидаги ушбу “жароҳат” хатари, унинг ана шу меьзон тақозосига кўра амал қилишдан қанчалик юз ўгирганлиги ва унга нақадар тажовуз қилганлигига қараб тафовут қилади.  Шунингдек ундаги “жароҳат” тафовути, уни  куфр ва фисққа олиб борувчи ёки шунга ўхшашлар оқибатларини эргаштириб келувчи нарсалар миқдорига қараб  ҳам ўлчанади.  Модомики ҳолат шундай бўлса, кишининг фақатгина “салафий”ликка мансуб бўлиш шарафи ёки “халафий”лик сифатига эга бўлишининг ҳеч қандай маьноси қолмайди.  Демак, Ислом асосларига қатьий риоя қилиш ёки унга риоя қилмаслик меьзонидан сўнг, бу меьзон билан тенглашиш борасида, унга баробар келадиган ёки у билан елкалашадиган, ёҳуд у билан ёқалашадиган бирор меьзон йўқдир.

Ушбу фаслни ниҳоялашдан аввал, диққатни яна бир нарсага қаратмоқчимиз. Дарҳақиқат,  ибн ал-Қоййим р.а ўзларининг “Аьломул муваққиьийн” китобларида, юқорида биз у ҳақида айтиб ўтган муаммоларнинг айрим жиҳатлари  хусусида баён қилиб ўтганлар.  Ибн ал-Қоййим р.а ўз китобларида ушбу муаммонинг хатарли эканлиги ҳақида сўз юритган чоғларида,  эҳтимол бу сўзларни билим доираларидан келиб чиқиб айтганмилар ёки илмий баҳс натижалариданми ёҳуд (мусулмонларни)  бир калима (атрофида) жамлаш,  (уларнинг) йўлларини бирлаштириш учун айтганмилар, бунинг ҳеч қандай аҳамияти йўқдир.  Фақатгина, менимча,  Ибн  ал-Қоййим р.а, ўша аср мусулмон уламолари кашф ва тадвин қилган илмий манҳаж аҳамияти ҳақида огоҳлантирмасдан, балки раьйларни уч турга тақсимлаш билангина кифояланганлар.  Ваҳоланки ўша аср мусулмон уламолари кашф қилган илмий манҳаж, юқорида зикри ўтган муаммо учун энг чиройли ечим, (соч каби) тўзғиб кетган раьй ва фирқаларни ўриб-тараш ҳамда бирлаштириш йўлидаги энг тўғри чора эди.

(Биринчи қисм) : шак-шубҳасиз ботил раьйлар. Ибн  ал-Қоййим р.а бу турдаги раьйларни беш қисмга бўлдилар.  1)Нассларга хилоф бўлган раьйлар. 2)Дийний масалаларда таҳмин, уйдирма ва гумон (каби) гаплардан иборат раьйлар. 3) Робб таборака ва таолонинг исмлари, сифатлари ва феьлларини бекорчига, яроқсизга айлантириш мазмунидаги раьйлар. 4) Бидьатлар пайдо бўлишига сабаб бўлувчи раьйлар. 5) Дин борасида истеҳсон ва гумонлар асосида  билдирилган гап-сўзлар ҳамда ечимсиз ва кераксиз нарсалар билан машғул бўлишга доир раьйлар. (таржимондан: истеҳсон ҳақидаги баҳсларни ўрганиш учун усул фиқҳ китобларига мурожаат қилинсин)

(Иккинчи қисм):  шак-шубҳасиз маҳмуд (мақтовга сазовор) раьйлар. Бу турдаги раьйларни ибн  ал-Қоййим р.а уч қисмга тақсимлаганлар. 1) Фақиҳ ва олим саналмиш саҳобалар раьйлари. 2) Насс (маьнолари) мадлулига кириши жиҳатидан насслардан олинган раьйлар. 3) Уммат унга келишган ва унга ижмоь қилган раьйлар.  Қурьондан, агар топилмаса суннатдан, агар топилмаса бу иккисидан бирида ҳукми келган унинг ўхшашига уни қиёслаш орқали топилган нарсалар билан чегараланилган раьйлар.

(Учинчи қисм): диққат-эьтибор ва шубҳа ўрни бўлган раьйлар. Учинчи турдаги раьйни айтиб ўтган  ибн  ал-Қоййим р.а, бу турнинг шарҳи ва унинг ечими ҳақида ҳеч нарса демаганлар, балки уни шарҳлаш ва ечимини кўрсатишдан, у кишини ҳазрати Умар ибн Хаттоб р.а нинг чиқазган ҳукмлари ҳақидаги китоб шарҳи машғул қилиб қўйган. Зеро,  ҳазрати Умар ибн Хаттоб р.а нинг чиқазган ҳукмлари ҳақидаги масалани ёритиш, ушбу китобнинг тақрибан ярмини эгаллаган. Унинг шарҳини ниҳоялаган ибн ал-Қоййим р.а, фатво ва тақлид хусусидаги баҳсга киришганлар. Бундан маьлум бўлмоқдаки, бу зот китоб аввалида бошлаган уч қисм раьйлар шарҳи ва уларнинг ҳар бирига муносиб бўлган ҳукмларни айтиб ўтишни унутиб қўйганлар. Натижада ўзлари ваьда қилган нарсани амалга оширмаганлар.[14] Ушбу китобни диққат билан ўқиган киши, унда шу каби кўплаб унутиш ёки ғаройиб паришонхотирликларга дуч келади. Мен ўзимнинг “Ислом шариьатида маслаҳат меьёрлари” китобимда улардан баьзиларига, шунингдек айрим ажойиб  зиддиятларга ишора қилиб ўтганман.

Муҳим бўлган нарса шулки, ибн ал-Қоййим р.а ижтиҳод ва ўткир қараш эгалари учун манҳаж ҳамда меьзон бўлиб қолиш мақсадида раьйларни синфларга бўлиш ва уларни турларга тақсимлашни қасд қилганлар.  Аммо, у киши зикр қилган нарсалар асло меьзон ёки манҳаж ҳукмида бўлолмайди. Чунки эьтиқодий масалалар ёҳуд ижтиҳодий ҳукмлар доирасида ихтилоф қилувчи ва тортишувчи кимсалардан ҳеч қайси бири нассга мухолиф раьйнинг ботил, дийний масалаларда тахмин, уйдирма ва гумон (каби) гаплардан иборат бўлган раьйлар ботил, Робб таборака ва таолонинг ўзини сифатлаган сифатларини бекорчига, яроқсизга айлантириш мазмунидаги раьйлар ботил эканлиги ҳақида шак қилмаганлар.

Чунки юқоридаги кишилар орасига ўрмалаб кирган тортишувга сабаб бўлган нарсалар- бу ўша раьйларнинг ботил саналишининг асосий сабаблари нималардан иборат эканлигидир. Кўпинча уларнинг баьзилари баьзиларидан ақийда ва ҳукмлар борасида қилган ижтиҳод ҳамда тортишувларда бир-бирларидан жуда ҳам узоқлашиб кетадилар. Аммо бу узоқлашувнинг сабаби, улардан бирортаси ҳам рақиб тараф нассга хилоф қилганлиги ёки Аллоҳнинг сифатларини бекорга чиқарганлиги ёҳуд дийнда асоссиз гумон ва шубҳалар билан сўзлаганлиги,  дея тасаввур қилмайди.  Балки, уларнинг барчаси ўзларини ибн ал-Қоййим р.а “маҳмуд раьйлар” дея номлаган ҳудуддан ҳурмо пўстлоғи қадар ташқарига тажовуз қилмаганликларига  қатьий ишонадилар.

Мана шу сабабга кўра, унинг ҳақ эканлиги муттафақ бўлган меьзонни қидириш, топиш лозим.  Токи, унинг воситасида бир-бирига қарама-қарши бўлган раьйлар текшириб чиқилсин, уларнинг ҳар бирининг ҳақийқий қиймати аниқлансин ва уларнинг қай бири “маҳмуд” ёки “мазмум” эканлиги ажратилсин.

Ваҳоказо, раьйларни юқорида зикр қилинган уч қисмга бўлиб тасниф қилиш ва ўша тақсимотнинг ҳар бирини бир қисм эьтиқод ва ижтиҳодлар устига тушириш - манҳажга мурожаат қилиш ва уни холис ҳакам қилиш самараси бўлиб, бу манҳажнинг ўзи дегани эмасдир. Ибн ал-Қоййим р.а раьй, унинг қисмлари ва уларнинг ҳар бирининг ҳукми ҳақида узун сўз юритиш билан бу муаммони таькидлаш, унинг тасвири ёки изоҳини орттиришдан ўзга нарса зиёда қилмаганлар. Шу билан бирга, бизнинг ботил раьйлардан сақланиш, мақталган раьйлар атрофида жамланиш ва унга амал қилиш учун, уларни кашф қилишда унга таяниладиган аниқ чизиб берилган муттафақ манҳажга мурожаат қилиш заруратига бўлган эҳтиёжимизни янада зиёда қилганлар, аммо камайтирмаганлар.

Ана энди қисқача баён орқали, ушбу манҳаж билан танишиб чиқиш вақти етиб келди. Биз бу ўринда манҳажнинг тафсилоти ва жузьийёти ҳақида чуқур кетишни бошқа мутахассислар ҳукмига ҳавола қилган ҳолда, унинг умумий таркибини кўрсатиб ўтамиз. Ваҳоланки, бу мақом унинг тафсилотини ёритиб бериш мақоми эмас.



[1] Ибн Касирнинг “ал-Бидоя ван-Ниҳоя” асарига қаранг.

[2] Ибн ал -Ҳожнинг “ал-Мадхал” китоби; 4\105

[3] Абдулҳай Каттонийнинг “ал-Таротийб ал-Идорийя” китобига қаранг.

[4] “Саҳиҳул Бухорий”нинг “Байь” китоби, “Жонсиз нарсалар тасвирлари билан савдо қилиш” боби

[5] Абдулҳай Каттонийнинг “ал-Таротийб ал-Идорийя” китобига қаранг.

[6] Ибн ал -Ҳожнинг “ал-Мадхал” китоби; 4\166 га қаранг.

[7] Термизийнинг “ал-Шамоил”  ва бу китобнинг Алиййул Қорий шарҳи 1 жузь; 221 бетига қаранг .

 [8] Хутот ал-Мақризий”нинг 1 жилд; 92 бетига қаранг.

[9] ибн Саьднинг “Тобақот” китоби; 4 жилд; 200 бет.

[10] (“Авомил ва аҳдоф нашьати илмил калом фил ислам”;  устоз Яҳьё Ҳошим Ҳасан Фарағл)

[11] Шотибийнинг “ал-Эьтисом” асари 2 китоб; 240 бетга қаранг.

[12] “Табарий тарихи” 4 жилд; 47 бет.

[13] Ибн ал-Қаййимнинг “Аьломул муваққиьийн” асарига қаранг

 [14] Аьломул Муваққиьийн” китобининг 1жуз; 67 бетига қаранг.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz