Намоз ўқиш тартиби Принтер учун
26.03.2014 й.
Тоза кийим, тоза бадан, намоз ўқиладиган тоза ўринда таҳорат билан қиблага юзланган ҳолда намоз ўқишга киришилади. Намоз қуйидаги тартибда ўқилади.
Икки ракатли суннат намозлари ўқиш тартиби:
1. Каъба томонга юзланиб «Бомдод (ёки пешин, шом, хуфтон) намозининг икки ракат суннатини холис Аллоҳ учун ўқишга ният қилдим» мазмунида ният қилинади.
2. Икки қўл кафтини қиблага қарата кўтариб, бош бармоқ қулоқ юмшоғига теккизилади ва «Аллоҳу акбар», дея такбир айтиш билан намоз бошланади.
3. Қўлларни қовуштирган ҳолда киндик остида тутиб «Сано» («Субҳанака аллоҳумма...») ўқилади. 
4. Тааввуз («Аъузу биллаҳи...»), басмала («Бисмиллаҳ...») билан Фотиҳа сураси, кейин тааввуз ва басмала айтмай зам қилиб (қўшиб) бирорта сура ўқилади.
5. «Аллоҳу акбар» деб эгилиб рукуъга борилади, бунда уч марта «Субҳана роббийал-ъазийм» (Улуғ Роббим покдир), дейилади.
6. Белни тиклаётиб «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» (Ўзига ҳамд айтган кишини Аллоҳ эшитади), дейилади. Тўла тикланиб бўлгач «Роббана лакал ҳамд» (Роббим, мақтов фақат Сенгадир), дейилади.
(Жамоат билан намоз ўқилганда имом аввалги дуо билан кифояланади, иқтидо қилувчи (эргашувчи) кейингисининг ўзини айтади)
7. «Аллоҳу акбар» деб ерга аввал тиззалар, кейин кафтлар, сўнг бурун ва пешона қўйилиб, сажда қилинади. Бунда тирсаклар ерга ва биқинларга теккизилмайди, барча аъзолар, хусусан, оёқ бармоқлари иложи борича қиблага юзлантирилади. Саждада уч марта «Субҳана Роббийал-ъало» (Олий Роббим покдир), дейилади.
8. «Аллоҳу акбар» деб саждадан бош кўтарилади ва чап оёқни тўшаб, ўнг оёқ кифтини тик қилиб, бармоқлар қиблага юзлантирилган, икки қўл кафти учи тизза баробарига қўйилган ҳолда ўтирилади.
9. «Аллоҳу акбар» деб иккинчи марта юқоридаги каби сажда қилинади.
10. «Аллоҳу акбар», деб ҳеч нарсага суянмай иккинчи ракатни ўқиш учун ўриндан турилади.
11. Иккинчи ракатда ҳам «Бисмиллаҳ...» билан Фотиҳа сураси, орқасидан Қуръондан билганича бирор сура ёки узунроқ  оят ўқилади.
12. Биринчи ракатдагига ўхшаш рукуъ, саждалар қилинади.
13. Саждадан сўнг ўнг оёғини тиклаб, чап оёғи устига ўтиради ва аввал «Ташаҳҳуд» («Аттаҳиййат...»), ортидан икки саловот («Аллоҳумма солли ъала...» ва «Аллоҳумма барик ъала...»), кейин дуолар («Роббана...») ўқиб, аввал ўнг елкага, кейин чап елкага «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ», деб салом беради, шу билан икки ракат намоз якунланади. Икки ракатли фарз намозлари ўқиш тартиби ҳам бундан фарқланмайди.

Тўрт ракатли суннат намозини ўқиш тартиби:
 1. "Тўрт ракатли пешин намози суннатини холис Аллоҳ учун ўқишга ният қилдим" мазмунида ният қилинади.
2. Қўллар кафтини қиблага қаратиб такбир ("Аллоҳу акбар") айтилади.
3. Қўллар боғланиб, Фотиҳа ва ортидан бирор сура қўшиб ўқилади.
4. Такбир билан рукуъга бориб, уч марта "Субҳана Роббиял азийм" дейилади.
5. Тикланиб "Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ", "Роббана лакал ҳамд" дейилади.
6. Такбирлар билан икки марта сажда қилиб, ҳар бирида "Субҳана Роббиял аъла" дейилади.
7. Яна такбир билан тикланиб, юқоридаги тартибда иккинчи ракат ҳам адо этилади.
8. Иккинчи ракат саждасидан сўнг фақат "Ташаҳҳуд" ("Аттаҳият") ўқиб, такбир билан учинчи ракатга турилади.
9. Учинчи ракатда ҳам Фотиҳа, бирор сура қироат қилинади.
10. Такбир билан рукуъга борилади, икки марта сажда қилинади.
11. Такбир билан тўртинчи ракатга турилади, Фотиҳа, бирор сура қироат қилинади.
12. Такбир билан рукуъ ва икки марта сажда қилинади.
13. Кейин чап оёқ устига ўтириб, ўнг оёқни бош бармоғига  тиклаган ҳолда "қаъдаи охир"да "Ташаҳҳуд", саловотлар, дуолар ўқиб, икки томонга салом берилади.

Уч ракатли намоз ўқиш тартиби:
1. Аввалги икки ракат юқорида баён этилган икки ракатли намоз ўқиш тартибига кўра адо этилади.
2. Иккинчи ракатдан сўнг "қаъдаи уло"да фақат «Ташаҳҳуд» ўқилади ва учинчи ракатга «Аллоҳу акбар» деб турилади.
3. Учинчи ракатда «Бисмиллаҳ...» билан Фотиҳа сурасининг ўзи ўқилади, сўнгра юқоридагидек рукуъ ва сажда қилинади.
4. "Қаъдаи охир"да ўтириб, «Ташаҳҳуд», саловотлар ва дуоларни ўқигач, салом бериб намоз якунланади.
Тўрт ракатли фарз намозларини ўқиш тартиби:
"Тўрт ракатли пешин (ёки аср, хуфтон) намозлари фарзини холис Аллоҳ учун ўқишга ният қилдим" мазмунида ният қилинади.
2. Такбир билан намозга киришилади.
3. Қўлларни киндик остига боғлаб, Фотиҳа ва бирор сура қироат қилинади.
4. Такбир билан рукуъга борилади.
5. Такбир билан тикланиб, сўнгра яна такбир билан икки марта сажда қилинади.
6. Иккинчи ракатга туриб, уни ҳам шу йўсинда бажарилади.
7. "Қаъдаи уло"да фақат "Ташаҳҳуд" ўқиб, такбир билан учинчи ракатга турилади.
8. Учинчи ракатда фақат Фотиҳа сурасининг ўзи қироат қилинади ва яна такбир билан рукуъ ва икки сажда қилинади.
9. Такбир билан тўртинчи ракатга туриб, бунда ҳам фақат Фотиҳа сурасининг ўзи ўқилади.
10. Такбир билан рукуъ ва икки сажда қилинади.
11. "Қаъдаи охир"да "Ташаҳҳуд", саловотлар, дуолар ўқиб, икки томонга салом бериб, намоз якунланади.
Тўрт ракатли суннат намозлари ҳам тўрт ракатли фарз намозлари каби адо этилади. Фақат тўрт  ракатли суннат намозларида учинчи ва тўртинчи ракатларда Фотиҳадан сўнг бирор сура зам қилинади (қўшиб ўқилади).

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz