Нақадар гўзал бу Ислом! Принтер учун
14.03.2014 й.
Бу шундайин динки, ўз номига муносиб равишда одамларни адолат, яхшилик, эҳсон, раҳмдиллик, меҳр-шафқат, ўртачалик, мўътадиллик, эзгуликка буюради. Зулм, истибдод, фасод, ёмонлик, душманлик, бузғунчилик, тажовузкорликдан қайтаради. Бу шундайин динки, мусулмонлар уёқда турсин, ҳатто ўзга дин, эътиқод ва миллат вакилларига мурувватни, халқ ўртасида тенглик, аҳиллик, ўзаро ҳурматни тарғиб қилади, аёлларнинг шаънини кўтаради.
Бу шундайин динки, инсонларнинг асосий ҳақ-ҳуқуқлари – ҳаёт кечириш, обрў ва ҳурматини сақлаш, эътиқод ва дин танлаш, тафаккур ва изланиш, илм олиш, мулкчилик ва мулкни сақлаш, хавфдан омонда бўлиш, ҳалол меҳнат қилиш, барча башар билан тенглик, туғилгандан бошлаб ҳур, озод бўлиш, одил судлов, эркин сафар қилиш ва кўчиш, уйланиш ва оила қуриш, ислоҳ қилиш, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш ҳуқуқларини кафолатлайди.  
Ислом динига иймон келтириш, унинг ақида, шариат, ибодат, ахлоқ, одоб каби асосларига, арконлари ва вожибларига амал қилиш – Аллоҳга бўлган иймоннинг шартидир. Ким ушбуни қабул қилса, мусулмондир, уни рад этса, кофир бўлади.
Ислом ўз шавкати билан фитрий чин инсонлигимизга қайтишга имкон беради. У иймонимизни асровчи, хасталикдан қутқарувчи турмуш тарзи билан ҳаёт уммонидан сузиб ўтишга имкон берадиган нажот қайиғидир. Ислом Аллоҳ юборган динлар ичида хотималовчи, қиёматгача барча даврлар ва жамиятлар учун баб-баравар жавоб берадиган ва хизмат қиладиган ягона диндир. Бу дин «Илгариги пайғамбарлар фақат ўз қавмига пайғамбар этиб юборилганди, мен бўлсам ер юзидаги барча инсонларга пайғамбар қилиб юборилдим», дея баралла айтган хотам ун-набий Муҳаммад алайҳиссаломга нозил этилган илоҳий дастурдир.
Абдуллоҳ ибн Ҳузаймани Рум ҳукмдори ўз динига даъват қилиб, киришга кўнса, дунё молининг ярмини ва қизини бермоқчи бўлганида рад қилдирган, иймонни асраш учун душман томонидан қизиб турган қозонга ташланишига рози қилган ҳам Ислом эди.
Халифа Умар ибн Хаттобни «Дажла қирғоғида бир чўпоннинг қўзисини бўри олиб қочса, Аллоҳ халифа Умардан сўрайди», деб нола-изтироб чектирган, Аллоҳдан қўрқиб ўн икки ямоқ хирқада юришга, амирлик саройида тунашдан воз кечишга мажбурлаган ҳам Ислом эди.
Мазҳаббошимиз Абу Ҳанифани бир кийимнинг нуқсонини айтишни унутиб сотиб юборгани учун тижоратдаги ўттиз йиллик шериклари Ҳафс ибн Абдураҳмон билан ажрашиб кетишга ва савдодан тушган ҳамма пулни садақа қилиб юборишга рози қилган нарса ҳам Ислом эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафдошларидан асҳоби суффани эгнидаги юпун кийимга, оч-наҳор юришга, масжид ёнидаги суффани бошпана қилишга кўндирган ҳам Ислом эди.
Муҳаддислар султони Имом Бухорийни охиратдаги ҳисоб-китобда масъул бўлмаслик учун барча мол-мулк ва бойликлардан воз кечишга, фақат қотган нон ва сув билан қаноатланишга чорлаган нарса ҳам Ислом эди. Молик ибн Динорни битта бўйра, Мусҳафи шариф ва битта кўзачадан бошқа бисот ушламасликка рози қилган нарса ҳам Ислом эди. Сўфиййа Робиаътул-Адаввиййани «Тавбаларимизнинг ўзи тавба-тазарруга муҳтождир», дея фарёд чектирган нарса ҳам Ислом эди.
Ислом инсониятнинг ҳаёт тарзини белгилаб берадиган, уни ахлоқ қоидалари билан иҳоталайдиган, барча ёмонлик – гуноҳлардан муҳофаза қиладиган, фақат эзгулик, яхшилик, солиҳ амалларга даъват этадиган сўнгги Ҳақ диндир!
Кишилик тарихини кузатсангиз, ҳалигача бирорта тузум, дин ёки мафкура инсонлар ўртасида чинакам адолат ва тенглик ўрната олган эмас. Аксинча, ҳозирги ғарб мутафаккирлари «Дунёнинг энг катта ҳокими – адолатсизлик, уни ҳақсизлик бошқаради», деб иддао қилишади. Фақат Исломгина инсонларга чинакам илоҳий адолатни таклиф эта олди, жамиятда бу адолатни ўрната олди. Унинг Низомидаги бош ғоя ҳам Адолатдир.
Исломнинг буюк адолати шундаки, у бу дунё ортидан Охират дунёси борлигини эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида инсон дунё ҳаётидаги олтмиш-етмиш йиллик қисқагина умрини меҳнат-машаққатлар, уруш-жанжаллар, турли касаллик ва фалокатлар, хўрлик ва изтироблар ичида совуриб, эвазига ҳеч қандай мукофот олмай ўтиб кетган бўлур эди. Дунёда ҳақсизлик, зулм, қийноқ, адолатсизликларга дуч келганида «Бунинг эвазига охиратда ажр бор-ку!» деган улуғ таскин-тасаллини топа олмаган бўлур эди.
Исломнинг буюк адолати шундаки, у ўлгандан кейин қайта тирилиш борлигини эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида, ўлим инсон учун энг катта фожиа, кулфат, адолатсизликка айланган, уни ўрганиб қолган ҳаётидан, яқинларидан, мол-мулкидан, мавқе-мартабасидан бир лаҳзада узиб қўядиган золимликка айланган бўлур эди. Инсон бир куни ўлимдан қўрқа-қўрқа жон берган ва ҳайвонлар каби ўлиб кетиб, тупроқда беному-нишон чириган бўлур эди.
Исломнинг буюк адолати шундаки, у охиратда Ҳисоб-китоб борлигини эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида дунёни ҳақсизлик, фитна-фасод, зулм-истибдод, зўравонлик ва муттаҳамлик босиб кетган бўлур эди. Исломдан чекинган ёки узоқда бўлган жамиятларнинг ҳозир ҳам ана шу кулфатлар исканжасидан чиқа олмаётгани бунга ёрқин далилдир.
Исломнинг буюк адолати шундаки, у барча инсонларни ҳур, тенг ва насаб-мансабда баравар деб эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида қулдорлик авжига чиққан бир даврда юборилган бу дин қул билан хожани бир мақомга қўймаган (Расули акрамнинг Аммор ибн Ёсир, Билол Ҳабаший, Салмон Форсий каби ўнлаб саҳобалари мусулмон бўлишгунича қул эди), қул озод қилишни ибодат ва гуноҳларга каффорат (эваз) даражасига кўтармаган, қулининг айби учун бир тарсаки туширган хожага бу гуноҳи эвазига қулини озод қилишга буюрмаган бўлур эди.
Агар шундай бўлмаганида оддий бир кампир Ислом давлатининг ҳукмдорини (масалан, Ҳазрати Умарни) кўчада тўхтатиб танбеҳ бера олмаган бўлур эди. Ёки Мафтуна  исмли қоратанли бир ночор аёл Миср ҳукмдоридан девори бузилиб кетгани, қўшнининг товуғи чиқиб озор бераётгани, шунинг учун деворини тузатиб беришни сўраб, унга мактуб йўллмаган бўлур эди.
Ёхуд Пайғамбарнинг куёви бир яҳудий билан тортишиб қолганида адолат истаб Ислом қозисининг олдига бормаган ва қози ҳам айб яҳудийда экани аниқ бўлгандагина: «Яхшиямки, Али ҳақ бўлиб чиқди, акс ҳолда яҳудий фойдасига ҳукм қилиб виждоним қийналган бўлур эди», деб изтироб чекмаган бўлур эди.
Ёки Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан бир ўғрини авф қилишни сўрашганида «Агар қизим Фотимани тутиб келганларингда ҳам қўлини кесган (яъни жазолаган) бўлур эдим» деб ҳукм чиқартирмаган бўлур эди.  
Аллоҳ ҳузурида Исломдан бошқа дин йўқ. «Албатта Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир» (Оли Имрон, 19). Яҳудийлик, насронийлик каби самовий динлар Аллоҳ ҳузурида эътиборини йўқотган, буддавийлик, зардуштийлик ёки шунга ўхшаш бошқа ҳар хил эътиқодлар эса самовий дин бўлмай, инсон изланишлари маҳсулидир. Уларга эътиқод ва амал қилаётганлар адашиб-улоқиб, азиз умрларини беҳуда совуриб юришибди.
Қуръони каримда: «Динга мажбур қилиш йўқ», (Бақара, 256) дейилган. Чунки зўравонлик, мажбурлаш билан тарқатилган ақида, ғоя ва мафкураларнинг умри қисқа бўлади. Илк даврлардаги динга даъват ва таклифни ҳисобга олмаганда Ислом динига ҳеч ким, ҳеч қачон мажбурлаб киритилмаган. Ҳамма инсонлар ҳамиша Исломга ўз ихтиёри, ишончи, ихлоси, итоати, ақидаси, ақли билан кирган.
Ислом асли фитратдир, жибиллиятдир. Эътиқодлар ичида энг софи ва бузилмагани ҳам Исломдир. Масалан, инсонга фитрий, соф нарсалар (масалан, пахта, жун, ипак каби табиий матолар ёки гўшт, нон, мева-сабзавот каби емишлар) ёқади, фойда беради, азият етказмайди. Аксинча, кимёвий йўл билан олинган сунъий газлама, таом ва буюмларнинг инсонга албатта бир зарари ёки озори бор. Шу каби сунъий ғоя, мафкура ва эътиқодлар ҳам қанчалик жозибали кўринмасин, манфаатдор томон уни тарқатиш ва онгларга сингдириш учун қанчалик қаттиқ ҳаракат қилмасин, улар инсониятга фойда келтирмайди, унга саодат эшикларини очиб бера олмайди. Масалан, яқин тарихимизда коммунизм ғоясини тарқатиш учун олиб борилган кураш ва бунга харжланган моддий-маънавий сарфиётлар ҳавога совурилди, ғоянинг ўзи тарих ахлатхонасидан жой олди. Бу ғоянинг бош тарғиботчиси бўлган СССР отли улкан империя битта ҳам ўқ отилмай жон таслим қилди.
Бир ҳамкасбимиз яқинда бундай мулоҳаза билдириб қолди: «Дунёда насронийлик ёки бошқа мазҳабларни тарғиб қилиш учун миллиардлаб доллар маблағ сарфланади. Бунга қанча-қанча илмий-тадқиқот институтлари, матбуот, радио-телевидение хизмат қилади. Миллионлаб нусхада филм, китоб-журналлар текинга тарқатилади. Минглаб миссионерлар дунёнинг ҳамма бурчида изғиб, даъват билан машғул. Аммо бунча ҳаракат ва харажатдан кейин ҳам кўзлаган мақсадларига эриша олмай гаранг. Масалан, Оврупа ва Америкадаги черковлар ҳувиллаб ётибди: қавмни кўпайтириш учун бутхоналарда уюштирилаётган поп-мусиқа консертлари, турли кўнгилочар тадбирлар ҳам иш бермаяпти. Ислом масаласида ҳолат аксинча. Ғарб оламини қўятурайлик, ҳаттоки мусулмон ўлкаларда ҳам Ислом динига очиқ-ойдин даъват қилишга йўл берилмайди. Мусулмонларга матбуот, радио-телевидение орқали чиқишлар уюштириш чеклаб қўйилган. Мусулмон киши ҳатто ўқийдиган китобини нашр этиб-кўпайтиришга, боласига диний таълим беришга, аёлига ҳижоб ўратишга ҳам кимдандир ижозат олиши керак. Аммо ана шунча тақиқ-камситишларга қарамай, бирорта мусулмон (ҳа, бирорта мусулмон, чунки миссионерлар фитнасига учиб иймонини сотаётган айрим кимсаларнинг мусулмонлигига шубҳамиз бор) Исломидан воз кечаётгани йўқ. Аксинча Исломга кирувчилар сони тўхтовсиз ортиб бормоқда. Агар дунёда бошқа динлар тарғиботига қилинган саъй-ҳаракатлар ва харажатларнинг ўндан бири Исломга нисбатан қўлланганида борми, билмадим, ҳозир Ер юзида мусулмон бўлмаган одам қолармикин?».
Унинг мулоҳазаларига раддия билдириш инсофга хиёнат бўлиб туюлади.
Ислом дини эса ҳар қандай тузумда ҳам инсониятнинг ахлоқий ва маънавий қалқони (имммунитети) бўлиб келган ва қиёматгача шундай қолаверади. Унинг ўн беш асрдан буён барча замонлар, барча жамиятлар талабига бирдай жавоб бериб келаётгани бежизга эмас. Чунки у Аллоҳ таолонинг бутун инсониятга юборган ягона илоҳий дастури ва инсонларни қиёматгача ҳидоятга чорловчи ёрқин маёғидир.
Мусулмон бўлишнинг яхшилигини кўринг: ғарблик ғайримуслим ҳатто ота-онаси, туғишганларидан ҳол сўрашга имкон топа олмаётган бир замонда мусулмон киши олис ўлкадаги мазлум биродарига нажот тилаб дуо қилади, бегона қўшнининг ҳолидан  доимий хабардор. Бир ғайримуслим чув тушмаслик, зарар кўрмаслик учун атрофидаги одамларнинг ҳаммасидан шубҳаланиб, қўрқиб, хавфсираб юрган бир пайтда мусулмон ҳаммани ўзи каби ҳалол, омонатдор, тақволи санаб, барчага баравар ишонч, муҳаббат, вафо кўрсатади.
Ўғлим хонадонининг кириш эшигини янгилаётганида уста: «қулфни иккита ўрнатмасангиз бўлмайди, домчилик, яна ўғри тушиб юрмасин», деган маслаҳат берибди. Ўғлим: «Ташвиш қилманг, аждодларимизнинг ҳикоясига кўра ўтмишда мусулмон хонадонида қулф бўлмаган экан, бирор жойга кетишса, зулфинини илиб қўйиш билан кифояланишар экан, Худога шукрки, домимизда ҳам асосан мусулмонлар туришади, бу томонидан кўнглим тўқ», деган жавобни берибди.
Икки ҳамкасбим ўртасида пул муомаласи бўлган экан, бири иккинчисидан олган қарзини узмоқчи эди. Қарз берган киши қайтарилган пулни санаб кўрса, юз минг сўм ошиқ экан. Бир тахлам пулни қайтариб берса, нариги шериги: «Мусулмонлик қандай яхши-я, пул муносабатларида ҳақинг кетиб қолишидан ёки алданишдан ҳеч қачон хавфсирамай яшайсан!» деб хитоб қилган эди.
Самарқандлик бир танишимнинг ҳикоясига қараганда, оврупалик бир сайёҳ шаҳар кўчаларини айланиб юрганида аждодларимиз тиклаган муҳташам обидаларни кўриб: «Мусулмонларнинг ҳатто қурган бинолари ҳам кишига ҳаловат ва хотиржамлик бағишлайди-я!» дея ҳайратланган экан.
Ўзининг зарарига бўлса-да ўзганинг ҳақи поймол бўлмаслиги учун қайғурадиган қилиб қўйган ҳам Исломдир. Ўзи фақир бўлса ҳам қўшнисининг аҳволига ачиниб дастурхонидаги сўнгги нонни, киссасидаги охирги чақани қўшнисига тортиқ қилдириб қўйган ҳам Исломдир. Ҳақ букилмаслиги учун қози ёки ҳукмдорни ўз фарзанди зарарига ҳукм чиқартирган ҳам Исломдир. Хизматчисига билмай бир тарсаки туширганидан афсус чекиб, гуноҳга ботмаслик учун уни дарҳол озод қилишга мажбурлаган нарса ҳам Исломдир. Нафақат мусулмон биродарига, ҳатто бошқа диндагиларга ҳам яхшилик ва хуш муомала қилиш, беморлигида бориб кўриш, қийналиб қолса ёрдамлашишга буюрган ҳам Исломдир!
Яхшиямки, Ислом бор: агар у бўлмаганида дунёдаги барча халқлар бир-бири билан урушиб, ер юзини қонга ғарқ қилган, шаҳар-қишлоқларни вайронага айлантирган бўлур эди.
Яхшиямки, Ислом бор: акс ҳолда инсоний муносабатлар батамом издан чиқиб, зўравонлар ожизларнинг молини тортиб олган, ўзини қул қилган, ҳамма ёқда зулм ва ҳақсизлик ҳукм сураётган бўлур эди.
Яхшиямки, Ислом бор: йўқса ҳамма бир-бирига хиёнат қилишдан, бир-бирини алдашдан, фаҳш ишлар билан шуғулланишдан, зулм ва ёмонлик қилишдан уялмаган бўлур эди.
Яхшиямки, Ислом бор: у бўлмаганида ахлоқ заволга юз тутган, ҳалол ва ҳаромнинг фарқи йўқолган, оила-никоҳ муносабатлари издан чиқиб, одамлар ҳайвонлардан ҳам баттар бўлиб кетар эди.
Яхшиямки, Ислом бор: акс ҳолда жамиятда ҳақлар поймол қилиниб, бойлар бойийверган, камбағаллар тобора қашшоқлашган, аслзодалар ўзидан тубан табақадагиларга паст назар билан қараган, аёллар, заифлар, етимлар хўрланган бўлур эди.

Беҳзод АБДУРРАШИД

 
« Олдинги   Кейинги »