Намозда қўлларни киндик остига қўйиш ва унинг тартиби Принтер учун
20.01.2014 й.

(Зафар Аҳмад ал-Усмонийнинг "Эъло ас-сунан" асаридан)

٦٦٩. عن ابى حازم عن سهل بن سعد رضى الله عنه قال "كان ناس يؤمرون ان يضع الرجل اليد اليمنى على ذراعه اليسرى فى الصلوة". قال ابو حازم لا اعلمه الا ينمى ذلك الى النبى صلى الله عليه و سلم. رواه البخارى
1) Абу Ҳозимдан, у Саҳл ибн Саъддан (разийаллоҳу анҳу) ривоят қилади, у: “Одамлар намозда ўнг қўлларини чап билаклари устига қўйишга буюрилган эдилар”, деди. Абу Ҳозим: “Мен буни билмайман (яъни, бу буйруқни), аммо бу Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ворид бўлган”, деди. ал-Бухорий ривоят қилган.
Мен айтаманки: бу ривоят ва ундан кейин келадиган, Воилнинг ҳадисигача бўлган бошқа ҳадислар ҳам  намозда қўлни боғлаш суннат амал эканлигига, ва бунинг тартиби ўнг қўл чап қўлнинг устига қўйилиши билан бўлишига, унинг аксича бўлмаслигига далилдир. Бунинг суннат эканлигига барча Имомлар ижмоъ қилишган, фақат улар қўлларни қайси жойга боғлаш юзасидан ихтилоф қилишган. (Муаллиф Имом Моликдан ривоят қилинган ихтилофли фикрни ҳам кейинги ўринларда ёритиб ўтади). Бу масалани биз ўрганиб чиқамиз.

٦٧٠. عن جابر رضى الله عنه قال "مرّ رسول الله صلى الله عليه و سلم برجل و هو يصلى قد وضع يده اليسرى على اليمنى فانتزعها و وضع اليمنى على اليسرى". رواه احمد و الطبرانى فى الاوسط و رجاله رجال الصحيح. "مجمع الزوائد".
2) Жобирдан (разийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади, у: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) чап қўлини ўнг қўли устига қўйиб намоз ўқиётган бир киши ёнидан ўтиб кетаётиб, унинг қўлидан ушлаб ўнг қўлини чап қўли устига қўйиб қўйдилар”, деди. Аҳмад ва Табароний "ал-Авсат"да ривоят қилган; бунинг ровийлари "Саҳиҳ"нинг ровийларидан. ("Мажмаъ ал-Завоид").

٦٧١. عن ابن عباس رضى الله عنهما قال "سمعت النبى صلى الله عليه و سلم يقول: "انا معشر الانبياء امرنا بتعجيل فطرنا و تأخير سحورنا و ان نضع ايماننا على شمائلنا فى الصلاة". رواه الطبرانى فى الكبير و رجاله رجال الصحيح. "مجمع الزوائد".  
3) Ибн Аббосдан (разийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади, у: "Мен Набийдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эшитдим, у зот дедилар: “Дарҳақиқат, биз Набийларга кечки таомни [оғиз очишни] тезлаштириш ва саҳарликни кечиктириш, намозда ўнг қўлларни чап қўллар устига қўйиш буюрилди”, дейди. Табароний "ал-Кабир" асарида ривоят қилган ва бунинг ровийлари "Саҳиҳ"нинг ровийларидан. ("Мажмаъ ал-Завоид").

٦٧٢. عن وائل بن حجر فى حديث طويل: ثم وضع يده اليمنى على ظهر كفه اليسرى و الرسغ و الساعد". الحديث رواه ابو داود و سكت عنه. و رواه ابن خزيمة و ابن حبان (فى صحيحهما) و رواه الطبرانى بلفظ "وضع يده اليمنى على يده اليسرى فى الصلاة قريبا من الرسغ". كذا فى التلخيص.  
4) Воил ибн Ҳужр (разийаллоҳу анҳу) узун бир ҳадиснинг охирида ривоят қилиб айтади: “Сўнгра у зот [яъни, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)] ўнг қўлларини чап кафтларининг орқасига, билаклари ва билак суяклари устига қўйдилар”. Абу Довуд ривоят қилган ва бу ривоят бўйича сукут қилган. Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон бу ривоятни ўзларининг "Саҳиҳ"ларида ривоят қилишган. Табароний ушбу сўзлар билан ривоят қилган: “У зот намозда ўнг қўлларини чап қўлларининг билаги яқинига қўйдилар”. Бу "ал-Талхис"да ривоят қилинган.

٦٧٣. عن قبيصة بن هلب عن ابيه قال "كان رسول الله صلى الله عليه و سلم يؤمنا فيأخذ شماله بيمينه". رواه الترمذى و قال "حسن، العمل على هذا عند اهل العلم من اصحاب النبى صلى الله عليه و سلم و التابعين و من بعدهم يرون ان يضع الرجل يمينه على شماله فى الصلاة و رأى بعذهم ان يضعهما فوق السرة و رأى بعضهم ان يضعهما تحت السرة و كل ذلك واسع عندهم".  
5) Қабисаҳ ибн Ҳулбдан, у отасидан ривоят қилади, у бундай дейди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга [намозда] имомлик қилардилар ва чап қўлларини ўнг қўллари билан олиб турардилар”. Термизий ривоят қилган ва [бу ҳадисни] ҳасан, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалари, тобеъийнлар ва улардан кейинги илм аҳлининг наздида амал шунга биноандир, деган. Улар киши намозда ўнг қўлини чап қўли устига қўяди, дейишган. Уларнинг баъзилари қўлларни киндикнинг устига деса, баъзилари киндикнинг остига қўяди дейишган. Бунинг барчаси, улар наздида, жоиздир.
Мен айтаманки: бу ривоятдаги “олиб турардилар” сўзи “қўярдилар” муқобилида келган ва иккала сўз ҳам тўғридир. "ал-Баҳр ар-роиқ"да айтилади (1:326): “У [яъни, "Канз ад-Дақоиқ" муаллифи] аниқ ривоятларда (зоҳир ар-ривоя) эслатилмагани ҳамда ҳар хил ривоятда турли хил бўлиб келгани учун қўлни қўйиш тарзини ёритмайди. Афзал [фикр] шулки, билак кичкина бармоқ ва бош бармоқ билан боғланиб ушланади, чунки, қўлни қўйиш қўлни боғлаш натижасида ҳосил бўладиган ҳолатдир, акси эмас. Бунга сабаб ривоятларнинг турли хил бўлиб келганлигида. Айрим ривоятларда “қўйиш” сўзи, айримларида эса “олиш” сўзи келади. Иккаласини ҳам мазмунан боғлаб амал қилмоқ эса афзал ҳисобланади.
"Радд ул-мухтор"да (1:508) айтилади: “аш-Шурунбулолий иккала ҳадиснинг бир кўринишига бир пайтда ва иккинчи кўринишига эса бошқа бир пайтда амал қилмоқликни маъқул кўрган, чунки, киши шу билан иккала ҳадисга ҳам амал қилган бўлади, дейди”. Мен айтаманки: ушбу [гап] яхшироқ, лекин шунга қарамасдан масала ихтиёрлидир.

٦٧٤. نا يزيد بن هارون قال انا الحجاج بن حسان قال سمعت ابا مجلز او سألته قلت كيف يضع؟ قال "يضع باطن كف يمينه على ظاهر كف شماله و يجعلهما اسفل عن السرة". رواه ابن ابى شيبة "الجوهر النقى". و قال العلامة ابن التركمانى: "و مذهب ابى مجلز الوضع اسفل السرة، حكاه عنه ابو عمر فى التمهيد و جاء ذلك عنه بسند جيد". اه. ثم ساق هذا الاسناد و علقه ابو داود فقال "قال ابو مجلز: تحت السرة". اه.  
6) Бизга Язид ибн Ҳорун ривоят қилди, у: Ҳажжож ибн Ҳассон бизга ривоят қилди, дейди, у: мен Абу Мижлаздан эшитдим ёки мен ундан сўрадим: “[Намозда қўллар] қандай қилиб қўйилади?”. У жавоб берди: “Ўнг қўлнинг ички кафти чап қўлнинг ташқи кафти устига қўйилади ва улар киндикнинг остига жойлаштирилади”. Ибн Аби Шайба ривоят қилган. ("ал-Жавҳар ан-Нақий", 1-126). Аллома Ибн ат-Туркмоний дейди: “Абу Мижлазнинг мазҳаби [қўлларни] киндик остига қўйишдир. Абу Умар [ибн Абдулбарр] буни "ат-Тамҳид"да жаййид-тоза санад билан ундан ривоят қилган”. Сўнгра у санадни келтирган. Абу Довуд буни санадсиз келтирган ва шундай деган: “Абу Мижлаз киндик остига’, деб таъкидлаган”.

Катта тобеъийннинг гапи биз учун ҳужжатдир
Мен айтаманки: бу ривоятда намозда қўлларнинг жойи киндик остида эканлигига далолат бор ва бу Иброҳим Нахаийнинг сўзи билан ҳам қувватланади, у киши: “Намозда ўнг қўл чап қўлнинг устига ва киндик остига қўйилади”, деган. Тобеъийннинг фикри, жумҳурга кўра далил бўла олмаса ҳам, энг тўғри фикрга кўра биз ҳанафийлар учун ҳужжат бўла олади, агар у катта тобеъийнлардан бўлиб, фатвоси саҳобалар даврида ҳам кенг тарқалган бўлса. Абу Мижлаз Лоҳиқ ибн Ҳумайд ал-Басрий ҳам шулар қаторидан, чунки у 100 ё 101 йилда вафот этган. Аллома ал-Айний ўз асарида “Унинг исми Лоҳиқ ибн Ҳумайд ибн Саид ал-Басрий ал-Аъвар бўлиб, машҳур тобеъийнлардан. У 100 ё 101 йилда Кўфа тепасида вафот этган”, дейди. ("Умдат ал-қори", 2:889).
Мен айтаманки: демак, у саҳобалар даврида вафот этган катта тобеъийнлардан саналади ва унинг қавли кейинги бетларда келадиган марфуъ ҳадис ривоятлари билан ҳам қувватланади.

٦٧٥. حدثنا وكيع عن ربيع عن ابى معشر عن ابراهيم قال "يضع يمينه على شماله فى الصلاة تحت السرة". رواه ابن اى شيبة و اسناده حسن كذا فى آثار السنن مع تعليقه و رواه محمد بن الحسن الامام فى آثاره نحوه
7) Вакиъ бизга Рабиъдан, у Абу Маъшардан, у Иброҳим [Нахаий]дан ривоят қилди, у: “Намозда ўнг қўл чап қўлнинг устига ва киндик остига қўйилади”, деди. Ибн Аби Шайба ривоят қилган ва санадини ҳасан деган. Бу "Асор ас-сунан"да (1:71) ҳам зикр қилинган ва Имом Муҳаммад ибн ал-Ҳасан буни ўзининг "Асор"ида ҳам айнан бир хил санад билан келтирган (25 бет).

٦٧٦. حدثنا محمد بن محبوب ثنا حفص بن غياث عن عبد الرحمن بن اسحاق عن زياد بن زيد عن ابى جحيفة ان عليا رضى الله عنه قال: "السنة وضع الكف على الكف فى الصلاة تحت السرة". رواه ابو داود و قال سمعت احمد بن حنبل يضعف عبد الرحمن بن اسحاق الكوفى اه. قلت و لم ينسبه احد الى الكذب و انما يضعف من قبل حفظه، فحاله كحال ابن ابى ليلى و ابن لهيعة و غيرهما. فى تهذيب التهذيب قال البزار ليس حديثه حديث حافظ اه. و قال العجلى ضعيف جائز الحديث يكتب حديثه اه فالحديث حسن.
8) Муҳаммад ибн Маҳбуб бизга ривоят қилди: Ҳафс ибн Ғиёс бизга Абдурраҳмон ибн Исҳоқдан, у Зиёд ибн Зайддан, у Абу Жуҳайфадан, Али (разийаллоҳу анҳу): “Суннат намозда қўлни қўлнинг устига ва киндик остига қўйишдир”, деди. Абу Довуд ривоят қилган ва у: “Мен Аҳмад ибн Ҳанбалнинг Абдурраҳмон ибн Исҳоқ ал-Куфийни заиф деганини эшитдим”, деган. Мен айтаманки: Ҳеч ким уни ёлғончиликда айбламаган, фақат уни хотираси жиҳатидан заиф дейишган. Унинг ҳолати худди Ибн Абу Лайла, Ибн Лаҳиъаҳ ва бошқаларнинг ҳолатига ўхшайди. "Таҳзиб ат-таҳзиб"да (6:137) айтилади: ал-Баззор дейди: “Унинг ҳадиси ҳофизнинг ҳадисидай эмас”. Ал-Ижлий айтади: “Заиф, ҳадис учун етарли, унинг ҳадислари ёзилади”. Шундай қилиб, бу ҳадис ҳасан ҳисобланади.
Мен айтаманки: Бу марфуъ ҳадис қоидасига биноан мавқуф ҳадисдир. "Тадриб ар-ровий" асарида бундай келтирилган (62 бет): “Иккинчидан, саҳобийнинг қавли "Биз фалон-фалон ишга буюрилгандик" ёки "биз фалон-фалон ишдан қайтарилгандик", ёинки "фалон-фалон ишлар суннатдандир" – худди Ибн Доссаҳ ва ва Ибн ал-Аъробий санади орқали Абу Довуд Алидан (разийаллоҳу анҳу) ривоят қилган: "Суннат намозда қўлни қўлнинг устига ва киндик остига қўйишдир" ёки "Билолга азонни жуфт-жуфт қилиб айтиш буюрилди" ва шунга ўхшаш [ҳадислар] – буларнинг барчаси жумҳур уламоларнинг ишончли фикрига биноан марфуъ ҳадислар саналади". Қисқартириб олинди.
Бу ҳадис Имом Аҳмаднинг "Муснад"ида (1:110) келтирилган. "Канз ал-уммол"нинг кириш қисмида келишича, ас-Суютий: “Муснади Аҳмад"даги барча [ҳадислар] қабул қилинади, чунки, бундаги заиф [ҳадислар] ҳам ҳасанга яқин”, деган. Буни "Канз ал-уммол"нинг мунтахабида (1:9) ҳам кўриш мумкин. Ҳофиз ибн Ҳажар ўзининг "Тажриди Завоиди Муснад ал-Баззор" асарида: “Агар ҳадис "Муснади Аҳмад"да келса, бошқа Муснадларга ҳожат йўқ”, дейди. ал-Ҳайсамий "Завоид ал-Муснад" асарида: “Аҳмаднинг "Муснад"и бошқа манбаларга таққослаганда энг ишончли саҳиҳ ҳадислардан иборат”, дейди. Бу "Тадриб ал-ровий" асарида зикр этилган.
Шундай қилиб, ушбу ҳадис ҳасан даражасидан тушмайди. ал-Ижлийнинг Абдурраҳмон ибн Исҳоқ ҳақида “Ҳадис учун етарли, унинг ҳадислари ёзилади”, деб билдирган фикри Абдурраҳмон ибн Исҳоққа берилган заифлик нуқсонини кеткизади. Бунинг тасдиғи бошқа ҳадислар билан ҳам қувватланади, жумладан, Ибн Ҳазм дейди: “Биз Абу Ҳурайрадан ривоят қилдик, у киши: "Намозда қўл қўлнинг устига ва киндик остига қўйилади" деди ва Анасдан [ривоят қилдик], у киши: “Уч нарса пайғамбарлар хислатларидан: [рўзада] оғизни тезроқ очиш ва саҳарликни кечиктириш ҳамда намозда ўнг қўлни чап қўлнинг устига ва киндик остига қўйиш”, деди. Бу "ал-Жавҳар ан-нақий"да зикр қилинган (1:126).

حدثنا مسدد نا عبد الواحد بن زياد عن عبد الرحمن بن اسحاق الكوفى عن سيار ابى الحكم عن ابى وائل قال قال ابو هريرة رضى الله عنه "اخذ الاكف على الاكف فى الصلاة تحت السرة". رواه ابو داود و فيه عبد الرحمن المذكور
9) Мусаддад бизга ҳадис айтди: Абдулвохид ибн Зиёд бизга Абдурраҳмон ибн Исҳоқ ал-Куфийдан, у Саййор Абулҳакамдан, у Абу Воилдан, у киши: Абу Ҳурайра (разийаллоҳу анҳу) деди, деб ривоят қилди: У бундай деган: “Намозда қўл қўлнинг устига киндик остида олиб турилади". Уни Абу Довуд ривоят қилган (1:275) ва санадда юқорида зикр қилинган Абдурраҳмон бор.
Мен айтаманки: Бу ҳам марфуъ ҳадис қоидасига биноан мавқуф ҳадис. Дарҳақиқат, ат-Таҳовий Муҳаммад ибн Сириндан ривоят қилишича, у киши Абу Ҳурайрадан (разийаллоҳу анҳу) ҳадис ривоят қилганда ва ундан “Бу Расулуллоҳданми (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)?” деб сўрашганда, у киши: “Абу Ҳурайранинг (разийаллоҳу анҳу) ҳар бир ҳадиси Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дир”, деб жавоб берган. Ҳадис ровийлари ишончли. Демак, бундан Абу Ҳурайранинг (разийаллоҳу анҳу) ҳар бир ҳадиси марфуъ эканлиги келиб чиқади. Шундай қилиб, намозда қўлларни киндик остига қўйиш суннат эканлиги собит бўлган. Бу Абу Ҳанифа ва шогирдларининг фикридир.
аш-Шаъронийнинг "Раҳмат ал-Умма" асарида (16 бет) келади: “Уламолар намозда ўнг қўлни чап қўлнинг устига қўйиш суннат эканлигига ижмоъ қилишди. Фақат Молик ривоятида ундай эмас. У кишидан қилинган энг машҳур фатво шулки, қўллар икки ёнга ташлаб турилади. ал-Авзоий [намоз ўқувчи учун иккаласидан] бирини танлаш ихтиёрини маъқул кўрган. Уламолар қўлларни қўйиш жойи бўйича ихтилоф қилишган. Абу Ҳанифа "киндик остида" деган, Молик ва Шофеъий "кўкрак остида ва киндик устида" дейишган ва Аҳмаддан иккита ривоят келган, шундан энг машҳури, ал-Хирақий ҳам кўпроқ афзал деб билгани, Абу Ҳанифа мазҳабидаги каби "киндик остига боғлаш" қавлидир.
Мен айтаманки: ал-Шофеъий (раҳимаҳуллоҳ) ва унинг шогирдлари Ибн Хузайма Воил ибн Ҳужрдан (разийаллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисни далил қилиб келтиришади. У бу ҳадисни саҳиҳ деган:
[Ибн Хузайма бу ҳадисни, сиртдан қараганда, саҳиҳ деб таъкидлаган-у, аслида эса бундай эмас. Чунки, у бу ҳадисни фақат Муъаммал ибн Исмоил орқали ривоят қилган ва унинг қанақалиги ҳақида ҳеч нарса демаган. "Саҳиҳ ибн Хузайма"га қаранг (1:243, 489 рақам). аш-Шавконийда "Саҳиҳ ибн Ҳузайма"нинг китоби бўлмаган, чунки, бу китобнинг нусхалари Шавконий яшаган даврдан анча олдин йўқ бўлиб кетган ва у бу ҳадисни Ҳофизнинг "Талхис" асаридан ёки бошқа китобдан келтирган бўлган, Ҳофиз эса ўзининг "Талхис"ида кўпинча “Ибн Хузайма бу ҳадисни саҳиҳ деган” деб келтиради, аммо ҳадиснинг саҳиҳлиги унинг "Саҳиҳ"ида айтиб ўтилмаган бўлади. Балким, у Ибн Хузайма бу ҳадисни ўзининг "Саҳиҳ"ига киритганлиги унинг наздида ҳадис саҳиҳ бўлганлиги учун деб ўйлагандир. Бироқ, тафтишчилар таъкидлашади-ки, ҳадисни саҳиҳ деб эълон қилиш билан ҳадис саҳиҳ бўлиб қолмайди, буни ал-Суютий ҳам ўзининг "Тадриб ал-Ровий" асарида айтиб ўтгган. Айниқса, бизга маълумки, Ибн Хузайма бу ҳадисни заифликда айбловларга учраган Муъаммал ибн Исмоил орқали ривоят қилган – бунга кейинги қаторларда тўхталиб ўтамиз. Ҳадисни саҳиҳ деб эълон қилиниши биз учун етарли асос бўлолмайди.
Носириддин Албоний Ибн Хузайманинг бу ҳадисига берган изоҳида дейди: “Бунинг санади заиф, чунки  Муъаммал, яъни ибн Исмоилнинг хотираси суст эди. Аммо, ҳадиснинг ўзи саҳиҳ ва бу ҳадис шундай маъно билан бошқа санадлар орқали ривоят қилинган”. Унинг бундай саҳиҳлик хулосасига [қандай қилиб келганини] билсам эди! Қани бу ҳадисни қувватлайдиган ўша бошқа санадлар? Ибн Қоййим "Эълом ал-муваққиъин" асарида очиқ-ойдин айтган, Муъаммал ибн Исмоилдан бошқа ҳеч ким “кўкрак устига” деб ривоят қилмаган. Бу китоб матнида берилади. (Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний изоҳи)].
Унда Воил ибн Ҳужр (разийаллоҳу анҳу) дейди: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан намоз ўқидим ва У зот ўнг қўлларини чап қўлларининг устига кўкрак устига қўйдилар”. Бу ҳадис "ан-Найл"да (2:78) келтирилган. аш-Шавконий дейди: “Бу ҳадис улар олган [ҳукм]га ҳужжат бўла олмайди, чунки, улар юқорида айтилганидек [қўллар] кўкрак остига қўйилади, дейишган, бу ҳадис эса [қўллар] кўкрак устига қўйилади, демоқда, бундан олдин Товусдан қилинган ривоятда ҳам айнан шундай дейилган. Бу бобда Воилнинг ҳадисидан саҳиҳроқ бошқа ҳадис учрамайди”.
Мен айтаманки: Воилнинг бу ҳадисини ҳам Аҳмад ўзининг "Муснад"ида Абдуллоҳ ибн ал-Валид орқали Суфёндан, у Осим ибн Кулайбдан, у отасидан, у Воил ибн Ҳужрдан (разийаллоҳу анҳу) ривоят қилган; яна Аҳмад ва ан-Насоий Зоъида орқали Осимдан, у отасидан, у Воилдан ривоят қилган ҳадис ҳам бор; яна Абу Довуд Бишр ибн ал-Муфаззалдан, у Осимдан, у отасидан, у Воилдан ривоят қилган ҳадис; яна Ибн Можа Абдуллоҳ ибн Идрис ва Бишр ибн ал-Муфаззал орқали Осимдан, у отасидан, у Воилдан ривоят қилган ҳадис; ва яна Аҳмад Абдулвоҳид ва Зуҳайр ибн Муовия ва Шўъба орқали Осимдан, у отасидан, у Воилдан ривоят қилган ҳадислар ҳам бор. Буларнинг барчаси “кўкрак устига” деган қўшимчасиз келган.
Ибн Қоййим "Эълом ал-муваққиъин" асарида дейди: “Муъаммал ибн Исмоилдан бошқа ҳеч ким "кўкрак устига" демаган”.
Бу нарса кўрсатиб турибдики, Муъаммал ибн Исмоил [бу қўшимчани ривоят қилишда] яккаланиб қолган. Буни "ат-Таълиқ ал-Ҳасан" асаридан топиш мумкин (1:65).

Муъаммал ибн Исмоил
Муъаммал ибн Исмоил бўйича ҳам ихтилоф қилинган.
Айримлар уни ишончли деганлар. Абу Ҳотим: “Тўғрисўз, суннатни [қўллаб-қувватлашда] мустаҳкам, кўп хатолари бор”, дейди. ал-Бухорий: “Ҳадисда [мункар] рад қилинган”, дейди.
Айримларнинг айтишича: “Унинг китоблари ёндирилганди, шунинг учун хотирасидан ривоят қиларди ва шу туфайли хатолари кўп эди”. Яъқуб ибн Суфён: “Муъаммал Абу Абдурраҳмон сунний шайхларнинг улуғларидан ҳисобланади. Мен Сулаймон ибн Ҳарбнинг уни мақтаганини эшитдим. Унинг ҳадислари бошқа замондошларининг ҳадисларига тенглашмаса ҳам, бизнинг устозларимиз уни тавсия қилишарди. Аҳли илмлар унинг ҳадисларини [ҳукм учун] олишдан эҳтиёт бўлишлари вожиб, чунки, у рад қилинган [ҳадислар]ни ўзининг ишончли устозларидан ривоят қилади ва бу ёмонроқдир, агар бу рад қилинган [ҳадислар]ни заиф ровийлардан келтирганида, биз уни авф этардик”, дейди. ас-Сожий эса: “Тўғрисўз, кўп хатолари бор, хатоларининг рўйхати узундир”, дейди. Муҳаммад ибн Наср ал-Марвазий эса: “Агар бирор ҳадисда Муъаммал (5:226) яккаланиб қолса, буни тарк этиш вожиб ва уни ўрганиш керак бўлади, чунки, унинг хотираси жуда суст ва хатолари кўп”, дейди. Бу "Таҳзиб ат-таҳзиб" асарида қисқароқ зикр этилган (10:381). Шунинг учун, Муъаммал “кўкрак устига” қўшимчасида саҳиҳ ровийлар ичида яккаланиб қолганлиги туфайли қабул қилинмайди ва тўғриси ҳам шудир.
Уларнинг яна бир далили Қабисаҳ ибн Ҳулбнинг отасидан ривоят қилган ҳадиси бўлиб, унда айтилади: “Мен Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) [намоздан кейин] ўнг томонидан ва чап томонидан қайрилиб кетаётганларини кўрдим, ҳамда мана буни кўкракларининг устига қўйганларини кўрдим”. Яҳё [ибн Саъид ал-Қаттон] ўнг қўлни чап қўл билагининг юқори қисмини тасвирлаб берган. Имом Аҳмад буни "Авн ал-Маъбуд"да (1:276) эслатилганидек, ўзининг "Муснад"ида ривоят қилган. Бунинг [камчилиги] шундаки, Яҳёнинг тасвирлагани кейинроқ келадиган ҳадиснинг матнига тўғри келмайди. "ат-Таълиқ ал-ҳасан"да айтилади: “Қалбимдаги ички ҳис шулки, бу нарса хаттотнинг матнда йўл қўйган хатоси ва тўғри лафз эса "Мана буни бунинг устига қўйганларини" бўлиши керак, шу тарзда унинг ‘Яҳё [ибн Саъид ал-Қаттон] ўнг қўлни чап қўл билагининг юқори қисмига деб тасвирлади", деган гапи мана шу лафзга тўғри келади ва бошқа ривоятлар буни маъқуллайди. Балким, шу сабабдан ал-Ҳайсамий "Мажмаъ аз-Завоид" асарида ҳам, ас-Суютий "Жамъ ал-Жавомиъ"да, Али ал-Муттақий "Канз ал-уммол" асарида ҳам бу ҳадисни ривоят қилишмаган, валлоҳу аълам би-с-савоб”.
Мен айтаманки: Бу Аҳмаднинг Суфён санади орқали (5:226) бир ўринда ривоят қилган ҳадиси билан қувватланади, унда [айтилишича]: “Мен Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намозда ўнг қўлларини чап қўллари устига қўйганларини кўрдим”. У киши буни Шарик санади орқали бошқа ўринда ҳам ривоят қилган ва унинг матни: “Мен У зотни бир қўлларини бошқа қўллари устига қўйганларини кўрдим”. У буни ундан яна ўшандай қилиб иккинчи бор ривоят қилган. Дорақутний Абдурраҳмон ибн Маҳдий санади орқали ва Вакиъ Суфёндан, у Симок ибн Ҳарбдан, у Қабисаҳ ибн Ҳулбдан, у отасидан ривоят қилган. У киши: “Мен Набийни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намозда ўнг қўлларини чап қўллари устига қўйганларини кўрдим”. Унда “кўкрак устига”, деган қўшимчаси йўқ. ат-Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад Абу ал-Аҳвос Симок ибн Ҳарбдан, у Қабисаҳдан, у отасидан ривоят қилади, у киши: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга [намозда] имомлик қилардилар ва чап қўлларини ўнг қўллари билан олиб тутардилар”, дейди ("ат-Таълиқ ал-ҳасан", 1:68). “Кўкрак устига” деган қўшимча бу [ривоят]да ҳам йўқ. Шундай қилиб, бу ҳужжат Аллома ан-Нимавийнинг матнда хатога йўл қўйилганлик эҳтимоли ҳақида билдирган фикрини қўллаб-қувватлайди. Ва ҳаётим ҳаққи, Яҳё тасвирлаган ҳадиснинг матни аслида “у киши буни бунинг устига қўйди” бўлишини талаб қилади ва бу тил дидига эга киши учун сир эмас.
[Симок ибн Ҳарб Ҳулбдан бу ҳадисни ривоят қилишда яккаланиб қолган ва биттадан ортиқ [танқидчи] уни заиф деган, ҳамда "Мезон ал-эътидол"да (2:233) зикр этилганидек, ан-Насоий: “Агар манбада яккаланиб қолса, у ҳужжат бўлолмайди, чунки, унга [айрим ҳадислар сендан ривоят қилинган деб] даъво қилишса, у қабул қилаверарди”, деган. Қолаверса, [ҳадис] Суфён санади орқали келади, унинг фикрига кўра эса, юқорида таъкидланганидек, қўллар киндик остига қўйилади].
Улар яна Абу Довуд "Сунан"ининг (1:275) айрим нусхалари ҳошияларида ривоят қилган ҳадисни ҳам ҳужжат қилиб келтиришади: Абу Тавба ал-Ҳайсам, яъни, ибн Ҳумайд бизга ҳадис айтди. У бизга Саврдан, у Сулаймон ибн Мусодан, у Товусдан ҳадис айтган. У: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намозда бўлганларида ўнг қўлларини чап қўллари устига қўярдилар ва уларни кўкраклари устида боғлардилар”, деди. Абу Довуд бу бўйича сукут қилган ва бунинг ровийлари, Сулаймондан ташқари "Саҳиҳ"нинг ровийларидир. У Муслимнинг ровийларидан биридир. ал-Ҳайсам ҳам мустаснодир. У қадарийлик билан маломат қилинган, тўғрисўз ровийдир. "ат-Тақриб"да шундай келган (228 бет). Шу билан бирга бу ҳадис мурсал, бундай ҳадис бизнинг мазҳабда ҳужжат бўла олади, аммо аксарият муҳаддисларнинг ва Шофеъийнинг фикрига кўра, ҳужжат бўла олмайди. Бу ҳадис билан уларнинг ҳужжати тўлиқ бўлмайди ҳамда юқорида айтиб ўтилганидек, бу уларнинг ҳукмига ҳам тўғри келмайди. Аммо бу мурсал юқорида келтирилган Воилнинг ҳадиси билан тўлдирилса, биргаликда кучга эга бўлади.
Бизнинг мазҳабда мурсал ҳужжат экан, биз бу ҳадисга изоҳ беришимиз ёки бунга амал қилишимиз лозим. Демак, биз айтамизки: бизнингча Алининг (разийаллоҳу анҳу) ҳадиси бу ҳадисга нисбатан афзалликка эга, чунки, унда аниқ қилиб икки қўлни киндик остига қўйиш суннатдан эканлиги айтилади. Кўкрак устига [қўлларни қўйиш] ҳадисларнинг барчасида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) феъллари баён қилинган. Лекин, улардан [қўлларни] кўкрак устига қўйиш Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) давомий амалларидан эканлиги келиб чиқмайди, балки, бу ҳадисларнинг далолати [Ҳазрати Али разийаллоҳу анҳу ривоятидаги] "суннатдан" деган лафз далолати каби бўла олмайди. Демак, “киндик остига” ҳадисини қабул қилиш яхшироқ бўлиб чиқади. Бошқа жойларга қўйиш [ҳақидаги ҳадислар] эса, бизнинг фикримизча, уларнинг жоизлигини кўрсатувчи, деб талқин қилинади. Қиёс ҳам [қўлларни] киндик остига қўйиш афзал эканлигини кўрсатади, чунки бундай туриш улуғлаш ҳолати учун доимий одат бўлиб келган.

٦٧٨. حدثنا وكيع عن موسى بن عمير عن علقمة بن وائل بن حجر عن ابيه رضى الله تعالى عنه قال "رأيت النبى صلى الله عليه و سلم وضع يمينه على شماله فى الصلاة تحت السرة". اخرجه ابن ابى شيبة و رجاله ثقات و قال الشيخ قاسم بن قطلوبغا الحنفى: ان هذا سند جيد اه. "شرح الترمذى" لابى الطيب رحمه الله  
10) Вакиъ бизга Мусо ибн Умайрдан, у Алқама ибн Воил ибн Ҳужрдан, у отасидан (разийаллоҳу анҳу) ҳадис айтди, у: “Мен Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намозда ўнг қўлларини чап қўллари устига киндик остига қўйганларини кўрдим”, деди. Уни Ибн Абу Шайба ривоят қилиб чиқарган ва бунинг ровийлари ишончлидир. Шайх Қосим ибн Қутлубуға ал-Ҳанафий: “Бу жаййид-тоза санаддир”, дейди. Абу ал-Таййибнинг (раҳимаҳуллоҳ) "Шарҳ ат-Термизий" асари.
Шайх Абу ат-Таййиб [ибн Абдулқодир ибн Синдий ал-Маданий], "Термизий"га шарҳ ёзган киши, дейди: “Шундай қилиб, бу ҳадиснинг санади ва матни саҳиҳ, уни ҳужжат қилиб олса бўлади”. "ат-Таълиқ ал-Ҳасан"да келади: “Шайх Обид ас-Синдий "Таволеъ ал-анвор"да унинг ровийларини саҳиҳ, деган”. Мен айтаманки, бунинг ровийлари Муслимнинг ровийларидир, Мусо ибн Умайрдан ташқари. У эса ан-Насоийнинг ишончли ровийлари сарасига киради. Алқама ибн Воил ибн Ҳужр ал-Куфий Муслимнинг ровийларидан бўлиб, ростгўй ва ишончлидир.

Алқама ибн Воилнинг отасидан эшитганлиги
"ат-Тақриб"да (147 бет) келтирилган: “Бундан ташқари, у ўз отасидан эшитмаган”, деган фикридан Ҳофиз [ибн Ҳажар ал-Асқалоний] "ат-Таҳзиб" асарида воз кечган, бунда: “У ўз отасидан ривоят қилган”, деб зикр қилади.
[Мен [Муҳаммад Тақий Усмоний] айтаманки: менинг бу бўйича иккита мулоҳазам бор: биринчиси, ал-Ҳофиз "Тақриб ат-Таҳзиб" асарини "Таҳзиб ал-таҳзиб"дан кейин ёзган, буни у "ат-Тақриб"нинг кириш қисмида аниқ қилиб айтиб ўтган. Хўш, қандай қилиб муаллифнинг: “У бундан воз кечган”, деган гапи тўғри бўлиши мумкин? Иккинчидан, ал-Ҳофиз "ат-Таҳзиб"да Алқама ўз отасидан эшитган, деб эмас; у ўз отасидан ривоят қилган, деб келтиради. Бу иккала гап ўртасида катта фарқ бор, ва ал-Ҳофизнинг бу икки гапини мувофиқлаштириш мумкин. "ат-Таҳзиб"да тасдиқланган нарса – "эшитган" деган сўзсиз фақат "ривоят қилган" деб келган, ва "ат-Тақриб"да инкор қилинган нарса – "эшитган" сўзи бўлган. Шундай қилиб, ал-Ҳофизнинг “Алқама ўз отасидан эшитган”, деган гапидан ҳужжат олиш амримаҳол. Зотан, бу бошқа далиллар билан ҳам асосланади ва муаллиф уларни кейинроқ келтириб ўтади].
Муслимнинг "Сиҳҳат ал-иқрор би-л-қатл" (2:61) бобида у ўз отасидан аниқ эшитганлиги [далил] қилиб келтирилади. Муслим дейди: “Убайдуллоҳ ибн Муоз ал-Анбарий бизга ҳадис айтди, у деди: Отам бизга ҳадис айтди. У деди: Абу Юнус бизга Симок ибн Ҳарбдан, у эса Алқама ибн Воилдан ҳадис айтди. У отаси унга ҳадис айтганини ҳадис қилиб айтиб берди. У: "Дарҳақиқат, мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёнларида ўтирдим", деб ҳадиснинг [охиригача] ривоят қилди”.
ат-Термизий (1:251) "ал-Имам яъмуру бил-ъавф фи-д-дам" бобида дейди: “Алқама ибн Воил ибн Ҳужр ўз отасидан эшитган ва унинг ёши  Абдулжаббор ибн Воилникидан каттароқ бўлган, Абдулжаббор ибн Воил эса отасидан эшитмаган”.
Яна шу нарса сиздан махфий эмаски, кейинги уламоларнинг айримлари Ибн Абу Шайбанинг ушбу ҳадисидаги “киндик остига”, қўшимчасининг тўғрилигини таъкидлашган. "Авн ал-Маъбуд" асарида Аллома Шайх Ҳаёт ас-Синдий дейди: "Киндик остига" қўшимчасининг тўғрилигида шубҳа бор. Аниқроғи, бу китоб кўчиришда йўл қўйилган хатолик, мен "ал-Мусаннаф"нинг ишончли қўлёзмаларини олиб текшириб чиқдим ва бу ҳадисни ўша қўлёзмаларда мана шу санад билан ва [айнан] шу лафзлар билан бирга кўрдим, аммо "киндик остига" қўшимчаси йўқ эди. У ўша жойда бу ҳадисдан кейин ал-Нахаийнинг гапини ривоят қилади ва унинг гапи мана шу ҳадис лафзига ўхшаш бўлиб, гапнинг охирида "намозда киндик остига" қўшимчаси бор. Эҳтимол, хаттотнинг нигоҳи бир жойдан бошқа жойга янглиш тушиб, мавқуф лафзни марфуъ бўлган жойга кўчириб қўйган”.
Мен айтаманки: Агар бу қўшимча фақат битта қўлёзмада топилса эди, биз унинг “эҳтимол, хаттотнинг нигоҳи бир жойдан бошқа жойга янглиш тушган”, деган гапини қабул қилган бўлардик, лекин бу кўплаб қўлёзмаларда учрагани учун хаттотларнинг янглиш нигоҳлари бўлган, деган гап қабул қилинмайди.
"ат-Таълиқ ал-Ҳасан"да (1:70) зикр этилганидек, Аллома Қоим ас-Синдий ўзининг "Фавз ал-киром" рисоласида бундай дейди: “Шайх Қосим ушбу қўшимча "ал-Мусаннаф"да борлигини тасдиқлаганига ва менинг ҳам бир қўлёзмада кўрганимга ҳамда Шайх Муфтий Абдулқодирнинг шахсий кутубхонасидаги бир қўлёзмада ҳам мавжудлигига қарамай, бу қўшимчанинг хатолигини билдирувчи фикр – адолатдан эмас”. Яна у: “Мен буни ўз кўзларим билан ишончлилиги текширилган бир қўлёзмада кўрдим” ва яна: “Бу қўшимча энг ишончли қўлёзмаларда бор”, дейди. ан-Нимавий: “Адолат бизга уқтирадики, бу қўшимча, "ал-Мусаннаф"нинг аксарият қўлёзмаларида бўлиши ва ҳақиқатлигига қарамасдан, ишончли ровийларнинг ривоятларига зиддир, шунинг учун ҳам сақланиб қолмаган”, дейди. Мен айтаманки: “Маъқул, аммо ғайриодатий ривоятни қувватловчи ҳадислар бўлса, у қабул қилинади; бу ерда ҳам худди шундай, матннинг мавқуф ҳадислари ҳам, марфуъ ҳадислари ҳам бу қўшимчани қувватлаб келади". Энди, ўзингиз тушунаверинг!”
"ал-Баҳр ар-Роиқ"да (1:303): “Шофеъийга кўра, қўлларнинг жойи киндик устида ва кўкрак остидадир, ан-Нававий у кишининг номидан "Саҳиҳ ибн Хузайма"да Воил ибн Ҳужрдан (разийаллоҳу анҳу) келган ҳадис юзасидан баҳс юритади, бунда Воил: "Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан намоз ўқидим ва У зот ўнг қўлларини чап қўлларининг устига кўкрак устига қўйдилар", дейди. Яширин эмаски, бу ҳадис уларнинг даъвосига тўғри келмайди”, деб келади то унинг: “[ҳанафий] мазҳабини тасдиқлашда айтилиши мумкинки, суннатда собит бўлган [амал] ўнг қўл чап қўлнинг устига қўйилмоғидир ва қўллар тананинг айнан қайси жойига қўйилишини тавсифловчи, Воилнинг юқорида эслатилган ҳадисидан бошқа ҳадис собит бўлмаган. Бу ҳадис бир ҳолатни кўрсатадиган, умумийлик хусусиятига эга бўлмаган ҳамда ушбу амалнинг жоизлигини кўрсатиш мақсадида ривоят қилиниш эҳтимолига эга ҳадисдир. Шундай қилиб, [қўлларни боғлаш] амалида, "Фатҳ ал-қадир"да таъкидланганидек, тикка турган ҳолда улуғлаш ва ҳамду-санолар изҳор қилиш учун қўллар одатий жойга қўйилади, яъни, бундай ҳолатларда одат киндик остига қўйишдир. Биз бу фикрни бундай ҳолатда эркак кишига нисбатан қўллаймиз, аёл кишиники бундан фарқли, сабаби у [қўлларини] кўкраги устига қўяди, чунки, бу уни анча бекитиб туради ва унга анча муносиб туришдир”.
"Дурр ал-мухтор"да (1:508): “Аёл ва хунаса кимса қўлларни кўкрак остига қўяди”, деб келади. "Радд ал-муҳтор"да эса: “Бу "ал-Мунйа"нинг айрим нусхаларида учрайди ва баъзиларида эса "сийналари устига", дейилади. "ал-Ҳилйа"да айтилади: “Жумҳур айтганидек, "кўкраклари устига", дейиш афзароқдир, "сийналари устига" эмас, ҳатто иккала қўлнинг билаклари кўкрак устида сийналар устида турса ҳам, аммо бу ўргатиш мақсадида айтилмаган”.
Мен айтаманки: шундай қилиб, бу масала эркакларнинг ҳукми аёлларникидан фарқ қилиши ҳақида эди.
Яна шуни билингки, "Сунани Абу Довуд"да келади ва у бу ҳадис бўйича сукут қилади: Муҳаммад ибн Қудома ибн Аъюн бизга Абу Бадрдан, у Абу Толут Абдуссаломдан, у эса Ибн Жарир аз-Забийдан, у эса отасидан ҳадис айтди. У: “Мен Алининг (разийаллоҳу анҳу) чап қўлининг билагидан ўнг қўли билан киндик устида ушлаб турганини кўрдим”, дейди. Бу ҳадис у кишидан ривоят қилинган ҳадиснинг матнига зид эмас, чунки, татбиқ қилиш мумкин: ҳар иккалови ҳам жоиздир. Сизга маълумки, ат-Термизий: “Буларнинг барчаси уламолар наздида жоиздир” деган. Аммо, матннинг ҳадиси оғзаки бўлгани учун ҳам бу ҳадисдан афзал ҳисобланади, чунки сўз доимо амалдан устун туради. Аллоҳ таоло билгувчироқдир!

Аллоҳ Таолонинг: “Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй (ванҳар)!” ояти каримасининг тафсири
ал-Байҳақий ўзининг "Сунан"ида Ибн Аббосдан (разийаллоҳу анҳу) ривоят қилади, у киши Аллоҳ азза ва жалланинг: “Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй (ванҳар)!” (Қуръон 108:2) ояти ҳақида бундай дейди: “["Ванҳар" дегани] ўнг қўлни чап қўлнинг устига ва томоққа (наҳр) яқин жойга қўймоғидир”. Бунинг санадида Равҳ ибн ал-Мусаййиб бор, у эса рад қилингандир. Ибн Ҳиббон: “У ишончли ровийлардан тўқима ҳадислар ривоят қилади. Ундан келган ривоят жоиз эмас”, дейди. Ибн Адий: “Унинг ҳадислари сақланилмайди”, дейди. Худди шундай, у  Алидан (разийаллоҳу анҳу) ҳам [Ибн Аббосдан ривоят қилган ҳадиснинг матнига] ўхшаш [матнли] ҳадис ривоят қилган ва у ҳадис бўйича Аллома Ибн ат-Туркмоний: “Бунинг санадида изтироб-номутаносиблик бор”, деган. ал-Ҳофиз ибн Касир ўзининг "Тафсир"ида: “Айтишганки, "Ванҳар"дан мурод ўнг қўлни чап қўлнинг устига ва томоқдан (наҳр) пастга қўймоғидир. Бу Алидан (разийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ва саҳиҳ эмас”, дейди. Бу "ат-Таълиқ ал-ҳасан"да қисқарган ҳолда келади (1:49).

Таржимон: Маҳмуд Халил
Муҳаррир: Ҳамидуллоҳ Беруний

 
« Олдинги   Кейинги »