Донишманд аёл қиссаси Принтер учун
30.12.2013 й.
Умар розияллоҳу анҳу бир куни минбарга чиқиб, одамларга хитоб қилдилар. Улардан аёлларга бериладиган маҳрларни кўпайтирмасликни талаб қилдилар. Чунки, Пайғамбар алайҳиссалом ва у зотнинг барча саҳобалари маҳрни тўрт юз дирҳамдан оширмас эдилар.
Шунинг учун ҳам Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу йиғилганларга қарата: “Аёлларнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан кўпайтирманглар! Ким шу миқдордан кўпайтирса, белгилангандан ортиқчасини байтулмолга мусодара қилдираман” деб амр қилдилар. Бу гапларни айтиб бўлиб, энди минбардан тушган ҳам эдилар-ки, қурайшлик бир аёл ўрнидан туриб:
“Эй мўминлар амири, одамларни аёлларга тўрт юз дирҳамдан кўп маҳр беришдан қайтаряпсизми?” деб сўради. У зот: “Ҳа” дедилар. Шунда аёл:
“Аллоҳ таолонинг “Агар бир хотинни (талоқ қўйиб), ўрнига бошқа хотинни алмаштирмоқчи бўлсангиз, аввалгисига гарчи уюм-уюм молни (маҳр қилиб) берган бўлсангиз ҳам, ундан бирор нарсани қайтариб олмангиз. Уни бўҳтон ва аниқ гуноҳ билан оласизми?!” (Нисо, 20) деган сўзини эшитмаганмисиз?!” дея эътироз билдирди. Бу гапни эшитган Ҳазрати Умар ўзларига ўзлари:
“Эй Аллоҳ, мени кечир. Ҳамма одамлар Умардан кўра фақиҳроқдир” дедилар. Кейин минбарга қайтиб чиқдилар-да:
“Эй одамлар, мен сизларни хотинларингиз маҳрини кўпайтиришдан қайтарган эдим. Энди ким ўз молидан хотинига қанча маҳр бермоқчи бўлса, бераверсин. Аёл рост гапирди, Умар хато қилди” дедилар.

Нозимжон Ҳошимжон

 
« Олдинги   Кейинги »