Овқатдан кейин бармоқларни ялаб қўйиш ҳукми Принтер учун
29.12.2013 й.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Сизлардан кимдир таомланса, бармоқларини ялаб қўйсин. Чунки, у улардан қайси бирида барака борлигини билмайди” дедилар” (Термизий ривояти).

Шарҳ: Ҳадиси шарифда овқатланиш вақтида бармоқларга ёпишиб қолган овқатларни ялаб тозалашга, уларни шундай ювиб ташламасликка амр қилинмоқда. Бундай тозалаш овқатланиш одоби ҳисобланади. Овқат асрлари ёпишган бармоқларни ялаб тозалаш Аллоҳ таоло неъматларини қадрлаш, уни ювиб ташлаш эса, неъматни зоя қилиш бўлади. Бармоқлардан овқат асарларини ялаб кетказиш тавозелик ва Аллоҳ таолога одоб сақлаш аломатидир. Бармоқларни ялаб қўйишдан ор қилиш эса, кибр, димоғдорлик ва аҳмоқлик белгиларидандир. Чунки, еяётган овқатидан бармоқларига ёпишиб қолган нарсаларни ялаб қўйишдан ор қилиш, аҳмоқликдан ўзга ҳеч нарса эмас.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бармоқларни ялаб қўйишга чиройли тарзда амр қилиб: “у улардан қайси бирида барака борлигини билмайди” дедилар”.

Бараканинг маъноси, бирор нарсани Аллоҳ таоло нима мақсадда яратган бўлса, ундан ўша мақсадни ҳосил бўлиши ва мақсадсиз зоя бўлмаслигидир. Масалан, овқат одамнинг баданининг бир жузига айланиши мақсадида пайдо қилинган ва шунингдек у сабабли танада қувват пайдо бўлади. Одам овқатланаётган вақтда овқатнинг қайси қисми орқали овқатдан кўзланган мақсад ҳосил бўлишини билмайди. Шунинг учун бармоқларига ёпишиб қолган таомларни ялаши керак бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло сиҳҳат ва қувватни бармоқлардан қайси бирига ёпишиб қолган овқатда қилиб қўйган бўлиши мумкин. Агар бармоқларни ялаб қўйилмаса, овқатдан кўзланилган мақсад фавт бўлади ва овқат баракасидан маҳрум бўлинади.

 
« Олдинги   Кейинги »