Иккинчи мавзу: Зайнаб розияллоҳу анҳо Принтер учун
16.12.2013 й.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб онамизни дастлаб асранди ўғиллари бўлмиш Зайд розияллоҳу анҳуга никоҳлаб берганлари, кейин у киши Зайнаб онамизни талоқ қилгач, ўзлари унга уйланганлари ҳақида.
 Бу мавзу ҳам қадимдан Ислом мухолифларининг фитна қўзиш учун ҳаракат қилишган мавзуларидан ҳисобланади. Мусулмон уламоларимиз эса бунга ҳам етарли жавобларни тақдим қилишган.
 
Абдулла Каримов номи билан фаолият олиб бораётган бир  даҳрийнинг ижтимоий тармоқдаги шахсий фикрини ўқиб қолдим. Мавзу бир жинсли никоҳлар ҳақида бўлиб, унинг фикрича бу каби никоҳларга қарши чиқмаслик керак. Кейин мавзу борган сари ўзгариб, бир ерда у кишининг онаси билан инсест алоқасига нормал ҳолат деб қарайман, деб қолди!  Бундай жирканч ва разил қарашлари орқали гўё Исломга қарши туришни намоён қилмоқчи бўлди. Лекин баҳс бир оз чўзилгач, гап энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг никоҳлари ҳақида бошлангач, бу беюз тамоман ўз фикрларига зид қарашларни алжирай бошлади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайнаб онамиз билан бўлган никоҳларини инсест алоқа деб номлади. Мавзу янада қорароқ чиқиши учун: «Муҳаммад ўз жиянини хотин қилиб олган», деди. Бир соатлар олдин инсестга бетараф бўлиб турган бу нусха энди Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни инсестда айблай бошлади. Бу ишнинг жирканч эканини гапира бошлади!
Биринчидан, Зайнаб онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни аммаларининг қизи бўлади. Аммасининг қизи қайси мезонга кўра ва қайси замонлардан бери «жиян» дейиладиган бўлди?!  
Иккинчидан, амманинг қизига уйланиш қайси тушунчага кўра инсест бўлади?  Ўлганинг тузук, бунақа савия билан яна илмий баҳсни даъво қилганига ҳайрон қоласан киши!
Лекин булар билан баҳслашган сари ҳайрон қолмайдиган бўлиб боряпмиз. Чунки бошқаларнинг қадриятларини беҳурмат қилиш, муқаддас тушунчаларнинг устидан кулиш учун инсон шу қадар шарафсиз бўлиши ва шу қадар тубанликка тушиши табиий ҳол экан! Аслида у жиян дея номлаб олиш билан мавзуни жирканчроқ тус олдирмоқчи холос! Ҳудди соддароқ киши бир ўқиганда, гўё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз жиянларига уйланган, қилиб кўрсатмоқчи! Лекин бу ботил тушунча илмий асослар олдида муздай эриб тушади!
Аслида худосиз бўлиш ҳар кимнинг ўз ихтиёрида. Биз худосизларнинг шахсий ишига аралашмаймиз. Виждон эркинлиги бизнинг қонунчиликда кафолатланади. Лекин булар орасида шу Абдулла Каримовга ўхшаган жирканч кимсалар ва унинг нотайин уч тўртта ялоқбардорлари, бир ҳовуч ювиндихўрлар, бизнинг қадриятларимиз, динимиз, иймонимиз, муқаддас тушунчаларимиз устидан мазаҳ қилишлари, ўлкамиздан етишиб чиққан буюк мутафаккир мусулмон уламоларимизни аҳмоққа чиқаришлари қонунга ҳам, инсонийликка ҳам зид. Бу бетайин атеистлар ўта ҳаддиларидан ошишмоқда. Бизнинг конституциявий ҳуқуқларимизни топташмоқда. Балки бир кун келиб улар ҳуқуқ олдида жавоб беришар, бу борада ҳуқуқ посбонларимиз ўз ишларини қилишар, лекин бизнинг вазифамиз уларнинг туҳматлари ботил эканини илмий асосларда оммага билдириш ва бу мавзуда асл ҳақиқат нимадан иборатлигини етказишдир.  Биз туҳматларга мантиқий ва илмий далилларни келтираверамиз. Доно ўқувчи эса кимнинг далили мустаҳкамлигига ўзи баҳо беради ва хулосани ҳам ўзи чиқариб олаверади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Аллоҳга ҳамд, қалбимиз сурури бўлмиш Набийи Муҳтарамга салоту саломлар бўлсин!
Аммо баъд:
Айнан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайнаб бинти  Жаҳш розияллоҳу анҳога уйланишлари ҳақидаги баҳс атрофида, афсуслар бўлсинки, Ислом душманлари томонидан тўқилган «Ғоромия қиссаси» каби бир қанча қиссалар тарқалиб қолган. Бу қиссаларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан нолойиқ гаплар, у зотнинг шаънларига номуносиб туҳматлар қилинган. Бу бўҳтонларнинг барчаси ботил эканини Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар орқали  ёрқин кўришимиз мумкин. Яна ушбу асоссиз гапларнинг тарқалиб қолишига, афсуски, баъзи тарихчиларнинг эшитган хабарларини текширмай китобларида нақл қилиб юборганлари ҳам сабаб бўлган. Лекин Олусий, Фахруддин Розий ва Ибн Касир каби машҳур ишончли уламолар ўша тарихчиларнинг гаплари ёлғондан иборат бўлганини, улар нақл қилган бу борадаги хабарлар воқеаликдан узоқ, тўқилган гап эканини таъкидлашган. Шунингдек, Ал Азҳар уламолари Ибн Асирнинг «Ал Комил» асаридаги нақл қилинган қиссани ҳам қаттиқ танқид қилишган, ривоятнинг асоссиз эканини исботлаб беришган.
Ҳа, Ислом уламолари хабарларни ривоят қилишда метин асосларни ўн тўрт аср олдин ишлаб чиқишди. Бу асослар орқали кимнинг рост гапираётганини, кимнинг ёлғон гап нақл қилаётганини аниқлаш имконини ўртага қўйишди. Шунинг учун ҳам, душманлар томонидан Исломни қоралашга бўлган кўплаб уринишлар ҳеч бир даврда  муваффаққиятга эриша олмади. Айрим мусулмон тарихчиларнинг хатолари эса ўша даврнинг ўзидаёқ шу ўлчовлар олдида ошкор бўлди ва воқеанинг асл ҳақиқати юзага чиқаверди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайд ибн Хориса розияллоҳу анҳу  дастлаб никоҳига олган, кейин эса талоқ қилган Зайнаб бинти  Жаҳш розияллоҳу анҳога уйланишлари қандай бўлган? Бу ишнинг ҳақиқати нимадан иборат? Шу хусусда батафсилроқ баҳс юритиб,  ишнинг аслини саҳиҳ манбалар асосида кўриб чиқсак. Аллоҳ таолодан ушбу изланишда лутфу карам талаб қилиб, адашиш ва хатодан асрашини сўраб илтижо қиламиз. Зеро Унинг ҳидояти билан ҳақиқатлар рўёбга чиқади! Ҳақ рўёбга чиққач эса, ботил эриб, йўқ бўлади!
‒ Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо:
 Зайнаб бинти  Жаҳш розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларидан бири бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ҳижратнинг бешинчи йилида уйландилар. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аммалари Умайя бинти Абдулмутталибнинг қизи эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқмасидан олдин Зайд ибн Хорисанинг аёли бўлган.
‒ Зайд ибн Хориса розияллоҳу анҳу:
Зайд ибн Хориса розияллоҳу анҳу илк мусулмон бўлганлардан.  Хадижа онамиз уни қул ҳолида сотиб олган, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиққач, у зотга ҳадя қилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайдни Аллоҳ йўлида озод қилдилар ва араблар одатига кўра ўзларига бола қилиб олдилар. Зайд ўз ота онасидан ажрагани ва ўзга юртда ғариб ҳамда қул бўганидан жамият орасида обрўси паст эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни озод қилиб, ўзларининг тарбияларига олгач, шаъни юксалиб, обрўси ортди. Шу йўл билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга эҳтиром кўрсатдилар, шаъни ва обрўсини кўтардилар, ҳатто одамлар уни «Муҳаммаднинг ўғли» дея чақира бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Зайдни жуда яхши кўрардилар. Ҳатто у «Расулуллоҳнинг суюклиси» деган лақабни олган эди.  Кейинроқ у кишининг ўғли Усомага ҳам «Суюклининг ўғли суюкли» дея ном берилди.
‒  Зайднинг Занабга уйланиши:
Зайднинг уйланиш эҳтиёжини сезган Пайғамбар алайҳиссалом унинг номидан ўз аммаларининг қизи Зайнабга ўзлари совчи бўлдилар. Дастлаб Зайнаб бу никоҳга рўйхушлик бермади. Қандай ҳам рози бўлсин? Ахир насл насабли қиз қулликдан озод бўлган одамга турмушга чиқадими? Ўша даврнинг ижтимоий ҳолатида бу никоҳга ҳар ким ҳам рози бўлавермасди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатда Зайнаб: «Мен Зайдга тегмайман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хўп дегин, унинг никоҳига кўнавер», дедилар. У: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга ўз хоҳишимда ҳам буйруқ қилинадими?» деди. Шу каби мулоҳазалар бўлиб турган чоғда Аллоҳ таоло қуйидаги оятларни нозил қилди:

: {وَمَا كَانَ لِمُؤْمِنٍ وَلَا مُؤْمِنَةٍ إِذَا قَضَى اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَمْرًا أَن يَكُونَ لَهُمُ الْخِيَرَةُ مِنْ أَمْرِهِمْ وَمَن يَعْصِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ ضَلَّ ضَلَالًا مُّبِينًا
«Ҳеч бир мўъмин эркак ва ҳеч бир мўъмина аёл учун Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилмоқ йўқ. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлса бас, батаҳқиқ очиқ адашишда адашибди». (Аҳзоб. 33‒36)
Шунда Зайнаб розияллоҳу анҳо: «Эй Аллоҳнинг Расули, унинг никоҳига киришимга сиз розимисиз?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа» дедилар. Зайнаб: «Ундай бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлмайман, ўз нафсимни унинг никоҳига топширдим», деди».
Оятнинг нозил этилишига сабаб бўлган ривоятдан кўриниб турибдики, Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо бу никоҳга ўз иродасига қарши ҳолда, Аллоҳнинг оятига эргашиб, Расулуллоҳнинг рағбатлари туфайлигина рози бўлдилар. Ўзларига қўйиб берса тегмайман деб турган жойларида, оятнинг нозил бўлиши билан қарорларини ўзгартирдилар. Иймон тақозо қилган ишни танладилар. Ҳа, саҳобаларнинг энг буюк фазилатларидан бири ҳам мана шу итоатлари эди! Улар ушбу итоатлари билан бутун дуёни адолатга тўлдириб ташлашди. Қисқа фурсатда башариятнинг пешқадамига айланишди!
1  Туҳмат. Муҳаммад олдиндан Зайнабни олмоқчи бўлиб юрган.
Бу ҳодисанинг ўзида туҳматчиларнинг: «Муҳаммад Зайнабни олдиндан ўзи олмоқчи бўлган», деган даъволари пучга чиқади.
Ахир Зайнабни ўзлари олмоқчи бўлсалар, нима учун уни Зайдга олиб бермоқдалар?
Нима сабабдан бу иш амалга ошиши учун Зайнабга насиҳат қилмоқдалар, «Зайдга теккин», демоқдалар?
Ўзлари ғайрат кўрсатмоқдалар?
Агар ўзлари олмоқчи бўлсалар, Зайдга олиб беришлари умуман мақсадга зид иш эмасми?
 2 Туҳмат. Муҳаммад Зайнабни олдин кўрмаган, кейин кўриб ёқтириб қолган.
Ахир Зайнаб аммаларининг қизи, доим борди келди бўлиб турган, кўз ўнгиларида катта бўлган қиз бўлса, қанақасига уни кўрмаган бўлишлари мумкин? Яна совчилик қилганларида бевосита Зайнабнинг ўзи билан гаплашдилар. У пайтда ҳали ҳижоб ояти ҳам нозил бўлмаган, Зайнаб розияллоҳу анҳо эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларида ҳижобсиз юрарди. Хуллас, бу туҳмат ҳам асоссиз бўлиб чиқди.
‒  Зайнабнинг талоқ қилиниши:
Ушбу ҳодисадан кейин Зайд ва Зайнабнинг оилавий ҳаётлари бошланди. Лекин турмуш кўнгилдагидек бўлмади. Аввал айтиб ўтилганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари совчи бўлиб, ўртада туриб, икковларини никоҳлаб қўйган эдилар. Зайнабнинг  маҳрига ўн динору олтмиш дирҳам пул, бир рўмол, бир чойшаб, бир кўйлак, саксон муът егулик ва ўн муът хурмо берилган эди. Муқоза ибн Ҳиббоннинг айтишича, бир йил ёки ундан кўпроқ бирга яшашди. Сўнгра Зайд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оиласидан шикоят қилиб кела бошлади. У зот алайҳиссалом эса уни қайтариб: «Жуфтингни ўзинг ила тутиб тур ва Аллоҳга тақво қил», деявердилар. Лекин иш янада чигаллашиб кетди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайднинг қарорини ўзгартира олмадилар. Натижада Зайд Зайнабни талоқ қилди. Аслида Аллоҳнинг ҳикмати амалга ошаётган эди. Бу ҳикматни қуйироқда кўриб чиқамиз.
‒ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайнаб розияллоҳу анҳо онамизга уйланишлари:
Зайнаб талоқ бўлгандан сўнг бир неча муддат ўтгач, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга уйланишга қарор қилдилар. Аслида бу уйланиш ҳам ваҳий асосида амалга ошган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча никоҳлари ваҳий асосида бўлган. Лекин ваҳийни тан олмайдиган даҳрийларнинг таънасини йўққа чиқарадиган инсонийлик тушунчаси ҳам мавжуд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таклифлари билан қурилган оила кейинчалик бузилди. Зайнаб талоқ қилингач, кўнгли ярим бўлди, эзилди. Зайнабнинг фидокорлиги эвазига муносиб жавоб бўлиши керак эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан ушбу жавобни қилдилар. Энди Зайнабни  ўзларига сўраб совчи бўлдилар, унга нисбатан ҳурмат ва эҳтиромнинг намунасини кўрсатдилар. Ўз никоҳларига олдилар! Ҳа, кимсан, жамиятдаги энг обрўли шахс, Аллоҳнинг элчиси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга жуфти ҳалол бўлиш ҳар қандай муслиманинг орзуси эмасмиди?! Дарҳақиқат, Зайнаб онамиз учун бу улкан мукофот бўлди. Лекин ўша даврдаги жоҳилият урф одатига кўра, боқиб олинган бола ҳам ҳақиқий ўғил ўрнида кўрилар, асранди ўғил талоқ қилган аёлга уни боқиб олган шахс уйлана олмас эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу гап сўзлардан андиша қилар ва уйланиш масаласини беркитиб турардилар. Чунки ҳали бу одатларни ман қилувчи қонунлар тушмаган, қонун бўлмагач, ман қилинмаган нарсалар рухсат мақомида турарди. Бу ҳолатга ишора қилиб, Аллоҳ таоло шундай дейди:
«Эсла, сен Аллоҳ неъмат берган ва сен ҳам неъмат берган шахсга «Жуфтингни ўзинг ила тутиб тур ва Аллоҳга тақво қил», дер эдинг. Ва ичингда Аллоҳ ошкор қилгувчи бўлган нарсани маҳфий тутардинг ва одамлардан қўрқардинг. Ҳолбуки Аллоҳдан қўрқмоғинг ҳақлироқ эди». (Аҳзоб, 37)
Ояти каримадан биз зикр қилиб ўтган воқеанинг мағзи кўриниб турибди. Бир дона оят жумласида бутун бошли тарих, шахсларнинг мавқеъи, ички кечинмалари, ижтимоий ҳолат, тўғри йўлга далолат ва ҳоказоларни кўришимиз мумкин!  
«...Ва ичингда Аллоҳ ошкор қилгувчи бўлган нарсани маҳфий тутардинг ва одамлардан қўрқардинг...» (Аҳзоб, 37).
Бу жумладаги маҳфий тутилган нарса нималиги борасида икки хил фикр олға сурилган.
1. Қозий Иёз «Аш Шифо битаърифи ҳуқуқил Мустафо» номли асарида шу ва ундан олдинги оятлар тафсирида қуйидагиларни айтади: «Агар Зайднинг қиссасидаги: «Эсла, сен Аллоҳ неъмат берган ва сен ҳам неъмат берган шахсга «Жуфтингни ўзинг ила тутиб тур ва Аллоҳга тақво қил», дер эдинг...»  ояти маъносини сўрасанг, шуни яхши билгинки, – Аллоҳ сенга гўзал муомала қилсин – бу оятнинг зоҳиридан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаънларига шубҳа билан қарама! Сенга зоҳирда Зайд аёлини талоқ қилмоқчи бўлса, уни бундан қайтариб, ўзлари ичларида эса талоқ қилишини хоҳлаётганларини беркитган бўлиб кўринмасинлар. Балки бу борада тафсир аҳилларидан ҳикоя қилинган энг саҳиҳ гап Алий ибн Ҳусайндан қилинган ривоятдир. Унга кўра, Аллоҳ таоло Ўз Набийига яқинда Зайнаб унинг аёли бўлишини билдирган эди. Зайд аёлидан шикоят қилиб келганида унга: «Жуфтингни ўзинг ила тутиб тур ва Аллоҳга тақво қил»,  дедилар ва Алоҳ билдирган нарсани беркитдилар.
«Аллоҳ (уни) ошкор қилгувчи бўлган».
Аллоҳнинг ошкор қилиши Зайднинг Зайнабни талоғини бериши ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайнабни олишлари билан юзага чиқди.
Худди шунга ўхшаш ривоятни Амр ибн Фоид ҳам Зуҳрийдан ривоят қилиб келтиради. Зуҳрий айтади: «Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, Аллоҳ таоло Зайнаб бинти Жаҳшни у кишига жуфт қилиб беришини билдирган эди. У зот шуни маҳфий тутдилар”.
 Муфассирлар бу гапларини ундан кейинги оят билан қувватлайдилар: «Ва Аллоҳнинг амри амал қилиниши лозим бўлгандир». Яъни сиз унга уйланишингиз шарт бўлган ишдир.
Табарий айтади: «Қатода ҳадисида ривоят қилинганидек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнабни кўриб қолиб, қалблари унга мойил бўлгани, Зайд талоқ қилишни сўраб келганида шуни беркитганлари ҳақидаги гап, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаънларига, у зотнинг Набийлик рутбаларига нолойиқ гапдир. Тақводор инсонларда бу каби ҳолат яхши саналмаса, Набий муҳтарамга қандай қилиб лойиқ кўрилади?»
Қушайрий айтади: «Буни айтган киши катта журъатга қўл урибди ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатларини яхши танимабди!»
Абул Лайс Самарқандий айтади: «Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайдга хотинингни талоқ қилмай, ўзингда ушлаб тур», дейишларидан нима истифода олиш мумкин, дейилса, шундай деймиз: «Аллоҳ таоло Зайнабни Ўз Набийига жуфти ҳалол бўлишини билдирган эди. Шунда Зайд келиб, Зайнаб билан келиша олмаётганларини айтиб, уни талоқ қилишни сўраганида Зайдни  қайтардилар. Шу билан бирга Аллоҳ билдирган нарсани ичларида сақладилар. Агар Зайд талоқ қилса, ўзлари Зайнабни олишлари, бу билан эса одамларнинг: «Муҳаммад ўз ўғлининг хотинини олди», деган гапларидан ҳаё қилдилар. Лекин Аллоҳ таоло унга уйланишларига амр қилди ва бу билан умматларига худди шу ишни, асранди ўғил ҳақиқий ўғил бўлмаслигини, унинг талоқ қилган хотини боқиб олган кишига мубоҳ бўлишини жорий қилди. Оятнинг давомида ҳам бу ҳикматни очиқ кўришимиз мумкин:
«Токи мўъминларга ўз асранди болалари хотинларида улардан ҳожатларини адо қилишгач, танглик бўлмасин деб».
Алий ибн Ҳусайннинг ривояти ва Самарқандийнинг тафсирини Ибн Ато ҳам айтган ҳамда уни саҳиҳ, деган. Қозий Қушайрий шу фикрни маъқул санаган. Абу Бакр Фурок ҳам шу таъвилни зикр қилиб: «Тафсир аҳлларидан муҳаққиқларнинг наздида ҳам маъно шудир», деган. Абу Бакр Фурок ўз фикрини давом эттириб қуйидагиларни айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбларидаги нарсага зоҳирларида хилоф қиладиган зот бўлмаганлар. Бу сифат мунофиқларга хосдир. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида у зотни бундай бўлишдан пок эканларини билдирган:
«Набийга Аллоҳ унга фарз қилган нарсада бирон танглик бўлмас...».  (Аҳзоб. 38)
Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи фикрга кўра Зайнабга уйланишларини билганлар, фақат унинг қатъий амр эканини ўйламаганлар ва шунинг учун уни беркитганлар. Бу қабилдаги ишлар Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан гуноҳ эмас, балки хато ҳисобланади. Чунки Пайғамбарлар гуноҳдан маъсум зотлардир. Улар гуноҳ қилишмайди, балки хатога тушишлари мумкин, холос. Пайғамбарлар хатосининг маъноси эса, икки афзал ишнинг афзалроғини танламай, савоби камроғини танлаб қўйишларидир!  
2. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг беркитган нарсалари борасидаги иккинчи фикрни қўллаб, шундай баён қиладилар:
Иқтибос: «Ва ичингда «Аллоҳ ошкор қилгувчи бўлган нарсани маҳфий тутардинг».
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўнгилларига Зайд Зайнабни талоқ қилгандан кейин унга уйланиш ниятини солган эди. Аниқ амр бўлмаган эди-ю, аммо кўнгилларига тушган эди. Шунинг учун Зайд розияллоҳу анҳу: «Жуфтингни ўзинг ила тутиб тур», деб айтаётганларида хаёлларининг бир четида бу фикр бўлиб, Аллоҳдан амр келишини кутардилар. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хаёлларида кечган ушбу гапни ҳам эслатмоқда. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг Аллоҳ ошкор қилувчи бўлган нарсани махфий тутаётганларининг сабаби кейинги жумлада келади:
«Ва одамлардан қўрқардинг. Ҳолбуки, қўрқишингга Аллоҳ ҳақлироқ эди».
Одамлар «Ўзининг асранди ўғли талоқ қилган хотинга уйланибди», деб таъна қилишларидан андиша қилар эдилар. Чунки ўша вақтнинг урф-одатига биноан асранди ўғилга худди ўз ўғлидек муомала қилинар эди. Ўз ўғлининг талоқ қилган хотинига уйланиш ҳаром бўлганидек, асранди ўғлининг талоқ қилган хотинига ҳам уйланиш ҳаром ҳисобланар эди. Расули акрам ушбу мулоҳазалар билан Аллоҳ кўнгилларига солган ишни, Зайд талоқ қилганидан кейин Зайнабга уйланиш ниятини маҳфий тутар эдилар. Таъкидлаб айтиш керакки, бу фақат кўнгилга тушган фикр эди. Агар Аллоҳнинг очиқ-ойдин амри бўлса, ҳеч қандай маҳфий тутмас эдилар, балки уни дарҳол ошкор қилар эдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Аллоҳнинг амридан бирор сўзни ҳам маҳфий тутишга ҳақлари йўқ эди, бундай қилмаганлари маълум ва машҳурдир.
Ибн Жарир Табарий раҳматуллоҳи алайҳ Омир розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо қуйидагиларни айтадилар: «Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига ваҳий қилинган Аллоҳнинг китобидан бирор нарсани беркитадиган бўлсалар: «Ва ичингда Аллоҳ ошкор қилгувчи бўлган нарсани маҳфий тутардинг, ва одамлардан қўрқардинг. Ҳолбуки Аллоҳдан қўрқмоғинг ҳақлироқ эди», оятини беркитар эдилар».
(Ҳа, бу воқеанинг шу тарзда 1400 йилдан бери туришлиги бир жиҳатдан қиёматга қадар келадиган мункирларга бериб қўйилган жавоб ҳамдир. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам душманлар даъво қилаётганидек, Қуръонни ўзлари тўқиб олганларида эди, бу гапларни ёздирмас эдилар. Чунки ким ўзининг дакки эшитганини бошқаларга эшиттиришни хоҳлайди? Демак Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг ваҳийси ва амридир. Расулуллоҳ Аллоҳнинг амрига итоат этиб ҳеч нарсани беркитмадилар. Бу гапларни ҳам оят бўлиб нозил қилинишидан кейин ҳаммага ўқиб бердилар ва у Қуръони каримда асрлар давомида тиловат қилиб келинмоқда... Аброр Мухтор Алий.).
Аллоҳ субҳану ва таоло ҳар бир ишни ҳикмат ила қилади. Бу ҳақиқат суранинг аввалида асранди болаларга ўз фарзандларидек муомалада бўлишни ботил қилган оятлар ҳақидаги баёнда ҳам айтилган эди. Пайғамбар алайҳиссалом пайғамбар бўлгунларича ҳам жоҳилиятнинг ботил урф-одатларидан четда турганлар. Аллоҳ таоло у зотни Ўзи сақлаган. Фақат бола асраш бобида Аллоҳ ирода қилган ҳикмат юзасидан Зайд ибн Ҳорисани ўғил қилиб олганлар. Мана энди ҳикмат юзага чиқмоқда. Аллоҳ таоло шу одатни ва унга қўшиб “Асранди ўғлининг талоқ қилган хотинига уйланиб бўлмайди”, деган жоҳилият қонунини ботил қилиш учун ушбу ҳукмни Ўз Расули алайҳиссалом ҳаётида татбиқ этишни хоҳлаган эди. Чунки шунда ҳукм таъсирлироқ бўлади, ҳеч бир мўъмин бу ҳукмдан иккиланмайди.
Худди шу ҳикматга биноан Расули акрам алайҳиссалом аммаларининг қизи бўлмиш Зайнаб бинти  Жаҳш розияллоҳу анҳонинг норози бўлишларига қарамай Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуга никоҳлаб берган эканлар.
Худди шу ҳикмат юзасидан «Ҳеч бир мўъмин эркак ва ҳеч бир мўъмина аёл учун Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилмоқ йўқ» ояти нозил бўлди. Мазкур ишларнинг асл моҳияти, улардан кўзланган ҳикмат энди юзага чиқмоқда ва Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига:
«Қачонки Зайд ундан ўз ҳожатини адо этгач Биз сени унга уйлантирдик», демоқда. Яъни «Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Зайнаб бинти Жаҳшдан ҳожатини адо этиб, уни талоқ қилгач, Биз Ўзимиз сенга уни завжа-хотин қилиб бердик», демоқда. Шундай бўлиши керак эди, Аллоҳ таолонинг иродаси шу эди. Аллоҳ субҳану ва таоло Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳони Пайғамбар алайҳиссаломга Ўзи никоҳлаб қўйди. Бу ерда валий ҳам, маҳр ҳам, гувоҳ ҳам йўқ, ҳаммасининг ўрнига Аллоҳнинг амри бор. Зайнаб бинти    Жаҳш онамизнинг ўзлари бундай никоҳ билан фаҳрланиб юрар эдилар. Имом Бухорий Анас ибн Моликдан қилган ривоятда бу ҳақда шундай дейилади: “Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа аёлларига фаҳрланиб: «Сизларни аҳлларингиз никоҳлаб берган, мени Аллоҳ таоло етти осмоннинг устидан никоҳлаб берган», дер эди.
Кейинги жумлада бу ишнинг асл ҳикмати очиқ баён этилади:
«Токи мўъминларга ўз асранди болалари хотинларида улардан ҳожатларини адо қилишгач, танглик бўлмасин».
«Бировнинг асранди боласи хотинидан ўз ҳожатини адо этиб, уни талоқ қилса уни асраб олган киши ҳалиги аёлга уйланиши мумкин эмас» деган ғирт мантиқсиз, хато жоҳилият қонунини энди Аллоҳ таолонинг Ўзи тўғрилади. Бу ишда намуна тариқасида Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсан ўзларини танлади:
«Ва Аллоҳнинг амри амал қилиниши лозим бўлгандир», деди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг бу борадаги амрига амал қилинди. Расулуллоҳ алайҳиссалом Зайнаб розияллоҳу анҳога уйландилар. Ўзлари андиша қилиб одамлардан беркитиб турган ишларини Аллоҳнинг ҳукми келгач дарров ошкор қилдилар. Шу билан жоҳилиятнинг одамлар ҳаётида ва онгида қаттиқ сингиб кетган одатларидан бири бўлмиш “Асранди ўғилнинг талоқ қилган хотинига уйланиши ҳаром”, деган қонуни ботил бўлди, мўъминлардан яна бир танглик кўтарилди. Мана шу ҳақиқатни билиб олишимиз лозим ва лобуд, чунки Ислом душманлари, Пайғамбар алайҳиссаломнинг душманлари бу ҳодисадан турли уйдирмаларни тўқиб, Расули акрам алайҳиссаломнинг шахсларига ва бу орқали Ислом динига таъна отишни ўзларига касб қилиб олганлар, мўъминлар бу нарсани унутмасликлари керак». Иқтибос тугади!
Бу икки фикрда ҳам асл мақсад Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга лойиқ бўлмаган сифатни у зотдан бартараф қилиш бўлса да, ҳар иккисида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг амрига итоат қилганлари, ўз хоҳишларини устун қўймаганларини, шу билан бирга даҳрийлар даъво қилаётган туҳматлар асоссиз эканини кўрсатади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу никоҳга ўзлари бош бўлиб, ғайрат қилганлари, ҳодисанинг жараёни ва оятларнинг сиёқидан бу никоҳ орқали бир неча ҳикматлар юзага чиқди:
1. Аллоҳнинг Расули Зайнабни Аллоҳнинг амрига кўра Зайдга олиб бердилар.
2. Инсонлар қайси табақага мансуб бўлишидан қатъий назар Ислом тушунчасида тенг эканларини ҳаётий тарзда кўрсатиб бердилар.
3. Жоҳилиятдаги «Ҳур ва насабли қизлар озод қилинган қулларга турмушга чиқмайди», деган нотўғри тассаввурни йўққа чиқардилар.
4. Инсоний хато ўлчовларни илоҳий фармон ила тўғриладилар.
5. Ушбу нозик ишни ўз яқинларида татбиқ қилиб, умматга кўрсатиб бердилар!  
6. Ҳақиқий мўъминларнинг иймон йўлини танлашлари намоён бўлди!
7. Қалбида марази борлар яна маразларини зиёда қилиб олдилар ва жаҳолат чуқурига қуладилар!
8. Жоҳилият даврининг асранди бола  ҳақидаги ботил тушунчаси тўғриланди.
9. Асранди ўғилнинг талоқ қилган хотинига уни боқиб олган киши уйланса бўлиши билдирилди.
10. Мўъминларга енгиллик бўлди.
Ва хоказо...
Шунга кўра далил ва асоси йўқ алжирашлар беҳуда экани кўриниб турибди. Хулоса чиқаришни юқорида айтганимиздек, доно ўқувчининг ўзига ҳавола қиламиз. Агар манфаат олганлар бўлса, қалблар эриганда, кўзлар самимият кўз ёшига тўлганда, ихлос ифори руҳларни қамраганда ҳаққимизга дуо этишларини умид қиламиз! Хато ва камчиликларимизни авф қалами ила ислоҳ қилганлардан самимий тарзда хушнуд бўламиз! Аллоҳ ҳидоят қилганларни ҳеч ким адаштира олмайди, мабодо адаштириб қўйса, уни ҳеч ким тўғри йўлга сололмайди!  

Аброр Мухтор Алий
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz