Оиша ва Зайнаб розияллоҳу анҳумо Принтер учун
11.12.2013 й.
Бизларга ҳалол ва ҳаромнинг ўлчовини нозил қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Бу ўлчовнинг ер юзидаги татбиғини амалга оширган ва Ҳақ таоло томонидан инсониятга гўзал ўрнак бўлишга лойиқ кўрилган Набиймиз алайҳиссаломга салоту саломлар бўлсин! Аллоҳнинг Ҳабибига эргашиб, асл мезонга амал қилган ва бу йўлда маломатчиларнинг маломатидан қўрқмаган саҳобалардан, уларнинг шогирдлари тобеъинлардан ҳамда уларга Қиёматга қадар ишонч ва эзгуликда эргашганлардан Аллоҳнинг Ўзи рози бўлсин!
Аммо баъд:

Ислом дини зулматлар устидан нур сочиб келган илк даврларидан ушбу кунга қадар душманларидан холи бўлгани йўқ. Дўстларига саодат йўлини кўрсата олган Ислом, душманларини барча жабҳада, хусусан, илм ва мантиқ мужодаласи майдонида ҳам доимо мағлуб қилиб келди ва бундан кейин ҳам мағлуб қилиб бораверади. Бизнинг  бу қадар ишонч билан гапиришимизга кучли далилимиз мавжуд. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Улар Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса ҳам, ўз нурини батамом қилишдан бошқа ҳар нарсадан бош тортадир. У гарчи мушриклар ёқтирмаса ҳам, Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан ҳамма диндан устун қилиш учун юборган Зотдир». (Тавба сураси, 32 33).
 Ушбу оятда Аллоҳнинг динига қарши чиқаётганлар қуёшни пуфлаб ўчирмоқчи бўлаётган аҳмоқларга ўхшатилмоқда. Ахир Аллоҳнинг Ўзи Исломни бошқа барча динлардан (атеизм ҳам бу маънода «дин»дир) ғолиб қилиб қўйганини айтаётган бўлса ю, бунга ишонмай, Исломга қарши далил қидираётганлар қуёшни ўчирмоқчи бўлиб оғзи билан пуфлаётган аҳмоқлар эмасми!? Албатта улар ғирт аҳмоқлардир. Эшон Сўфи Аллоҳёр ҳазратлари оятнинг маъносида шундай деган эди:
Чироғиники, Ҳақ ёндирди, қўйди,
Ани ким пуф деди, сақоли куйди!
Яна Ҳақ таоло марҳамат қилади:
«Ва Аллоҳ Ўз калимаси ила, гарчи жиноятчилар ёқтирмаса ҳам, ҳақни рўёбга чиқарур», деди». (Юнус сураси, 82 оят)
Ҳа, иймон, виждон, ҳалоллик, ростгўйлик, ҳаё, самимият, одоб, ахлоқ... хуллас барча гўзал фазилатларга асос бўлган Исломни ёқтирмаслик маънавий жиноятдир. Гарчи ушбу жиноятчилар Исломни ёқтирмасалар да, ҳақиқат Аллоҳнинг калимаси ила рўёбга чиқаверади, чиқаверади, чиқаверади! Ҳақиқат  эгилади, букилади, лекин синмайди!
Аллоҳ таоло яна шундай дейди:
«Оғизлари билан Аллоҳнинг нурини ўчирмоқчи бўлурлар. Ҳолбуки, Аллоҳ, кофирлар ёқтирмаса ҳам, Ўз нурини тугал этгувчидир. У зот, Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан барча динлардан устун қилиш учун юборган зотдир. Гарчи мушриклар ёқтирмасалар ҳам”. (Саф сураси, 8‒9)
Демак илк оятлар нозил бўлган даврдаёқ келажакда ҳақ йўлнинг душманлари бўлиши ва улар мағлубиятга маҳкум эканлари очиқ айтиб қўйилган. Тарихнинг шоҳидлиги ҳам бу оятларнинг нақадар ҳаётий ва ҳаққоний эканини кўрсатиб турибди. Фақат ҳар ким ўзи танлаган йўлига кўра жазо ёки мукофотини олиб бораверади. Оқибатдаги муваффақиятли натижа эса фақат иймон эгаларига хос!
Душманлик дастлаб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларида, Қурайш зодагонларида зоҳир бўлди. Улар мусулмонларга қараганда анча кўп эдилар. Мусулмонлар заиф, иймонларидан бошқа суянчиқлари йўқ эди. Бир оз фурсатда тарафлар ўзгарди, Қурайшнинг ашаддий душманлари ҳалок бўлди, аксари эса мусулмон бўлиб, иззат байроғига соҳиблик қилишни бошлади. Кейинроқ Рим ва Форс императорлиги, сўнг мўғиллар, ундан кейин салбчилар, кейин даҳрийлар...
Тарих меҳробидан музаффар ҳолда ким чиқиб келмоқдаю, ким мозийнинг хотирасига кўмилиб бормоқда? Буни воқеаликдан кўришимиз мумкин!
Даҳрийлар эса Исломга душманлик қилиш борасида анча орқада қолишди. 20 аср бошларида улар ҳукуматга келишди ва етмиш йил мобайнида ер юзидан «дин» деган номни бутунлай йўқ қилишга уринишди. Ҳатто шошилиб, 20 асрнинг етмишинчи йилларида дин СССР ҳудудида қолмади, деган баёнотни ҳам қилишди. Лекин орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, ўзлари гумдон бўлишди. Ислом қадриятлари эса Аллоҳнинг инояти, мустақиллик шарофати билан яна жонланди!
Бугун улардан қолган бир ҳовуч қолдиқлар баъзи асоссиз фитналарни қўзишга уринишмоқда. Даҳрийлар Исломга қарши қўйиладиган иддаоларни  ўзлари излаб топа олмайдилар. Чунки уларда бундай қобилиятнинг ўзи йўқ. Балки кўр кўрона кўчирмачилик қилиб, аввалги разилларнинг қўшиғини айтишга ярайдилар холос. Шундай жирканч «қўшиқ»лардан бири Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва салламнинг Оиша ва Зайнаб онамиз розияллоҳу анҳумоларга уйланишлари ҳақидаги минғирлашларидир. Бу гаплар авваллари ғарблик шарқшунослар томонидан бир неча бор ўртага ташланган ва мусулмон муфаккир уламоларимиз томонидан уларга етарли жавоблар берилган.
Бугунги ижтимоий тармоқларда ўзи парда ортига яшириниб олиб, қўрқоқларча бу фитналарни қўзғаётганлар ҳам шу мавзуни баъзи нотайин жойларда кўриб қолишиб, уни омма олдига номаъқул иш дея ташламоқдалар. Аввалдан бу гапларга эътиборсиз бўлиб турсак да, фитнанинг олди олинмаса унинг болалаб кетиши кузатилмоқда. Хозирда шу хусусда саволлар кўпайди. Уламоларимиз ўз даврларида буларга жавоб ёзганлар. Биз ҳам бугуннинг тилида ушбу мавзуни ёритишга уриниб кўрмоқчимиз. Аллоҳ таолодан бу мақсад йўлида ёрдам сўраган, жаҳаннамга судраб кетадиган хатога тушиб қолишдан паноҳ тилаган ҳолда мавзуни баён қилишга киришамиз.
Маъсум мазлумларнинг ҳақиқий дўсти Аллоҳдир! Дўстинг Аллоҳ бўлгач,  якка қолсанг не зарар!
Мавзуни иккига бўлиб ёритишга ҳаракат қиламиз:

Биринчи мавзу:
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Оиша розияллоҳу анҳо онамизга олти ёшларида никоҳланганлари ва тўққиз ёшларида олдиларига кирганлари ҳақида.
Оиша онамиз розиялоҳу анҳога Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг никоҳланганларини  асосан мииссионерлар, қолаверса, уларнинг пуч гапларини кўтариб юрган даҳрийлар нотўғри иш бўлган деб: «Оиша ёш бўлган, турмуш қуришга тайёр бўлмаган, устига устак Муҳаммаднинг ёши анча катта бўлган, ундай бўлиши одобданмас, яхшимас...», каби ҳоказо гапларни айтиб келишади. Биз бу ва бундан бошқа шу масала атрофидаги шубҳаларга раддиямизни илмий шаклда тақдим этмоқчимиз. Хулосани эса ақли расо ва доно ўқувчимизнинг ўзига ҳавола қиламиз.
Аввало бир одатнинг нотўғри эканини айтишдан олдин, ўша даврнинг одатларини яхши билиш лозим. Бўлмаса, ҳар ким ўзи билган тилда гапираверади ва бошқаларни тан олмай тураверади. Шунинг учун ҳам биз аввало Оиша онамизнинг турмушга чиқиш ёшлари ўша давр ва макон мезонида айб эдими ёки одатий ҳолатмиди, деган саволга жавоб олишимиз лозим. Масалага шу жиҳатдан ёндошадиган бўлсак, Оиша онамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйланишлари Оишанинг ота онаси, қариндош уруғларига обрў ва ифтихор сабабларидан бири эди. Кимсан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қудаси бўлиш, у зотга қайнота ва қайнона бўлиш барча замон ва маконларда фахрланса арзийдиган обрўдир. Бу мезон бугунги кунда ҳам ўз кучини йўқотмаган. Кишилар қуда танлашда албатта обрўли ва шарафли оилаларни муқаддам қўйишади.
1. Ҳавла бинти   Ҳаким розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир қиз ва бир жувонни таклиф қилиб келади. Бу воқеанинг ровийси ҳам айнан Оиша онамизнинг ўзлари ҳисобланади. Оиша  онамиз шундай дейдилар:
«Ҳадижа вафот топгач, Ҳавла бинти   Ҳаким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: «Уйланмайсизми?» деганида у зот: «Кимга?» деган эканлар. У: «Хоҳласангиз қизга, хоҳласангиз жувонга», дебди. У зот: «Қиз ким, жувон ким?» дебдилар. У: «Қиз Аллоҳ яратганлари ичида сизга энг маҳбуби бўлган (Абу Бакр)нинг қизи,  жувон эса сизга иймон келтирган ва эргашган Савдо бинтиЗамъа», дебди...».
Бу ҳадисни Имом Ҳоким «Мустадрокда» ривоят қилган ва икки шайхнинг шартига кўра саҳиҳ, деган.  
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салалламнинг никоҳларига атрофлича назар солсак, яна бир чиройли ҳикматга дуч келамиз! У зот ўзларига қийинчилик вақтида итоат этган, молинию, жонини шу йўлда фидо қилган кишиларга доим яхшилик қилиш билан жавоб қайтарганлар. Оғир кунларда ёнларида бўлган зотларни кенгчилик вақтларида ҳам эсдан чиқармаганлар. Тўрт халифанинг мисолида буни кўриб чиқсак, ҳайратланарли ҳикматга гувоҳ бўламиз.
Биринчиси, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу. Дастлаб иймон келтирганлардан. Барча бир овоздан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғончи деганда, бу киши у зотни тасдиқлаган, ҳижратда ҳамроҳ бўлган, ғордаги иккинчи шахс. Бу қадар фидокорлик эвазига нима билан жавоб қайтариш керак? Буни фикр қилиб юрган зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг қизларига оғиз солдилар ва Абу Бакр розияллоҳу анҳуга «Аллоҳ элчисининг қайнотаси» деган улкан шарафни тақдим қилдилар.
Иккинчиси, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу. Исломнинг ошкора бўлишида катта рол ўйнаган буюк шахс. Бор вужуди билан ҳақнинг ёрдамида шай турган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доим ёнларида маслаҳатдош бўлган, баъзи масалаларда теран фикри оятдан илгарилаб кетган шахс. Бу киши ўз қизлари Ҳафсани Усмон ибн Аффон ва Абу Бакр розияллоҳу анҳумога тақдим қилганларида, улар Ҳафсани олишга рози бўлишмади. Шунда ҳазрати Умарнинг жаҳллари қаттиқ чиқди. Лекин кўп ўтмай, Ҳафса онамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам совчи бўлдилар. Бундан қувончи ичига сиғмаган Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қайнота бўлганидан доим фахрланиб юрди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса бу йўл билан Умар розияллоҳу анҳунинг оғир кунларда қилган хизматларига мукофат ўлароқ жавоб қайтардилар.
Учинчиси, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу. Бу зот ҳам дастлаб мусулмон бўлганлардан, Ислом йўлида катта хизматлар қилган, молини сарфлаган, тириклигидаёқ жаннат башоратини олган шахс. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишига қизлари Умму Кулсумни никоҳлаб бердилар. У вафот топиб қолганда иккинчи қизлари Руқайяни никоҳлаб бердилар. У ҳам вафот топганида: «Яна қизим бўлса Усмонга берардим», дедилар. Бу ҳам гўзал суратдаги муомаланинг кўринишидир.
Тўртинчиси, Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу. Ёшлардан илк мусулмон бўлган шахс. Бу зотнинг ҳам хизматлари таҳсинга лойиқ бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мукофот ўлароқ қизлари Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳога куёв бўлганлар.
Демак Исломдаги никоҳ масаласи бир жиҳатдан обрў, шараф ва ифтихор масаласи экан. Бу ҳақиқат бугунги кунимизда ҳам ўз кучини йўқотмаган. Лекин халқ орасида обрўси йўқ атеистлар буни қаёқдан ҳам тушунишсин?!  
2. Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга айнан шу ёшида уйланганлари ўша двар учун янгилик эмасди. Қизларни бу каби ёш турмушга бериш Ислом келишидан олдин ҳам, кейин ҳам жорий одат бўлган. Бу ҳолатни, баъзи даҳрийлар айтаётганидек, Ислом йўлга қўйган эмас. Балки Ислом бу ишга жорий ҳолида ижозат берган ва маълум доирадаги чегарасини белгилаган. Оиша онамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин Жубайр ибн Мутъим ибн Адий розиялоҳу анҳу ҳам совчи бўлган эди. Бу эса ўша даврнинг урфида Оиша онамиз ёшидаги қизлар совчи кутиши, уларга совчилар келиши табиий ҳол эканини билдиради. Ушбу совчилик қовушмагач, Оишанинг онаси Умму Румон барча оналар каби ташвишга тушди. Кейинчалик бу ташвиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куёв бўлишлари билан ҳурсандчиликка айланди. У киши хурсандчилигини яшира олмай эри Абу Бакр розияллоҳу анҳуга қизларини кўрсатиб: «Аллоҳ таоло бу қизингиз Оишанинг йўлидан Жубайр ва унинг аҳлини кетказган бўлса да, небахтки,  уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, яхшилик ҳамда баракага лойиқ кўрган экан!» деди. Қизларининг турмуш қуриб, бахтли бўлишларини она зотидек орзу қиладиган  бошқа яна ким ҳам бўлиши мумкин?!
3. Оиша онамиз розиялоҳу анҳо ўша давр ва маконнинг шу ёшда катта ёшли кишига турмушга чиққан ягона тимсоли эмас эдилар.  Ҳали Ислом келмасидан олдин, Абдулмутталиб кексайган чоғида Оминанинг амакисининг қизи Ҳолани хотин қилиб олган. Қизиғи шуки, ўша куни Омина ҳам Абдулмутталибнинг  кенжа ўғли Абдуллоҳга турмушга чиққан. Никоҳ бир кунда бўлган. Абдулмутталибнинг кекса ҳолида олган хотини, кенжа ўғлининг хотини Омина бинтиВаҳб билан тенгдош эди!
Исломдан кейин ҳам бу одат шундайлигича давом этди. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг қизлари Умму Кулсум бобоси тенги Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга турмушга чиқди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўзлари ёш қизлари Ҳафса розияллоҳу анҳони Абу Бакр розияллоҳу анҳуга таклиф қилди. Улар орасидаги ёш фарқи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Оиша онамиз орасидаги ёш фарқи каби эди.
4.  Маълумки, ўша даврдаги Ислом душманлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хато қилишларини орзиқиб кутишар, салгина тойилиш бўлса, оламга жар солиш учун тайёр туришарди. Нима учун улар ўша даврдаги Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Оиша онамиз ораларидаги никоҳ масаласини  айблашмади? Бу борада ҳеч ким чурқ этмади? Нима учун? Нима сабабдан бу мавзуни дастурхон қилиб ёйишмади? Чунки бу ишнинг айб томони йўқ эди. Агар бир оз бўлса да, айб ҳисобланганида, бугунги даҳрий муртадларга иш қолмаган бўларди! Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг битта хатолари улар учун етарли ҳисобланарди. Барча шаллақилик қобилиятларини ишга солиб, бу масалани бош мавзу қилиб олган бўлишарди. Хуллас, ақли хуши жойида бўлган одам бунинг одатий ҳол эканини тушуна олади. Лекин мақсад тушунмаслик бўлса, тушунтиришнинг фойдаси бўлмайди. Тушунишни истамаган, фақат инкор қилишни «илм» деб ўйлаётган кимсаларга бу мавзуни уқтириш, худди Маймунга физикадан дарс айтишга ўхшайди. Бизнинг далиллар келтиришдан мақсадимиз ҳам уларнинг ҳаммасига масалани тушунтириш эмас, балки тушунишни истаётган инсофи борларига мавзу моҳиятини баён қилишдир.
4. Оиша онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари орасида бокира ҳолида олган ягона турмуш ўртоқларидир. Нима учун у зот фақат бир донагина бокирага уйландилар? Ахир атрофларида жонларини ҳам фидо қилишга тайёр турган минглаб саҳобалар бор эди ку? Уларнинг қизларини сўрасалар, беришмасмиди? Юқорида айтганимиздек, агар бирор саҳобанинг қизига оғиз солсалар, бундан ўша саҳобанинг боши осмонга етарди, қўш қўллаб қизини топширарди. Баъзи мухолифлар: «Муҳаммад қиз билан жувонни ажратмаган», деган туҳматни ҳам қилишган. Бугунги даҳрий бечоралар буни ҳали билишмайди. Айтганимиздек, улар барча танқидларини ўзларидан олдинги сийқаси чиққанлардан кўчирмоқдалар, холос! Ҳар қалай уларнинг манқуртлашган каллаларида шахсий изланиш, илмий баҳс юритиш  қобилияти йўқ. Улар фақат кимгадир ювиндихўрлик қилишгагина ярайдилар! Шундай бўлса да, яна бу мавзуни бирор жойдан эшитиб қолишса, валдираб ўтирмасликлари учун жавобини мавзу очилганда ёзиб қўйсак, яхши бўлади!
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қиз билан жувоннинг фарқига борардилар. Буни у зотнинг қуйидаги ходисада айтган гапларидан биламиз.
Жобир розиялоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Қизга уйландингми ёки жувонгами?»  дедилар. Мен: «Жувонга», дедим. Шунда у зот: «Қизга уйлансанг бўлмасмиди, сен у билан ўйнашардинг, у сен билан ўйнашарди. Сен уни кулдирардинг, у сени кулдирарди», дедилар». Бухорий ва Муслим ривояти.
Демак Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат айшу ишрат учун уйланмадилар. У зотнинг ҳар бир никоҳланишларида бирор эзгу мақсад ёки ислоҳ бор эди. Бу мавзу ҳам тафсилотларга эга бўлгани учун уни келгусида ёритиб ўтамиз. Пировардда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам никоҳ масалаларида мухолифлар қилаётган туҳматлардан пок бўлиб чиқдилар!

Энди манқуртларнинг қилаётган айрим туҳматларига қисқача жавоб бериб ўтсак:
1 Туҳмат:  Оиша гўдак эди. Муҳаммад шу гўдак билан яқинлик қилди!
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизни олти ёшлик чоғида никоҳларига олганлари, тўққиз ёшларида эса олдиларига кирганлари айтилади.
Шу ҳадис борасида Абдулла Каримов деган катта манқурт билан бўлган баҳснинг хулосавий шаклини сизлар билан ўртоқлашсам. У ҳадисни мисол қилиб  савол берди ва ортидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни шу ҳадисга далолатига кўра «педофил» деди. Мен унга педофилнинг таърифини айтгин, дедим. У: «Гўдаклар билан жинсий алоқага киришган шахс педофил бўлади», деган жавобни ёзди. «Киши педофил бўлиши учун қизнинг ёш чегараси борми?» десам, у аввалига роса чайналди. Бу саволга аниқ жавоб талаб қилаверганимдан кейин жавоб беришга мажбур бўлди. Яъни қиз бола туғулгандан бошлаб ўн икки ёшгача бўлиши керак, яъни балоғатга етмаган бўлиши шартлигини айтди. Фикрни жамлаш учун ва унинг ўз гапини ўзига тасдиқлатиб олиш учун: «Демак педофил киши  фақат тўққиз ёшли қиз билан эмас, балки уч, тўрт, беш, олти ёшли қизлар билан ҳам яъни балоғатга етмаган қиз билан яқинлик қилаверади. Шу сабабли уни педофил дейилади, шундайми?» деб сўрадим. У: «Ҳа», деди. “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизнинг олдиларига у киши балоғатга етган пайтларида кирганлар ва бунинг далолати айнан шу ҳадиснинг ўзида турибди”, десам, “Қани исботлангчи”, деб ёзди. Аслида бу ва бу каби нусхаларга исбот керакмас. Исбот қилинган тақдирда ҳам улар инкор қилиб тураверишади. Лекин қалбига бир оз шубҳа тушган лекин инсофини йўқотмаган, ҳақиқатни кўрса тан оладиганлар учун ушбу исботларни келтириб ўтамиз!
Энди ҳадиси шарифдаги маълумотга қарасак! Ҳадисда Оиша онамизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олти ёшлик чоғларида никоҳларига олганлари, кейин тўққиз ёшга қадар олдиларига кирмаганлари, балки кутганлари баёни очиқ турибди. Агар сизлар айтаётган гап тўғри бўлса, нима учун уч йил кутиб турганлар? Ахир педофил инсон олти ёшли қиз билан ҳам жинсий алоқа қилавериши керакмасми? Нима учун уч йил кутиб туриши керак?! Педофил руҳий ҳасталикнинг бир тури ҳисобланади. У одам учун гўдак қизнинг ёши маълум нормага етиши шармас. Ундай одам ўз қўлида, имкониятида бўлган олти ёшлик қизни яна уч йил кутиб ўтирмайди. Имкон топдими, жирканч ишини қилаверади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ўз никоҳларида бўлган Оиша онамизни нима учун уч йил куттилар?!
Бу савол уларнинг бошига гурзи билан ургандек бўлди.  Абдулланинг ўзи ҳам, атрофидаги манқуртчалар ҳам жавоб бера олишмади. Нозик жойларидан тутилганларини сезиб қолиб, ҳақорат қилишга, ҳар хил алжирашлар билан бу мавзудан узоқлашишга уринишди. Бошлари берк кўчага кириб қолганини очиқ кўришса ҳам, лекин ҳануз ўша туҳматларида давом этишмоқда. Жавоб йўқ, аммо туҳмат бор! Ўлганларинг тузук, туҳматчилар!!
Демак, мантиқий ва асосли саволнинг энг тўғри жавобига кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч йил Оиша онамизнинг балоғатга етишларини кутганлар. Оиша онамиз эса тўққиз ёшда балоғатга етганлар! Унгача ўзларига жуфти ҳалол бўлган қизга қўлларини теккизмаганлар! Энди туҳматчилар эса бу туҳматларини пишириб еяверсинлар!

2  Туҳмат: Оиша тўққиз ёшда балоғатга етмаган. Қизлар тўққиз ёшда балоғатга етмайди!
Шу ўринда бу нобакорлар: “Қиз бола тўққиз ёшда ҳам балоғатга етарканми?”, деган тутриқсиз саволни ҳам беришдан уялишмайди. Ўзлари билмаган нарсаларни улар йўқ деб ҳисоблашади. Аслидачи, улар нурни кўра олмайдиган кўр бўлгани билан, нур йўқ деган хулоса чиқмайди.
Қиз боланинг балоғат ёши ҳар ерда ҳар хил бўлади. Умумий қонуният эса битта. У ҳам бўлса, қиз бола эҳтилом ёшига етса балоғатга етган ҳисобланади. Ҳайз кўриш балоғатга етган қизда бир муддат кечга сурилиши мумкин. Балоғат аломати зоҳир бўлган пайтдан бошлаб аёл кишига намоз ўқиш, рўза тутиш фарз бўлади. Шунинг учун Ислом фуқаҳолари аёллардаги балоғат ёши учун қатъий бир ёшни белгилашмаган, балки унинг асл белгиси бўлмиш, эҳтилом ёшини шарт қилиб қўйишган. Ёш белгилаш эса нисбий ҳисобланган. Агар ҳайз кўриш кечикиб кетса ўн беш ёшдан балоғатга етган дея ҳукм қилинган. Эҳтиёт юзасидан қизларнинг балоғат ёши тўққиз, ўғил болаларники эса 12 ёш деб белгилашган.  Яна фуқаҳолар бу масалада ҳар ўлканинг тиббий ҳисоботини ҳам эътиборга олишни таъкидлашган. Демак, мусулмон уламоларимиз бу масалада ҳам бошқалардан анча олдинда бўлганлар.
Совуқ ўлкалардаги қизлар билан араб жазирасидаги қизларнинг физиологик етилиш ёшини бир хил дейиш ўта аҳмоқликдир. Бир жойнинг репродуктив саломатлик нормалари, балоғат ёши масалалари айнан ўша жойнинг иқлим ва табиий шароитидан келиб чиқади ва шунга қараб белгиланади. Маълум ўлка ва иқлимдаги шахслар шу ўлкаларидаги белгиланган балоғат ёшини умумлаштириб, барча учун бир хил дейишлари, айнан шу масалада ўзларидаги ҳолатни бошқа ўлкаларда ҳам татбиқ қилишлари тўғри эмас. Германияда 14 ёш балоғат ёши ҳисобланса, Японияда 13 ёш балоғат ёши деб белгиланади. Мексикада эса қизларнинг балоғати 12 ёш деб эътиборга олинади.
Маконлар ўзгариши билан балоғат ёши ҳар хил бўлиши табиий ҳол экани шундан ҳам кўриниб турибди. Буни ҳар қандай тиббий маълумоти бор одам тасдиқлай олади.
"Los Angels times" журналининг 21 январ 2008 йилги сонида эълон мақолада қуйидаги маълумотлар айтилади:
“АҚШ қизлари ҳар қачонгидан ҳам тезроқ жинсий уйғониш – балоғатга етмоқдалар. 1990 йилларда, сийналарининг ривожланиши – аёлларнинг биринчиси балоғат даври белгиси сифатида – 8 ёшда бўлиши ноодатий ҳисобланиб эндокринологлар кўригидан ўтказилган бўлса, 1997 йиллардан кейинги изланишлар деярли ярим африко америкаликларнинг ва 15% оқ танлиларнинг кўкраклари ривожланиши 8 ёшдан бошланиши кузатилди. Ҳамда Lawson Wilkins Pediatrik эндокринологлар жамияти томонидан ушбу саккиз ёшдагилар учун бундай балоғат нормал ҳолат деб киритилди ва ноодатий ривожланиш ёши деб оқ танлилар учун 7 ёш ҳамда африко американлар учун эса 6 ёш деб эътиборга олинди ”.
Болалар соғлиғи ҳамда ривожаниши институти (NICHD)га кўра: “Балоғат инсон жисмининг жинсий жиҳатдан етилиш давридир. Бу жисмоний ўзгариш қизларда 10 14 ёшларда, ҳамда ўғил болаларда эса 12 16 ёшларда кузатилади. Баъзи африко американ қизларда бу оқ танли қизлардан кўпроқ эрта содир бўлади ҳамда уларнинг балоғат даврини босиб ўтиш ёши оралиғи 9 14 ёшлар ўртасида содир бўлади ”.
Энди мусулмон уламоларидан бошқа мутахассислар, илмий ташкилотлар ҳам қиз боланинг балоғат ёши ҳар жойда ҳар хил бўлишини таъкидлаб тургач, даҳрийларнинг қилаётган шаллақилиги бир тийинга қимматлиги маълум бўлиб қолаверади.
Хуллас, манқуртларнинг бу туҳмати илмий асослар олдида барбод бўлди.

3  Туҳмат: Оишани бу никоҳга мажбурлашди, у ўз ихтиёри билан Муҳаммадга турмушга чиқмади. Стрес ҳолатига тушиб қолганидан шу ҳаётга мажбур эди!
Бу гапнинг ўта тутуриқсиз ва илмий асосдан йироқлиги очиқ ойдин кўриниб турибди.  Қуръони Каримда Аҳзоб сурасида шундай оятлар бор:
«Эй Набий, жуфти ҳалолларингга: «Агар бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатини ирода қилсангиз, келинглар, сизларни баҳраманд қилай ва чиройли бўшатиш ила бўшатиб қўяй. Агар Аллоҳни ва Унинг Расулини ва охират диёрини ирода қиладиган бўлсангиз, бас, албатта, Аллоҳ сизлардан гўзал амал қилгувчиларга улуғ ажрни тайёрлаб қўйган», деб айт. (28‒29)
Бу оятларда Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга буйруқ қилиб ўз аёлларига ихтиёр беришларини айтмоқда. Хоҳлаганлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қолсинлар, хоҳламаганларининг жавобини берсинлар.
Ушбу икки ояти кариманинг нозил қилинишига Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у кишининг тоҳира аёллари орасида ўтган ҳодиса сабаб бўлган.
Ушбу икки оятдаги буйруққа биноан Пайғамбаримиз ҳар бир аёлларига ё бу дунё ҳаёти ва унинг зийнатини, ёхуд Аллоҳни, Унинг Расули ва охиратни ихтиёр қилишни таклиф қилишлари керак эди. У зоти бобаракот бу ишни Оиша онамиздан бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  Оиша онамизга: «Мен сенга бир ишни айтаман. Шошилмасдан, ота-онанг билан маслаҳат қилиб жавоб бергин», дедилар. Ойиша онамиз: «У қандай иш?» дедилар. Пайғамбаримиз: «Эй Пайғамбар, жуфти ҳалолларингга...» оятини ўқиб бердилар. Шунда Оиша онамиз: «Сиз ҳақингизда ота онам билан маслаҳат қиларканманми?! Асло! Мен Аллоҳни, Унинг Расулини ва охират диёрини ихтиёр қиламан», дедилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу жавобдан хурсанд бўлдилар.  Кейин барча жуфти ҳалолларига икки ихтиёрдан бирини танлашга изн бердилар ва ҳаммалари Оиша онамиз танлаган тарафни танладилар.
Оиша розияллоҳу анҳонинг жавоблари стрессдаги аёлнинг жавобига ўхшайдими? Агар мажбур қилинган бўлса, нима учун бу ихтиёр фурсатини қўлдан берди? Ахир, бориб ота онаси билан маслаҳатлашса, умрининг сўнгига қадар фақат роҳатда яшаш кафолатини олаётган бўлса, нима учун ажрашиб кетишни танламади?
Балки ҳур ва ҳаётидан ўта мамнун инсонгина шундай жавобни бериши мумкин!
Демак бу гап ҳам қуруқ туҳмат бўлиб чиқди. Оиша онамизнинг ўз турмушларидан ниҳоят даражада мамнун эканлари бошқа ривоятларда ҳам тўлиб тошиб ётибди. Шу билан бирга ўз ҳолатларидан бирор марта бўлса ҳам ҳечкишига шикоят қилмаганлар.
Ёки сиз даҳрийларга Оиша онамиздан шикоят келиб тушдими?
Ёки Оиша розияллоҳу анҳо сизларни ўзининг ҳимояси учун вакил қилдиларми?
Сизлар Оиша онамизнинг оилавий ҳаётларидан ҳеч бўлмаса бир марта надомат қилганларини келтира оласизларми?
Аллоҳдан бехабар, динсиз, виждонсиз тўдалар томонидан конларда, оғир ишларда ишлатилаётган, фаҳш ва турли бошқа жиноятларга мажбур қилинаётган аёлларни ҳимоя қилиб бўлдинглару, энди Оиша онамизни ҳимоя қилмоқчимисизлар? Бу хийлаларинг ўтмайди. Мақсадинглар “ҳимоя қилиш” ниқоби остида иффатга тажовуз қилишдир. Аллоҳ таоло сизларнинг шу туҳматларингизда ҳаракат қилган бетаъйинлардан 1400 йилдан бери бу муборак зотларни ҳимоя қилиб келмоқда. Бундан кейин ҳам ҳимоя қилиб олади! Сизлар каби разиллар чиқиб бораверар экан, бу разолатга қарши етарли илмий жавобни берадиганларни ҳам Аллоҳ таоло чиқариб бораверади!
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ажрашсалар ҳаётларининг охиригача еганлари олдиларида, емаганлари ортларида бўлиш кафолатини у кишига берилганда, Оиша онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қолишни танладилар. Бу билан эса ҳаётий яшаш тарзлари  ўта соддалигича қолди. Ҳатто ўзларининг айтишларича, қоринлари тўйиб овқат емадилар, хурмо билан рўза тутиб, сувнинг ўзи билан оғиз очдилар. Уйларида ҳафталаб қозон қайнамас эди. Бу каби қийинчиликлар қаршилигида Оиша онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир турмушда бўлишни ўзлари учун бахт деб билдилар! Ҳақиқий бахтли ҳаёт деганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшашни тушундилар.
БМТ қошидаги «Болаларни ҳимоя қилиш қўмитаси» (UNICEF) эрта турмушга чиқишнинг зарарлари дея учта асосни зикр қилади:
1. Таълимдан узулиб қолиш;
2. Эрта ҳомиладорлик;
3. Эрларнинг аёлларини уришлари, уларга қиладиган зулмлари.
Бу зарарларни мавзуимизга солиб кўрсак.
1. Олтинчи  асрда Оиша онамиз қайси мактабга бориб ўқишлари керак эди? У кишини қайси таълимдан тўсиб қўйилди? Аксинча, ўша даврдаги нубувват хонадони бутун уммат учун мактаб вазифасини ўтамаган эдими? Оиша онамиз ушбу мадрасининг фаол талабаси эмасмиди?! Нафақат етук таълим олдилар, балки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин умматнинг уламоларига узун замон ўзлари шоҳид бўлган ҳодисалардан, шаръий аҳкому, илмий асослардан таълим бермадиларми?!
Даҳрийларнинг қосир ақли тушунганидек, у киши фақат тўшак аёли эмас, балки бутун умматнинг устози бўлдилар. Ҳадис ривоят қилишда барча ровийлар орасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан кейинги, иккинчи ўринда турдилар! 6536та ҳадис ривоят қилдилар. Такрорларини чиқарилганда 2210та ҳадис айтдилар. Бухорий ва Муслим Оиша онамизнинг 174та ҳадисларида иттифоқ қилишди. Бошқача қилиб айтганда, ўлкамиздан чиққан етук алломаларнинг ҳам устозига айландилар. Эрта турмушга чиқиб, таълимсиз бўлиб қолмадилар. Балки етук илм ва фаросат соҳиби бўлдилар. Демак биринчи зарар Оиша онамиз ҳаётида воқеъ бўлмади!
2. Эрта ҳомиладорлик зарари ҳақида ҳам Оиша онамизга таъна қилиб бўлмайди. Бу зарар ҳам у кишининг ҳаётларида учрамайди. Демак бу борада ҳам Оиша онамизнинг ҳуқуқлари топталмаган.
3. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Оиша онамизга қилган муомалаларининг қандай бўлганини аллакимларнинг «эмиш», «балки», «менимча»лари билан хулоса қилмай, балки айнан Оиша онамизнинг ўзларидан сўрасак, масала ойдинлашади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотга ўта гўзал хулқ ва атворда бўлганлар. Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  хулқлари борасида сўрашганида: «Хулқлари Қуръон эди», деб жавоб берганлар. Яъни Қуръон нимага буюрса, бажарар, нимадан қайтарса, уни қилмас эдилар. Қуръони Карим аёллар билан қандай яшашни таълим беради: «Улар ила яхшиликда яшанг». (Нисо. 19)
Яна баъзилар Нисо сураси 34 оятдаги: «Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг», оятини бизга рўкач қилиб ўтиришмасин. Бу ояти каримадаги уриш, уларнинг фасод босган тушунчаларидаги уриш эмас. Барча муфассир уламоларимиз бу оятдаги «уриш» калимасига зарар етказмайдиган, из қолдирмайдиган уриш дея изоҳ беришган. Ҳадиси шарифларда эса аёлини урадиган эркаклар ёмон эркаклар экани айтилган. Бу мавзу ҳам батафсил ёритилса, Ислом уриш деганда энг қаттиғи мисвок билан туртиб қўйишни назарда тутганининг  гувоҳи бўламиз. Шу билан бирга, аёлларни урмаслик, қабиҳ сўзлар билан ҳақорат қилмаслик борасида эса кўплаб ҳадисларни кўришимиз мумкин. Агар уларни бирма бир келтирсак мавзу узундан узоқ бўлиб, чўзилиб кетади. Ҳар қалай бу оят мункирларнинг инкорига хизмат қилмайди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга ўта гўзал муомалада бўлганлар. Буни Оиша онамизнинг ўзлари айтиб турибдилар!
Хуллас, БМТ қошидаги «Болаларни ҳимоя қилиш қўмитаси» UNICEF санаб ўтган эрта турмушга чиқишдаги учта зарар ҳам Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳаётларида ўз аксини топмаган. Энди вазият шундай бўлгач, яна нима дейиш мумкин? Туҳматчиларга Аллоҳнинг ўзи кифоя қилсин, деймиз! Бошқа гапимиз йўқ!
Менимча, бугунги мавзуимизда Оиша онамиз ҳақларидаги ифтироларга бу қадар жавоб етарли деб ўйлайман. Қалбларида бир оз шубҳаси борлар ҳам мавзудан жавоб олган бўлсалар мақсад ҳосил бўлган деб ҳисоблаймиз. Аслида пок инсон бошқалар томонидан оқлашга муҳтож бўлмайди. Бунинг устига бу инсонни оламларнинг Робби пок деяётган бўлса, бутун инсоният уни нопок дегани билан поклигича қолаверади. Аллоҳ таоло нубувват хонадонининг маъсум хилқати Оиша розияллоҳу анҳони ўша даврларнинг ўзидаёқ мунофиқларнинг жирканч туҳматларидан поклаган, ҳақларида алоҳида сура нозил қилган эди. Биз ўша оятларнинг ҳаётий тажаллийсининг шоҳидимиз ва қиёматга қадар бу тажаллий барқ уриб боришига ишончимиз комилдир. Фақат қайси тарафда бўлиш, инсоннинг бахтли ёки бахтсиз эканини белгилаб беради. Мансаб, пул, обрў ортидан қувиб, маъсум инсонларга туҳмат тоши отганлар ҳаргиз нажот топа олмайди. Ёлғиз қолсанг ҳам ҳақ тарафида тура билсанг, шуни билгинки, ҳақ ғалаба қозонади! Ҳақиқат сенинг у тарафда бўлганинг учун ғалаба қозонмайди. Балки у ҳақ бўлгани учунгина ғалаба қозонаверади. Ҳақнинг тарафида турганлар эса бу ғалабадан насибадор бўлишади холос. Унга қарши турганларнинг эса мағлубиятлари аниқ ва ҳолларига вой!
Энди Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо онамиз ҳақларида гаплашамиз!
 
Аброр Мухтор Алий
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz