Йўқолган бойлик қиссаси Принтер учун
21.11.2013 й.
Бир одам бир куни кечаси Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳузурларига келиб: “Эй имом, узоқ вақтдан бери бойлигимни бир жойга кўмиб, яшириб келардим. Энди ўша жойни унутиб қўйдим. Ушбу муаммони ҳал қилишда менга ёрдам бера оласизми?” деб сўради. Имом унга: “Бу фақиҳларнинг иши эмас. Мен бу муаммони қандай ҳал қилайин?!” дедилар-да, кейин унга: “Уйингга бориб, тонг отгунича намоз ўқи. Худо хоҳласа, молингни кўмган жойингни эслайсан” деб кўрсатма бердилар.
Ҳалиги киши кетди ва уйига бориб, намоз ўқий бошлади. Озгина вақт ўтиб, намоз ўқиб турганда бирдан, бойлигини кўмган жойи эсига тушиб қолди. Намозини тезда ўқиди-да, бориб, молини кавлаб олиб келди.
Тонг отгач, Абу Ҳанифанинг олдиларига келиб, молини топганини айтиб, ташаккур билдирди ва сўради: “Кўмган жойимни эслашимни қаердан билдингиз?” Имом шундай деб жавоб бердилар: “Сен намозга киришганингда шайтон сени ҳеч тарк қилмайди ва сени намоздан чалғитиш учун турли нарсаларни, жумладан, бойлигингни кўмган жойингни ҳам эсингга солишини билдим”.  

Нозимжон Ҳошимжон

 
« Олдинги   Кейинги »