ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИДАГИ КИТОБЛАР МАРТАБАЛАРИ Принтер учун
24.03.2007 й.

....Кейинги уламолар аралаш китоблар қилдилар. Бунга «Фатовои Қозихон» китоби мисол бўлади. Баъзилар эса Розийиддин Сарахсий ўзининг «ал-Муҳийт» китобида қилганига ўхшаб ҳар бир соҳани айри – айри келтирди. У аввал усулга оид масалаларни келтириб кейин наводирларни келтирган. Албатта, фатволар ва воқеъотларнинг мартабаси усул ва наводирнинг мартабасидан пастдир. Чунки усул ва наводирлар мазҳаб соҳибларининг қавлларидир. Фатво ва воқеъотлар эса уларнинг қавллари асосида уларнинг издошлари ечган масалалардир. Мазкур уч қисмнинг қўшилишидан ҳанафий мазҳаби ташкил бўлади....

Маълумки ҳанафий мазҳабига оид китоблар бир хил мартабада эмас. Балки бу китоблар уч даражага бўлинади.

Биринчи даража.
Бу даражадаги китобларни «Усул» деб аталади.
Мазкур даражадаги китобларни «Зоҳирур ривоя» деб ҳам аталади. Улар имом Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммадларнинг қавлларини ўз ичига олган бўлиб, имом Муҳаммад томонидан таълиф қилинган. Улар қуйидаги китоблар;

1. Китобул асл.
Бу китобнинг иккинчи номи «Мабсут».
Бу китобни имом Муҳаммад ибн Ҳасан роҳматуллоҳи алайҳига нисбат берилади. У киши аввал ҳар бир бобни алоҳида китоб қилган. Мисол учун намозга оид масалаларни жамлаб «Китобус салот» қилган. Савдо ҳақидаги масалаларни жамлаб «Китобул байъ» қилган. Кейин ҳамма китоблар жамланиб «Мабсут» бўлган.
«Мабсут»нинг имом Муҳаммаддан қилинган ривоятлари кўп. Мазкур ривоятларнинг ичида машҳури Абу Сулаймон Жузжонийнинг ривоятидир.
«Мабсут»ни Хоҳарзода ва Шамсулаимма Ҳалвоний каби бир қанча уламолар шарҳ қилганлар.
Ривоятқилиншича имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳи ҳам «Мабсут»ни яхши кўрган ва ёд олган.
2. «Китобуз зиёдот».
Китобнинг бу ном билан аталиши сабаби ҳақида бир неча фикрлар айтилган. Уларнинг ичида «Имом Муҳаммад ал-Жомиъ ал-Кабир»ни ёзиб бўлганларидан кейин яна бир қанча масалалар қолиб кетгани аён бўлган ва уларни жамлаб «Китобуз зиёдот» деб номлаганлар.
«Китобуз зиёдот»га бир қанча шарҳлар ёзилган ва унинг мадҳида шеърлар битилган.
3. «Китобул Жомеъус Сағир».
Имом Муҳаммад бир неча китобларни тасниф қилиб бўлганидан кейин у кишига имом Абу Юсуф мен Абу Ҳанифадан ривоят қилган нарсаларни жамлаб бир китоб қилсангиз деган таклифни қилганлар. Шунда имом Муҳаммад «Китобул Жомеъус Сағир»ни ёзиб имом Абу Юсуф роҳматуллоҳи алайҳига кўрсатган. У кишига маъқул бўлган.
Али ал-Қумийнинг айтишларича имом Абу Юсуф «Китобул Жомеъус Сағир»ни доимо ўзлари билан олиб юрар экан.
«Китобул Жомеъус Сағир» ҳақида Али Розий қуйидагиларни айтади:
«Ким бу китобни фаҳмласа у бизнинг асҳобларимиз ичида энг яхши фаҳмловчидир. Ким уни ёд олса у бизнинг асҳобларимиз ичида энг яхши ёд олувчидир. Қадимги машойихларимиз шу китобдан имтиҳон олмай туриб бировни қози бўлишига рози бўлмас эдилар. Агар у бу китобни ёд долган бўлса қози этиб сайлашар, бўлмаса ёд олишга амр қилар эдилар».
«Китобул Жомеъус Сағир»нинг бир қанча шарҳлари бўлиб улардан бири имом Абдулҳай Лакнавийнинг «ан-Нофеъул Кабир»идир.
4. «Китобул Жомеъул Кабир».
Бу китоб имом Муҳаммаднинг энг кўп таҳсинга сазовор бўлган китобларидан биридир. Катта уламоларнинг «Китобул Жомеъул Кабир» ҳақидаги мақтовлари «худди мўъжизадек китоб» каби иборалар ила тўлиб тошгандир. Уламолар бу китоб катта аҳамият берганидан унинг шарҳлари ҳам жуда кўп. Ҳожи Халифа ўзининг машҳур «Кашфуз зунун»ида «Китобул Жомеъул Кабир»нинг шарҳларининг узундан узоқ рўйхатини келтирган.
5. Китобус Сиярис Сағир.
6. Китобус Сиярил Кабир.

Бу икки китоб ҳақида аввал баҳс юритганмиз.

Иккинчи даража.
Бу даражадаги китобларни «Наводир» деб аталади.
Улар мазҳабнинг катта имомларидан ривоят қилинган бўлиб, мазкур олти китобга кирмай қолган масалалардир.
Наводир китобларга имом Муҳаммаднинг ўша машҳур олти китобидан бошқа «Касаниёт», «Ҳоруниёт», «Журжониёт», «Руқайёт» китоблари ва Ҳасан ибн Зиёднинг китобларига ўхшаш китоблар киради.
Машҳур олим Ибн Обидийн бу ҳақда қуйидагиларни ёзади:
«Ўшандоқ китоблар жумласига Абу Юсуфнинг Амолий китоблари киради. Амолий имлонинг жамъидир. Бунда мужтаҳид ўтирганда унинг атрофига шогирдлари қоғоз қаламларини олиб ўтиради. Сўнг олим илмда Аллоҳ унга билдирган нарсани ёддан гапиради. Шогирдлар уни ёзиб боради. Кейин ёзган нарсаларини жамлаб китоб қиладилар. Ана ўшани имло ёки амолий деб атайдилар. Ўтган фуқаҳо, муҳаддис ва араб тили олимларининг шундоқ одати бор эди».
Бу даражадаги китоблар аввалги даражадаги китоблардан паст ҳисобланади. Агар бир масала усулда ва наводирда келган бўлса усулдагиси олинади.

Учинчи даража.
Фатволар ва воқеъалар китоблари.
Бунда кейин келган мужтаҳидлар мазҳабнинг аввалги мужтаҳидлардан ривоят келмаган масалаларда ўзларидан савол сўралганда берган жавоблари йиғилган бўлади. Кейин келган мужтаҳидлардан мурод Абу Юсуф ва Муҳаммад ҳамда улардан сўнг келганларнинг асҳобларидир. Улар кўпчилик бўлиб хабарлари табақот китобларида келган.
Абу Юсуф ва Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳимоларнинг асҳобларига Исом ибн Юсуф, Ибн Рустам, Муҳаммад ибн Самоъа, Абу Сулаймон ал-Жавзжоний, Абу Ҳафс Бухорий ва улардан кейин келган Муҳаммад ибн Салама, Муҳаммад ибн Муқотил, Нусайр ибн Яҳъё, Абу Наср Қосим ибн Салломга ўхшашлар киради.
Улар ўзларига зоҳир бўлган далил ва сабабларга кўра мазҳаб соҳибларига хилоф қилишлари мумкин. Уларнинг фатволарини дастлаб жамлаган Абу Лайс Самарқандийнинг «Навозил» китобидир. Кейин машойихлар бошқа китобларни жамладилар. Мисол учун Нотифий «Мажмауъул навозил» ва Воқеъот»ни, ас-Содр аш-Шаҳид «Воқеъот»ни жамлаган.
Кейинги уламолар аралаш китоблар қилдилар. Бунга «Фатовои Қозихон» китоби мисол бўлади. Баъзилар эса Розийиддин Сарахсий ўзининг «ал-Муҳийт» китобида қилганига ўхшаб ҳар бир соҳани айри – айри келтирди. У аввал усулга оид масалаларни келтириб кейин наводирларни келтирган.
Албатта, фатволар ва воқеъотларнинг мартабаси усул ва наводирнинг мартабасидан пастдир. Чунки усул ва наводирлар мазҳаб соҳибларининг қавлларидир. Фатво ва воқеъотлар эса уларнинг қавллари асосида уларнинг издошлари ечган масалалардир.
Мазкур уч қисмнинг қўшилишидан ҳанафий мазҳаби ташкил бўлади.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz