Кечаси дафн қилишнинг шаръий ҳукми Принтер учун
10.11.2013 й.
Мусулмонлик ва инсонийлик юзасидан ўлган одамни ерга кўмиш – қабрга дафн қилиш амалиёти фарзи кифоя ҳисобланади. Маййитни тезроқ кўмиш борасида Расулуллоҳ (с.а.в.)дан алоҳида кўрсатма бор:

أسرعوا بالجنازة فان تك صالحة فخير تقدمونها و ان تك سوى ذلك فشر تضعونه عن رقابكم


"Жанозани тезлатинглар! Бас, агар у солиҳ бўлса, яхши, уни эртароқ олиб борасизлар. Агар бундан бошқача бўлса, унда ёмон. Уни гарданларингиздан (тезроқ) қўясизлар" (Бухорий, 2/1315; Муслим, 2/944; Термизий, 2/1015; Абу Довуд, 2/3181; Насоий, 12/1910-1911; Ибн Можжа, 1/1477; Аҳмад, 2/7265; Байҳақий, 2/7092; Ибн Абу Шайба, 2/11263; Баззор, 2/7631).

Абу Довуд (р.ҳ.) ривоят қилишича, Талҳа ибн ал-Барро (р.а.) вафот қилганида, Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деганлар:

إنى لأرى طلحة قد حدث فيه الموت فآذنونى به و عجلوا فانه لا ينبغى لجيفة مسلم ان تحبس بين ظهرانى اهله

"Мен Талҳага ўлим келган деб ҳисоблайман. Ундай бўлса, мени чақиринглар ва (жаноза ва дафн ишларини) тезлаштиринглар. Чунки, мусулмоннинг жасади оиласининг елкасида туравергани яхши эмас" (Абу Довуд, 1/178). 

Фиқҳий манбаларда жаноза ишларини тезлаштириш ҳамда тезроқ дафн қилиш мустаҳаб амал эканини қуйидагича баён қилинган:

و يستحب الاسراع بها لقوله صلى الله عليه و سلم أسرعوا بالجنازة اى ما دون الخبب كما فى رواية ابن مسعود فان تك صالحة فخير تقدمونها اليه و ان تك غير ذلك فشر تضعونه عن رقابكم و كذا يستحب الاسراع بتجهيزه كله

"Жанозани тезлатиш мустаҳаб бўлади. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг "Жанозани тезлатинглар!", деган гаплари учун. Яъни, лўкиллатиб олиб бормаслик керак. Чунончи, Ибн Масъуд (р.а.)нинг ривоятида бундай келган: "Бас, агар солиҳ инсон бўлса, демак яхши, уни тез олиб борган бўласиз. Агар бундай бўлмаса, демак ёмон, уни тезроқ елкаларингиздан қўясиз". Шунингдек, жанозани тайёрлаш, кафанлаш, дафн қилиш ишларининг барчасини тезлатиш мустаҳаб бўлади" (Аҳмад ат-Таҳтовий. Ҳошият ат-Таҳтовий ъала Мароқий ал-фалоҳ шарҳ нур ал-ийзоҳ. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1997. – Б. 604).

Шу борада ҳатто фиқҳий манбаларда қуйидагича фатволар қайд қилинган:

1)Жумъа куни эрталаб вафот этган кимсанинг жинозасини катта жамоа кўп бўлсин, деган мақсадда жумъа ўқилгунича кечиктириш макруҳ бўлади, дейилган. Агар жаноза сабабли жумъадан қолиш хавфи бўлсагина жумъа ўқилгунича дафнни кечиктириш мумкин, дейилган (Нажмиддин аз-Зоҳидий. Қунйат ал-мунйа. – Ҳиндистон, 1842. – Б. 56; Аҳмад ат-Таҳтовий. Ҳошият ат-Таҳтовий ъала Мароқий ал-фалоҳ шарҳ нур ал-ийзоҳ. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1997. – Б. 604).

2)Ҳайит намозига жаноза ўқиш учун маййит келтирилса, аввал ҳайит намози ўқиб олинади-да, унинг хутбасидан олдин жаноза намози ўқилади. Сўнгра ҳайит хутбаси ўқилади. Аслида ҳайит намозидан олдин жаноза ўқиш керак, бироқ, одамларда намоз борасида иккиланиш юзага келмаслиги учун аввал ҳайит намози ўқиб олинади (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 2-жилд. – Миср: Илмия, 1311. – Б. 206).

3)Шом намозига маййит олиб чиқилса, аввал шомнинг фарзи ўқилади, сўнг жаноза намози ўқилади, ундан кейин шом намозининг суннати ўқилади. Яъни, жаноза намози шомнинг суннатидан муқаддам адо қилинади (Шамсиддин ал-Қўҳистоний. Жомеъ ар-румуз. 1-жилд. – Қозон, 1902. – Б. 282).

Албатта кундузи жаноза ўқиб, дафн қилишнинг афзал жиҳатлари бор. Бироқ, юқоридаги жаноза ишларини тезлатиш ва дафнни тезда тугатиш ҳақидаги тавсияларга биноан шом ёки хуфтон намозларидан кейин жаноза ўқиб, кечаси дафн қилишга тўғри келиб қолиши мумкин. Фиқҳий манбаларни кўздан кечирилганда, анъанавий тўрт мазҳаб китобларидан кечаси дафн қилишнинг жоизлиги, макруҳ эмаслиги маълум бўлади. Бу фикрга ҳанафий мазҳаббошилари – Абу Ҳанифа Имом Аъзам (р.ҳ.), Абу Юсуф (р.ҳ.) ва Муҳаммад аш-Шайбоний (р.ҳ.) ҳам якдиллик билан қўшилганлар. Кечаси дафн қилишнинг макруҳ эмаслиги ва жоиз эканлигига ижмоъ-и уммат содир бўлган. Саҳоба, тобиъин ва табъа тобиъинлардан ҳамда улардан кейингилардан иборат уламолар жумҳури ва салафи солиҳинларнинг кўпчилиги бу ҳукмга рози бўлганлар. Тобиъинларнинг улуғларидан Иброҳим ан-Нахаъий (р.ҳ.), Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий (р.ҳ.), Суфён ас-Саврий (р.ҳ.), Ато ибн Абу Рабоҳ (р.ҳ.), Ибн Абу Ҳозим (р.ҳ.), Мутарриф ибн Абдуллоҳ (р.ҳ.), кейингилардан Исҳоқ ибн Роҳвайҳ (р.ҳ.) кабилар ҳам кечаси дафн қилиш жоиз бўлади, деган фикрда бўлганлар (Бадриддин ал-Айний. Умдат ал-қори. 8-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001. – Б. 217). Имом ан-Нававий (р.ҳ.) айтишича, салаф ва халаф уламоларининг жумҳури кечаси дафн қилишни макруҳ эмас, деганлар. Бунинг учун Абу Бакр ас-Сиддиқ (р.а.) ва бошқа ўтганларнинг ҳеч қандай инкорсиз кечаси дафн қилинганлари далил қилинган (Имом ан-Нававий. Ал-Минҳож шарҳи Саҳиҳи Муслим. 4-жилд. ("Иршод ас-сорий" ҳошиясида. – Миср: Амирия, 1323. – Б. 269).  

Айтганимиздек, ҳанафий мазҳабининг бош мужтаҳидлари – Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.), Имом Абу Юсуф (р.ҳ.) ва Имом Муҳаммад аш-Шайбоний (р.ҳ.) би-л-иттифоқ кечаси дафн қилишни макруҳ эмас, деганлар (Абу Жаъфар ат-Таҳовий. Шарҳ Маоний ал-асор. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2013. – Б. 43-46). Шунинг учун ҳанафий мазҳабининг кейинги вакиллари ҳам ушбу фатвони қабул қилаверганлар. Бу борада фиқҳий манбаларга мурожаат қиламиз:

Ҳанафийларнинг мужтаҳидлар ва фақиҳлар табақасининг олтинчи табақасидан ўрин олган Иброҳим ал-Ҳалабий (р.ҳ.) қаламига мансуб "Ғунйат ал-мустамлий шарҳ Мунйат ал-мусоллий" номли, халқ орасида "Ҳалабийи кабир" номи билан шуҳрат қозонган асарида қуйидагича ёзилган:  

و لا يكره الدفن ليلا و المستحب نهارا

"Кечаси дафн қилиш макруҳ бўлмайди, кундузи дафн қилиш мустаҳабдир!" (Иброҳим ал-Ҳалабий. Ҳалабийи кабир. – Лоҳур, 1283. – Б. 656).

Ўз даврининг фиқҳ энциклопедияси деб тан олинган "Фатовойи Оламгириййа"да бундай дейилган:

و لا بأس بالدفن بالليل و لكنه بالنهار امكن كذا فى السراج الوهاج

"Кечаси дафн қилишнинг зарари йўқ, лекин кундузи имконият кенгроқ. Чунончи, "ас-Сирож ал-ваҳҳож"да мазкурдир" (Фатовойи Оламгириййа. 1-жилд. – Ҳиндистон, 1308. – Б. 233).

XIX асрнинг таниқли ҳанафий олими Аҳмад Таҳтовий (р.ҳ.) бундай ёзган:

وفي البرهان ويكره الدفن ليلا بلا عذر لقوله صلى الله عليه وسلم لا تدفنوا موتاكم بالليل إلا أن تضطروا رواه ابن ماجه وفي الجوهرة لا بأس بذلك لأن النبي صلى الله عليه وسلم دفن ليلة أربعاء وعثمان وفاطمة وعائشة رضي الله تعالى عنهم دفنوا ليلا ولكنه بالنهار أفضل لأنه أمكن

"Бурҳон"да келган: "Узрсиз кечаси дафн қилиш макруҳ бўлади". Бу Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг: "Кечаси ўликларингизни дафн қилманглар, магар музтар бўлсангизлар бундан мустаснодир", деган гаплари борлиги боис. Уни Ибн Можжа ривоят қилган. "ал-Жавҳара"да бунинг зарари йўқ, деб келган. Чунки, Пайғамбар (с.а.в.) чоршанба кечаси дафн қилинганлар, Усмон (р.а.), Фотима (р.а.) ва Оиша (р.а.) кечаси дафн қилинганлар. Лекин, кундузи афзалроқ, чунки имконият кучлироқ" (Аҳмад ат-Таҳтовий. Ҳошият ат-Таҳтовий ъала Мароқий ал-фалоҳ шарҳ нур ал-ийзоҳ. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1997. – Б. 613).

Юқоридаги манбада тилга олинган "ал-Жавҳарат ан-наййира"да қуйидагича қайд қилинган:

و لا بأس بالدفن بالليل و لكنه بالنهار امكن لان النبى عليه السلام دفن ليلة الأربعاء و كذلك عثمان رضى الله عنه دفن ليلا و دفنت عائشة و فاطمة رضى الله عنهما ليلا

"Кечаси дафн қилишнинг зарари йўқ. Лекин кундузи имконият каттароқ. Чунки, Пайғамбар (а.с.) чоршанба кечаси дафн қилинганлар. Шунингдек, Усмон (р.а.) ҳам кечаси дафн қилинган. Оиша (р.а.) ва Фотима (р.а.) ҳам кечаси дафн қилинганлар" (Абу Бакр ал-Ҳаддодий ал-Ибодий. Ал-Жавҳарат ан-наййира. 1-жилд. – Истанбул: Ориф, 1315. – Б. 141).

Ҳанафийларнинг сўнгги муҳаққиқ фақиҳларидан Ибн Обидин (р.ҳ.) қаламига мансуб "Радд ал-муҳтор" ҳошияси  ва унинг "Дурр ал-мухтор" матнида бу тарзда айтилган:

لا يكره الدفن ليلا و المستحب كونه نهارا

"Кечаси дафн қилиш макруҳ бўлмайди. Унинг кундузи бўлиши мустаҳабдир" (Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор. 3-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 155-156).

Ҳанафийлардан бошқа мазҳаб китобларида ҳам кечаси дафн қилишнинг макруҳ эмаслиги қайд қилинган:

Шофиъийларнинг машҳур "Туҳфат ал-муҳтож шарҳ ал-Минҳож" асарининг ҳошияларида қуйидагича битилган:

و يجوز الدفن ليلا بلا كراهة خلافا للحسن وحده مع انه استدل بخبر فى مسلم لا يدل له و ذلك لما صح انه صلى الله عليه و سلم فعله و كذا الخلفاء الراشدون ... عبارة النهاية و المغنى لانه صلى الله عليه و سلم دفن ليلا و ابو بكر و عمر و عثمان كذلك بل فعله صلى الله عليه و سلم ايضا

"Кечаси дафн қилиш кароҳатсиз жоиз бўлади. Бунга ёлғиз Ҳасан ал-Басрий (р.ҳ.) фикри ўзгача. Шу билан бирга у Имом Муслимдаги келтириши мумкин бўлган далили унга далолат қилмайди. Чунки, Пайғамбар (с.а.в.) шуни қилганлар. Шунингдек, хулафои рошидинлар ҳам. "ан-Ниҳоя" ва "ал-Муғний"нинг ибораси: чунки, Пайғамбар (с.а.в.) кечаси дафн қилинганлар, Абу Бакр (р.а.), Умар (р.а.) ва Усмон (р.а.) ҳам шундай кечаси дафн қилинганлар, балки, Пайғамбар (с.а.в.)нинг ўзлари шу ишни қилганлар" (Абдулҳамид аш-Ширвоний ва Ибн ал-Қосим ал-Ибодий. Ҳавоший Туҳфат ал-муҳтож. 3-жилд. – Миср, 1938. – Б. 194-195).

Гарчи Аҳмад ибн Ҳанбал (р.ҳ.) бир ривоятда заруратсиз кечаси дафн қилиш макруҳ бўлишига мойиллик билдирган бўлса-да, бироқ, энг саҳиҳ ривоятида макруҳ эмаслиги борасида фатво берганини – Шамсиддин ибн Қудома (р.ҳ.) "аш-Шарҳ ал-кабир" асарида ҳанбалий мазҳабининг фиқҳий қарашини бу тарзда акс эттирган:

فأما في غير هذه الاوقات فيجوز الدفن ليلا ونهارا. قال أحمد في الدفن بالليل وما بأس بذلك،... والدفن بالنهار أولى لانه أسهل على متبعها وأكثر للمصلين عليها وأمكن لاتباع السنة في دفنه وإلجاده

"Аммо бу вақтлардан (қуёш чиқиши, тиккага келиши ва ботишидан) бошқа пайт кечаси ҳам, кундузи ҳам дафн қилиш жоиз бўлади. Аҳмад (р.ҳ.) кечаси дафн қилишнинг зарари йўқ, деган. Кундузи дафн қилиш авло, чунки, унга эргашиш осонроқ, намоз ўқийдиганлар кўпроқ, дафнда суннатга эргашиш имкониятлироқдир" (Шамсиддин ибн Қудома. Аш-Шарҳ ал-кабир. 6-жилд. ("ал-Муқниъ" ва "ал-Инсоф" билан бир тўпламда. – Ҳижр, 1995. – Б. 250).

Моликийларнинг энг машҳур фиқҳий манбаси "ал-Мудавванат ал-кубро"да шомдан кейин жаноза ўқиш мумкинлиги баён этилган, бу эса ушбу мазҳабда ҳам кечаси дафн қилиш мумкинлигини билдиради:

و قال مالك ان صلوا عليها بعد صلاة المغرب فهو اصوب

"Имом Молик (р.ҳ.) айтади: "Агар жанозани шом намозидан кейин ўқиса, бу тўғрироқдир!" (ал-Мудавванат ал-кубро. – Миср: Саодат, 1323. 1-жилд. – Б. 190).

Айтиш керакки, тобиъинлардан фақат икки зот – Қатода (р.ҳ.) ва Ҳасан ал-Басрий (р.ҳ.) юқоридаги келишувга қарши ўлароқ, кечаси дафн қилишни макруҳ бўлади, деганлар, холос (Ибн Абу Шайба, 3/11952 ва 11960). Имом Аҳмад (р.ҳ.) кечаси дафн қилиш борасида бир ривоятида буларга қўшилган бўлса-да, аммо унинг асосий ривоятида жумҳурга қўшилгани маълум бўлади. Ҳанбалий мазҳабида фатво берилган гапга кўра кечаси дафн қилиш макруҳ эмас. Зоҳирийлардан Ибн Ҳазм (р.ҳ.) заруратсиз ҳолатда кечаси дафн қилишни макруҳ, зарурат бўлганда эса макруҳ эмас, деган. Бироқ, уларнинг барчасининг макруҳ дейишлари макруҳи танзиҳийга, яъни ҳалолга яқин макруҳга қаратилган эди.

Ҳанафий мазҳаби фиқҳий манбаларида кечаси дафн қилиш жоиз экани, макруҳ бўлмаслиги ҳақидаги ҳукм ва фатволар билан бирга ана ўша Қатода (р.ҳ.) ва Ҳасан ал-Басрий (р.ҳ.)нинг фикрига қўшилган уламоларни ҳам учратиш мумкин. Шулардан бири Мавлоно Али ал-қори (р.ҳ.) бўлиб, у "Ниқоя"га ёзган шарҳида бундай деган:

و يكره الدفن ليلا بلا ضرورة لقوله عليه السلام لا تدفنوا امواتكم بالليل الا ان تضطروا رواه ابن ماجه و روى مسلم ان النبى صلى الله عليه و سلم خطب يوما فذكر رجلا من اصحابه قبض و دفن فى كفن غير طايل و قبر ليلا فزجر النبى صلى الله عليه و سلم ان يقبر الرجل بالليل حتى يصلى عليه الا ان يضطر رجل الى ذلك و قال صلى الله عليه و سلم اذا كفن احدكم اخاه فليحسن كفنه

"Заруратсиз кечаси дафн қилиш макруҳ бўлади. Пайғамбар (а.с.)нинг гаплари борлиги учун: "Ўликларингизни кечаси дафн қилманглар! Фақат музтар бўлганингизда бундан мустасно". Уни Ибн Можжа (р.ҳ.) ривоят қилган. Имом Муслим (р.ҳ.) ривоят қилишича, Пайғамбар (с.а.в.) бир куни хутба қилаётганларида, саҳобаларидан бир кимсанинг вафот этгани ва калта кафан билан кечаси дафн қилингани зикр қилинди. Бас, Пайғамбар (с.а.в.) кечаси то намоз ўқилгунча одамни қабрга қўйиш ҳақида қаттиқ гапирдилар. Фақат бу борада музтар бўлган кимса мустасно. Пайғамбар (с.а.в.): "Сизлардан бирларингиз биродарини кафан қиладиган бўлса, унинг кафанини яхши қилсин!", дедилар (Али ал-қори. Шарҳ Мухтасар ал-Виқоя. 1-жилд. – Қозон, 1904. – Б. 261).

Ҳанафийларнинг мужтаҳидлар ва фақиҳлар табақасининг еттинчи табақасидан ўрин оладиган Али ал-қори (р.ҳ.) кечаси дафн қилишнинг макруҳлигига ҳанафий мазҳаби олимларининг гапларини келтирмасдан, тўғридан тўғри ҳадисларга мурожаат қилиб қўя қолган. У келтирган биринчи ҳадиси шариф муҳаддис Ибн Можжа (р.ҳ.) томонидан саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.)дан ривоят қилинган: لا تدفنوا امواتكم بالليل الا ان تضطروا – "Ўликларингизни кечаси дафн қилманглар, фақат бунга музтар бўлсангизлар мустасно", деган ҳадиси шариф (Ибн Можжа, 1/1521) бўлиб, Имом Суютий (р.ҳ.) "Жамъ ал-жавомеъ" асарида унинг усноди заифлигини қайд қилган (Жамъ ал-жавомеъ, 1/367). Мазкур маънодаги ҳадис Имом Таҳовий (р.ҳ.) томонидан Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.)дан ҳам ривоят қилинган (Таҳовий, 1/2927).

Имом Таҳовий (р.ҳ.) ривоят қилишича, Бани Узра қабиласидан бўлган бир кимса вафот қилиб, кечаси дафн қилинган. Расулуллоҳ (с.а.в.)га бу борада хабар қилинмаган. Унга жаноза ўқий олмай қолганига Расулуллоҳ (с.а.в.) кечаси дафн қилишдан қайтарганлар (Таҳовий, 1/2926).

Уламоларнинг айтишига қараганда, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг кечаси дафн қилишдан қайтаришларининг бир неча сабаблари бор. Расули акрам, ҳабиби муҳтарам (с.а.в.) оламларга раҳмат қилиб юборилган зотдир! Ул зоти шариф ўз даврида вафот қилган барча мўъмин-мусулмонларга жаноза ўқиб, дафнида қатнашишни хоҳлар эдилар. Чунки, бу вафот этган мўъмин-мусулмонлар учун битмас-туганмас хайр, барака, фазилат бўларди. Шунинг учун севимли Пайғамбармимиз (с.а.в.) ўзлари бор пайтда кечаси дафн қилиб, дафндан бехабар қолиб кетишдан қайтарган эдилар. Шунинг учун ҳам ул зоти шариф бундай деган эдилар:

لَا أَعْرِفَنَّ أَحَدًا مِنَ الْمُؤْمِنِينَ مَاتَ إِلَّا آذَنْتُمُونِي لِلصَّلَاةِ عَلَيْهِ , فَإِنَّ صَلَاتِي عَلَيْهِمْ رَحْمَة

"Вафот этган мўъминлардан мен танийдиган ҳар бир инсон бўлса, унга жаноза ўқиш учун мени огоҳлантиринглар! Чунки, уларга ўқиган менинг намозим раҳматдир!" (Таҳовий, 1/2930).

Расулуллоҳ (с.а.в.) бир жаноза ва дафндан қолиб кетганиларда, ўша кимсанинг қабрига бориб, жаноза ўқиганлар ва مُلِئَتْ هَذِهِ الْمَقْبَرَةُ نُورًا بَعْدَ أَنْ كَانَتْ مُظْلِمَةً عَلَيْهِ – "Зулматга чулғанган бу қабр ана энди нурга тўлди", деганлар (Таҳовий, 1/2931).

Расулуллоҳ (с.а.в.) мўъмин-мусулмонларга жаноза ўқиб, унинг ҳаққига дуои фотиҳа қилишга ҳаракат қилар, бу билан вафот этган ана ўша кимсанинг охирати обод бўлишига одамларда жуда катта умид уйғонар эди. Чунки, Аллоҳ таоло ҳам ўз Расулига бу тарзда хитоб қилган эди:

وَصَلِّ عَلَيْهِمْ إِنَّ صَلاَتَكَ سَكَنٌ لَّهُمْ وَاللّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ {103}

"Уларга "солат" қил, албатта сенинг "солат"инг улар учун сокинлик (роҳат)дир. Аллоҳ ғоят эшитувчи ва ўта билувчидир!" (Тавба, 103).

Мазкур ояти каримадаги "солат" сўзи бу ерда асосан дуои хайр, дуою фотиҳа маъносида келган бўлса-да, бироқ, айрим муфассирлар ушбу оятда жаноза намози ҳам назарда тутилганини қайд қилганлар (ал-Қуртубий. Ал-Жомиъ ли-аҳком ал-Қуръон. 8-жилд. // ал-Мактабат аш-шомила. Исдори солис, 2006. – Б. 250; Исмоил Ҳаққий. Руҳ ал-баён. 3-жилд. // ал-Мактабат аш-шомила. Исдори солис, 2006. – Б. 375).

Ҳабашистон подшоҳи ан-Нажоший (р.а.), шунингдек, мадиналик саҳоба Муовия ал-Музаний (р.а.) вафот этганида, Расулуллоҳ (с.а.в.) уларга ҳатто ғоибона жаноза ўқиганликларини ҳам шу маънода тушуниш керак.

Кечаси дафн қилишдан қайтарилганининг иккинчи сабаби кечаси шошилиб, шунингдек, қаронғиликда кафанни тўлиқ қилмасдан калтароқ қилиб қўйиш хавфи бўлганидан эди. Кечаси дафн қилганларнинг бирларида кафанни шу хилда камчилик билан қилинганини эшитган Расулуллоҳ (с.а.в.) кечаси дафн қилишдан қайтарган эдилар. Буни кечаси дафн қилишни макруҳ санайдиган Ҳасан ал-Басрий (р.ҳ.) ривоят қилиб билдирган (Таҳовий, 1/2932). Айни маънодаги ҳадиси шарифни Али ал-қори (р.ҳ.) муҳаддис Имом Муслим (р.ҳ.) ривоятидан иқтибос қилиб келтирган:

أن النبي صلى الله عليه و سلم خطب يوما فذكر رجلا من أصحابه قبض فكفن في كفن غير طائل وقبر ليلا فزجر النبي صلى الله عليه و سلم أن يقبر الرجل بالليل حتى يصلى عليه إلا أن يضطر إنسان إلى ذلك وقال النبي صلى الله عليه و سلم إذا كفن أحدكم أخاه فليحسن كفنه

"Пайғамбар (с.а.в.) бир куни хутба қилаётганларида, саҳобаларидан бир кимсанинг вафот этгани ва кўп бўлмаган (калта) кафан билан кечаси қабрга дафн қилингани зикр қилинди. Бас, Пайғамбар (с.а.в.) кечаси то намоз ўқилгунча одамни қабрга қўйиш ҳақида қаттиқ гапирдилар. Фақат бу борада музтар бўлган кимса мустаснолигини айтдилар. Пайғамбар (с.а.в.): "Сизлардан бирларингиз биродарини кафан қиладиган бўлса, унинг кафанини яхши қилсин!", дедилар (Муслим, 1/943).

Аслида, кафанда камчилик билан дафн қилинганда, Расулуллоҳ (с.а.в.) бундан қайтарганликлари ҳақидаги мазкур ривоятни Имом Муслим (р.ҳ.)дан бошқа муҳаддислар ҳам ривоят қилганлар (Қаранг: Абу Довуд, 3/3148-3150; Насоий, 1/2022, 2141; Аҳмад, 3/14178-14179; Ҳоким, 1/1364-1365; Ибн Ҳиббон, 7/3034; Байҳақий, 2/7167; 3/6486; 4/6708; Ибн ал-Жоруд, 1/546; Абдурраззоқ, 3/6549; Таҳовий, 1/2933).

Шунинг учун Муҳаддис Имом Байҳақий (р.ҳ.) ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг кечаси дафн қилишдан қайтарганликларининг алоҳида сабаблари борлигини билиб, боб сарлавҳаларини "Кечаси дафн қилишдан қайтариқ келгани хабарининг зикри ва ундан мурод жаноза намози йўқ бўлмаслигидир" ва "Кафанни чиройли қилиш кераклиги ҳақида" деб номлаган.

Юқорида келтирилган икки сабаб бўлмаганда, кечаси дафн қилиш мутлақо жоиз эканлигини саҳобаи киромлар, тобиъини изомлар ва улардан кейингилар яхши билганлар. Бунга Имом Муслим (р.ҳ.) бошлиқ муҳаддислар Уқба ибн Омир ал-Жуҳаний (р.а.)дан ривоят қилган мана бу саҳиҳ ҳадиси шариф далил сифатида кўрсатилади:

ثلاث ساعات كان رسول الله صلى الله عليه وسلم ينهانا ان نصلى فيهن او نقبر موتانا حين تطلع الشمس بازغة حتى ترتفع وحين يقوم قام الظهيرة حتى تميل الشمس وحين تضيف الشمس للغروب حين تغرب

 «Учта вақтларни Расулуллоҳ (с.а.в.) бизларга уларда намоз ўқишимизни, ўликларимизни дафн қилишимизни қайтарган эдилар: қуёш равшан ва зоҳир кўтарилиб чиққунча, алангали иссиқ тиккага келиб, қуёш майл қилиб оғгунча ва қуёш ботиш учун эгилиб, ботиб кетгунча» (Муслим, 1/831; Термизий, 3/1030; Абу Довуд, 3/3194; Насоий, 1/1543, 1548; 2140; Ибн Можжа, 1/1519; Доримий, 1/1483; Аҳмад, 4/17415, 17420; Ибн Ҳиббон, 4/1546; Табароний, 17/797-798; Байҳақий, 2/4175; 4/6704-6705; Абу Яъло, 4/1755; Таёлусий, 1/1001; Ибн Абу Шайба, 2/7435; Таҳовий, 1/917; Абдурраззоқ, 3/6569; Табризий, 1/1040).

Юқоридаги ҳадис лафзига ўхшаш ҳадислар машҳурлик даражасига етиб қолган бўлиб, бу учта вақтдан бошқа вақтларда жаноза ўқиш ва дафн қилиш мутлақо мумкинлиги келиб чиқади. Аслида, Шамс ал-аимма ас-Сарахсий (р.ҳ.) айтишича, жаноза ва дафн ҳозирланса, бу вақтларда ҳам улар би-л-иттифоқ жоиз бўлаверади (Шамсиддин ас-Сарахсий. Ал-Мабсут. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-маърифат, 1989. – Б. 152). Таржиҳ соҳибларидан бири Абу Бакр ал-Косоний (р.ҳ.) ўзининг "Бадойеъ ас-санойеъ" асарида юқоридаги ҳадисда жаноза назарда тутилган, дафн эса: إذْ لَا بَأْسَ بِالدَّفْنِ فِي هَذِهِ الْأَوْقَاتِ – "Чунки, бу вақтларда дафн қилишнинг зарари йўқ", деган (Абу Бакр ал-Косоний. Бадойеъ ас-санойеъ. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1994. – Б. 316-317). Бунга Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ўзлари кечаси дафн қилишдан қайтариб туриб, ул зоти шарифнинг ўзлари ҳам кечаси дафн ишларида иштирок қилганлари ва кечаси дафн қилинганда, дафн қилувчиларни инкор қилмаганлари далил бўлади. Бунга Имом Бухорий (р.ҳ.) энг саҳиҳ ҳадислар тўпламида "Кечаси дафн қилиш боби"да келтирган саҳиҳдан саҳиҳ ҳадис далил бўлади. Унда айтилишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) кечаси дафн қилинган бир кимса ҳақида сўраб қолганлар. Саҳобалар уни кеча кечқурун дафн қилишганини айтишган. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) бошлиқ саҳобаи киромлар унга қабрида қайта жаноза ўқиганлар (Бухорий, 2/1340; Байҳақий, 2/7250; Табароний, 12/12583; Ибн Ҳиббон, 7/3091). Мазкур ривоятни ҳанафий олими Бадриддин Айний (р.ҳ.) ўзининг "Умдат ал-қори" асарида шарҳ қилар экан, саҳобалар маййитнинг кеча кечқурун дафн қилинганини айтганларида Расулуллоҳ (с.а.в.) инкор қилмаганлари кечаси дафн қилишнинг макруҳ эмаслигига далолат қилади, деган (Бадриддин ал-Айний. Умдат ал-қори. 8-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001. – Б. 218).

Расулуллоҳ (с.а.в.)дан бизгача етиб келган бошқа ривоятлар ҳам бор:

أن النبي صلى الله عليه وسلم دخل قبرا ليلا فأسرج له سراج فأخذه من قبل القبلة وقال رحمك الله إن كنت لأواها تلاء للقرآن وكبر عليه أربعا

"Албатта Пайғамбар (с.а.в.) кечаси қабрга кирдилар. Ул зотга чироқ ёқиб турилди. Маййитни қибла тарафдан олдилар ва "Агар Қуръонни кўп тиловат қиладиган ва (Аллоҳ учун) оҳ-воҳ қиладиган бўлсанг, сени Аллоҳ раҳмат қилсин", дедилар ҳамда унга тўрт такбир айтдилар" (Термизий, 3/1057).

Бир аъробий вафот қилганида, уни кечаси Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ўзлари дафн қилганлар ва ул зотга чироқ тутиб турилган (Ибн Можжа, 1/1520; Абдурраззоқ, 9/6559; Ибн Абу Шайба, 3/11947).

رأى ناس نارا في المقبرة فأتوها فإذا رسول الله صلى الله عليه و سلم في القبر وإذا هو يقول "ناولوني صاحبكم" فإذا هو الرجل الذي كان يرفع صوته بالذكر

"Одамлар қабристонда олов кўриб қолдилар. У ерга келсалар, Расулуллоҳ (с.а.в.) қабрда эканлар. Ул зоти шариф: "Менга дўстингизни узатиб юборинглар!", дерди. У (маййит) киши зикрда овозини баланд кўтарадиган кимса эди (Абу Довуд, 2/3164; Таҳовий, 1/2928-2929).

Шунинг учун ҳам саҳоба ва тобиъинлар кечаси жаноза ўқиш ва дафн қилишни макруҳ ҳисобламаганлар:

Саҳобалардан Анас ибн Молик (р.а.)дан кечаси жаноза ўқиш ҳукми ҳақида сўралганида, ул зот бундай деб фатво берган:

مَا الصَّلاَةُ عَلَى الْمَيِّتِ بِاللَّيْلِ إِلاَّ كَالصَّلاَةِ عَلَى الْمَيِّتسِ بِالنَّهَار

"Маййитга кечаси намоз ўқиш фақат унга кундузи намоз ўқигандек бўлиши мумкин холос!" (Ибн Абу Шайба, 3/11958).

Тобиъинларнинг улуғларидан Саид ибн ал-Мусаййяб (р.ҳ.) кечаси дафн қилишни зарари йўқ, деб ҳисоблаган (Ибн Абу Шайба, 3/11957).    

Тобиъинларнинг улуғларидан яна бири Ато ибн Абу Рабоҳ (р.ҳ.)дан: "Кечаси дафн қилиш мумкинми?", деб сўралганда, у: "Бунинг зарари йўқ", деб жавоб берган (Абдурраззоқ, 9/6548).

Тобиъинларнинг улуғларидан яна бири Уқба ибн Омир (р.ҳ.): "Жаноза тўрт такбирдан иборат. Жаноза ўқишга кечаси ҳам кундузи ҳам баробар. Маййитни кечаси дафн қилинади, дафнга кечаси ҳам кундузи ҳам баробар! Чунки, Абу Бакр (р.а.) кечаси дафн қилинган", деган (Ибн Абу Шайба, 3/11950; Таҳовий, 1/2939).

Шунинг учун ҳам саҳобалар кечаси жаноза намозларини ўқийверганлар, ўлган биродарларини кечаси дафн қилаверганлар. Буни ҳеч ким инкор қилмаган:

Имом Бухорий (р.ҳ.) Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳамда Абу Бакр ас-Сиддиқ (р.а.)нинг кечаси дафн қилинганини ёзиб қолдирган (Бухорий, 1/1205 ва 1321; Абдурраззоқ, 9/6550-6552; Ибн Абу Шайба, 3/11951, 11956 ва 11961; Таҳовий, 1/2938).

Муҳаддис Абдурраззоқ (р.ҳ.) айтишича, Абу Бакр ас-Сиддиқ (р.а.) вафот этганида Ҳазрати Умар (р.а.) хуфтондан кейин жаноза ўқиб, уни дафн қилдирган (Абдурраззоқ, 9/6553), кейин келиб витр намозини ўзи ўқиб олган (Ибн Абу Шайба, 3/11953).

Ҳазрати Усмон (р.а.) хуфтондан кейин Бақиъ қабристонига дафн қилинган (Ибн Абу Шайба, 3/11955).

Фотима (р.а.) кечаси дафн қилинган (Абдурраззоқ, 9/6554, 6556; Ибн Абу Шайба, 3/11948-11949; Таҳовий, 1/2935-2937), ҳатто Фотима (р.а.)нинг ўзи шуни васият қилгани ҳам қайд қилинган (Абдурраззоқ, 9/6555).

Тобиъинларнинг улуғи, саҳобалар даврида ҳам қози бўлган Шурайҳ (р.ҳ.) кечаси дафн қилинган (Абдурраззоқ, 9/6557-6558) ва унинг ўзи ҳам бир боласи вафот этганида кечаси дафн қилган (Ибн Абу Шайба, 3/11954).

Тобиъинлардан Иброҳим ан-Нахаъий (р.ҳ.)нинг кечаси дафн қилинганида биз қўрққандик, деган ривоят ҳам сақланиб қолган (Ибн Абу Шайба, 3/11959).

Юқоридаги далилларга асосланиб, Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.), Абу Юсуф (р.ҳ.) ва Муҳаммад аш-Шайбоний (р.ҳ.) бошлиқ ҳанафий фақиҳларининг қарийб барчаси кечаси дафн қилишнинг макруҳ эмаслигига фатво бериб келганлар.

Бироқ, кундузи жаноза ўқиш ва дафн қилишнинг афзал эканини барча мазҳаб аҳллари таъкидлаганлар. Шунинг учун иложи борича, жаноза ишлари ва дафн маросимларини кундузи адо қилишга уруниш мақбулдир. Шунда маййитга жаноза ўқиган одамлар, марҳум ҳаққига дуои хайр қилганлар, Қуръон тиловати қилиб, фотиҳа ўқиганлар кўп бўлади. Зотан, Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилганлар:

ما من ميت يصلى عليه أمة من المسلمين يبلغون مائة كلهم يشفعون فيه الا شفعوا فيه

"Модомики бирор маййитга мусулмонлардан юз нафарга етадиган уммат жаноза намози ўқийдиган бўлса, уларнинг ҳаммаси унга шафиъ келтирсалар, албатта унга шафоатчи бўлинади" (Муслим, 2/947; Термизий, 3/1029; Насоий, 1/2118; Аҳмад, 3/13830; Байҳақий, 4/6694; Табароний, "ал-Мўъжам ал-авсат", 6/6039; Абу Яъло, 7/4398; Ибн Абу Шайба, 3/11622).

ما من ميت يصلي عليه أمة من الناس إلا شفعوا فيه فسألت أبا المليح عن الأمة قال أربعون

"Модомики бирор маййитга одамлардан бир уммати жаноза намози ўқиса, уни шафоат қиладилар". Абу-л-Малиҳдан уммат ҳақида сўрадим. У қирқ нафар одам, деб жавоб берди (Насоий, 1/2120; Аҳмад, 6/26881).

ما من رجل مسلم يصلي عليه أمة إلا شفعوا فيه قال أبو المليح الأمة الأربعون إلى المائة

"Модомики бирорта мусулмон кимсага бирорта уммат жаноза ўқиса, уни шафоат қилган бўладилар". Абу-л-Малиҳ (р.ҳ.) айтади: "Умматдан мурод қирқ нафардан юз нафаргача бўлганлардир" (Аҳмад, 6/26855; Табароний, 24/42).

Бошқа ривоятда эса бундай деб марҳамат қилганлар:

ما من مؤمن يموت فيصلي عليه أمة من المسلمين بلغوا ان يكونوا ثلاث صفوف الا غفر له

"Модомики мўъмин вафот этар экан, унга мусулмонлардан уч сафга етадиган уммат жаноза намози ўқиса, у мағфират қилинади" (Аҳмад, 4/16770).

Яна бир ривоятда мана бундай деганлар:

ما من مسلم يصلي عليه ثلاث صفوف إلا أوجب

"Модомики мусулмонга уч саф бўлиб жаноза ўқилар экан, албатта бу (жаннатни ёки мағфиратни) вожиб қилади" (Табароний, 19/665).

Шунинг учун жаноза намози ва дафн ишларини эртароққа, асрдан олдинга мўлжаллаш мақбул. Агар тезроқ дафн қилиш керак бўлса ёки дафн ишлари кечикиб кетадиган бўлса, кечаси – шом ва хуфтондан кейин ҳам дафн қилишнинг ҳанафий мазҳабига кўра ҳеч қандай зарари ва макруҳлиги йўқ.

 Ҳамидуллоҳ Беруний
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz