Бир дирҳам қиссаси Принтер учун
08.11.2013 й.
Бир аёл фақиҳлардан бирининг олдига келиб: “Акам вафот этди. Ундан 600 дирҳам пул қолди. Ўша молни тақсим қилинганда, менга фақатгина 1 дирҳам тегди” деди. Фақиҳ бир оз ўйланиб турди-да, кейин ҳалиги аёлдан: “Эҳтимол, вафот этган акангнинг хотини, онаси, иккита қизи ва ўн иккита акаси бордир?” деб сўради. Аёл ҳайрон бўлиб: “Ҳа, шундай” деб жавоб берди. Кейин фақиҳ аёлга вазиятни қуйидагича тушунтирди: “Албатта, бу бир дирҳам сенинг ҳаққингдир. Улар сенга зулм қилишмаган. Марҳумнинг хотинига 600 дирҳамнинг саккиздан бери тегади. Бу 75 дирҳам бўлади. Иккита қизига учдан иккиси тегади. Бу 400 дирҳам бўлади. Онасига олтидан бири тегади. Бу 100 дирҳам бўлади. Қолган 25 дирҳам эса, ўн иккита акасига ва сенга бўлиб берилади. Эркак киши аёл оладиган улушнинг икки баробарини олади. Шундай қилиб, ўн икки аканинг ҳар бирига 2 дирҳамдан, сенга эса, 1 дирҳам тегади”.

Нозимжон Ҳошимжон  

 
« Олдинги   Кейинги »